– даъво аризаси тайёрлагунга қадар қандай масалалар ҳал қилинади; – низонинг судга тааллуқлилиги; – қонуний ва келишилган судловга тегишлилик; – даъво аризаси судга қандай юборилади.
Даъво аризасини тайёрлаш
Судга даъво аризасини тайёрлашдан аввал судда ким иштирок этишига аниқлик киритинг. Йирик ташкилотларда юридик бўлимлар мавжуд ёки уларга шартнома асосида адвокатлар хизмат кўрсатади. Ўрта ва кичик ташкилотлар раҳбарияти одатда юристлар хизматидан фойдаланмайди, шунинг учун даъволар бухгалтерлар томонидан тайёрланади. Даъво аризасига киришишдан олдин:
иш қанчалик мураккаблиги ва судда юрист-адвокат ёрдамисиз масалани ҳал қила олишингизни аниқлаштириб олинг. Агар ҳал қилинадиган масала низосиз бўлса, мутахассис ёрдамидан фойдаланмасангиз ҳам бўлади;
Мисол
Низосиз битим бўйича даъвода мутахассиснинг иштироки
Етказиб берувчи ташкилот муайян турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун хом ашё етказиб бериш бўйича шартнома тузди. Шартномада кўрсатилган муддатларда хом ашё тўлиқ ҳажмда харидорга етказиб берилди. Барча бошланғич ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилган, хом ашёни харидорга етказиб берган машиналар қайд этилган. Шартнома тарафлари ўртасида етказиб берувчининг шартнома шартларини тўлиқ бажарганлигини тасдиқлайдиган ёзишмалар мавжуд. Аммо харидор номаълум сабабларга кўра олинган хом ашё учун тўлов тўламаган. Ушбу ҳолатда адвокат ёрдамидан фойдаланишга ҳожат йўқ. Бундай суд жараёни ташкилот раҳбари ёки бош бухгалтер томонидан ташқаридан ёрдамсиз ўтказилиши мумкин. Томонлар имзолаган шартнома бор, хом ашё етказиб берилганини исботловчи барча ҳужжатлар мавжуд, шунинг учун қарор етказиб берувчининг фойдасига ҳал бўлади.
Агар низо мураккаб бўлса, яъни бир нечта аралаш даъво талабларидан иборат ва у бўйича натижа ноаниқ бўлса, муайян тоифадаги ишларга ихтисослашган адвокатга мурожаат қилинг. Низоли ишни яхши билишингизга қарамай, сизнинг процессуал ҳуқуқ бўйича билимларингиз етарли эмас ва суд жараёнида содир этилган суддаги ҳуқуқбузарликларни кузата олмайсиз. Баъзан бундай ҳуқуқбузарликлар сизни қаноатлантирмайдиган ҳал қилувчи қарорни бекор қилишга асос ҳисобланади. Агар иш қиймати катта бўлса, ўз кучингизга ишониб таваккал қилишнинг ҳожати йўқ;
давлат божини тўлаш учун ташкилот ҳисоб-китоб рақамида етарли сумма мавжудлигини. Агар сиз давлат улушига (50 фоиздан ортиқ) эга бўлган ташкилот ҳисобланмасангиз, унда суд сизни давлат божини тўлаш ва ҳатто муддатини кечиктириб тўлашдан озод этмайди.
Давлат божи тўланмаса, ҳужжатларингиз судда кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди, чунки бу суд ишини юритишда даъво аризаларини қабул қилмаслик учун асос ҳисобланади. Даъво билан мурожаат қилишдан олдин тўланиши лозим бўлган давлат божи суммасини ҳисобланг.
Давлат божи суммаси қарз суммасидан кўп бўладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Мулкий тусдаги даъво берилганда давлат божи ставкаси иқтисодий судларда даъво суммасининг 2 % миқдорида, фуқаролик ишлари бўйича судда 4 % миқдорида олинади. Агар давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридан кам чиқса, унда БҲМнинг бир баравари миқдоридаги сумма тўланади.
Мисол
Давлат божини ҳисоблаш
Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси орқали 2025 йил 22 мартда бошланғич нархни тушириш учун электрон аукцион савдолар натижасига кўра «STANDART» МЧЖ билан АВ 200–360 ғилдиракли ҳаво компрессорини етказиб бериш тўғрисида умумий қиймати 1 287 000 сўм бўлган шартнома тузилди.
Шартнома тузилганидан сўнг, унинг шартларида назарда тутилганидек, 28 март куни ушбу компаниянинг ҳисоб-китоб рақамига 193 050 сўм миқдорида 15 %лик бўнак ўтказилди.
Маблағлар МЧЖнинг ҳисоб-китоб рақамига кирим қилинганидан буён 262 кун ўтди.
Шартнома шартларига кўра, товар бўнак келиб тушган кундан бошлаб 7 кун ичида етказиб берилиши керак эди.
Асосий қарз суммаси – 193 050 сўм, давлат божи ва почта харажатлари суммаси – 307 000 сўм.
Ушбу ҳолатда талабнома киритилганидан сўнг суд жараёнини бошлагандан кўра одатда бухгалтерлар томонидан белгиланган муддатда «ушбу суммани зарарга олиб бориш» фойдалироқ. Бунинг устига, қарздорни шартномада кўрсатилган манзил бўйича топишнинг кафолати йўқ. Таъкидлаш лозимки, Республика товар-хом ашё биржаси ўз регламентига кўра унда тузилган шартномалар учун ҳам, уларда кўрсатилган реквизитлар учун ҳам ҳеч қандай жавобгарликни зиммасига олмайди.
Ишнинг мураккаблигини аниқлаштириб, давлат божини тўлаш учун етарли маблағга эга бўлганингизда, низо судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилиги бўйича қайси судга мурожаат қилишингизни аниқланг.
Эътибор беринг
Етказиб берувчи томонидан берилган ҳисобварақ-фактуранинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилиши ҳисобварақ-фактураларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низо суднинг юрисдикциясига киради дегани эмас .
Низо юзага келган шартномада ҳакамлик судига ўтказиш тўғрисида келишув бўлмаса, сизнинг низоингиз фуқаролик ишлари бўйича ёки иқтисодий судда кўриб чиқилади:
Фуқаролик ишлари бўйича судга қуйидаги ишлар тааллуқлидир :
фуқаролик, оила, меҳнат, уй-жой, ер тўғрисидаги ва бошқа муносабатлардан юзага келадиган низолар бўйича ишлар, қонунда шундай низоларни ҳал қилиш бошқа судларга ёки бошқа органларга топшириладиган ҳоллар бундан мустасно
иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги юзага келадиган низолар бўйича
алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар:
юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш;
болани фарзандликка олиш;
фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш;
фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш;
шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш;
шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш;
вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация);
мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш;
тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш);
йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги
юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иқтисодиёт соҳасида ҳуқуқларининг юзага келиши, ўзгартирилиши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш бўйича
тўловга қобилиятсизлик тўғрисида
арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ бўлган масалалар
ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ бўлган ишлар
корпоратив низолар бўйича ишлар, меҳнат низолари бундан мустасно:
юридик шахсни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ низолар;
хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар, улушлар, кооперативлар аъзолари пайларининг мансублиги, уларга юкламалар белгилаш ва улардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ низолар, хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар, улушлар, кооперативлар аъзоларининг пайларини ўз ичига олувчи мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар бундан мустасно;
юридик шахс иштирокчиларининг (муассисларининг, аъзоларининг) юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар;
қимматли қоғозлар эмиссияси билан, шу жумладан, эмитентнинг бошқарув органлари қарорлари юзасидан низолашиш билан, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимлар, эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш (қўшимча равишда чиқариш) натижалари бўйича ҳисоботлар (хабарномалар) юзасидан низолашиш билан боғлиқ низолар;
қимматли қоғозларни номинал сақловчиларнинг акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни қимматли қоғозларни жойлаштириш ва (ёки) уларнинг муомаласи муносабати билан қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари томонидан амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан келиб чиқадиган низолар;
юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар;
юридик шахс бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолар;
инвестициявий низолар бўйича ишлар;
рақобатга оид ишлар
суд буйруғиқуйидаги ҳолларда берилади:
талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;
талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;
коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса;
ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса;
фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
кўп квартирали уй-жой мулкдорларидан мажбурий бадал ва тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса
ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари бўйича :
низолашиш тўғрисидаги ва ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар
чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш
чет давлат судларининг ҳал қилув қарорлари бўйича :
чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар
корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқмайдиган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисида .
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;
инвестиция низолари бўйича инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир;
маъмурий суд судловига тегишли рақобат тўғрисидаги ишлар;
ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича шикоят қилиш тўғрисида.
Муҳим!
Юқорида санаб ўтилганлар билан бир қаторда Маъмурий суд асосий талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабларни ҳам кўриб чиқади
Cолиқ қарздорлигини ундириш, солиқ тўловчиларнинг бюджетдан пул маблағларини қайтариш, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжатлар юзасидан низолар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар тегишлилигича иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судловига тааллуқли.
Солиқ органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги битимни солиқ органи томонидан рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судларнинг юрисдикциясига киради, солиқ тўловчиларни солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш масаласида судга бериш тўғрисидаги қарорлар бундан мустасно .
Эътибор беринг
Агар даъво аризасида ўзаро боғлиқ, баъзилари иқтисодий, бошқалари фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган талаблар жамланган бўлса, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим . Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди .
Арбитраж муҳокамаси, корпоратив ва инвестициявий низолар билан боғлиқ ишлар низо юзага келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси юридик ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар, Иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади
Судга тегишлиликни аниқлашда умумий белгиланган қоидаларга амал қилинг ва жавобгар доимий яшаб турган (рўйхатдан ўтган) жойдаги судга мурожаат этинг . Бироқ, сиз бутун республика бўйлаб фаолият юритсангиз ва ҳамкорларингиз вилоятлар бўйича тақсимланган бўлса, унда келишилган судловга тегишлилик ҳуқуқингиздан фойдаланинг ва шартномаларда низоли вазиятларни кўриб чиқиш учун бош ташкилотингиз жойлашган вилоятдаги судда кўриб чиқилишини белгиланг . Шуни эътиборга олингки, қонунчилик билан судловга тегишлиликнинг алоҳида ҳоллари белгиланган ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича ишларга юқоридаги қоида амал қилмайди . Бунда сизнинг ниманидир ўзгартириш ҳуқуқингиз йўқ .
Барча қарши даъволар дастлабки даъво кўрилаётган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга ҳам, иқтисодий судга ҳам тақдим этилади.
Агар сиз юзага келган низо бўйича талабнома ёзган бўлсангиз, даъво аризасининг тавсифловчи қисми сиз учун деярли тайёр. Матнга керакли ўзгартиришларни киритинг ва даъвога илова қилинадиган барча ҳужжатларнинг нусхаларини киритинг. Талабнома ва унга жавоб нусхасини илова қилинг. Агар талабномангиз эътиборсиз қолдирилган бўлса, буни даъвода кўрсатинг.
Агар сиз судгача бўлган муҳокамани эътиборсиз қолдириб судга мурожаат этишга қарор қилган бўлсангиз, унда даъво аризасини талабнома тайёрлаш қоидаларига мувофиқ тайёрланг. Давлат божини тўлашга шошилманг, даъво нусхасини қарздор ва барча жавобгарларга юборинг. Айрим ҳолларда қарздор даъво аризаси нусхасини олгандан сўнг суд оворагарчиликларидан холи бўлиш учун қарзни ихтиёрий равишда сўндиради.
Эътибор беринг
Талабнома ва даъво аризасида бир хил маълумотлар бўлиши керак. Даъвода бошқа муддат ёки илгари талабномада кўрсатилмаган бошқа қарз миқдорини кўрсатиш мумкин эмас. Жарима санкциялари ҳам фарқ қилмаслиги лозим. Суд жараёни давомида, агар даъво миқдори ўсган бўлса, қўшимча давлат божини тўлаган ҳолда, даъвога аниқлаштирилган тушунтириш беришингиз мумкин.
Давлат божини тўлашдан олдин суд реквизитлари, давлат божи ва почта харажатлари суммасининг тўғрилигини аниқлаштиринг. Агар пул эътиборсизлик ёки эҳтиётсизлик сабабли бошқа судга ўтказилса, уни қайтариб олиш мушкул бўлади.
Мисол
Давлат божи бошқа судга ўтказилди
МЧЖ иқтисодий судга даъво аризаси тайёрлади, давлат божи суммаси эса эҳтиётсизлик сабабли фуқаролик ишлари бўйича шаҳар суди ҳисобрақамига ўтказилган. Хатолик аниқланганидан сўнг МЧЖ Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари судига давлат божи суммасини қайтаришни сўраб расмий хат билан мурожаат қилди.
Суд пул маблағларини шунчаки қайтариб бера олмайди. Бунинг учун у қарор қабул қилиши керак. Пул маблағларини қайтариш ва қарор чиқариш билан боғлиқ жараён 2,5 ойни ташкил этди.
Даъво аризаси судга қандай юборилади
Судга даъво аризасини юборишнинг учта усули мавжуд – почта орқали, электрон ёки шахсан олиб бориш. Фарқи почта жўнатмаси оладиган вақтда. Ҳужжатларни судга тақдим этишда уларнинг нусхаларини илова қилинг, фақат жавобгарга даъво юборилганлигини тасдиқловчи почта квитанцияси ҳамда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асли бўлиши керак. Ушбу ҳужжатларнинг асли бўлмаганда суд томонидан даъво аризаси қабул қилинмайди. Иловада даъво аризаси билан юборилаётган барча ҳужжатларнинг рўйхати ва варақлар сонини кўрсатинг.
Эътибор беринг
Ҳужжатларнинг аслини йўқотиш ёки йўқотишнинг олдини олиш учун уларни даъвога қўшманг ва судга юборманг. Зарур бўлганда, суд жараёнида асл нусхаларни судга ва тарафларга кўриб чиқиш учун тақдим этинг.
Ташкилотлар ўртасидаги муносабатларнинг бошланишини билдирувчи ҳужжат шартномадир. Агар иқтисодий судда кўриб чиқилиши лозим бўлган шартномавий мажбуриятларни бажариш юзасидан низоли масалалар юзага келса, даъво аризасига шартноманинг ўзи илова қилиниши керак. Агар у қандайдир сабабларга кўра бўлмаса ҳам, суд иқтисодий ишни суд ишида кўриб чиқиш учун қабул қилиш ҳуқуқига эга. Бошланғич бухгалтерия ҳужжатлари мавжудлигининг ўзи етарлидир. Асосийси, шартнома шартлари ҳақиқатда бажарилганлигини: товар етказиб берилганлиги, ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлиги ёки пул ўтказилганлигини исботлаш.
Даъво аризасининг нусхасини низонинг барча томонларига, шунингдек учинчи шахсларга юборинг, унга илова қилинган ҳужжатлар нусхаларини илова қилиш шарт эмас. Биринчидан, бу ҳужжатлар уларнинг ўзларида бўлиши керак. Иккинчидан, улар суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш босқичида судда ишнинг барча материаллари билан танишиш ҳуқуқига эга.
Даъво аризангиз қабул қилинганида судда даъво нусхасига ҳужжатларни қабул қилган шахс кўрсатилган ҳолда қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилиши керак. Агар даъво аризасини почта орқали юборган бўлсангиз, почта квитанцияси судга мурожаат қилганингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлади. Электрон шаклда қабул қилинган даъво аризаси электрон тизимда қолади, аммо турли ҳолатларнинг олдини олиш учун уни скриншот қилиб олинг.
Эътибор беринг
Агар сиз иқтисодий судга даъво аризасини судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда юборган бўлсангиз, бу ариза суднинг ўзи томонидан фуқаролик ишлари бўйича судга ёки судга тааллуқлилигига кўра маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади. Иқтисодий суд иш материалларини ўзи қайси судга тааллуқли бўлса, ўша суднинг кўриб чиқиши учун ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради ва иқтисодий суд ишларини юритишни тўхтатади.
Иқтисодий суддан бошқа судга ўтказилган даъво аризаси ва иш материаллари ўзига ўтказилган суд томонидан қабул қилиб олиниши керак. Судлар ўртасида судга тааллуқлилик тўғрисидаги низоларга йўл қўйилмайди .
Агар даъво судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда берилган бўлса, суд уни қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас, чунки бу даъвони қабул қилишни рад этиш учун асос бўлмайди. Даъвони қабул қилишни рад этиш учун иш иқтисодий судга, фуқаролик ишлари бўйича судга ва маъмурий судга тааллуқли бўлмаслиги керак .
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг