БҲМС бўйича пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тузиш тартиби

03.01.2025
author avatar

Олег ЦОЙ

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– «Операцион фаолият» бўлими;                                                
– «Инвестиция фаолияти» бўлими;                                      
– «Молиявий фаолият» бўлими;                                         
– «Солиққа тортиш» бўлими ва якуний кўрсаткичлар;
– чет эл валютасидаги пул маблағлари ҳаракати тўғрисида маълумотнома.

 

Эътибор беринг
 9-сон БҲМС ва Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари ҳамда уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низом 2025 йил 1 январдан кучга киргани боис тавсия ушбу санадан бошлаб амал қилади.

Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот ташкилотнинг операцион, инвестиция ва молиявий фаолиятидан пул маблағлари ҳаракати нуқтаи назаридан молиявий ресурслардаги ўзгаришларни акс эттиради. У ҳисобот даври бошига ва охирига пул қолдиқлари ўртасидаги боғлиқликни кузатиш имконини беради.

Ҳисоботни тузишда 9-сон БҲМСга амал қилинг.

Ҳисобот шакли Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари, шунингдек уларнинг тузилиши ва мазмуни тўғрисидаги Низомнинг 4-иловасида келтирилган.

Муҳим
Ҳисоботни минг сўмда тўлдиринг.

«Операцион фаолият» бўлимини тўлдириш тартиби

010-сатр «Маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) реализациясидан тушган пул маблағлари» бўйича «Кирим» устунида ҳисобот даври учун реализация қилинган маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) учун корхонанинг банк ҳисобварақлари ва кассасига тушган пул маблағлари суммасини кўрсатинг.

020-сатр «Материаллар, товарлар, ишлар ва хизматлар учун етказиб берувчиларга тўланган пул маблағлари» бўйича «Чиқим» устунида узоқ муддатли активларни сотиб олиш учун тўловлардан ташқари, материаллар (товарлар, ишлар ва хизматлар) учун етказиб берувчиларга тўланган пул маблағлари суммасини кўрсатинг.
030-сатр «Ходимларга ва уларнинг номидан тўланган пул маблағлари» бўйича «Чиқим» устунида касса ва банк ҳисобварақларидан ходимлар билан ва уларнинг номидан амалга оширилган операциялар бўйича тўланган пул маблағлари суммасини акс эттиринг, жумладан қуйидагиларга:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш;
  • ЖШДС ва ШЖБПҲга ажратмаларни бюджетга тўлаш;
  • касаба уюшмаларига ажратмалар;
  • алиментларни тўлаш; 
  • коммунал хизматларни тўлаш;  
  • ходимларга берилган кредитлар ва қарзларни сўндириш; 
  • ходимларга кўрсатиладиган хизматлар учун корхона томонидан тўлов;
  • бошқа мақсадлар.

040-сатр «Операцион фаолиятдан бошқа пул тушумлари ва тўловлари» бўйича қуйидагиларни кўрсатинг: 

  • «Кирим» устунида – роялти, турли хил мукофотлар, воситачилик йиғимлари ва бошқа операцион фаолиятдан олинган пул маблағлари суммасини;
  • «Чиқим» устунида – роялти, турли хил мукофотлар, воситачилик йиғимлари ва бошқа операцион фаолият учун тўланган пул маблағлари суммасини.

050-сатр «Жами: операцион фаолиятдан соф пул кирими/чиқими» бўйича кўрсаткич қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 010-сатр – 020-сатр – 030-сатр +/– 040-сатр. Агар ушбу кўрсаткич «+» ишора билан чиқса, у «Кирим» устунида, «–» ишора билан чиқса – «Чиқим» устунида акс эттирилади.

«Инвестиция фаолияти» бўлимини тўлдириш тартиби

 060-сатр «Асосий воситаларни харид қилиш ва сотиш» бўйича қуйидагиларни кўрсатинг:

  • «Кирим» устунида – асосий воситаларни сотишдан тушган пул маблағлари суммасини;
  • «Чиқим» устунида – асосий воситаларни харид қилиш учун тўланган пул маблағлари суммасини.

070-сатр «Номоддий активларни харид қилиш ва сотиш» бўйича қуйидагиларни акс эттиринг:                          

  • «Кирим» устунида – номоддий активларни реализация қилишдан тушган пул маблағлари суммасини;
  • «Чиқим» устунида – номоддий активларни харид қилиш учун тўланган пул маблағлари суммасини.

080-сатр «Узоқ муддатли ва қисқа муддатли инвестицияларни харид қилиш ва сотиш» бўйича қуйидагиларни кўрсатинг:

  • «Кирим» устунида – қимматли қоғозлар ва бошқа инвестиция воситаларини реализация қилишдан тушган пул маблағлари суммасини;
  • «Чиқим» устунида – қимматли қоғозлар ва бошқа инвестиция воситаларини харид қилиш учун тўланган пул маблағлари суммасини, воситачиларга комиссион ҳақ ва биржага тўланган фоизларни ҳам қўшган ҳолда.

090-сатр «Инвестиция фаолиятидан бошқа пул тушумлари ва тўловлари» бўйича қуйидагиларни кўрсатинг:

  • «Кирим» устунида  – бошқа инвестиция фаолиятидан олинган пул маблағлари суммасини;
  • «Чиқим» устунида – бошқа инвестиция фаолияти доирасида тўланган пул маблағлари суммасини.

100-сатр «Жами: инвестиция фаолиятидан соф пул кирими/чиқими» бўйича кўрсаткич қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 060-сатр +/– 070-сатр +/– 080-сатр +/– 090-сатр. Агар ушбу кўрсаткич «+» ишора билан чиқса, у «Кирим» устунида, «–» ишора билан чиқса – «Чиқим» устунида акс эттирилади.

«Молиявий фаолият» бўлимини тўлдириш тартиби

110-сатр «Олинган ва тўланган фоизлар» бўйича қуйидагиларни  кўрсатинг:

  • «Кирим» устунида – олинган фоизлар суммасини;
  • «Чиқим» устунида – тўланган фоизлар суммасини.

120-сатр «Олинган ва тўланган дивидендлар» бўйича қуйидагиларни  кўрсатинг:

  • «Кирим» устунида – олинган дивидендлар суммасини;                  
  • «Чиқим» устунида – тўланган дивидендлар суммасини.

130-сатр «Акциялар ёки хусусий капитал билан боғлиқ бошқа воситаларни чиқаришдан пул тушумлари» бўйича «Кирим» устунида чиқарилган (реализация қилинган) акциялар ёки хусусий капиталнинг бошқа воситалари учун акциядорлардан тушган пул маблағлари суммасини акс эттиринг.

140-сатр «Ўз акцияларини сотиб олиш ва реализация қилишдаги пул тўловлари ва тушумлари» бўйича қуйидагиларни кўрсатинг:

  • «Кирим» устунида – ўзининг сотиб олинган акцияларини реализация қилишдан тушган пул маблағлари суммасини;
  • «Чиқим» устунида – кейинчалик қайта сотиш ёки бекор қилиш учун ўз акциялари (улушлари, пайлари) учун эгаларига тўланган пул маблағлари суммасини.

150-сатр «Узоқ муддатли ва қисқа муддатли кредитлар ҳамда қарзлар бўйича пул тушумлари ва тўловлари» бўйича қуйидагиларни  кўрсатинг:

  • «Кирим» устунида – олинган кредитлар ва қарзлар суммасини;  
  • «Чиқим» устунида – қайтарилган кредитлар ва қарзлар суммасини.

160-сатр «Молиявий ижара бўйича пул тушумлари ва тўловлари» бўйича қуйидагиларни акс эттиринг:

  • «Кирим» устунида – ижарачи (лизинг олувчи)дан тушган пул маблағлари суммасини;
  • «Чиқим» устунида – ижарага берувчи (лизинг берувчи)га тўланган пул маблағлари суммасини.

170-сатр «Молиявий фаолиятдан бошқа пул тушумлари ва тўловлари» бўйича қуйидагиларни кўрсатинг:

  • «Кирим» устунида – бошқа молиявий фаолиятдан олинган пул маблағлари суммасини;
  • «Чиқим» устунида – бошқа молиявий фаолият доирасида тўланган маблағлар суммасини.

180-сатр «Жами: молиявий фаолиятдан соф кирим/чиқим» бўйича кўрсаткич қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 110-сатр +/– 120-сатр + 130-сатр +/– 140-сатр +/– 150-сатр +/– 160-сатр +/– 170-сатр. Агар ушбу кўрсаткич «+» ишора билан чиқса, у «Кирим» устунида, «–» ишора билан чиқса – «Чиқим» устунида акс эттирилади.

«Солиққа тортиш» бўлими ва якуний кўрсаткичларни тўлдириш тартиби

190-сатр «Тўланган фойда солиғи» бўйича «Чиқим» устунида тўланган фойда солиғи суммасини кўрсатинг.

200-сатр «Тўланган бошқа солиқлар» бўйича бюджетга тўланган солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини (фойда солиғидан ташқари) акс эттиринг.

Эътибор беринг
200-сатрга жисмоний шахсларнинг даромадидан ушлаб қолинган солиқларни киритманг. Улар ҳисоботнинг 030-сатрида акс эттирилади.

210-сатр «Жами: тўланган солиқлар»да 190 ва 200-сатрлар суммаси ҳисобланади.

220-сатр «Жами: молия-хўжалик фаолиятидан соф кирим/чиқим»да кўрсаткич қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 050-сатр +/– 100-сатр +/– 180-сатр – 210-сатр. Агар ушбу кўрсаткич «+» ишора билан чиқса, у «Кирим» устунида, «–» ишора билан чиқса – «Чиқим» устунида акс эттирилади.

221-сатр «Чет эл валютасидаги пул маблағларини қайта баҳолашдан юзага келган курс фарқлари сальдоси»да 5020 ва 5200 счётлари, шунингдек 5500, 5600 ва 5700 счётлари (чет эл валютаси қисмида) бўйича юзага келган сальдони кўрсатинг.

230-сатр «Йил бошидаги пул маблағлари» бўйича«Кирим» устунида йил бошига 5000, 5100, 5200, 5500, 5600 ва 5700 счётларидаги пул маблағлари қолдиқлари суммасини кўрсатинг. У бухгалтерия балансининг 320-сатр 3-устунидаги кўрсаткичга мос келиши керак.

240-сатр «Йил охиридаги пул маблағлари» бўйича «Кирим» устунида йил охирига 5000, 5100, 5200, 5500, 5600 ва 5700 счётларидаги пул маблағлари қолдиқлари суммасини акс эттиринг. У бухгалтерия балансининг 320-сатр 4-устунидаги кўрсаткичга мос келиши керак.

Чет эл валютасидаги пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги маълумотномани тўлдириш тартиби

Маълумотномада валюта маблағларини операциялар амалга оширилган пайтдаги МБ курси бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб кўрсатинг, валюта маблағлари қолдиғини эса – қолдиқ акс эттирилган санадаги (йил боши ёки охири) курс бўйича.

250-сатр «Йил бошидаги қолдиқ»да корхонанинг валюта счётлари ва кассасидаги йил бошидаги маблағлар суммасини кўрсатинг.

260-сатр «Жами валюта маблағлари тушуми»да қуйидаги сатрлар бўйича акс эттирилган валюта маблағлари суммаси ҳисобланади:  

  • 261-сатр «Реализациядан тушум» – олинган валюта тушуми;
  • 262-сатр «Конвертация қилинган» – сотиб олинган чет эл валютаси;
  • 263-сатр «Молиявий фаолият бўйича» – молиявий фаолиятдан олинган валюта маблағлари;
  • 264-сатр «Бошқа манбалар» – 261, 262 ва 263-сатрларда санаб ўтилмаган манбалар ҳисобидан валюта счётлари ва кассага тушган бошқа тушумлар.

270-сатр «Жами сарфланган валюта маблағлари»да қуйидаги сатрларда акс эттирилган валюта маблағлари суммаси ҳисобланади:

  • 271-сатр «Етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўловлар» – мол-мулк сотиб олиш, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун сарфланган валюта маблағлари;
  • 272-сатр «Молиявий фаолият бўйича тўловлар» – молиявий фаолият доирасида сарфланган валюта маблағлари;
  • 273-сатр «Бошқа мақсадларга» – 271 ва 272-сатрларда санаб ўтилмаган бошқа мақсадларга сарфланган валюта маблағлари.

280-сатр «Чет эл валютасидаги пул маблағларини қайта баҳолашдан юзага келган курс фарқлари сальдоси»да 5020 ва 5200 счётлари, шунингдек 5500, 5600 ва 5700 счётлари (чет эл валютаси қисмида) бўйича юзага келган сальдони кўрсатинг.

Эътибор беринг
221 ва 280-сатрлардаги қийматлар бир хил бўлиши керак.

290-сатр «Йил охиридаги қолдиқ»да ҳисобот йили охирига корхонанинг валюта счётлари ва кассасидаги маблағлар суммаси қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 250-сатр + 260-сатр – 270-сатр +/– 280-сатр.

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг