Қандай ҳолларда иқтисодий судга соддалаштирилган тартибда даъво аризаси бериш мумкин

10.02.2025
author avatar

Элеонора МАЗУРОВА

адвокат, «Норма» эксперти

Тавсияда:

– қандай даъволар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин;
– қандай ишлар корпоратив низоларга киритилади;
– соддалаштирилган суд иши юритувидаги даъво аризаларига қўйилган талаблар;
– соддалаштирилган суд ишини юритиш хусусиятлари.

 

Ўзбекистонда иқтисодий судларга даъво аризаларини бериш ва кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартиби қонун билан белгиланди. Унинг умумий қабул қилинган суд ишларини юритишдан асосий фарқи – муайян тоифадаги ишларнинг даъво аризаларини кўриб чиқишнинг тезлаштирилган ва камроқ ресурс талаб қилишидир. 

Эътибор беринг
Давлат божининг миқдори даъво аризаси қандай тартибда кўриб чиқилишига боғлиқ эмас ва белгиланган давлат божи ставкалари бўйича ҳисобланади.

Соддалаштирилган суд ишини юритиш тартибидаги ишлар суд томонидан даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилади. Унинг фарқи шундаки, иқтисодий иш бўйича қўшимча далиллар йиғилмайди, далилларни улар турган жойда кўздан кечирилмайди ва текширилмайди, экспертиза тайинланмайди, гувоҳлар сўроқ қилинмайди. Низо тарафларининг ўзлари суд муҳокамасида иштирок этмайдилар. Судья ишни мустақил равишда кўриб чиқади ва кейинчалик у низо тарафларига юбориладиган қарорни қабул қилади.

Соддалаштирилган тартиб ҳуқуқидан фойдаланишдан олдин, қандай низолар бу тартибда кўриб чиқилишини ва қандайлари кўриб чиқилмаслигини билишингиз керак.

Қандай даъволар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин

Сиз даъвони агар унинг қиймати қуйидагилардан ошмаса, соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш учун юборишингиз мумкин :

  • юридик шахсларга нисбатан – БҲМнинг йигирма бараваридан;
  • якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса – беш бараваридан.

Даъвонинг қиймати белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган ҳолларда, истисно тариқасида даъвогарнинг илтимосномасига кўра ва жавобгарнинг розилиги билан соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин .

Жавобгарнинг розилиги ёзма шаклда фирма бланкасида расмийлаштирилади ва муҳр (агар мавжуд бўлса) билан тасдиқланади.

Агар ишлар қуйидагилардан иборат бўлса, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди :

  • корпоратив низолар бўйича ишлар;
  • ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар;
  • учинчи шахснинг ишга киришишида;
  • белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган қарши даъво қабул қилинган бўлса;
  • кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса;
  • қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш зарур бўлса;
  • билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса.

Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш жараёнида кўрсатилган ҳолатлар аниқланганда, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш тўғрисида ажрим чиқаради, ишда иштирок этувчи шахслар бажариши лозим бўлган ҳаракатлар ва ушбу ҳаракатларни бажариш муддатларини кўрсатган ҳолда маълумот беради. Шундан сўнг суд жараёни янгидан бошланади ва ишни кўриш муддати суд ажрими чиқарилган кундан бошланади .

Эътибор беринг

Қуйидагилар корпоратив низоли ишлар ҳисобланади :

  • юридик шахсни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ низолар; 
  • хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг, улушларнинг, кооперативлар аъзолари пайларининг мансублиги, уларга юкламалар белгилаш ва улардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ низолар, бундан хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни, улушларни, кооперативлар аъзоларининг пайларини ўз ичига олувчи мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар мустасно;
  • юридик шахс иштирокчиларининг юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар;
  • қимматли қоғозлар эмиссияси билан, шу жумладан эмитентнинг бошқарув органлари қарорлари юзасидан низолашиш билан, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимлар, эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш натижалари бўйича ҳисоботлар юзасидан низолашиш билан боғлиқ низолар;
  • қимматли қоғозларни номинал сақловчиларнинг акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни қимматли қоғозларни жойлаштириш ва уларнинг муомаласи муносабати билан қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари томонидан амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан келиб чиқадиган низолар;
  • юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар;
  • юридик шахс бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолар.

Ушбу рўйхат тўлиқ эмас, корпоратив низоларга қонунга мувофиқ бошқа низолар ҳам киритилиши мумкин.

Агар сиз ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирсангиз, улардан бири соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин бўлмаса, даъво аризаси умумий қоидалари бўйича кўриб чиқилади .

Соддалаштирилган иш юритишда даъво аризасига қўйиладиган талаблар

Даъво талабларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибида даъво шакли одатдаги даъво аризасидан фарқ қилмайди. Шунинг учун уни соддалаштирилган иш юритишга тайёрлашда даъво шаклига қўйилган умумбелгиланган талабларга риоя қилинг .

Иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилишда қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг :

  • давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини;
  • даъво аризасининг кўчирма нусхаси жавобгар ва учинчи шахсларга юборилганлигини;
  • жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ва шартномада назарда тутилган бўлса;
  • даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни;
  • даъвогарнинг юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини;
  • даъво аризасини имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса;
  • ишни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқишга жавобгарнинг ёзма розилиги.

Даъво аризаларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича тушунтиришлар беришдан олдин, даъвогар судга даъво нусхаси нафақат жавобгарга юборганлигини, балки у томонидан олинганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этиши талаб этилади. Шунинг учун судлар, агар даъво иккинчи шахс томонидан олинганлиги исботланмаган бўлса, низони умумий тартибда кўриб чиқиш бўйича ажрим чиқаради.

Соддалаштирилган суд ишини юритишнинг хусусиятлари

Даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, унда унинг соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши кўрсатилади. Ушбу ажримда уни кўриб чиқиш санаси ҳақида хабар қилинади .

Агар сиз жавобгар бўлсангиз, даъво аризаси юзасидан ёзма фикрингизни ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга юборишингиз мумкин. Ёзма фикрга сизнинг позициянгизни тасдиқловчи барча ҳужжатларни ва ёзма фикр нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни илова қилинг . Агар ёзма фикр ваколатли шахс томонидан имзоланган бўлса, тегишли ишончноманинг нусхасини илова қилинг.

Белгиланган муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, далиллар ва бошқа ҳужжатлар, агар уларни белгиланган муддатда тақдим этишнинг имкони бўлмаганлиги тараф томонидан асослантирилган ва улар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар келиб тушган бўлса, қабул қилинади.

Эътибор беринг
Ўн беш кунлик муддатни ҳисоблаш даъво аризасининг нусхаси жавобгарга тақдим этилган кундан бошланади. Агар даъво нусхаси жавобгарга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилган бўлса, почта хабарномаси бланкасида кўрсатилган санада тақдим қилинган деб ҳисобланади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида иқтисодий ишлар ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади . Ушбу муддатни узайтиришга йўл қўйилмайди.

Иш суд муҳокамаси ўтказилмасдан, яъни тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқилади. Судья тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва важларни текширади, далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради ва ҳал қилув қарорини қабул қилади

Иш бўйича қарор умумий қоидаларга мувофиқ қабул қилинади . Агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради .

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради .

Бундай қарорларни мажбурий ижро этиш умумий қоидаларга мувофиқ суд томонидан берилган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Маълумотнома
Олий суд @suduzbot расмий телеграмм ботини ишга туширди. Ушбу ресурс сизни суд мажлислари жадвали билан таништириши, муайян суд муҳокамаси ҳақида маълумот бериши, давлат божи суммасини ҳисоблаши мумкин. @suduzbot орқали сиз сарсонгарчиликлар ва ишларни ўз вақтида кўриб чиқилмаётганлиги тўғрисида мурожаат қилишингиз, шунингдек судлар фаолиятидаги бюрократия ва коррупция тўғрисида хабар беришингиз мумкин.
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг