Умумий овқатланиш корхоналари фаолиятининг ҳуқуқий асослари

29.10.2025
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти
author avatar

Игорь АИПКИН

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– умумий овқатланиш фаолиятидаги асосий тушунчалар;
– умумий овқатланиш корхоналари фаолиятидаги ҳуқуқий хавфлар:
        тўлақонли ҳисобга олмаслик;
        хабардор қилувчи ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги;
        санитария нормаларининг бузилиши;
        умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизматларини кўрсатиш қоидаларининг бузилиши;
– умумий овқатланиш корхоналарининг бухгалтерияга оид ҳисоб сиёсатини шакллантириш хусусиятлари.

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган:

  • 2025 йил 1 январдан кучга кирган янги 1-сон БҲМС;
  • Президентнинг 18.04.2025 йилдаги ПФ-67-сон Фармони;
  • 16.05.2025 йилдаги ЎРҚ-1063-сон Қонун;
  • Президентнинг 15.05.2025 йилдаги ПФ-87-сон Фармони;
  • ВМнинг 16.09.2025 йилдаги 589-сон қарори;
  • ВМнинг 17.10.2025 йилдаги 650-сон қарори.

Қуйидагилар Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳасини тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлар ҳисобланади:

  • «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун.

Умумий овқатланиш фаолиятида қўлланиладиган асосий тушунчалар  

Умумий овқатланиш корхонаси – умумий овқатланиш соҳасида хизматлар кўрсатиб, пазандачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрловчи, реализация қилувчи ва истеъмол қилинишини ташкил этувчи юридик шахс.

Эътибор беринг

Ушбу таъриф умумий овқатланиш соҳасида донабай таомларнинг алоҳида турларини тайёрлаш ва реализация қилиш бўйича хизматларни кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди: 

  • уй шароитида ўтириш жойларини ташкил этмасдан;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра махсус ажратилган жойларда.

Шу тариқа, хўжалик юритувчи субъект иккита асосий шартга жавоб берса, умумий овқатланиш корхонаси ҳисобланади:

1) у юридик шахс бўлса. Умумий овқатланиш шохобчасида юридик шахсга хос барча аломатлар (мулкида, хўжалик юритувида ёки оператив бошқарувида мол-мулки, банкда ҳисобрақами, мустақил баланси ва ҳ.к.) мавжуд бўлмаса, у умумий овқатланиш корхонаси ҳисобланмайди. Масалан, ходимларнинг овқатланишини ташкил этувчи саноат корхонаси ишлаб чиқаришидаги ошхона – умумий овқатланиш корхонаси эмас, сабаби мустақил балансга эга эмас;

2) у озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинишини ташкил этади. Яъни нафақат уларни реализация қилади, балки истеъмол қилиш учун шароитларни ҳам яратади – стол-стулларни қўяди, идишлар, ошхона анжомлари билан жиҳозлайди ва ҳ.к. Умумий овқатланиш корхоналари шуниси билан озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчилардан ва уларни савдо шохобчаларида реализация қилувчи корхоналардан ажралиб туради.

«Озиқ-овқат маҳсулотлари» нима эканлигини ва умумий овқатланиш корхоналари ушбу соҳада қандай хизматларни кўрсатишлари мумкинлигини аниқлаб оламиз.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг турлари:

  • таом. Пазандачилик жиҳатидан тайёр ҳолга келтирилган, порцияларга ажратилган ёки безатилган озиқ-овқат маҳсулоти ёки маҳсулотлар ва ярим тайёр маҳсулотлар бирикмаси. Таом совутилган, буюртма (таом алоҳида тайёрлашни ва безатишни талаб этади, шу сабабли фақат истеъмолчининг буюртмасига кўра тайёрланади), банкет ва фирма таоми бўлиши мумкин. Янги ёки ноёб рецептга кўра тайёрланган ва корхонанинг «юзи» деб ҳисобланган таом фирма таоми саналади. Гарнир, соус, подлива таомнинг алоҳида қисми ҳисобланади;
  • ошхона маҳсулоти – пазандачилик жиҳатидан тайёр ҳолга келтирилган озиқ-овқат маҳсулоти ёки маҳсулотлар бирикмаси. Улар – ундан тайёрланган ва қандолат маҳсулотлари (пирожки, беляш, сомса, пишириқлар, пирожнийлар ва ҳ.к.);
  • ярим тайёр маҳсулот – пазандачилик жиҳатидан бир ёки бир нечта ишлов бериш босқичидан ўтган, бироқ тайёр ҳолга келтирилмаган озиқ-овқат маҳсулоти ёки маҳсулотлар бирикмаси. Тайёрланган ярим тайёр маҳсулотлардан таомларни тайёрлаш жараёнида фойдаланиш мумкин, шунингдек улар чакана тармоқ орқали реализация қилинадиган мустақил товар бўлиши мумкин.

Умумий овқатланиш корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг турлари:

  • овқатланиш хизматлари – озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ҳамда корхонанинг турига мувофиқ равишда уларни реализация қилиш ва истеъмол қилиш учун шароитларни яратиш бўйича хизматлар;
  • пазандачилик маҳсулотлари ва қандолат маҳсулотларини тайёрлаш хизматлари;
  • кейтеринг хизматлари – корхоналар ходимларининг овқатланишини ташкил этиш бўйича пудрат хизматларини кўрсатиш; стационар хоналардан ташқарида ресторан хизматларини кўрсатиш, сайёр умумий овқатланиш тадбирларини уюштириш;
  • маҳсулотларни реализация қилиш хизматлари – маҳсулотларни пазандачилик бўлимлари орқали, корхонадан ташқарида реализация қилиш, маҳсулотлар тўпламини йўлга ҳозирлаш;
  • дам олишни ташкил этиш хизматлари – мусиқий хизмат кўрсатишни ташкил этиш, концертлар, бизнесга оид тақдимот маросимларини ўтказиш, туғилган кунлар ва болалар байрамларини уюштириш ва ҳ.к.;
  • бошқа хизматлар – ошхона дастурхон-сочиқларини, идишлари, анжомлари ва инвентарини ижарага бериш, таомларни офисларга, уйга етказиб беришни ташкил этиш ва ҳ.к.

Умумий овқатланиш корхоналари қуйидаги турларга бўлинади :

  • ресторан;
  • вагон-ресторан;
  • бар;
  • кафе;
  • мавсумий кафе;
  • кафетерий;
  • ошхона;
  • чойхона;
  • буфет;
  • кичик ошхона.

Умумий овқатланиш корхонасининг турини мулкдор ҳар бир турга қўйиладиган талаблар асосида танлайди.

Айрим умумий овқатланиш шохобчалари (бар, мавсумий кафе, кафетерий, ошхона, буфет, кичик ошхона) алоҳида юридик шахс ҳисобланмай, ресторан ёки кафенинг, катта корхона ва ҳатто савдо шохобчасининг таркибий қисми бўлиши мумкин. Масалан, кафетерий – дўкон ҳузурида шу жойнинг ўзида истеъмол қилинадиган иссиқ ичимликлар, сут, шарбатлар, бутербродлар, қандолат маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун ташкил этилган бўлим.

Эътибор беринг

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қуйидаги харажатлар қопланади :

  • меҳмонхона, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанларнинг ўз фаолиятини тарғиб қилишга қаратилган аудиовизуал маҳсулотлар (видеофильм, видеоролик, клип ва аниме роликлар) яратиш ва тарғиб қилиш харажатларининг 50 фоизи, лекин 50 миллион сўмдан ошмаган қисми;
  • Туризм қўмитаси томонидан белгиланган етакчи хорижий давлатларда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ҳар йили 50 та ўзбек миллий таомларига ихтисослаштирилган умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанлар ташкил этилганда уларнинг қуйидаги харажатлари субсидияланади:

– фаолиятни йўлга қўйиш учун рўйхатдан ўтиш ёки рухсатнома олиш, ижара, дизайн, зарур ускуна ва анжомларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи, бироқ 25 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда;
– таомлар тайёрлаш учун бир йилда 300 килограмм маҳсулотни Ўзбекистондан етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизи, бироқ битта тадбиркорлик субъекти учун 100 миллион сўмгача миқдорда;

  • умумий овқатланиш шохобчалари томонидан ўзларининг ҳудудларида замонавий сузиш ҳавзаларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизигача, лекин 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилади (дастлабки 100 та бассейн учун).

Умумий овқатланиш корхоналари фаолиятида қандай ҳуқуқий хавфлар мавжуд

Умумий овқатланиш корхоналарининг иши турли сабабларга кўра ҳисобга олишни ташкил этишга таъсир кўрсатадиган ҳуқуқий таваккалчиликлар билан боғлиқ.

Тўлақонли ҳисобга олмаслик  

Кўпинча умумий овқатланиш корхоналари раҳбарлари тежашни кўзлаб ёки текширувчи органларнинг қонунбузарликларни аниқлаш вазифасини қийинлаштириш мақсадида тўлақонли ҳисоб юритмайдилар. Ушбу факт текширувчиларни ҳадиксиратиб, «қора касса» мавжудлигидан далолат бериши мумкин. Бироқ текширувчи органлар ва қонун ҳужжатлари бугунги кунда бир қатор дастакларга эга, улар ёрдамида солиқларни тўлашдан бўйин товлашга йўл қўймаслик мақсадида умумий овқатланиш корхоналари эгаларининг бундай ёндашуви аниқланади.

1. Текширув пайтида инвентаризация ўтказиш. Бу – ошхонада ҳисобга олинмаган, кассадан ўтказилмай реализация қилинадиган маҳсулотлар тайёрланаётганини аниқлашнинг энг содда усули. Инвентаризация ўтказиш пайтида омборда ҳисобга олинмаган маҳсулотлар борлигини аниқлаш мумкин. Бунинг натижасида ортиқча маҳсулотлар, оқибатда эса солиқ солинадиган даромад аниқланади. Бундан ташқари, корхона солиқ солинадиган тушумни ҳисобга олиш нуқтаи назаридан кузатув объектига айланади. Сайёр солиқ текшируви ўтказилади .

Эътибор беринг
Солиқ солиш мақсадида расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш солиқ базасини яшириш деб эътироф этилади .

Ҳисобга олинмаган маҳсулотларнинг мавжудлиги доим ҳам ғаразли ниятни ёки солиқлардан «қочишни» кўрсатмайди. Шундай вазият юзага келиши мумкин: банкет уюштирилади, банк эса харид учун нақд пул маблағларини бермайди. Раҳбар зарур маҳсулотларни ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олиши мумкин. Бу ҳолда, мисол учун, раҳбар билан қарз шартномасини тузиб, сотиб олинган маҳсулотларни кирим қилишингиз керак.

2. Реализация қилинган маҳсулотларнинг ҳажмлари ва ассортиментини харид қилинган ва фойдаланилган хом ашё миқдори билан солиштириш. «Кассадан ўтказилмай» реализация қилинган маҳсулотларни аниқлаш учун текширувчилар кўпинча шундай ҳисоб-китоб қиладилар: ой бошига келиб омбордаги қолдиқларга бир ойдаги хом ашёнинг омборга киримини қўшадилар. Сўнг маҳсулотлар мавжудлигидан келиб чиқиб, ишлаб чиқаришнинг оператив ҳисобида ва бир кунда реализация қилиш бўйича ҳисоботларда (улар юритилмаса, таомлар реализация қилинадиган тахминий сумма) акс эттирилган таомларни реализация қилиш имконияти кўриб чиқилади. Реализация қилинган таомларни тайёрлаш учун маҳсулотлар омборда бўлмаган ёки, аксинча, маҳсулотлар ҳисобдан чиқарилган, реализация қилишда эса ҳисобга олинмаган бўлса, назорат қилувчи органлар корхона ҳисобни бузиб юритмоқда, деган хулосага келишлари мумкин.

Хабардор қилувчи ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги  

Умумий овқатланиш корхоналарининг фаолияти лицензияланмайди. Бироқ умумий овқатланиш корхонаси ташриф буюрувчиларга алкоголь, пиво ва пиво ичимликлари, шунингдек тамаки маҳсулотларини реализация қилмоқчи бўлса, у солиқ органларини license.gov.uz тизими орқали бу ҳақда хабардор қилиши ва ҳар ойда алкоголли маҳсулотларни реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш, тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлаши керак    .

Корхона ушбу товарларни бир нечта умумий овқатланиш шохобчаси орқали реализация қилса, ҳар бир шохобча учун тегишли ставкада (2024 йил учун ставкалар – бу ерда, 2025 йил учун – бу ерда) йиғим тўлайди.

Тунги вақтда – соат 23:00 дан 06:00 гача ишлаганда ҳам ваколатли органни хабардор қилиш зарур. Бундай фаолият бошлангани ёки тугатилгани тўғрисида хабарнома туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига юборилади .

Эътибор беринг

Хабардор қилиш тартибида амалга оширилаётган фаолият учун қонунчиликда белгиланган талаблар ва шартлар бажарилганлиги тўғрисида ваколатли органга ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Хабарнома юбормасдан алкоголли маҳсулотларни реализация қилиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади .

Худди шундай ҳуқуқбузарлик жуда кўп миқдорда (БҲМнинг 500 баравари ва ундан ортиқ) даромад олиш билан боғлиқ бўлса,
БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима ёки бир йилгача муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ёхуд 160 соатгача мажбурий жамоат ишлари билан жазоланади .

Эътибор беринг

2026 йил январда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган тизими жорий қилинади. Уни жорий қилиш тартиби махсус Низом билан белгиланган.

Тизим ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси – юқори, ўртача ёки паст эканлигини аниқлаш учун алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси ҳақидаги, хабардор қилиш тартибида фаолиятни амалга ошириш талаблари ва шартларини бажариш ҳақидаги маълумотларни ва бошқа ахборотни таҳлил қилади.

Хавфлилик даражаси ўртача ёки юқори бўлган корхоналарда текширув ўтказилади. Уни ўтказиш пайтида фақат алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилади.

Санитария нормаларининг бузилиши  

Ҳар қандай истеъмолчи умумий овқатланиш корхоналарининг санитария-гигиена талабларига риоя этишидан манфаатдор.

Бухгалтер бир қатор сабабларга кўра уларни билиши керак:

  • кўпинча бухгалтер нафақат бухгалтерия ҳисоби, балки меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка оид масалалар билан ҳам шуғулланади. Умумий овқатланиш соҳасидаги ходимларга қўйиладиган талаблар Умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари, 0027-22-сон СанҚваН ва Меҳнат кодекси билан белгиланган;
  • умумий овқатланиш корхоналари учун маҳсулотлар ва хом ашёни тайёрлаш, ҳисобдан чиқариш ва сақлашга оид мавжуд талаблар бевосита бухгалтерия ҳисобига тааллуқли;
  • корхонанинг қарийб барча норматив ва бошланғич ҳужжатлари бухгалтерияда сақланиши боис бош бухгалтер санэпидназорат текшируви давомида кўплаб ишлаб чиқаришга оид масалалар, нормалар ва ҳужжатлардан хабардор бўлиши керак.

Санитария хавфсизлиги нуқтаи назаридан умумий овқатланиш корхонасининг ишлаб чиқаришни ташкил этишга оид асосий қоидалари СанҚваНда белгиланган.

Умумий овқатланиш корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларини белгиловчи СанҚваНда қуйидагиларга нисбатан талаблар мавжуд:

  • корхоналарнинг жойлашишига;
  • ходимларнинг шахсий гигиенасига;
  • корхоналарнинг сув таъминоти ва канализация тизимлари билан жиҳозланишига;
  • бинолар, ш.ж. ишлаб чиқариш биноларининг тузилиши ва тутиб турилишига;
  • асбоб-ускуналар, инвентарь, идиш-товоқларга;
  • хом ашёни ташиш, қабул қилиш, сақлаш, унга ишлов беришни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этишга;
  • таомларни тарқатишга, ярим тайёр маҳсулотлар ва пазандачилик маҳсулотларини беришга;
  • алкоголли маҳсулотларни реализация қилиш тартибига;
  • ҳашаротлар ва кемирувчиларга қарши курашиш чора-тадбирларини ташкил этишга ва ҳ.к.

Иш берувчи озиқ-овқат саноатида, савдода ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқларда иш билан банд бўлган ходимларни дастлабки (меҳнат шартномасини тузаётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиши шарт. Бунда ходимлар тиббий кўриклардан ўтиш муносабати билан чиқимдор бўлмасликлари керак, уларни иш берувчи тўлаши шарт .

Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, айнан – у мажбурий бўлган ходимларнинг рўйхати, даврийлиги, тиббий кўрикдан ўтказувчи шифокорларнинг рўйхати, шунингдек зарур лаборатория ва функционал тадқиқотларнинг турлари махсус Низомда белгиланган.

Эътибор беринг

2025 йил 1 августдан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади. Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Кодекс Алиментариус стандартлари асосида энг устувор озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини 
тасдиқлайди .

Кодекс Алиментариус – озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича стандартлар ва қоидалар кодексини жорий этиш бўйича ФАО/ЖССТ Халқаро комиссияси томонидан қабул қилинган халқаро озиқ-овқат стандартлари тўплами. Кодекс стандартлари асосий озиқ-овқат маҳсулотлари – ишлов берилган, ярим тайёр ва ишлов берилмаган маҳсулотларни қамраб олади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари :

  • оқава сувлардаги ёғ-мой маҳсулотлари ажратиб олинишини таъминлайдиган ёғ-мой тутгич ускуналари мавжуд бўлганда марказлашган оқава сув тизимларига уланиши керак. Бунда умумий овқатланиш корхоналарида ҳар ойда камида бир маротаба ёғ-мой тутгич ускуналарининг техник хусусиятларидан келиб чиқиб, уларни чиқинди ёғ-мойлардан тозалаш, ушбу чиқинди ёғ-мойларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш таъминланиши зарур;
  • озиқ-овқат маҳсулотларини пишириш учун газ таъминоти, улар бўлмаганда, ёғоч ёки тайёр кўмирдан фойдаланишда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддалар ва ҳидларни ушлаб қолувчи қурилмалар ўрнатилиши керак.

Умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизматларини кўрсатиш қоидаларининг бузилиши қандай оқибатларга олиб келади

Умумий овқатланиш корхоналарининг товарларни сақлаш, маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ ходимлари махсус тайёргарликдан ўтишлари ва қуйидагиларга риоя этишлари керак:

  • Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари;
  • санитария нормалари ва талаблари;
  • ёнғинга қарши нормалар;
  • стандартларнинг талаблари;
  • хавфсизлик техникаси қоидалари.

Ушбу қоидалар, нормалар ва талабларни бузиш ходимларнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Умумий овқатланиш корхоналарининг маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишни ташкил этишига оид асосий талабларни кўриб чиқамиз.

Ишлаб чиқаришни ташкил этиш:

– ишлаб чиқариш савдо, омбор, ишлаб чиқариш ва маъмурий-маиший биноларга, асбоб-ускуналар ва инвентарга, маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг, таомлар реализация қилиниши ва истеъмол қилинишини ташкил этишнинг технологик режимларига қўйиладиган талаблар ва мезонларга мувофиқ ташкил этилиши ва юритилиши керак. Талаблар амалдаги техник регламентлар ёки стандартларга, санитария нормаларига, хавфсизлик техникаси қоидаларига, ёнғинга қарши ва бошқа талабларга мувофиқ белгиланади;

– ўлчов воситалари мавжуд бўлиши – соз ҳолатда, қўллашга рухсат берилган ва метрологик текширувдан ўтган бўлиши керак. Барча ўлчов воситалари, оғирликни ўлчаш асбоблари яхши кўринадиган текширув тамғасига ёки Ўзстандарт органларининг амал қилиш муддати ўтмаган текширув ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасига ва тегишли паспортга эга бўлиши керак;

– СанҚваНда белгиланган маҳсулотларни сақлаш ва тайёрлаш шартларига риоя этилиши керак. Таомлар санитария қоидаларида қатъий белгиланган муддатларда реализация қилиниши мумкин бўлган туркумларда тайёрланиши керак. Кечаги кундан қолган гўшт, қиймаланган балиқ маҳсулотлари, макаронлар, соуслар, ёрма маҳсулотларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Тегишинча, барча ҳисобдан чиқариладиган, йўқ қилинадиган ҳужжатлар ва белгиланган талабларга риоя этилганлиги фактини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар фаолиятнинг молиявий кўрсаткичларида акс эттирилади ва бухгалтерия ҳисоби регистрларида қайд этилади.

Ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатилишини ташкил этиш:

– корхона истеъмолчиларга аниқ-равшан кўринадиган шаклда корхонанинг тўлиқ номи ва унинг СТИР ҳақидаги, шу жумладан ушбу ахборотни сканерлаш учун махсус QR-кодни, шунингдек иш режими, маҳсулотлар, товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақидаги ахборотни жойлаштириши керак;

– истеъмолчида унга сотилган таомлар, пазандачилик маҳсулотлари, товарларнинг ўлчами ва вазнини, шунингдек реализация қилинаётган маҳсулотнинг (хизматнинг) норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини текшириш имкони бўлиши керак. У пазандачилик маҳсулоти (кўрсатилаётган хизмат) лозим даражада сифатли эмаслигини, тарозидан уриб қолинганини ёки ҳисобда алдаганликни аниқласа, умумий овқатланиш корхонаси раҳбарлари истеъмолчининг танловига кўра:

  • камчиликларни бепул бартараф этиши;
  • тўлов миқдорини пасайтириши;
  • қўшимча ҳақ олмай, шунга ўхшаш таом, пазандачилик маҳсулотини тайёрлаши (хизматни такроран бажариши);
  • истеъмолчининг сифатсиз пазандачилик маҳсулоти харид қилиниши (хизматнинг бажарилиши) билан боғлиқ харажатларини тўлиқ қоплаши;
  • маънавий зарарнинг ўрнини қоплаши шарт;

– алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя этилиши керак. У реализация қилинадиган жойларда 21 ёшга тўлмаган шахсларга ушбу маҳсулот сотилмаслиги ва унинг инсон саломатлигига зиён етказиши ҳақида огоҳлантирувчи ёзув илиб қўйилиши керак;

– хизматлар ҳақини тўлаш ва ҳисоб-китоб қилиш учун шароитлар яратилган бўлиши керак. Булар – тўловларни банк карталари орқали қабул қилиш имконига эга бўлган онлайн-НКТнинг албатта мавжуд бўлиши, овқат ҳақини тўлаш учун турли – олдиндан, таомларни танлагандан сўнг, овқатлангандан сўнг ҳақ тўлаш, мустақил равишда ҳисоб-китоб қилиш усулларидан фойдаланиш. Мажбурий рақамли маркировкаланадиган товарлар реализация қилинганда – штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодлари тўғри ўқилиши ва аниқланишини таъминловчи махсус қурилмалардан фойдаланиш;– хизмат кўрсатиш учун олдиндан буюртмани бажариш муддатларига риоя этилиши керак. Муддатга амал қилинмаганда ёки кўрсатилаётган хизматда камчиликлар аниқланганда истеъмолчи ўз танловига кўра:

  • корхона буюртмани бажариши учун янги муддатни тайинлашга;
  • кўрсатилаётган хизмат нархи камайтирилишини талаб қилишга;
  • камчиликлар муайян муддатда бепул бартараф этилишини, лозим даражада сифатли шунга ўхшаш маҳсулот тайёрланишини ёки унинг ўрнига бошқа маҳсулот берилишини талаб қилишга;
  • хизматдан бош тортишга ҳақли.

Истеъмолчи хизмат кўрсатиш муддатларига амал қилинмаганлиги сабабли унга етказилган зарарлар тўлиқ қопланишини ҳам талаб қилишга ҳақли. Бунда корхона енгиб бўлмайдиган куч натижасида ёки истеъмолчининг айби билан муддатга амал қилинмаганини исботласа, истеъмолчининг талаблари қаноатлантирилмайди;

– корхона олиб кетиш учун сотиладиган тайёр маҳсулотлар ва харид қилинадиган товарларнинг идиши ва ўрамига қўйиладиган талабларга риоя этиши керак (алкоголли ичимликлар бундан мустасно – уларни олиб кетиш учун сотишга йўл қўйилмайди). Полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг қийматини реализация қилинаётган товар қийматига киритиш, шунингдек уларни таннархидан паст нархда реализация қилиш тақиқланади (бандсиз ва товарларнинг ажралмас қисми бўлган пакетлар бундан мустасно);

– чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи корхоналардаги ходимлар (метрдотеллар, официантлар) штати ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур бўладиган ҳажмда камида битта хорижий тилни (инглиз, немис, француз) эгаллаган бўлиши керак. Бундай корхоналар хорижий тилда ёзилган таомномага ҳам эга бўлишлари керак.

Умумий овқатланиш корхоналарининг бухгалтерияга оид ҳисоб сиёсатини шакллантириш хусусиятлари   

Ҳисоб сиёсати – хўжалик юритувчи субъект ўз принципларига ва асосларига мувофиқ равишда бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботларни тузиш учун қўллайдиган усуллар мажмуи .

Корхона ҳисоб сиёсатини шакллантириш чоғида танлаган бухгалтерия ҳисобини юритиш усуллари раҳбарнинг ҳисоб сиёсатини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғи ёки фармойиши чиқарилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб қўлланилади.

Ҳисоб сиёсати календарь йил давомида ўзгартирилмайди.

Фақат қуйидаги ҳолларда ҳисоб сиёсатига ўзгартириш киритишга йўл қўйилади:

  • корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, бўлинганда, қўшиб олинганда);
  • мулкдорлар алмашганда;
  • қонунчиликка ёки бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш тизимига ўзгартириш киритилганда;
  • бухгалтерия ҳисобининг янги усуллари ишлаб чиқилганда.

Ҳисоб сиёсатига киритилган ўзгартиришлар асосланган бўлиши керак, улар корхона раҳбарининг буйруғи (фармойиши) билан расмийлаштирилади.

Умумий овқатланиш корхоналари намунавий бухгалтерияга оид ҳисоб сиёсатини асосий бўлимлардан ташқари ТМЗни ҳисобга олиш қисмида қуйидаги қоидалар билан тўлдиришини тавсия этамиз:

  • фақат умумий овқатланиш соҳасида қўлланиладиган бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг шакллари (масалан, калькуляциялаш карточкаси, таомнома режаси, тайёр таомлар реализация қилиниши тўғрисида далолатнома ва ҳ.к.);
  • ҳужжат айланиши қоидалари, ҳисобга оид ахборотга ишлов бериш технологияси ва хўжалик операцияларини назорат қилиш тартиби (ички назоратни ташкил этиш) – маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш жараёнини ташкил этиш спецификасига боғлиқ ҳолда учта асосий участкада – омборда, ошхонада ва ташриф буюрувчилар залида;
  • харид қилинаётган хом ашё ва товарларни баҳолаш методлари – харид нархларида ёки савдо устамаси қўйилган сотиш нархи бўйича;
  • ярим тайёр маҳсулотларни ҳисобга олиш методи – «Асосий ишлаб чиқариш» 2010-счётидан фойдаланган ҳолда ёки «Ўзи ишлаб чиқарган ярим тайёр маҳсулотлар» алоҳида 2110-счётида;
  • товарлар ва хом ашё қолдиқлари ва уларни ҳисобдан чиқариш қийматини аниқлаш методи – ҳар бир бирлик таннархи бўйича, ўртача тортилган қиймат бўйича (AVECO) ёки вақт бўйича биринчи харид қилинган ТМЗ таннархи бўйича (FIFO);
  • транспорт харажатларини ҳисобга олиш методи – хом ашё ва товарлар таннархига бевосита (тўғридан-тўғри) киритиш, «Материалларни тайёрлаш ва харид қилиш» алоҳида 1510-счётида ҳисобга олиш – кейинчалик ТМЗ таннархига киритган ёки ТМЗдан фойдаланилишига қараб ишлаб чиқариш сарф-харажатларига олиб борган ҳолда.
Эътибор беринг
Бухгалтерия тўғрисидаги қонунчиликда ҳисобга олишнинг кўп вариантли усуллари белгиланган жиҳатларнигина ҳисоб сиёсатида белгиланг.
Маълумот учун

Қуйидагиларни ҳисобга олиш бўйича ҳисоб сиёсатини шакллантириш вариантлари билан: 

  • асосий воситаларни – бу ерда;
  • номоддий активларни – бу ерда;
  • молиявий инвестицияларни – бу ерда танишиш мумкин.
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг