Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

"Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Қонунга шарҳ

Полная версия документа доступна на платных тарифах

Ўзбекистон Республикасининг

Ҳакамлик судлари тўғрисидаги” Қонунига

ШАРҲ


МУНДАРИЖА


КИРИШ


Мазкур шарҳ ўзига хос фарқ қилувчи хусусиятларга эга: у Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази ходимлари (Тошкент ш.) (ҲМЎМ), яъни бевосита “Ҳакамлик судлари ҳақида” қонуни лойиҳасини тайёрлаган, турли муҳокамаларда унинг асосий ҳолатларини ҳимоя қилган, Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб турли конференция ва семинарлар ташкил қилиш ва уларни ўтказиш орқали Ўзбекистонда ҳакамлик суди ғоясини доимий тарзда тўрт йилдан ортиқ вақт мобайнида ташвиқот қилган, ҳамда 2002 йилда Ўзбекистонда биринчи ҳакамлик судини ташкил этганлар томонидан ёзилган. Мазкур шарҳни ёзишдан аввал, 2004-2005 йилларда Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистон юридик жамоатчилиги ва тадбиркорлари ўртасида ҳақиқий бестселлер бўлган ҳакамлик судлари тўғрисидаги учта китоб тайёрланди ва чоп этилди.

Шарҳланаётган “Ҳакамлик судлари ҳақида”ги Қонун 2007 йил 1 январдан кучга киритилган ва шу санадан эътиборан давлат (хўжалик, фуқаролик) суди билан бир қаторда суд-ҳуқуқий ислоҳотнинг янги муҳим босқичи бошланди, унинг аҳамияти “Чет эл арбитраж қарорини тан олиш ва уни ижро этиш ҳақидаги” 1958 йил Нью-Йорк конвенциясига имзо чеккан дунёнинг 120 та давлатлари томонидан ва шу жумладан, унга 1995 йилда қўшилган Республикамиз томонидан тан олинган судловнинг янги, ўзгача нодавлат тури фаолият кўрсатишни бошлади.

Шу билан бирга, Қонуннинг муҳокамаси ва қабул қилиниши яна бир бор ҳакамлик суди ва ҳакамлик судида ишни кўриш табиатига нисбатан ҳаттоки профессионал юристлар орасида ҳам қарашларнинг бирдамлиги йўқлигини кўрсатди. Ҳанузгача у одил судлов шакли эмас, балки “мулкий баҳсларни судгача ҳал этишнинг бир тури” ёки “юридик хизмат”, ёки “альтернатив” (судга нисбатан) суд ишини кўриш турини акс эттиради деган таъкидлашларни учратиш мумкин.

Шунинг билан биргаликда, фуқаролик ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 10-моддаси 1-қисмига асосан, бузилган ёки низолашилаётган фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоясини суд, хўжалик суди ёки ҳакамлик суди амалга оширади. “Ҳакамлик судлари тўғрисидаги” Қонуннинг 50-моддасига асосан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этмаслик давлат суди томонидан берилган ижро варақаси асосида мажбурий бажарилишга тегишли. Ниҳоят, мазкур Қонуннинг 32-моддаси қоидаларига асосан ҳакамлик суди низо предметига нисбатан таъминлов чораларини қўллаш ҳақида фармойиш бериш ҳуқуқига эга, ваколатли давлат суди эса ҳакамлик судида кўрилаётган даъвонинг ижросини таъминлаш бўйича мажбурий чораларни қабул қилиши мумкин.

Қонуннинг барча бу қоидалари ҳакамлик судлов юрисдикцион табиатига шубҳа қолдирмайди, албатта Қонун ва низоларни ихтиёрий тарзда давлат судини рад этган ҳолда ва ўзининг мулкий низосини ҳал этиш учун тегишли ҳакамлик судига мурожаат этган қатнашчиларининг ўзларининг хоҳиши имконияти миқёсида ҳакамлик суди ҳақиқатда ҳам одил судловни амалга оширишига гумон қолдирмайди. Ҳакамлик келишуви томонлари учун ҳакамлик судида ишни кўриш мажбурияти ҳеч қанча уларга одил судловни рад этиш ёки уларнинг ўз мулкий манфаатларини суд орқали ҳимоя этишга бўлган конституцион ҳуқуқидан воз кечишини англатмайди.

Шу билан бирга, шубҳасизки, ҳакамлик суди шаклидаги суд ҳимояси жуда муҳим ўзига хос хусусиятларга эга. Ҳакамлик судлари давлат органлари ҳисобланмаслиги билан бир қаторда, давлат одил судлов тизимига ҳам кирмайди, умуман том маънода ташкилот ҳам эмаслар ва ҳеч қандай тизимни ҳам ташкил этмайди, айниқса - иерархияга асосланган (марказлаштирилган) ҳам эмас. Шунинг учун ҳакамлик судлари давлат рўйхатидан ўтиши ва умуман тўғридан-тўғри давлат назоратида бўлиши мумкин эмас, агар уларнинг қарори юзасидан низолашиш ҳақида сўз юритилмаётган бўлса (шу билан бирга, адабиётда таъкидланишича, бунинг учун қонун чиқарувчи ишни кассация ёки апелляция инстанцияларида қайта кўриб чиқишни кўзда тутувчи “шикоят” терминини эмас, балки айнан “баҳслашув” терминини қўллаётгани тасодифан эмас).

Шу тариқа, ҳакамлик судлари (ҳам доимий ва вақтинчалик фаолият кўрсатувчи) юридик ва жисмоний шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос адлия органлари бўлиб, уларнинг ваколатлари уни ташкил этган тарафларнинг эркига асосланади. Шу билан бирга бу ваколат Қонун билан чегараланган - Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонуннинг 9-моддасига биноан, уларда фақатгина фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар кўрилиши мумкин. Шуни тан олиш жоизки, Қонун мазмунига кўра, хусусий-ҳуқуқий, асосан - тадбиркорлар ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатларга дахлдор бўлмаган шартномавий низо ҳақида сўз юритилади.

Бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтиш лозим, чунки сўнгги йилларда ҳакамлик судларига кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар ҳақидаги низоларни киритиш орқали уларнинг ваколатларини кенгайтириш уринишларини кузатиш мумкин. Бундай низолар фақатгина давлат судларида кўришлиликка тегишли, чунки кўчмас мулкка оид битимлар ва ҳуқуқлар бундай ҳуқуқий муносабатларнинг оммавий-ҳуқуқий элементини ташкил этганлиги учун мажбурий давлат рўйхатидан ўтади. Шунинг учун баъзи ҳакамлик судлари томонидан қабул қилинган давлат органларини кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишни мажбурловчи қарорлар, ёки ваколатли органлар томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишидан кейин бундай ҳуқуқларни ўрнатишини (яъни, бундай қарорларни давлат судига шикоят қилишнинг ўрнатилган тартибини чеклаб ўтиш тарзида) қонуннинг императив талабларининг бузилиши деб тан олиш керак. Бу амалиётда содир бўлган баъзи ҳакамлик судлари томонидан кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш, турар жой биноларини турар жой бўлмаган шаклига айлантириш ва ҳ.к. ҳақидаги ҳолатларга ҳам тааллуқли.

Маълумки, кўчмас мулк объектларини бир томондан иккинчи томон ихтиёрига ўтказиш ҳақидаги ёки бошқа шартномалар томонларининг низолари, шу жумладан, масалан, мулкка эгалик ҳуқуқидан кечувчи-сотувчининг харидорга битимни давлат рўхатидан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни топширишга мажбур этиш ҳақидаги талаблар ҳақидаги низолар ҳакамлик судлари ваколатига киради. Фақатгина аниқ бир иштирокчиларини боғловчи ҳуқуқий-мажбурият (нисбатан) муносабатлардан келиб чиқувчи низолар ҳақида сўз юритилади. Мулкий-ашёвий ҳуқуқлари эса, маълумки, мутлақ ҳуқуқий табиатга эга, яъни, барча учинчи шахсларга мажбурият юклайди. Шунинг учун, уларнинг мавжудлиги (тан олиниши) ҳақидаги масалани ҳал этишга ҳакамлик судлари ҳақли эмаслар, чунки “барча учинчи шасхлар” ҳакамлик судларининг суд қилиш ҳуқуқини тан олишга ўз хоҳишларини билдирган эмаслар (кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқининг келиб чиқишини қонун суд қарори билан эмас, балки унинг давлат рўйхатидан ўтиши билан боғлаши ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлади).

У ёки бу қонун чиқарувчи таърифларнинг таркиби ва қанчалик муваффақиятлилиги борасида мунозара қилиш мумкин ва бунинг асосида у ёки бу шаклда муайян мулкка эгалик ҳуқуқий муносабатларнинг хусусий-ҳуқуқий ва оммавий-ҳуқуқий элементларини чегаралаш ёки бирлаштириш мумкин. Аммо, ҳар қандай ҳолатда, шундан келиб чиқиш жоизки, ҳакамлик судлари қарорлари фақатгина тегишли низо тарафлари (иштирокчилари) учун мажбурийдир ва фақатгина уларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор (чунки, аслида ҳакамлик суди ваколати уларнинг эркига асосланган), лекин учинчи шахсларга нисбатан, айниқса - давлат органларига нисбатан ҳеч қандай мажбурий юридик оқибатларни келтириб чиқармаслиги керак.

Бошқа тарафдан, ўзини қандайдир “назоратчи инстанция” шаклида кўрсатувчи баъзи давлат судларининг асоссиз тўғридан-тўғри ёки қисман ҳакамлик судлов ишини назорат қилиш, шу жумладан, ҳакамлик судлари томонидан аниқлаб белгиланган ишнинг ҳақиқий ҳолатига шубҳа туғдирувчи, уларнинг юридик малакасини ва умуман олганда улар қабул қилган қарорларни қайта кўриб чиқувчи, шу тариқа ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонуннинг 47-моддасининг 1-қисми ва 53-моддасининг 1-қисмини бузувчи ҳаракатларига нисбатан изчиллик билан қаршилик кўрсатиш ҳам зарур.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларини ташкил этишда ва уларнинг фаолият кўрсатишида бир қатор бошқа муаммолар ҳам мавжуд. Уларнинг қаторига биринчи навбатда кўриб ҳал қилинаётган низоларнинг сони ва сифатини ошириш заруриятини курсатиш лозим, бу эса ҳакамлик судьялари малакаси ўсиши ва мулкий низоларини ҳакамлик судларида кўриш афзалликларини кенг тарғибот қилишга боғлиқ.

Ўзбекистоннинг вилоятларида доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари сонининг муайян ўсиши кузатилмоқда, буни эса шак-шубҳасиз, ижобий жараён деб ҳисобласа бўлади. Шу билан бирга, бир қатор ҳолларда бундай судлар ташкилий кўмакка муҳтож: регламентлар мазмуни ва фаолияти таркибини аниқловчи бошқа ички ҳужжатлар бўйича маслаҳатлар; судьялар малакасини ошириш; низоларни амалий кўриб чиқишда тажриба алмашиш ва ҳ.к.

Қонуннинг моддама-модда шарҳларда тушунтирилиши кўриб чиқилган масалалар бўйича илмий-амалий адабиётни ўрганиш, халқаро ҳакамлик Марказлари фаолияти тажрибаси (Лондон, Париж, Стокгольм ва бошқа жойларда), фаолияти билан танишиш учун шарҳларни тузувчилар борган Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Германия ва Нидерландлар ҳакамлик судлари ҳамда Германиялик жаноб Книпер Р., Россиялик Комаров А. ва Девяткин К., Қозоғистонлик Сулейменов М., Франциялик Джоливе Э. ва бошқа машҳур халқаро миқёсдаги ҳакамлар маслаҳатларига асосланган.

Мазкур шарҳ ҳакамлик судьялари, ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркор ва юристлар, судья ва адвокатлар, юриспруденция соҳаси амалий ва илмий ходимлари, талабаларга Қонуннинг моддаларини тушуниш ва изоҳлашда фойдали бўлиши мумкин.

Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш Маркази келгусида ҳам Ўзбекистон ҳакамлик судларининг судда иш юритиш тажрибасини умумлаштириш, ҳакамлик судида иш кўришнинг энг муҳим ва қизиқарли муаммоларини муҳокама қилишга оид семинар, давра суҳбати ва конференция ўтказиш, натижада ҳакамлик судларида низоларни кўриб чиқиш сифатини ошириш бўйича маслаҳатларни ишлаб чиқиш юзасидан иш олиб боришни режалаштирмоқда.

Фикрим якунида мен “Европа Ҳамжамияти ва Ўзбекистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик ҳақида Битимни амалга оширишда кўмак бериш” (SIPCA - III лойиҳаси) лойиҳаси раҳбари жаноб Ханс Юрген Херинг, унинг ўринбосари жаноб Клаус Йоахим Шмитц ва лойиҳа эксперти Рижкова Ксения хонимга, Германия техник ҳамкорлик маркази лойиҳалари координатори Йенс Деппега шарҳни тайёрлашда мазкур нашрни амалга оширишда ташкилий ишлари ва техник кўмаги учун алоҳида миннатдорчилик изҳор этмоқчиман.


Ҳуқуқий муаммоларни

ўрганиш Маркази Директори

Асьянов Ш.М.






1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида ҳакамлик судларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.


Ҳар бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг мақсади муайян ижтимоий алоқалар доирасини тартибга солишдан иборат. “Ҳакамлик судлари тўғрисидаги” Қонуннинг мақсади, тегишинча Ўзбекистон Республикасида ҳакамлик судларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Бу Қонуннинг асосий ва умумий мақсади бўлиб, унда Қонун орқали мазкур Қонун қоидаларини амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у аниқ белгиланмаган мақсадларга эришиш заруриятидан келиб чиқади.

Хусусан, Қонун мақсадлари сифатида қуйидагиларни ҳам ҳисоблаш лозим:

- Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини мустаҳкамлаш;

- вужудга келувчи баҳсларни ҳал этиш учун низолашувчи томонларнинг ўзлари ўрнатган қоида ва тартибларни қўллаш орқали бозор иштирокчиларига замонавий механизмларни тақдим этиш;

- шартнома эркинлиги ва мамлакатдаги ва чет эл иштирокчиларининг ўзаро иқтисодий муомалада ишончини кучайтириш;

- давлат судлов жараёнига муҳим қўшимча сифатида ҳакамлик суд ишлаб чиқаришини ривожлантириш;

Қонуннинг мақсади деб янги шаклланган ижтимоий муносабатларга ҳуқуқий шакл бериш деб ҳам топилиши керак, бу ҳолат эса Ўзбекистонда ҳакамлик судлари тизимини яратишга имкон беради ва тадбиркорлик соҳасида муносабатларни тартибга солишни яхшилайди.



2-модда. Ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун Ўзбекистонда ҳакамлик судларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тартибига соладиган асосий ҳуқуқий ҳужжатдир. Айни пайтда ҳакамлик судлари ва ҳакамлик муҳокамаси ҳақидаги қонун ҳужжатлари у ёки бу ҳакамлик муҳокамасини тартибга солувчи бошқа қонунлардан ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ҳакамлик судлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни бажариш тартибидан ташкил топган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 9-моддасига асосан фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан, уларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишларига кўра амалга оширишлари мумкин. Кодекснинг ушбу нормасидан келиб чиққан ҳолда низо субъектлари улар ўз манфаатларининг ҳимояси учун қайси судга - давлат суди ёки ҳакамлик судига мурожаат қилишни ҳал қилиш ҳуқуқига эгалар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси 10-моддаси фуқаролик ҳуқуқлари ҳимояси процессуал қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан, суд, хўжалик суди ёки ҳакамлик суди томонидан белгиланган ишларнинг тааллуқлилиги асосида амалга оширилиши ҳақидаги қоидани ўрнатади.

Агар тарафлар низони кўриб чиқиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида келишув (шартнома) тузсалар, унда ЎзР ФПКнинг 100-моддасига кўра фуқаролик ишлари бўйича судлар иш кўришни тўхтатади ёки ЎзР ФПКнинг 152-моддасига кўра даъво аризани қабул қилишни рад этади. Худди шундай нормалар ЎзР ХПКнинг 86, 88, 117-моддаларида мавжуд, ЎзР ХПКнинг 25-моддаси хўжалик судига тааллуқли низо у ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар тарафлар келишувига кўра ҳакамлик судига кўриб чиқиш учун берилиши мумкинлигини кўзда тутади.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этишдан юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини бажариш тўғрисидаги” Қонунининг 5-моддасига асосан, ҳакамлик судлари, чет эл суд ва арбитражлари ҳал қилув қарорлари бажарилиши керак. Бундан ташқари, келтирилган Қонуннинг 7-моддасига кўра, ижро ҳужжатлари қаторига ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун судлар берган ижро варақалари ҳам киради. Ҳакамлик суди муҳокамасининг айрим масалалари “Давлат божи тўғрисидаги” қонуни ва бошқаларда ҳал этилади.

Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун нормалари, ҳакамлик суди муҳокамаси масалаларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига нисбатан махсус қонун сифатида қаралади. Мазкур ҳолат машҳур ҳуқуқий тамойилни - lex specialis derogat generali (махсус қонун умумий қонуннинг амалда бўлишини бекор қилади) ҳаракатга келтиради. Бу ҳолат ҳакамлик суди муҳокамасини тартибга солувчи барча қонунлар Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонунга мос келиши кераклигини англатади. Улар ўртасида қарама-қаршиликлар мавжудлиги ҳолатида ушбу ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун сифатидаги ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун нормалари устун деб топилади.

1958 йил 10 июндаги чет эл арбитраж қарорини тан олиш ва уни ижро этиш ҳақидаги Нью-Йорк конвенциясига қўшилгандан сўнг, Ўзбекистон бошқа давлатлар алоҳида арбитрлари ва арбитраж органлари ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш мажбуриятини олди. Ўзбекистон Республикаси томонидан 1992 йил 20 мартда Киевда имзоланган хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларнинг ҳал этилиш тартиби тўғрисидаги Битим МДҲ иштирокчи-давлатлари ваколатли судлари ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш мажбуриятини юклайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасига асосан халқаро ҳуқуқнинг умумий эътироф қилинган нормалари миллий қонун ҳужжатлари олдида устувор аҳамиятга эга. Шунга кўра, ушбу модданинг иккинчи қисмига асосан, агар Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган қоидалардан ўзгача қоидалар ўрнатилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. Шу тариқа, ички қонун ҳужжатлари нормаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари қоидалари устуворлиги ўрнатилган.

Масалан, ушбу Қонуннинг 10-моддасида қуйидагича белгиланган, “ҳакамлик суди низоларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари асосида ҳал этади”, аммо, агар Ўзбекистоннинг Швейцария билан халқаро шартномасида муайян савдо ишлари бўйича низолар Ўзбекистон ҳакамлик судларида Швейцария қонун ҳужжатлари бўйича кўрилади деб кўрсатилган бўлса, халқаро шартноманинг айнан ушбу қоидаси “Ҳакамлик судлари тўғрисидаги” Қонунга нисбатан кўпроқ юридик кучга эга бўлади ва кўрсатилган низолар Ўзбекистон ҳакамлик судлари томонидан Швейцария қонун ҳужжатлари асосида кўрилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли суд - Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида ёки Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган судловга тегишлиликка мувофиқ хўжалик суди ёки фуқаролик ишлари бўйича суд;


доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари - доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг низоми ва регламенти;


доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг низоми - ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс томонидан тасдиқланадиган локал ҳужжат бўлиб, у доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг ҳуқуқий мақомини, ташкил этилишини, фаолиятини тартибга солади, шунингдек унинг мазкур ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ҳамда бошқа юридик шахслар билан ўзаро муносабатларини белгилайди;


доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг регламенти - ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс томонидан тасдиқланадиган, ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини қамраб олган локал ҳужжат;


ҳакамлик битими - тарафларнинг низони ҳакамлик судига ҳал қилиш учун топшириш ҳақидаги келишуви;


ҳакамлик битими тарафлари - ҳакамлик битими тузган юридик ва жисмоний шахслар;


ҳакамлик муҳокамаси - низони ҳакамлик судида ҳал этиш жараёни;


ҳакамлик муҳокамаси тарафлари - ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳакамлик судига даъво тақдим этган юридик ва жисмоний шахслар (даъвогарлар), шунингдек ўзига нисбатан даъво тақдим этилган шахслар (жавобгарлар);


ҳакамлик муҳокамаси қоидалари - ҳакамлик судида низони ҳал этишни тартибга солувчи, ҳакамлик судига мурожаат қилиш, ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) қоидаларини ва ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомилини ўз ичига олувчи нормалар;


ҳакамлик суди (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ёки муваққат ҳакамлик суди) - фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этувчи нодавлат орган;


ҳакамлик судьяси - ҳакамлик судида низони ҳал этиш учун ҳакамлик битими тарафлари томонидан сайланган ёки белгиланган тартибда тайинланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.


Шарҳланаётган моддада энг муҳим қўлланиладиган тушунчаларга таърифлар берилади. Мазкур ҳолатда қонун чиқарувчи анъанавий бўлиб қолган ҳуқуқий-ижодий услуб - қонунда қўлланилган алоҳида терминларни (тушунчалар) тушунтиришдан фойдаланган. Келтирилган барча тушунчалар мажмуи “ҳакамлик жараёни” деб номлаш мумкин бўлган ҳуқуқий муносабатлар соҳасининг асосий тартиблари тизимини ташкил этади. Мазкур тизим ҳам ҳуқуқий характеристикасини тегишли ҳуқуқий муносабатлар субъектлари сифатида (ҳакамлик суди, ҳакамлик судьяси, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари, ваколатли суд), ҳам ушбу субъектлар фаолияти меъёрий манбалари (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг Қоидалари, ҳакамлик муҳокамаси Қоидалари) ҳамда ҳакамлик тартиб-таомилини юзага келтирувчи асос сифатидаги юридик фактларни (ҳакамлик битими) ва тартиб-таомилни ҳакамлик фаолиятини амалга ошириш шакли сифатида ифодалашни (ҳакамлик муҳокамаси) ўз қамровига олади.

Ушбу моддада ифодаланган кўпгина тушунчалар бошқа қонун ҳужжатларида ҳам худди шу маънода қўлланиши керак. Айни пайтда “ваколатли суд” тушунчаси терма, шартли тушунча бўлиб, суд ҳокимияти икки тармоғини англатиш (хўжалик суди ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди) ва фақатгина ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонунга тегишли ҳисобланади.

Аёнки, “ваколатли суд” тушунчаси, Қонун матнида айтиб ўтилмаган бўлсада, ушбу ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун мақсадларида қўлланиши учун шакллантирилган. Қонун маъносига кўра ваколатли суд тушунчаси фақатгина Ўзбекистон Республикасида одил судловни амалга оширувчи давлат судларига нисбатан қўлланилади. Бироқ, мазкур тушунча билан биринчи навбатда фақатгина энг қуйи судлов инстанциялари қамраб олинади (вилоятлар ва Тошкент шаҳри хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари). Келтирилган норманинг асл маънода ўқилиши мазкур тушунча маъносини Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик Суди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Суди, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Суди, вилоятлар умумий юрисдикцияси судлари, Тошкент шаҳри судига нисбатан қўллаш имкониятини бермайди.

Иккинчидан, мазкур тушунча ҳарбий судларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Судига нисбатан қўлланилмайди.

“Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди қоидалари” ваҲакамлик муҳокамаси қоидалари” тушунчалари асосий манбалар ва ҳакамлик судида низони ҳал қилиш тартиб-таомилини тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларини белгилайди.

Умуман олганда эса, манбалар (“қоидалар”) икки турда бўлиши мумкин: маҳаллий турдаги, яъни ташкилотнинг ўзи томонидан у ташкил этган орган фаолиятини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган ҳужжатлар (масалан, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди томонидан қўлланувчи, меъёрий характерга эга бўлмаган низомлар, регламентлар) ва ҳуқуқий манбалар - масалан, ҳакамлик муҳокама тартиб-таомилини тартибга солувчи қонунлар. Бу икки тур манбалар терминологик тарзда ҳакамлик муҳокамаси Қоидаларига бирлашадилар - доимий фаолият қилувчи ҳакамлик суди Қоидалари тарафлар битимлари ва ҳакамлик суди фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлардир.

Ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс қабул қиладиган ва тасдиқланадиган Низом - маълум бир ҳакамлик суди фаолиятининг асосий қоидаларини белгиланадиган ички, маҳаллий локал ҳужжатдир. Низом ҳакамлик судига мурожаат қилиш тартибини, ҳакамлик битими тузиш ва ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тартиб-таомилини белгилайди. Низом одатда ҳакамлик суди Раисини тайинлаш тартиб ва муддатлари, харажатларни тақсимлаш ва ҳакамлик суди ва уни ташкил этган юридик шахс ўртасидаги ўзаро муносабатларни белгилайди.

Амалиётда юқорида белгиланган ўзаро муносабатларнинг турли вариантлари бўлиши мумкин, уларни ҳакамлик суди тўғрисидаги Низомда мустаҳкамлаш эҳтиёжини келтириб чиқаради.

Биринчи вариант - ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ва ҳакамлик суди ўртасида шартнома тузилиб, унда тарафлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайд этилганда (масалан, юридик шахс ўз зиммасига ҳакамлик судини бино (офис), компьютер, мебель, қоровул ва бошқалар билан таъминлаш мажбуриятини олади, ҳакамлик суди эса юридик шахс ҳисобварағига ҳакамлик суди ҳисобварағига иш кўриш учун ҳакамлик тўловлари сифатида тушган пул маблағларининг 40 фоизини ўтказиш мажбуриятини олади). Мазкур 40% пул маблағлари юридик шахснинг мулки ҳисобланмайди ва фақатгина ҳакамлик суди фаолиятини таъминлаш учун сарф қилиниши керак (Ўзбекистонда биринчи вариант мақбулроқ).

Иккинчи вариант - биринчи вариантдаги каби шартнома тузилади, лекин пул маблағлари (ҳакамлик тушумлари ва бошқалар) бевосита юридик шахс ҳисобварағига тушади, у эса ўз ҳисобларига кўра ҳакамлик суди ҳисобварағига керакли маблағларни ўтказади (судьялар гонорарлари, командировкалар ва ҳ.к.). Фоиз нисбатида бу низоларни кўриб чиқиш учун ҳакамлик тушумлари ва бошқа тушумларнинг 20-30% ёки кўпроғини ташкил этиши мумкин (Россия Федерациясида кенг тарқалган).

Пул маблағларини тақсимлаш кўпинча низоларга сабаб бўлади, улар одатда ҳакамлик суди Раисини ишдан бўшатиш билан тугалланади. Низоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳакамлик суди ҳуқуқий ҳолати ва унинг ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс билан ўзаро муносабатлари Низомда қайд этилиши керак ёки ҳакамлик суди ва уни ташкил этган юридик шахс ўртасидаги битимда батафсил қайд этилиши керак. Айтиб ўтилган битим ҳакамлик суди тарафидан суд Раиси томонидан имзоланади, у билан қўшимча сифатида меҳнат шартномаси ҳам тузилади, шартнома унга судни ташкил этган юридик шахс билан низо келиб чиқиб оқибатда юридик шахс ҳакамлик суди Раисини ишдан бўшатган ҳолда, унга туманлараро фуқаролик судига ишга қайта тиклаш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат этиш имконини беради.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг регламенти - доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари тизимига кирувчи асосий ички ҳужжатдир. Ҳакамлик тартиб-таомилини ташкил этиш учун белгиловчи аҳамиятга эга, чунки у ҳакамлик суди ва тарафлар учун мажбурий процессуал қоидалар ҳисобланади. Регламент қоидаларининг мажбурийлиги тарафлар томонидан ҳакамлик битимини тузишда уларнинг битим қоидаларига бўйсуниши билан шартланади. Шунинг учун ҳакамлик битимини тузишдан аввал, тарафлар улар ҳакамлик судида ҳакамлик муҳокамасига хос жиҳатларини билмасликлари ҳақида афсус чекмасликлари учун ўзлари танлаган ҳакамлик суди регламенти билан диққат билан танишиб чиқишлари керак.

Одатда Регламент тўлиқ ҳакамлик барча тартиб-таомилларга эга ва тартиб-таомилини таъминлаш учун зарурий процессуал тартибларни белгилайди. Ҳакамлик муҳокамаси учун Регламент маъносини ўхшашлик бўйича давлат судлари томонидан фуқаролар-ҳуқуқий низоларини кўришидаги Хўжалик процессуал ёки Фуқаролик процессуал кодекси билан таққосласа бўлади.

Регламент ҳакамлик суди ваколатини ўрнатувчи қоидалар, ҳакамлик судини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалаларига; ҳакамлик судлов иши тамойиллари ва ҳакамлик судида ишни кўриш процессуал тартибига эга бўлиши керак. Регламентда, ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонунга асосан, иш бўйича муҳокамани кечиктириш ва тўхтатиш тартиби ҳамда суд томонидан ҳал қилув қарорини қабул қилиш ва ҳакамлик суди ҳал қилувчи қарорини ижро этиш тартиблари белгиланади.

Регламент меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди, лекин тарафлар томонидан ҳакамлик битимини имзоланиши унга риоя этишга мажбур қилади, ҳакамлик суди учун эса - суд ишида судья бўлишга розилиги ва ҳакамлик суди (шу жумладан Регламентдан) Қоидаларидан фойдаланишга кўра, ҳамда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларига ва тарафлар битимига риоя этиш мажбурийлиги ушбу Қонун (25-модда) қоидаларидан келиб чиқади.

Регламент қоидалари шак-шубҳасиз ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун қоидаларига мос келиши керак, унинг Қонунга қўшимча қоидалари эса Қонун (25-модда) томонидан кўзда тутилган меъёрларида йўл қўйилади, масалан, Қонунда суд ишини тўхтатиш ёки кечиктириш ҳолатлари ўрнатилмайди, бу Ўзбекистон Республикаси процессуал қонун ҳужжатлари умумий қоидаларидан келиб чиқиб Регламентда қайд этилиши керак.

Ҳакамлик битими” тушунчаси Қонунда жуда қисқа берилган. У тарафларнинг низони ҳал этиш учун ҳакамлик судига топшириш битими эканлигини англатади.

Ҳакамлик битими ҳакамлик ишлаб чиқариши асосидир. Ҳакамлик битимисиз ҳакамлик (арбитраж) муҳокамаси бошлана олмайди. Шу тариқа ҳакамлик муҳокамаси ҳакамлик жараёнининг бошланғич нуқтасидир, ҳакамлик суди муҳокамасининг тарафлари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқишининг дастлабки шартларидир.

Қонун ҳужжатлари (Қонуннинг 12-моддаси), ҳакамлик муҳокамаси амалиёти ва назарияси икки турдаги ҳакамлик муҳокамасига ажратади - ҳакамлик (арбитраж) шартномаси ва ҳакамлик (арбитраж) шартидир. (Изоҳ: мазкур шарҳлар учун “ҳакамлик” ва “арбитраж” тушунчалари синонимдирлар).

Ҳакамлик шартномаси деганда, манфаатдор шахслар ўртасидаги мустақил битим (алоҳида ҳужжат, шартнома) тушунилади, унинг асосида мана шу шахслар томонидан тузилган қандайдир моддий-ҳуқуқий шартноманинг бажарилиши ёки изоҳ этилиши билан боғлиқ тарзда келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг ҳакамлик муҳокамаси ҳақида келишадилар.

Ҳакамлик (арбитраж) шарти - тарафлар моддий-ҳуқуқий муносабатларини тартибга солувчи асосий шартнома матнига киритилган, мазкур шартнома билан боғлиқ тарзда келиб чиқиши мумкин бўлган ҳакамлик муҳокамаси ҳақидаги шартдир.

Шуни таъкидлаш жоизки, келтирилган ҳакамлик битимлари таснифи принципиал юридик аҳамиятга эга эмас, чунки юқорида кўрсатилган барча битимлар тури қонуний, яъни қонун чиқарувчи томонидан рухсат этилган ҳамда бир хил ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Шу тариқа, ҳакамлик тартиб-таомили нуқтаи назаридан ҳакамлик битими қандай шаклда тузилганлиги ҳолати аҳамият касб этмайди.

Қонунда ҳакамлик битимининг алоҳида мустақил шартнома сифатида тан олиниши (3-модда) тижорат шартномасига унинг таркибий қисми сифатида киритилувчи тарафлар бажариши мажбур бўлган шартнома мақомини беради (24-модда).

Қонуннинг 24-моддасининг 1-қисмига асосан тарафлар бажаришга мажбур, ҳакамлик шарти шартноманинг бошқа шартларидан, яъни моддий-ҳуқуқий турдаги шартларидан мустақил деб тан олинади. Бу низом дастлабки шартноманинг ҳақиқий деб топилиши мумкинлиги билан боғлиқ ҳолда амалий аҳамиятга эга: бундай битимнинг ҳақиқий ҳисобланмаслиги ўзича ҳакамлик шартининг бекор бўлишини келтириб чиқармайди. Худди шунга ўхшаб, ҳакамлик битимининг ҳақиқий саналмаслиги асосий шартноманинг ҳақиқий саналмаслигини келтириб чиқармайди. Шу тариқа, тарафлар ўртасида битимнинг ҳақиқий саналмаслиги шартнома (ҳакамлик шартига эга) юзасидан низо келиб чиқса ҳам уни ҳакамлик суди ҳал этиши керак.

3-моддада келтирилган тарафлар учун мажбурий бўлган ҳакамлик шарти тушунчаси чеклангандир. У энг умумий характерга эга. Бу тушунчанинг батафсил маъноси нормалари ҳакамлик битими сифатида нима кўрилиши мумкин эканлигини кенгроқ аниқловчи Қонуннинг 12-13-моддаларида берилган. Қонуннинг 3-моддасида кўрсатилган тарафлар учун мажбурий бўлган ҳакамлик шартини аниқлашда ҳакамлик муҳокамасининг бошланғич нуқтаси сифатидаги ҳакамлик битими низони ҳакамлик судида кўриб чиқишга топшириш хоҳишига асосан тарафларнинг ихтиёрий тарзда ўз эркини билдиришига асосланиш аспекти муҳим аҳамиятга эга.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари” тушунчаси ҳакамлик муҳокамасида низолашувчи сифатида иштирок этиши мумкин бўлган субъектлар доирасини белгилайди. Ҳакамлик судлари тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари ҳакамлик муҳокамасида турли субъектларнинг иштирок этишини аниқ белгиловчи нормаларни бирлаштиради. Аввал амалда бўлган қонун ҳужжатлари фуқаролар ва юридик шахслар ҳақидаги нормалар ва уларнинг ҳакамлик муҳокамасида иштирок этиши тартибини турли меъёрий ҳужжатлар бўйича белгилар эди. Шунга кўра хўжалик низоларини ҳал этиш учун ҳакамлик суди тўғрисидаги Низом (СССР Госарбитраж томонидан тасдиқланган 30.XII.1975 й.) юридик шахслар ўртасидаги ҳакамлик муҳокамаларини белгилар эди, айни пайтда ҳакамлик суди жараёнида фуқароларнинг иштирок этиши ҳакамлик суди тўғрисидаги Низом билан тартибга солинган (ЎзР Фуқаролик процессуал кодексига 3-сонли Илова 1964 й.). “Ҳакамлик судлари тўғрисидаги” Қонун қабул қилиниши билан кўрсатилган ҳужжатлар ўз кучини йўқотди.

Ҳакамлик муҳокамасида иштирок этувчи субъектлар сифатида низо келтириб чиқарган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ шахслар иштирок этадилар. Жараён даъво хусусиятига эга бўлганлиги сабабли, ҳакамлик судига даъво аризасини берган тараф даъвогар, бундай талаб қилинган тараф эса жавобгар деб аталади.

Шуни таъкидлаш керакки, давлат судларида низони муҳокама этиш тартибларини белгилайдиган процессуал қонун ҳужжатлари фуқаролик (хўжалик) судларида суд иштирокчиларининг кенгроқ доирасини ўрнатади. Шу тарзда фуқаролик (хўжалик) суди ишида хўжалик ёки фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида қайд этилган ҳолларда тарафлардан ташқари арз қилувчи ва манфаатдор шахслар, учинчи шахслар, прокурор, давлат органлари, фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органлари ва бошқа органлар иштирок этишлари мумкин. Бундан ташқари, фуқаролик (хўжалик) суд ишида иштирок этувчиларга эксперт, гувоҳ, таржимон киради. Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун тарафлардан ташқари бошқа суд ишида иштирок этувчи шахсларни қайд этмайди. Шуниси равшанки, ҳакамлик муҳокамаси моҳияти ва характеридан келиб чиққан ҳолда унда прокурор, давлат органлари, фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органлари иштирок этишлари мумкин эмас. Шу билан бирга, ҳакамлик суд ишида “манфаатдор шахслар” ва “арз қилувчи” иштирок этиши мумкин эмас, чунки қайд этилган процессуал шахслар специфик суд ишлари иштирокчиларига киради - махсус ишлаб чиқариш ишлари ва қарзни тўлашга қурби етмаслик (банкротлик) тўғрисидаги ишлари, яъни ҳакамлик суди ваколатига кирмайдиган судлов ишлари ҳисобланади.

Учинчи шахсларнинг ҳакамлик муҳокамасининг иштирокчилари бўлиши мумкинлиги тўғрисида савол туғилади. Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун “учинчи шахс” ҳақида ҳеч нарсани қайд этмайди. Айни пайтда низони муҳокама этишда суд ишида иштирок этмаётган, аммо тарафлар билан кўрилаётган иш юзасидан моддий ҳуқуқий муносабатларга биноан алоқадор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир кўрсатилиши мумкин бўлган ҳолатлар юзага келиши мумкин (масалан, бир нечта шахслар томонидан тузилган битта шартнома борасида ҳакамлик судида низо муҳокамаси олиб борилганда ёки умумий мулкка оид низолар ҳолатида ва бошқалар). Ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомилини бошқарувчи нормалар ҳакамлик суди томонидан кўрилаётган суд ишига учунчи шахсларнинг киритилиши тартиб-таомилини аниқ белгиламайди. Бундан ташқари, Қонун бундай имконият ҳақида ҳам қайд этмайди. Шу сабабли мазкур масала доимий амалдаги ҳакамлик судлари Регламентида тартибга солинади. Суд муҳокамасига учинчи шахсни жалб этиш учун тарафлар розилиги ҳамда жалб қилинувчи шахс розилиги зарур деб фараз қиламиз.

Айни пайтда суд ишига учинчи шахсларнинг уларнинг розилигисиз иштирок этишга жалб этилиши имконияти ҳақидаги савол қонунийдир. Ҳакамлик суд ишига учинчи шахсларнинг уларнинг розилигисиз жалб этилиши нуқтаи назаридан аҳамиятга молик. Айрим ҳолларда учинчи шахслар тарафларнинг розилигисиз ҳакамлик суди томонидан кўрилаётган суд ишида иштирок этишга жалб қилинишлари мумкин. Шу тарзда мажбуриятлари бўйича солидар жавобгар ҳисобланган қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари (ФК 63-м., 1-қ.) жамият томонидан тузилган ҳакамлик битими асосида ҳакамлик суди юрисдикциясига киради. ФК 60-моддасининг 1-қисмига асосан “тўлиқ ширкат” иштирокчилари ширкат номидан тадбиркорлик билан шуғулланадилар ва унга тегишли барча мулк билан унинг мажбуриятлари бўйича жавоб берадилар. Шунинг учун уларни ўз розиликларисиз ҳакамлик судига тарафлар сифатида жалб қилиш мумкин.

Айни пайтда, расмий нуқтаи назардан учинчи шахсларни ҳакамлик муҳокамасига ўз розилигисиз жалб этишга тўсиқ - бундай қоидани амалга оширишнинг мажбурий механизми йўқлигидир. Шу сабабли учинчи шахсларга уларнинг иштирок этмасликлари ҳакамлик суди қарори билан боғлиқ ҳолда улар учун моддий зарар етказиши мумкинлигини тушунтириш керак.

Ҳакамлик муҳокамаси термини ҳакамлик судида тарафлар ўртасида низони ҳал этиш жараёнини, ҳамда ҳал этилган низо натижаларига кўра ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилиш тартиб-таомилини англатади. Шуни таъкидлаш керакки, ҳакамлик суди томонидан низони ҳал этиш ва ҳал қилув қарори қабул қилиш тартиб-таомили давлат судидаги бундай тартиб-таомилга қараганда (фуқаролик суди иши, хўжалик суди иши) демократикроқ ва камроқ расмиятчилик ҳисобланади. Ҳакамлик суди жараёнининг фуқаролик (хўжалик) суди жараёнидан процессуал фарқи шундаки, ҳакамлик муҳокамаси тарафларида суднинг шахсий Регламентига асосан маълум даражада муҳокамани ўтказиш қоидаларини ўрнатиш имкониялари бор (судьяни танлаш, тарафлар иштирокисиз суд ишини кўриш ва уни ҳал этиш ҳуқуқлари ва бошқалар). Яна шуни таъкидлаш керакки, ҳакамлик муҳокамасида мажбур қилишдан фойдаланиш имкони йўқ, чунки ҳакамлик суди давлат судлари каби ҳуқуқларга эга эмас. Шу тариқа ҳакамлик суди гувоҳларни гувоҳлик бериш учун мажбурлаш, эксперт ташкилотлар экспертиза ўтказишдан бош тортсалар уларни эксперт хулоса беришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

Ҳакамлик суди” тушунчаси ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонуннинг бешинчи боби нормаларида кенгроқ берилган (24-37-моддалар).

Ҳакамлик суди” тушунчаси улар мавжуд бўлган икки асосий институционал турлар орқали очилади - “доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди” ва адабиётларда баъзан “бир марталик ҳакамлик суди” деб номланувчи тарафлар томонидан айнан аниқ бир низони ҳал этиш учун ташкил этилган “муваққат ҳакамлик суди” (ёки "ad hoc" ҳакамлик суди - лотинча “мазкур ҳолат учун”).

Қонун чиқарувчи томонидан танланган “ҳакамлик суди” тушунчасини аниқлаш усули етарли эмасдек кўринади, чунки биринчидан, ҳакамлик судига умумий ифода бермайди, иккинчидан, унинг ҳуқуқий маъносини аниқламайди, учинчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларини халқаро ва чет эл ҳакамлик судларидан фарқламайди ва тўртинчидан, ҳакамлик судларини “хусусий судлар” сифатида давлат судларидан ажратмайди.

Айни пайтда, шуни айтиш керакки, мазкур тушунчани ифодалашда қонун чиқарувчи халқаро савдо арбитражи ҳақидаги ЮНСИТРАЛ Намунавий қонуни низомларида келтирилган йўл орқали борган. Айнан шунда “ҳакамлик суди” мазкур юридик институтнинг маъносини ифодаламасдан унинг икки тури шаклида ифодаланади.

Ҳакамлик суди ҳуқуқий мақоми ва ҳуқуқий маъносини аниқлаш бизнинг фикрга кўра мумкин эмас, чунки ҳакамлик суди юридик шахс эмас, ҳаттоки юридик шахс филиали ҳам эмас ва кўпроқ институционал тизим эмас балки шартли ташкилот, фикциядир, аммо ҳуқуқий асосга эга ва ҳакамлик муҳокамаси жараёни ва унинг қарорини ижро этишда фойдаланилади. Аммо Ўзбекистон Республикаси суд тизимида ҳакамлик суди ўрнини аниқлаш каби маҳаллий судларни халқаро ва чет эл арбитражлардан чегаралаш зарур эди. Биз ҳакамлик судини амалий масалаларни ҳал этиш, тижорат низоларини ҳал этиш учун институаллаштирилган алоҳида ижтимоий ҳодиса деб биламиз. Бу давлат судлари тизимидаги суд структураси эмас, балки унга параллел ва иштирокчилар ихтиёрий битими ва хусусий-ҳуқуқий муносабатларга асосланганлиги учун давлат рўйхатидан ўтишга муҳтож бўлмаган худди шундай ижтимоий аҳамиятга эга нодавлат нотижорат мустақил бизнес ва фуқаролар ташкилотидир. Ҳакамлик суди ноёблиги ва ўзига хослиги шундаки, унинг қарорлари давлат кучи ва обрўси томонидан ҳакамлик судига судлов ҳукумати аҳамиятини берувчи давлат судлари томонидан ижро варақаларини бериш орқали таъминланади.

Ҳакамлик судьяси тушунчасида ҳакамлик муҳокамасини амалга оширувчи шахс ҳақида умумий тушунча берилади. Мазкур тушунча ҳакамлик судьяси мақомидаги энг муҳим нарсани - фақатгина ҳакамлик муҳокамаси қоидаларига кўра уни низони кўриб чиқиш учун тарафлар ихтиёри билан танлаш асосида унга ваколат беришини кўрсатади. Бунда ваколат бериш икки усул орқали - ҳакамлик судьяларининг бевосита тарафлар томонидан сайланиши ёки тарафлар томонидан келишилган ёки мазкур Қонун орқали ўрнатилган тартибга кўра (15-модда) амалга оширилади. Бу ўз низоларини ҳакамлик судида ҳад этишга топширувчи шахсларнинг хоҳиш билдириши эркинлигини акс этувчи ҳакамлик суд иши учун ўта муҳим, принципиал ҳолатдир. Айнан низолашувчи тарафларнинг ўзлари томонидан ҳакамлик судьяларини тайинлаш имкони ҳакамлик муҳокамасини профессионал судьялар томонидан амалга оширувчи давлат судлов тизимидан фарқловчи асосий хусусиятидир. Мутахассислар фикрича, тарафларнинг процессуал ихтиёрий эркинлиги низони ҳакамлик суди орқали ҳал этишдаги асосий жараён принципидир. Бу ихтиёрий эркинлик, хусусан, ҳакамлик судьяларини сайлаш тартиб-таомилини аниқлаш эркинлигида ҳам кўринади.

Ҳакамлик судьяси жисмоний шахс бўлади. Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонунда ҳакамлик судьялари фуқаролиги ва ёшига нисбатан чекловлар мавжуд. 25 ёшдан ёш бўлмаган фақатгина Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон ҳудудида ҳакамлик муҳокамасини амалга оширувчи ҳакамлик судьялари бўлиши мумкин.

Мазкур норма энг умумий характерга эга. Ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар эса ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонуннинг 14-моддасида аниқ берилган.



4-модда. Ҳакамлик судлари

фаолиятининг асосий принциплари


Ҳакамлик судларининг фаолияти қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги, диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.


Ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари шарҳланаётган моддада берилган, бироқ биз фуқаролик (хўжалик) суд ишининг бошқа умумий принциплари ҳам ҳакамлик муҳокамасига ўз таъсирини кўрсатиши ҳақида гапиришимиз мумкин. Ҳакамлик муҳокамаси тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи усулларнинг энг амалий усулларидан биридир, чунки унинг принциплари тадбиркорлик фаолияти табиати учун максимал тарзда жавоб беради. Ҳакамлик судлари фаолияти асосига тарафларнинг низони аслига кўра ўзлари танлаган органга ихтиёрийлик ва ишончлилик принциплари қўйилган.

Ҳакамлик суди асосий фаолияти сифатидаги ҳакамлик муҳокамаси қонунийлик, ҳакамлик судлари мустақиллиги ва холислиги, диспотизивлик, тарафлар тортишуви ва тенг ҳуқуқлиги асосида амалга оширилиши керак.

Ҳакамлик суди фаолияти амалиётида ҳакамлик муҳокамаси принциплари ҳақидаги саволлар авваламбор низоларни кўриб чиқиш жараёнида ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини бузиш фактлари мавжудлигини аниқлаш учун келиб чиқади. Ҳакамлик суди тегишли тарзда ЎзР ФПК ва ЎзР ХПК да ўрнатилган процессуал нормаларга таяниш ҳуқуқига эгалиги шубҳасиз. Аммо бу ҳакамлик судининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир, чунки унинг Қоидалари (Қонуннинг 25-моддасига асосан) тарафлар ҳакамлик муҳокамасини мустақил ҳолда аниқлаш ҳуқуқига эгаликларини ўрнатади. Шунга қарамасдан, қонунийлик принципи амалдаги қонун ҳужжатлари ва умумий қабул қилинган амал қилиш асосларидан келиб чиққан ҳолда ҳакамлик судларини суд ишининг умумий принципларига риоя қилишга мажбур этади. Шу тариқа ҳакамлик муҳокамасида судьялар мустақиллиги принципи умумий юрисдикция судларидагига қараганда муҳимроқдир, чунки тарафлар ўзлари судьяларни танлайдилар ва аниқки улар танланган судья камида унинг низодаги ўрнини тушуниши ва қўллаб-қувватлашидан манфаатдор. Мустақиллик принципи бу ерда судьянинг шахсий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Уни судья этиб сайлаган шахсга нисбатан холис ва мустақил бўла оладими, бунга заррача шубҳа бўлганида ўз номзодини ўзи рад қила оладими. Баъзи принциплар махсус меъёрий ҳужжатларда қайд этилмаган, шунга қарамасдан ҳакамлик судьялари томонидан қўлланилиши шарт, чунки умуммажбурий ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқади. Масалан, қонун ва суд олдида тенглик принципи конституцион асослардан келиб чиқади. Бунга зид тарзда ҳакамлик муҳокамаси ошкоралиги каби принципларига риоя этиш масалаларини ҳакамлик судлари бундай шартларни ўзларининг аниқ белгиловчи ҳужжатларида қайд этган тарзда мустақил тарзда ҳал этишлари мумкин, чунки низони кўриб чиқиш тартиб-таомили тарафларнинг ўзлари ёки ҳакамлик судлари томонидан тартибга солинади. Ошкор қилинмасликни ҳакамлик муҳокамасининг принципи деб тан олиниши тарафларга уларнинг низолари кўрилиши очиқ ёки ёпиқ тарзда бўлишини мустақил аниқлаш ҳуқуқини қайд этади.

Тарафлар битимига кўра низони очиқ муҳокама этиш кўзда тутилган ҳоллардан мустасно ҳолатларда низоларни муҳокама этиш ёпиқ мажлисларда амалга оширилиши ҳақидаги шартни ҳакамлик суди Регламентига киритишга йўл қўйилган. Бу қоиданинг амалга киритилиши суд муҳокамасининг ошкоралиги умумфуқаровий принципига зид бўлишига қарамасдан, ҳакамлик судлари ҳакамлик судлов ишлари учун мустақил принциплар ва қоидаларни киритишлари мумкин.

Ҳакамлик муҳокамаси ҳақидаги маҳлумотларнинг ошкор этилиши фақатгина тарафлар розилиги билан рўй бериши мумкин. Ҳакамлик суди ҳеч бир тарафдан исбот излаш ёки талаб қилишга аралашмайди, чунки бу умумий қабул қилинган тарафлар тортишуви принципини бузишни англатар эди.

Бутун дунёда сиёсат ва иқтисод соҳаларида глобал ўзгаришлар бошланиши билан тобора тарихий анъана ва умумий тан олинган ҳуқуқий стандартларга қайтиш бошланди, бунинг натижасида низоли ҳуқуқий муносабатларни шахсий ҳуқуқ принциплари асосида тартибга солиш имкони яратилди. Бунинг намоён бўлиши ифодаларидан бири суд ишида диспозитивлик принципига амал қилиниши бўлди.

Бу принцип субъектларнинг ҳуқуқий муносабатлар таркиби, уларнинг судлов ҳимояси усули ва воситалари ўзлари томонидан аниқлаш эркида намоён бўлади. Бироқ мазкур принцип хусусий ҳуқуқий автономия чегараларидан ташқарига чиқа олмайди, шунинг учун тарафларнинг суд ишида ўзларини эркин тутиш ҳуқуқи қатъий аниқланган чегаралар билан белгиланган. Ҳар бир тараф суд ишида фақатгина бу орқали бошқа шахслар ҳуқуқи бузилмаган ҳолдагина бирон-бир ўз ҳуқуқини амалга ошириши мумкин. Ҳакамлик суди ишида диспозитивлик принципининг ўзига хослиги тарафларга ўзларига ҳуқуқ ва мажбуриятлар бериши ва уларга ўз ихтиёрига кўра бошқариш, ҳимоя усулини аниқлаш, ҳуқуқий муносабатлар келиб чиқиши вақти, уларнинг ўзгариши ва тугатилишини белгилаш ва бошқалар бўйича чексиз имкониятларни беришдир. Ҳакамлик суд ишида диспозитивлик принципи ҳуқуқ борасида низо келиб чиқишигача намоён бўлади. Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар тарафлари шартнома тузишда унинг матнига ҳакамлик шартини киритганларида, шу пайтда диспозитивлик принципига асосан улар ўзлари ораларида келиб чиқувчи низоларни кўриб чиқиш учун аниқ ҳакамлик судини танлайдилар. Даъво аризасини топшириш жараёнида даъвогар аниқ жавобгарлар, даъво талаблари предмети ва исботларини аниқлаш, даъвони таъминлаш ҳақида илтимоснома бериши ҳуқуқига эга. Ҳакамлик суди ўз ташаббусига кўра тарафлар талаблари чегараларидан ташқарига чиқиш ҳуқуқига эга эмас ва бу босқичда диспозитивлик принципининг ҳакамлик суд ишида амалга ошиши унинг фуқаролик суд ишида намоён бўлиши билан бир хил. Фарқи шундаки, ҳакамлик судига мурожаат қилишда тарафлар диспозитивлик принципини тўла тарзда амалга оширган ҳолда ҳакамлик суди таркибини шакллантиришда ўз ҳуқуқларини амалга оширадилар. Бунда тарафлар ҳакамлик судьялари номзодини ушбу суд ҳакамлик судьялари рўйхатидан танлайдилар ҳамда ҳакамлик суди Раисига ҳакамлик судяларини тайинлаш ҳуқуқини беришлари мумкин. Ҳакамлик суди таркибининг шаклланишида бу принципнинг намоён бўлишида ижобий омил мавжуд, чунки судьяларни мустақил тарзда танлашда тарафлар уларга тўла ишонч билдирадилар ва натижада улар чиқарган қарорни ижро этишга олдиндан розилик билдирадилар.

Ҳакамлик суд иши диспозитивлик принципи туфайли ҳакамлик судлари қарорларини мажбурий ижро этиш тартиб-таомили жуда кам учрайдиган ҳолатдир.

Суд ишининг бошқа асосий принципи - тортишувлик принципи айнан ҳакамлик суд ишида ёрқин намоён бўлади. Давлат судидан фарқли тарзда, ҳакамлик суди исбот тўплашда иштирок этиш ёки давлат манфаатларини ҳимоя этиш ҳуқуқига эга эмас ва иштирок этишга мажбур эмас. Тортишувлик тамоили тарафлар ҳар бири ўз исботларини низодаги ўз ўрнини асослаш учун тақдим этишида кўринади. Ўз фойдасига кўпроқ ва яхшироқ асосланган далилларни тақдим этган тараф ишни ўз фойдасига ҳал қилишга эришади. Яни далиллаш вазифаси тарафларга тегишли, суд эса бетараф ва объектив.



5-модда. Ҳакамлик судларини ташкил этиш


Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият кўрсатувчи ва муваққат ҳакамлик судлари ташкил этилиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳакамлик судларини ташкил этиши ҳамда ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмас.

Ҳакамлик судлари юридик шахс бўлмайди.


Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида олдинги моддада (3-модда) берилган ва “ҳакамлик суди” тушунчасини аниқловчи таъриф деярли қайтарилади. Ўзбекистонда муайян низоларни ҳал этиш учун доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ва муваққат ҳакамлик судларини ташкил этиш имкони кўзда тутилганлиги ҳақида сўз юритилади. Бироқ, фикримизча, олдинги моддадан фарқли равишда айнан мазкур моддада юридик техника ва меъёрий материални жойлаштиришни оптималлаштириш нуқтаи назаридан ҳакамлик судларида ҳакамлик муҳокамасини амага ошириши мумкин бўлган турларини очиб бериш мақсадга мувофиқ булади.

Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонунда Ўзбекистонда мавжуд бўлиши мумкин бўлган ҳакамлик судларининг фақатгина икки шакли келтирилган. Ҳолбуки, халқаро савдо арбитраж амалиётига ҳакамлик муҳокамасининг яна бир шакли мавжудлиги маълум - яни идоравий деб аталувчи ҳакамлик (арбитраж) судлари. Улар фаолиятининг моҳияти шундаки, баъзи тижорат ташкилотлари ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари муваққат ҳакамлик суди “ad hoc” фаолиятини маъмурий бошқарадилар (яъни, тарафлар низони кўриш учун суд ёки судьяларни “танлаб берадилар”). Ҳакамлик жараёнини ташкил этишда ёрдам кўрсатишдаги ўз хизматлари учун улар махсус регламентларда белгиланган шартлар бўйича воситачилик ҳақларини оладилар. Шу тариқа, ҳакамлик суд ишининг кўрсатилган мазкур шакли доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ва муваққат ҳакамлик судлари ўртасидаги оралиқ шаклидир. Муваққат ҳакамлик суди учун “тайинловчи орган” маъмурияти хизматлари алоҳида, йирик ҳакамлик судлари амалий фаолиятида ҳам рухсат этилиши мумкин.

Иккинчи қисмида доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини таъсис этувчи сифатида иштирок этувчи субъектлар курсатилмаган, аниқланмаган. Умумий қоидага асосан, бундай таъсис этувчи сифатида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига асосан тузилган ҳар қандай юридик шахс, юридик шахслар бирлашмаси (ассоциация, иттифоқи) бўлиши мумкин. Модда мазмунига кўра, Ўзбекистон ҳудудида жисмоний шахслар, ҳамда чет эл ташкилотлари, яъни чет эл қонун ҳужжатлари асосида тузилган юридик шахслар ҳакамлик суди таъсисчилари бўла олмайдилар. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳакамлик суди тузишга ҳуқуқлари йўқ. Бундай чеклов мақсадга мувофиқдир, чунки агар ҳакамлик суди давлат органи қошида тузилса, давлат, унинг қошида тузилган давлат органи манфаатларини ҳимоя қилиш зарурияти туфайли объектив ва мустақил бўла олмайди. Давлат органларига ҳакамлик битими тарафи сифатида иштирок этиш ҳам ман этилган, бу эса мутлақо тўғри, чунки ҳокимият ва бошқарув ваколатларига эга давлат органи судьяларга таъсир кўрсатишнинг катта имкониятига эга ёки ҳакамлик суди қарори орқали давлат мулкига оид назоратсиз шубҳали битимлар тузиш ва уларни қонунийлаштириш имкониятига эга.

5-модданинг 3-қисми ҳакамлик суди юридик шахс бўлмаслигини белгилайди. Шу борада ҳакамлик судининг ҳуқуқий субъектлилиги аниқланмай қолади, натижада унинг фуқаролик муомаласида иштирок этиши имкони, фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва фуқаролик мажбуриятларини бажариш, фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятлари олдида жавобгарлиги аниқ эмас. Юридик шахс бўла турмай ҳакамлик суди унинг баъзи хусусиятларига эга, яъни банкда ҳисобварағига, муҳр ва ҳ.к.ларга эга бўлиш ҳуқуқи. Мавжуд ҳакамлик суди судда даъвогар ёки жавобгар бўлиш ҳуқуқи йўқ, у мустакил балансга эга эмас. Ҳуқуқий мақомига кўра ҳакамлик суди юридик шахснинг филиалига кўпроқ яқин, лекин унинг мавқе ва мақоми специфик ва алоҳида мақсад ва вазифалари билан фарқланади, муҳими ҳакамлик суди ишни муҳокама этишда ва ҳал қилув қарори қабул қилишда уни ташкил этган юридик шахсдан мутлақо мустақил. Бу мустақиллик биринчи навбатда ҳакамлик суди судьялари юридик шахсга боғлиқ бўлмаган тарафлар томонидан сайланиши билан таъминланади.

Айни пайтда шуни таъкидлаш муҳимки, қонун чиқарувчининг тегишли кўрсатмалари йўқлигига қарамасдан, ҳакамлик судлари фаолияти тижорат фаолияти сифатида кўрилиши мумкин эмас. Бу айниқса солиқ солиш мақсадлари учун муҳим. Солиқ органлари амалиётида ҳакамлик судлари фаолиятини фойда кўриш учун хизмат кўрсатиш фаолияти сифатида кўриш ҳаракатлари рўй берган. Бунда солиқ органлари фойда кўриш учун тадбиркорлик фаолиятига хизмат кўрсатиш деб ҳисоблаб мулкий низоларини кўриб чиқиш учун олинадиган фойдага солиқ солиниши ва тўловлардан қўшимча қиймат солиғи олиниши керак деган фикрдан келиб чиққанлар. Бироқ Германия, Франция, Қозоғистон, Россия ва бошқа мамлакатлар суд-арбитраж тажрибаси ҳамда бу мамлакатлар солиқ органлари қонун ҳужжатлари ва тажрибаси кўрсатишича, улар ҳакамлик судлари фаолияти юритилишига бундай муносабатни тўғри татбиқ қилмадилар. Хусусан, бундай тоифадаги низолар бўйича суд қарорларида ҳакамлик судида низоларни муҳокама этишни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-бобида тушунча берилган тижорат фаолиятига, шу жумладан, фойда кўриш мақсадида хизмат кўрсатишга ҳам киритиш мумкин эмас деб кўрсатилган. Ҳакамлик судига (ёки ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахсга) ҳакамлик тўловлари сифатида келиб тушувчи пул маблағларига солиқ солиниши мумкин эмас.



6-модда. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди


Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди юридик шахс томонидан ташкил этилиши мумкин ва унинг ҳузурида фаолият кўрсатади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди юридик шахс доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилганида, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларини ва ҳакамлик судьялари рўйхатини тасдиқлаганида ташкил этилган деб ҳисобланади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс унинг ташкил этилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаларини ҳакамлик суди жойлашган ердаги адлия органига юборади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ўз номи ёзилган бланка ва юмалоқ муҳрга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китоб варақлари, валюта ҳисобварақларига ҳамда бошқа банк ҳисобварақларига эга бўлиши мумкин.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди фаолиятини тугатиш тартиби доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари билан белгиланади.


Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил этилиши пайти таъсис этувчи - юридик шахс томонидан қуйидаги мажбурий шартларга риоя этилиши билан боғланади - 1) доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш ҳақидаги қарор қабул қилиниши; 2) доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳақида қоидаларнинг (регламент, низом) тасдиқланиши; 3) ҳакамлик судьялари рўйхатининг тасдиқланиши. Юқорида келтирилган шартларнинг бирортасига риоя этилмаганда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил этилган деб ҳисобланмайди.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди - мазкур суд маълум муддатга ва чегараланмаган сондаги ишларни кўриш учун ташкил этилганлигини англатади. Европа ва Осиёдаги машҳур ҳакамлик судлари ўнлаб йиллар мобайнида фаолият кўрсатиб келмоқда (Лондон, Париж, Стокгольм, Миср судлари, Ҳиндистон ва бошқалар). Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди одатда доимий идора, ходимлар таркиби, муҳр, банкларда ҳисобварақлари, бошқа реквизитларга эга ва мунтазам тарзда низоларни муҳокама этади, лекин юридик шахс ҳисобланмайди. Ҳакамлик суди Раиси одатда ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс томонидан тайинланади, лекин ҳакамлик суди тўғрисидаги Низомда суд Раисини сайлаш ва тайинлашнинг бошқа усулларини ҳам кўзда тутиш мумкин. Масалан, рўйхатга киритилган ҳакамлик судьялари йиғилишида уни сайлаш масаласи.

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган шахс - юридик шахсга унинг ташкил этилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаларини янги ташкил этилган ҳакамлик суди жойлашган ердаги адлия органига юборишини қайд этади.

Шарҳланаётган норма аслига кўра ҳакамлик суди ташкил этилишининг хабар берилиши тартибини ўрнатади. Таъсис этувчиларга тегишли ҳужжатлар нусхаларини адлия органларига жўнатиш кифоя, адлия органларининг ҳакамлик судини ташкил этилиши учун розилиги ёки маъқуллаши талаб қилинмайди. Мазкур қоидаларга амал қилмаганлик учун қонун ҳеч қандай санкцияларни кўзда тутмаган. Шунга кўра кўрсатилган норманинг юридик аҳамияти ҳақида бир қатор саволлар туғилади. Хусусан, ҳакамлик суди ташкил этилганлиги ҳақида адлия органига хабар бермасликни уни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Қонуннинг бузилиши деб қараш мумкинми деган муҳим савол келиб чиқади. Ушбу Қонуннинг 6-моддасига кўра ҳакамлик судини ташкил этиш бу ҳақида фақатгина манфаатдор юридик шахс томонидан қарор қабул қилиниши билан боғланади. Бунга асосан, яна қуйидаги савол туғилади: доимий фаолият кўрсатувчи суд ташкил этилганлиги ҳақида хабар берилмаслиги адлия органларининг унинг қарорининг мажбурий ижро этилиши ҳақидаги аризага муносабати қандай бўлиши керак? Адлия органлари бу ҳолда адлия органларида рўйхатда бўлмаган ҳакамлик суди қарорининг бекор қилинишини талаб қилишлари ҳамда айнан бундай ҳакамдик судининг ташкил этилганлиги ҳақида хабар берилмаганлиги сабабли унинг қарорини мажбурий ижро этишни рад этишни талаб қилишлари мумкинми? Бу саволларга жавоблар бир маънога эга - адлия органларини ўзининг ташкил этилганлиги ҳақида хабар қилинмаган ҳакамлик суди қарори ҳар қандай ҳолатда тегишли суд томонидан ижро этилиши керак, чунки хабар қилмаслик суд қарорини ижро этишни рад этиш учун асос бўла олмайди, чунки рад этиш асослари мазкур Қонунда тўлиқ кўрсатилган (47-53-моддалар) ва уни кенгайтирувчи шарҳлаш мумкин эмас.



7-модда. Муваққат ҳакамлик суди


Муваққат ҳакамлик суди ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан муайян низони ҳал этиш учун улар томонидан ташкил этилиб, низо кўриб чиқилганидан кейин муваққат ҳакамлик суди ўз фаолиятини тугатади. Ҳакамлик судида раислик қилувчи (низо ҳайъатда кўриб чиқилаётганда) ёхуд ҳакамлик судьяси (низо якка тартибда кўриб чиқилаётганда) ҳакамлик битими нусхасини ва муваққат ҳакамлик суди ташкил этилганлиги тўғрисидаги хабарномани мазкур суд жойлашган ердаги адлия органига ҳакамлик муҳокамаси бошлангунига қадар юборади.

Муваққат ҳакамлик судини ташкил этиш тартиби ҳакамлик битими тарафлари томонидан ушбу Қонунга мувофиқ белгиланади.


Шарҳланаётган модда муваққат ҳакамлик судида (уни яна “ad hoc” деб белгилайдилар) (давлат судидан фарқли тарзда) тарафларга нафақат ҳакамлик суди таркибини шакллантириш (Қонуннинг 15-моддаси, 3-қисми), балки муваққат ҳакамлик суди таркибидагиларнинг судни ташкил этишда ва унга топширилган низони муҳокама этишда риоя қилиши керак бўлган процессуал қоидаларни ҳам аниқлашда кенг ваколатлар берилганлик фикрига асосланади.

Ушбу Қонуннинг 15-моддаси қоидасига мос бўлган мазкур модданинг 2-қисмининг низо тарафларига ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини қўллаш ҳақида келишишга имкон берувчи диспозитивлик характери ўзига эътибор қаратади. Муваққат ҳакамлик суди ушбу Қонунга ёки тарафлар битимига асосланиб ташкил этилиши мумкин, бошқа доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Регламентидан олинган қоидаларини ҳам, тарафларнинг ўзлари томонидан ишлаб чиқилган (ва келишилган) қоидаларни ҳам қўллаши мумкин.

Бундай ҳакамлик суди муайян низони ҳал этиш учун ташкил этилаётган экан, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судидан фарқли тарзда олдиндан тайёрланган Регламентга эга бўла олмайди.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1976 йил 15 июнда маъқулланган ЮНСИТРАЛ Арбитраж регламенти айнан халқаро савдо “ad hoc” арбитражи фаолиятини тартибга солиш учун мўлжалланган. Ундаги қоидалар ташқи иқтисодий характерга эга бўлмаган низони ҳакамлик судида муҳокама этиш учун қоида ва тартиблар ишлаб чиқишда қўлланиши мумкинлигига тўсиқ йўқ.

Маълум сабабларга кўра, тарафлар ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини тайёрлашда ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатлари қатъий императив нормаларидан четга чиқишга ҳақли эмаслар.

Қонун томонидан тартибга солинмаган ва тарафлар томонидан келишилмаган процессуал масалалар ҳакамлик суди томонидан муваққат ҳакамлик суди таркибини белгиловчи қоидаларга мувофиқ ҳал этилади. Бунда муваққат ҳакамлик суди ЎзР ХПК ёки ЎзР ФПКдаги тегишли ўхшаш нормалар билан фойдаланиши мумкин.

Қонуннинг аввалги моддасига берилган шарҳларда қайд этганимиз каби, муваққат ҳакамлик судининг ташкил этилганлигидан сўнг раислик вазифасини бажарувчи судья ҳудудий адлия органига ҳакамлик битими нусхасини ва муваққат ҳакамлик суди ташкил этилганлиги ҳақидаги ёзма хабарномани юборади.

Мазкур ҳужжатларни қабул қилган адлия органи муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олади (Қонуннинг 8-моддаси, 1-қисми).

Муваққат ҳакамлик суди низони кўриб чиқиб Қонуннинг 38-42-моддаларига амал қилган ҳолда, тарафлар битимида белгиланган барча қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳал қилув қарорини қабул қилади ва шу билан ўз фаолиятини тугатади. Бироқ қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш ёки уни тушунтириш ёки ёзувдаги камчилик ва арифметик хатоларни тўғрилаш зарурияти туғилганда, муваққат ҳакамлик суди тарафлар аризасига асосан (агар тарафлар битимда ўзгача тарзда келишмаган бўлсалар) Қонуннинг 40-42-моддаларига асосан тегишли аниқликлар қабул қилиши ва масалаларни муҳокама этишга киришга ҳақли.



8-модда. Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари тегишли ҳудудларда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказишни ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишни амалга оширадилар.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларини ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш, муваққат ҳакамлик судларини ташкил этиш тўғрисидаги, шунингдек доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари таркибига кирувчи ҳакамлик судьялари ҳақидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тизимлаштирилади ҳамда "Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами"да эълон қилинади.

Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Низом билан белгиланади.


Шарҳланаётган модданинг 1-қисмига асосан адлия органлари доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказишни амалга оширадилар.

Ҳисоб юритиш мақсади оддий ва аниқ, чунки ташкил этилган ҳакамлик судларининг қуйидаги мақсадларда ҳисоби юритилиши керак: а) уларнинг сонини вилоят ва бутун республика бўйлаб аниқлаш;

б) тарафларнинг ваколатли судларга ҳакамлик суди қарорини шикоят қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилганда, ёки ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этишга ижро варақасини бериш ҳақида ариза билан мурожаат қилганида уларни идентификация қилиш;

в) улар фаолиятини мониторинг қилиш ва ҳакамлик судлари тизими амал қилиши самарадорлигини аниқлаш.

Бироқҳисобини рўйхатдан ўтказиш” сўз бирикмаси таажжуб туғдиради. Қонуннинг 6-моддасига биноан, юридик шахс доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилиши, ушбу суд Қоидалари ва ҳакамлик судьялари рўйхатини тасдиқлашидан бошлаб ҳакамлик суди ташкил этилган деб ҳисобланади.

Қонун томонидан ҳеч қандай рўхатга олиш кўзда тутилмаган, агар ҳакамлик суди юридик ёки жисмоний шахс бўлмаса уни қандай рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Модданинг 2-қисми жуда муҳимдир, чунки Қонуннинг 8-моддасига асосан ҳакамлик судлари ҳақидаги маълумот тизимлаштирилади, умумийлаштирилади ва чоп этилади ва албатта тадбиркорлар, чет эл сармоядорлари ва бошқа манфаатдор шахслар томонидан талаб қилинади. Бу маълумотни бошқа вазифаларга эга бўлган “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”да жойлаштирилишини мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз, бундан ташқари ҳакамлик судьялари рўйхати, бу судьялар ҳақидаги маълумот бирор-бир қонун ҳужжатларининг тартибга солиш объекти ҳисобландайди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳакамлик судлари давлат органлари эмаслар ва давлат адлия тизимига кирмайди ва иерархик тизимни ташкил этмайди. Айниқса, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳакамлик судлари фаолияти давлат органларининг назорати остида эмас (прокуратура, адлия, солиқ ва бошқа органлар). Назоратчи органлар ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахснинг ҳакамлик суди фаолиятини таъминлашда қонун ҳужжатларига риоя этишини текширишга ҳақли (ҳакамлик судидан тушган пул маблағларининг сарфланиши, ҳакамлик суди фаолиятини молиялаштириш ва ҳ.к.).



2-БОБ. ҲАКАМЛИК СУДЛАРИ ТОМОНИДАН

ҲАЛ ЭТИЛАДИГАН НИЗОЛАР. ҲАКАМЛИК БИТИМИ


9-модда. Ҳакамлик судлари томонидан

ҳал этиладиган низолар


Ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этади.

Ҳакамлик судлари маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайди.


9-модда низонинг ҳакамлик суди ваколатига алоқадорлигини аниқлайди, яъни низоларнинг ҳакамлик судига тегишлилигини аниқлайди. Ҳакамлик суди ваколати ҳақидаги масала энг мунозарали, “долзарб” масала деса бўлади. Модданинг биринчи қисми ҳакамлик судига фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни ҳал этиш ҳуқуқини беради. Бу умумий ва ноаниқ белгилаш, чунки бундай низолар доираси жуда кенг ва албатта фуқаролик муносабатларидан барча низолар ҳам ҳакамлик суди ваколатига кирмайди. Шу тариқа хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш, сервитут ҳуқуқини ўрнатиш, кўчмас мулк билан боғлиқ келишувлар бўйича низолашиш ва уларни рўйхатга олиш органида рўйхатдан ўтказиш, давлат мулкини хусусийлаштириш ҳақидаги низолар, низолашув мулкда давлат улуши мавжудлигидаги низолар муаммовий бўлиб қолаверади. Бу ерда олимлар ва мутахассислар фикрлари фарқланади ва бу муаммоларни фақатгина бошқа мамлакатлар тажрибаси ва қонун ҳужжатларининг у ёки бу ҳолатларини расмий изоҳлашга асосланган миллий судлар тажрибаси ҳал этиши мумкин.

Албатта, ҳакамлик суди ЎзР Қонунлари томонидан фақатгина хўжалик ва фуқаролик судлари ёки бошқа органлар ваколатига киритилган ишларни кўришга ҳақди эмас, хусусан:

бола асраб олиш тўғрисида;

юридик фактни белгилаш тўғрисида;

алиментларни ундириш тўғрисида;

фуқарони мажбурий тарзда психиатрик касалхонага ёки стационарга ётқизиш тўғрисида;

меҳнат низолари;

қарз тўлашга қурби етмаслик тўғрисидаги ишлар (банкротлик);

маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар;

солиқ муносабатлари ва давлат органларининг маъмурий фаолияти билан боғлиқ низолари.

Модданинг иккинчи қисмида қонун чиқарувчи ҳакамлик судларига “...қонунда назарда тутилган бошқа низолар...”ни кўриб ҳал этишни ман этади. Ифода аниқ эмас, чунки Қонун томонидан бошқа суд ваколатига берилган низолар назарда тутилган, масалан давлат ҳокимият органи томонидан етказилган зарар ҳақидаги даъволар.

Тан олиш керакки, Қонунда ҳакамлик суди ваколатининг чекланишининг барча ҳолатлари кўзда тутилмаган, бу эса англашилмовчилик келтириб чиқаради ва натижада ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинишига олиб келиши мумкин. Биз айтиб ўтганимиздек, мулкдан давлат улуши мавжудлиги ҳақидаги низолар бўйича ишларнинг ҳакамлик судига судловлиги тўғрисидаги масала ҳал этилмай қолмоқда. Бу улуш 5%, 20%, 50% ёки 95% бўлиши мумкин. Бундай низоларни ҳакамлик суди томонидан муҳокама этилишининг қатъий ман этилиши мавжуд эмас. Лекин аёнки, давлат мулки прокурор, ҳокимият органлари ва бошқа органлар ваколатидаги вазифалар, бу эса бундай низоларни ҳакамлик судларида кўриб ҳал этилишини қийинлаштиради.



10-модда. Низолар ҳал этилаётганда ва ҳал қилув қарорлари

қабул қилинаётганда ҳакамлик суди томонидан

қўлланиладиган нормалар


Ҳакамлик суди низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилади.

Ҳакамлик суди шартнома шартларига мувофиқ ва иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Агар ҳакамлик битими тарафларининг муносабатлари қонун ҳужжатлари ёки ҳакамлик битими тарафларининг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган бўлса ва бу муносабатларга нисбатан қўлланиладиган иш муомаласи одати мавжуд бўлмаса, ҳакамлик суди шунга ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини қўллайди (қонун ўхшашлиги), мазкур ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш имконияти бўлмаган тақдирда эса ҳакамлик битими тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларининг мазмунидан (ҳуқуқ ўхшашлиги) ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


Ҳакамлик суди низоларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари, ҳукумат ижроя органлари меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилувчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳал этади.

Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунда суд томонидан чет эл ҳуқуқи нормаларини қўллаш имкони ҳақида сўз юритилмайди.

Албатта, халқаро ҳуқуқнинг қўлланиши ушбу Қонуннинг таъсири қисман қўлланилувчи халқаро тижорат арбитражи учун хосдир, чунки Қонунда мавжуд бўлган ҳакамлик судьялари фуқаролиги ва ёши, қонунини қўллаш ҳуқуқини танлаш бўйича чеклаш ҳакамлик судларини чет эл элементига тааллуқли низоларни муҳокама этиш бўйича имкониятларни чекласа-да, лекин бунга тўсқинлик қилмайди.

Шунга қарамасдан, қонунда “ички” ҳакамлик судининг чет эллик субъектлар иштирокисиз Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари ўртасидаги низони муҳокама этишда чет эл ҳуқуқи нормаларини қўллаши керак бўлган ҳолат умуман олганда инкор этилмаган.

Чет эл фуқаролик ҳуқуқи нормаларини қўллаш муаммоси фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар тарафларининг турли давлатларга тегишлилигида акс этувчи чет эллик элементига эга фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқади (ЎзР ФК 1158-моддаси 1-қисми).

ЎзР ФК 1190-моддасининг иккинчи қисми, иккинчи хатбошига кўра, кўчмас мулкка нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқ ҳақида тарафлар келишуви мавжуд бўлмаганда, ушбу мулк жойлашган давлат ҳуқуқи қўлланилади.

Бошқача айтганда, чет элда жойлашган кўчмас мулкка нисбатан Ўзбекистон фуқаролари ёки юридик шахслари ўртасида тузилган шартнома чет эл ҳуқуқига бўйсундирилиш ҳолатлари бўлиши мумкин. Фараз қилайлик, Ўзбекистоннинг тижорат компанияси (чет эл сармоясисиз) Қозоғистонда ўзининг ваколатхонаси учун ўрнатилган тартибда идора биносини харид қилди. Ваколатхона ўзининг фаолиятини тугатиш сабабли бир неча йилдан сўнг ушбу бино Ўзбекистоннинг бошқа тижорат ташкилотига (низом жамғармасида чет эл улушига эга бўлмаган) сотилмоқчи. Олди-сотди шартномасида қўлланилувчи ҳуқуқ масаласи қайд этилмайди, аммо шартнома билан боғлиқ низоларни Ўзбекистон Республикаси Савдо ва Саноат палатаси қошидаги иқтисодий низоларни ҳал этиш ҳакамлик судига бериш шартига эга. Ўзбекистонлик сотувчи ва Ўзбекистонлик харидор ўртасидаги Қозоғистонда жойлашган кўчмас мулкка оид низосини кўришда ҳакамлик суди юзага келган ҳолатда Қозоғистон Республикаси фуқаролик моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш учун барча асосларга эга.

Чет эл нормалари қўллаш тартиби ЎзР ФК 1160-моддасида келтирилган қоидаларга кўра амалга оширилади.

Ҳакамлик суди томонидан шартномага оид низоларни кўриб чиқишда қонун ҳакамлик судини ҳал қилув қарорни қабул қилишда шартнома шартлари ва иш муомаласи одатларини инобатга олишни талаб қилади. Шартнома шартлари мазмунини аниқлашда суд (шу жумладан, ҳакамлик суди) ЎзР ФК 363-моддаси ҳолатларига риоя қилиши керак, унга кўра “шартнома шартларини шарҳлашда суд томонидан ундаги сўз ва ибораларнинг асл маъноси инобатга олинади. Шартнома шартининг асл маъноси унинг аниқ эмаслиги ҳолатида бошқа шартлар билан таққослаш орқали ва шартноманинг умимий маъноси орқали ўрнатилади”.

Шартнома маъносини келтирилган қоидалар орқали аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолда “шартнома мақсадига асосан тарафларнинг ҳақиқий эрки аниқланиши лозим. Бунда барча тегишли ҳолатлар инобатга олинади, шу жумладан, шартномадан олдин бўлган музокаралар ва хат ёзишувлар, тарафлар ўзаро муносабатларида бўлиб ўтган тажриба, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг кейинги ўзини тутишлари ҳам”.

Шуни инобатга олиш керакки, тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартларининг императив ҳуқуқ нормаларига нисбатан зид келиши ҳолатида суд императив ҳуқуқ нормаларига асосан ҳал қилув қарори қабул қилади.

Юқорида айтилганлар бирон-бир ҳужжатда қайд этилганлигидан қатъи назар, қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган юзага келган ва тадбиркорликнинг бирор-бир соҳасида кенг қўлланиладиган муомала қоидаларини акс этувчи иш муомаласи одатига ҳам тегишлидир (ЎзР ФК 6-м. 1-қ.га қар.). Бунда тегишли муносабат иштирокчилари учун мажбурий қонун ҳужжатлари нормалари ёки шартномага зид бўлган иш муомаласи одатлари қўлланилмайди” (ЎзР ФК 6-м. 3-қ.).

Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонуннинг 10-моддаси 3-қисми аслида тарафларнинг ҳал қилинаётган муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишдаги бўшлиқларни қонун ўхшашлиги ва ҳуқуқ ўхшашлиги ёрдамида тўлдириш имкониятлари ҳақидаги ЎзР ФК 5-моддаси қоидаларини такрорлайди.

Бироқ ҳакамлик судлари ваколати фақатгина фуқаролик-ҳуқуқий характерга эга низоларни ҳал этиш билан чекланади, шу тариқа ҳакамлик суди ЎзР ФК 5-моддаси доирасида қонун ўхшашлиги ва ҳуқуқ ўхшашлигига таяниши мумкин.

Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонуннинг 10-моддаси 3-қисми нормалари низолашувчи тарафлар моддий-ҳуқуқий муносабатларини тартибга солиш учун қонун ўхшашлигини қўллаш ҳақида сўз юритади.

Шу муносабат билан ушбу Қонун ва ҳакамлик муҳокамаси Қоидаларида тегишли нормаларнинг мавжуд эмаслигида ҳакамлик судининг процессуал муносабатларни тартибга солиш учун ўхшашликдан фойдаланиш имкони ҳақида савол туғилади. Жавоб “Ҳакамлик муҳокамасининг тарафлар томонидан келишилмаган, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари ва ушбу Қонун билан белгиланмаган қисмида ҳакамлик муҳокамаси қоидалари ҳакамлик суди томонидан белгиланади”, деб кўрсатилган тартиб Қонуннинг 25-моддасининг 4-қисмида берилган.

Шундан келиб чиқадики, мазкур шароитларда ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи ва ЎзР ХПК ёки ЎзР ФПК тегишли тарзда мавжуд бўлган ҳуқуқ нормаларини қўллаш ҳакамлик суди ваколатли деб топилади (мазкур ҳакамлик судига нисбатан қайси суд - хўжалик ёки умумий юрисдикция суди ваколатли эканлигидан келиб чиққан ҳолда).

Масалан, Қонуннинг 35-моддаси 2-қисми ҳакамлик суди муҳокамасида “тарафлар ёки уларнинг вакиллари” иштирок этишини кўзда тутади, лекин унда вакилларнинг ваколатларини расмийлаштириш тартиби ҳақида айтилмайди. Ҳакамлик суди бунда ЎзР ХПК (49-53 м.) ёки ЎзР ФПКдаги (50-55 м.) вакиллик ҳақидаги нормаларга таяниши мумкин.



11-модда. Низони ҳакамлик судининг ҳал қилувига топшириш


Ҳакамлик битими мавжуд бўлган тақдирда, низо ҳакамлик судининг ҳал қилувига топширилиши мумкин.

Ваколатли суднинг ҳал қилувида бўлган низога оид ҳакамлик битими ваколатли суд низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар тузилиши мумкин.


Ҳакамлик судининг асосий ўзига хослиги шундаки, у низоларни фақатгина ихтиёрий тарзда кўриб чиқади. Айнан мана шу сабабли низони ҳакамлик судининг ҳал қилувига топшириш фақатгина ўрталарида низо келиб чиққан (ёки келиб чиқиши мумкин бўлган) шахслар келишувига кўра мумкин. Низони ҳакамлик судига топшириш ҳақидаги келишув Қонунда ҳакамлик битими деб аталади. Қонуннинг бевосита кўрсатмасига асосан (9-м. 1-қ.) ҳар қандай муносабатдан эмас, балки фақатгина фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низо ҳакамлик битими предмети бўлиши мумкин. Мазкур норма императив хусусиятга эга ва шунинг учун ундан четга чиқишга йўл қўйилмайди. Агар маъмурий (масалан, солиқ) ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо тарафлари низони ҳакамлик судида муҳокама этишга шартлашган бўлсалар, бундай битим Қонуннинг императив қоидасига кўра ҳақиқий ҳисобланмаган бўлар эди.

Ҳакамлик битими нафақат шартномавий, балки шартномавий бўлмаган муносабатлардан ҳам келиб чиққан низоларни ҳал қилишни кўзда тутади (деликт, асоссиз бойишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар ва бошқалар). Бундай ҳолда ҳар бир зарар етказишдан келиб чиқадиган муносабатлар (ёки бошқа шартномадан ташқари) мажбурияти учун алоҳида ҳакамлик битими одатда мазкур мажбурият юзага келгандан сўнг тузилади.

Ҳакамлик битими алоҳида тузилган бўлиши мумкин ёки тегишли (уни асосий дейлик) шартноманинг (олди-сотди, пудрат, юк ташиш ва ҳ.к.) шарти сифатида акс этиши мумкин ва ушбу шартнома билан боғлиқ тарзда келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган унинг тарафлари ўртасида барча ёки маълум низоларга тегишли бўлиши мумкин (арбитраж изоҳи ёки тарафлар бажариши лозим бўлган шарт). Бундай шартномани тузиб, тарафлар ўзларини ва тегишли низоларни (шу жумладан, келгуси низоларни ҳам) ҳакамлик суди ҳал қилувига топшириш ҳақидаги шартни мажбур деб ҳисоблайдилар.

Ҳакамлик битими нафақат низо келиб чиққанидан сўнг, балки уни ҳал қилиш учун давлат суди, яъни (тааллуқлилигини ҳисобга олган тарзда) хўжалик суди ёки умумий юрисдикция судига топширилгандан кейин ҳам тузилиши мумкин. Бундай имконият “ваколатли суд низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар” сақланиб қолади (Қонуннинг 11-м. 2-қ.).

Суд ишни мазмунан ҳал қилинган биринчи босқичдаги суд томонидан қабул қилинган суд ҳужжати ҳал қилув қарори деб аталади. Ҳакамлик битими фақатгина низонинг биринчи босқич давлат судида кўриб чиқилиши вақтида у томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тузилиши мумкин. Ҳал қилув қарорини юқори босқич судларида шикоят қилиниши ҳолатида ишни ушбу судларда кўриб чиқиш пайтида ҳакамлик битимини тузиш Қонун томонидан кўзда тутилмаган. Юқори босқич суди томонидан ҳал қилув қарори бекор қилиниб иш биринчи босқич судига қайтарилиши билан биринчи босқич суди иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар ҳакамлик битими тузилиши мумкин.

Битим фуқаролик моддий-ҳуқуқий эмас, балки фуқаролик процессуал характерига эга бўлганлиги учун асосий (моддий-ҳуқуқий) шартноманинг шартларидан бирини акс этувчи ҳакамлик битими шартноманинг бошқа шартларга нисбатан маълум мустақилликка эга. Асосий (моддий) шартноманинг бекор қилиниши ҳолатида ҳам ҳакамлик битими юридик кучини сақлаб қолади (Қонуннинг 24-м.).

Шунга кўра ҳакамлик битими тузган шахсларнинг ҳуқуқий ворислари учун ҳакамлик битими мажбурийми деган савол туғилади.

Ҳакамлик битимининг ҳуқуқий ворислигига қарши эътирозлар бундай битимни тузишда томонларнинг ўзаро маълум ишончлик даражасининг кўзда тутилишига асосланади. Лекин маълум даражадаги ишонч ҳар қандай шартномани тузиш учун ҳам зарур.

Бу борада ҳакамлик битимида шахсий омил аҳамиятига ортиқча баҳо бермаслик керак. Ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун ҳам ҳакамлик битимининг ҳуқуқ ворислиги билан тўғри келмаслиги ҳақида хулоса учун асос бўла олмайди. Ҳакамлик битими субъектлари таркиби билан боғлиқ ҳакамлик муҳокамасини тўхтатувчи омиллар (ҳамда натижада унда процессуал ҳуқуқнинг ўтиши) қаторига Қонун ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳисобланган юридик шахснинг фаолияти тугатилиши, даъвогар ёки жавобгар шахснинг ўлими, ўлган деб эълон қилиниши ёки сабабсиз иштирок этмаслик ва ҳуқуқни қабул қилувчи томонидан ҳакамлик муҳокамасининг давом эттирилиши ҳақида ариза йўқлигини кўрсатади.

Агар қонун чиқарувчи ҳакамлик битимида, яъни ҳакамлик муҳокамасида ҳам ҳуқуқ ўтишининг принципиал йўл қўйиб бўлмаслигидан келиб чиққанида, муҳокама тарафи бўлган юридик шахснинг қайта ташкил этилишида ҳам ушбу ҳакамлик муҳокамаси тўхтатилиши керак эди, чунки қайта ташкил этишнинг ҳар қандай шакли аввал мавжуд бўлган юридик шахс фаолиятининг тугатилиши ва унинг асосида янги юридик шахсларнинг вужудга келишини келтириб чиқаради. Шу туфайли ҳакамлик муҳокамасида тараф сифатида иштирок этаётган юридик шахснинг қайта ташкил этилиши унинг тўхтатилиши учун асослар қаторига кирмайди.

Бундан келиб чиқадики, ҳуқуқ ўтишининг универсал тартибига кўра у билан боғлиқ бўлган низоларнинг ҳакамлик судида ҳал қилиниши ҳақидаги битимга эга фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари ўтган юридик шахс нафақат моддий, балки ҳакамлик битимидан келиб чиққан тегишли процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ҳам ҳуқуқий эгаси бўлади.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳисобланган фуқаронинг ўлими, ўлган деб эълон қилиниши ёки сабабсиз бедарак йўқолган деб топилиши ҳолларида ҳакамлик муҳокамасининг тўхтатилиши ҳақидаги Қонуннинг мазкур нормаси мазкур ҳолатда процессуал ҳуқуқий ворислик принципиал тарзда йўл қўйилмаслиги, балки қонун чиқарувчи эса вафот этган фуқаро меросхўрларига ўзларининг фуқаролик моддий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш процессуал шаклини танлаш имконини тақдим этиш мақсади билан белгиланган. Мазкур Қонуннинг 44-моддаси биринчи қисми, еттинчи хатбоши мазмунига биноан, агар ворис ҳакамлик муҳокамасини давом эттириш ҳақида хоҳиш билдирса, муҳокама давом эттирилиши шарт, чунки қонун ушбу моддада ҳакамлик муҳокамаси тарафи (жисмоний шахс) вафот этган бўлса ёки вафот этган деб эълон қилинса, ёки бедарак йўқолган деб топилганда жисмоний шахслар ҳуқуқий ворислилигига рухсат беради.

Таъкидлаш керакки, маълум шароитларда ҳакамлик битимида ҳуқуқий ворис бўлиши мумкин эмас. Хусусан, ҳакамлик битими фақатгина маълум шартларга мос келувчи шахслар ўртасидаги низоларни кўриш учун мўлжалланган бўлиб (масалан, қошида ҳакамлик суди ташкил этилган биржа аъзолари орасида) унда ҳакамлик судига ҳавола этган ҳолатлар ҳақида сўз юритилади. Агар аввал мазкур биржа аъзолари ўртасида тузилган шартнома тарафи, кейин ҳуқуқий ворислик оқибатида (хусусан, суброгациялар) ушбу биржа аъзолари бўлмаган бошқа шахсга (суғуртачига) ўтса, мазкур ҳакамлик битими унга нисбатан тааллуқли ҳисобланмайди.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми ваколатли давлат судида кўрилаётган низо тарафларининг ваколатли суд мазкур низо бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар ҳар қандай пайтда ҳакамлик битимини тузиш ва давлат судидаги суд жараёнидан чиқиш ҳуқуқини беради. Тарафларнинг ушбу ҳуқуқи ЎзР ХПК 25-м. ва ЎзР ФПК 100-м.да белгиланган. Бундай ҳолатда давлат (хўжалик, фуқаролик) судидаги иш юритиш тўхтатилади, иш материаллари тарафлар илтимосномасига биноан улар кўрсатан ҳакамлик судига жўнатилади.



12-модда. Ҳакамлик битимининг шакли


Ҳакамлик битими ёзма шаклда тузилади. Ҳакамлик битими шартноманинг таркибий қисми бўлган шартнома шарти ёки алоҳида битим тарзида расмийлаштирилиши мумкин.

Ҳакамлик битими, агар у ҳакамлик битими тарафлари томонидан имзоланган ҳужжатда ифодаланган бўлса ёки бундай битимни қайд этишни таъминловчи электрон ёхуд бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда хатлар ёки хабарлар алмашиш йўли билан тузилган бўлса, ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, ҳакамлик битими ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.



13-модда. Ҳакамлик битимининг мазмуни


Ҳакамлик битимида ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёхуд айрим низолар ҳакамлик судида кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги қоида, шунингдек агар низо доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал қилувига топшириладиган бўлса, мазкур ҳакамлик судининг номи кўрсатилиши лозим.

Ҳакамлик битимида ҳакамлик судьяларининг сони, ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой ва тил, ҳакамлик муҳокамасининг қўлланиладиган қоидалари, низони кўриб чиқиш муддати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя қилинмаган тақдирда, ҳакамлик битими ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


Мазкур шарҳда 12 ва 13-моддалар бирлаштирилган, бу эса мақсадга мувофиқдир, чунки ҳакамлик битими шакли ва мазмуни ва унинг тузилиши тартиби узлуксиз тарзда ўзаро боғлиқ шу сабабли уларни бирга кўриб чиқиш маъқулроқ. Ҳакамлик муҳокамаси кўпчилик хўжалик муносабатлари иштирокчилари фикрича низоларни муҳокама этишнинг маъқулроқ, тарафларни ярашиши ва низоларнинг олдини олишга олиб келувчи усулдир. Шунинг учун низоларни ҳакамлик муҳокамаси тартибида судга тааллуқлиликни аниқлаш битимларни ҳуқуқий таъминлаш учун муҳим ҳисобланади.

Низони ҳакамлик суди томонидан кўрилишининг асосий шарти суд таркиби томонидан низолашувчи тарафларнинг ҳакамлик суди ҳақидаги - ҳакамлик (арбитраж) шарти (тарафлар бажариши мажбури бўлган шарт) ёки ҳакамлик (арбитраж) битими деб номланувчи битимини текшириш ва сўнгра унинг асосида унга ҳуқуқий баҳо беришдир.

Бундай битимни тузиш тарафлар ўртасида юзага келган ёки келгусида юзага келиши мумкин бўлган низолар, улар ўзлари томонидан танланган ҳакамлик судига кўриб ҳал қилишга берилишини англатади. Бу битим тарафлар учун мажбурийдир ва ҳеч бир тараф низони ҳакамлик судига топширишдан бош тортишга ҳақли эмас. Аммо улар ҳар иккала тараф розилиги бўйича ҳакамлик битимини бекор қилишлари ва низони кўриб чиқиш учун бошқа органни танлаш ҳуқуқига эгалар.

Ушбу битимнинг катта аҳамиятга эгалиги шундаки у ҳакамлик суди ва суд муҳокамаси тартиб-таомилини аниқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Бундай битимнинг мавжуд эмаслигида низонинг ҳакамлик суди томонидан кўрилиши мумкин эмаслигини белгилайди.

Ҳакамлик битими ёзма шаклда шартноманинг ҳакамлик шарти ёки алоҳида битим шаклида расмийлаштирилади. Битим мазмунига аниқ талаблар мавжуд эмас, аммо унинг матнида тарафларнинг низони ҳакамлик судига топшириш ҳақидаги эрки билдиришлари акс этилиши шарт.

Низони ҳакамлик судида ҳал этишдан манфаатдор шахслар шартномалар ва контрактларга “ҳакамлик шартини” улар расмийлаштираётган шартнома ва келишувларга киритишни маслаҳат берилади. Бунда бундай шарт шартнома ва контракт матнига тўлиқ тарзда ёки шартнома ёки контрактнинг қисми сифатидаги алоҳида имзоланган “ҳакамлик шартига” қисқа кўрсатма ёрдамида киритилиши шарт.

Қуйида шартнома ва контрактларга киритиш учун ҳакамлик шарти матнини келтирамиз:

      


     

“Мазкур шартнома, контрактдан ёки унга риоя қилмасликдан, ёки бекор қилиниши, ҳамда тарафларнинг мажбурий ҳаракатлари тартиби ва уларни бажариш шартларига оид келишмовчиликлардан келиб чиқувчи ёки улар билан боғлиқ ҳар қандай низо, Тошкент шаҳрида жойлашган Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш Маркази қошидаги Ҳакамлик суди томонидан унинг Низоми, Регламенти ва ҳакамлик пул йиғимлари, тарафларнинг сарф ва харажатлари ҳақидаги Низомда кўзда тутилган шарт ва тартиб асосида ҳал қилинади”.

        


    

Агар тарафлар шунга ўхшаш шартни шартномага киритмаган бўлсалар, бу тарафларни низо келиб чиққан тақдирда ишни ҳакамлик судига топшириш ҳақида алоҳида битим тузиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Бу битим низони ҳакамлик судига топшириш фактини қайд этувчи шартноманинг низо келиб чиққан бўлимига ўзгартириш киритиш шаклида ёки алоҳида ҳужжат шаклида расмийлаштирилиши мумкин. Иккинчи ҳолда нафақат низони ҳакамлик судига топшириш факти, балки суд таркиби ва ҳар бир тараф томондан судьялар номзодларини ҳам аниқлаш мақсадга мувофиқ.

Арбитраж масалалари бўйича БМТнинг асосий кўп тарафлама конвенцияларида (1958 йилдаги чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижро этиш ҳақидаги Нью-Йорк конвенцияси ва 1961 йилдаги ташқи савдо арбитражи ҳақидаги Европа конвенциясида) арбитраж битими деганда ёзма шартномадаги шарт, ҳамда тарафлар томонидан имзоланган ёки хат, телеграмма ва ҳ.к.лар ёзишувлар таркибига кирган алоҳида келишувлар ҳам тушунилади.

Ҳакамлик битими шаклига нисбатан ёзма шаклдаги фикр устун келади, аммо баъзи давлатлар қонун ҳужжатлари томонидан оғзаки битимлар ҳам тан олинади. Қонуннинг 12-моддаси битимнинг ёзма шаклини мажбурий деб белгилайди. Қонуннинг 12-м. 2-қ.га биноан Ҳакамлик битими, агар у ҳакамлик битими тарафлари томонидан имзоланган ҳужжатда ифодаланган бўлса ёки бундай битимни қайд этишни таъминловчи хатлар алмашиш ёхуд алоқа воситалари хабарларидан фойдаланилган (хат, факс, телеграмма ва бошқалар) ҳолда тузилган бўлса, ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Ёзма шаклда расмийлаштирилган ҳакамлик битими биринчи навбатда тарафлар давлат судига мурожаат этиш конституцион ҳуқуқидан воз кечишларининг исботидир.

Бундан келиб чиққан ҳолда, кўрсатилган вариантлардан қайси бирини танлашдан қатъи назар, ҳакамлик суди таркибининг биринчи навбатдаги вазифаси ҳар бир иштирокчининг ёзма шаклда қайд этилган низони ҳакамлик судига кўришга топширишга бўлган эркининг мавжудлигига ишонч ҳосил қилишдир.

Ишни кўриб чиқишни бошлаб ҳакамлик суди таркиби биринчи навбатда ушбу ишга нисбатан ўзининг ваколати ҳақидаги масалани ҳал этиши лозим. Ушбу мақсадда ҳакамлик битими шакли ҳамда унинг мазмунига аҳамият қаратиш керак.

Тарафлар имзолаган битимининг мажбурий шарти бўлиб муайян аниқ ҳакамлик судини кўрсатган бўлиши керак, бу мазкур судга тарафлар ўртасида юзага келган низони кўриб чиқиш ҳуқуқини беради.

Баъзида ҳакамлик битимларида тарафлар томонидан низолар кўрилиши керак бўлган ҳакамлик судларининг ноаниқ ёки тўлиқ бўлмаган номлари кўрсатилади ва тарафлар битимни тузаётиб аслида қайси ҳакамлик судини назарда тутганликларини аниқлай олмайдилар. Масалан, низони кўриб чиқиш органи сифатида “Тадбиркорлар тижорат суди” ёки “Тошкент шаҳри ҳакамлик суди” (Тошкент шаҳрида бир нечта ҳакамлик судлари мавжуд) ёки шунга ўхшаш номлар кўрсатилади.

Ҳакамлик суди номи аниқлиги ва тўғрилигига бўлган шубҳа суд таркибини битим тузишда тарафлар эрки айнан нимага қаратилган эканлигини аниқлаш мажбуриятини юклайди. Буни тарафлар вакиллари тушунтиришлари, шартномани тузишдан аввалги хат ёзишувлар ва низони ҳал этиш бўйича суддан олдинги хат ёзишувлардан аниқлаш мумкин. Бу материаллар биргаликда тарафлар ўртасида юзага келган низони кўриб чиқаётган судни тарафлар нимани назарда тутганликларини аниқлашга ёрдам беради. Бу ҳолда агар тарафлар ўртасида ҳакамлик суди ваколати ҳақида келишмовчилик мавжуд бўлмаган ҳолда суд юзага келган низони мавзуси бўйича кўриб чиқишга ҳақли эканлиги ҳақида хулосага келиши мумкин.

Агарда тарафлар тушунтиришлари, шартномадан аввалги ва суддан олдинги материаллар низо айнан мана шу судда кўрилишга тааллуқли эканлигига асос бўла олмаса, суд таркиби тарафлар ўртасида ҳакамлик суди ҳақида битимнинг мавжуд эмаслигини қайд этиши ва унда бундай низони кўриб чиқишга ваколатга эга эмаслигини тан олиши керак.

Баъзан битимни тузишда тарафлар улар ўртасида келиб чиқкан низолар хўжалик ёки фуқаролик (давлат) судида ёки маълум ҳакамлик судида кўриб чиқилишини кўзда тутадилар. Судлашувнинг бундай вариантини танлаш агар иккала тараф низонинг ҳакамлик судида кўриб чиқилишига рози бўлсалар, ҳакамлик суди томонидан низони моҳиятига кўра кўриб чиқишга тўсқинлик бўла олмайди ва ҳакамлик суди ҳақидаги битимнинг ҳақиқийлигини шубҳа остига қўя олмайди. Агарда тарафлардан бири унинг танлаш ҳуқуқига кўра у хўжалик судини танлашини маълум қилса, иш албатта хўжалик судига жўнатилади.

Масъул шахс (ҳакамлик суди Раиси ёки келиб тушган даъво аризаларини қабул қилиш ва ишлаб чиқиш бўйича керакли вазифаларни амалга ошириш юклатилган бошқа шахс) томонидан даъво аризасининг қабул қилинишида тақдим этилган даъвони кўриш бўйича ҳакамлик суди ваколатини даъвогар томонидан асосланганлигига аҳамият қаратилиши лозим. Агар даъво аризасида бу масала акс эттирилмаган бўлса, унга илова қилинган материаллар мазмунини ўрганиш керак, ишнинг мазкур судга тегишлилиги ҳақида хулоса чиқариш имкони йўқлиги ҳолатида эса, бу масала бўйича даъвогардан изоҳ сўраш лозим.

Одатда даъвогар даъво аризасида тарафлар томонидан ҳакамлик суди ҳақида қай тарзда ва қандай шаклдаги битим тузилганлигини кўрсатади. Шунинг учун даъвогар фикри ҳақиқатга мос келишига ишонч ҳосил қилиш зарур ёки даъвогарга тегшли расмий сўровнома жўнатиш зарур.

Келиб тушган даъво материаллари асосида суд ҳакамлик битими қонунийлиги ҳақида ва даъвогар томонидан мазкур суд Регламентининг керакли талабларининг бажарилиши ҳақида хулосага келганидан сўнг, даъво аризаси керакли материаллар билан жавобгар шахсга жўнатилади.

Одатда жавобгар шахсга даъво бўйича эътироз билдириш ва суд таркибини тузиш таклиф этилади. Агар жавобгар шахс низони кўриб чиқиш бўйича мазкур ҳакамлик судининг ваколатига эътироз билдирса, суд даъвогар шахсни ушбу эътирозлар билан таништиради. Бундай эътирозлар қаторида ҳакамлик битимининг қонуний эмаслиги, низонинг мазкур ҳакамлик судига дахлдор эмаслиги ва бошқалар бўлади. Тажриба шуни кўрсатадики, даъвогар шахслар бундай эътирозлар билан одатда рози бўлмайдилар ва ишни кўриб чиқишга тайинланишини талаб қиладилар.

Жавобгар шахснинг ҳакамлик суди ваколатига нисбатан эътирози мавжуд бўлишига қарамасдан, жавобгар шахс асосий ҳамда захирадаги ҳакамлик судьяларидан номзодларини танлашга мажбур. Бу ҳолатни ҳеч ҳам жавобгар шахснинг ҳакамлик суди ваколатига нисбатан эътирозларидан воз кечиш сифатида қараш мумкин эмас. Агар суд таркиби ушбу масала бўйича тарафлар келишмовчиликларини кўриб чиқиб, ўзини низони кўриш учун ваколатли деб топса ва унинг моҳияти бўйича ҳал этилишини бошласа, жавобгарнинг суд таркибини тузиш бўйича таклифи ўз вақтида берилган бўлади.

Шу тариқа, ҳакамлик суди котибияти ишни кўриши учун дастлабки тайёрлови босқичида ҳар бир тараф ҳакамлик битими ва ҳакамлик суди ваколати бўйича ўз фикрини билдиришини кузатиб таъминлаши керак. Бу иш ҳал қилинишига, суд таркиби ваколати бўйича ҳар бир тарафнинг фикри ҳақида далилларга эга бўлиши ва унга кўра асосли ва ҳаққоний ҳал қилув қарори қабул қилиши учун зарур.

Ҳакамлик суди ўзини муайян низони кўриш ваколатига эга ёки эга эмаслигини белгиловчи муайян ва аниқ ҳолат ва далиллар ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган ҳужжатда (ҳал қилув қарорида, ажримда) акс эттирилиши керак.


Қуйида низони ҳакамлик судида кўриш ҳақидаги битим намунаси келтирилган:

    


     

Низони ҳакамлик судида кўриш ҳақидаги

БИТИМ

Тошкент ш.                                                                        10 сентябрь, 2007 й.

Низом асосида фаолият кўрсатувчи “Юлдуз” масъулияти чекланган жамият ушбу жамият директори Исаев М.А. номидан бир тарафдан ва Низом асосида фаолият кўрсатувчи “Ватан” Ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти ушбу жамият Бошқармаси Раиси Асқаров И.С. номидан иккинчи тарафдан (қуйида “Тарафлар” деб берилган) қўйидаги шартлар бўйича ушбу битимни туздилар:


1. Тарафлар ўрталарида 28/45-сонли 2007 йил 10 сентябрда тузилган олди-сотди шартномасидан (матнда “Шартнома” деб берилган) келиб чиқиши мумкин бўлган ёки у билан боғлиқ бўлган барча низо ва қарама-қаршиликларни музокаралар орқали ҳал этиш эркларини тасдиқлайдилар.


2. Шартномадан келиб чиқадиган ёки у билан боғлиқ ҳолда, шу жумладан, шартнома унинг бажарилмаганлиги ёки бекор қилинишига Тарафлар томонидан музокаралар орқали тартибга солинмаган низо, англашилмовчиликлар ёки талаблар Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази қошидаги (Тошкент ш.) Ҳакамлик судида мазкур Шартнома имзоланган кунида амалдаги унинг Регламентига биноан якуний ҳал қилиниши лозим.


3. Ҳакамлик муҳокамаси уч нафар ҳакамлик судьялари томонидан амалга оширилади. Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази қошидаги Ҳакамлик суди шахсий таркиби унинг Регламентида қайд этилган тартибда, Марказ томонидан тасдиқланган ҳакамлик судьялари рўйхатида кўрсатилади.


4. Ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойи Ўзбекистон, Тошкент шаҳри деб танланади.


5. Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази қошидаги Ҳакамлик судига мурожаат этишдан аввалги низоларни ҳал этишнинг дастлабки (претензия билдириш) тартибига риоя этиш Тарафлар учун мажбурий ҳисобланмайди.


6. Тарафлар Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази қошидаги Ҳакамлик судида иш кўрилиши рус ва ўзбек тилларида олиб борилишини эътиборга оладилар ва ҳакамлик муҳокамаси тили сифатида ўзбек тилини танлайдилар.


7. Тарафлар Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази қошидаги Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори улар учун якуний бўлишини тан оладилар ва Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш Маркази қошидаги Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ва Регламентида аниқланган тартибга риоя қилган ҳолда бундай ҳал қилув қарорини унда кўрсатилган муддатда бажариш мажбуриятини оладилар.


8. Низони Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази қошидаги Ҳакамлик судига кўриб чиқиш учун топшириш ҳақидаги ушбу битим Тарафлар томонидан ихтиёрий тарзда тузилган. Ушбу битим юридик жиҳатдан мустақил ва Шартноманинг бошқа шартларига тобе эмас. Шартноманинг бекор қилиниши (ҳақиқий эмаслиги) қонунга кўра ушбу битимнинг бекор қилинишини келтириб чиқармайди.


Тарафлар муҳр ва имзолари

        


     



3-БОБ. ҲАКАМЛИК СУДЬЯЛАРИ.

ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ТАРКИБИ


14-модда. Ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар


Йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, низонинг холис ҳал қилинишини таъминлашга қодир бўлган, низонинг пировард натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаган, ҳакамлик битими тарафларидан мустақил бўлган ва ҳакамлик судьяси мажбуриятларини бажаришга розилик берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (тайинланиши) мумкин.

Низони якка тартибда ҳал қилувчи ҳакамлик судьяси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак. Низо ҳайъатда ҳал қилинаётганда ҳакамлик суди таркибининг раиси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак.

Ҳакамлик судьясининг малакасига қўйиладиган талаблар ҳакамлик битими тарафлари ўртасида бевосита келишиб олиниши ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари билан белгиланиши мумкин.

Қуйидагилар ҳакамлик судьяси бўлиши мумкин эмас:

муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;

содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун судья, адвокат, нотариус, терговчи, прокурор ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати қонунда белгиланган тартибда тугатилган шахс;

қонунда белгиланган мансаб мақомига мувофиқ ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (тайинланиши) мумкин бўлмаган шахс.


Қонуннинг шарҳланаётган моддаси ҳакамлик судьяси номзодига қўйиладиган талабларга бағишланади ва аслида икки бўлимдан иборат. Биринчи бўлим биринчи қисмидан учинчигача қисмларни ўз ичига олади, уларда ҳакамлик судьяси номзоди бевосита мос келиши шарт бўлган талаблар қайд этилган. Тўртинчи қисмдан еттинчигача бўлган қисмларни ўз ичига олган иккинчи бўлим ҳакамлик судьялик мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилувчи шартларни ўз ичига олади. Шарҳланаётган моддани амалда қўллашда унда қонунан ҳакамлик судьялари бўлишини ман этувчи талаблар тўлиқ рўйхати келтирилганлик ҳолатини назарда тутиш керак. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди томонидан 3-қ.га биноан фақатгина ҳакамлик судьяси малакасига қўйиладиган талаблар қўшимча тарзда киритилиши мумкин. Барча бошқа талаблар императив бўлиб на ҳакамлик муҳокамаси тарафлари, на ҳакамлик судининг ўзи томонидан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Шарҳланаётган модданинг 1-қ.га кўра фақатгина йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, яъни жисмоний шахс ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (15-м. ва доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларида кўзда тутилган ҳолларда - тайинланиши) мумкин. Шундай қилиб, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра юридик шахслар ўз вакилларига бундай ваколатларни бериши орқали ҳакамлик судьяси сифатида чиқа олмайдилар. Ҳакамлик судьяси этиб сайланувчи ёки тайинланувчи шахс низоли ҳуқуқий муносабатларнинг холис ҳал этилишини таъминлаши керак. Ҳакамлик судьяси кўрилаётган ишнинг натижасидан билвосита ёки бевосита манфаатдор бўлмаслиги керак, низоли ҳуқуқий муносабатлар тарафларидан ҳам моддий, ҳам мансаб жиҳатдан мустақил бўлиши керак.

Бундан ташқари, шарҳланаётган қисмда ҳакамлик судьяси этиб сайланаётган ёки тайинланаётган фуқаро бундай мажбуриятларни бажаришга ўз розилигини бериши кераклиги ҳақида муҳим талаб келтирилган. Фикирмизча мазкур розилик фуқаронинг ҳакамлик судьяси сифатида сайланиши (тайинланиши) ҳар бир муайян ҳолатда оддий ёзма шаклда акс эттирилиши ва кўриб чиқилаётган иш материалларига илова қилиниши керак. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида мазкур суд ҳакамлик судьялари рўйхатидан ҳакамлик судьясини сайлашда (тайинлаш) ундан қўшимча ёзма розиликни талаб қилмаслик ҳам мумкин, чунки у ўз вақтида ўзини ушбу рўйхатга киритилишига розилик берган. Бироқ доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилишга розилик факти, фикримизча, кенг шарҳланиши мумкин эмас ва ҳакамлик судьяси номзодини муайян суд иши бўйича ҳакамлик судьяси вазифаларини бажаришга рози бўлмаслик имконидан маҳрум қилмаслиги керак. Ҳакамлик судьяси номзодидан ёзма тарзда розилик талаб қилиш унга расмий тарзда розилик бериш ёки шарҳланаётган моддада кўрсатилган асослар мавжудлигида ўз номзодига раддия билдириш имконини беради.

Шарҳланаётган модданинг 2-қ.да ҳакамлик судьяси номзодига принципиал янги ва муҳим талаб - юридик (фақатгина юридик эмас, балки фақат олий юридик) маълумотга эгал бўлишлик шарти келтирилган. Мазкур мезоннинг киритилиши Қонуннинг 47 ва 53 моддаларига биноан ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда унинг мажбурий ижро этилиши учун ижро варақасини беришни рад этиш процедура қоидаларига риоя этилиши қилинувчи тартиб-таомил қоидаларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш учун махсус юридик маълумот талаб қилинади. Шу тариқа, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра ишни якка тартибда ҳал қилувчи ҳакамлик судьяси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак. Низо ҳайъатда ҳал қилинаётганда бундай талаб мажбурий тарзда ҳакамлик суди таркибининг раисига тегишли ҳисобланади.

Ушбу модданинг 4-қисми, 2 - 4-хатбошларида ҳакамлик судьяларини муомала лаёқати чекланган, судланган ёки ўз обрў-эътиборини тўккан собиқ муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, судьялар ва бошқа шахслардан сайлашни (тайинлаш) таъқиқловчи асослар келтирилган. Бу асослар аниқ ва равшан белгиланган, лекин ўзларининг мансаб мақомига кўра ҳакамлик судьяси бўла олмайдиган шахслар тоифаси (4-қисм, 5-хатбоши) билан масала мураккаброқ ҳал этилади. ЎзР қонунларига асосан депутат, судья, прокурор, давлат бошқаруви органлари мансабдор шахслари илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ёки ҳар қандай бошқа фаолият билан шуғуллана олмайдилар. Мураккаблиги шундаки, республика қонун ҳужжатларида ҳукумат ходимлари ҳақида Қонуннинг йўқлиги туфайли ҳакамлик судьяси бўлиши таъқиқланган давлат мансабдор шахсларни аниқлаш жуда мураккаб. Аёнки, вазир ва бошқа йирик мансабдор шахслар ўз мансаб мақомларига кўра ҳакамлик судьялари бўла олмайдилар, аммо юқори мақомга эга бўлмаган мансабдор шахслар (иш юритувчи, мутахассис ва б.) ҳакамлик судьяси бўла оладилар. Лекин бу Қонуннинг мантиғидан келиб чиқади. Бироқ уни ўзгача изоҳ қилишлари ҳам мумкин, чунки мазкур модданинг 4-қисми 5-хатбоши ноаниқ бўлиб турли шарҳлар келтириб чиқариши мумкин. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бизнинг фикримизча, фуқаронинг ҳакамлик судьяси этиб сайлашда (тайинлашда) у низоли ҳуқуқий муносабатларни ҳал этиш бўйича вазифаларни бажаришга розилик беришда шарҳланаётган қисмларга кўра унда ҳакамлик судьяси вазифаларини амалга оширишга тўсиқлик қилувчи асослар йўқлигини хабар қилиши лозим. Бундай асослар мавжудлигида ҳакамлик судьясига даъвогар шахс ўз номзодига раддия билдириши керак.



15-модда. Ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш


Ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш ҳакамлик судьяларини (ҳакамлик судьясини) сайлаш (тайинлаш) орқали амалга оширилади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида ҳакамлик судьялари мазкур ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс томонидан тасдиқланган ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган судьялар орасидан сайланади (тайинланади). Агар ҳакамлик битими тарафи ҳакамлик битими бошқа тарафининг ҳакамлик судьясини (ҳакамлик судьяларини) сайлаш ҳақидаги илтимосини олган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида ҳакамлик судьясини (ҳакамлик судьяларини) сайламаса ёки ҳакамлик битимининг тарафлари ҳакамлик судьясини танлаш тўғрисида келиша олмасалар (низо ҳакамлик судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилаётганда) ёхуд агар ҳакамлик судьялари раислик қилувчи ҳакамлик судьясини тайинлаш тўғрисида ўзлари сайланган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида келиша олмасалар, уларни тайинлаш доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг раиси томонидан ҳакамлик битими тарафларидан бирининг илтимосига биноан ўн кун муддатда амалга оширилади.

Муваққат ҳакамлик судида ҳакамлик судьялари ҳакамлик битими тарафлари томонидан сайланади. Агар ҳакамлик битими тарафи ҳакамлик битими бошқа тарафининг ҳакамлик судьясини (ҳакамлик судьяларини) сайлаш ҳақидаги илтимосини олган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида ҳакамлик судьясини (ҳакамлик судьяларини) сайламаса ёки ҳакамлик битимининг тарафлари ҳакамлик судьясини танлаш тўғрисида келиша олмасалар (низо ҳакамлик судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилаётганда) ёхуд агар ҳакамлик судьялари раислик қилувчи ҳакамлик судьясини тайинлаш тўғрисида ўзлари сайланган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида келиша олмасалар, низо ҳал қилиш учун ваколатли судга топширилади. Бунда ҳакамлик битимининг амал қилиши тугатилади.

Ҳакамлик судьяларининг сони тоқ бўлиши керак.

Ҳакамлик битими тарафлари ушбу модданинг қоидаларига риоя этган ҳолда ҳакамлик судьяларининг сонини ўз хоҳишларига кўра белгилашлари, ҳакамлик суди таркибини шакллантириш тартибини келишиб олишлари мумкин. Агар ҳакамлик битими тарафлари ҳакамлик судьяларининг сонини белгиламаса, ҳакамлик судининг таркиби уч нафар ҳакамлик судьясидан шакллантирилади.

Ҳакамлик муҳокамаси ҳакамлик судининг ҳайъат таркиби томонидан ўтказилаётганда ҳакамлик битимининг ҳар бир тарафи ҳакамлик судьяларини тенг миқдорда сайлайди ва шундай тарзда сайланган ҳакамлик судьялари бошқа ҳакамлик судьясини - раислик қилувчини тайинлайди.


Шарҳланётган модда жуда муҳим ва принципиал аҳамиятга эга, у ҳакамлик муҳокамасининг асос солувчи омили бўлмиш ҳакамлик суди таркибини шакллантириш тартибини аниқлайди.

Шарҳланётган модданинг 1-қисмида ҳакамлик суди таркиби шакланишининг асосий мезони берилган бўлиб, у муайян низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судьялари (судьяси) низолашувчи тарафлар томонидан сайланишидан (тайинланишидан) иборат. Бу мезонда ҳакамлик муҳокамасининг асосий афзаллиги - ҳакамлик судьяси профессионал ва бошқа жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда ўзлари ишонган ҳакамлик судьясини сайлаш (тайинлаш) имконини берувчи танлаш эрки ифода этилган.

Модданинг иккинчи қисми тарафлар фақатгина судни ташкил этган юридик шахс томонидан тасдиқланган ҳакамлар рўйхатидаги ҳакамлик судьяларини танлашлари мумкинлигини кўрсатади. ЎзР “Ҳакамлик судлари тўғрисидаги” Қонунининг ушбу ҳолати тарафларга ҳакамлик судьяларини ўз хоҳишларига кўра рўйхатдан ёки ушбу суднинг ҳакамлик судьялари рўйхатида бўлмаган ҳар қандай бошқа шахсни танлаш имконини берувчи ЮНСИТРАЛ Намунавий Қонун ҳолатидан тубдан фарқ қилади.

Шунинг учун ҳакамлик судини ташкил этувчи юридик шахс ҳакамлик судьялари рўйхатини тузишда судьялар танлови шарҳланаётган моддага биноан мазкур рўйхат билан чегараланишини инобатга олган ҳолда, унга турли мутахассисларни киритиши керак. Бундан ташқари, ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахсга адлия органларини хабардор қилган ҳолда вақти-вақти билан рўйхатни янгилаш ва тўлдириб боришни маслаҳат қиламиз.

Агар тараф ҳакамлик судьясини танламаса (унинг асоссиз сабабларга кўра судьяни танлашдан бош тортиши назарда тутилади, агар сабаблар асосли - касаллик, командировка ва ҳ.к. бўлса, суд тарафга судьяни танлаш учун оқилона муддат беришга ҳақли) 15 кунлик муддат ўтиши билан ҳакамлик судьясини доимий фаолият кўрсатувчи суд раиси 10 кун муддат ичида тайинлайди.

Агар тарафлар томонидан танланган судьялар раислик қилувчи судьяни тайинлаш ҳақида келиша олмасалар, худди шундай тартиб-таомил қўлланилади.

Шарҳланаётган ҳолатлар қонун чиқарувчининг шубҳасиз ютуғи бўлиб ҳисобланади, чунки инсофсиз тарафга низони ҳакамлик судида кўриб чиқилишидан ўзини олиб қочиш имкони йўққа чиқарилади.

Шарҳланаётган модданинг 3-қисмида муваққат ҳакамлик судини (бир маротабали ҳакамлик суди (“ad hoc”) шакллантириш, тарафлар ҳакамлик судьялари рўйхати билан чекланмаганлиги, балки судьяларни ўз ихтиёрларига кўра танлашлари шарти билан, худди доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судидаги тартибда амалга оширилиши кўрсатилган.

Юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, муваққат ҳакамлик судини ташкил этувчи тарафларнинг шартномада бажариши лозим бўлган шарти ёки ҳакамлик битимида қуйидагилар қайд этилиши кераклигини ҳисобга олишлари керак:

- низони ҳал қилиш тартиб-таомили;

- низони ҳал қилиш жойи;

- судни шакллантириш тартиби;

- суд харажатлари миқдори;

- маъмурий-ташкилий ишларни бажарувчи орган ёки ташкилот ҳамда ҳакамлик суди вазифаларининг нормал тарзда амалга оширилиши учун керакли бошқа шартлар.

Амалда тарафлар “Ҳакамлик судлари тўғрисидаги” Қонуннинг 15-моддага биноан муваққат ҳакамлик судини шакллантириш тартиб-таомилини келишадилар. Бироқ, агар тарафлар муваққат ҳакамлик судини шакллантиришнинг тартибини ўзлари ўрнатишга қарор қилсалар, унда ҳакамлик битимида тарафлар “ad hoc” муваққат ҳакамлик суди таркибини шакллантиришнинг шундай тартибини келишишлари лозимки, у низони мазмунига кўра айнан ҳакамлик судида ҳал қилишга имкон берсин, чунки бу тартибдаги ҳар қандай хато ҳакамлик битимининг бекор қилинишига олиб келади.

Агарда муваққат ҳакамлик суди тарафлари судьяни (судьяларни) танлай олмасалар, ёки танланган судьялар раислик қилувчи судьяни танлай олмасалар, низо ваколатли (давлат) судга (бунда бундай ҳолларда судьяни доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Раиси тайинлайдиган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди тартиб-таомилидан фарқ мавжуд) топширилади.

Шу билан бирга муваққат ҳакамлик судида ишни кўришдан аввал ўз ичига бино, котиб, таржимон хизматлари ва бошқалар билан таъминлашни зиммасига олувчи муваққат ҳакамлик суди маъмурияти масаласини келишиб олиш ҳам жуда муҳим ҳисобланади.

Доимий ва муваққат ҳакамлик судида судьялар сони тоқ бўлиши керак. Бу бир, уч, беш нафар ва ҳ.к. судьялар бўлиши мумкин. Чет эл ва ўзимизнинг тажриба кўпчилик ҳолларда уч нафар судья сайланишини кўрсатади.



16-модда. Ҳакамлик судьясини рад қилиш


Ушбу Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган ҳолларда, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳақида арз қилишлари мумкин.

Ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (тайинланиши) мумкинлиги муносабати билан мурожаат этилган шахс ҳакамлик битими тарафларига ўзининг рад қилиниши учун асос бўлувчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақида маълум қилиши керак. Агар кўрсатилган ҳолатлар ҳакамлик муҳокамаси вақтида юзага келган бўлса, ҳакамлик судьяси бу ҳақда дарҳол ҳакамлик муҳокамаси тарафларига маълум қилиши ва ўзини ўзи рад қилиш ҳақида ариза бериши керак.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари сайланган (тайинланган) ҳакамлик судьясининг рад қилиниши учун асос бўлувчи ҳолатлар рад қилинаётган ҳакамлик судьяси сайланганидан (тайинланганидан) кейин ўзларига маълум бўлиб қолган тақдирдагина уни рад қилиш ҳақида арз қилишлари мумкин.


Шарҳланаётган 16-модданинг биринчи қисми ҳавола қилувчи маънога эга, чунки рад қилиш учун асослар Қонуннинг 14-моддасида келтирилган.

Қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган ҳакамлик судьясига талаблар битим тарафлари томонидан ўрнатилган судьяларнинг маълумот ва малакаси, судьяларнинг тарафлардан мустақиллиги, низони холис ҳал этишни таъминлашга қодирлиги, ишнинг ҳал этилишидан билвосита ёки бевосита манфаатдорлиги йўқлигига ва бошқаларга дахлдор. Бунда низонинг холис ҳал этилишини таъминлашда шубҳа масалан, агар ҳакамлик судьяси суд ишида иштирок этаётган шахс ёки унинг вакилининг қариндоши бўлганида юзага келиши мумкин. Қариндошлик одатда бир шахснинг бошқа шахсдан ёки турли шахсларнинг умумий аждоддан ҳамда никоҳ ва оила алоқаларига асосланган одамлар орасидаги алоқа сифатида аниқланади. Қариндошларга фарзандлар, ота-она, болани асраб олувчи, асраб олинган, туғишган ака-ука ва опа-сингил, бувалар, бувилар, набиралар, эр ва хотин, амаки ва тоға, амма ва хола, ўгай она, ўгай ота, ҳамда эр ва хотиннинг юқорида келтирилган қариндошлари киради. Таъкидлаш керакки, қариндошлик факти ўз-ўзидан рад этишга асос бўла олмайди. Ушбу сабаб бўйича рад қилиш талаби қариндошлик низони холис тарзда ҳал этилишига имкон бермаса, билвосита ёки бевосита манфаатдорлик ёки тарафлардан бирига тобелик мавжудлигини аниқланган ҳолда қондирилиши мумкин ва қондирилиши шарт. Билвосита ёки бевосита манфаатдорлик ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатларнинг мавжудлиги масалан, судьянинг низо тарафи ёки унинг вакилидан меҳнат, ташкилий ёки бошқача тобелик мавжудлигини англатади. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлар ишончига асосланганини ҳисобга олган ҳолда судьянинг холислигига бўлган ҳар қандай шубҳа рад қилиш аризасини берувчи фойдасига ҳал этилиши керак.

Судьяни рад қилиш учун яна бир асос мазкур Қонун, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди қоидалари ёки тарафлар битими томонидан ўрнатилган унинг малакасига бўлган талабларга риоя этмаслик бўлади. Масалан, Қонун томонидан ўрнатилган талабларга нисбатан кўпгина ҳакамлик судлари томонидан ҳакамлик судьяси малакасига қатъийроқ талаблар ўрнатилган. Бу ҳолатда ҳакамлик судьяси малакаси ҳакамлик суди Қоидалари ёки тарафлар талабларига мос келмаслиги 14-модданинг 3-қисмига биноан судьяни рад қилиш учун асос бўла олади.

Мазкур моддада фақатгина судья номзоди Қонуннинг 14-моддаси талабларига мос келмаган ҳолатларни, яъни номзоднинг ўзига бўлган талаблар бузилишини ўз ичига олади, бироқ ҳакамлик суди номзоди бу талабларга мос келса-да, лекин унинг тайинланиши (сайланиши) Қонунни ёки ҳакамлик суди Регламентини бузиш билан амалга оширилган ҳолатларни ўз ичига олмайди. (Масалан, барча судьялар ҳакамлик суди Раиси томонидан тарафлар розилигисиз тайинланган).

Мазкур норма императив ҳисоблангани сабабли кенгайтирилган шарҳга ва Қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган рад қилиш асосларидан бошқа асосларни Регламентлар орқали киритилишига йўл қўймайди. Шунга кўра рад қилиш учун Қонун томонидан кўрсатилган асослардан бошқа Регламентлар ҳолатларида келтирилган рад қилиш асослари қонуний кучга эга бўлмайди.

Тарафларга судьяни рад қилиш ҳуқуқини бериш ҳакамлик муҳокамаси ва тарафлар тенг ҳуқуқлилигини етарли даражада кафолатлашга қаратилган. Рад қилиш учун асосларни излаш мажбуриятларини Қонун ҳам ҳакамлик судларининг ўзларига ҳамда ҳакамлик муҳокамаси тарафларига юклайди. 16-модда рад қилиш учун асосларни ўрнатиши сабабли, рад қилишни талаб қилаётган тараф унга асос келтириши лозим. Шундай экан, асосланмаган ҳолда рад қилишга йўл қўйилмайди. Бунда рад қилиш ёки ўзини ўзи рад этиш ҳақидаги ариза судьяни низони ҳал қилишда иштирок этишдан четлаштиришни англатмайди. Рад қилиш ва ўзини ўзи рад қилиш рад қилиш (ўзини ўзи рад қилиш) аризасини кўриб чиқиш натижаларига кўра қаноатлантирилишни (қаноатлантирилмасликни) талаб қилади. Қуйидагича савол туғилади: агар судьяни рад қилиш (ўзини ўзи рад қилиш) ҳақидаги ариза қаноатлантирилмаса, бу ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ижро варақасини беришни рад этиш учун асос бўла оладими? Агар 14-модда талабларига риоя қилинган бўлса, рад қилиш (ўзини ўзи рад қилиш) талаб қилинган ёки қилинмаганлиги аҳамиятга эга эмас. Ёхуд у арз қилинганда, лекин қаноатлантирилмасдан қолса, ҳал қилув қарорини низолашувчи ёки унинг берилишига қарши тараф ушбу ҳолатлар мавжудлигини исбот қилган ҳолда 47-моддага биноан бу ижро варақасини беришни рад этиш учун асос бўла олади. Рад қилиш аризаси берилмагани ёки рад қилиш (ўзини ўзи рад қилиш) аризасини қаноатлантиришни рад этилганлик факти бунда аҳамиятга эга эмас, чунки судья ўзини ўз рад қилиши керак эди, уни кўриб чиқувчи шахслар уни қаноатлантиришлари шарт эди. Шунга кўра, иккала тараф ва биринчи навбатда ҳакамлик судининг ўзи ҳакамлик суди таркиби мазкур Қонун ва тарафлар битими (шу жумладан, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари) талабларига тўлиқ мос келишини таъминлашлари керак.

Таъкидлаш жоизки, ҳакамлик суди таркибини шакллантиришда судьяни танлаш ҳуқуқи ва рад қилиш ҳуқуқи бир-бири билан қарама-қаршиликка кириши мумкин. Бу манфаатлар тўқнашуви ушбу модданинг 3-қисмида ҳал этилган. Ҳакамлик судьясини сайлаган тараф фақатгина унинг рад қилинишига асос бўла олувчи ҳолатларни билмаган тақдирдагина уни рад қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ, агар улар ҳақида сайлаш пайтида билган бўлса, у рад қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бу асос бўйича бекор қилиш хавфидан ҳалос қила олмайди, чунки судьянинг ўзи ўзини ўзи рад қилишни арз қилиши керак эди. Бу ҳолатда ваколатли суд бу қоидабузарлик ушбу судьяни танламаган тарафга нисбатан ноқонуний ҳал қилув қарори қабул қилишга олиб келганлигини аниқлаши керак бўлади.



17-модда. Ҳакамлик судьясини рад қилиш тартиби


Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида ҳакамлик судьясини рад қилиш тартиб-таомили доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларида белгиланиши мумкин.

Муваққат ҳакамлик судида ҳакамлик судьясини рад қилиш тартиб-таомили ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан келишиб олиниши мумкин.

Агар ҳакамлик судьясини рад қилиш тартиб-таомили доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларида белгиланмаган бўлса ёки ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан келишиб олинмаган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳақидаги ёзма аризани рад қилиш сабабларини кўрсатган ҳолда ҳакамлик суди таркибига бериши керак.

Рад қилиниши талаб этилаётган ҳакамлик судьяси рад қилиш ҳақидаги масала кўриб чиқилгунига қадар ўз тушунтиришларини беришга ҳақли.

Агар рад қилиниши талаб этилаётган ҳакамлик судьяси ўзини ўзи рад қилмаса ёки ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафи ҳакамлик судьясини рад қилишга рози бўлмаса, ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳақидаги масала ҳакамлик суди таркибига кирувчи бошқа ҳакамлик судьялари томонидан ҳал этилади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, ҳакамлик судьяси рад қилинган ҳисобланади. Ҳакамлик судининг бутун таркибини рад қилиш ҳақидаги масалалар шу ҳакамлик суди таркиби томонидан оддий кўпчилик овоз билан, низони якка тартибда кўрадиган ҳакамлик судьясини рад қилиш тўғрисидаги масалалар эса шу ҳакамлик судьясининг ўзи томонидан ҳал этилади.


Қонун тарафларга ва доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судига рад қилиш (ўзини ўзи рад қилиш) ҳақидаги аризани кўриб чиқиш тартиб-таомилларини ўз ихтиёрларига кўра ўрнатишни рухсат этади (17-м.). Шу тариқа рад қилинувчи судья ўзининг рад қилиниши ҳақидаги қарор қабул қилишда иштирок этиши (якка тартибда ҳал қилишигача) ҳамда бу масалани ҳал қилиш ҳакамлик судьялари ваколатидан олиб ташланиши (масалан, бошқа тарафнинг арз этилган рад қилишга розилиги унинг қондирилишини англатиши деб қаралади) ҳолатлари ҳам мустасно эмас.

Шарҳланаётган модда рад қилиш аризасининг қайси муддатларда берилиши ҳақида ўта муҳим қоидани белгиламаган. Ўйлаймизки, биринчи суд мажлисидан камида 10 кун аввал суд таркиби ҳақида хабардор қилинишлари шарт, бу уларга биринчи суд мажлисигача рад қилиш ҳуқуқидан фойдаланишга имкон беради. Акс ҳолда уларнинг судьяни рад қилиш ҳуқуқи бузилади. Афсуски, рад қилиш аризаси муддатини ўтказиш оқибатларини тартибга солинмаган. Ушбу муддат ўтиб кетиши ҳолатида ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси принциплари ва процессуал ҳуқуқ умумий принципларига таяниши шарт. Яъни, белгиланган муддатдан кейин арз қилинган рад қилишни ҳал этишда суд бу муддат ўтказилишининг сабабини (асосли, асоссиз) ҳамда кўрсатилган муддатнинг ўтказилиши ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳуқуқини чеклашини текшириш ва зарур бўлса ўтказилган муддатни қайта тиклаши шарт.



18-модда. Ҳакамлик судьясининг ваколатларини тугатиш


Ҳакамлик судьясининг ваколатлари ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг келишувига биноан, ушбу Қонуннинг 14, 16 ва 17-моддаларига мувофиқ ҳакамлик судьясининг ўзини ўзи рад қилиши ёки рад қилиниши муносабати билан, шунингдек ҳакамлик судьяси вафот этган тақдирда тугатилиши мумкин.

Ҳакамлик судьясининг ваколатлари муайян низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин тугатилади. Ушбу Қонуннинг 40, 41 ва 42-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ҳакамлик судьясининг ваколатлари тикланади, кўрсатилган моддаларда назарда тутилган ҳаракатлар амалга оширилганидан сўнг тугатилади.


Ҳакамлик судьясининг ваколатларини тугатиш деганда унинг ҳакамлик судьяси сифатида сайланиш имконидан маҳрум бўлишини эмас, балки фақатгина муайян низо бўйича ваколатларининг тугатилишини тушуниш керак. Бу Қонуннинг 3-моддасида берилган “ҳакамлик судьяси” тушунчасини низони ҳал қилиш учун сайланган ёки тайинланган фуқаро сифатида аниқловчи ҳакамлик судьяси изоҳи билан мос келади. Шу тариқа судьянинг ваколатлари низонинг моҳиятига кўра ҳал қилиниши билан тугатилади ва фақатгина қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилишда, ҳал қилув қарорини тушунтириш ёки қабул қилинган ҳал қилув қарорининг хато ва арифметик хатоларини тузатишда тикланиши мумкин.

Шарҳланаётган модда ҳакамлик судьяси ваколатларини унинг рад қилиниши (ўзини ўзи рад қилиши) ва тарафлар келишуви билан боғлиқ асосларга кўра ҳам тугатишни қайд этади. Хакамлик суди ваколатининг бу тарзда тугатилиши имконияти табиий ва зарур бўлиб, у тарафларнинг келишуви билан амалга оширилади. Чунки бу ҳуқуқнинг алоҳида қайд этилишисиз ҳам тарафлар ўзларининг ҳакамлик битимларини (шартномани ҳам) ҳакамлик шартини ҳар қандай тарзда бутунлай олиб ташлашгача ўзгартиришлари мумкин эди.



19-модда. Ҳакамлик судьясини алмаштириш


Ҳакамлик судьясининг ваколатлари тугатилган тақдирда, бошқа ҳакамлик судьяси алмаштирилаётган ҳакамлик судьяси сайланаётганда (тайинланаётганда) қўлланилган қоидаларга мувофиқ сайланади (тайинланади).


Мазкур модда ҳакамлик судьяси ваколатини тугатишда келиб чиқадиган вазиятни бартараф этишни мақсад қилади. Бу ҳолатда четлаштирилаётган судья уни сайлашда қўлланилган қоидаларга риоя қилинган ҳолда янги судья билан алмаштирилади. Яъни, агар алмаштирилаётган судья қайси тараф томонидан тайинланган бўлса, айнан шу тараф янги судьяни танлаши керак, агар у суд томонидан тайинланган ёки судьялар томонидан сайланган бўлса янги судья худди шу тартибда сайланади.

“Алмаштирилаётган судьяни тайинлашда қўлланилган” қоидалар деганда фақатгина (шунчаки) алмаштирилаётган судьяни тайинлаш тартиб-таомилини эмас, балки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ёки муваққат ҳакамлик судида тарафлар томонидан белгиланган ҳакамлик судьяларини тайинлаш қоидалари тушуниш лозим. Шунга кўра, ушбу қоидалар масалан, асосий судья ваколатларининг тугатилиши ҳолатида автоматик ҳолда унинг ўрнини алмаштирувчи захирадаги судьяни кўзда тутиши мумкин. Агар бундай тартиб-таомил мавжуд бўлмаса, суд тартибини шакллантириш тартиб-таомили барча муддат ва процессуал қоидаларга риоя қилган тарзда, суд таркиби қисман шакллантирилганлиги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда қайтадан амалга оширилиши керак. Шунинг учун бундай алшмаштиришнинг мажбурий шарти у ҳақида ҳакамлик муҳокамасининг барча тарафларини уларнинг ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳуқуқини амалга оширишини таъминлаш учун хабардор қилишдир.




4-БОБ. НИЗОНИ ҲАКАМЛИК СУДИДА

ҲАЛ ҚИЛИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ХАРАЖАТЛАР


20-модда. Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш

билан боғлиқ харажатлар таркиби


Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳакамлик судьяларининг гонорари;

ҳакамлик муҳокамасини ташкилий, моддий жиҳатдан ва бошқача тарзда таъминлаш харажатлари;

ҳакамлик судьяларининг ҳакамлик муҳокамасида иштирок этиши билан боғлиқ харажатлари, шу жумладан, низони кўриб чиқиш жойига бориб келиш учун тўланадиган йўл ҳақи харажатлари;

ҳакамлик судьяларининг ёзма ва ашёвий далилларни мазкур далиллар турган жойда кўздан кечириш ҳамда текшириш билан боғлиқ харажатлари;

экспертлар ва таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар;

гувоҳлар томонидан сарфланган харажатлар;

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори тарафлардан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф вакилининг хизматлари ҳақини тўлаш харажатлари;

ҳакамлик суди томонидан белгиланадиган бошқа харажатлар.

Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган харажатларни қилиши ҳакамлик муҳокамаси қоидаларида белгиланмаган бўлса, бундай харажатлар ҳакамлик суди харажатлари таркибига киритилади.


Мазкур моддада бирмунча кенг тарқалган харажатлар турлари санаб ўтилган, лекин бу рўйхат ҳакамлик суди учун очиқ қолдирилган ва тўлиқ охирги эмас. Шу тарзда юқорида кўрсатилган харажатлар қаторига муайян ҳолда тарафлар томонидан далиллар олиш билан боғлиқ харажатлар, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг сайёр мажлисини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, суд томонидан ҳал қилув қарорлари ва бошқа ҳужжатлар нусхаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар, муваққат ҳакамлик судлари бошқариш учун тайинланган орган хизматларини тўлаш бўйича харажатлар, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ ҳакамлик суди ёки тарафлар қилиши мумкин бўлган бошқа харажатлар санаб кўрсатилган.

Суд харажатлари миқдори ҳақидаги масалани тартибга солиш доимий фаолият кўрсатувчи суд ёки муваққат ҳакамлик суди эканлигидан келиб чиққан ҳолда турлича ҳал этилади.

Муваққат ҳакамлик суди доимий фаолият кўрсатувчи тизим эмаслиги, балки тарафлар ихтиёрига кўра бир ишни ҳал қилиш учун йиғилган жисмоний шахслар гуруҳи эканлиги сабабли, табиийки, уларнинг низони ҳал қилиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилиш тарафларга юклатилади. Низони муваққат ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳакамлик битимида келишилиши мумкин.

Доимий фаолият кўрсатувчи суд умуман ўзга ҳол. Агар низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни тарафлар қилиши доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари билан белгиланмаган бўлса, бундай харажатлар ҳакамлик тушуми суммасига киритилади.

Шубҳасиз, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкилотчилари низони ҳал қилиш учун ҳакамлик тушумини белгилайдилар. Бироқ кўрсатилган тушум суммасида низонинг ҳакамлик судида ҳал қилиниши билан боғлиқ бўлган барча харажатлар олдиндан кўзда тутилиши мумкин эмас. Шу сабабли, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларида ҳакамлик тушумини тўлашдан қатъи назар, тарафлар тўлаши керак бўлган харажатлар рўйхатини кўрсатиш керак. Бундан ташқари доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларида ҳакамлик тушумига изоҳ бериш ва ҳакамлик тушуми суммасига киритиладиган харажатлар рўйхатини кўрсатиш керак.

Одатда, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларида ҳакамлик тушуми суммасига ҳакамлик судьялари гонорарларини тўлаш ва ҳакамлик муҳокамасини ташкилий, моддий ва бошқа тарзда таъминлаш бўйича харажатлар киритилади. Ҳакамлик суди белгилайдиган бошқа харажатларни тарафлар қўшимча тарзда тўлайдилар.

Фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари (Тошкент, Самарқанд, Андижон ш.) тажрибасининг таҳлили кўрсатдики, судлар ҳакамлик тушумини даъвогар томонидан даъво аризасини топширишда тўланишини талаб қиладилар. Айтиб ўтилган ҳакамлик судлари Регламентларида даъвогар томонидан ҳакамлик тушумини тўлаганликни тасдиқловчи ҳужжатлар даъво аризасига илова қилиниши шарт эканлиги белгиланган.

Низони Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар сўмда тўланади. Даъво талаблари турли валюталарда арз қилинганда ҳам тушум сўмда тўланади. Чет эл валюталарини сўмга ҳисоблаш даъво аризасини топшириш вақтида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалда бўлган курсига кўра амалга оширилади.

Мулкка оид бўлмаган аризалардан ҳакамлик тушумини Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисидаги” Қонуни томонидан белгиланган тегишли давлат божининг 50% миқдорини тўлашни, мулкка оид аризалардан эса ҳакамлик суди томонидан белгиланган ҳакамлик тушумлари миқдорида тўлашни таклиф қиламиз. Харажатларнинг бундай схемаси энг оптимал, ҳакамлик муҳокамаси принциплари ва барча манфаатларга мос келади деб ҳисоблаймиз.

Ҳакамлик муҳокамасининг ташкилий, моддий ва бошқа таъминоти харажатлари деганда суд биноси (офиси) ижараси ва таъминоти, қоровуллаш, тозалаш, компьютер ва нусха кўчириш техникасини таъминлаш, канцелярия моллари харажатлари тушунилади. Ҳакамлик суди Раиси, котиб ва суднинг бошқа техник ходимлари маоши тегишли қисмда кўрсатилган харажатлар турига киритилади.

Судьялар томонидан қилинган харажатлар алоҳида ўрин тутади. Булар асосан судьяларнинг бошқа шаҳардан келиши, уларнинг меҳмонхонада яшаши, овқатланиши харажатларидир. Бунга офисдан чиқиб жойларда далилларни топиш ва жойида уларни кўздан кечириш ва текширишга бориш харажатлари киради (масалан, товарни кўздан кечириш учун товар омборига бориш).

Агар суд жараёнига суд эксперти, таржимон, гувоҳ ва бошқа шахсларни жалб қилган бўлса, суд улар томонидан қилинган йўл юриш, овқатланиш харажатлари (бошқа шаҳарликлар учун меҳмонхона), судда ўтказган кунлари учун тўланадиган ўртача маошлари ва эксперт ва таржимонлар учун белгиланган миқдорда ёки улар билан тузилган шартномага асосан тўловларни таъминлаши керак.

Бошқа харажатлар деганда одатда, аввалдан билиш мумкин бўлмаган қўшимча кўзда тутилмаган харажатлар тушунилади, масалан, судьяни кутилмаган ҳолда касалхонага жойлаштириш ва унинг даволаниши учун харажатларни қисман қоплаш, рейснинг кечиктирилиши туфайли гувоҳнинг келиши учун сарфланган қўшимча харажатлар ва ҳ.к.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Регламентига асосан, ҳакамлик тушумлари, ҳакамлик суди сарф ва харажатлари тарафлар томонидан ҳакамлик суди банки ёки ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ҳисоб рақамига тўланади. Пул маблағлари банк ҳисобига келиб тушганидан пайтдан эътиборан тўлов амалга оширилган деб ҳисобланади. Мазкур пул маблағлари ҳакамлик судини ташкил этган ва ҳакамлик суди фаолиятини ташкилий ва моддий таъминловчи юридик шахс мулки ҳисобланмайди ва фақатгина ҳакамлик суди фаолияти билан боғлиқ умумий харажатларни қоплаш учун ишлатилиши мумкин.

Юқорида келтирилган харажатларнинг якуний суммаси тарафлар тақдим этган далиллар асосида ҳакамлик суди томонидан аниқланади ва ҳал қилув қарорида ёки ҳакамлик суди ажримида кўрсатилади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди тушумлари, харажатлари ва сарфларини ҳисоблаш ва тақсимлаш ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ёки ҳакамлик суди томонидан тасдиқланган ҳакамлик тушумлари, харажатлари ва тарафлар сарфлари ҳақидаги Низомга асосан амалга оширилади. Ҳакамлик суди томонидан ишни кўриб чиқиш бошланишидан аввал тарафлар ушбу Низом билан таништириб чиқишлари керак.

Ҳакамлик тушумлари ҳақидаги Низомнинг низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар таркибига суд муҳокамасининг бошланишига қадар ҳакамлик суди воситачилиги орқали тарафларни яраштириш амалга оширилгандаги яраштириш тартиб-таомили харажатларини киритиш мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз (муайян фоиз, масалан, низони кўриш учун ҳакамлик тушумлари миқдоридан 20%). (Яраштириш тартиб-таомиллари ҳақида кенгроқ тарзда шарҳларга иловаларда келтирилган.)



21-модда. Ҳакамлик судьялари гонорарининг миқдори


Ҳакамлик судьялари гонорарининг миқдори даъвонинг баҳоси, низонинг мураккаблиги, ҳакамлик судьялари ҳакамлик муҳокамаси учун сарфлаган вақт ва гонорар миқдорига таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида ҳакамлик судьялари гонорарининг миқдори ҳакамлик суди таркиби томонидан ҳакамлик судьяларининг доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларида назарда тутилган ҳакамлик судьялари гонорарлари шкаласига мувофиқ, бундай шкала бўлмаган тақдирда эса, ушбу модданинг биринчи қисми талаблари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Муваққат ҳакамлик судида ҳакамлик судьялари гонорарининг миқдори ҳакамлик муҳокамаси тарафлари келишуви бўйича ва ушбу модданинг биринчи қисми қоидалари ҳисобга олинган ҳолда ҳакамлик суди томонидан белгиланади.

Ҳакамлик судьясининг гонорарига қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ солинади.


Ҳакамлик судьялари гонорари миқдори одатда ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ёки ҳакамлик судининг ўзи томонидан тасдиқланган ҳакамлик тушумлари, харажатлари ва ҳакамлик суди сарфлари ҳақидаги Низомда ҳакамлик тушумининг умумий миқдорига фоиз нисбатида белгиланади.

Ҳакамлик судьяларига гонорар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари тўлаган тушум ҳисобидан амалга оширилади. Ҳакамлик тушуми - судда кўриш учун қабул қилинган ҳар бир иш бўйича олинадиган ва ҳакамлик муҳокамасини таъминлаш бўйича ташкилий, моддий харажатларни қоплаш учун сарфланадиган пул маблағлари йиғиндиси (ҳакамлик судьялари гонорарлари, масъул котиб ва техник ходимлар учун мукофот, бино ижараси, канцелярия моллари, алоқа хизматлари харажати ва ҳ.к.) ҳисобланади.

Ҳакамлик судьялари учун гонорар фақатгина агар суд томонидан якуний суд акти ҳужжати қабул қилинишидан кейин белгиланган муддат мобайнида иш бўйича ҳакамлик суди мажлиси бўлиб ўтган ҳолатда амалга оширилади. Муддатлар доимий фаолият кўрсатувчи суд Қоидаларига биноан белгиланади.

Ҳакамлик судьялари гонорарлари ёки тарафлар битими, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ёки ҳакамлик тушумлари ҳақидаги Низомда белгиланган шкалага асосан белгиланади ва аниқланади.

Ҳакамлик судьяси гонорари миқдори даъво баҳоси, низо предметининг мураккаблиги, ҳакамлик судьялари ҳакамлик муҳокамаси учун сарфлаган вақт ва ишга оид бошқа ҳолатларга нисбатан мувофиқ бўлиши керак. Бундай ҳолатларга муайян низони ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган ҳакамлик судьяларининг ҳар қандай ҳаракатлари киритилиши мумкин.

Гонорар ҳакамлик судьяларининг даромади эканлиги сабабли, гонорар миқдори солиқ солиш мақсадлари учун ЎзР Солиқ Кодексининг 44-59-моддаларига биноан жисмоний шахслар умумий йиллик даромадига киритилиши керак.

ЎзР Адлия Вазирлиги томонидан 06.04.2004 й. 1333-сон билан рўйхатга олинган “Ягона ижтимоий тўловни ҳамда давлат ижтимоий суғуртасига мажбурий бадаллар ва ажратмаларни ҳисоблаш, тўлаш ва тақсимлаш тўғрисидаги Низом”нинг 7-қисмига асосан, ҳисобланган гонорар суммасидан юридик шахс ҳисобидан ягона ижтимоий тўлов олиниши керак. Бундан ташқари, фуқаролардан ҳисобланган гонорар суммасидан 2,5% миқдорда нодавлат пенсия фондига пул чегириб қолиш лозим.

Бироқ, ишни кўришдан аввал ҳакамлик шартида гонорар миқдорини аниқлаш, асосан муваққат ҳакамлик суди учун дахлдор бўлиб мураккаб жараён ҳисобланади, чунки низолашувчи тарафлар ва ҳакамлик судьялари розилигини талаб қилади, акс ҳолда ҳакамлик битими тузилмаслиги мумкин, ёки сайланган судьялар ўзини ўзи рад қилишга арз қилишлари мумкин. Шунга асосан, гонорарлар миқдорини аниқлашда тарафлар ва муваққат ҳакамлик судьялари ҳакамлик судьялари гонорарлари шкаласини ўрнатувчи доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Қоидаларини қўллашлари мумкин.

Одатда бундай шкала ҳакамлик тушуми суммасига нисбатан фоиз нисбатида ўрнатилади. Кўрсатилган фоиз нисбати доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари томонидан ўрнатилган низони ҳал қилиш тартиб-таомилида ҳакамлик судьяси қандай вазифаларни бажариши ҳамда низони ҳал қилувчи ҳакамлик судьялари сонига нисбатан турли миқдорларда белгиланади.

Шу тариқа доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг баъзи Қоидаларида раислик қилувчи ҳакамлик судьясининг гонорари миқдори бошқа судьяларникига қараганда юқорироқ. Чунки, ушбу Қоидаларда белгиланган тартиб-таомилга кўра раислик қилувчи судья суд мажлисини олиб боради, бошқа судьяларнинг иш бўйича хулосаларини умимийлаштиради, ҳал қилув қарорининг ёзма лойиҳасини тузади ва уни бошқа судьялар билан келишади ва ҳ.к.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларида юқорида кўрсатилган вазифаларнинг бир қисмини маърузачиларга бериш ҳам кўзда тутилиши мумкин. Хусусан: суд мажлисида иш материалларини маъруза қилиш, лойиҳани тайёрлаш ва ёзма ҳал қилув қарорини келишиш ва ҳ.к. Бу ҳолда ҳакамлик судьяси гонорарлари миқдори маърузачига гонорар тўлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Амалиётда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларида ҳакамлик судьялари гонорарларини аниқлашнинг ҳар иккала схемаси қўлланилади. Тарафлар учун ягона ҳакамлик судьясига гонорар тўлаш билан фойдали бўлган шу тарзда харажатлар кам бўлиши мумкин бўлган якка ҳакамлик судьясини тайинлаш схемаси ҳам кенг тарқалган. Бунда якка ҳакамлик судьяси гонорари ҳам ҳакамлик йиғимлари суммасига нисбатан фоиз нисбатда ўрнатилади. ҲМЎМ қошидаги Ҳакамлик суди тарафлари ҳакамлик тушумлари, харажатлари ва чиқимлари ҳақидаги Низом орқали ишни якка тартибда олиб борувчи ҳакамлик судьяси гонорари - ҳакамлик тушуми суммасининг 25% миқдорида белгиланади.

Юридик шахс қошида фаолият кўрсатувчи доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари ушбу юридик шахс томонидан тасдиқлангани сабабли, гонорарлар шкаласи миқдорлари ҳам ушбу юридик шахс томонидан белгиланади.

Таъкидлаш керакки, тарафлар ҳакамлик битимида доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларида назарда тутилган тартиб-таомиллардан ўзга тартиб-таомилларни ўрнатишлари мумкин, шу жумладан, гонорарлар миқдорини ҳам. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ушбу тартиб-таомиллар ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонун қоидаларига зид бўлиши мумкин эмас (шарҳланаётган Қонуннинг 25-моддаси).

Ҳакамлик судьялари гонорарлари миқдори доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларида ҳам, ҳакамлик битимида ҳам, шу жумладан, муваққат ҳакамлик суди ҳақидаги битимда ҳам белгиланмаган ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтиш зарур.

Бундай ҳолатларда ҳакамлик судьялари гонорарлари миқдори ҳакамлик суди таркиби томонидан шарҳланаётган модданинг 1-қисми талабларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Бунда ҳакамлик судьялари гонорарлари миқдорини аниқлаш бўйича ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори якуний бўлиб муайян низо бўйича қабул қилинадиган ҳал қилув қарорига тааллуқли эмас ва шу сабабли унинг миқдори хусусида шикоят қилиниши мумкин эмас.



22-модда. Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш

билан боғлиқ харажатларни тақсимлаш


Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида тақсимлаш ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг келишувига мувофиқ, бундай келишув бўлмаган тақдирда эса, қаноатлантирилган ва рад этилган талабларга мутаносиб равишда амалга оширилади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тарафнинг вакили хизматларига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар, шунингдек низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ бошқа харажатлар, агар қилинган харажатларни қоплаш ҳақидаги талаб ҳакамлик муҳокамаси пайтида билдирилган ва ҳакамлик суди томонидан қаноатлантирилган бўлса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорига мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига юкланиши мумкин.

Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларнинг тақсимланиши ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ёки ажримида кўрсатилади.


Шарҳланаётган модда ҳам доимий фаолият кўрсатувчи, ҳам муваққат ҳакамлик судлари учун суд харажатларини тақсимлашнинг ягона тартибини ўрнатади. Юқорида келтирилган тартибнинг моҳияти суд харажатлари қаноатлантирилган ва рад этилган талабларга мутаносиб равишда тақсимланишидан иборат.

Бироқ суд харажатларини тақсимлашнинг мазкур тартиби фақатгина тарафлар суд харажатларини бошқа тарзда тақсимлаш тартибини келишмаган ҳолатда амал қилади. Қонун суд ишида қатнашувчи шахсларнинг ҳакамлик суди томонидан ўрнатилган қоидалардан фарқланувчи улар келишган битимга кўра суд харажатларини тақсимлаш ҳуқуқини назарда тутади. Бундай битим мавжудлигида суд суд харажатларини унга мувофиқ тақсимлайди ва унинг мазмунини ҳал қилув қарорида кўрсатади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари баъзи Қоидалари бир тарафнинг нотўғри ёки ноқонуний амаллари натижасида юзага келган ёки бирор тараф суд ажримини бажармаган ёки судга нисбатан ҳурматсизлик билдирган ва бошқа ҳолатларда тартиб бузувчи тарафга суд харажатларининг юклатилиши имконини назарда тутади. Агар тарафлар доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларида ўрнатилган тартиб-таомилларни муваққат ҳакамлик суди учун қўллашни келишиб олган ҳолда суд харажатларини тақсимлашнинг худди шундай принципи низони муваққат ҳакамлик судида ҳал қилишда ҳам қўлланиши мумкин.

Шу билан бирга доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари суд харажатларини тақсимлашнинг схемаси ўрнатилганлигига қарамасдан, тарафлар ўз ихтиёрларига кўра суд харажатларини тақсимлаш схемасини ҳакамлик битими ёки алоҳида битимда ўзгартиришлари мумкин.

Бундай битим фақатгина ҳакамлик суди томонидан якуний ҳал қилув қарори ёки ажрим қабул қилинишидан аввал тузилиши мумкин. Ҳакамлик суди томонидан якуний ҳал қилув қарори ёки ажрим қабул қилинишидан кейин тузилган битим ҳақиқий эмас.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари ёки тарафлар битимида ҳакамлик судида суд харажатларини тақсимлаш масаласини ҳал қилиш низони ҳал қилувчи ҳакамлик суди таркиби ваколатигагина берилиши мумкин. Бунда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари ёки тарафлар битимида суд таркиби томонидан суд харажатларини тақсимлашнинг алоҳида шартлари ўрнатилиши мумкин.

Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларнинг тақсимланиши ҳакамлик судининг якуний ҳал қилув қарорида ёки ажримида кўрсатилади.

Ҳал қилув қарори ёки ажримнинг кўрсатиб ўтилган (харажатларни тақсимлаш ҳақидаги) қисми харажатларни қоплаш юклатилган тараф томонидан ихтиёрий тарзда ижро этилиши керак. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ёки ажримининг юқорида айтиб ўтилган қисми ҳал қилув қарори ёки ажримда кўрсатилган муҳлатда ихтиёрий тарзда ижро этилмаган ҳолда, ҳакамлик судлари тўғрисидаги Қонуннинг 50-моддасида белгиланган тартибда мажбурий ижро этилиши керак.

Шубҳасиз, кўпинча ҳакамлик тушуми шаклидаги суд харажатлари жавобгарлардан мажбурий тарзда олинади, чунки одатда даъвогарлар ҳакамлик тушумини олдиндан тўлайдилар.

Бироқ баъзи доимий фоалият кўрсатувчи ҳакамлик судларининг Қоидалари томонидан ҳакамлик тушумини кейинчалик ундириш шарти билан ушбу ҳакамлик тушумини тўлаш муҳлатини чўзиш тартиб-таомили кўзда тутилади.

Муайян ҳолатларда бундай ёндашув мақсадга мувофиқдир, акс ҳолда баъзан вақтинчалик пул маблағлари йўқлиги сабабли, ҳакамлик битимини тузган тараф ўзининг бузилган ёки низоли фуқаролик ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.

Шуни инобатга олиш керакки, ҳакамлик тушуми суммасига ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ барча харажатлар ёки уларнинг бир қисми киритилиши мумкин (Қонуннинг 20-моддасига Шарҳни қаранг), шунинг учун тўлов муҳлатини чўзиш доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик тушуми тўлангандан кейингина берилади.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тарафнинг вакили хизматларига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар, шунингдек низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ бошқа харажатлар, агар қилинган харажатларни қоплаш ҳақидаги талаб ҳакамлик муҳокамаси пайтида билдирилган ва ҳакамлик суди томонидан қаноатлантирилган бўлса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорига мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига юкланиши мумкинлиги ҳақидаги императив норма белгиланган.

Қонун моҳиятига кўра ҳакамлик муҳокамаси тарафи ушбу ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ харажатларни айбдор тараф ҳисобидан қопланишини талаб қилмаса, ушбу харажатлар унинг ўзининг ҳисобига тегишли эканлигини белгилади.

Баён этилганларни ҳисобга олган тарзда, манфаатдор тараф ҳакамлик судига ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ харажатларни айбдор тараф ҳисобидан ундириш ҳақида унда сарф қилинган харажатлар суммаси асослаб кўрсатилган ва исботлар келтирувчи иловаси билан ариза ёки илтимоснома бериши керак. Бундай талаб ушбу харажатларни тақсимлаш ҳақида кўрсатилган ҳакамлик судининг якуний ҳал қилув қарори ёки ажрими қабул қилинишидан аввал ҳакамлик муҳокамасининг ҳар қандай босқичида берилиши мумкин.

Шу тариқа, суд харажатларини тақсимлаш асосига низодаги ноҳақ тараф ҳисобидан ҳақ тараф ҳисобига қоплаш принципи қўйилган. Шунга кўра, низони ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар бошқа тарафнинг таклифини қабул қилишдан асоссиз бош тортган тараф, ёки агар низони ҳакамлик судида кўришда ҳакамлик суди томонидан ҳар бир тараф таклифларининг қисми рад этилган ҳолда ҳар иккала тарафга юклатилади. Шу тариқа, агар тарафлар ўртасидаги низолар қисман бир тараф, қисман иккинчи тараф фойдасига ҳал қилинган бўлса, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳакамлик суди томонидан ҳар бир тараф таклифлари сони ва моҳиятини ҳисобга олган ҳолда ҳар иккала тарафга юклатилади. Суд ишида иштирок этувчи шахс томонидан ишни ҳакамлик судига кўришга топширилишидан аввалги низони тартибга солишнинг суддан олдинги (даво билдириш) тартибини бузиши оқибатида ҳакамлик судида суд иши юзага келиши мумкин. Бу тартиб мазкур тоифадаги низолар учун қонун ёки шартномада назарда тутилган бўлиши мумкин. Суд ишида иштирок этувчи шахс томонидан ишни ҳакамлик судига кўришга топширилишидан аввалги низони тартибга солишнинг судловдан олдинги (тақдимий) тартибини бузиши оқибатида ҳакамлик судида суд иши юзага келиши низо натижасидан қатъи назар, унга суд харажатларини юклашни келтириб чиқариши мумкин. Шу тариқа, қонун ёки шартномага кўра қарздор унга қилинган даъвога жавоб бериши керак бўлса-ю, у бундай жавобни бермаса, унга қилинган даъвога кўра эса ҳакамлик судига даъвогарга маълум бўлмаган ва маълум бўла олмаган даъво талабларининг нотўғри эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этса, жавобгарнинг айбига кўра даъвогар судга мурожаат қилгани ва ҳакамлик судида суд иши юзага келгани сабабли даъвони қаноатлантиришни рад этишда ҳакамлик тушумлари харажатлари жавобгардан талаб қилиниши мумкин. Бу ҳолатда низонинг қандай тарзда якунланишидан қатъи назар, ишни ҳакамлик судигача олиб келган тарафга суд харажатларини юклаш қонун ёки шартномада ўрнатилган суддан олдинги низоларни ҳал қилиш (даъво қилиш тартиби) тартибини бузган шахсларга қарши қаратилган.

Ҳакамлик суди томонидан белгиланган экспертизани ўтказиш, гувоҳ чақириш, далилларни жойда кўздан кечиришни таъминлаш харажатлари ҳамда суд ҳужжатини ижро этиш билан боғлиқ харажатлар ҳакамлик тушуми харажатларини тақсимлаш тартибига ўхшашдир. Қонун суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш умумий тартибларидан фарқли тарзда тарафларнинг ўзларига суд харажатларини улар тузган битим асосида тақсимлаш ҳуқуқини беради. Агар бундай битимга эришилган бўлса, ҳакамлик суди суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги ҳал қилув қарорини ушбу битимга асосан қабул қилади.

Тажриба суд харажатлари ҳақидаги масала ҳар доим ҳам ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида ҳал бўлмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларда ҳакамлик суди шарҳланаётган Қонуннинг 40-моддаси белгилаган тартибда қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилади.



23-модда. Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан

боғлиқ харажатларни бўнак тарзида қоплаш


Ҳакамлик суди низо кўриб чиқилгунига қадар ушбу Қонуннинг 20-моддасида кўрсатилган харажатларни қоплаш учун муайян суммани бўнак сифатида киритишни даъвогардан талаб қилишга ҳақли. Агар бу тўлов даъво аризаси берилган кундан эътиборан ўн кун ичида амалга оширилмаса, ҳакамлик суди даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.


Ҳакамлик суди даъвогардан ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун муайян суммани бўнак сифатида аввалдан тўлашни талаб қилиши мумкин.

Агар талаб қилинган бўнак даъво аризаси берилган кундан эътиборан ўн кун ичида тўланмаса, ҳакамлик суди даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин. Аввалги (20-22) моддаларга берилган шарҳларда биз одатда Ўзбекистонда ҳакамлик судлари даъвогарни ҳакамлик харажатларининг 100 фоизини олдиндан тўлашни мажбур этадилар даъво аризасини ҳакамлик тушуми тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатсиз қабул қилмасликларини таъкидлаб ўтган эдик.

Давлат судларидан фарқли равишда ҳакамлик суди суд харажатлари кимга юкланишидан қатъи назар, тарафлар харажатларни тўлашга қодир эканликларига амин бўлса, ҳакамлик муҳокамаси харажатларини тарафлар бўнак сифатида тўламаганликларида ҳам даъво аризасини қабул қилишга ва низони кўриб чиқишга ҳақли. Тарафнинг унга суд томонидан юклатилган суд харажатларини тўлашдан бош тортиши ҳолатида ваколатли судда ижро варақасини олиш орқали мажбурий ундириб олиш мумкин.

Суд харажатларини бўнак сифатида тўлаш ҳакамлик судига мурожаат қилган даъвогар суд ишини муҳокамага тайёрлаш даврида ёки муҳокама босқичида, аммо суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинишигача қандайдир сабабга кўра муҳокамада иштирок этишдан бош тортиши мумкинлиги муаммоси билан ҳам боғлиқ. Бундай ҳолатларда ҳакамлик судлари ўз Регламентига асосан, бўнак сифатида ўтказилган тўловлар суммасининг 25% дан 50% гача миқдорини ушлаб қоладилар, бу суднинг қилган харажатларини қоплашга имкон беради.




5-БОБ. ҲАКАМЛИК МУҲОКАМАСИ


24-модда. Ҳакамлик судининг ваколати


Ҳакамлик суди ўз ҳал қилувига топширилган низони, шу жумладан, ҳакамлик битими йўқлиги ёки ҳақиқий эмаслиги сабабли ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири ҳакамлик муҳокамасига қарши эътироз билдирган ҳолларда низони кўриб чиқишга ваколати борлиги ёхуд йўқлиги ҳақидаги масалани мустақил равишда ҳал этади. Шу мақсадда шартнома шарти тарзида расмийлаштирилган ҳакамлик битими шартноманинг бошқа шартларига боғлиқ бўлмаган битим сифатида кўриб чиқилиши керак. Ҳакамлик судининг шартни қамраб олган шартноманинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги хулосаси ушбу шартнинг қонунга биноан ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келмайди.

Низо ҳакамлик суди томонидан мазмунан кўриб чиқилгунига қадар ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судида ўз ҳал қилувига топширилган низони кўриб чиқишга ваколат йўқлиги ҳақида арз қилишга ҳақли.

Агар кўриб чиқилиши ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёхуд қонунга ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларига мувофиқ ҳакамлик муҳокамаси предмети бўла олмайдиган масала ҳакамлик муҳокамаси давомида ҳакамлик муҳокамаси предметига айланса, ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик суди ўз ваколатидан четга чиққанлиги ҳақида арз қилишга ҳақли.

Ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафининг ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ берилган аризасини кўриб чиқиши шарт. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Агар ҳакамлик суди ўз ваколати ҳақидаги масалани кўриб чиқаётганда низони кўриб чиқишга ҳакамлик судида ваколат йўқлиги тўғрисида ажрим чиқарса, ҳакамлик суди низони мазмунан кўриб чиқиши мумкин эмас.


Ҳакамлик суди ҳал қилиши лозим бўлган дастлабки масалалардан бири мазкур низони ҳал қилиш бўйича ваколатга эгалиги ёки ваколати йўқлиги тўғрисидаги масаладир. Ушбу масала ҳакамлик муҳокамаси жараёнида кўп маротаба келиб чиқиши мумкин. Илк маротаба бу масала судда ишлаб чиқаришга даъво аризаси қабул қилиш босқичида кўтарилади ва даъвогарнинг даъво аризасининг мазкур ҳакамлик судига дахлсизлиги ёки бу судда кўрилишга тегишли эмаслиги сабабига кўра кўриб чиқилиши мумкин эмаслигини кўрсатишга ҳақли бўлган ҳакамлик суди Раиси (ёки раис муовини) томонидан тегишли ҳал қилув қарори қабул қилиш билан ҳал этилади. Агар тараф даъво аризасини қабул қилишни қатъий талаб қилса, унда суд Раиси уни қабул қилишга мажбур, лекин жараён бошланиши ва ҳакамлик суди томонидан мазкур низони кўриб чиқишга ҳақли эмаслиги тан олинган ҳолда, тарафни суд ишига тайёргарлик ва судьялар чақиришга сарфланган суд харажатларини тўлашга мажбур бўлиши ҳақида огоҳлантириб қўйиши шарт (23-модда шарҳига қаранг).

Ушбу масалани ҳал қилиш учун Қонун бир нечта қоидаларни белгилайди. Биринчидан, ваколат тўғрисидаги масала суднинг ўзи томонидан ҳал этилиши лозим. Иккинчидан, суд ўз ҳал қилув қарорини суд ҳужжати билан расмийлаштиради: агарда у ушбу масалани мазмуни бўйича кўриб чиқмаса ажрим билан, агарда ҳал қилув қарори чиқаришда у ҳал бўлса, ҳал қилув қарори билан.

Ваколат тўғрисидаги масала ҳал этилганда икки ҳолатни ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу унинг бутунлай йўқлиги ёки унинг чегараларидан четга чиқишидир.

Ваколатнинг мавжуд эмаслиги, ҳакамлик суди низо ҳакамлик судида умуман кўрилиши мумкин эмаслиги ёки айнан ушбу Ҳакамлик судида кўриб чиқилиши мумкин эмаслиги сабабли мазкур низони кўриб чиқишга ҳақли эмаслигини билдиради.

Ваколатидан четга чиқиш ҳакамлик битими мавжуд, аммо у битим билан белгиланган талабларнинг барчасини (ёки бир қисмини) ўз ичига қамраб олмаслигини англатади (масалан, ҳакамлик судига қарзни ундириш тўғрисидаги низони топшириш ҳақидаги келишуви мавжуд ҳолларида жарима ундириш бўйича талаб ҳакамлик суди ваколатидан четга чиқиш ҳисобланади).

Бундан ташқари, гарчи тарафлар битим тузган бўлсалар ҳам ваколатнинг мавжуд эмаслиги бундай низоларни (ёки низонинг бир қисмини) кўриб чиқиш Қонун ёки доимий фаолият кўсатувчи ҳакамлик судининг Қоидалари билан тўғридан-тўғри ман қилинганидан келиб чиқади.

Ваколат муаммосининг долзарблигининг асосий сабаби ҳал этилиш пайтида ҳакамлик суди томонидан йўл қўйилган хато ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини шикоят қилиш ва унинг ваколатли давлат суди томонидан бекор этилиши (Қонуннинг 47-моддаси) ҳамда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига кўра ижро варақасини беришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлигидир.

Даъво материалларини текшириш давомида ҳакамлик суди қуйидагиларга ишонч ҳосил қилиши лозим:

1) ҳакамлик битими тарафлари ўртасида низонинг мавжудлиги;

2) ҳакамлик битимининг юридик жиҳатдан ҳақиқийлиги;

3) ҳакамлик битими мазкур низога тааллуқлилиги. Санаб ўтилган масалаларнинг бирортасига нисбатан салбий жавоб низони ҳал қилиш бўйича ҳакамлик суди ваколатини бекор қилади.

Биринчи масала хусусан, ушбу қонун (12-модда) томонидан баён қилинган ҳакамлик битимининг ёзма шаклига бўлган талабларга риоя қилинганлиги ва унинг матни мазкур низони ҳал қилиш учун форумнинг келишилган тарафлари сифатида ушбу ҳакамлик судини айнан аниқлашга йўл қўйишини белгилаш зарур.

Ҳакамлик битимининг юридик ҳақиқийлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда биринчи навбатда амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳакамлик битими ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўла олмайдиган низоларга тегишли эмаслигини аниқлаш зарур.

Ҳакамлик суди мазкур низони кўришга ўзининг ваколати борми, йўқми эканлиги масаласини ҳал қилишдан аввал мазкур ҳакамлик битимининг юридик жиҳатдан ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслиги масаласини ҳал қилиш лозимлиги таъкидланади.

Қонунҳакамлик битимининг автономлигини” ўрнатади, яъни, у шартноманинг бошқа шартларига боғлиқ бўлмаган тарзда қаралади. Натижада, тарафлар ўртасидаги шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилиши ҳакамлик шартининг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқармайди ва ҳакамлик судига ҳал қилув қарорини чиқаришига тўсқинлик қилмайди (24-м. 1-қ.).

Аммо шартноманинг таркибига кирган ҳакамлик шарти унинг ҳуқуқий тақдирига ҳеч қачон шерик бўлмаслигини англатмайди. Қонун тарафидан битимларнинг ҳақиқий саналмаслигининг турли асослари белгиланган, шу жумладан, улар асосида ҳакамлик шарти шартноманинг бошқа шартларининг ҳақиқийлигини сақлаган ҳолда ҳақиқий эмас деб, шартнома билан бирга ҳақиқий эмас деб, шартноманинг бошқа қисмининг ҳақиқий эмаслигига қарамасдан ҳақиқий деб тан олиниши мумкин. Ҳакамлик битимининг моддий процессуал табиатидан келиб чиқиб, ҳар ҳолда, ҳакамлик битимини тузган шахснинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш борасида унга фуқаролик ҳуқуқи нормаларини татбиқ қилиш лозим. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси томонидан ўрнатилган асосларга мос равишда (масалан: ҳакамлик битимини имзолаган шахснинг ишни ҳакамлик судига ўтказиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳолларида) шартнома ҳақиқийлиги ҳолатида ҳакамлик битими ҳақиқий эмас деб тан олиниши мумкин. Алоҳида равишда умумий асослар бўйича ҳакамлик битимининг аҳамиятсизлигини белгилаш зарур. Бу ҳолда шартноманинг умуман ҳақиқийлиги ҳолларида ҳам ҳакамлик битимининг ҳақиқий эмаслиги мумкин бўлади. Сохта битимлар, ҳуқуқий муомалага лаёқатсизлар, балоғатга етмаганлар томонидан амалга оширилган битимлар ҳолатида (ЎзР ФК) шартномада мавжуд бўлган ҳакамлик битими ушбу шартнома билан бирга ҳақиқий эмас.

Кўпгина бошқа ҳолларда, масалан ЎзР ФК томонидан кўзда тутилган асосларга кўра битимларнинг ҳақиқий эмаслиги ҳолатида, шартноманинг ҳақиқий эмаслигидан қатъи назар, ҳакамлик битимини ҳақиқий деб тан олишига тўғри келса керак. Бундай оқибат ЎзР ФК моддасида низоланаётган битимларнинг ҳақиқий эмаслигини тан олишга асоснинг мавжудлигидан келиб чиқади. Ҳамда ЎзР ФКга мувофиқ, бундай битимлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб тан олинмагунча, у ҳақиқийдир. Ҳакамлик битимининг мавжудлиги ёки ҳақиқийлиги масаласини ҳакамлик суди мустақил ҳал этиши белгиланган Қонуннинг 24-моддаси 1-қисмидан шундай хулоса келиб чиқади.

Қонуннинг 12-13-моддалари мазмуни ва сўзма-сўз маънодаги изоҳидан келиб чиқиб, ҳакамлик битими тузилган деб ҳисобланиши учун қонуннинг қуйидаги талабларига риоя қилиш зарур:

1) ҳакамлик битимининг ёзма шаклда тузилган бўлиши;

2) ҳакамлик судига ҳал этиш учун топширилувчи фуқаролик-ҳуқуқий низолар доираси битимларини аниқлаш ва улар тарафларнинг қандай муайян ҳуқуқий муносабати билан боғланганлигининг битимда кўрсатилиши;

3) агарда низо доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал қилувига ўтказилса мазкур суд номини битимда кўрсатиш лозим.

Қоннуннинг 13-моддаси 3-қисми даъво топширилаётган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди номининг мавжуд эмаслиги ҳакамлик шартининг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаришини белгилайди. Муайян доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди бу шартга риоя қилмасдан даъвони кўриб чиқишда ўзини ваколатга эга деб тан олишга ҳақли эмас. Тегишинча, агар тарафлар айнан қайси доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судига мурожаат қилиш лозимлигини кўрсатган бўлмаса, ҳакамлик судига мурожаат этиш мумкин эмас деб ҳисобланади. Яъни, аслида ҳакамлик битими тузилмаган бўлади.

Мазкур низога ҳакамлик битимининг алоқадорлиги борасидаги масалага жавоб даъво аризаси матнини ҳакамлик битими ва тегишли контракт (агар даъво шартномадан келиб чиқса) билан таққослаган ҳолда синчиклаб таҳлил қилиш натижасида олиниши мумкин.

Низони кўриб чиқиш бўйича ваколатнинг мавжудлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги масала суд ишида қатнашувчи шахслардан бири томонидан ҳакамлик битимининг мавжуд эмаслиги ёки ҳақиқий эмаслиги мавзуси асосида ҳакамлик муҳокамасига эътироз баён қилингани ёки қилинмаганлигидан қатъи назар, ҳакамлик суди томонидан қўйилиши ва ҳал этилиши керак.

Мазкур модданинг 2-қисмига мувофиқ “низо ҳакамлик суди томонидан мазмунан кўриб чиқилгунига қадар ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судида ўз ҳал қилувига топширилган низони кўриб чиқишга ваколат йўқлиги ҳақида арз қилишга ҳақли”. Кўрсатилган муҳлатнинг ўтганлиги даъвони кўриб чиқишни ҳакамлик суди рад этиши мумкинлиги шу ердан маълум.

Биз мазкур тараф даъво материалларига моҳиятига кўра муносабат билдирганидан сўнг ҳам ҳакамлик суди ушбу даъвони кўриб чиқса тўғри йўл тутган бўлади, деб ўйлаймиз.

Агарда муддати ўтган даъво аризаси тўғри бўлиб чиқса ҳам, уни аҳамиятга олмаган ҳакамлик суди унинг ҳал қилув қарори ваколатли давлат судида шикоят қилиниши ва у томонидан бекор қилиниши (Қонуннинг 47-м.), ёки ваколатли суднинг ҳал қилув қарорининг мажбурий ижро этилишини йўналтиришни рад этиши сабабли амалга ошмаган бўлиб чиқиши хавфига эга (Қонуннинг 53-м.).

24-модданинг 3-қисми мазмунига кўра, ҳакамлик муҳокамасининг ҳар қайси тарафи ҳакамлик судига ўзининг ваколатларини оширилиб юборганлиги тўғрисида ҳакамлик судига қуйидаги ҳолатларда даъво қилиш ҳуқуқига эга:

а) масалани кўриб чиқиш ҳакамлик битими томонидан кўзда тутилмаган бўлса;

б) ёки бундай низо Қонун ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг Қоидалари бўйича амалга оширилиши мумкин бўлмаганда.

Ҳакамлик битимнинг ҳақиқий эмаслиги ёки битимнинг мавжуд эмаслигидан фарқли равишда, ваколатдан четга чиқиш ёки умуман мазкур даъвони ҳакамлик судида кўриб чиқиш мумкин эмаслиги ҳақидаги масала суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинишигача бўлган жараённинг ҳар қандай босқичида ҳар қайси тараф томонидан қўйилиши мумкин. Қонун моҳиятига кўра бундай масалани қўйишни суд муҳокамасини мазмунан бошлаш билан чегараламаганлиги туфайли, ҳакамлик суди ушбу масалани текшириши ва натижаларни ҳал қилув қарори ёки ажримда акс эттиришга мажбур (мазкур Қонуннинг 24-м. 4-қ.).

Ҳар қандай ҳолларда ҳакамлик суди Қонуннинг 24-моддаси 3 ва 2-қисмларига мувофиқ ҳакамлик муҳокамаси тарафи томонидан топширилган аризани кўриб чиқишга мажбурдир. Аризани кўриб чиқиш натижаларига кўра ажрим чиқарилади.

Агар ҳакамлик суди ўз ваколати ҳақидаги масалани кўриб чиқаётганда низони кўриб чиқишга ҳакамлик судида ваколат йўқлиги тўғрисида ажрим чиқарса, бундай ҳолда ушбу ҳакамлик суди низони мазмунан кўриб чиқиши мумкин эмас.



25-модда. Ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини белгилаш


Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик муҳокамасининг бошқа қоидалари қўлланилиши тўғрисида шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамасини доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларига мувофиқ амалга оширади.

Муваққат ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамасини ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан келишилган қоидаларга мувофиқ амалга оширади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан келишилган ҳакамлик муҳокамаси қоидалари ушбу Қонун қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.

Ҳакамлик муҳокамасининг ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан келишилмаган, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари ва ушбу Қонун билан белгиланмаган қисмида ҳакамлик муҳокамаси қоидалари ҳакамлик суди томонидан белгиланади.


Шарҳланаётган модда ҳакамлик судига топширилган низони ҳал этишда тарафларга суд қўллаши лозим бўлган процессуал қоидаларни белгилаш бўйича ваколат беради. Бу тартиб муайян низони ҳал этиш учун ҳам доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларига, ҳам муваққат ҳакамлик судларига тўла тўкис тарзда тааллуқлидир.

Қонун тарафларга Қонуннинг императив нормаларини бузмаган ҳолда мустақил равишда низони кўриб чиқиш тартиб-таомилини белгилаш имконини беради. Тарафлар бир қоидани олдиндан назарда тутса, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари эса бошқа нарсани назарда тутган ҳолатда қай бирини қўллаш керак, деган савол туғилади. Агарда тарафлар бошқа қоидаларни қўллаш ҳақида келишмаган бўлсалар, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ўз қоидаларига амал қилиши лозим эканлигини қайд этувчи Қонуннинг 25-моддасининг 1-қисми ёрдамида ушбу манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш мумкин. Агар тарафлар келишган қоидалар низо ҳал этишга топширилган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларига мос тушмаса, ҳакамлик суди тарафлар битимида белгиланган қоидаларга мувофиқ низони кўриб чиқиши керак. Бундай ҳолатлар учун Қонуннинг асосий талаби тарафлар келишган қоидалар “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг ҳолатларига тўғри келишидир.

Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида муваққат ҳакамлик суди амал қилиши лозим бўлган қоидалар тўғрисида сўз юритилади. Бундай ҳакамлик суди муайян низони ҳал этиш учун тузилиши сабабли, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судидан фарқли ўлароқ, у аввалдан тайёрланган Регламентга эга бўлиши мумкин эмас. Бироқ муваққат ҳакамлик судидаги ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштиришда тарафлар, албатта, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Регламентидан нормаларни ўзлаштириши мумкин ёки даъвони кўриб чиқиш учун ўз қоидаларини тарафлар розилиги билан белгилаши мумкин, лекин уларнинг жорий Қонунга мувофиқ келиши шарт бўлади.

Маълум сабабларга кўра тарафлар ҳакамлик муҳокамаси Қоидаларини тайёрлашда ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатлари императив нормаларидан четга чиқишга ҳақли эмасдирлар. Ушбу қонунда бундай нормалар кўп бўлмасада, лекин улар мавжуд. Жумладан, Қонуннинг 14-16, 35, 38-40, 44, 47, 53, 54-моддаларида мавжуд бўлган нормалар ҳақида сўз юритилмоқда.

Доимий фаолият кўрсатувчи судда ҳакамлик муҳокамаси қуйида юридик кучининг йўқолиши тартибида келтирилган тартибга солишнинг беш даражасига эга эканлигига аҳамият бериш жоиз:

1) Қонуннинг императив нормалари;

2) Тарафлар битими;

3) Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди қоидалари;

4) Қонуннинг мажбурий бўлмаган нормалари;

5) Низони кўриб чиқаётган ҳакамлик суди таркиби ихтиёри.

Шуниси ҳам аёнки, муваққат ҳакамлик суди учун доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаси бу ҳолда бўлмагани сабабли, фақатгина тўрт даража мавжуд.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари томонидан тартибга солинмаган ва тарафлар томонидан келишилмаган процессуал масалалар ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик суди белгилайдиган Қоидалар бўйича ҳал этилади. Бунда ҳакамлик суди ЎзР ХПК ёки ЎзР ФПКда мавжуд бўлган мос нормалар ўхшашлиги бўйича амал қилиши мумкин.

Агар, масалан, иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Регламенти ҳакамлик муҳокамаси тарафи вакили ваколатини расмийлаштириш тартиби қоидаларини ўз ичига олмаса, ҳакамлик суди Ўзбекистон Республикаси Хўжалик ёки Фуқаролик процессуал кодекси ўхшаш нормаларини татбиқ қилишга ҳақли.



26-модда. Ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой


Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларига мувофиқ белгиланади.

Муваққат ҳакамлик судида ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг келишуви билан белгиланади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда, ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой низо ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ҳакамлик судининг ўзи томонидан белгиланади.


Ҳакамлик муҳокамасини муваққат ҳакамлик суди ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал этиши лозимлигига боғлиқ ҳолда ҳакамлик муҳокамаси жойи ҳақида масала реглементацияси табақалаштирилиб фарқланган. Ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой масаласи бир қатор ҳуқуқий оқибатларга эга. Шунинг учун ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойини танлаш ҳакамлик битимига эришишда муҳокама қилиниши лозим бўлган бир қатор масалалар қаторида бўлиши лозим.

Кўпгина халқаро тижорат арбитраж судлари қоидалари низони кўриб чиқиш жойи тарафлар ёки низони ҳал қилувчи арбитраж ташкилоти ёки арбитрлар томонидан кўрсатилган ҳар қандай мамлакат бўлиши мумкинлигини кўзда тутади. Мос равишдаги тавсиянома 20-моддаси 1-қисми арбитраж суди жойини тарафлар ўз ихтиёрига кўра келишиб олиши мумкинлигини назарда тутган ЮНСИТРАЛ Намунавий қонунида мавжуд. Бундай битимнинг йўқлиги ҳолатида арбитраж судини ўтказиш жойи тарафлар учун қулайлик омили билан иш вазиятини ҳисобга олган ҳолда арбитраж суди томонидан белгиланади.

Юқорида айтилганлар тенг меъёрда низони ҳакамлик суди томонидан муҳокама этиш жойини танлашга ҳам тегишли. Қонуннинг 26-моддаси низо муҳокамасини тегишли ҳакамлик суди жойлашган жойда амалга оширишнинг қатъий талабларини ўз ичига олмайди.

Шу тариқа, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамасини амалга ошириш жойи ушбу суд жойлашган жойдан фарқ қилиши мумкин. Ҳакамлик судида низони муҳокама этиш жойини белгилаш қоидалари умумий қоидаларга кўра умумий юрисдикция судининг ёки хўжалик судларининг жойлашган манзили бўйича ишни кўриб чиқишни назарда тутувчи давлат судларида низони муҳокама этиш нормаларидан фарқи шундадир. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида низони ҳакамлар иштирокида ҳал этишнинг умумий қоидаси тегишли нормалар ушбу суд қоидалари бўйича белгиланиши лозимлигига олиб келади. Шунга қарамай, бу доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари ҳавола қилувчи нормани ўз ичига олиши мумкинлиги ва унга мувофиқ ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жойни аниқлаш қоидаси ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ихтиёрига берилиши мумкинлиги истисно қилмайди.

Муваққат ҳакамлик судида ҳакамлик судини ўтказиш жойи тарафлар келишувига асосланиб белгиланади. Ўз табиатига кўра муваққат ҳакамлик суди белгиланган қатъий жойлашиш манзилига эга бўлмайди, шунинг учун низони ҳал этиш жойини аниқлаш унинг учун энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Шарҳланаётган норма ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойини аниқлаш, авваламбор, тарафларнинг ўзлари томонидан амалга оширилишини назарда тутади. Агарда тарафлар ушбу масала бўйича келишиб олмаган бўлса, ҳакамлик суди муҳокамасини ўтказиш жойи суд таркибининг алоҳида имтиёзи ҳисобланади. (муваққат ҳакамлик судида “суд таркиби” ва “ҳакамлик суди” тушунчалари мазмунан мос келади).

Агарда тарафлар ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойини аниқламаган бўлсалар, бу ҳолда ушбу масала ҳакамлик суди томонидан барча иш вазиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади, улар орасида тарафлар учун қулайлик омили биринчи даражали аҳамият касб этади. Бундан ташқари, иккинчи навбатда, ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойини танлашда ҳакамлик суди учун қулайлик омиллари, муҳокама давомида ҳакамлик суди фойдаланиши мумкин бўлган ёрдамчи хизматларнинг мавжудлиги ва уларнинг нархи, низо предметининг яқин жойлашиши, шунингдек ҳакамлик муҳокамасида қўлланиши мумкин бўлган асосий исботлар жойи омиллари ҳисобга олиниши керак. Суд муҳокамасини ўтказиш жойини танлашда бошқа вазиятлар ҳам ҳисобга олиниши мумкин, бунда энг асосийси ҳакамлик судига ҳал этишга топширилган низони ҳал этишнинг энг самарали ва кам харажатли усули таъминланишидир. Ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойини танлашда ҳисобга олинадиган юридик бўлмаган факторларни ҳисобга олиш заруриятига аҳамият бериш лозим. Бундай факторларга қуйидагилар киради: қулай транспорт схемаси; арбитраж суди (ҳакамлик суди) жараёнини техник таъминлаш имкони; малакали судьялар мавжудлиги; ҳакамлик судида тарафлар манфаатини ифода қила олувчи малакали ҳуқуқшунослар мавжудлиги; ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш бўйича техник чиқимлар миқдори.

Ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойи бу - “ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг мажбурий элементи”. Бу хулосанинг сабаби шундаки ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойи ваколатли давлат судининг назорат қилувчи юрисдикциясига таъсир қилиши ҳолатидир. Маълумки, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори бўйича шикоят аризаси низони кўриб чиққан тегишли ҳакамлик суди жойлашган жойдаги судга топширилади. Худди шу суднинг ўзига низонинг ҳакамлик муҳокамаси бўйича иш материаллари сақлаш учун топширилади.

Ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойи тўғрисидаги қоидаларни бузиш ҳал қилув қарорини шикоят қилиш ҳоллари ёки ҳал қилув қарорини мажбурий бажариш ижро варақасини беришни рад этиш ҳолларида ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Чунки “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун ҳам, процессуал қонун ҳужжатлари ҳам ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун ёки унинг мажбурий ижро этилиши учун ижро варақасини беришни рад этиш учун бундай асосга эга эмас. Ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойи тўғрисидаги қоидалар бузилишининг процессуал оқибатларига келсак, унда булар фақат кўрсатилган қоидабузарликлар ҳакамлик суди томонидан унга қарши ҳал қилув қарори қабул қилган тарафга ҳакамлик суди мажлиси вақти ва жойи ҳақида керакли тарзда хабардор қилинмаслиги ёки низони кўриб чиқиш жойи тўғрисидаги қоидалар бузилиши билан боғлиқ ҳолда ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим қила олмаслиги ҳолларида булар ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ижро варақасини беришнинг рад этилишини келтириб чиқариши мумкин. Бошқа ҳолда ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойи тўғрисидаги ўрнатилган қоидаларни бузиш ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилишга ёки ижро варақасини мажбурий бажаришга беришни рад этишга олиб келмаслиги лозим, чунки ушбу процессуал қоидабузарлик ҳакамлик суди томонидан нотўғри ва адолатсиз қарор қабул қилинишига олиб келмаган ва олиб кела олмаган.



27-модда. Ҳакамлик муҳокамасининг тили


Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамаси давлат тилида олиб борилади.

Ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан ҳужжатлар ва бошқа материаллар ҳакамлик муҳокамаси тилига таржима қилинишини талаб этиши мумкин.

Ҳакамлик муҳокамаси тилида бўлмаган ҳужжатлар ва бошқа материалларни тақдим қилаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафи уларнинг таржима қилинишини таъминлаши керак.


Конституциянинг 115-моддаси ва мазкур Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ ҳакамлик судида суд иши давлат тилида олиб борилади. Суд жараёни олиб бориладиган тилни билмайдиган иштирок этувчи шахслар иш материали билан тўлиқ танишиб чиқиши, суд ишида иштирок этиши учун таржимон орқали қатнашиш ва ҳакамлик судида ўз она тилида сўзга чиқиш ҳуқуқи билан таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддаси 1-қисмида белгиланган қоидага кўра Ўзбекистон Республикаси давлат тили ўзбек тили саналади. Бу умумий устворликни асослайди, унга кўра бошқа келишувлар бўлмаган тақдирда ҳакамлик муҳокамасининг тили ўзбек тили ҳисобланади. Айни пайтда, кўрсатилган қоида мутлақ ҳисобланмайди. Агар тарафлар ҳакамлик муҳокамасини бошқа тилда олиб боришга келишиб олишса, бу кўрсатилган норма амалини бекор қилади. Шу тариқа, ҳакамлик муҳокамаси тили ҳақидаги норма диспозитив хусусиятга эга, яъни тарафларга ҳакамлик муҳокамаси тили тўғрисидаги қоидани ўз ихтиёрига кўра ўзгартириш ҳуқуқини беради.

Кўплаб ҳуқуқшунослар мазкур нормага нисбатан танқидий хулоса баён қилдилар, мадомики, кўплаб замонавий тиллар ҳакамлик суди учун таржимада катта, баъзан эса бартараф қилиб бўлмайдиган қийинчиликларни туғдириши мумкин. Шу билан бирга, дания тилидан малакали таржимонни излашдан келиб чиққан қийинчиликларга ҳакамлик суди дуч келганда, бу борада мисоллар келтирилади. Ўзбекистон учун камдан-кам бўлган тиллар бўйича малакали таржимонларни қидириш билан боғлиқ бунга ўхшаган ҳолатлар ҳакамлик муҳокамаси амалиётида бу тиллар ўрин эгалласа-да, мустасно ҳисобланади. Шунинг учун, оптимал ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида уларни аҳамиятга олмаслик мумкин. Умуман тарафларга ҳакамлик муҳокамаси тилини мустақил танлаш ҳуқуқини бериш демократик қоида деб саналади, бундан ташқари манфаатдор шахслар эҳтиёжини ҳисобга олади.

Мазкур норма ҳакамлик муҳокамасида иштирок этувчига ўз она тилида ҳакамлик суди мажлисида сўзга чиқишни ҳамда зарурий материалларни ўз она тилида тақдим қилишни ман қилмайди. Ҳар қандай тилда сўзга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда, ҳакамлик муҳокамаси тилида (тилларида) бўлмаган бошқа материаллар ва ҳужжатларни тақдим қилувчи тараф ушбу ҳужжатларни таржимаси билан таъминлашга мажбурдир.

Тақдим қилинган таржима қай тарзда тасдиқланиши Қонунда кўрсатилмаган. Табиийки, таржимани тасдиқлашнинг нотариал шакли афзал шаклдир. Лекин, бу кўринишидан таржимани тасдиқлашнинг бошқа шаклларининг мумкин эмаслигини англатмайди. Мисол учун, ҳакамлик суди жараёни учун, судда ишни кўришни амалга оширувчи ҳакамлик судьяларига таниш бўлган ва ишонч қозонувчи ҳамда жараён иштирокчилари ҳам унга ишонган таржимон томонидан таржима тасдиқланишига рухсат этилади.

Низони ҳакамлик муҳокамаси тилини билмайдиган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш учун таржимонни жалб қилиш ҳуқуқи ечими тартиби ҳал этилмаган. Бироқ, аёнки, ушбу тартиб Қонуннинг 27-моддаси 2-қисмида белгиланган норма контекстида амалга оширилади. Айнан таржимадан манфаатдор тарафга таржима билан таъминлаш ва таржимонни ҳакамлик муҳокамасида қатнашиш учун жалб этиш масъулияти юкланади. Ҳакамлик муҳокамаси давомида оғзаки таржимани ташкил қилишда бошқаларидан ташқари оғзаки баёнотларни таржима қилишда мумкин бўлган заруриятларни таъминлашга маслаҳат беришни ўз ичига олган арбитраж муҳокамасини ташкил этиш бўйича ЮНСИТРАЛ Шарҳига таяниб иш юритиш фойдали бўлади. Шу жумладан, кўрсатилган Изоҳда агарда оғзаки муҳокама давомида оғзаки таржима зарур бўлса, ушбу оғзаки таржима синхрон ёки узвийлик бўлиши лозимлиги ва унга жавобгарликни тарафларнинг бирига ёки ҳакамлик судига юклаш кераклиги масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилган. Ҳакамлик судлари ўз Регламентларида кўрсатилган нуқсонларни тўлдиради.

Тарафларнинг ҳакамлик муҳокамаси тили ҳисобланмаган тилда иш материалларини тақдим этиш ҳуқуқи ҳакамлик судига бундай материалларни қабул қилиш мажбуриятини англатади. Лекин, бу вазиятда ҳакамлик судида бундай ҳужжатларни тақдим қилувчи тарафдан ҳакамлик муҳокамаси тилига уларни таржима қилиш билан таъминлашни талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд.

Ҳакамлик муҳокамаси тили борасидаги қоидаларни бузиш ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилиниши ёки ваколатли давлат суди томонидан ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиши бўйича ижро варақасини беришни рад этишига сабаб бўлиши мумкин. Бунга манфаатдор тарафнинг асосий процессуал ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланиб, шу тариқа, унинг ўз далилларини ҳакамлик судига тақдим қила олмаслиги натижасида унинг судда ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади (Қонуннинг 47-м. 3-қ.).

Ҳакамлик муҳокамаси тили борасидаги қоидаларни амалга оширишда хўжалик ва фуқаролик суд жараёнида тилдан фойдаланишни назорат қилувчи нормаларни ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бу шу билан боғлиқки, ҳакамлик суди ҳал қилув қароридан норози бўлиб шикоят ариза бериш ҳолларида ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тарзда ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисида ариза топшириш ҳолларида, тегишли ваколатли давлат судида иш тартиби ушбу қоидаларга мувофиқ равишда олиб борилади. Амалиётда бу шуни англатадики, ҳакамлик муҳокамаси давлат тилида бўлмаган бошқа тилдаги ҳужатларни қўллаш ёрдамида амалга оширилган бўлса ҳам, у ҳолда ваколатли давлат судига тегишли ҳужжатларнинг келиб тушишида улар нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан бирга топширилиши лозим. Мисол учун, ҳакамлик битими қозоқ тилида тузилган бўлиб ва қозоқ тилини биладиган судьялар таркибидаги ҳакамлик суди топширилган ҳужжатлар асосида ўз ваколатини мувофиқ ҳолда аниқлаб улардан қаноатланди. Суд ишида иштирок этувчи шахслар томонидан ҳам кўрсатилган ҳакамлик битимининг ўзбек тилига таржимаси борасида расмий илтимоснома бўлмаган. Бироқ, агар ҳакамлик суди ҳал қилув қароридан норози бўлиб шикоят берилса ёки ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш зарурияти юзага келса, тегишли ҳакамлик битими нотариал тасдиқланган давлат тилидаги нусхаси билан бирга ваколатли давлат судига юборилиши лозим. Бу, шу жумладан, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги ариза ва ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш ижро варақасини бериш аризаси билан бирга булардан ташқари ҳакамлик битимининг асл нусхаси ёки унинг тегишли тарзда тасдиқланган давлат тилидаги нусхаси ҳам топширилиши кераклигини кўзда тутувчи ҳам фуқаролик процессуал, ҳам хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари нормасидан келиб чиқади. Акс ҳолда, ваколатли давлат суди унга юкланган вазифаларни бажара олмайди ва мазкур ҳакамлик битимига асосланиб иш кўриб чиққан ҳакамлик суди ваколатини белгилай олмайди. Кўрсатилган қоидани бажармаслик аризани кўриб чиқмасдан қолдиришга ёки уни берган шахсга қайтариб беришга асос бўлиб ҳисобланади.



28-модда. Ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг

ошкор қилинмаслиги


Ҳакамлик судьяси ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас.

Ҳакамлик судьяси ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас.


Ошкоралик (очиқлик, оммавийлик) принципи бир тарафдан, ва маҳфийлик (ёпиқлик) принципи иккинчи тарафдан, бир-бирига қарама қарши бўлган принциплар, суд жараёнининг асоси бўла олади. Тегишли меъёрий тизим негизида принципнинг ошкора ёки маҳфий бўлиши, суд жараёнининг ҳуқуқий тартибга солинишини ва суд жараёнининг қандай кечишини кўп жиҳатдан белгилаб беради.

Шу тариқа, маҳфийлик принципи, суд жараёнининг ёпиқ ҳолда ўтказилиши суд жараёнларининг оммавий ҳолда ўтказилиши ҳақидаги умумий қоидадан мустаснодир.

Айни пайтда, ҳакамлик (арбитраж), яъни жисмоний шахслар томонидан олиб бориладиган суд иши муҳокамасини тартибга солган ҳолда, аксарият барча ривожланган давлатлар қонун ҳужжатлари маҳфийлик принципини бошланғич асос солувчи фаолият тури сифатида қайд қилмоқда. Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бу борада ҳакамлик суди ёпиқлигини ўрнатиши истисно эмас.

“Маҳфийлик” сўзининг лексик маъноси ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг кўп маъноли эканини таъкидлаб ўтиш зарур.

Тарафларнинг ўз низоларини муҳокама қилишида ўта маҳфийлик лозим бўлиши ҳақида сўз борганда, улар ичида икки сабабни ажратамиз. Бир томондан (асосан бу тижоратчи, тадбиркор) шахс ўз низосининг сир тутилиши, бошқа шахслар ва айниқса кенг жамоатчилик назаридан холи бўлишидан манфаатдор. Бошқа томондан, ҳакамлик муҳокамаси маҳфийлиги, тарафлар танлаган ҳакамлик судига алоҳида ишончга асосланади, мадомики тарафлар ва судья (судьялар) ўртасидаги маҳфийлик муносабатлари суд низосини тўлалигича ва ҳар тарафлама ҳал этишга шароит яратади. Бу борада иштирокчиларнинг ўзаро муносабатлари маҳфийлиги ҳакамлик муҳокамасининг ҳамма босқичларини мустаҳкамловчи омил бўлиб хизмат қилади. Бу икки омил манфаатдор шахсларнинг ҳакамлик судига ўз низоларини муҳокамага топширишларига қизиқтирувчи сабабдир.

Меъёрий тартибга солиш даражасида ҳакамлик муҳокамасининг маҳфийлик принципини амалга ошириш ўзини оқлади ва кутилган натижани берди.

Маҳфийлик принципи Қонуннинг 4-моддаси, 28-моддаси ва 35-моддасининг 4-қисмида баён қилинган нормалар йиғиндиси орқали тартибга солинади. Шу билан бирга, юқорида баён қилинган мулоҳазалардан кўриниб турибдики, ҳаммага маълум бўлган маҳфийлик принципи мазмуни, амалдаги Қонун ҳужжатларидаги маҳфийлик тушунчасидан кўра, бирмунча кенг маънога эга. Маҳфийлик тўғрисидаги тушунчани таҳлил қилишдан шу хулосага келиш мумкинки, бу принцип бир нечта жиҳатларга эга.

Биринчидан, ҳакамлик муҳокамасининг маҳфийлиги умумий қоида бўйича ҳакамлик муҳокамасининг ошкора қилинишига йўл қўймайди. Бу, тарафлар агар бошқа ҳолатни назарда тутмасалар, ҳакамлик муҳокамаси Қонунга мувофиқ ёпиқ бўлиши зарурлигини билдиради. Ҳеч бир учинчи шахслар (шу жумладан прокурор, ҳоким, адлия органлари ходимлари, журналистлар, жамоатчилик вакиллари ва ҳоказолар) ҳакамлик суди мажлисида қатнашишини таъминлашни ёки ҳакамлик суди муҳокама қилаётган материаллардан фойдаланиш имкониятини талаб этишга ҳақли эмасдирлар. Ҳакамлик суди мажлисида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, шубҳасиз, ҳакамлик судьяларининг ўзлари ҳамда ҳакамлик муҳокамаси иштирокчилари киради. Баъзи ҳолларда ҳакамлик судлари Регламентлари, тарафлар келишувида ўзгача хол келишилмаган бўлса, кўрсатилган шахслардан ташқари ҳакамлик суди мажлисида ҳакамлик суди ходимлари, масалан суд мажлисини баёномони юритишни таъминловчи котиблар иштирок этишини кўзда тутади.

Мисол учун, шу каби норма тури, ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш Маркази (Тошкент ш.) қошидаги Ҳакамлик суди Регламентининг 17-моддасида мавжуд.

Юқорида таъкидланганидек, ҳакамлик суди жараёнининг маҳфийлиги, айнан давлат судлари амалга оширадиган суд ишларининг ошкоралик (очиқлик, оммавийлик) принципларига зид асосларни акс эттиради.

Ҳакамлик суди ишлари маҳфийлик принципи, ҳакамлик судига ҳал этиш учун топширилган низони, айнан ошкороликнинг тескари мақсад - жамоатчиликдан низони яширишни таъминлашни белгилайди. Низони ҳал қилувчи суд мажлисига ёпиқлик таъминлашга интилишга, ўз навбатида турли хил ҳолатлар сабабчи бўлиши мумкин. Тадбиркорлик фаолиятига нисбатан ушбу интилиш икки омил орқали қўлланилади: биринчидан, тижорат сирларини сақлаш мақсадида ва иккинчидан, тадбиркорнинг ишбилармонлик обрўси сақланишини таъминлаш зарурияти билан. Айниқса, тадбиркорлар учун тижорат сирларининг сақланиши катта аҳамиятга эгадир. Бунинг сабаби, тижорат сирлари ҳақидаги маълумотлар, қонуний равишда товар сифатида ва шу билан бир қаторда фуқаролик ҳуқуқлари томонидан тан олинадиган объектларнинг фуқаролик муомаласида қатнашиши мумкин бўлган учинчи шахслардан атайин яширилади.

Маҳфийлик сабабли ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик суди ходимлари ҳакамлик суди кўришига топширилган низо муҳокамаси давомида ўзларига аён бўлган маълумотларни ошкора қилишга ҳақли эмасдирлар.

Ҳакамлик суди ходимлари ва суд ишига алоқадор шахсларнинг мажбуриятлари таркибига ҳакамлик судига топширилган маълумотнинг ёпиқлигини таъминлаш, ҳакамлик муҳокамасининг иштирокчиси бўлмаган ҳар қандай шахсга шу каби маълумотни ошкор этишдан ўзини тийиши мажбурияти, ўз ташаббуси билан маълумотни ошкора қилмаслик киради. Баъзан, ҳакамлик суди Регламентида ҳакамлик муҳокамасида маҳфийлик таъминлашни амалга ошириш доирасида, ҳакамлик судининг айрим ваколатлари ҳажми олдиндан кўзда тутилади. Ҳакамлик суди судьялари, айнан қайси маълумотларни маҳфий деб тан олишни аниқлаш ва ҳакамлик муҳокамаси ошкора қилиши мумкин бўлган маълумотлар нимадан иборатлигига эътибор қаратишлари лозим. Агар ҳакамлик муҳокамаси иштирокчилари томонидан бошқача рухсат берилмага бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини эълон қилишдан ўзини тийиш ҳакамлик муҳокамаси тўғрисидаги маълумотларни ошкора қилмаслик унинг мажбуриятининг таркибий қисмига киради. Айни пайтда ҳакамлик суди ишлари олиб борилиши жараёнидаги тажриба, бу принципни амалга оширишнинг чегаралари ҳақидаги тушунчаларга таъриф беради. Хусусан, кўриб чиқилган ишлар ҳақида қисман маълумот эълон қилиниши рухсат этилади, бироқ эълон қилинадиган маълумотда ҳакамлик муҳокамасида иштирок этган шахсларни аниқлаш имкони бўлмаслиги лозим. Бунда, таркибида исм-шарифлар ҳақидаги кўрсатма, даъвогар ва жавобгарлар номлари, товарлар ва нархлар бўлган маълумотни эълон қилмасликни таъминлаш зарур. Шу тариқа, мазкур норма ҳакамлик суди тарафидан низолари кўриб чиқилган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлашга қаратилган. Ҳакамлик судида низони ҳал этган шахслар ҳақидаги маълумотни кўрсатмайдиган, низонинг ҳал қилинган ҳуқуқий қисқа баёни эълон қилинишигина мумкин.

Қуйидагича савол пайдо туғилади: маҳфийлик принципи ҳакамлик муҳокамаси қатнашчиларининг ўзларини қай даражада ўзаро боғлаб туради? Тарафлардан бири, ҳакамлик судига тақдим этилган ва ҳакамлик муҳокамаси предмети бўлган маълумотни иккинчи тараф розилигисиз ошкора қилишга ҳақлими? Амалдаги қонун ҳужжатларида бу саволларга жавоб йўқ. Шу билан бирга, альтернатив йўл билан низоларни ҳал қилиш амалиёти қаторига кирувчи ҳакамлик муҳокамасининг, маҳфийлик принципини, низоли ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ўзларига ҳам жорий қилишга қаратилган. Бу қоиданинг амалга ошишига эришиш қийин, албатта. Агар тарафлардан бири ҳакамлик муҳокамаси маҳфийлик принципини бузган ҳолда у ёки бу маълумотни ошкора қилганда нима қилиш лозим? Эҳтимол, маҳфийлик принципини бузиш орқали келтирилган зарарларни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи бошқа тараф учун ҳимоя механизми бўлиб хизмат қилади.

Шарҳланаётган модда ҳакамлик судьялари тергов органлари ва суд томонидан ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзларига ошкор бўлган маълумотлар бўйича сўроқ қилинмасликларини аниқ белгилаб беради. Ҳакамлик судьясининг гувоҳлик иммунитети ҳақида Қонунда тўғридан-тўғри айтиб ўтилмаган бўлсада, суд ишларининг ҳамма (фуқаролик, жиноий, маъмурий, хўжалик) турларига жорий қилинади. Бунинг сабаби, мазкур нормани умумий таърифловчи, Ўзбекистон Республикасида суд ишларининг ҳамма турлари доирасида суд адолатлигини амалга оширишни тушуниш лозим. Яъни, ҳакамлик судьяларининг ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзларига аён бўлган маълумотлардаги вазиятлар ҳақида сўроқ қилинишини таъқиқлашни гувоҳлик иммунитети институтининг таркибий элементи - исботловчи далилни қўлга киритиш манбаи бўлган айрим шахсларнинг жалб қилинмаслиги сифатида кўриб чиқиш мумкин. Авваламбор, ушбу Қонун ҳужжатлари нормаси негизлари асосида демократик жамият учун муҳим бўлган ижтимоий институтларнинг инсонпарварлик асослари фаолияти ётади. Ҳакамлик судьяларини сўроқ қилишни таъқиқлашни қўллаши билан, бу каби аҳамитятга эга бўлган ижтимоий институтлар қаторига мустаҳкамлиги муҳим даражада ортиб бораётган ҳакамлик муҳокамаси институти ҳам киради.

Шу билан бирга, аниқ айтадиган бўлсак, амалдаги қонунда таърифланганидек, маҳфийликнинг ҳакамлик суд ишлари принциплари сифатида мутлақ бўлиши ўринли эмас. Ўз ўрнида бунга, ҳуқуқшунослар Ўзбекистон Республикаси “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун ҳужжатлари лойиҳасининг муҳокамаси давомида ўз диққатларини қаратганлар. Мазкур қонуннинг 28-моддаси шу тушунчанинг фақат икки жиҳати - ҳакамлик судьяси ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкора қилмаслиги ва ҳакамлик судьяси ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслигини белгилаб беришидир, лекин маҳфийликнинг бошқа жиҳатларини тартибга солмасдан очиқ қолдиради.

Айтиш жоизки, арбитраж (ҳакамлик) муҳокамаси маҳфийлиги ҳақидаги тушунчалар кўп жиҳатли ҳуқуқий тамойил сифатида халқаро ҳуқуқий тартиб интизом талабларига ҳам хосдир. Бу қисман, арбитраж муҳокамасини ташкиллаштирувчи ЮНСИТРАЛ Шарҳларини тузишда ҳам намоён бўлди. Масалан, мазкур Шарҳларнинг 31-бандида “ҳакамлик муҳокамаси иштирокчилари, маҳфийликнинг кутилаётган даражасига қараб турли фикрларга таянишлари мумкин”, деб қайд қилинган. 32-пунктда эса, “маҳфийлик тўғрисидаги битим қуйидаги бир ёки ундан кўпроқ саволларни ўз ичига олиши мумкин: маҳфийлик характерига эга бўлган материаллар ва маълумотлар (масалан, далиллар, ёзма ёки оғзаки аризалар, ҳакамлик муҳокамаси ўтказилишининг асоси, ҳакамлар шахси, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг мазмуни); бундан маълумотнинг маҳфийлик херактерини таъминлаш ва уни кўриб чиқиш учун чоралар; электрон воситалари орқали узатиладиган маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш учун махсус тадбирлар ўтказиш зарурлиги (масалан, алоқа воситаларидан фойдаланувчилар кўплиги ва оммавий алоқа тармоқларига электрон почта орқали юбориладиган ахборотнинг рухсатсиз киришдан етарли даражада ҳимояланмаганлиги); маҳфий маълумотнинг тўлалигича ёки қисман ошкора бўлиш ҳолатлари (масалан, агар Қонун тарафидан ёки бирон-бир бошқарув органи томонидан талаб қилинса оммавий муҳитга тегишли бўлган маълумотни ошкора қилиш мазмунида)”.

Афсуски, амалдаги қонун ҳужжатларида, жавобгарлик ва маҳфийликка доир саволлар ўз ечимини топмади. Ҳар қайси ҳуқуқий норманинг натижа берадиган (шу билан бир қаторда, ҳакамлик муҳокамаси маҳфийлиги тўғрисидаги нормалар ҳам) бу нормани бузган шахсларнинг жавобгарликларини белгилайдиган тегишли жазо турларининг мавжудлиги билан таъминланиши, ҳуқуқшуносликнинг бошланғич ҳақиқати ҳисобланади. “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳакамлик муҳокамасининг маҳфийлиги тўғрисидаги норма-принципларини бузган шахслар жавобгарлиги (асосан ҳакамлик судьялари) ҳақидаги қоидаларга эга эмас. Бунга ўхшаш жазо турлари нормалари доимий фаолият кўрсатувчи кўпчилик ҳакамлик судларининг Регламентлари ва Низомларида ҳам мавжуд эмас. Шу билан бирга, ҳакамлик муҳокамаси маҳфийлиги принципларини бузганлик учун аниқ жавобгарлик нормалари йўқлигига қарамай, фуқаролик-ҳуқуқий низони кўриб чиқувчи ҳакамлик суди (ҳакамлик судьялари) ўз обрўсини йўқотиши шаклида ифодаланишини таъкидлаш мумкин. Шу тариқа, маҳфийлик принципини бузганлиги учун, ҳакамлик суд ишларини ташкил қилишга алоқадор ҳакамлик судьялари ёки бошқа шахсларнинг жавобгарликлари, ўз хусусияти бўйича ижобий жавобгарлик ҳисобланади. Бу ҳолда, жазо турларининг йўқлиги ҳакамлик суди ва муайян ҳакамлик судьялари фаолияти ижтимоий баҳоси билан қопланади. Мадомики, тижорат арбитражи фақатгина жамият ишончи ҳамда низоларини ҳал қилиш учун мурожаат қилган шахслар ҳисобига мавжуд ва фаолият юритаётган экан, ҳакамлик суди ижобий жавобгарлиги самараси ўлароқ, жамоатчиликнинг салбий баҳоси, бу каби ҳакамлик суди ўз обрўсини йўқотиши билан баҳоланади.

Маҳфийлик ҳакамлик жараёнининг барча босқичларига қўлланилади, ҳаттоки, аслида ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомиллари доирасидан ҳам четга чиқади. Маҳфийлик, яъни, ёпиқлик қоидалари иш жараёнига тайёргарлик кўриш босқичида мажбурийлиги каби, ҳакамлик суди мажлисининг ўзига ҳам жорий қилинади. Бундан ташқари, маҳфийлик қоидаси ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорининг эълон қилинишига ҳам татбиқ этилади. Бунда давлат суд ишлари ва ҳакамлик муҳокамаси орасидаги муҳим фарқ ҳам намоён бўлади. Ҳатто давлат суд ишлари учун мажлис ёпиқ ҳолда ўтказиладиган бўлса ҳам, суд ҳал қилув қарори ҳар қандай ҳолда ҳам очиқ, ошкора бўлиши мажбурийлиги ҳам ўзига хосдир. Бу қоида ҳакамлик суд ишларига қўлланилмайди. Тарафлар келишувига кўра бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, ҳакамлик суд ишлари доирасида тузилган келишув битими ҳам маҳфий ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳакамлик суд ишларининг маҳфийлик принципи ўзини ҳакамлик тартиб-таомиллари доирасидан ташқарисида, яъни ҳакамлик муҳокамаси тугагандан сўнг, лекин, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини амалга ошириш ишлари жараёни пайтида ҳам намоён қилади. Қонуннинг 28-моддаси ва 47-модданинг 1-қисмига биноан, умумий юрисдикция ва хўжалик суди судьяси, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини низонинг моҳияти бўйича қайта кўриб чиқишга ҳақсизлиги туфайли, ҳакамлик судидан иш материалларини талаб қилишга ҳақли эмас. Фикримизча, бу қоиданинг белгиланиши, авваламбор низони ҳал қилиш доирасида бўлиб ўтган, ҳакамлик муҳокамаси маҳфийлигини таъминлашга қаратилган.

Шу билан бир қаторда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини шикоят қилиш ва давлат судларида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро қилиш тартибларини белгиловчи процессуал қонун ҳужжатлари мукаммаллаштирилишга муҳтождир. Муаммо шундаки, умумий қоида бўйича ҳакамлик муҳокамаси иш жараёнлари ёпиқ бўлса, давлат судидаги иш муҳокамаси умумий қоида бўйича очиқ ҳисобланади. Ҳакамлик судида, маҳфий тартибда кўриб чиқилган маълумотларнинг давлат суди ўтказаётган суд жараёнида, ошкора қилиниш хавф-хатарини туғдиради. Ҳакамлик судида кўриб чиқилган низо, давлат судига келиб тушгандан сўнг, оммага ошкор бўлиб қолади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси процессуал қонун ҳужжатларига, агар тарафлар бошқача тартибни талаб қилмасалар, давлат судлари мажбуриятига ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини шикоят қилиш ёки уни ижро этиш бўйича ишни ёпиқ ҳолда ўтказиш бўйича қоида киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.



29-модда. Даъво аризаси


Даъвогар ўз талабларини ҳакамлик судига ёзма шаклда бериладиган даъво аризасида баён этади. Даъво аризасининг нусхаси жавобгарга юборилади.

Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

даъво аризасининг санаси;

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бўлган юридик шахсларнинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;

даъвогарнинг талаблари;

даъвогарнинг талабларига асос бўлган ҳолатлар;

даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;

даъвонинг баҳоси;

даъво аризасига илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак. Агар даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, даъво аризасига ишончнома ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.


Таъкидлаб ўтганимиздек, ҳакамлик судларида иш жараёнлари даъво аризасини бериш вақтидан эмас, балки, тарафларнинг ҳакамлик судьяларини танлашдан бошланиши мумкин. Шу тариқа, ҳакамлик иш жараёнларида даъво аризасини бериш ҳар доим ҳам судда иш кўрилишининг мажбурий бошланғич нуқтаси ҳисобланмайди. Мазкур ҳолат ҳакамлик муҳокамасини фуқаролик суди жараёнидан ғоят жиддий тарзда фарқлайди.

Даъво аризаси даъво мазмунини акс эттиришнинг ташқи шаклидир. Қонун даъво аризасига мажбурий ҳолда амал қилиниши шарт бўлган муайян талабларни қўяди. Даъво аризаси ёзма шаклда бўлиши зарур. Даъво аризаси ва даъво талаби шакл ва мазмун муносабатига эга. Шунга кўра, таъкидлаш лозимки, даъво аризасининг даъво шаклидаги мақсади судга ўз қонуний манфаатлари ёки ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун мурожаат қилган даъвогар талабининг асл моҳиятини суд ва жавобгарга маълум қилишдан иборат.

Ўз навбатида даъво талабномаси маълум бир юридик аҳамиятга эга бўлган, мажбурий равишда даъво аризасида акс эттирилган таркибий қисмининг йиғиндисидан иборат. Бу таркибнинг йиғиндиси даъво талабномаси, даъво талаби асоси ва тарафларни кўрсатишидан иборат. Даъво аризасининг нусхаси жавобгарга топширилиши шарт. Бироқ, даъво аризасининг нусхасини жавобгар шахсга топшириш вазифаси кимга юклатилгани ҳақидаги савол жавобсиз қолдирилган. Қонун чиқарувчи буни ҳакамлик муҳокамаси Қоидалари асосида ҳал қилиш имкониятини ҳавола қилди. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Регламентлари таҳлили даъво аризасининг нусхаси жавобгарга даъвогар томонидан юборилмаган ҳолда, бу мажбуриятни суд масъул котиби бажариши кераклигини кўрсатади. Аммо, Қонун ҳакамлик муҳокамаси Қоидаларида даъвогарига даъво аризаси нусхасини жавобгарга жўнатиши ва ҳакамлик судига топширилган даъво аризасига тегишли далилларни илова қилиши мажбуриятини белгилашга рухсат беради. Масалан, ҲМЎМ қошидаги ҳакамлик суди Регламенти асосида даъвогар жавобгарга даъво аризаси ва ҳужжатларнинг нусхаларини ўзи ёки Ҳакамлик суди котибияти орқали юбориш мажбуриятини олдиндан белгилаган (ҲМЎМ қошидаги Ҳакамлик суди Регламентининг 22, 26-моддалари).

Бу савол, шунга ўхшаш йўл билан муваққат ҳакамлик суди Қоидаларида ҳал қилиниши мумкин. Бу ҳақда махсус ёзма буйруқлар йўқлиги сабабли жавобгарга даъво аризаси нусхасини юбориш мажбурияти ҳакамлик суди зиммасида бўлади. Бу қоидага амал қилиш, жавобгарнинг процессуал ҳуқуқларини таъминлаши ва унга ҳакамлик муҳокамасига тайёргарлик кўриш имконини бериши сабабли мажбурий ҳисобланади.

Даъво аризасига тааллуқли ҳолда унинг мажбурий реквизитларига талаблар белгиланади. Бу талаблар, ҳакамлик суди ҳал қилувига топширилаётган низони индивидуаллаштиришга, тақдим этилган даъво асосида кўриб чиқилиши лозим бўлган ишга унинг алоқадорлигини аниқлашга имкон беради.

Даъво аризасининг имзоланиши махсус ваколатлар қаторига киради. Бу даъво аризаси даъвогарнинг ўзи томонидан, яъни Қонун ёки таъсис ҳужжатларига асосан ваколатли шахс томонидан имзоланиши зарурлигини билдиради. Агар, ҳакамлик судига даъво аризаси билан мурожаат этган юридик шахс ҳайъат органлари томонидан бошқарилса, у ҳолда даъво аризасига даъво аризасини имзолаган шахснинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши шарт. Бундай ҳужжат, тегишли хулосага келган ҳайъат органи мажлисида қабул қилинган мажлис қарори бўлиши мумкин. Агар, даъво аризаси даъвогар вакили томонидан имзоланса, у ҳолда тегишли равишда расмийлаштирилган ишончномада вакилнинг ваколатлари изоҳланган бўлиши керак. Бунда ишончнома даъво аризасига мажбурий ҳужжат сифатида илова қилиниши зарур.

Даъво аризасида даъво аризасининг санаси кўрсатилган бўлиши шарт. Балки, буни даъво аризаси имзоланган кун деб тушуниш лозим. Даъво аризаси реквизитларига бўлган бу талабнинг унчалик принципиал эмаслиги сабаби, тегишли ҳужжатнинг имзоланган санаси эмас, балки ҳакамлик судига топширилган санаси процессуал муддатни ҳисоблаш учун муҳимдир.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бўлган ташкилотлар номлари ва жойлашган ерлари, фамилиялар, исмлар, отасининг исми, туғилган жойи ва санаси, яшаш жойлари ҳамда ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бўлган тадбиркор-фуқароларнинг ва фуқароларнинг иш жойларини кўрсатиш даъво аризасининг мажбурий реквизити ҳисобланади. Ташкилот номи билан бирга ташкилий-ҳуқуқий шаклини ҳам кўрсатиш лозим. Ташкилот жойлашган жойни шу ташкилот томонидан имзоланган таъсис ҳужжатлари, шартномалари таркибида бўлган тегишли маълумот асосида кўрсатиш керак. Даъво иши кўриб чиқилишини тезлаштириш учун даъвогарга маълум бўлган жавобгар ташкилот жойлашган аниқ жой ҳақидаги маълумотни ҳам кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Барча кўрсатилган маълумотлар моддий-ҳуқуқий муносабатлар тарафи бўлган даъвогар сифатидаги иштирокчи ва ҳакамлик иш жараёнида жавобгар сифатидаги иштирокчини индивидуаллаштиришда фойдаланилади. Аммо, даъвогар учун жавобгар ҳақидаги маълумотларни излаб топиш уриниши бирмунча қийин бўлиб, ҳакамлик муҳокамасининг бошланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Масалан, бу ҳолда даъвогар томонидан жавобгарнинг иш жойи аниқланмаганлиги боис, даъвогарга ҳакамлик муҳокамаси иш жараёнини қўзғатишга рад жавобини бериш тўғри бўлиши эҳтимолдан узоқ. Шундай экан, даъво аризасида жавобгар-фуқаронинг туғилган жойи, санаси ва иш жойи ҳақидаги маълумотларни кўрсатмаслик, ҳакамлик муҳокамаси иш жараёнини қўзғатишга тўсқинлик қилмаслиги зарур. Кўрсатилган маълумотлар зарур бўлган ҳолда, ҳакамлик муҳокамаси иш жараёни бошланган даврда ҳам қабул қилиниши мумкин.

Даъво аризасида даъвогарнинг даъво предмети ҳисобланган талаблари аниқ ифодаланган бўлиши зарур. Даъвогарнинг талаблари даъво аризасининг асоси ҳисобланади. Ҳакамлик иш жараёнининг тез кетиши ва натижалари даъвогарнинг фикрича қондирилиши лозим бўлган талабларини қай даражада аниқ таърифлашига жуда ҳам боғлиқ. Даъвогарнинг жавобгарга бўлган жавобгарнинг қандай ҳаракат содир этиши ва қандай ҳаракатдан ўзини тийиб туришлигини аниқлайдиган ўша талаблари, даъво аризасида ифодаланган бўлиши зарур; агар даъвогарнинг жавобгарга нисбатан муайян ҳуқуқи талаб қилинаётган бўлса, у ҳолда даъвогарнинг қандай ҳуқуқий муносабатлар тасдиқланишини талаб қилаётгани ҳақидаги талаблар ифодаланиши зарур; қандай ҳуқуқий муносабатлар ўзгартирилишини ёки тўхтатилишини сўраётганлиги тасвирланган бўлиши лозим. Даъво аризасида даъвогарнинг жавобгарга аниқ даъвоси йўқлиги иш кўрилишини ва ҳакамлик судининг ваколати ҳақидаги масалани ҳал қилишига имконият бермайди ва муҳокамани қўзғатишда рад қилишни келтириб чиқаради.

Даъво аризасига қўйилган талабларга амал қилинмаган ҳолатлар учун Қонун ҳуқуқий натижалар белгиламаган. Лекин, булар ҳакамлик муҳокамаси Қоидалари томонидан белгиланиши мумкин. Масалан, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Регламенти, даъво аризасида камчиликлар мавжуд бўлган ҳолда ҳакамлик судининг масъул котиби шу каби камчиликларни бартараф этиш учун муҳлат беришини олдиндан назарда тутиши мумкин. Бу камчиликлар бартараф этилмагунга қадар иш ҳаракатсиз қолади. Камчиликлар берилган муҳлат ичида бартараф этилмаган ҳолда даъво аризаси даъвогарга қайтариб берилиши лозим.

Даъво аризасида даъвогар ўзи талабларини асослаётган ҳолатлар кўрсатилган бўлиши шарт. Даъвогарнинг жавобгарга бўлган даъво талабларини тасдиқлашга суяниши, процессуал фанда даъвонинг асоси деб номланиши қабул қилинган. Даъвонинг асоси унинг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Даъвогар боғлаётган даъво талабномаси асосида юридик далиллар тўпламини ва аниқ далилий ҳолатларни назарда тутади; даъво талабномасининг юридик асоси бу, даъвогарнинг талаблари асослаш учун қўйилган қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга кўрсатмадир.

Даъвогар ўз талабларини асослаётган ҳолатларни аниқлаш, исботлаш предметини аниқлайдиган юридик далиллар доирасини аниқлашга қаратилади. Исботлаш предметини аниқлаш суд жараёнининг ривожланишини йўналтиришда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Қонунда ҳакамлик судига топширилаётган битта даъво аризасида бир нечта даъво талабларини бирлаштириш ҳақидаги савол тўғридан-тўғри тартибга солинмаган. Халқаро тижорат арбитражи доирасидаги ҳакамлик муҳокамаси амалиёти бу институтни қабул қилган ва низоларни ҳал қилишда фойдаланишга йўл қўяди. Ўзбекистоннинг ҳуқуқшунослари ва ҳакамлик судьялари томонидан бу муаммога эътиборларини ҳар доим ҳам қаратавермайдиган, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Регламентларидаги даъво талабномаларини бирлаштириш ва ажратиш билан боғлиқ асосий процессуал саволларни тартибга солиш зарурияти ҳақида таклифлар баён этилган.

Лекин, фикримизча даъвогар битта даъво аризасида бир нечта талабларни бирлаштиришга ҳақли. Бундай хулосага Қонуннинг 39-моддаси 3-қисмидаги қоидаларга мувофиқ, ҳал қилув қарорининг хулоса қисми таркибида ҳакамлик судининг ҳар бир қўйилган даъво талабининг қаноатлантирилиши ҳақидаги қаноатлантириш ёки рад қилиш хулосаси асос бўлади. Бу Қонуннинг 40-моддаси мазмунидан ҳам билвосита кўриниб турибди. Ҳакамлик суди томонидан, ҳакамлик муҳокамаси иш жараёни давомида маълум қилинган, лекин суд ҳал қилув қарорида ўз аксини топмаган талаблар асосида қўшимча суд ҳал қилув қарори чиқарилиши мумкинлиги олдиндан кўзда тутилган. Шу тариқа, юқорида келтирилган нормалар мазмунидан, қонун чиқарувчи бир ҳакамлик иш жараёни давомида бир нечта даъво талабларини кўриб чиқиши мумкинлигини белгилайди.

Айни пайтда бу ҳуқуқ қуйидаги шартлар мавжудлигида амалга оширилиши мумкин. Авваламбор, бирданига бир нечта талабларнинг қўйилиши мумкинлиги сабаби, бу моддий-ҳуқуқий талабларга тегишли равишда тарафлар томонидан ҳакамлик битими тузилганлигидир. Сўнг, бир нечта талабларнинг битта даъво аризасида бирлаштирилиши, фақат талаблар ўзаро боғлиқ бўлган ҳолда мумкин бўлади.

Демак бу, агар тарафлар ўртасида бир қанча ҳар хил бўлган моддий-ҳуқуқий муносабатлар (масалан, шартномавий ва зарар етказишдан) мавжуд бўлган ҳолда, бу каби муносабатлар, тарафлар ўртасида бу муносабатлар тўғрисидаги низоларни айнан битта ҳакамлик судига топшириш ҳақидаги битимга келишилган бўлса ҳам, турли хил ҳакамлик жараёнлари доирасида кўриб чиқилиши зарур эканлигини англатади. Шу тариқа, бир даъво аризаси доирасида бир даъвогар томонидан бир жавобгарга турли даъво талабларини қабул қилган ҳолда ҳакамлик суди бу талабларни турли суд жараёнларида кўриб чиқиши шарт.

Агар, битта даъво аризасида бир қанча талабларни бирлаштиришга қайтадиган бўлсак, айтиш жоизки, бу низони ушбу шахслар ўртасида битта суд ишида кўрилишининг мақсадга мувофиқлиги, биринчидан, айниқса тежамли ва тез суратда, иккинчидан эса, низони тарафларнинг ўзаро моддий-ҳуқуқий муносабатларини характерлайдиган барча ҳолатларини инобатга олган ҳолда тўғри ҳал қилишга имкон яратилишини таъминлайди.

Таъкидлаш муҳимки, хўжалик процессуал ва фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари, битта суд иш кўрилишида бир қанча даъво талабларини бирлаштириш мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда йўл қўяди. Шубҳасиз, бундай ёндошиш ҳакамлик муҳокамаси соҳасида ҳам ҳисобга олинмаслиги мумкин эмас.

Агар, даъвогар томонидан бир қанча даъво талаблари битта даъво талабномасига бирлаштирилган бўлса, ҳакамлик суди ҳамма кўрсатилган талабларни кўриб чиқиб, даъво қилинган талабларнинг ҳар бирига нисбатан ҳал қилув қарори қабул қилиши шарт. Бу ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида акс эттирилган бўлиши лозим.

Даъво аризасида даъво талабларининг асосини тасдиқловчи далиллар ҳам кўрсатилган бўлиши шарт. Бу талаб даъвогар унинг даъво талабларининг далилий асоси бўлган юридик фактларни исботлаши кераклигини англатади. Бундан ташқари, даъвогар унинг талаблари белгиланган нормалар асосида қўйилганлиги ҳақидаги далилларни ҳам тақдим этиши шарт. Бу талаблар асосан унинг жавобгар билан ўзаро шартномавий муносабатлари орқали белгиланган нормаларга тегишли. Даъвогарнинг талаблари асосланишига тегишли қонун ҳужжатлари мавжудлигига келсак, улар даъвогар томонидан исботланиши шарт эмас, мадомики, низоли ўзаро муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш маъқул бўлса-да, ҳакамлик судининг қонун ҳужжатларини билиши ҳақидаги ҳуқуқ устиворлиги мавжуд. Ҳакамлик судига даъвони тақдим қилишда даъво аризасидаги далилларга доир кўрсатмаларни уларни тақдим этиш билан фарқлаш (масалан, даъво аризасига ёзма далилларни илова қилиш) лозим. Тортишув принципига мос равишда, тарафлар далиллардан эркин ҳолда фойдаланадилар ва ўз фикрининг исботланмаганлиги ёки далилларнинг суиистеъмол қилинишидан келиб чиққан ҳолда, далилланмаслик хавфи остида судга тақдим этиш масалаларини ўз ихтиёрлари билан ҳал қиладилар (Қонуннинг 33, 37 моддалари). Умумий қоида бўйича тарафлар далилларни суд мажлиси якунлангунига ва суд ҳал қилув қарорини чиқариш учун маслаҳатга киргунларига қадар тақдим этишга ҳақлидирлар. Шунинг учун далилларни даъво аризасини топшириш вақтида тақдим этмаслик, судда иш қўзғатмаслик учун рад қилиш асоси бўла олмайди. Давлат судларида даъво аризаларини қабул қилиш тартибини тушунтирган ҳолда юқори суд органлари ҳам шу йўлни тутадилар.

Қонун даъвогарга даъво аризасида даъвонинг баҳосини ҳам кўрсатишини белгилайди. Бу ҳолат низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларнинг таркиби ва миқдорини аниқлаш учун ҳам зарур. Агар даъво баҳоланиши керак бўлса, бу баҳони аниқлаш тартиби доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Қоидалари ёки Қонуннинг 4-бобида кўрсатилган нормаларига хос равишда тарафларнинг келишувига асосланган ҳолда амалга оширилади.

Бундан ташқари, даъво аризасида даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар ва бошқа материаллар рўйхати кўрсатилган бўлиши шарт. Бунда агар даъвогар жавобгарга даъво аризасида илова қилиб кўрсатилган ҳужжатларни топширмаса, у ҳолда унга муайян процессуал жазо турлари қўлланилиши мумкин. Масалан, суд мажлисида иш материалларига қўшимча материлларни қўшиш ҳақидаги арз қилинган илтимоснома рад этилиши мумкин.

Даъво аризасида даъвогар талаб билан мурожаат қилаётган ҳакамлик суди ваколатларини далиллар билан асослаш мақсадга мувофиқ бўлар эди деб ҳисоблаймиз. Бу асослантиришда даъвогар даъвоси билан мурожаат қилаётган ҳакамлик суди номига албатта кўрсатилган бўлиши шарт. Эҳтимол шу сабаб, бу қисқартиришлар юридик муҳитда умумий ҳолда қўлланилса ҳам лекин, ҳакамлик суди номларини қисқартиришларга йўл қўйилмайди. Амалиёт, манфаатдор шахслар мурожаат этаётган ҳакамлик суди номларини чалкашлиги туфайли ҳакамлик судида иш кўрилишини расмий жиҳатдан кўриб ҳал қилишига имкон бермайди, мазкур суд ваколатларининг формал мулохазаларга кўра далили йўқлигидан, кўпинча бажариб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисобланади. Шунингдек, тарафларга ўзларини ушбу ҳакамлик суди юрисдикциясига бўйсундирган ҳакамлик суди ваколатларини асослаш учун ҳакамлик битимига ҳавола қилиниши лозим. Қонунда олдиндан тўғридан-тўғри белгиланмаган бўлса-да, ҳакамлик судига далил сифатида ҳакамлик суди ваколатини исботловчи ҳакамлик битими ёки унинг нусхаси тақдим этилиши шарт.

Қонун томонидан даъво аризасига бошқа талаблар қўйилмайди. Лекин, Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳакамлик судлари Регламентларида даъво аризаси таркибига бошқа қўшимча талаблар ҳам мавжуд. Масалан, Самарқанд вилояти адвокатлар Ассоциацияси қошидаги Ҳакамлик суди Регламенти даъво аризасида юқорида кўрсатилган маълумотлардан ташқари ҳакамлик тушуми суммаси, ҳакамлик муҳокамаси тили ҳамда даъвогар танлаган ҳакамлик судьясининг исми ва фамилияси кўрсатилган бўлиши шартлигини белгилаб қўйган. Бундан ташқари, даъвогар захирадаги судьяни ҳам кўрсатиши мумкин (23, 24-моддалар).



30-модда. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр


Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини ўз эътирозларини баён этган ҳолда даъвогарга ва ҳакамлик судига тақдим этишга ҳақли. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр ҳакамлик муҳокамаси қоидаларида назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда даъвогарга ва ҳакамлик судига тақдим этилади.

Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Жавобгарнинг вакили томонидан имзоланган ёзма фикрга ишончнома ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилинади.

Агар ҳакамлик муҳокамаси қоидаларида даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни тақдим этиш муддати белгиланмаган бўлса, мазкур ёзма фикр ҳакамлик судининг мажлиси бошлангунга қадар тақдим этилади.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик муҳокамаси давомида ўз даъво талабларини ёки даъвога қарши эътирозларини ўзгартиришга ҳақлидир.


Даъводан жавобгарни ҳимоя қилишнинг асосий усуллари бўлиб эътироз билдириш ва қарши даъво ҳисобланади. Шарҳланаётган модда эътироз билдириш каби ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тартибини белгилайди. Улар ёзма эътирознома шаклида расмийлаштирилган бўлиши лозим. Шуни таъкидлаш керакки, ёзма фикрни тақдим қилиш жавобгарнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Жавобгар томонидан ёзма фикрни тақдим қилиш ҳуқуқидан фойдаланмаслик уни қандайдир нохуш оқибатларга олиб келмайди, шу жумладан, унинг ҳакамлик суди мажлисида эътироз билдириш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Жавобгар томонидан ёзма фикр каби ҳимоя воситасидан фойдаланишни тартибга солишда муҳим шарт уни тақдим қилиш муддатини белгилашдир. Одатдагидек, бундай муддат ҳакамлик муҳокамаси Қоидалари билан белгиланади.

Шарҳланаётган модда ёзма фикрни тақдим қилиш муддати ҳакамлик муҳокамаси қоидалари билан белгиланмаган бўлса, у ҳолда ёзма фикр суд мажлиси бошлангунга қадар тақдим қилинишини белгилайди.

Белгиланган муддатларни бузиш ҳар қандай ҳолатда жавобгарни ҳакамлик суди мажлисида ўз эътирозини оғзаки тақдим қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Шуни тан олиш лозимки, бундай вазиятларда ҳакамлик суди мажлисда жавобгар эътирозини эшитгандан сўнг уларнинг ёзма баёнотини суд материалига қўшиш ҳуқуқига эга (агар уларга ёзма шакли тақдим қилинган бўлса). Жавобгарнинг бунга ўхшаш хатти-ҳаракати оғзаки баёнотни кўриб чиқиш давомида даъвогар учун биринчи бор эшитилган жавобгар фикрини даъвогарга уни рад қилиш имконини бериш учун ишни кўришни кечиктириш масаласини келтириб чиқаради. Ҳимоя қилиш ҳуқуқини суиистеъмол қилиш билан курашиш мақсадида ҳакамлик муҳокамасида ёзма фикрни тақдим қилмаслик жавобгарга ҳакамлик судининг қўшимча харажатларини ва ёзма эътирозни барвақт тақдим қилмаганидан келиб чиққан даъвогар харажатларини юклаш ҳуқуқини ҳакамлик судига бериш тўғрисида ҳакамлик муҳокамаси Қоидаларида қоиданинг белгиланишини мақсадга мувофиқ деб тан олиши лозим. Шарҳланаётган модданинг том мазмунидан келиб чиқадики, даъвогарга ёзма фикр нусхасини жўнатиш мажбурияти ёзма фикрни судга жўнатиш билан бир вақтда буни қилиши лозим бўлган жавобгарга юкланади.

Муҳокама давомида даъвогар даъвони ўзгартириш ёки тўлдириш ҳуқуқига, жавобгар эса - даъвога бўлган эътирозни ўзгартириш ёки тўлдириш ҳуқуқига эга. Кўрсатилган ваколатлар диспозитив принципларидан келиб чиқади.

Шарҳланаётган модда даъвогарнинг даъвони ўзгартириш ҳуқуқини асло чекламайди. Бу ҳакамлик муҳокамасида даъвогар бир вақтнинг ўзида ҳам даъвонинг предмети ҳамда асосини ўзгартиришга ҳақлилигини билдирадими? Шундай туюладики, ҳакамлик муҳокамаси асосланган диспозитивлик ва тарафлар тенг ҳуқуқлилиги принциплари ушбу саволга салбий жавоб беришга мажбур этади. Даъвони ўзгартириш муҳокама давомида даъвогар даставвал тақдим қилган даъвони бошқа даъво билан ўзгартиришига олиб келмаслиги лозим.

Талаблар ўзгариши деганда даъво талабларининг ошиши ёки камайишини тушиниш керак.

Даъво талаблари ўзгариши ҳакамлик битими ёки шартидан четга чиқиши мумкин эмас. Акс ҳолда ҳакамлик суди ўз ваколатидан четга чиқиб кетади, бунга эса йўл қўйиб бўлмайди. Баён этилган фикр ҳакамлик суди агар даъво талабларини ўзгартиш ёки тўлдириш тўғрисида илтимос қаноатлантириши суд ваколатини бузишга олиб келса, уни рад этишга ҳақли эканлигини таъкидлашга имкон беради.

Таъкидлаш лозимки мазкур ваколат даъвогар ва жавобгар томонидан асосланмаган сабаблар туфайли кечиктирилмасдан амалга оширилиши зарур. Айнан шунинг учун, халқаро ва савдо арбитражи тўғрисидаги ЮНСИТРАЛ Намунавий Қонунида (23-модданинг 2-банди) даъво талабларини ўзгартириш ёки тўлдиришга ёки даъво бўйича эътирозларни кечиктиришга йўл қўйилмаслигини ҳисобга олинган ҳолда ҳакамлик судининг рухсат бермаслик ҳуқуқи тўғрисидаги қоидани учратиш мумкин.

Ҳакамлик муҳокамаси давомида баъзан агар бир тараф ҳакамлик судига даъво аризасини берса, бошқа тараф эса бу даъво аризасига жавобан суд ишини мазкур ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқишга қарши бўлмаслигини билдирувчи ёзма фикр тақдим қилса, ҳакамлик битимини тузилган деб кўриб чиқиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисидаги масала кўтарилади. Шаклланган амалиёт шундан гувоҳлик берадики, унга кўра арбитрлар бу ҳолда ҳакамлик битимини тузилган деб тан оладилар. Шарҳланаётган Қонун нормасининг мақсади нуқтаи назаридан ушбу ҳолатда ҳакамлик битимининг тузилганлиги тўғрисида гапириш мумкиндек кўринади. Тарафлар томонидан имзоланган ва ёзма шаклга эга бўлган ҳужжатлар алмашинуви улар ўртасида рўй бериши сабабли, кўрсатилган барча вазиятлар йиғиндиси тарафларнинг муайян ҳакамлик судининг ваколатига бўйсуниш ҳақидаги роз эканлиги тўғрисида гувоҳлик беради.



31-модда. Қарши даъво


Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик суди низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун даъвогарга қарши даъво тақдим этишга ҳақлидир.

Қарши даъво ва унга эътирозлар тақдим этиш ушбу Қонуннинг 29 ва 30-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Қарши даъво қуйидаги ҳолларда дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқилиши мумкин:

1) қарши даъво дастлабки даъвони ҳисобга олишга қаратилган бўлса;

2) қарши даъвонинг қаноатлантирилиши дастлабки даъвони қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман мумкин бўлмайдиган қилиб қўйса;

3) қарши даъво билан дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлиб, уларни биргаликда кўриб чиқиш низони тезроқ ва тўғрироқ ҳал қилишга олиб келса.


Қарши даъво бузилган ва низолашилаётган субъектив ҳуқуқни ҳимоя қилиш воситаларидан бири саналади. Даъво қилинган даъво талаблар бўйича жавобгар тақдим қилишга ҳақли бўлган эътироз билан бирга, у қарши даъвони тақдим қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Қарши даъво талаби даъвогарга нисбатан жавобгарнинг моддий ҳуқуқий талабига асосланади. Айнан ушбу моддий-ҳуқуқий талаб дастлабки даъвони тақдим қилган даъвогар билан жавобгар ўртасидаги мавжуд алоқанинг намоён бўлишидир.

Қарши даъво талабини тақдим қилиш жараён тежамкорлиги принципининг амалга оширилиши деб ҳисобланади. Ушбу институтни белгилаб, қонун чиқарувчи, бир томондан даъвогар ва жавобгар ўртасида мавжуд бўлган моддий-ҳуқуқий манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш тартиб-таомилини оптималлаштиради, бошқа бир томондан эса, суд ишида тарафларни боғловчи бир хилдаги ҳуқуқий асослар бўйича турли суд ишлари оқибатида рўй бериши мумкин бўлган қарама-қарши суд ҳал қилув қарорларидан ҳоли бўлишга интилади.

Қарши даъво талаби даъвонинг барча келиб чиқиш хусусиятларига эга, шунинг учун, у дастлабки даъводан талаб қилинаётган барча талабларга мос келиши лозим. Расмий хусусиятларга кўра, қарши даъвони тақдим қилиш тўғрисидаги даъво аризаси даъво аризаси бўйича талаб қилинадиган талабларга мос келиши керак. Бу ҳолат жавобгар қарши даъвони тақдим этаётиб, даъво аризасида барча зарурий реквизитларга риоя қилиши ва ҳакамлик тушумини тўлаши кераклигини англатади. Агар қарши даъво белгиланган мезонларга тўғри келмаса, у ҳолда ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилмайди. Ҳакамлик муҳокамаси амалиёти ҳам шунга риоя қилаётганлиги кузатилади.

Қонун чиқарувчи қарши даъвони тақдим қилиш имконини турлича тартибга солган. Қуйидагича савол туғилади: тарафлар худди ўша суд жараёнида қарши даъвони тақдим қилишни ўз битимлари билан ман қила оладими? Гарчи ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари томонидан назарда тутилмаган бўлса ҳам ушбу саволга жавоб ижобий бўлмоғи лозимдек кўринади. Бу тарафларга ҳакамлик муҳокамаси Қоидаларини мустақил белгилаш имконини берувчи Қонуннинг 25-моддаси нормасидан келиб чиқади. Бундай вазиятда қарши даъвони тақдим қилишни ман қилиш тўғрисидаги тарафлар томонидан эришилган келишув бошқа суд ишлари доирасида бўлса ҳам тегишли даъвони жавобгар тақдим қилишга ҳақли бўлгани сабабли суд ҳимояси ҳуқуқи чекловлари бўлмайди. Ушбу ҳолатда тарафлар томонидан белгиланган ҳакамлик муҳокамаси Қоидалари Қонуннинг мажбурий қоидаларига зид бўлмаслиги ягона чекловчи шартдир. Қарши даъвони тақдим қилишни ман этиш тўғрисидаги қоида бундай мажбурий қоидаларга зид келмайди.

ЮНСИТРАЛ арбитраж регламенти қарши даъвони тақдим қилиш ва қарши талабларни ҳисобга олиш тартибини йўлга солувчи нормаларни ўз ичига олади. Айнан ушбу нормалар Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Регламентларида тегишли қоидалар ҳакамлик қоидасида ўз ифодасини топиш учун асос бўлди. Шу билан бирга мавжуд шароит шу бўлдики, унга кўра ЮНСИТРАЛ Арбитраж Регламенти ҳам, ҳакамлик судлари Регламентлари ҳам қарши даъво ва талабни ҳисобга ўтказишга низони ҳал қилишни шубҳасиз соддалаштирувчи ва енгиллаштирувчи, ва аксинча жавобгар учун ҳуқуқларининг процессуал ҳимоясини чекловчи ва мураккаблаштирувчи ҳолатни худди ўша шартномадан келиб чиқиши лозимлигини белгилайди.

Қарши даъво фақатгина манфаатдор тарафда уни тақдим қилиш ҳуқуқи пайдо бўлгандагина амалга оширилиши мумкин. Моддий-ҳуқуқий мажбуриятларни ижро қилиш муддати келиши билангина ушбу тақдим қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Агар қарши даъво мажбуриятининг ижро қилиниш муддати етмаган бўлса, у ҳолда тараф қарши даъвони тақдим қилишга ҳақли эмас. Қарши даъвони жавобгар томонидан тақдим қилинадиган даъвога билдириладиган эътироздан фарқлаш лозим.

Қонунда қарши даъво тақдим қилиниши мумкин бўлган бир қанча шартлар мавжуд. Биринчи шарт умумий процессуал хусусиятга эга: агар қарши даъво талабларининг даъвогар тақдим қилган дастлабки талаблар билан ўзаро боғлиқлиги мавжуд бўлган ҳолда ва қарши даъво дастлабки даъвони ҳисобга олишга қаратилган бўлса қарши даъво тақдим қилиниши мумкин (31-модданинг 1, 3-қисмлари). Қарши даъвони тақдим қилишнинг шундай шартлари хўжалик процессуал ҳуқуқида ва фуқаролик процессуал ҳуқуқида ҳам мавжуд. Ушбу шартлар қарши даъво талаблари институтининг процессуал ҳуқуқий жиҳатларини акс эттиради.

Ҳисобга олиш - бу мажбуриятларни бекор қилиш турларидан бири. У мумкин бўлган шартлар ЎзР ФКнинг 343-345-моддаларида белгиланган.

Қарши даъво тақдим қилиниши мумкин бўлган иккинчи шарт қарши даъвонинг қаноатлантирилиши дастлабки даъвони қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман мумкин бўлмайдиган қилиб қўйилишидир (31-модда 2-қисм).

Ҳакамлик муҳокамаси давомида қарши даъво тақдим қилиниши мумкин бўлган учинчи шарт Қонуннинг 31-моддасининг 1-қисмида мавжуд. Бундай шарт ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини қабул қилишигача қарши даъвони тақдим қилиш талаби ҳисобланади. Шунга қарамай, мазкур форма маълум меъёрда диспозитивдир. У тарафларга қарши даъвони тақдим қилиш муддатини ўзгартириш ҳуқуқини беради. Мисол учун, тарафлар битими орқали суд иши бўйича иш кўришлар бошланишигача қарши даъво тақдим қилиниши мумкинлиги белгиланган бўлиши мумкин. Айни вақтда тарафлар битимида ҳакамлик суди томонидан суд иши бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилгандан кейин қарши даъвони тақдим қилиш ҳуқуқи белгиланмаган бўлиши мумкин.

Қарши даъвони тақдим этишнинг яна бир шартларидан бири қарши даъвони тақдим қилишга йўл қўядиган (ман этмайдиган) ҳакамлик битими қоидаси ҳисобланади. (31-модданинг 1-қисми).

Таъкидлаб ўтамизки, баъзи ҳолларда бошқа давлатлар қонунчилик ҳужжатларида қарши даъво талабини кўриб чиқиш имкониятини мураккаблаштирувчи бошқа шартлар ҳам назарда тутилади. Жумладан, Австрия иқдисодий Федерал палатаси Вена халқаро арбитраж суди Регламентига мувофиқ, агарда қарши даъво бўйича ишни кўриб чиқиш асосий муҳокамасининг маълум кечикишига олиб келса, арбитр (арбитрлар ҳайъати) қарши даъвони алоҳида муҳокамада кўриб чиқиш учун ушбу арбитраж институти котибиятига қайтаришга ҳақлидир.

Жавобгар томонидан қарши даъвони тақдим қилиш даъвогарда қарши даъвога эътироз учун ҳуқуқ пайдо бўлишига олиб келади. Бундай эътирозлар ҳакамлик муҳокамаси Қоидаларида назарда тутилган муддат ва тартибда, лекин, табиийки, суд иши бўйича ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарорини қабул қилишигача тақдим қилиниши лозим.

Ушбу қоидалар, одатда, жавобгар томонидан асосий даъвога эътироз тақдим қилиниш қоидалари билан бир хил (30-модда шарҳига қаранг).



32-модда. Даъвони таъминлаш чораларини кўриш


Агар даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ижросини қийинлаштириши ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, даъвони таъминлашга йўл қўйилади.

Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бирининг илтимосига кўра даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин. Ҳакамлик суди тегишли илтимоснома билан арз қилаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафидан ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш таъминлаб берилишини талаб қилиши мумкин.

Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш ҳақидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафи томонидан ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёхуд жавобгар жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёинки жавобгарнинг мол-мулки турган жойдаги ваколатли судга берилади.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризага даъвонинг ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар, ҳакамлик судининг даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги ажрими илова қилинади.

Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани ваколатли суд томонидан кўриб чиқиш ҳамда даъвони таъминлаш ёхуд уни таъминлашни рад этиш ҳақида ажрим чиқариш Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида ёки Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳакамлик судининг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори даъвони таъминлаш чоралари ваколатли суд томонидан бекор қилиниши учун асос бўлади.


Ҳакамлик муҳокамасида даъвони таъминлаш масаласи турли мамлакатларда турлича ҳал қилинади. Бунда, қонун чиқарувчилар фикри тўғридан-тўғри зид бўлган бошланғич шарт-шароитлар асосида қурилади. Шундай қилиб, ҳакамлик муҳокамасини баъзи бирларининг ўзаро келишуви бўйича тарафларнинг шахсий иши ва суд томонидан ҳал қилув қарорини қабул қилишгача давлатнинг шахсий ишларга аралашишига йўл қўймайди деб ҳисоблайди. Бошқалари эса, ҳал қилув қарорининг ижро этилиши энг муҳим принципи эканлиги ва тарафлар аввалдан суд томонидан чиқариладиган, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган ҳужжатларга бўйсунишга тайёрлигидан келиб чиқади.

Қонун чиқарувчи Ўзбекистонда ҳакамлик судларига даъвони таъминлаш имконини тақдим қилиб, иккинчи услубни танлади. Шу билан бирга, ҳакамлик суди даъвони таъминлаш бўйича чораларни кўриши мумкин бўлишини, ушбу масалани тартибга солишни тарафлар битимига ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларига ҳавола қилиб, Қонун уни белгиламайди. Анъанавий равишда қонун ҳужжатлари даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши лозим бўлган битта мезонни белгилайди. Бундай чораларни кўрмаслик суд ҳал қилув қарорларини ижро этишни қийинлаштиради ёки ижрони амалга оширишни йўққа чиқаради. Агар доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ёки тарафлар даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши шарт бўлган ва ушбу чоралар айнан қандай бўлиши кераклиги мезонларини ишлаб чиқмаса, мазкур масаланинг ҳал қилиниши ишни кўраётган ҳакамлик суди таркиби эътиборига ҳавола этилади.

Даъвони таъминлаш даъво қаноатлантирилган ҳолларда даъво талабларини амалга ошириш имкониятини кафолатловчи суд томонидан тасдиқланган чоралар кўрилишини ўзида ифода қилади. Даъвони таъминлашнинг мазмуни шундан иборатки, унга кўра жавобгар инсофсиз ҳаракат қилган ҳолда ёки чораларнинг умуман кўрилмаслиги ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиш мумкин булмаслигини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолда, даъвони таъминлаш бўйича даъвогарнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади.

Шундай қилиб ундириб олиш вақтига келиб, жавобгарнинг мулкини беркитиши, йўқотиши, ўзганинг ҳисобига ўтказиш ёки истеъмол қилиш оқибатида йўқ бўлиши ҳақида етарлича асосланган тахмин бўлса, даъвони таъминлаш бўйича чоралар зарур бўлиб қолиши мумкин. Ваколатли суд томонидан ҳал қилув қарорини амалга ошириш имконини кафолатловчи ЎзР ХПК ва ФПКда (32-модданинг 5-қисмига мувофиқ) назарда тутилган чоралар даъвони таъминлаш деб юритилади. Зарур ҳолларда даъво қисман таъминланиши мумкин. Мисол учун, у бир нечта талаблардан иборат бўлса ва бутун даъво таъминланиши эмас, балки унинг алоҳида талабларини таъминлаш зарур бўлади. Қонуннинг 31-моддасида белгиланган тартибда тақдим қилинган ҳам дастлабки, ҳам қарши даъво бўйича даъвони таъминлашга йўл қўйилади. Даъвони таъминлашга фақатгина ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг аризаси бўйича рухсат этилади. Ҳакамлик суди ташаббуси билан даъвони таъминлаш Қонун томонидан кўзда тутилмаган.

Даъвони таъминлаш суд ишининг суд иши юритилишига қабул қилиниши билан ва ҳакамлик муҳокамасининг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин.

Тақдим қилинган даъволаргина таъминланиши лозим. Келгусида даъво сифатида тақдим қилиниши кўзда тутилган талабларни таъминлаш имкони Қонун томонидан назарда тутилмаган. Яъни, ҳали даъво тақдим қилинмаган экан, унинг таъминланиши мумкин эмас. Суд ҳал қилув қарори билан ҳал қилинган ва қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан кейин даъволар таъминланиши мумкин эмас.

Даъвони тақдим қилишда даъвони таъминлаш илтимоси ҳам даъво аризаси, ҳам даъвога илова қилинадиган мустақил аризада баён қилиниши мумкин ва арз қилувчи томонидан асосланиши керак.

Қонун даъвони таъминлашда чоралар кўриш мақсадида муайян зарурий асосларни кўриб чиқмайди. Жумладан, унинг тақдим қилинган ҳужжатлар орқали асосланганлигини даъвони таъминлаш шарти деб белгиламайди.

Илтимосни кўриб чиқиш натижасига кўра, ҳакамлик суди даъвони таъминлашнинг муайян чоралари кўрсатилган ажрим чиқаради. Даъвони таъминлаш ёки бундай чораларни рад қилиш чораларини кўриш тўғрисидаги ҳакамлик суди ажрими устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Қонун даъвони таъминлаш бўйича чоралар рўйхатини ва қайси муайян чора ҳамда қайси даъво талабига татбиқ қилиниши мумкинлиги ҳақидаги кўрсатмаларига ҳам эга эмас. Ҳакамлик судларида таъминлаш чоралари ҳакамлик муҳокамаси спецификасини ҳисобга олган ҳолда турли бўлиши мумкин, мисол учун, Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 77-моддаси ва ФПК 249-моддасида назарда тутилган таъминловчи чоралар. Шундай қилиб, ҳакамлик суди ижро ҳужжати бўйича ундириб олишни тўхтатиш каби чораларни кўра олмайди, чунки бундай ишлар ҳакамлик судлари ваколатига кирмайди. Шунинг учун суд қандай чораларни ушбу ҳолатда қўллаш мумкинлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишда ишнинг ҳолатидан келиб чиқади.

Бундан ташқари ҳакамлик судининг таъминловчи чоралари ҳакамлик муҳокамаси иштирокчилари бўлмаган шахсларга қўлланиши мумкин эмас, бунга боғлиқ ҳолда ҳакамлик суди учинчи шахсларнинг тарафларнинг бири олдида ўз мажбуриятини бажаришини ман қила олмайди. Лекин, даъвони таъминлашга нисбатан ваколатли суд қарор қабул қилса (32-модда 5-қисм), у ҳолда у маълум ҳаракатни нафақат жавобгарга, балки ушбу ҳаракатлар низо предметига тегишли бўлса, бошқа шахсларга нисбатан ҳам ман этиши мумкин. Шундай қилиб, мисол учун, ваколатли суд маълум шахсларга жавобгарга мулкни тақдим қилишни, унга нисбатан муайян мажбуриятларни бажаришни ва бошқаларни ман қилиши мумкин. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал ва Фуқаролик процессуал кодексларида назарда тутилган.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида белгиланган қоидага кўра, ҳакамлик суди даъвони таъминлаётиб, тегишли илтимоснома билан арз қилаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафидан ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш таъминлаб берилишини талаб қилиши мумкин. Бундай талаб ҳакамлик суди томонидан таъминловчи чоралар қабул қилиниши тўғрисидаги илтимосномани унга нисбатан даъвони таъминлашнинг чоралари сўраладиган тараф илтимосномасига кўра даъво қилувчи тарафга тақдим этилади. Бундай вазиятда даъвони таъминлаш тўғрисидаги масала даъво қилувчи тарафга бошқа тарафга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини қоплашни таъминлаб беришни тақдим қилишга боғлиқ ҳолда ҳал этилади.

Агар даъвосини таъминлаш борасидаги ваколатли суд ажримининг ижро қилинмаслиги оқибатида даъвогарда зарар вужудга келса, у Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, айбдор шахслардан уларни ундириб олишга ҳақлидир.

Тарафлар даъвосига кўра, ҳакамлик суди даъвони таъминлаб беришнинг бир турини бошқаси билан алмаштириши мумкин. Даъвони алмаштиришда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Хўжалик ва Фуқаролик процессуал кодексларида назарда тутилган даъвони таъминлаш чораларини қўллаш лозим бўлади. Даъвони таъминлаш бўйича бир чорани иккинчисига алмаштириш масаласи дастлаб суд белгилаган чора етарли бўлмаганда ёки ўзини оқламаганда мумкин бўлади. Мисол учун, ҳибсга олинган мол-мулк ўз дастлабки қийматини йўқотганда ва келгусида суд ҳал қилув қарорини ижро этишга кафолат бўла олмаганда. Алмаштириш нафақат даъвогар тарафнинг ташаббуси бўйича, балки даъвони таъминлашнинг қабул қилинган чоралари маълум даражада ҳуқуқларини чекласа ва унинг мулкий аҳволига таъсир этса, унга нисбатан қарши таъминлаш чоралари кўрилган бошқа тараф ташаббуси билан рўй бериши ҳам мумкин. Даъвони таъминлашнинг бир турини иккинчисига алмаштириш тўғрисида ҳакамлик суди томонидан ваколатли судга манфаатдор тарафлар томонидан ажрим чиқарилиб топширилади.

Даъвони таъминлаш бўйича чораларни кўриш тўғрисида ҳакамлик суди ажримини олиб, тараф ҳакамлик суди томонидан юборилган ажримга мувофиқ ваколатли судга таъминловчи чораларни қабул қилиш тўғрисида илтимос қилинган ариза беради (Қонуннинг 32-моддаси, 4-қисмига мувофиқ даъвога ҳужжатлар илова қилинади). Тарафга қуйидагилар бўйича ваколатли судни танлаш имкони берилади: а) ҳакамлик суди жойлашган манзили бўйича; б) жавобгарнинг жойлашган жойи (яшаш манзили) бўйича; в) жавобгарнинг мулки жойлашган жой бўйича (Қонуннинг 32-моддаси 3-қисми).

Ваколатли суд ҳакамлик судига даъво топширилганлиги ҳақида исботлар иловаси билан таъминловчи чораларини кўриш тўғрисида тараф даъво аризасини ва даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги ҳакамлик суди ажримини олиб, уни кўриб чиқади. Даъвони кўриб чиқиш натижасига кўра, ваколатли суд даъвони таъминлаш бўйича муайян чора (ёки бир нечта чоралар) кўрсатилган ажрим чиқаради (ваколатли суд ажрими устидан шикоят қилиниши мумкин: ХПКнинг 76-моддаси, ФПКнинг 249-моддаси).

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим процессуал қонун ҳужжатлари ва “Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланган тартибда ижро этилади. Бу шуни англатадики, даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримни ижро этиш учун хўжалик (фуқаролик) суди ижро варақасини беради. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ижро варақаси, унинг асосида даъвони таъминлаш чоралари амалга оширилиши мумкин бўлган ягона ҳужжатдир.

Ишни кўрувчи ҳакамлик суди ўз ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқишга ва хусусан, бундай чоралар кўрилган асослар йўқолганда, манфаатдор тарафлар илтимосига кўра даъвони таъминлаш тўғрисидаги ўз ажримини бекор қилишга ҳақлидир. Мазкур ҳакамлик суди ажрими манфаатдор тарафнинг даъво аризаси билан ўзининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримини рад қилувчи ваколатли судга берилади.

Ҳакамлик судида суд иши бўйича иш юритишни тўхтатиш даъвони таъминлашни мажбурий рад қилишга олиб келмайди, чунки қонун чиқарувчи бундай мажбуриятни белгиламайди. Даъвони таъминлашнинг сақланиб қолиши мумкин. Ушбу масалани ҳал этишда ваколатли суд суд иши бўйича иш юритиш тўхтатилган давр узоқ давомли бўлиши мумкинлигини, бу эса жавобгарнинг ҳуқуқини давом этувчи ва белгиланмаган муддатга чеклаб қўйишини ҳисобга олиши керак.

Даъвони таъминлашни рад қилиш тўғрисидаги масала ҳакамлик мажлисида, сўнгра ваколатли суд мажлисида кўриб чиқилади, тарафларнинг уларга келмаслиги мажлислар ўтказилишига тўсқинлик қилмайди. Даъвони таъминлашни рад қилиш борасидаги ваколатли суд ажрими устидан ХПК ва ФПКда назарда тутилган умумий асослар бўйича шикоят қилинади.

Ҳакамлик суди бир вақтнинг ўзида даъвони рад қилиш қарори билан бирга даъвони таъминлаш бўйича чораларни ваколатли суд томонидан бекор қилиш учун асос бўлувчи даъвони таъминлашни рад қилиш ажримини чиқариши лозим. Суд иш бўйича иш юритишни тўхтатиш ва даъвони кўрмасдан қолдиришда, даъвони таъминлашни рад қилиш тўғрисидаги масала ҳам шу тартибда ҳал этилади. Даъвони рад қилиш қарори, суд иши бўйича иш юритишни тўхтатиш ёки даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим қонуний кучга кирганда, даъвони таъминлаш чоралари, агар улар олдиндан рад қилинмаган бўлса, бекор қилинади.

Даъвони таъминлаш бўйича чораларни кўриш тараф ҳуқуқини чеклаши ва унга зарар келтириши мумкин. Агар тарафга келтирилган зарар даъвони таъминлашга асосланган ҳолда юзага келса, у бошқа тарафдан уларни қоплашни талаб қилишга ҳақли (Қонуннинг 32-моддаси, 2-қисми). Бундай ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган бўлса, ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг тарафда бундай ҳуқуқ юзага келади. Даъво қисман рад қилинганда ҳакамлик суди томонидан даъвогарга даъвонинг қайси қисмини таъминлашда рад қилган бўлса, жавобгар даъвонинг айнан ўша қисмини таъминлашдан келтирилган зарарни даъвогардан ундиришга ҳақли. Суд иши бўйича иш юритишни тўхтатишда ва даъвони кўрмасдан қолдиришда жавобгарнинг зарарларини қоплаш тўғрисидаги масалалар шу сингари ҳал этилади.

Даъвони таъминлашдан жавобгарга келган зарарни қоплаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш мақсадида жавобгарнинг даъво аризаси бўйича янги иш қўзғатилади. Ушбу даъво дастлабки низони ҳал этган худди ўша ҳакамлик судида кўриб чиқилиши мумкин.



33-модда. Далилларни тақдим этиш


Ҳакамлик муҳокамасининг ҳар бир тарафи ўз даъво талаблари ва даъвога қарши эътирозларининг асоси сифатида кўрсатаётган ҳолатларни исботлаб бериши керак. Ҳакамлик суди, агар у тақдим этилган далилларни етарли эмас деб топса, ҳакамлик муҳокамаси тарафларига қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилишга ҳақли.


Исбот қилиш жараёни мураккаб процессуал, воқеликнинг маълум парчасини акс эттиришни келтириб чиқарувчи, текширилаётган иш ҳолатини тикловчи текшириш фаолияти ҳисобланади. Мураккаб кўп қисмли фаолият бўлмиш исботлаш ўз ичига қуйидагиларни олади: 1) исботлаш лозим бўлган бир қатор фактларни аниқлаш; 2) исбот-далилларни йиғиш ва процессуал мустаҳкамлаш; 3) текширишни ўз ичига олган далилларни текшириш; 4) далилларни баҳолаш.

Ҳакамлик жараёнида ягона норма - Қонуннинг 33-моддаси исбот-далилларга бағишланган. Модданинг номланиши унинг мазмунига мос келмайди. Ушбу моддани “Далил-исботлаш мажбурияти” деб аташ аниқроқ бўларди, мадомики унда даъволашувчи тарафлар ўртасида исбот-далилнинг мажбуриятини тақсимлаш тўғрисида сўз юритилади. Айни пайтда исбот-далил жараёни суд ҳал қилув қарорини қабул қилиш учун асос бўлувчи исбот-далилни тақдим қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Мазкур моддада мустаҳкамланган норма асосида исбот-далилнинг фуқаролик-процессуал назарияси учун хос бўлган исбот-далилнинг мажбуриятини тақсимлашнинг қуйидаги умумий қоидаси ётади: манфаатдор шахс унинг ҳуқуқий позицияси таянган фактларни исботлашга мажбур. Ушбу қоида анъанавий равишда процессуал ҳуқуқда мустаҳкамланган тортишув принципининг ифодаси ҳисобланади. Шу билан бир вақтда, мазкур умумий қоида мутлақ якун ҳисобланмайди. Процессуал назариядан шу нарса маълумки, исбот-далили бўйича мажбуриятлар процессуал қонунда белгиланган умумий қоидаларга ва моддий ҳуқуқ нормаларида мавжуд бўлган шахсий қоидаларга асосланган ҳолда тарафлар ўртасида тақсимланади.

Нафақат ҳакамлик, балки давлат судларидаги низолар муҳокамаси амалиёти тарафларда исбот-далил предметини ва чегарасини аниқлашда вужудга келадиган муайян муаммолар тўғрисида гувоҳлик беради. Ҳакамлик жараёни ривожининг йўналиши манфаатдор тарафнинг исбот-далил предметини қанчалик тўғри белгилашига боғлиқ.

Ҳар бир тараф мустақил равишда исбот-далилнинг предмети ва чегарасини белгиловчи шароит ҳакамлик суди исбот-далилнинг предметини аниқлаш жараёнидан умуман тўлиқ узоқлашиши кераклигини англатмайди. Жараён ривожига ҳакамлик суди таъсир ўтказишга имкони бўлган бундай вазиятни мустаҳкамлаш мақсадида, қонун чиқарувчи агар суд тақдим қилинган исбот-далилни низони тўғри ва адолатли ҳал қилиш учун етарли бўлмаган деб ҳисобга олса, тарафларга қўшимча исбот-далилларни тақдим қилишини таклиф этишга ҳақли эканлигини кўзда тутади.

Исбот қилиш предмети деганда унинг аниқланиши суд ёки бошқа органлар томонидан қонуний ва асосланган қарорни чиқариш учун зарур бўлган барча ҳолатлар (юридик фактлар) мажмуи тушунилади. Ушбу Қонунда исбот-далиллар турлари тўғрисида фақатгина ҳакамлик судьяларининг ёзма ва ашёвий далилларни мазкур далиллар турган жойда кўздан кечириш ҳамда текшириш билан боғлиқ харажатлари тўғрисида гапирилувчи 20-моддада сўз юритилади. Шундай килиб, Қонун ҳакамлик муҳокамаси жараёнида қўлланиши мумкин бўлган далилларнинг турлари ва тизими тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олмайди. Ҳакамлик муҳокамаси ўтказувчи асос сифатидаги далиллар тўғрисида тегишли тасаввурлар далилнинг умумий процессуал назариясидан олинган бўлиши мумкин. Меъёрий кўринишдаги далилларнинг турлари ва тизими тўғрисидаги қоидалар Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларида мустаҳкамланган.

Далиллар деб процессуал кодекслар ва бошқа қонунларда назарда тутилган қўлга киритилган маълумотлар ҳисобланади. Улар асосида суд ишида иштирок этувчи шахсларнинг эътирози ва талабига асосланган ҳолатларнинг ва шунингдек низони тўғри кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлиги ёки йўқлигини белгилайди (ЎзР ХПКнинг 54-моддаси, 1-қисми; ЎзР ФПКнинг 56-моддаси). “Далил” терминини кўрсатилган мазмунида унинг ҳакамлик судида қўлланишини ҳам тушуниш лозим. Хўжалик (фуқаролик) суд жараёнидаги каби ҳакамлик муҳокамасида ҳам Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига риоя қилмаслик орқали қўлга киритилган далиллардан фойдаланиш мумкин эмас. Охирги қоида қонунни бузиш билан қўлга киритилган далилларга асосланган суд ҳал қилув қарорига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидасидан келиб чиқади.

33-модда исботлаш мажбуриятини тақсимлашнинг умумий қоидаларини аниқ ифодалайди ва далиллаш жараёнида тарафларнинг фаол ролини мустаҳкамлайди. У ҳакамлик судининг тортишув хусусиятини ифода этади.

Даъвогар даъвонинг асоси бўлган ҳолатларни исботлашга мажбур. Булар низоли ҳуқуқий муносабатларнинг мавжудлиги билан боғлиқ бўлган ва жавобгар томонидан даъвогар ҳуқуқини бузиш ёки унинг юзасидан низолашиши ҳақида гувоҳлик қилувчи фактлардир.

Жавобгарда ҳам даъвога қарши ўз эътирозларини асослаётган у мурожаат қилаётган фактларни исботлаш мажбурияти ётади. Муайян ишда ҳар бир тараф исботлаши лозим бўлган фактлар низоли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи моддий-ҳуқуқий нормалар мазмунини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Бошланган ҳакамлик муҳокамаси жараёнида ишни тўғри ҳал қилиш мазмунига эга бўлган қандайдир бир янги фактлар суд муҳокамасига қўйилса, у ҳолда улар ушбу фактларни муҳокамага тақдим қилган тараф томонидан тегишли далиллар билан тасдиқланиши лозим.

Ишда иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахслар ўзларига маълум бўлган далиллар билан фактларни тасдиқлайдилар. Улар судга ёзма ва ашёвий далилларни тақдим қиладилар, гувоҳларни кўрсатадилар, экспертизани тайинлаш тўғрисида илтимоснома қиладилар, ўзлари иш ҳолати бўйича тушунтириш берадилар.

Тегишли мажбурият юкланган тарафлар томонидан фактларни исботлаш жараёнида, бошқа тараф ёки бошқа манфаатдор шахслар далил устида текширишда фаол иштирок этиш ҳуқуқига эга. Улар тақдим қилинган материалларни рад қилиши, судга ўз далилларини таклиф қилиши, уларнинг процессуал оппоненти томонидан ифода қилинган далиллар ва мулоҳазаларга қарши эътироз билдиришлари мумкин.

Исбот қилиш мажбуриятини тақсимлашнинг умумий қоидаси мазкур Қонуннинг бир қатор моддаларида, ҳакамлик судлари Регламентлари ва Низомларида аниқлаштирилади. Мисол учун, Қонуннинг 29-моддаси даъво аризасида даъвогар ўз талабини асослаган ҳолатни ва даъво талаблари асосини тасдиқловчи исботларни кўрсатиш зарурлигини белгилайди, Қонуннинг 31-моддаси жавобгарга ҳам шундай ҳуқуқни беради.

Суд исботи ўзида суд томонидан муайян иш бўйича объектив ҳақиқатни англашнинг мураккаб ва кўп қиррали жараёнини намоён қилади. Суд исботининг ажралмас қисми бўлиб суд томонидан исбот-далилни баҳолаш саналади. Кўп ҳакамлик судларининг Регламентлари далилларни баҳолаш судьялар томонидан уларнинг тўлиқ, ҳар тарафлама ва объектив текширишга асосланган ички ишончи бўйича амалга оширувчи нормаларни ўз ичига олади.

Ҳакамлик суди учун ҳеч қайси далил аввалдан белгиланган кучга эга бўлмайди. Суд агар улар ёлғон ёки шубҳали деб хулосага келса, суд далил сифатида тақдим қилинган ҳар қандай маълумотни рад қилиши мумкин. Ҳакамлик суди томонидан далилнинг баҳоланиши иш ҳолати тўғрисидаги суд хулосасига асосланган далиллар ва суд у ёки бу далилларни рад қилган мулоҳазалар кўрсатиладиган ҳал қилув қарорларда акс этади (Қонуннинг 39-моддаси). Агар далилни исбот қилишнинг тартиби, тартиб-таомили, далилнинг турлари, далил-исбот мажбуриятларини тақсимлаш тарафлар битими билан белгиланган бўлса, ҳар қандай исбот-далилнинг мазмуни ва мавжудлиги, рухсат этилганлик масалалари ҳакамлик судининг ваколатига киради.

Шундай қилиб, томонлар муайян фактларни ўз битими билан тан олсалар, ҳакамлик суди бошқа далиллар таҳлили натижасида ушбу далиллар тасдиқланмайди деган хулосага келса, унда тарафлар томонидан тузилган фактларни тан олиш тўғрисидаги тегишли битим ҳакамлик суди учун зарурий бўлмайди.



34-модда. Ҳужжатларни ва бошқа материалларни юбориш


Ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири ҳакамлик судига тақдим этадиган барча ҳужжатларнинг ва бошқа материалларнинг нусхалари, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига топширилиши керак. Ҳакамлик суди ўз ҳал қилув қарори учун асос қилиб оладиган эксперт хулосалари ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамаси тарафларига топширилиши керак.

Ҳужжатлар ва бошқа материаллар, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, уларнинг ўзлари кўрсатган, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бўлган юридик шахснинг охирги маълум бўлган жойлашган ери (почта манзили) ёки жисмоний шахснинг охирги маълум бўлган яшаш жойи бўйича топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан ёхуд кўрсатилган ҳужжатлар ҳамда материаллар етказиб берилганлиги қайд этилишини назарда тутувчи бошқача усул орқали юборилади. Ҳужжатлар ва бошқа материаллар улар етказиб берилган кунда қабул қилиб олинган ҳисобланади.


Қонуннинг ушбу моддасини тўлиқ шарҳлашга эҳтиёж сезилмайди, унинг матнида юбориш тартиби, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари учун ҳакамлик судидан чиқувчи ҳужжатлар ва бошқа материалларни олиш тушунарли баён қилинган.

Ҳакамлик тарафлари суд муҳокамасигача тарафларга тақдим қилинган ҳужжатлар ва бошқа материалларни олиши қонун томонидан белгиланган. Шарҳланаётган модда томонидан назарда тутилган ҳужжат ва материаллар билан танишиб чиқиш учун уларни тақдим қилиш қоидаси тарафлар суд муҳокамасигача бир-бири ҳақидаги далилларни билишга ҳақлилигини назарда тутувчи тортишув принципини юзага чиқаришни мақсад қилади. Шу тарзда, тарафлар бошқа шахслар томонидан тақдим қилинган далиллар билан нафақат танишиш имкониятига эга бўлади, балки ўз эътирозларини билдиради, уни кўриб чиқишгача суд иши юзасидан ўз фикрини аниқлаштиради, бу эса ишни кўриб чиқиш вақтини анча қисқартиради. Мазкур нормалар тақдим қилинган ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқини фақатгина суд муҳокамаси бошланиш вақтигача чекламайди. Тарафлар тақдим қилинган ҳужжатлар билан суд ишини юритишнинг бутун давомида танишишлари мумкин.

Одатдагидек, ҳакамлик судлари Регламентларида ҳакамлик суди масъул котиби иш юзасидан тарафлар томонидан белгиланган манзилларга юборилган барча ҳужжатларни тарафларга беришни таъминлаши назарда тутилади. Уларда даъво аризалари, даъво юзасидан эътирозлар, чақириқ қоғози, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорлари ва ажримлари ҳакамлик муҳокамаси тарафларига топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хатлари орқали юборилиши ҳақида кўрсатмалар келтирилган. Бошқа ҳужжатлар ҳам буюртма, ҳам оддий хат орқали юборилиши мумкин. Билдириш ва хабарномалар телеграф, телетайп, факс орқали ҳам узатилиши мумкин. Ушбу ҳужжатлардан ҳар қайсиси тенг равишда тилхат билан ҳам шахсан тарафларга, ҳам уларнинг вакилларига топширилиши мумкин.

Тарафларга ҳакамлик суди мажлисининг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида хабарнома олдиндан юборилган бўлиши лозим. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Регламентларида улар нуқтаи назарида, барвақтлик талабини қаноатлантирувчи турли муддатлар белгиланади. Шундай қилиб, мисол учун, Самарқанд вилояти адвокатлар Ассоциацияси қошидаги Ҳакамлик суди Регламенти томонидан “Ҳакамлик суди тарафлари иш бўйича мажлис ўтказиш вақти ва жойи ҳақида чақириқ қоғози билан хабардор қилинадилар, уларни шундай ҳисоб билан жўнатиш керакки, ҳар бир тараф иш муҳокамасига тайёрланиш ва мажлисга келиши учун ўн беш кундан кам бўлмаган муддатга эга бўлсин. Тарафлар келишувига кўра бу муддат қисқартирилиши мумкин” деб кўрсатилган (31-модда). Шу тарзда, тарафлар мустақил равишда тегишли битимга келиш йўли билан барвақт хабардор қилиш учун зарурий муддатни ойдинлаштириши мумкин, лекин, одатда ушбу муддат доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Регламентида белгиланган муддатдан ошмаслиги лозим. Агар сўз муваққат ҳакамлик суди борасида кетса, у ҳолда тарафлар ўзлари қандай муддатни ҳакамлик суди жойи ва вақти тўғрисида барвақт хабардор қилиш учун етарли деб ҳисоблашини аниқлашга ҳақли.

Ҳакамлик суди мажлиси жойи ва вақти тўғрисидаги хабарнома ҳужжатлари ва бошқа материаллар ҳакамлик суди тўғрисидаги Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади ва топширилади. Яъни тарафларга юридик шахснинг охирги маълум бўлган жойлашган ери (почта манзили) ёки жисмоний шахснинг охирги маълум бўлган яшаш жойи бўйича ҳужжатлар юборилади.

Қонун шуни белгилайдики, ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири ҳакамлик судига тақдим этадиган барча ҳужжатларнинг ва бошқа материалларнинг нусхалари, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига топширилиши керак. Ҳакамлик суди ўз ҳал қилув қарори учун асос қилиб оладиган эксперт хулосалари ҳакамлик суди томонидан тарафларга топширилиши керак. Ҳужжатлар ва материаллар нусхаларини бериши тартиби ҳам доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Регламентлари томонидан ёки муваққат ҳакамлик судини ташкил қилиш тўғрисидаги тарафлар битими орқали белгиланади. Белгиланган тартибни бузиш доимий фаолият юритувчи ҳакамлик суди Регламенти томонидан назарда тутилгандан кўра, ҳужжатларни бошқача беришга ҳаракат қилувчи тарафлар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Суд ушбу тараф томонидан ҳужжатларни бериш талаби бажарилмаган деб ҳисоблаши ва уларни иш материалларига қўшишни рад қилиши мумкин.

34-модданинг 2-қисмидаги охирги жумла ҳужжатлар ва бошқа материаллар улар етказиб берилган кунда қабул қилиб олинган ҳисобланади деб қайд қилинган. Ушбу қоида мазмунига кўра, адресат кўрсатилган почта манзили бўйича яшашининг (у ерда борлиги ёки йўқлигининг) ва ҳозир қаерда яшашининг аҳамияти йўқ, чунки етказиб берилганлик факти ҳужжатларни олганлигини исботи эканини англатади.



35-модда. Ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг

ҳакамлик суди мажлисида иштирок этиши


Ҳакамлик муҳокамасининг ҳар бир тарафига ўз нуқтаи назарини баён этиши ҳамда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун тенг имкониятлар берилиши керак.

Ҳакамлик муҳокамаси, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёки уларнинг вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафларига ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабарнома юборилиши ёки топширилиши лозим. Мазкур хабарнома ҳакамлик суди томонидан ушбу Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади ва топширилади.

Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик суди низони ёпиқ мажлисда кўриб чиқади.


Тарафларнинг тенглиги принципини бирин-кетин амалга ошириб, қонун чиқарувчи 35-модданинг биринчи қисмида уни аниқлаштиради. Тарафлардан ҳеч бири ноқулай шароитга қўйилмаслиги лозим, суд тарафларга тенг имкониятлар яратишга мажбурдир. Айни пайтда, кўриб чиқилаётган нормада нафақат тенглик принципи, балки Қонуннинг 4-моддасида мустаҳкамланган жараённинг тортишув принципи амалга оширилади. Ушбу ҳолат ҳакамлик муҳокамасининг процессуал табиатига урғу бериб ўтади. Ҳакамлик судига нисбатан ишониш принципи ҳакамлик битимини тузиш (шартномага ҳакамлик шартини киритиш) ва судьяларни танлаш босқичларида юзага чиқади. Ҳакамлик судлари тўғрисидаи Қонуннинг 4-моддасида тўғридан-тўғри процессуал принципларни, шу жумладан, тортишув принципини кўзда тутиб, қонун чиқарувчи ушбу масаладаги шубҳага барҳам берди.

Қонуннинг 35-моддасининг иккинчи қисми ҳакамлик суди учун икки аҳамиятга эга жиҳатни бирлаштирди. Улардан биринчиси, бу ҳужжатлар бўйича тарафларни ёки уларнинг вакилларини чақирмасдан низони сиртдан муҳокама қилиш имкониятидир. Умумий қоида сифатида ҳакамлик муҳокамаси тарафлар ёки уларнинг вакиллари иштироки билан ўтказилиши белгиланади. Низони сиртдан кўриб чиқиш тўғрисида келишиш ҳуқуқи фақатгина тарафларга берилган. Айни пайтда, “Халқаро савдо арбитражи тўғрисида”ги ЮНСИТРАЛ Намунавий қонуни арбитраж судининг оғзаки (юзма-юз) иш кўришни амалга ошириш ёки тарафларнинг бошқача битими ёки оғзаки муҳокама олиб бориш тўғрисида тарафларнинг биридан илтимос йўқлиги ҳолларида, фақатгина ҳужжатлар ва бошқа материаллар асосидагина низоларни ҳал қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш ҳуқуқини сақлаб қолади (24-модда). Тарафларни чақирмасдан, иш материали бўйича низони кўриб чиқиш имконининг ўзи ҳакамлик суди муҳокамасининг ажралиб турувчи хусусияти бўлиб саналади ва ҳакамлик суди жараёнининг соддалаштирилганлиги билан боғлиқ.

Эътиборни қаратишимиз лозим бўлган иккинчи жиҳат, бу ҳакамлик судида вакилликдир. Тарафлар ёки улар вакиллари иштирокида ҳакамлик судида ҳакамлик муҳокамаси амалга ошириладиган таклиф этилган аниқ ифода ЎзР ХПК ва ЎзР ФПК қоидаларига мос келади. Айни вақтда процессуал кодекслар нормалари ишда шахсан иштирок этиши фуқаронинг вакилларга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслигини тўғридан тўғри назарда тутади (ЎзР ХПК 49-моддаси ва ЎзР ФПК 50-моддаси). “Тарафлар ўзлари танлаган шахслар вакили орқали тақдим қилиниши ёки бундай шахслар ёрдамидан фойдаланиши мумкин”лиги кўрсатилган ЮНСИТРАЛ Арбитраж Регламентининг 4-моддасида ҳам ҳакамлик муҳокамаси иштирокчиларига бундай ҳуқуқни беради.

Ҳакамлик судида низони кўриб чиқиш давомида муомала лаёқати чекланган ёки васийликда бўлган ёхуд ҳомийликда бўлган шахслардан ташқари ҳар қандай шахс вакиллар бўлиши мумкин, чунки юқорида саналган шахслар ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳаракатларни мустақил бажариш имкониятига эга эмасдирлар. Вакиллар бўлиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан чекловлар доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Регламенти ёки муайян низони кўриб чиқиш учун қабул қилинган ҳакамлик суди Қоидалари томонидан белгиланиши мумкин эмас.

Агар вакилнинг ваколати қонун талабига мувофиқ равишда расмийлаштирилган бўлса, у ҳолда ҳакамлик суди вакил шу ташкилот ходимлари қаторига киритилганлиги, муайян шахс Ўзбекистон Республикаси адвокатлари реестрига киритилганлиги ёки йўқлиги, вакиллик фаолиятига у етарли даражада тайёрланганлиги ҳақида саволларни қўйишга асос йўқ. Ҳакамлик жараёнида вакиллар ёрдамидан фойдаланувчи тараф ўзининг манфаатларини малакали мутахассис ифода қилишига ўзи эътибор бериши керак. Ҳакамлик муҳокамаси билан давлат судларидаги жараённинг фарқи шундан иборат бўлади.

Ҳакамлик муҳокамасидаги тараф вакили сифатида адвокат ваколатини расмийлаштириш юзасидан қуйидагиларни эътиборга олиш зарур. “Адвокатлик фаолияти кафолатлари ва адвокатларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎзР Қонуни шуни кўзда тутадики, конституциявий, фуқаролик ва маъмурий суд жараёнида ваколатнома берган шахс вакили сифатида иштирок этувчи адвокат ваколати ва шунингдек жиноят процессида ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари юзасидан иш юритишда қатнашаётган вакил ёки ваколат берган шахсни ҳимоя қилувчи сифатидаги адвокат ваколати Ўзбекистон Республикасининг тегишли процессуал қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, адвокат тегишли адвокат ташкилоти томонидан берилган топшириқни бажариш учун ордерга эга бўлиши лозим. “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ЎзР Қонунида ва “Халқаро савдо арбитражи тўғрисида”ги ЮНСИТРАЛ Намунавий Қонунида адвокатнинг ваколатини расмийлаштиришнинг ордер каби усул ҳақида кўрсатиб ўтилмаган. Шунинг учун, ҳакамлик судида адвокат ваколатини тасдиқлаш усули ишончнома бўлиши етарли ҳисобланади.

Қонун ҳужжатлари ишончнома мазмунига нисбатан махсус талаблар қўймайди. Хакамлик муҳокамасида тараф вакилининг вазифасини бажариши учун ишончнома матнида кўрсатилган маълумотлар етарли ёки етарли эмаслигини суд ўзи аниқлашга ҳақли.

Ишончнома ёзма шаклда бўлиши лозим ва ЎзР ФКнинг 135-моддасида белгиланган тартибда тасдиқланиши керак. Шу билан бирга, иқтисодий низоларни кўриб чиқиш тўғрисида сўз юритилганлиги сабабли, ЎзР ХПКнинг 51-моддасида (ЎзР ФПКнинг 54-моддасида) белгиланган қоидага кўра ташкилот номидан берилган ишончнома унинг раҳбари томонидан ёки бошқа унинг таъсис ҳужжатларига асосан ваколатли бўлган шахс томонидан имзоланиши ва ташкилот муҳри билан тасдиқланиши лозим. Ишончноманинг амал қилиш муддати ЎзР ФКнинг 139-моддасида белгиланган умумий қоидалар билан белгиланади. Ишончноманинг амал қилишининг максимал муддати уч йилдан ошмаслиги керак. Муддати кўрсатилмаган ишончнома тузилган кундан эътиборан бир йил давомида ўз кучини сақлаб қолади. Берилганлик санаси кўрсатилмаган ишончнома кучга эга эмас.

Вакилнинг ваколати чегараси ишончномада кўрсатилган бўлиши шарт. Ушбу қисмда ЎзР ХПКнинг 52-моддасида (ЎзР ФПКнинг 54-моддасида) белгиланган қоидаларни қўллаш ўринлидир. Вакил уни вакил этиб тайинлаган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли. Агар вакил қилиб тайинлаган шахс вакилнинг процессуал имкониятларини чеклашни кўзда тутса, у ишончномада айнан қандай ваколатлардан уни маҳрум қилишини кўрсатиши керак. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ХПК ва ФПКда ишончномада албатта кўрсатилган бўлиши лозим бўлган бир қатор ваколатларни назарда тутади. Булар жумласига даъво аризаси ва даъво аризаси юзасидан ёзма фикрга имзо чекиш, даъвони таъминлаш тўғрисида ариза, ишни ҳакамлик судига ўтказиш, даъво талаби ва даъвони тан олишни тўлиқ ёки қисман рад қилиш, даъво асосини ва предметини ўзгартириш, келишув битимини тузиш, ўзининг вакиллик ваколатларини бошқа шахсга топшириш (ваколатини бошқа бировга топшириш), берилган пул маблағларини ёки бошқа мулкни олиш ҳуқуқи киради. Келтирилган мазкур қоида ҳам ишни ҳакамлик судида кўриш фактига оид маълум аниқлашларга эга ҳакамлик жараёнига ҳамда ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш имконига тааллуқли.

Ҳакамлик судидаги хорижий шахс вакили, агар ишончнома хорижий давлатда берилса, хорижий шахс томонидан берилган ишончнома хориждан келувчи ҳужжатларни расмийлаштиришга Ўзбекистон қонун ҳужжатлари томонидан қилинадиган талабларга жавоб бериши лозимлигини ҳисобга олиши зарур. Яъни, Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, у зарур ҳолларда расмийлаштирилган ёки махсус штамп қўйиш йўли билан тан олинган (легаллаштирилган) бўлиши лозим.

Тараф ёки тарафларнинг келмасликлари ҳолларида, ҳакамлик суди ишни кўриб чиқишдан олдин тарафлар низони кўриб чиқишнинг жойи, санаси ва вақти тўғрисида хабардор қилинганига амин бўлиши керак. Тараф ҳакамлик суди томонидан олинган материаллар ва ҳужжатлар борасида ишончли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланиши учун, тарафларнинг маълум, охирги жойлашган жойи ёки тарафлар томонидан кўрсатилган манзил бўйича ҳакамлик суди хабарнома юбориши керак. Ҳакамлик суди шунингдек иш материалларида мавжуд бўлган тарафларнинг бошқа манзиллари бўйича ҳам хабарнома юбориши керак, яъни тараф суд мажлисининг санаси, вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиниши ва бунга мувофиқ ўз тушунтиришини тақдим қилиш имкониятига эга бўлишини таъминлаш учун барча керакли ҳаракатларни амалга ошириши лозим.

Ҳакамлик муҳокамаси - тарафларнинг шахсий иши. Шунинг учун одатда низони ҳал этиш тартиб-таомили ёпиқ эшикларда ўтади, бу суд мажлиси залида фақатгина тарафлар (тарафлар вакиллари) ва ишни кўрувчи ҳакамлик судьялари бўлиши мумкинлигини англатади. Қонун ёпиқ мажлисда ишни кўришни ҳакамлик суди учун умумий қоида сифатида белгилайди.

Ушбу қонун қоидасида маҳфийлик принципига асосланган ҳакамлик суди муҳокамасининг аҳамияти яна намоён бўлади. Шубҳасизки, тарафлар ҳакамлик муҳокамасини тартибга солишнинг диспозитивлик принципини ҳисобга олиб, очиқ мажлисда низони кўриб чиқиш тўғрисида келишиб олишга ҳақли. Лекин, ёпиқ мажлисда низони ҳакамлик суди томонидан умумий кўриб чиқиш принципи каби белгилаган ҳолда, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун, унга кўра ишда мавжуд бўлган маълумотларгина ошкор қилиниши лозим эмаслигини назарда тутади. У бегона шахсларнинг суд мажлисида иштирок этилиши имконини, фақатгина тарафларнинг бу ҳақда тегишли битими мавжуд бўлган ҳолатини кўзда тутади. Бунинг устига, истак билдириш икки тарафлама ва объектив ифодаланган бўлиши лозим. Ушбу ҳолатга ҳам доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди, ҳам ҳакамлик муҳокамасини ўтказиш жойини танлашда муваққат ҳакамлик судини шакллантиришда иштирок этувчи тарафлар эътибор қаратиши лозим. Шуни ҳисобга олиш керакки, агар тарафлар низони очиқ мажлисда кўриш тўғрисида битимга келишсалар, улар ишдаги маълумотларнинг ошкора этилишига ҳам рози бўладилар. Бундай ҳолда ҳакамлик судини ёпиқ ҳолати тўхтатилади. Айни пайтда, маҳфийлик принципи амал қилишини тугатмайди, чунки Қонуннинг 28-моддасининг 2-қисмида ҳакамлик судьяларини ҳакамлик муҳокамаси давомида унга маълум бўлиб қолган маълумотлар борасида гувоҳ сифатида сўроқ қилиш мумкин эмаслиги императив нормалар сифатида белгиланади. Зарур ҳолларда ва ҳакамлик суди Қоидалари билан белгиланган тартибда мажлисда, шунингдек экспертлар, гувоҳлар ва таржимонлар иштирок этадилар. Бу ёпиқ мажлисда йўл қўйилиши мумкин бўлган шахслар рўйхатидир.



36-модда. Ҳакамлик суди мажлисининг баённомаси


Ҳакамлик судида, агар ҳакамлик битими тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, баённома юритилади.


Процессуал анъаналарга мувофиқ суд мажлиси баённомаси асосий, аҳамиятга эга процессуал ҳужжатлардан бири саналади. Шунга қарамай, ҳакамлик муҳокамасининг назарияси ва амалиёти ушбу процессуал анъанадан фарқланади. Қонуннинг 36-моддасига мувофиқ, тарафлар ҳакамлик муҳокамаси мажлисида мажлис баённомаси юритилмаслигига келишишга ҳақли. Бу аввало ҳакамлик жараёнининг оғзакилиги принципининг устунлиги ва ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини танлашда тарафлар эркинлиги каби ўзига хос хусусиятлар билан белгиланади. Давлат судларида суд муҳокамаси тартиб-таомили ҳакамлик судида суд муҳокамаси тартиб-таомилидан анча кескин фарқ қилади. Давлат судларида суд муҳокамаси тартиб-таомили кўп поғонали бўлиши мумкин, чунки қуйи суд томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш имконини тахмин қилади ва бинобарин, бу ҳолда суд муҳокамаси натижалари олий суд суд муҳокамаси натижасида нималар аён бўлганига ишонч ҳосил қила олиши учун шундай тартиб қайд этилади. Шунинг учун, давлат судларида ишни кўриб чиқишда суд мажлиси баённомаси аввало ёзма далил аҳамиятига эга бўлади.

Ҳакамлик жараёнида суд муҳокамаси давомида ҳакамлик суди томонидан аниқланган фактларни қайтадан текшириш зарурияти мавжуд эмас. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан шикоят қилинса ҳам, у ҳолда у факт нуқтаи назаридан эмас, балки фақатгина ҳуқуқий тартиб нуқтаи назаридан қайта кўрилиши мумкин. Шу тарзда, ҳакамлик суди муҳокамаси давомида олинган маълумотлар қайд этилган баённомани ҳакамлик судида юритиш зарурияти ҳам мавжуд эмас.

Агар тарафлар аввалдан ҳакамлик судида суд муҳокамаси баённома юритилмасдан ўтишини шартлашмаган бўлсалар, унда баённомани юритиш шартдир. Қонунда фуқаролик процессуал кодекси ва хўжалик процессуал кодексидан фарқли равишда суд мажлиси баённомасига нисбатан талаблар батафсил берилмайди. Лекин, равшанки, баённома мазкур ҳакамлик муҳокамасини аниқлашга имкон берувчи маълумотларни ўз ичига олиши керак. Баённомада ифодаланиши лозим бўлган маълумотлар одатда ҳакамлик судлари Регламентида шартлашиб қўйилади. Уларга қуйидагилар киради: ҳакамлик суди номи; суд иши рақами; ҳакамлик суди таркиби; раислик қилувчи ҳақида маълумотлар; суд мажлиси санаси ва жойи; ишда иштирок этувчи тарафлар ва ишнинг номи; ишда иштирок этувчи шахслар, уларнинг вакиллари, гувоҳлар, экспертлар ва таржимонлар тўғрисида маълумотлар киради. Бу ерга ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини эълон қилиш суд музокаралари тўғрисидаги маълумотларни киритиш лозим бўлади.

Бундан ташқари ҳакамлик судида баённома далилий мазмунга эга эмаслигига эътиборни қаратиш керак. Чунки ҳакамлик жараёнида мавжуд бўлиш имкони бўлмаган апелляция, кассация шикоятларига асосланиши учун тарафлар баённомага мурожаат қила олмайди. Баённомада суд томонидан текширилган далиллар моҳияти тўғрисида хулоса чиқаришга имкон бериши мумкин бўлган тегишли маълумотлар акс этиши лозим. Бундай маълумотларга ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари, уларнинг тушунтиришлари, гувоҳлар кўрсатмалари, экспертларнинг оғзаки тушунтириши, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш тўғрисида маълумотлар киради.

Ҳакамлик суди мажлисида тарафлар берган тушунтиришларнинг баённномада қайд қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, суд мажлиси давомида экспертлар томонидан берилган оғзаки жавоблар мазмуни муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам, бундай жавобларнинг мазмуни баённомага киритилиши керак. Тарафлар тушунтиришлари ва экспертларнинг оғзаки жавоблари суд хулосасига асосланиш учун аҳамиятга эга бўлиш ҳолати суд мажлиси баённомасида уларнинг қайд қилинишини ўта муҳим қилиб қўяди.

Бундан ташқари, баённомада ишнинг процессуал аҳамиятга эга ҳолатлари акс этган бўлиши лозим. Мисол учун, агар суд мажлиси давомида ҳакамлик суди иш моҳиятига тегишли бўлмаган масалани ҳал қилувчи ажрим чиқарса, бу суд мажлиси баённомасида акс эттирилиши керак.

Ҳакамлик суди суд мажлиси баённомаси ишончли бўлиши лозим. Бу борада баённоманинг тўлиқлиги тўғрисида савол туғилади. Шу жумладан, қандай саволлар ва қай даражада батафсил бўлиши баённомада акс этиши керак. Бир томондан, процессуал ҳужжат бўлмиш баённома максимум маълумотни ўз ичига олиши лозим.

Бошқа томондан, ҳакамлик суди жараёнида принципиал планда талабларнинг ёзма шакл даражасини умуман камайтирувчи ва хусусан суд мажлиси баённомасига талаблар даражасини камайтирувчи оғзаки принцип устунлик қилади.

Ушбу Қонунда суд муҳокамасида баённомани ким юритиши лозимлиги белгиланмаган. Бундай шахсларга ҳам суд мажлисида раислик қилувчи, ҳам ҳакамлик судьяларидан бири, шунингдек суд мажлиси котиби бўлиши мумкиндек баён қилинади. Ушбу масала ёки ҳакамлик судлари Регламентида, ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Қоидаларида ҳал қилинади. Одатда, суд мажлиси баённомасини доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ходимларидан бири ёки ишни кўраётган судьялар қаторидан ҳакамлик суди Раиси томонидан тайинланган судья юритади. Котиб ҳакамлик суди билан хизмат юзасидан боғланган ва бунга мувофиқ унга белгиланган ҳолатларда маҳфийликни сақлаш тўғрисидаги қоида татбиқ этилади.

Баённомани юритиш технологиясига келсак, ушбу ҳолатда икки турли хил принципиал ёндашув мумкин бўлади. Биринчидан, ҳолатнинг асосий мазмунини ҳакамлик муҳокамаси давомида қайд қилиш йўли билан маълумотни баённомага киритиш мумкин. Бундай қайд суд муҳокамасида келтирилган оғзаки нутқнинг аниқ акси ҳисобланмайди. Баённомани юритишга иккинчи ёндашув махсус техникаларни қўллаш ва қайд қилинган маълумотларни кейинги ёзма изоҳи орқали (диктофонлар, магнитофонлар, компьютерлар) стенография қилишдан иборат. Бунда, стенографик техникалардан фойдаланиш билан боғлиқ харажатлар ишда иштирок этувчи тарафларга юклатилади.

Ҳакамлик муҳокамаси баённомасини юритиш бўйича тавсиянома арбитраж муҳокамаси ташкил этиш бўйича ЮНСИТРАЛ шарҳларида мавжуд. Шу жумладан, имкон қадар тарафлар билан маслаҳатлар ўтказилгандан кейин иш кўриш давомида оғзаки аризалар ва кўрсатмалар баённомасини тайёрлаш усулларига боғлиқ қарор қабул қилиш тавсия қилинади. Мумкин бўлган ёндашувлардан бири шундан иборатки, унга кўра ҳакамлик суди аъзолари шахсий қайдларни юритади. Бошқа ёндашувларга мувофиқ ҳолда ишни кўриб чиқиш мобайнида оғзаки даъволар ва кўрсатмалар қисқача мазмунини арбитр машинисткага айтиб туради. Ҳакамлик суди котибини тайинлаш ҳолларида қўллаш мумкин бўлган яна бир усул шундай иборатки, унга кўра бундай шахсга қисқа баённома қилиш топширилади. Қимматга тушувчи, лекин анча қулай усул бўлган стенографик ҳисоботларни тайёрлаш учун одатдагидек, кейинги кун давомида ёки бир хил қисқа вақт даври мобайнида малакали стенографларни жалб қилиш саналади. Ёзма баённома магнитофонга ёзиш билан тўлдирилади, бунда ёзма баённома матни бўйича келишмовчиликлар чиқиб қолганда, бундай ёзувга мурожаат қилишга имкон беради.

Тарафларнинг баённома мазмуни билан танишиш, баённоманинг тўлиқ ва тўғри тузилганлигига нисбатан фикр ва шарҳлар тақдим этиш, бундай фикрларни кўриб чиқиш тартиби ва бу борада ҳакамлик судининг ҳаракати тўғрисидаги масалани Қонун тартибга солмаган. Ушбу тартиб-таомил доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари Регламентларида ва Қоидаларида тартибга солиниши керак деб тушунилади. Бироқ, ушбу ҳолатда бундай ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиб-таомили тўғрисидаги масала кўтарилади. Қонуннинг 18-моддасининг 2-қисмига мувофиқ ҳакамлик судлари ваколати муайян иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингандан сўнг тўхтатилади. Баённома билан танишиш ва унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги илтимосномани келтириш, одатда, фақатгина ҳакамлик муҳокамаси якунлангандан кейин мумкин бўлади. Қонуннинг ўхшашлигини қўллаган ҳолда, ушбу Қонуннинг 40, 41, 42-моддалари суд мажлиси баённомасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун ҳакамлик судьялари ваколатини тиклашга йўл қўяди деб ҳисоблаймиз.



37-модда. Ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг ҳужжатлар

ва бошқа материалларни тақдим этмаганлиги ёки ҳакамлик

муҳокамаси тарафларининг ҳакамлик суди мажлисига

келмаганлиги оқибатлари


Ҳужжатлар ва бошқа материалларни тақдим этмаганлик ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ҳамда жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёхуд улар вакилларининг ҳакамлик суди мажлисига келмаганлиги, агар ҳужжатлар ва бошқа материаллар тақдим этилмаганлигининг ёки ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёхуд улар вакилларининг ҳакамлик суди мажлисига келмаганлигининг сабаби ҳакамлик суди томонидан узрсиз деб топилса, ҳакамлик муҳокамасига ва ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинишига монелик қилмайди.

Жавобгарнинг даъвога қарши эътирозлар тақдим этмаганлиги даъвогар талабларининг тан олиниши сифатида қаралмаслиги керак.


Қонуннинг 37-моддасининг 1-қисми ҳужжатлар ва бошқа материалларни тақдим қилмаслик, шунингдек тарафларнинг суд мажлисига келмаганлиги ҳолларида ишни кўриб чиқиш имкониятини кўзда тутади. Ушбу норма ҳам тарафларнинг улар таянган ҳолатларни исбот қилиш бўйича уларнинг мажбуриятига, ҳам тарафларнинг Қонуннинг 33-моддасига мувофиқ ҳакамлик судининг қўшимча далиллар тақдим қилиш тўғрисида талабларини бажаришга тегишлидир.

Ишни кўриб чиқишни етарлича далиллар базаси билан таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим нарса бўлиб тарафларга муайян ҳаракатларни бажаришни таклиф қилиш билан боғлиқ тайёрлов ҳаракатлари, шу билан бирга ҳакамлик судида низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим қилиш ҳисобланади (Қонуннинг 34-моддаси). Ушбу тайёрлов ҳаракатлари ва уларнинг бажарилиши муддати ҳакамлик судлари Регламентларида писанда қилинади.

Суд тарафларнинг ҳужжатларни тақдим қилмаганлик сабабларини ва сабабсиз келмаганлигини тан олиш имконияти тўғрисидаги масалани ҳал қилиши лозим. Агар суд ушбу сабабларни узрли деб топса ёки тараф суд мажлиси жойи ва вақти ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинмаганлигини аниқласа, унда ишни кўриб чиқишни кечиктириши шарт.

Амалдаги Қонун ҳозирда ушбу масалада тарафлар келишуви мумкинлигини эҳтимолдан ҳоли қилувчи императив нормаларига эга. Мазкур таклиф қилинган усул мақсадга мувофиқ ҳисобланади, чунки акс ҳолда ишни кўриб чиқиш қийин аҳволга келиши мумкин. Мазкур модда иш бўйича тарафнинг ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқиши мумкинлиги тўғрисида ҳакамлик судига хабар бериш ҳуқуқи тўғрисидаги қоидани ўз ичига олмайди, шунга қарамай, суд муҳокамаси тарафи томонидан арз қилинган бундай илтимоснома хоҳ даъвогар бўлсин, хоҳ жавобгар бўлсин тарафнинг шахсан иштирокисиз ишни кўриб чиқиш учун асос бўлади.

Қонуннинг 37-моддаси тарафлар иштирок этмаганда ва ҳужжатларни тақдим қилмаганда ишни кўриб чиқиш ва ҳал қилув қарори қабул қилиш имконини тартибга солади. Тарафларнинг ёки ҳаттоки ҳар икки тарафнинг келмаслиги шуни англатадики, тараф ўзининг суд ҳимояси учун ҳуқуқини шу тарзда амалга оширишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Ҳакамлик суди фуқаролик ҳуқуқий низоларни кўриб чиқади, фуқаролик ҳуқуқлари эса ЎзР ФК 1-моддасига мувофиқ ўз хоҳиши ва манфаатларидан келиб чиқиб фуқаролик ҳуқуқи субъектлари томонидан амалга оширилади. Шунинг учун, агар ҳужжатларни тақдим қилмаслик ёки тарафларнинг келмаслиги ҳакамлик суди томонидан узрсиз деб тан олинса, у низони мавжуд бўлган ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишга ҳақли. Қай тарзда суд тарафлар иштирокисиз уларнинг келмаганлиги сабаби узрли ёки узрсиз эканлигини белгилаши очиқ масала бўлиб қолади, бунинг устига қонун узрлилик мезонини белгиламайди.

Келмаганлик сабабининг узрлилик мезонини белгилашда Ўзбекистон Республикаси процессуал қонун ҳужжатларидан фойдаланиш мумкин деб ҳисобланади. Шубҳасизки, ҳар қандай ҳолларда, тегишли тарзда хабар бермаслик келмаганликнинг узрли сабаби ҳисобланади. Шунинг учун, даъвогар ёки жавобгар йўқлигида ҳакамлик муҳокамасини ўтказишдан олдин, ишда муҳокама жойи ва вақти кўрсатилган хабарнома ҳужжатларининг унга топширилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш керак (Шарҳланаётган Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ). Бундан ташқари, жисмоний шахс-тарафнинг касаллиги, шунингдек унинг хизмат сафарида бўлиши узрли сабаблар деб ҳисобланади.

Шунга эътиборни қаратиш жоизки, Қонун давлат судлари процессуал нормаларидан фарқли тарзда, ўзининг йўқлигида низони кўриб чиқишни сўрамаган даъвогарнинг келмаганлиги билан боғлиқ даъвони кўрмасдан қолдириш лозимлигини белгиламайди.

37-модданинг 2-қисмида белгиланган индамаслик розилик белгиси эмаслиги анъанавий ҳисобланади. Ушбу қоидалар хўжалик ва фуқаролик суд жараёнларида ҳам татбиқ қилинади. Шунга қарамай, тортишув принципига биноан, даъво талабларини рад қилувчи далилларнинг жавобгар томонидан тақдим қилинмаслиги унинг ишда ютқизишига олиб келади, бундай тақдим қилмасликнинг салбий оқибати учун жавобгарлик эса жавобгарнинг ўзига тушади.

Агар жавобгар даъвога қарши эътироз билдирмаганлик ҳолати, бу даъвогар талабини тан олиш деб ҳисобланмайди. Қонуннинг 37-моддасининг иккинчи қисми фуқаролик жараёнининг ҳар қандай турига умумий бўлган жавобгарсизликнинг устунлигига (презумпцияси) асосланади. Даъвогар жавобгар томонидан ҳуқуқ бузилганлигини тасдиқловчи фактларни исботлаши лозим. Шунинг учун, иш бўйича тўпланган бошқа далилларни баҳоламасдан, жавобгарнинг даъво талабларига эътирозлари мавжуд бўлмаслиги, ўз ўзидан даъвогар учун ижобий бўлган ҳакамлик суди ҳал қилув қарори асос қилиб олиниши мумкин эмас.




6-БОБ. ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ҲУЖЖАТЛАРИ


38-модда. Ҳакамлик суди томонидан ҳал

қилув қарорининг қабул қилиниши


Ҳакамлик суди низо ҳолатлари текширилганидан сўнг ҳакамлик суди таркибига кирувчи ҳакамлик судьяларининг кўпчилик овози билан ҳал қилув қарори қабул қилади.

Ҳал қилув қарори ҳакамлик судининг мажлисида эълон қилинади. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисмини эълон қилишга ҳақли. Бундай ҳолда асослантирилган ҳал қилув қарори ҳал қилув қарорининг хулоса қисми эълон қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ҳакамлик муҳокамаси тарафларига юборилиши керак. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.

Ҳакамлик суди, агар зарур деб топса, ҳал қилув қарори қабул қилишни кечиктиришга ҳамда ҳакамлик муҳокамасини қайтадан бошлашга ҳақли бўлиб, ушбу Қонуннинг 34-моддасида ва 35-моддасининг учинчи қисмида белгиланган тартибда ҳакамлик муҳокамаси тарафларига бу ҳақда хабар берилади.

Агар келишув битими қонун ҳужжатларига зид бўлмаса ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаса, ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг илтимосномасига биноан келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Келишув битимининг мазмуни ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида баён қилинади.


Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори моҳиятини қуйидагича ифода қилиш мумкин: бу даъвогарнинг жавобгарга даъво қилган талабини моҳиятга кўра ҳал этувчи ва ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини муҳофаза қилишни амалга оширувчи суд ҳужжатидир.

Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилишни амалга ошириш ва моддий ҳуқуқий муносабатларда ноаниқликни йўқотиш миқёсида, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори давлат ваколатли суди томонидан қабул қилинадиган қарорига ўхшаш ҳисобланади.

Ҳал қилув қарори қабул қилиниши билан ҳакамлик судида иш муҳокамаси якунланади.

Шунга қарамай, ҳакамлик судлари ва давлат суд тизимига кирган судлар ҳал қилув қарорларидаги асосий фарқларни таъкидлаб ўтамиз:

а) ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ҳамма бажариши мажбур бўлган ҳужжат бўлиб ҳисобланмайди;

б) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг мажбурий ижроси давлат суди томонидан унинг тан олиниш тартиб-таомилисиз амалга оширилиши мумкин эмас;

в) ҳуқуқий белгиларига кўра ҳакамлик суди ҳал қилув қарори апелляция, кассация ёки назорат тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас;

г) ҳакамлик суди фақатгина даъво асоси ва даъво қилинган предметга кўра ишни кўриб чиқади, давлат суди ўз ташаббусига кўра жараён иштирокчилари манфаатлари ва ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида даъво талабларидан четга чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 1996 йил 1 мартдаги “Суд ҳал қилув қарори тўғрисида”ги 54-сонли қарорининг 2-бандида баён қилинган суд ҳал қилув қарори тушунчасини ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларига тўлиқ татбиқ қилиш мумкин: “Мазкур низоли ҳуқуқий муносабатларга татбиқ қилишга тегишли бўлган процессуал ҳуқуқ нормаларига аниқ риоя қилиш орқали ва моддий ҳуқуқ нормаларига бутунлай мувофиқ ҳолдагина чиқарилган ҳал қилув қарори қонуний ҳисобланади”.

Иш кўриш бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилиш жараёнида ҳакамлик суди ишда мавжуд бўлган барча масалаларни умумлаштиради ва ўз муносабатини қуйидаги мақсадларда белгилайди:

а) ишда иштирок этувчи тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди;

б) тарафлар томонидан тақдим этилган материаллар устида объектив, холис ва ҳар тарафлама текширишга асосланган ички ишончига кўра, ҳар бир тарафнинг низо предметига муносабатини ва ишнинг тасдиқловчи ҳолатини ҳисобга олган тарзда баҳолайди;

в) иш учун аҳамиятга эга бўлган бир қатор юридик фактларни белгилайди;

г) тарафлар томонидан тақдим қилинган низо предметига тегишли материаллар ва далиллар, даъво талаблари асослари ва даъво бўйича эътирозни ҳисобга олиб, тарафлар ҳавола қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишининг ҳаққонийлигини белгилайди;

д) тарафлар орасида мавжуд бўлган муносабатларга ҳуқуқий баҳо беради;

е) даъвони қаноатлантиришнинг мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги тўғрисидаги хулоса чиқаради.

Ишни кўриб чиқишда ва ҳал қилув қарорини қабул қилишда ҳакамлик суди далилнинг тааллуқлилик, тегишлилик, ҳаққонийлик ва етарлилик принципларидан келиб чиқиши лозим.

Суднинг ҳал қилув қарори ишни кўриб чиқишда текшириб чиқилган далилларгагина асосланган бўлиши керак. Ҳакамлик судьялари маълум шароитнинг юзага келиши билан боғлиқ бўлган ҳал қилув қарорини чиқара олмайдилар ва далилларни қонунчилик ҳужжатлари асосида ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ички ишончига кўра уларни баҳолаши зарур.

Қонуннинг шарҳланаётган нормаларига мувофиқ ҳакамлик суди мажлисда қарорнинг фақат хулосавий қисмини эълон қилишга ҳақли, лекин бу ҳолда асослантирилган ҳал қилув қарори ҳал қилув қарорининг хулоса қисми эълон қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ҳакамлик муҳокамаси тарафларига юборилиши керак.

Ушбу норма ҳакамлик суди эътиборига ҳал қилув қарорини тўлиқ эълон қилиш ёки ҳал қилув қарорининг фақатгина хулоса қисмини эълон қилиш билан чекланиш масаласини қолдиради. Қонун чиқарувчи ҳакамлик судини ҳал қилув қарорини эълон қилиш шаклини танлашда қандайдир бир мезонлар билан ва ҳал қилув қарорининг тўлиқ матнини тайёрлашнинг мушкуллиги, зарурий далилларнинг йўқлиги ва бошқалар каби сабабларни тушунтириш зарурлиги билан чекламайди.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори барча қатнашувчилардан холи бўлган алоҳида хонада ушбу ишни кўраётган ҳакамлик судьялари томонидан қабул қилинади. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш ҳакамлик битимининг тўлиқ матнини ёки фақатгина унинг хулоса қисмини ҳакамлик судьялари томонидан тузилиши ва имзоланиши шаклида амалга ошади, шунинг учун ҳакамлик суди ҳал қилув қарори юқорида айтиб ўтилган ҳар қандай шаклларда қабул қилиниши билан кучга киради.

Агар ҳакамлик муҳокамаси ҳайъат таркибидаги ҳакамлик суди томонидан ўтказилса, ҳал қилув қарори ҳакамлик таркибига кирувчи аксарият ҳакамлик судьялари томонидан имзоланиши керак.

Низони ҳайъат таркибида кўриб чиқилган қабул қилинаётган ҳужжатнинг моҳиятига кўра келишмовчиликлар юзага келганида, ҳал қилув қарори ҳакамлик судьяларининг кўпчилик овози йўли билан қабул қилинади.

Ҳар қандай ҳолатда, барча ҳакамлик судьялари томонидан эмас, балки кўпчилиги томонидан имзоланган ҳакамлик суди ҳал қилув қарори имзо чекувчи ҳакамлик судьяларидан бири қабул қилинаётган қарорга нисбатан алоҳида фикрга эга бўлган тақдирда ҳам юридик кучга эга бўлади.

Ҳакамлик суди зарур деб топса, ҳал қилув қарорини қабул қилишни кечиктириши ва тарафларни қўшимча мажлисга чақириш ҳуқуқи берилган. Ушбу ҳолатда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунга қадар, лекин тарафлар томонидан тақдим қилинган иш ва далиллар устида текшириш якунлангандан кейин ҳакамлик муҳокамасини қайтадан бошлаши тўғрисида сўз юритилади.

Агар ишни кўриш давомида ҳакамлик суди барча ҳолатлар текшириб чиқилмаган деган хулосага келса, у ҳакамлик муҳокамасини қайта бошлашдан кейин низони тўғри ва адолатли ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни текширишни давом этади.

Бунда низони ҳал қилишга расмий ёндашув мумкин эмас ва ҳакамлик судьяларида ҳал қилув қарорини қабул қилишда ишнинг у ёки бу ҳолатларига шубҳа туғилиши мумкинлиги сабабли, Қонун уларга вужудга келган шубҳаларни ҳал қилиш мақсадида ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомилига қайтишнинг процессуал имконини беради. Ҳакамлик суди суд терговини қайта бошлаш зарур деган хулосага келган ҳолда, Қонуннинг 35-моддаси нормасига мувофиқ тарафларга олдиндан ҳакамлик муҳокамаси жойи ва вақти тўғрисида хабар юборилиши лозим.

Қонун чиқарувчи ҳакамлик судини ишни кўриб чиқишни кўчириш сони бўйича чекламаган, шунинг учун суд мажлиси ишнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама аниқлаш заруриятидан келиб чиқиб кўчирилиши мумкин. Бироқ, ҳакамлик суди ишни кўриб чиқишни кейинга сурганда доимо бундай ҳаракат талаб этилган реал заруриятни ҳисобга олиши керак. Бу низони кўриб чиқишнинг тежамкорлиги ва тезкорлиги ҳакамлик муҳокамасининг афзаллигига тегишли эакнлигидан келиб чиқиб, жараён иштирокчилари вақти ва маблағларини тежаш учун жуда муҳимдир.

Шарҳланаётган Қонун моддасининг тўртинчи қисми ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг илтимосномаси бўйича келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида қарорни қабул қилиш имкониятини белгилайди. Келишув битимини тузишга ҳавола қилиш ҳакамлик муҳокамасини тугатиш асосларини тартибга солувчи Қонуннинг 44-моддаси биринчи қисми бешинчи хатбошида ҳам мавжуд.

Қонун келишув битими тушунчасини ўз ичига олмайди, шунга кўра ушбу ҳуқуқий ҳодиса тўғрисида мукаммалроқ ёзиш зарур бўлиб кўринади. Ушбу ҳодисани тушунишнинг турли ёндашувлари мавжуд, лекин ушбу вазиятда келишув битими бизни ўзаро моддий-ҳуқуқий характердаги ўзаро муросага келиш асосида суд низосини якунловчи тарафлар битими сифатида келтирилган процессуал ҳуқуқ институти сифатида қизиқтиради.

Шунинг учун, аёнки, бу ерда ҳакамлик муҳокамасини тўхтатиш усули тўғрисидаги ва низони ҳал қилиш йўли билан ҳакамлик суд жараёнини якунлаш ва хоҳишига кўра уларнинг эркларини билдиришга асосланган тарафлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларда аниқликка эришиш тўғрисидаги келишув битими тўғрисида сўз юритилади.

Келишув битимини тузишда тарафлар улар ўртасида юзага келган иқтисодий муносабатларни келгусида сақлаб қолиш ва ривожлантириш хоҳишидан келиб чиқадилар.

Тарафлар келишув битимини ҳакамлик суди низони моҳиятига кўра ҳал қилиш тўғрисида қарор чиқаргунича, ҳакамлик муҳокамаси давомида ҳар қандай вақтда тузишлари мумкин. Келишув битимини тузишнинг зарурий дастлабки шароити бўлиб тарафлар ўртасида низонинг, икки тарафлама ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқлаш учун аҳамиятли бўлган фактлар бўйича келишмовчиликларнинг мавжудлиги саналади.

Тарафлар томонидан келишув битимини тузиш ёзма тарзда, алоҳида ҳужжат билан ва тарафлар имзоси билан расмийлаштирилиши керак бўлади.

Одатда, келишув битимида тарафлар даъвогарнинг ўз талабидан ёки уларнинг бир қисмидан воз кечиши ёки жавобгар томонидан қарз суммасини тўлаши лозим бўлган, тарафлар ўртасида даъвони бериш ва ишни юритиш ва бошқалар билан боғлиқ бўлган унинг қисмини, тартиби, муддати ва ҳажмини акс эттирадилар.

Келишув битимини тузиш ва тарафларнинг уни тасдиқлаш илтимоси билан ҳакамлик судига мурожаати жараёнида, ҳакамлик суди қуйидаги ҳолатларни текширишга мажбурдир:

а) келишув битимининг ҳал қилиниши мазкур ҳакамлик суди ваколатига тааллуқлилиги юзага келган низо предмети ва асосларига мос келиши;

б) келишув битимида тарафларнинг ҳақиқий эркининг мавжудлиги;

в) келишув битимининг қонун ҳужжатларига мос келиши ва унда учинчи шахслар ҳуқуқининг бузилиши мавжуд эмаслиги.

Келишув битимини тузишга ҳалақит берувчи асосларнинг мавжуд эмаслигини белгилагандан сўнг, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори билан ушбу ҳужжатни тасдиқлайди ва унинг тарафлар томонидан имзоланган келишув битимининг матнини суд қарорига илова қилган ҳолда суд иши бўйича ҳал қилув қарори матнига унинг мазмунини қўшади.

Ушбу масала бир маънода шарҳланмаслиги ва кўпгина олимлар ҳакамлик суди бир вақтнинг ўзида келишув битимини тасдиқлаш ва ҳакамлик муҳокамасини тўхтатишни кўрсатувчи ажрим кўринишида ягона суд ҳужжатини қабул қилишни ушбу ҳолатда мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаганига қарамасдан, қуйидагиларни ҳисобга олиш зарурдир:

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 5-моддаси нормасининг қоидаларига мувофиқ, ҳакамлик судлари, хорижий судлар ва арбитражлар қарорлари ижро этилиши шарт, шунинг учун ҳакамлик муҳокамаси иштирокчиларининг келишув битими бундай суд ҳужжатларини амалга ошириш жараёнида пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммолардан сақланиш мақсадида ҳакамлик суди ҳал қилув қарори билан тасдиқланиши керак.

Ҳакамлик судлари томонидан келишув битимининг тасдиқланиши келишув битимида тарафлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларга нисбатан моддий-ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Агар ушбу мажбуриятлар ҳакамлик судида низо кўриб чиқилишидан олдиндан белгиланган шартнома мажбуриятларидан фарқ қилса, унда келишув битимини қабул қилгунгача мавжуд бўлгандан кўра уларнинг бошқа асосга ва бошқа мазмунга эга бўлган ўзгача моддий-ҳуқуқий ўзига хос муносабатга ўзгариши рўй беради.

Келишув битимини тасдиқлашнинг асосий процессуал натижаси ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилаётган суд иши юзасидан иш юритишни тўхтатиш ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида ҳакамлик суди томонидан келишув битимини тасдиқлаш оқибатида пайдо бўладиган процессуал эффект ҳакамлик суди ҳал қилув қарори натижалари билан тенглаштирилади, чунки у икки тарафга ҳам бажарилиши мажбурий хусусиятга эга бўлиб унинг ижро этилиши мажбурий чоралар билан таъминланади.

Мажбурий ижро этиш бўйича ҳуқуқларни амалга ошириш учун ҳакамлик муҳокамаси тарафи ваколатли судга келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори асос бўлган алоҳида ариза билан мурожаат қилиши керак.

Тасдиқланган келишув битимининг бошқа процессуал оқибатлари бўлиб ҳакамлик муҳокамасида иштирок этган тарафлар у бўйича келишув битими тузилган ушбу асос ва ўша предмет бўйича даъво талаби билан давлат суди ёки ҳакамлик судига мурожаат қилишга ҳақли эмасликлари ҳисобланади (бироқ, ваколатли давлат суди томонидан белгиланган тартибда келишув битими тўғрисидаги ҳакамлик суди ҳужжати бекор қилинган ҳолатда бундай процессуал натижа қўлланилмайди).

Халқаро тижорат арбитражи амалиёти ҳакамлик муҳокамаси жараёнида келишув битимини тузиш тартиб-таомилига бир хилда тааллуқли эмасдир. Шу тариқа, арбитраж муҳокамасини ташкил этиш бўйича ЮНСИТРАЛ Намунавий қонунига берилган Шарҳларда қуйидагича белгиланган: “Ҳакамлик судлари томонидан келишув битими имкониятларидан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги борасида турли фикрлар мавжуд. Ушбу соҳада амалиётда тафовутларни ҳисобга олиб, ҳакамлик суди келишув битими тўғрисида музокаралар ўтказишни таклиф қилган ҳолда эҳтиёткор бўлиши керак. Ҳакамлик суди учун муҳокамани шундай тарзда режалаштириш қулай бўлиши мумкинки, унга кўра келишув битими ҳақида музокаралар давом этиши ёки бошланишига олиб келсин” (1).

Келишув битими тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларига аниқлик киритиш йўли билан хусусий ҳуқуқий низоларни бартараф қилиш ва тартибга солиш учун мўлжалланган махсус институт ҳисобланади, шунинг учун уни тузгандан сўнг, тарафлар бошқа тарафга нисбатан ҳуқуқий ноаниқлик мавжудлигига ҳавола қилишга ҳақли эмаслар.

Келишув битимини тузишда тарафлар, уни тасдиқлаш мобайнида эса ҳакамлик суди унинг тузилиш мақсади каби, унинг реал ижро этилишини ҳам ҳисобга олиши лозим. Келишув битими шартлари унинг ижро этилиши унда кўрсатилган тартибда, кўрсатилган усулларда, муддатларда ва жойида, ҳуқуқларнинг ноаниқлигини йўқотиш характери ва бошқа муҳим аспектларда уни амалга оширишда низоларнинг мазмунида ноаниқлиги бўлмаслиги учун аниқ ифодаланиши лозим.

Келишув битими орқали низони тугатишга мажбуриятларни бекор қилиш, уларни тасдиқлаш ёки ўзгартириш билан эришиш мумкин, шунинг учун мажбуриятларни тўхтатиш усули (новация, воз кечиш ва бошқа ҳуқуқий институтлар) нафақат мажбурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низоларни тартибга солувчи, балки ашёвий-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган келишув битимининг ўрнини тўлиқ боса олмайди.

Келишув битимининг ҳуқуқий мазмуни тарафларнинг кўрилаётган низога қайтарувчи пайтидаги имкониятидан маҳрум қиладиган чеклайдиган ҳаракатларидан иборат. Ҳуқуқ институти сифатидаги келишув битимининг мазмуни тарафларнинг ундан олдинги ҳуқуқий муносабатларини бекор қиладиган ёки тасдиқлаш билан чекланмайди, ушбу ҳужжат авваламбор келишилган шартлар билан ҳуқуқий низони тугатишга боғлиқдир.



39-модда. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг шакли ва мазмуни


Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ёзма шаклда баён этилади ва ҳакамлик суди таркибига кирувчи ҳакамлик судьялари томонидан, шу жумладан, алоҳида фикрга эга бўлган ҳакамлик судьяси томонидан имзоланади. Ҳакамлик судьясининг алоҳида фикри ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига илова қилинади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;

ҳакамлик муҳокамаси ўтказилган жой;

ҳакамлик судининг таркиби;

ҳакамлик муҳокамасининг тарафлари бўлган юридик шахсларнинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари вакилларининг ваколатлари кўрсатилган ҳолда фамилияси, исми, отасининг исми;

ҳакамлик суди ваколатларининг асослари;

даъвогарнинг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари, шунингдек уларнинг илтимосномалари;

ҳакамлик суди томонидан аниқланган низо ҳолатлари, ҳакамлик судининг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар, ҳал қилув қарорини қабул қилишда ҳакамлик суди амал қилган нормалар.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида арз қилинган ҳар бир даъво талабини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳакамлик судининг хулосалари бўлиши керак. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар суммаси, мазкур харажатларнинг ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида тақсимланиши, зарур ҳолларда эса, қабул қилинган ҳал қилув қарорини ижро этиш муддати ва тартиби кўрсатилади.

Ҳал қилув қарори қабул қилинганидан сўнг ўн кун ичида ҳакамлик муҳокамасининг ҳар бир тарафига ҳал қилув қарори топширилиши ёки юборилиши керак.


Қонун ҳакамлик суди ҳал қилув қарори шаклига қуйидаги иккита асосий талабни қўяди:

а) ҳуқуқий оқибатларнинг муҳимлиги, ҳакамлик суди томонидан белгиланган фактларнинг аниқ қайд қилиниши ва уларга тегишли юридик баҳо бериш зарурияти билан юзага келган ҳал қилув қарорининг ёзма шаклда баён этилиши;

б) ҳал қилув қарорининг ҳакамлик суди таркибига кирувчи ҳакамлик судьялари томонидан, шу жумладан, алоҳида фикрга эга бўлган ҳакамлик судьяси томонидан имзоланиши.

Айтиб ўтилганидек, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори билан ҳакамлик судьясининг келишмаслиги ҳолатида, у алоҳида ҳужжатда алоҳида фикрини ўз норозилиги сабабларини билдирган ҳолда баён қилиб барибир уни имзолаши шарт. Қонунда алоҳида фикрнинг нусхаларини тарафларга жўнатиш тўғрисида талаб йўқлигига қарамасдан, ҳал қилув қарори билан бирга унинг нусхасини ҳакамлик муҳокамаси тарафларига юбориш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро этишда ноаниқлик ва низоларга йўл қўймаслик мақсадида ҳал қилув қарори матнини ёзишда муайян мантиқий ёндашувдан фойдаланиш лозим, унда суд ҳал қилув қарорлари кириш, тавсифий, асословчи ва хулоса қисмларидан таркиб топишини белгиловчи ЎзР ФПКнинг 206-моддаси ва ЎзР ХПКнинг 138-моддаси нормаларини эътиборга олиш зарур.

Қонун ҳакамлик суди ҳал қилув қарори таркибини умумий қабул қилинган тартибсиз эркин баён қилишга йўл қўяди ва фақатгина хулоса қисм таркибига талаб қўяди, лекин шунга қарамай, суд ҳал қилув қарорларини ёзишнинг мавжуд тажрибасидан келиб чиқиб, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига киритилиши маъқул бўлган зарурий маълумотлар рўйхатини келтирамиз.

Кириш қисми ўз ичига ҳакамлик суди номи, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана ва жойи, суд таркиби, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи ва ваколати, низо предметини қамраб олади. Бу ерда шуни ҳисобга олиш керакки, ҳал қилув қарорини қабул қилиш санаси деб суд мажлисида унинг эълон қилиниши куни ҳисобланади, суд мажлисида фақат хулоса қисмигина эълон қилинган ҳолда, ушбу сана ҳам ҳал қилув қарорига қўйилади.

Ҳал қилув қарорининг тавсифловчи қисми ўз ичига даъво аризаси мазмунининг қисқа баёнини, унинг юзасидан ёзма фикр, ишда қатнашувчи шахсларнинг бошқа тушунтиришлари, аризалари ва илтимосномаларини олади. Шу тарзда, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тавсифий қисми ўз талаблари ёки эътирозларини тасдиқлашда келтирилган ҳолатларни кўрсатиб, тарафлар томонидан қўйилган талаблар ҳақида гувоҳлик беради.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори асоси бўлиб суд хулосаларининг ва ҳуқуқий асосларини ўз ичига олган асословчи қисм ҳисобланади. Асос бўлиб ҳакамлик суди далиллари саналади, шунинг учун ҳал қилув қарори мантнидаги асосларнинг баён қилиниши ҳакамлик судининг тушунарли ва ишончли хулосаларига олиб келиши керак.

Ҳал қилув қарорининг асосланиши даъвони асослаш фактлари (қарши даъволар, низо предметига мустақил равишда даъво қилувчи учинчи шахслар даъволари) даъвога қарши эътироз асосига қўйилган фактлар ва мазкур ишни ҳал этишда аҳамиятли деб топилган бошқа фактлар тўғрисидаги суд фикри асосида тузилади.

Асословчи қисмида ҳакамлик суди моддий ҳуқуқ нормалари ишини ҳал қилишда ишлатиладиган ва фойдаланган процессуал ҳуқуқ нормаларини кўрсатиб ҳал қилув қарорига ҳуқуқий асос беради.

Асословчи қисм ҳакамлик суди томонидан аниқланган ҳақиқий ҳолатларга кўрсатиб, ҳакамлик суди аниқланган ҳолатлар мавжудлигини унга кўра асословчи далиллар таҳлили, у орқали суд жараёни иштирокчилари далиллари қабул қилинмаган далил-исбот таҳлили ҳамда тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва уларнинг юридик малакасини аниқлашни ўз ичига олиши керак.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида Қонуннинг шарҳланаётган моддаси ҳар бир қилинган даъво талабларини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳакамлик суди хулосасини, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар суммасини кўрсатишни, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида кўрсатилган харажатларни тақсимлашни, зарур ҳолларда қабул қилинган ҳал қилув қарорини ижро этиш тартиби ва муддатини ўз ичига олади.

Агар суд ишида бир нечта даъвогар ва жавобгар иштирок этса, у ҳолда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида ҳар бирига нисбатан низо қандай ҳал этилгани кўрсатилади, лекин шу билан бирга, ҳакамлик суди ишда қатнишишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги масалани ҳал этишга ҳақли эмас.

Қонуннинг шарҳланаётган моддасида баён қилингандан кўра бирмунча бошқача бўлган суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига тушунча Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 206-моддасида белгиланган: “Суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисми қилинган талабларни тўла ёки қисман суднинг қаноатлантириши ёки қаноатлантиришини рад этиши тўғрисидаги хулосаси, суд харажатларини тақсимлаш ҳақида кўрсатма, ҳал қилув қарорини шикоят қилиш муддати ва тартибини ўз ичига олиши лозим”.

Бу ерда мавжуд тафовут шуки, ҳакамлик судининг хулоса қисми учун ижро этилиш тартиби ва муддатини кўрсатиш мажбурийдир, бироқ ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш мумкин эмаслиги сабабли унинг шикоят қилиниши муддати ва тартиби кўрсатилмайди.

Шу тарзда, Қонуннинг шарҳланаётган моддасида ҳакамлик суди ҳал қилув қарори шаклига ва мазмунига асосий талаблар баён қилинган, шунинг учун вужудга келиши мумкин бўлган муаммолардан ҳоли бўлиш мақсадида, ушбу масалалар ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солувчи қоидаларида мукаммал равишда акс эттирилиши лозим деб тушунилади.

Қонуннинг шарҳланаётган моддасининг иккинчи қисмида ҳал қилув қарорининг мазмунига алоҳида талаб қўйилишига келсак, унда улар ҳакамлик судига аниқ маълумотни кўрсатишга мажбурлигидан иборат бўлади, жумладан қуйидагилар:

а) Ҳал қилув қарорининг қабул қилинган санаси - Қонуннинг 38-моддасига мувофиқ ишни кўриб чиққан ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарорининг қабул қилиниш куни саналади;

б) ҳакамлик суди жойи - низолашувчи тараф битимига кўра ҳакамлик судининг ўзи томонидан ёки ундаги амалда бўлган қоидалар (регламент) орқали белгиланиши мумкин, шунинг учун ҳал қилув қарорини қабул қилиш жойи бўлиб, ҳакамлик муҳокамаси бўлиб ўтган жой ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг жойи ва санаси амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини шикоят қилиш ва унга ижро варақасини бериш тартиб-таомилида катта аҳамият касб этади;

в) ҳакамлик суди таркиби - Қонуннинг 15-моддасига асосан тузилади ва ҳакамлик судьялари таркиби тоқ сонда бўлиши керак;

г) ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ва улар вакиллари ваколати тўғрисида маълумот (ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида ҳеч қандай қисқартиришларсиз кўрсатилади);

д) ҳакамлик судлари ваколатини асослаш (Қонуннинг 24-моддаси нормасига мувофиқ амалга оширилади);

е) даъвогарнинг талаби ва жавобгарнинг эътирози ва уларнинг илтимосномаси - ҳал қилув қарорининг даъво предмети ва даъво асоси, унинг предмети ва асосининг ўзгариши, жавобгар томонидан даъвони тан олиш факти ёки унга эътирози, низо предметига мустақил талаб қилувчи учинчи шахсларнинг фикри, процесс иштирокчилари бўлган бошқа шахслар тушунтиришлари қисқача баён қилинадиган тавсифловчи қисмида акс этади;

ж) ҳакамлик судлари томонидан аниқланган низо ҳолатлари, ушбу ҳолатлар тўғрисида унинг хулосалари асосланган далиллар, ҳал қилув қарорини қабул қилишда ҳакамлик суди қўллаган нормалар.

Шунга эътиборни қаратиш лозимки, қонун чиқарувчи агар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида кўрсатилган маълумотлардан бирортаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳуқуқий оқибатларни назарда тутмайди, ҳар ҳолда Қонуннинг 47-моддаси бунинг каби ҳуқуқбузарликлар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкинлигини кўрсатмайди.

Аммо, ўз-ўзидан ҳакамлик суди ҳал қилув қарори шакли ва мазмунига қўйилган талабларга риоя этмаслик маълум ҳолатларда уни ижро этиб бўлмасликка олиб келади. Масалан, агар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида ҳакамлик муҳокамасида иштирок этган юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини белгилашда аниқ реквизитлар кўрсатилмаган бўлса, бу бундай ҳал қилув қарорининг мажбурий тартибда ижро этилишини қийинлаштиради.

Мадомики, Қонуннинг 49-моддаси қоидасига биноан тарафлар ва ҳакамлик суди ҳакамлик суди ҳал қилув қарори юридик жиҳатдан ижро этилиши мумкин бўлишига ёрдам беришлари лозим экан, процесснинг барча иштирокчилари ҳакамлик суди ҳал қилув қарори шакли ва мазмуни бўйича зарур талабларга мувофиқ бўлишидан манфаатдор бўлишлари табиийдир.

Шарҳланаётган Қонуннинг тўртинчи қисми ҳар бир ишда қатнашувчи тарафга зарур ҳолларда ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан шикоят берилиши мумкин бўлган ёки унинг мажбурий ижро этилишини даъво қилиб ваколатли давлат судига мурожаат қилувчи суд ишида қатнашувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқини таъминловчи муҳим мезон ҳисобланган ҳакамлик суди ҳал қилув қарори нусхасини унинг қабул қилиниши билан ўн кунлик муддатдан кечиктирмасдан беришни буюради.

Ушбу шартни бажариш учун ҳал қилув қарорини тарафга топширишни қайд қилишни таъминловчи ҳар қандай усул танланади (мисол учун, топширилганлиги маълум қилинадиган почта орқали юбориш, ҳакамлик судида ҳал қилув қарори нусхасини тарафнинг ваколатли вакилига унинг олганлигини тасдиқлаш ҳужжати билан топшириш ва ҳ.к.).



40-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори


Тарафлардан бири ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олганидан сўнг, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамаси давомида арз қилинган ва кўриб чиқилган, аммо қабул қилинган ҳал қилув қарорида ўз аксини топмаган даъво талаблари бўйича қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисидаги ариза билан ўн кун ичида айнан ўша ҳакамлик судига бу ҳақда бошқа тарафни хабардор қилган ҳолда мурожаат этиши мумкин. Низони ҳал қилган ҳакамлик суди таркиби мазкур ариза олинган кундан эътиборан ўн кун ичида уни кўриб чиқиши керак.

Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ушбу Қонуннинг 34-моддаси ва 35-моддасининг учинчи қисми қоидаларига риоя этилган ҳолда ҳакамлик суди мажлисида амалга оширилади.

Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг таркибий қисми бўлган қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилинади ёки қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.


Қонуннинг 38-моддаси умумий талабларига мувофиқ, низо ҳолатларини текширишдан сўнг, ҳакамлик суди кўпчилик овоз билан ҳал қилув қарорини қабул қилади, лекин, бир вақтнинг ўзида, қонун чиқарувчи томонидан манфаатдор тарафлар даъвосига кўра унга қўшимча киритиш мумкин бўлган истисно ҳоллар ҳам назарда тутилган.

Ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган асосий ҳал қилув қарорида даъво бўйича талаблар қаторига киритилган у ёки бу масалалар бўйича ҳакамлик судининг хулосаси бўлмаса, ҳакамлик суди қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилади:

а) ишда иштирок этувчи шахслар далил тақдим этган қайси бир талаблар бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;

б) ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилишда мулкни ўтказишга тегишли бўлган масалада белгиланган сумма ҳажми кўрсатилмаган ёки ҳакамлик муҳокамаси тарафи бажариши лозим бўлган ҳаракатлар белгиланмаган бўлса;

в) суд харажатларини тўлаш тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса.

Асосий ҳал қилув қарорини қабул қилиш билан бир қаторда етказиб берилмаган товар қисми учун пул маблағларини қайтариш борасида ҳакамлик суди пул воситалардан фойдаланганлик учун йиллик фоиз ундириш тўғрисида даъвогарнинг талабини кўриб чиқмаган ва бу ҳақда асосий ҳал қилув қарорида хулоса бермаган ёки агар ҳакамлик суди даъвогарга мулкни ўтказиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, лекин ушбу мулкнинг аниқ рўйхатини кўрсатмаган бўлса, қўшимча ҳал қилув қарорининг зарурияти пайдо бўлади.

Асосий ҳал қилув қарорини қабул қилишда тушириб қолдирилган ҳолатларни тўғрилаш мақсадида, шарҳланаётган модданинг нормалари манфаатдор тарафга қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисидаги ариза билан ҳакамлик судига мурожаат қилиш ҳуқуқини беради. Бундай илтимос фақатгина бундай аризаларни беришни тақиқлайдиган тарафлар битими мавжуд бўлмаган тақдирда ва ҳакамлик судига бундай мурожаат қилиш ҳақида бошқа тарафни хабардор қилинганда арз қилиниши мумкин.

Низони ҳал этишда ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг тўлиқ эмаслиги ҳал қилув қарорининг жиддий нуқсони ҳисобланади, шунинг учун Қонун бундай ҳолатлар учун ушбу ҳал қилув қарорини қабул қилган суд орқали бундай камчиликларни тўғрилаш учун юридик усулдан фойдаланиш имконини назарда тутади.

Ҳакамлик суди томонидан ўз қарорларини бундай ўзига хос назорат қилиш институтининг айнан ҳакамлик муҳокамаси тизимида муҳимлиги, давлат юрисдикциясидан фарқли тарзда ҳакамлик жараёнида суд ҳужжатларининг апелляция, кассация ёки назорат сифатида қайта кўрилиши мавжуд эмаслиги сабаблидир.

Қўшимча ҳал қилув қарори институтининг чегарасини аниқлаш мақсадида, қонун чиқарувчи бундай ҳал қилув қарори қабул қилиниши мумкин бўлган қуйидаги аниқ асосларни белгилади: бу ҳакамлик муҳокамаси давомида даъво қилинган ва кўриб чиқилган, лекин ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида ўз аксини топмаган даъво талабларидир.

Қўшимча ҳал қилув қарори киритишнинг ташаббускори ҳакамлик муҳокамасида даъвогар ёки жавобгар сифатида қатнашган тарафларгина бўлиши мумкин, бошқа шахслар, шу жумладан, ҳакамлик муҳокамасида иштирок этган учинчи шахслар ҳам бундай ҳуқуққа эга эмас. Ишни кўриб чиққан ҳакамлик судининг ўзи ҳам қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тартиб-таомилини юзага келтиришга ҳаққи йўқ.

Ҳакамлик судига қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисида ариза келиб тушган пайтдан эътиборан, Қонуннинг 18-моддаси иккинчи қисмига биноан иш юзасидан асосий ҳал қилув қарорини қабул қилиш билан тўхтатилган ҳакамлик судьялари ваколатини қайта тиклаш учун асос пайдо бўлади. Ҳакамлик судьялари ваколатини қайта тиклаш ҳакамлик суди томонидан тегишли ажрим қабул қилиш йўли билан амалга оширилиши керакдай кўринади.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисида арз қилиниши мумкин бўлган шартларни белгилайди: а) агар тарафлар бошқача келишмаган бўлсалар, яъни қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш ҳуқуқидан воз кечмаган бўлсалар; б) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини олгандан кейин ўн кун мобайнида ариза топширган бўлсалар; в) ҳакамлик муҳокамаси предмети бўлган иш юзасидан бошқа тарафга ўз даъвоси тўғрисида хабар қилган бўлса.

Модданинг биринчи қисми тарафларга қўшимча ҳал қилув қарорини талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақида келишиб олишлари учун ҳуқуқ беради. Бундай битимга асос вақтни тежаш усули ёки суднинг олий нуфузини тан олиш ва бошқалар каби турлича бўлиши мумкин.

Қонун томонидан ҳакамлик судининг қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг тартиб-таомили белгиланмаган, лекин ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг процессуал кафолатларини сақлаш мақсадида улар Қонуннинг 34-моддасида ва 35-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга риоя этиш билан бундай суд мажлисларини ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилинган бўлиши лозимлиги кўрсатилган.

Шу тариқа, тарафларга суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи берилган бўлиши керак, яъни қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тартиб-таомили ҳакамлик муҳокамасининг умумий қоидаларига бўйсундирилиши зарур. Агар тарафлар ҳакамлик муҳокамаси жойи ва вақти тўғрисида хабардор бўлган тарафлар қўшимча ҳал қилув қарор қилиш бўйича ҳакамлик суди мажлисига келмасалар, бу суд мажлисини ўтказиш учун тўсиқ бўлмаслиги керак.

Агар тараф ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини олгандан сўнг ўн кунлик муддат мобайнида қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисида арз қилмаса, унда шарҳланаётган норма мазмунига кўра бу уни келгусида тегишли арз қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Айни пайтда, бундай аризанинг топширилиш муддати манфаатдор шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича ўтиб кетиши мумкин бўлган вазиятлар бўлиши мумкин. Кераксиз муаммолардан ҳоли бўлиш учун, агар ҳакамлик суди томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра муддат ўтиб кетган бўлса, ҳакамлик судлари Регламентларида ҳакамлик суди томонидан қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги арз бериш муддатини тиклаш имконини кўриб чиқиш лозим. Бу ҳакамлик муҳокамасининг адолатлилик принципига кўпроқ мос келади.

Шуни инобатга олиш керакки, қўшимча ҳал қилув қарори кўринишида ҳакамлик судининг дастлабки ҳал қилув қарори ўзгармаслиги лозим ва асосий ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик суди мажлисида кўриб чиқиш предмети бўлмаган масалалар ҳал қилинмаслиги керак.

Қўшимча ҳал қилув қарори суд иши юзасидан ҳал қилув қарорини қабул қилган ўша таркибда ҳакамлик суди томонидан қабул қилиниши керак. Қонунда ҳал қилув қарорини худди ўша таркибда қабул қилиш жисмонан имконияти йўқ ҳолларида қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тартибини тартибга соладиган нормалар мавжуд эмас ва ушбу шартни бажаришнинг реал имконининг йўқлигида, қўшимча ҳал қилув қарори ҳакамлик суди томонидан бошқа таркибда қабул қилиниши мумкин деб фараз қилинади.

Қўшимча ҳал қилув қарори институти фуқаролик процессуал ва хўжалик процессуал ҳуқуқда кенг тартибга солинган ва буни давлат судларининг ўзи қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш бўйича суд тартиб-таомилининг ташаббускорлари бўлиши мумкинлиги билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, давлат судларида қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиниши мумкин бўлган асослар кўлами кенгроқ.

Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисида аризани кўриб чиқиш натижалари қабул қилинган қарорнинг моҳиятига боғлиқ ҳолда турли процессуал ҳужжатлар билан расмийлаштирилади. Агар ҳакамлик суди аризани қаноатлантирса, у ҳолда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг таркибий қисми каби кўриладиган қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилади, агар ҳакамлик суди қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисида аризани қаноатлантириш учун асос топмаса, аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Қонун ҳужжатларининг умумий мазмунидан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш мумкинки, ваколатли суд ҳакамлик суди асосий ҳал қилув қарорини мажбурий ижро қилишда бўлгани каби тартибда қўшимча ҳал қилув қарорини ижро қилишга ижро варақасини бериши мумкин.



41-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш


Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олганидан сўнг ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги ариза билан ўн кун ичида айнан ўша ҳакамлик судига бу ҳақда ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафини хабардор қилган ҳолда мурожаат этишга ҳақли. Низони ҳал қилган ҳакамлик суди таркиби ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги ариза олинган кундан эътиборан ўн кун ичида уни кўриб чиқиши керак.

Ҳакамлик суди ўзи қабул қилган ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтириб беришга ҳақли. Тегишли аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг таркибий қисми бўлган ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисида ажрим чиқаради.


Ҳал қилув қарори етарли даражада равшан ёки тўлиқ бўлмаган ҳолда ҳакамлик судининг тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига, ҳуқуқий муносабатларининг мазмуни, ёки бажарилиши зарур бўлган ҳаракатларга тегишли бўлган ҳакамлик судининг у ёки бу хулосаларини қандай тушуниш лозимлиги тўғрисидаги тегишли тушунтиришларни олиш зарурияти туғилиши мумкин.

Шу тариқа, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини тушунтириш - бу суд ҳужжатлари нуқсонларини бартараф этиш усулларидан бири бўлиб, унинг жараёнида, қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилишдан ташқари унинг мазмуни тушунтирилади.

Қонуннинг шарҳланаётган моддасининг биринчи қисми ҳакамлик судига ҳал қилув қарорини тушунтириш ҳақида ариза берилиши мумкин бўлган шартни белгилайди: биринчидан, ҳал қилув қарорини тушунтириш ҳақидаги илтимос билан ариза манфаатдор тараф томонидан ёзма шаклда берилади, иккинчидан, аризани топшириш ҳал қилув қарорини олиш санасидан эътиборан ўн кунлик муддат билан чекланган, учинчидан, арз қилувчи ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига бундай аризани ҳакамлик судига юбориш тўғрисида хабар қилишга мажбур.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш бўйича амалнинг моҳияти ҳакамлик суди хулосаларини тушуниш ва қабул қилиш учун тушунарлироқ бўлиши лозим бўлган бошқа шаклда баён қилиш ва изоҳлаб беришдан иборат.

Қонуннинг шарҳланаётган моддасининг муҳим жиҳати шуки, ҳакамлик суди ўз ҳал қилув қарорини тушунтиришда ҳакамлик муҳокамаси давомида текширилмаган фактлар борасида фикр билдириш мазмунини ўзгартира олмайди, текшириш предмети бўлган фактларни қайта баҳолай олмайди, ишнинг белгиланган ва текширилган ҳолатига бошқача ҳуқуқий баҳо бера олмайди.

Шу тариқа, қабул қилинган ҳал қилув қарорини тушунтириш жараёнида, ҳакамлик суди низо моҳиятига кўра ўзи томонидан қилинган хулосани қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас, масалан, жавобгардан моддий зарарни тўлиқ ҳажмда ундириш ҳақидаги қабул қилинган ҳал қилув қарорини зарарни қисман ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори билан ўзгартириш суд томонидан қонундан ташқари қилинган ҳаракат бўлади.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш ҳолатида, ҳакамлик суди бу ҳолатда олдин қабул қилинган ҳал қилув қарорининг қисми бўлган ноаниқ масалаларни тушунтириш билан ажрим чиқаради, ҳал қилув қарорини тушунтиришга асослар мавжуд бўлмаганда ҳам - тараф томонидан берилган аризани рад этиш ҳақидаги асослар кўрсатилган ажримни чиқаради.

Турли мамлакатлардаги ҳакамлик судлари фаолияти амалиёти кўрсатишича, тушунтириш учун қийин бўлган нарса ҳуқуқий нуқтаи назардан тарафлар учун жуда муҳим бўлган ҳал қилув қарорининг хулоса қисми бўлиб чиқади. Мадомики, айнан хулоса қисмида ҳуқуқий мазмундаги хулосалар мавжудлиги учун, одатда айнан ушбу қисмда ноаниқликни йўқотишга ҳакамлик муҳокамаси манфаатдор тарафларининг мақсади йўналтирилган.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини тушунтириш тартиб-таомили ҳакамлик судлари ёки ҳакамлик муҳокамасида иштирок этувчи учинчи шахслар томонидан қўзғатилиши мумкин эмас, бундай тартиб-таомилни қўзғаш ҳуқуқи фақатгина даъвогар ва жавобгарга берилган.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги даъвони кўриб чиқиш ҳал қилув қарорини қабул қилган ўша ҳакамлик суди таркиби томонидан амалга оширилади. Лекин Қонуннинг 18-моддаси иккинчи қисмидан келиб чиқиб, ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингандан сўнг, ҳакамлик судьялари ваколати тўхтатилади, бундан келиб чиқадики, ҳал қилув қарорини тушунтириш учун уларни қайта тиклаш зарур бўлади.

Бундай мақсадларда манфаатдор тараф ҳакамлик судига ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади, уни кўриб чиқиш натижасига кўра, ҳакамлик суди ҳакамлик судьялари ваколатини қайта тиклаш тўғрисида ажрим чиқаради ва ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга киришади.

Қонун ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини тушунтиришни олиб бориш тартибини белгиламайди, шунинг учун умумий қабул қилинган процессуал қоидаларга мувофиқ тушунтириш жараёни ҳакамлик муҳокамаси тарафларига хабар берилган ҳолда суд мажлисида ўтказилиши лозим. Бироқ, тарафларнинг келмаслиги ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга тўсиқ бўлмайди.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш натижасига кўра, ҳакамлик суди ушбу ҳал қилув қарорининг таркибий қисми бўлган ажримни қабул қилади.



42-модда. Ёзувдаги хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш


Низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилган ҳакамлик суди ёзувда йўл қўйилган хатоларни ва арифметик хатоларни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг аризасига кўра тузатишга ҳақли. Ёзувда йўл қўйилган хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги аризани низони ҳал қилган ҳакамлик суди таркиби ариза олинган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқиши керак.

Тегишли аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг таркибий қисми бўлган ёзувдаги хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш тўғрисида ажрим чиқарилади.


Қонуннинг шарҳланаётган моддаси ҳакамлик судига манфаатдор тарафларнинг аризасига кўра ёзувдаги хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш учун ҳуқуқ беради.

Ёзувдаги хатолар деб умумий қўлланадиган лексикага мувофиқ ёзма матнда паришонхотирлик бўйича йўл қўйилган хатолар тушунилади. Босма матнда техник воситаларда теришда, босиб чиқаришда йўл қўйилган хатолар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Арифметик хато - бу бирор-бир ҳисоблашда йўл қўйилган хатолик ҳисобланади.

Шу тарзда, кўрсатилган хатолар турлари қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш билан боғлиқ қонунга оид хатолар саналмайди.

Барча арифметик хатолар ҳам Қонуннинг 42-моддасида назарда тутилган тартибда ҳакамлик суди томонидан тузатилмайди. Масалан, даъвонинг баҳосини ҳисоблаш тартибини белгиловчи нормани нотўғри татбиқ қилиш оқибатида арифметик хатога йўл қўйилса, унда бу мазмунан ҳуқуқий хатога тегишли бўлади ва шарҳланаётган модда билан белгиланган тартибда ҳакамлик суди тарафидан тузатила олмайди. Бу ҳолда хатоларни тузатиш ҳуқуқий нормаларни қўллаш ва ҳуқуқий хатоларни тузатиш тўғрисида қўшимча ҳал қилув қарорлари қабул қилишда йўл қўйилган хатоларни ҳал қилишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги илтимоснома билан ҳакамлик судига тарафларнинг мурожаат қилиши йўли билангина мумкин бўлади.

Шунга эътиборни қаратиш лозимки, ундириб олиш керак бўлган, ундириб олиш рад қилинган пул маблағларини, берилган ашёларнинг турли параметрлари ва кўрсаткичларини тузатиш арифметик амаллар олиб борилганда хатонинг оқибати бўлиб нотўғри натижа саналган ҳолда мумкин бўлади.

Қонуннинг шарҳланаётган моддасида ҳал қилув қарорига тузатиш киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш усули ва тарафлар вакиллари ҳакамлик суди мажлисида қатнашиши имконияти кўрсатилмагани сабабли, бундай тартиб-таомил ҳар бир муайян ҳакамлик суди Регламенти орқали белгиланиши керак.

Қонун ёзувдаги хатолар ва арифметик хатоларни тузатиш тартиб-таомилини белгиламайди. Мисол учун, бундай хатоларни тузатиш зарурияти бўлган ҳолларда тарафларни хабардор қилиб суд мажлисини ўтказиш мажбурий эканлиги аниқ эмас. Белгиланган тузатишлар киритиш тўғрисидаги масала мажлиснинг ўтиш жойи ва вақти тўғрисида тарафларни хабардор қилган ҳолда суд мажлисида ҳал қилиниши керак деб тушунилади. Бироқ, тарафларнинг келмаслиги тузатиш киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди (ФПКнинг 213-моддаси, ХПКнинг 150-моддаси).

Тарафларни ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига анча масъулиятли ёндашишга мажбур қилиб, ҳакамлик муҳокамасининг турғунлигига ва кароматига ёрдам берувчи ёзувдаги хатоларнинг ёки арифметик хатоларнинг тузатилиши тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга манфаатдор тараф ҳақли бўлган ўн кунлик муддатни амалдаги Қонун белгилайди.

Бироқ, ёзувдаги камчилик ва арифметик хатоларнинг тузатилиши тўғрисидаги ариза билан ҳакамлик судига мурожаат қилишга тарафлар ҳақли бўлган муддатни Қонун белгиламайди. Бу ерда Қонуннинг олдинги моддаси (41-м.) ўхшашлиги асосида амал қилиш зарур деб ҳисоблаймиз, яъни регламентларда аризани бериш муддати - тарафлар томонидан ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини олгандан кейин 10 кун эканлигини белгилаш зарурлигини ҳам ҳисобга олиш керак.

Ёзувдаги камчилик ва арифметик хатоларни тузатиш ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг таркибий қисми сифатидаги ажрим билан расмийлаштирилади.



43-модда. Ҳакамлик судининг ажрими


Ҳакамлик суди низонинг мазмунига дахл қилмайдиган масалалар юзасидан ажрим чиқаради.

Ҳакамлик судининг ажрими устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.


Ҳакамлик суди икки хил ҳужжатни қабул қилади, булар - ҳал қилув қарори ва ажрим. Агар ҳакамлик суди ҳал қилув қарори низони мазмунан ҳал қилиш якунловчи ҳужжат бўлса, унда ҳакамлик суди ажрими эса - бу даъво талабларининг асосланганлиги ёки асосланмаганлигига кўра хулоса чиқарилмаганда, низо мазмунан ҳал қилинмаган ҳолдаги суд ҳужжати ҳисобланади. Шу тариқа, таъкидлаш жоизки, ажрим ўз ичига мазмунан арз қилинган талаблар жавобини қамраб олмайди.

Ҳакамлик суди ажрими низони ҳал қилиш жараёнида пайдо бўладиган турли масалалар бўйича ҳакамлик муҳокамасининг ҳар қандай босқичида чиқарилиши мумкин, шу жумладан қуйидагилар:

а) низони ҳакамлик судида ҳал этиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тақсимлаш тўғрисидаги масалани ҳал қилишда (Қонуннинг 22-моддаси);

б) низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни бўнак сифатида тўлаш тўғрисидаги талабнинг бажарилмаслиги ҳолларида даъвони кўрмасдан қолдиришда (Қонуннинг 23-моддаси);

в) унга берилган низони ҳал қилишни кўриб чиқиш ҳакамлик суди ваколатида мавжуд эмаслиги, шунингдек ҳакамлик суди томонидан ваколатдан четга чиқиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш натижаси бўйича (Қонуннинг 24-моддаси);

г) ҳакамлик муҳокамаси предмети ҳисобланган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани ваколатли суд томонидан кўриб чиқишда (Қонуннинг 32-моддаси);

д) қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни ҳакамлик судининг рад қилишида (Қонуннинг 40-моддаси);

е) ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича (Қонуннинг 41-моддаси);

ж) ёзувдаги камчиликлар ва арифметик хатоларни тузатиш тўғрисида (Қонуннинг 42-моддаси);

з) унга берилган низони ҳал қилишни кўриб чиқиш ваколати ҳакамлик судида мавжуд бўлмаган ҳолда бошланган ҳакамлик муҳокамасини тўхтатиш тўғрисида (Қонуннинг 44-моддаси).

Қонун ажрим чиқариш шаклида ҳал қилинадиган ҳакамлик жараёнининг муҳим масалаларини ажратиб беради, аммо Қонунда кўрсатилмаган масалалар бўйича ажрим чиқариш ҳуқуқини ҳакамлик судларига беришларнинг мукаммал рўйхатини белгиламайди.

Қонун ажрим шаклини тартибга солмаса-да, лекин давлат судларида юзага келган амалиётга кўра, ҳакамлик суди ажрими ёзма шаклда ёки алоҳида суд ҳужжати кўринишида, ёхуд суд мажлиси баённомаси қайд кўринишида чиқарилиши керакдай кўринади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори сингари, ажрим қабул қилган кўпчилик ҳакамлик судьялари томонидан имзоланади, ажримда судьяларнинг имзоси бўлмаслиги ушбу ҳужжатнинг қонуний кучга эга эмаслигини англатади.

Ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган ажрим реквизитлари ва мазмуни бўйича талабга келсак, унда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига қўйиладиган талабларга ўхшашлик асосида ажримда ахборот хусусиятига эга маълумотлар бўлиши (ҳакамлик суди номи, суд таркиби, ажрим чиқариш вақти ва жойи, ишнинг номи ва тартиб рақами) ҳамда ажрим қабул қилинган ҳолатлар мавжудлиги тўғрисида маълумотлар бўлиши лозимлиги табиий (ҳал қилинувчи масалалар, у ёки бу қарорни, хулосани қабул қилган ҳолда, ҳакамлик суди амал қилган асослар ва бошқалар).

Агар биз ажрим ҳақида алоҳида суд ҳужжати сифатида гапирсак, унда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига бўлган талаблардек кириш, тавсифий, асословчи ва хулоса қисмларидан фойдаланган ҳолда, унинг шакли ва мазмунига ҳам шундай талабларни татбиқ қилиш лозим бўлади.

Бу турдаги ажримни қабул қилиш учун ҳакамлик суди алоҳида хонага чиқиб кетиши, у ерда ушбу ажрим бўйича барча масалаларни муҳокама қилиши, уни ёзма шаклда баён қилиши, ишда қатнашувчи барча судьялар томонидан имзоланиши ва сўнгра уни суд мажлисида эълон қилиши лозим.

Бундан фарқли тарзда, оғзаки ажрим фақатгина суд муҳокамаси давомида ҳал қилишни талаб қилувчи масалалар бўйича чиқарилади, судьялар алоҳида хонага чиқиб кетмасдан суд мажлиси залида эълон қилинади, суд мажлиси баённомасига киритилади ва тавсифий, асословчи ва хулоса қисмлари билан чекланади, чунки уларнинг кириш қисми ҳакамлик суди мажлиси баённомасининг кириш қисмидир.

Ҳакамлик суди ажрими устидан ваколатли судларга шикоят қилинмаслиги туфайли, алоҳида суд ҳужжати кўринишида ажримни чиқариш доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг Қоидалари билан кўриб чиқилади. Агар бундай қилинмаган бўлса, унда қабул қилинадиган ҳужжатнинг мазмунидан келиб чиқиб, низоларни ҳал этишда қабул қилинадиган ажримнинг шаклини ҳакамлик судининг ўзи танлайди.



44-модда. Ҳакамлик муҳокамасини тугатиш


Ҳакамлик суди қуйидаги ҳолларда ҳакамлик муҳокамасини тугатади:

ҳакамлик суди ўз ҳал қилувига топширилган низони кўриб чиқиш учун ҳакамлик суди ваколатга эга эмаслиги тўғрисида ажрим чиқарса;

даъвогар ўзининг даъво талабидан воз кечса ва жавобгар ҳакамлик муҳокамасини тугатишга қарши эътироз билдирмаса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида келишувга эришса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари келишув битими тузса ва у ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан тасдиқланса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлган юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилган бўлса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлган жисмоний шахс вафот этган бўлса ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса ёхуд бедарак йўқолган деб топилган бўлса ва ҳуқуқий ворисдан ҳакамлик муҳокамасини давом эттириш тўғрисида ариза тушмаса;

айни бир ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича келиб чиққан низо юзасидан ваколатли суднинг ёки ҳакамлик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган асос бўйича тугатилган ҳакамлик муҳокамасига доир низо тугатилган ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири томонидан ваколатли судга топширилиши мумкин.


Ҳакамлик муҳокамасини тугатиш жараёни давомида иш тугатилади, лекин низо ўз мазмунига кўра ҳал этилмайдиган ҳакамлик муҳокамасининг тугатилиш шакли ҳисобланади.

Ҳакамлик муҳокамасини тугатиш низони кўриб чиқиш имкони йўқ ёки кераксиз бўлган маълум бир ҳолатларда рўй беради. Шунинг учун ҳакамлик суди ушбу механизмни фақатгина рўйхати мукаммал, ёпиқ ва уни кенг шарҳламайдиган Қонунда назарда тутилган асослар бўйичагина қўллашга ҳақли.

Ҳакамлик муҳокамасини тугатишга асос бўлмаса, ҳакамлик суди низони кўриб чиқиши ва даъвони қаноатлантириши ёки уни қаноатлантиришни рад қилиши тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқариши лозим.

Қонуннинг шарҳланаётган моддасининг биринчи қисмида санаб ўтилган ҳакамлик муҳокамасини тугатишга ҳар қайси асосни алоҳида кўриб чиқамиз.


1. Ҳакамлик суди ўз ҳал қилувига топширилган низони кўриб чиқиш учун ҳакамлик суди ваколатга эга эмаслиги тўғрисида ажрим чиқарса.

Қонуннинг 24-моддасига асосан ҳакамлик суди мустақил равишда унга ҳал қилувига топширилган низони кўриб чиқишга ваколатинининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги масаласини ўзи мустақил тарзда ҳал қилади, шу мақсадда тегишли мазмунга эга тарафларнинг ёзма битими мавжудлигини аниқлайди, даъво талаблари арз қилинган низо предмети ва ҳолатларини аниқлайди.

Мазкур низони кўриб чиқишда ҳакамлик суди ўзининг ваколати йўқлигини тан олиши кўп учрайдиган сабаблар қаторига қуйидагилар киради: а) ҳакамлик битимида муайян ҳакамлик суди кўрсатилмаганлиги ва бундай судга нисбатан тарафларнинг мақсадларини белгилай олмаслик; б) низо предмети ва арз қилинган даъво асосларининг ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан имзоланган ҳакамлик битими мазмуни бўйича мос келмаслиги; в) Қонуннинг 9-моддасига биноан иш ҳакамлик суди ваколатига кирмайди ёки мазкур ҳакамлик судловига тааллуқли эмас.


2. Даъвогар ўзининг даъво талабидан воз кечса ва жавобгар ҳакамлик муҳокамасини тугатишга қарши эътироз билдирмаса.

Даъвогарнинг даъво талабларидан воз кечиши ҳакамлик суди томонидан низо моҳиятига кўра ҳал қилув қарори қабул қилунгунга қадар рўй бериши мумкин ва даъвогарнинг ва даъвогар тарафдан вакил шахснинг оғзаки ёки ёзма кўринишидаги аризаси шаклида расмийлаштириш лозим.

Даъвогарнинг даъводан воз кечиши сабаблари турлича бўлиши мумкин - даъвогарнинг даъвосининг асоссизлиги ёки қонунга хилофлигидан даъвогарнинг даъво талабларини суддан ташқари тартибда қаноатлантирилишигача бўлади.

Жавобгар даъводан ҳакамлик суди томонидан даъвони рад этиш ҳақида қарор қабул қилинишига қарши эътироз билдиришга ҳақли ва низони моҳиятига кўра кўриб чиқишни қатъий талаб қилиши мумкин, бундай ҳолда бундай фикр учун асос бошқа низоларни ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш, уларнинг келишилган мажбуриятларини ишончли ва ўз вақтида бажаришини тасдиқловчи суд ҳал қилув қарорларини жавобгар томонидан олишнинг зарурлиги билан тушунтириладиган низони ҳал қилишда жавобгарнинг қонуний манфаатларининг мавжуд бўлиши мумкин.

Иш юзасидан муҳокамани тугатиш учун ҳакамлик суди даъвони рад қилиш даъвогарнинг ҳақиқатан хоҳиши эканлигини аниқлашга мажбур ва жавобгар низонинг моҳиятига кўра кўриб чиқишни қатъий талаб қилиш ёки қилмаслигини текшириши лозим.


3. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида келишувга эришса.

Ҳакамлик муҳокамасини тугатишнинг асосларидан бири аввал ёки келгусида низони тартибга солиш натижаси бўлган тарафлар томонидан келишувга эришиши ҳисобланади.

Мадомики, шарҳланаётган моддадада келишув ҳақида ҳеч нарса келтирилмаганлиги туфайли, тарафларнинг ҳакамлик суди мажлисида қилинган ва баённомага киритилган оғзаки даъвосини муҳокама қилишни тўхтатиш учун етарли деб ҳисобланади.


4. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари келишув битими тузса ва у ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан тасдиқланса.

Низо мазмунига кўра ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарори чиқарилишигача ҳакамлик муҳокамаси жараёнида тарафлар келишув битимини тузиши ва унинг тасдиқлаш илтимоси билан судга мурожаат қилиши мумкин. Бундай битимлар тарафларнинг муросаси ҳисобланади ва низони тартибга солиш шартлари ва тартиби тўғрисидаги тарафларнинг ёзма кўринишдаги битимида қайд қилинади. Келишув битимида жавобгар томонидан тўланиши лозим бўлган қарз ҳажми ва муддати, жарима санкциялари, фоизларни, даъвони тақдим қилиш ва иш юритиш билан боғлиқ тарафлар ўртасидаги харажатларни тақсимлашни ундиришдан даъвогарнинг (тўлиқ ёки қисман) воз кечиши қайд қилиниши мумкин.

Келишув битимини қабул қилишга тўсиқлик қилувчи асосларнинг йўқлигини текширгандан сўнг, ҳакамлик суди уни ўз ҳал қилув қарори билан тасдиқлайди. (Қонуннинг 38-моддаси тўртинчи қисмига берилган шарҳга қаранг).


5. Ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлган юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилган бўлса.

Тугатиш юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бошқа шахсга ўтмасдан юридик шахснинг фаолияти тўхтатилиши оқибатида вужудга келган жараённи ўзида намоён қилади. Шуни ҳисобга олиш керакки, ЎзР ФКнинг 55-моддасига мувофиқ, юридик шахс бу тўғрида юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилгандан сўнг юридик шахснинг тугатилиши охирига етган ҳисобланади, юридик шахс эса ўз фаолиятини тўхтатган ҳисобланади, шунинг учун, агар ҳакамлик суди юридик шахсни белгиланган тартибда тугатишни тасдиқловчи зарурий далилларга эга бўлса, келгуси муҳокама мумкин бўлмайди ва тўхтатилиши керак, бу ҳақда эса ажрим чиқарилади.


6. Ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлган жисмоний шахс вафот этган бўлса ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса ёхуд бедарак йўқолган деб топилган бўлса ва ҳуқуқий ворисдан ҳакамлик муҳокамасини давом эттириш тўғрисида ариза тушмаса.

Процесс тарафи бўлган фуқаро (жисмоний шахс) ўлими, вафот этган деб тан олиниши ёки бедарак йўқолган деб топилиши ҳакамлик муҳокамаси жараёнини ўтказиш имкониятини йўқ қилади. Фуқароларни бедарак йўқолган, вафот этган деб тан олиш ЎзР ФК 33 ва 36-моддалари қоидаларига асосан амалга оширилади. Ушбу ҳолатларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари асосида тасдиқланиши ҳолатида ҳакамлик суди муҳокамани тўхтатади, бу ҳақда ажрим чиқаради.


7. Айни бир ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича келиб чиққан низо юзасидан ваколатли суднинг ёки ҳакамлик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса.

Ҳакамлик суди айни бир тарафлар ўртасидаги айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича даъво ваколатли суд ёки ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган ва қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса ҳакамлик муҳокамасини тўхтатади. Агар бундай ҳолат бўлиб ўтган бўлса, манфаатдор тараф ишни кўрувчи ҳакамлик судига бу ҳақда маълум қилади ва ушбу фактни аввал кўрилган иш бўйича ҳакамлик ва ваколатли суд ҳал қилув қарорини тақдим қилиш билан тасдиқлайди.

Ҳал қилув қарорининг мазмуни билан танишиш ва бунинг натижасида олинган маълумотларни кўрилаётган иш материаллари билан таққослаш ҳакамлик судига даъволарнинг мос келиши ва ўхшашлик ҳоллари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини ойдинлаштиришга ва белгилашга йўл беради.

Агар олинган маълумотлар таҳлили даъвонинг бир хилдек эканлиги тўғрисида асосланган хулоса қилишга йўл қўйса, унда ишни кўриш давом эттирилиши мумкин эмас.

Умумий ваколатли ёки хўжалик суди ҳал қилув қарори кучга кирганлиги тўғрисидаги масалани ойдинлаштиришда, процессуал қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқилади. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори борасида шарҳланаётган Қонуннинг 46-моддасида назарда тутилган тартибда ушбу ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш ёки Қонунинг 53-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ижро варақасини беришни рад этиш рўй берганлигини аниқлаш зарур.


Ҳакамлик муҳокамасини тўхтатишни фуқаролик процессуал ва хўжалик процессуал қонунчилик ҳужжатларида қўлланиладиган суд иши юзасидан иш юритишни тўхтатиш, суд муҳокамасини кечиктириш, даъво аризаларини кўриб чиқмасдан қолдириш каби нормалардан фарқлаш зарур.

Ушбу Қонун бу институтларни тартибга солмайди, аммо бир вақтнинг ўзида ҳакамлик жараёни тараққий этишига эҳтиёж сезилган пайтда тарафларнинг суд мажлисига келмаслиги сабабини аниқлаш заруратига боғлиқ бўлган суд муҳокамасини кейинга қолдириш зарурияти ҳакамлик судида аниқ пайдо бўлиши мумкинлигида, кўрсатилган институтларга эҳтиёж сезилади. Шубҳасизки, ҳакамлик суди бу ҳолда суд мажлисини кечиктириш процессуал имкониятига эга бўлиши керак ва бу ҳакамлик муҳокамасини тўхтатишнинг шакли ҳисобланади.

Ушбу масала одатда ҳакамлик судлари Регламентлари ёрдамида тартибга солинади. Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш Маркази қошидаги Ҳакамлик суди Регламентининг 39-моддасига мувофиқ, тарафлар аризасига кўра ёки ҳакамлик суди ташаббуси билан ишни кўриб чиқиш кечиктирилиши ёки тўхтатилиши мумкин, бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Процессуал ҳуқуқда мавжуд ЎзР ФПКнинг 102-модаси ва ЎзР ХПКнинг 215-моддаси нормаларида қайд этилган принципларга кўра, суд иши юзасидан иш юритишни тўхтатиш ҳолларида судга худди шу шахслар ўртасида, худди ўша предмат ва худди ўша асослар юзасидан низо бўйича судга қайтадан мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.

Қонун ҳужжатларининг мазкур нормалари ҳакамлик судлари фаолиятида иш бўйича иш юритишни тўхтатиш масаласини ҳал қилишда қўлланиши мумкин деб ҳисоблаймиз.



45-модда. Низоларга доир ишларнинг сақланиши


Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида кўрилган ишлар, агар доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларида узоқроқ муддат белгиланмаган бўлса, мазкур ҳакамлик судида уч йил мобайнида сақланади.

Муваққат ҳакамлик суди томонидан кўрилган иш ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин бир ой муддат ичида ваколатли судга сақлаш учун юборилади.


Шарҳланаётган модданинг қоидалари ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомилидан ташқарида бўлган масалаларга бағишланади, лекин бу билан бир қаторда жиддий амалий аҳамиятга эга.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилган иш материаллари уч йил давомида ҳакамлик судларининг ўзида сақланади ва шу мақсадларда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ўз архивларига эга бўлиши зарур.

Шарҳланаётган моддада агар ҳакамлик суди Қоидаси томонидан узоқроқ муддат белгиланмаган бўлса, ишга доир ҳужжатлар доимий фаолият кўрсатувчи судда уч йил сақланиши кўзда тутилган. Шу тариқа, кўриб чиқилган ишлар материалларини сақлашнинг камроқ муддати белгиланган бўлиши мумкин эмас.

Ҳакамлик судлари ва улар томонидан кўриб чиқилган ишлар ҳужжатларини сақлаш қоидаси ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорини амалга оширишни таъминловчи муҳим мезон бўлиб ҳисобланади. Гарчи бу мезон фақатгина техник хусусиятга эга бўлса-да, равшанки, ишларни ва ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарорларини тегишли тарзда сақлашни ташкил қилмасдан, ҳакамлик муҳокамаси жараёнида манфаатлар тўқнашуви ва айниқса, ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этишни самарали ва кафолатли ҳал этиб бўлмайди.

Муваққат ҳакамлик суди ҳал қилув қарори иш материали билан бир ой муддатда низо ва ишда иштирок этувчилар характерига кўра ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ва ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш ҳақидаги аризаларни кўриш ваколатига киритилган ваколатли судга юборилади.

Ушбу модда ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш ёки ижро варақасини бериш тўғрисида даъво билан ваколатли судга мурожаат қилиш ҳолларида доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари томонидан ваколатли судга иш материалларини топширишнинг техник масалаларини тартибга солмайди.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш билан боғлиқ ҳолда, ваколатли суд ушбу ҳакамлик судидан суд иши материалларини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади, лекин фақатгина Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилган ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилишга асоснинг мавжудлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш учун ваколатли суд учун зарур бўлганларини талаб қилади. Қонуннинг ушбу нормасига биноан, ваколатли суд низонинг моҳиятига тегишли бўлган иш материалларини талаб қилишга ҳақли эмас.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза ваколатли суд томонидан кўриб чиқилиши ва унинг ажрими қонуний кучга кирганидан сўнг, иш материали ваколатли суд томонидан доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судига қайтарилиши лозим.

Қонунда ҳакамлик суди томонидан сақланувчи ишлар тўғрисидаги бирор маълумотни ҳакамлик судини ошкор қилишга мажбур қилиши мумкин бўлган нормалар мавжуд эмас. Қонуннинг 4-моддаси ва 28-моддасида белгиланган ҳакамлик муҳокамасининг маҳфийлик принципига биноан, низо тарафларига ва бундай маҳфий маълумотлардан (2) фойдаланиш ваколати белгилаб берилган давлат органларидан ташқари бошқа шахсларга кўриб чиқилган ишлар ҳақида маълумот, ахборот ва маълумотнома бериш мумкин эмас.

Ҳакамлик суди Раиси рухсати билан ҳакамлик суди мутахассислари кўриб чиқилган ишлар материаллари асосида ҳакамлик судлари фаолияти амалиётини умумлаштириш ва изланиш олиб боришга ҳақли, лекин бундай изланишлар натижаси низо иштирокчилари ва даъво баҳоси тўғрисида аниқ маълумотларнинг кўрсатилмаган тарзда, маҳфийликни сақлаган ҳолда бошқа усуллар билан эълон қилиниши ёки тарқатилиши мумкин.




7-БОБ. ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ

ҚАРОРИ ЮЗАСИДАН НИЗОЛАШИШ


46-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори

юзасидан ваколатли судда низолашиш


Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ваколатли судга ушбу ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраб ариза бериш йўли билан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиши мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги низо бўйича иш юритиш ваколатли суд томонидан тугаллангунига қадар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижроси бўйича иш юритишни тўхтатиб туради.


Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, ҳакамлик муҳокамаси тарафларига ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан низолашиш ҳуқуқи берилган.

Суд ҳал қилув қарорлари устидан низолашиш ва шикоят қилиш институтларида маълум тафовут мавжуд ва шуни таъкидлаш лозимки, шарҳланаётган моддада қонун чиқарувчи, “шикоят қилиш” терминини эмас, балки “низолашиш” терминини қўллайди. ЎзР ФПКнинг “Суд низомлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриб чиқиш” учинчи бўлимига ва ЎзР ХПКнинг “Ҳал қилув қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича иш юритиш” учинчи бўлимига мувофиқ, шикоят қилиш иштирокчининг иш юзасидан юқори инстанция судига мурожаат қилиши, ишни аппеляция судида янгидан кўриб чиқиш ёки ҳал қилув қарорини қонунчилик ва асосланганлик нуқтаи назаридан кассация судида текширишни кўзда тутади.

Ҳакамлик муҳокамаси принциплари ва белгиланган моҳиятидан келиб чиқиб, давлат судлари ҳакамлик судлари томонидан қабул қилинадиган ҳал қилув қарорларини аппеляция, кассация ва назорат тарзида қайта кўриб чиқишларини амалга оширишга ҳақли эмас.

Шуни аниқлаш лозимки, ваколатли давлат судлари ҳакамлик судларига нисбатан юқори суд ҳисобланмайди, улар ҳакамлик судлари ҳал қилув қарориларига нисбатан назорат вазифаларни амалга оширади холос, шу билан бирга бундай вазифаларни бажариш Қонун билан чекланган ва ҳакамлик судлари фаолияти процессуал тартиб-таомили текширишидан четга чиқа олмайди. Шунинг учун Қонуннинг 47-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, ваколатли судга ҳакамлик суди томонидан аниқланган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини моҳиятига кўра қайта кўриб чиқишга ҳуқуқ берилмаган.

Шикоят қилиш суд ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асосланганлиги нуқтаи назаридан тўғрилигини текширишни англатади, лекин ваколатли судга ҳакамлик судларига нисбатан бундай ҳуқуқ берилмаган.

Айнан шунинг учун, қонун чиқарувчи ҳакамлик муҳокамаси иштирокчиларига ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини низо моҳиятига кўра қайта кўриб чиқиш нуқтаи назаридан эмас, балки Қонуннинг 47-моддасида кўрсатилган процессуал қоидаларга риоя қилмаслик нуқтаи назаридангина ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан низолашув ҳуқуқини беради. Шу билан бирга, шуни таъкидлаш муҳимки, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилиниши ҳакамлик битимини бекор қилишни англатмайди (агар давлат суди ҳал қилув қарорида бу ҳақда тўғридан-тўғри кўрсатилмаса), чунки, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинишига қарамай, низо бўйича иш юритиш ҳакамлик битими асосида тегишли ҳакамлик судида қайта тикланиши мумкин.

Қонуннинг шарҳланаётган моддаси тарафга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан ваколатли судга мурожаат қилиш имконини беради.

Бундан келиб чиқиб, кўпгина тадқиқодчилар ҳакамлик суди ҳал қилув қарори Қонун томонидан унинг низолашуви учун берилган ўттиз кунлик муддатнинг якунланиши билан қонун кучига киради деб ҳисоблайдилар.

Бироқ, ушбу ҳал қилув қарорини бекор қилиш бўйича ваколатли давлат судида фақатгина процедура бошланган бўлиши мумкинлиги туфайли бу фикр нотўғри. Қонуннинг 49-моддасида белгиланган агар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижро қилиниш муддати белгиланмаган бўлса уни дарҳол ижро қилиш шарти, айнан ҳакамлик суди ҳал қилув қарори дарҳол қонун кучига киришини тасдиқлаб, уни биринчи инстанция давлат суди ҳал қилув қароридан фарқлайди.

Қонуннинг 49-моддасига мувофиқ, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий тарзда ижро этиш учун муддатни белгилашнинг ҳуқуқий оқибатлари манфаатдор тарафда белгиланган вақтда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий тарзда ижро қилиш ҳуқуқи мавжудлиги ёки ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан низолашув тўғрисида ариза билан ваколатли судга мурожаат қилишидан иборат. Ҳар қандай ҳолда, Қонуннинг 46-моддаси биринчи қисмида белгиланган ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан низолашув учун ўттиз кунлик муддат бундай қарорни олган кундан эътиборан кучга киради.

Айнан шундай ёндашув одатда улар томонидан белгиланган муддат ва тартибда тарафлар томонидан ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ижро қилиниши кўрсатилган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларининг фаолиятини тартибга солувчи Қоидаларда мустаҳкамланади.

Агар тарафлар бошқача келишмаган бўлса, низони доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судига топширишда, кўрсатилган ҳакамлик суди Қоидаси ҳакамлик битимининг ажралмас қисми сифатида кўриб чиқилади. Бу билан бирга, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларида улар томонидан низо бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори якуний эканлиги ҳақидаги қоиданинг мавжудлиги ушбу ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устида низолашиш учун имкониятнинг йўқлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳолат бўлиб хизмат қила олмайди.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан низолашув ваколатли судга тараф томонидан кўрсатилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани топшириш орқали амалга оширилади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ваколатли давлат судига ёзма шаклда берилади ва ҳал қилув қарори устида низолашувчи тараф томонидан ёки унинг ваколатли вакили томонидан имзоланади. Агар тараф ўзининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан низолашув ҳуқуқидан фойдаланмаса ва уни бекор қилиш борасида ваколатли судга мурожаат қилмаса, у ҳакамлик суди ҳал қилув қарори устидан низолашув ҳуқуқини йўқотади.

Қонун нормаларида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги даъвони ёзишга талаблар кўрсатилмаганига қарамай, давлат судларига даъво аризасини топшириш ўхшашлигидан келиб чиқиб, унда қуйидагиларни кўрсатиш лозим: 1) ариза топширилаётган ваколатли давлат судининг номи; 2) ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик суди номи ва таркиби, унинг жойлашган жойи; 3) ҳакамлик муҳокамаси тарафлари номи, уларнинг жойлашган жойи ёки яшаш манзили; 4) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қабул қилиш жойи ва санаси, унинг тартиб рақами; 5) кўрсатилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган тараф томонидан устида низолашилган ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг олинган санаси; 6) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида тарафнинг талаби, унинг устида низолашишнинг асослари.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризага ҳакамлик суди ҳал қилув қарори асл нусхаси ёки белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси, ҳакамлик муҳокамаси тўғрисидаги битим, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талабларни асослашга тақдим қилинадиган ҳужжатлар, қонун ҳужжатлари томонидан белгиланган миқдорда ва тартибда давлат божини тўлаганлик тўғрисида ҳужжат, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг нусхаси топширилганини маълум қилувчи хабарнома ёки унинг юборилганини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида аризага имзо чекишга шахснинг ваколатини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжатлар асл нусхалари ёки тегишли тарзда тасдиқланган нусхалари.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани ваколатли суд томонидан кўриб чиқиш тартиби Қонуннинг 46 ва 47-моддаларида назарда тутилган, унга мувофиқ бундай ариза якка тартибдаги судья томонидан ваколатли судга келиб тушиш кунидан ишни суд муҳокамасига тайёрлаш муддати ва тегишли ажрим чиқариш муддатларини ўз ичига олувчи бир ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосига кўра ишни ваколатли судда суд муҳокамасига тайёрлашда судья томонидан ҳакамлик судидан Қонуннинг 47-моддасига мувофиқ иш материалларининг фақатгина ваколатли судда низоланаётган қисми талаб қилиниши мумкин. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари суд мажлиси жойи ва вақти ҳақида ваколатли суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинса ҳам, уларнинг суд мажлисига келмасликлари ишни кўриб чиқиш учун ҳалақит бермайди.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани ваколатли судга топшириш ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро қилиш бўйича иш юритишни тўхтатиб қўяди.

Бу ҳолда, ваколат суди қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак бўлган ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро қилиш бўйича иш юритишни тўхтатиш тўғрисида ажримни чиқаради: а) ҳакамлик судининг устида низолашилган ҳал қилув қарори уни қабул қилган жойи тўғрисида; б) низолашувчи ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик суди таркиби ва номи ҳақида; в) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи кўрсатилади; г) тўлиқ ёки қисман ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида илтимоснома қилувчи тарафнинг аризасига кўрсатма; д) кучга кириш санаси кўрсатилиб, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро қилиш бўйича иш юритишни тўхтатиш тўғрисида эълон қилувчи хулоса қисми ҳақида.

Ваколатли судга ариза топшириш учун белгиланган муддат процессуал муддат ҳисобланади ва унинг узрли ҳолларда ўтказилиши манфаатдор тараф илтимосига кўра ваколатли суд томонидан тикланиши мумкин. Бунда ўтказилган муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан бирга ваколатли судга топширилади.

Ваколатли суд ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида даъво аризасини кўриб чиқишда ҳакамлик суди ҳал қилув қарори юзасидан низолашувчи тараф томонидан келтирилган хулосаларга мувофиқ ҳал қилув қарорини бекор қилишга асоснинг мавжудлигини (йўқлигини) текширади.

Шарҳланаётган модданинг 2-қисми қонуний кучга кирган ҳакамлик суди ҳал қилув қарори суд ҳал қилув қарорини олган тараф ёки бошқа шахслар томонидан ижро қилина бошлаган ҳолатни кўзда тутади (масалан: тижорат ташкилоти томонидан, жавобгар билан умумий мулкка эга бўлган учинчи шахс томонидан). Бу ерда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани бериш ваколатли суд томонидан кўрсатилган даъво аризасини кўриб чиқиш тугагунигача ва тегишли ажримни чиқаришгача, ҳал қилув қарорини ижро қилиш бўйича иш юритишнинг тўхтатилиши муҳим вазият бўлиб саналади.

Ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарори хусусида низолашув тартиб-таомили ҳакамлик судлари тўғрисида қонун ҳужжатлари талабидан ташқарига чиқади. Шу тарзда, қонун ҳужжатлари ҳакамлик суди ҳал қилув қарори қабул қилинганда, эълон қилинганда ва қонуний кучга кирганида якунланаётган ҳакамлик муҳокамаси, кўрсатилган қонун ҳужжатлари билан боғлиқ бўлган бўлса-да, лекин мажбурий хусусиятга эга механизмга асослангани туфайли ҳакамлик ҳакамлик тартиб-таомили чегараларидан четга чиқувчи ва ваколатли давлат судлари фаолияти ваколатида қолувчи ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорини мажбурий ижро қилиш тартиб-таомили ҳамда суд қарорларини мажбурий ижро қилиш органларини фарқлайди.

Қонуннинг шарҳланаётган моддасида ваколатли судлар томонидан ҳакамлик судлари фаолиятини назорат қилишнинг ўзига хос шакли ҳисобланадиган ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарори юзасидан низолашувнинг процессуал тартибини белгилаш тўғрисида сўз юритилади. Бироқ, бундай назорат қонун ҳужжатлари томонидан белгиланган чегарада амалга оширилиши ва фавқулодда ҳолатларда амалга оширилиши лозим.



47-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув

қарорини бекор қилиш асослари


Ваколатли суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраб ариза берган ҳакамлик муҳокамаси тарафи қуйидаги ҳолатларни исботловчи далилларни тақдим этса, ваколатли суд томонидан бекор қилиниши керак:

ҳакамлик битимининг қонунларда назарда тутилган асослар бўйича ҳақиқий эмаслигини;

ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларини бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосаларидан ажратиб олиш мумкин бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалари бўлган қисми бекор қилиниши мумкин;

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ушбу Қонун 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;

ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси ушбу Қонуннинг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик судининг мажлиси бўладиган вақт ва жой ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим этолмаганлигини.

Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунларга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ваколатли суд томонидан бекор қилиниши керак.


Ҳал қилув қарорини бекор қилиш асослари - бу иш моҳиятига кўра ҳакамлик суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилишга ваколатли суд мажбур қилувчи мавжуд ҳолатларнинг шарҳланаётган моддада санаб ўтилишидир.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини текшириш бўйича ваколатли суд ваколатини чеклаш бўйича қатъий қоидаларни белгилайди, шунинг учун ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос мукаммал хусусиятга эга ва кенг шарҳланилиши мумкин эмас.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва тўғрилигини текшириш ҳуқуқининг ваколатли судда мавжуд эмаслиги ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асосни белгиловчи Қонунинг шарҳланаётган моддаси мазмунидан келиб чиқади. Ваколатли суд учун ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида бекор қилиш учун асоснинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини белгилаш учун, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори матни билан ва унинг асоси бўлган ҳакамлик битими, шунингдек ҳакамлик судьяларини танлаш (тайинлаш), ҳакамлик судлари мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида тарафларни хабардор қилиш бўйича ҳужжатлар билан танишиш етарли.

Қонуннинг 25-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, тарафлар томонидан келишилган ҳакамлик муҳокамаси Қоидасининг мавжуд эмаслигида, ҳакамлик муҳокамаси доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг императив-диспозитив табиатидан келиб чиқиб, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асоснинг мавжудлигини тегишли тарзда баҳолаш зарур. Агар Қонуннинг тартиб-таомил нормаси императив хусусиятга эга бўлса, унда бу ҳолда ваколатли суд унинг бузилишини ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос деб тан олиши керак, диспозитив тартибга солишда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари (Регламенти, Низоми) ва ҳакамлик суди томонидан аниқланган муҳокама қоидалари эътиборга олинади.

Қонуннинг шарҳланаётган моддаси томонидан назарда тутилган ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асосни шартли равишда икки турга бўлиш мумкин. Бундай асос турларидан бири ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомилини бузиш асосига кўра низолашилганда ва бундай ҳуқуқбузилишлар мавжудлигини исботлаш мажбурияти ваколатли судга ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризасини берувчи тарафда ётади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асоснинг бошқа турига қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳакамлик муҳокамаси предмети бўлиши мумкин бўлмаган ва иш ҳакамлик судига тегишли эмаслиги сабаб бўлган ҳал қилув қарорининг қабул қилиниши ҳолатлари киради.

Ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомилини бузишга асосланган ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорлари устидан низолашув шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида кўзда тутилган қуйидаги асослар бўйича мумкин бўлади. Уларга хусусан, қуйидагилар киради:

а) қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича ҳакамлик битимининг ҳақиқий эмаслиги.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ваколатли суд томонидан бекор қилинишига бундай асос ҳакамлик битимига талаб қилинган талабларнинг бузилиши билан келиб чиқади. Агар тараф кўрсатилган асос бўйича ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраса, ваколатли суд ҳакамлик битимининг ушбу Қонуннинг 12-13-моддасига мувофиқлигини текшириши шарт.

Ҳакамлик битимининг шакли ва мазмунига асосий талаб кўрсатилган моддалар билан қайд қилинган ва агар тарафлар бу талабларни бажармаган бўлсалар, масалан, низони кўриб чиқувчи ҳакамлик судининг аниқ номини кўрсатмаса, у ҳолда ҳакамлик битими тузилмаган ҳисобланади ва бу ҳолат ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Ваколатли суд Қонуннинг 12-13-моддаларида кўрсатилган нормасини татбиқ қилишга мажбур ва ундан четга чиқа олмайди. Масалан, ҳакамлик битими асосий шартноманинг ҳақиқий эмас деб топиш оқибатида ҳақиқий эмас деб тан олиниши мумкин эмас;

б) ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқадиган масалалар бўйича хулосалар мавжуд ҳал қилув қарорини чиқарганлиги. Агар ҳакамлик битими билан қамраб олинган масалалар бўйича ҳакамлик суди асослари бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича асослардан ажратилиши мумкин бўлса, унда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битими қамраб олмайдиган масалалар бўйича асосларга эга қисми бекор қилиниши мумкин.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ҳал этишда ҳакамлик битимидан ҳакамлик битими чегарасини кенгайтирувчи ва чекловчи кўринишида четга чиқиш рўй бериши мумкин. Четга чиқишнинг бу икки турига ҳам йўл қўйиб бўлмайди, чунки бу ҳолда ҳакамлик суди муайян низони кўриб чиқиш учун тарафларнинг эркини бузади ва муҳокамага берилмаган масалаларни кўриб чиқади ёки аксинча, низолашувчи тарафлар жавоб олишни кутган низоли саволларни кўриб чиқмайди. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш асоси сифатида ҳакамлик битимидан четга чиқиш тўғрисидаги нормаларни қўллаш фақатгина ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимидан ташқаридаги қисмига ваколатли суд томонидан татбиқ қилиниши мумкин.

Ҳакамлик битими томонидан қамраб олинган масалалар бўйича ҳакамлик суди хулосаси бундай битим билан қамраб олинмаганлардан ажралган бўлиши мумкин ҳолда, тарафлар ўртасидаги шартномада ҳакамлик битимида келишилган масалалар бўйича хулосаларни ўз ичига олган ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қисми сақланиб қолиши мумкин. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битими қамраб олмаган қисмигина бекор қилиниши мумкин.

Мазкур ҳолатда сўз ҳакамлик битимининг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида эмас, балки ҳакамлик суди унинг чегарасидан чиққани ва битим қамраб олмаган масалаларни ҳал қилгани ҳақида юритиляпти. Мисол учун, битим шартнома шартини ўзгартириш тартиби тўғрисида низоларни ҳал қилишни ўз ичига олган, ҳакамлик суди эса шартномани бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарган. Бу масалан, ҳакамлик битими фақатгина зарарларни ундириш тўғрисида низоларни кўриб чиқишни ўз ичига олган ҳолда, ҳакамлик суди харажатларни ундириб олиш ва шартномани бекор қилиш тўғрисидаги низони ҳал қилиши ҳолатида бўлиши мумкин;

в) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини Қонуннинг 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмидаги талабларни бузиш билан чиқариш.

Қонуннинг 10-моддасида кўрсатилган нормалар умуман ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун қуйидаги икки асосни кўзда тутади: Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини бузиш ва қонун бир хиллигини, ҳуқуқ бир хиллигини, ҳаққонийлик, адолат ва онглилик ўхшашлигини қўллашда уни бузиш ҳолларида.

Бу ерда ҳакамлик суди фаолиятида ҳуқуқ ва қонун устуворлигини мустаҳкамловчи механизм қўлланилган.

Қонуннинг ушбу нормаларига мувофиқ, унинг ижроси натижасида қонун билан тақиқланган ҳаракатнинг содир этилиши ёки учинчи шахслар манфаатлари ва ҳуқуқлари бузиладиган, ёхуд давлатимиз ва жамиятимизнинг конституцион принципларига мос келмайдиган, жамиятимиздаги умумий қабул қилинган ахлоқ ва одоб қоидаларига зид бўлган ҳакамлик суди ҳал қилув қарори мавжуд бўлиши мумкин эмас.

Қонуннинг 10-моддаси учинчи қисмида белгиланган асоснинг белгиланиши - қонун ва ҳуқуқ ўхшашлигини татбиқ қилиш қоидаларига, иш муомаласи одатлари амал қилиши - ҳакамлик муҳокамасининг энг мураккаб вазифаларидан бири.

Ваколатли суд ҳакамлик суди томонидан ишни ҳал этишда қонун ва ҳуқуқ ўхшашлигини татбиқ қилиш зарурати мавжуд бўлганлигини баҳолаши лозим, агар ўхшашликни татбиқ қилиш зарур бўлганда, ҳакамлик суди кўрсатилган ўхшашликни қанчалик тўғри татбиқ қилган ва қайсидир бир тарафнинг қонуний ҳуқуқи ва манфаатларининг бузилиши рўй бермаганлигини аниқлаши керак;

г) ҳакамлик суди таркибининг ёки ҳакамлик муҳокамасининг Қонуннинг 14, 15, 16 ва 25-моддаси қоидаларига мос келмаслиги.

Қонуннинг ушбу нормасига кўра ҳал қилув қарори агар ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомили таркиби тарафлар битимига ёки амалдаги қонун ҳужжатларига мос келмаганда бекор қилиниши мумкин.

Қонуннинг 14-моддасида ҳакамлик судьяларига қўйиладиган талаблар тўғрисида сўз юритилади, Қонуннинг 15-моддасида - ҳакамлик суди таркибини шакллантириш тўғрисида, Қонуннинг 16-моддасида - ҳакамлик судьясини рад қилиш асослари тўғрисида, Қонуннинг 25-моддасида - ҳакамлик муҳокамаси Қоидаларини белгилаш хусусида.

Масалан, Қонуннинг 15-моддаси тарафларнинг келишуви билан белгиланган қоидалар билан бошқача белгиланмаган бўлса, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди томонидан қўлланадиган ҳакамлик суди таркибини шакллантириш тартибини белгилайди. Шунинг учун, ваколатли суд ҳакамлик суди таркибини шакллантириш тартибини бузиш тўғрисида тарафдан бирининг тасдиғини баҳолаб, ушбу Қонуннинг нормаларига мувофиқ тарзда ҳакамлик суди Қоидасини ўрганиб чиқиши лозим (14-16, 25-моддаларга берилган шарҳларга қаранг);

д) ҳакамлик муҳокамаси тарафларини тегишли тарзда хабардор қилмаслик.

Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик судининг мажлиси бўладиган вақт ва жой ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу ёки бошқа сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим қила олмаса ҳакамлик суди ҳал қилув қарори бекор қилиниши мумкин.

Ушбу ҳолатда ҳакамлик суди фаолиятида тартиб-таомил ва процессуал нормаларни бузиш тўғрисида сўз юритиляпти. Қонуннинг 34-моддасига мувофиқ ҳужжатлар ва бошқа материаллар тарафларга улар томонидан келишилган тартибда ва улар томонидан кўрсатилган манзил бўйича юборилади. Агар тарафлар бошқача тартибни келишмаган бўлсалар, унда ҳужжатлар ва бошқа материаллар ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлган ташкилотнинг улар томонидан кўрсатилган охирги маълум бўлган жойлашган манзилига ёки ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлган жисмоний шахснинг яшаш жойига топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали ёки кўрсатилган ҳужжатлар ва материаллар етказиб берилганлигини қайд этувчи бошқа усуллар орқали юборилади. Ушбу ҳужжат ва бошқа материаллар ушбу манзил бўйича адресат бўлмасада ёки яшамаса ҳам, уларни етказиб берилган кунда олинган деб ҳисобланади.

Ҳакамлик суди мажлиси жойи ва вақти тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар ишни кўриб чиқишда қатнашишдан бош тортса, ҳакамлик суди ишни кўриб чиқишга ҳақли;

е) Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми низо қонунларга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ваколатли суд томонидан бекор қилиниши масаласини кўриб чиқади. Шу тарзда, ишнинг ҳакамлик судига тегишли эмаслиги ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо ҳакамлик муҳокамаси предмети бўла олмаслиги билан ифодаланади.

Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан, шунингдек тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги хўжалик низолари каби ҳар қандай низолар ҳакамлик судига топширилишига йўл қўйилади. Ушбу нормани императив нормалар қаторига киритиш лозим ва шу тариқа маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар ҳеч қандай ҳолатда ҳакамлик муҳокамасига тегишли эмас. Мисол учун, солиқ тўловчи ва солиқ органи ўртасида улар ўртасида солиқни тўлаш билан боғлиқ бўлган низони ҳакамлик судида кўриб чиқишга топшириш борасида тузилган ҳакамлик битими қонуний ҳакамлик битими деб ҳисобланмайди. Агар ҳакамлик суди бундай даъво аризасини моҳиятига кўра кўриб чиқса ҳам, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори бекор қилинади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва унинг хусусида низолашиш учун асоснинг тўлиқ рўйхати агар ҳакамлик суди ҳуқуқни татбиқ этишда хатога йўл қўйса ёки тақдим қилинган далилларни нотўғри баҳоласа, ваколатли суд бу ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас.



48-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув

қарорини бекор қилиш оқибатлари


Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ваколатли суд томонидан бекор қилинган тақдирда, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишга ҳақли.

Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик битими ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёхуд ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги оқибатида ёхуд унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган масалалар бўйича тўхтам мавжудлиги ёинки низо ҳакамлик муҳокамаси предмети бўлиши мумкин эмаслиги оқибатида тўлиқ ёки қисман бекор қилинган бўлса, мазкур низо бундан буён ҳакамлик судида кўриб чиқилиши мумкин эмас.


Агар қайтадан мурожаат этиш имкони йўқолмаган бўлса, умумий қоидалар бўйича ваколатли суд томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳакамлик муҳокамаси томонларининг қайтадан ҳакамлик судига муражаат этишига ҳалақит бермайди. Агарда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори шарҳланаётган модданинг 2-қисмида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилинган бўлса, у ҳолда низо ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмайди ва бунда ҳакамлик муҳокамаси ҳар қайси тарафи ўз низосини қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда хўжалик судига ёки умумий юрисдикция судига кўриб чиқиш учун топширишга ҳақлидир.

Ҳакамлик судинининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш сингари бундай ҳуқуқий аҳамиятли хужжат тегишли ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши равшан. Ушбу оқибатлар ҳам моддий-ҳуқуқий (субъектив фуқаролик ҳуқуқини амалга оширишнинг имконияти йўқлиги, рақибни ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга оширишига мажбур этиш), ҳам процессуал характерга эгадир (давлат мажбур этувчи тартиб-таомилидан фойдаланиш имкони йўқлиги, шунингдек янги процессуал ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши - ҳакамлик судида янги суд процессини қўзғаш).

Ваколатли суд томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорининг бекор қилиниши автоматик равишда ишни янгидан кўриб чиқиш учун ҳакамлик судига топширилишига олиб келмайди. Бу ҳолда янги ҳакамлик муҳокамаси манфаатдор томоннинг ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишиши асосида бўлиши мумкин, шу билан бирга тарафларни боғлаб турган ҳакамлик битимлари асосида бундай мурожаат этиш мумкин бўлади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишнинг ҳуқуқий оқибатларидан бири манфаатдор тараф ваколатли суд томонидан бекор қилинган ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисида ариза билан ваколатли судга мурожаат қилишга ҳақли эмаслигидир.

Бунда тарафлардан ҳар қайси бири ҳакамлик битимига мувофиқ низони ҳал қилишни талаб қилиб ҳакамлик судига қайтадан мурожаат қилишга ҳақлидир. Шундай бўлса ҳам ушбу қоидадан агар ваколатли суд томонидан қуйидагилар белгиланмаган бўлса, манфаатдор шахс ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомилини қўзғашга ҳақли эмаслигига олиб келувчи истисно ҳолатлар ҳам келиб чиқади: 1) ҳакамлик битими ҳақиқий эмас деб ҳисобланади; 2) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқадиган масалалар бўйича хулосалар мавжудлиги; 3) низо ҳакамлик муҳокамаси предмети бўла олмайди ва ҳакамлик судида келгусида кўриб чиқилиши мумкин эмас.



8-БОБ. ҲАКАМЛИК СУДИ ҲАЛ ҚИЛУВ

ҚАРОРИНИ ИЖРО ЭТИШ


49-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув

қарорини ихтиёрий ижро этиш


Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори мазкур ҳал қилув қарорида белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий ижро этилади.

Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, у дарҳол ижро этилиши керак.


Ҳакамлик битимини тузганда тарафлар ушбу низо бўйича ҳакамлик суди томонидан қабул қилинадиган қарорга ихтиёрий бўйсуниш ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш мажбуриятини олишади.

Одатда, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тўлиқ матнини олгандан кейин манфаатдор тараф иккинчи тарафга мазкур ҳал қилув қарорини унда белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий ижро этиш учун ёзма таклиф юборади. Иккинчи тарафдан рад қилинганда ёки маъқул муддат ичида жавоб олмаганда манфаатдор тараф ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза билан ваколатли судга мурожаат қилиши мумкин.

Жавобни олиш учун оқилона муддатни тарафлар томонидан қўлланган алоқа воситаларига (оддий ёки тезкор алоқалардан фойдаланган ҳолда почта ёзишмалари, хабарни факс орқали юбориш, маълумотни электрон почта орқали узатиш ва бошқа) боғлиқ бўлган бориш-келиш почта ёзишмаларининг етиб келиши учун зарур бўлган вақт муддатини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқиш лозим. Юзага келиши мумкин бўлган англашилмовчиликлардан ҳоли бўлиш мақсадида, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш тўғрисидаги таклифининг топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хати билан хатни топширганлик хабарномаси ва хатда жавобни кутиш муддати кўрсатилган ҳолда иккинчи тарафга юбориш лозим.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш дегани тегишли тараф томонидан ҳал қилув қарорининг тўлиқ матнини олгандан сўнгги оқилона муддатдаги унда назарда тутилган ҳаракатларнинг бажарилишини англатади. Фараз қилайлик, ҳакамлик суди даъвогарга кечиктирилган товарни етказиб беришни жавобгарга юклади, у ҳолда ижро қилиш муддати товарни даъвогар номига расмийлаштириш ва юклаш (жўнатиш) учун зарур бўлган вақтни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқилади.

Ўз ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш тўғрисидаги ҳакамлик суди буйруғи белгилаган вақт доирасида даъвогарга товарни жўнатиш пайтида амалга оширилади.

Қонуннинг 49-моддасида ҳакамлик суди суд жараёнининг энг муҳим афзалликларидан бири - ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш принципи қайд қилинади. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш принципи ҳакамлик муҳокамасининг моҳиятининг ўзидан келиб чиқиши сабабли бу тушунарлидир. Ўзаро келишув бўйича ҳакамлик судига мурожаат этиб ва ўзлари сайлаган ҳакамлик судьяларига ишониб, низолашувчи тарафлар ҳакамлик муҳокамасига ўзларининг тўлиқ ишончларини билдирадилар ва ҳеч қандай зўрловсиз, ихтиёрий равишда, кимнинг фойдасига бўлмасин суд томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини ижро этувчи ўз мажбуриятларини ижро қиладилар.

Шуни таъкидлаш керакки, эслатиб ўтилган норма диспозицияси бирмунча қарама-қаршиликка эга: ихтиёрий ижро этиш принципи мажбурият сифатида қаралади, бироқ мажбурият фақатгина тарафларнинг ихтиёрий қарорига асослана олмайди. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро этиш санкцияси билан - ваколатли судлардан ёрдам олиш орқали, унинг мажбурий ижро этилиши имконияти билан мустаҳкамланади. Шу тариқа, ихтиёрий ижро этиш принципини тарафларнинг мажбурияти сифатида қараш қилиш унчалик тўғри эмас, бу ҳолатда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этишнинг юридик мажбуриятлари эмас, балки ахлоқий мажбуриятлар борасида гапириш тўғри бўларди. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро этиш бўйича шахснинг юридик мажбуриятлари моҳияти бўлиб ютқазган тараф буни ихтиёрий бажаришдан бош тортган ҳолатида унинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро этишда давлат мажбурловига таянишига бир вақтнинг ўзида мажбурияти ҳисобланади.

Ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини ихтиёрий ижро этишни рағбатлантириш жамиятнинг юксак ҳуқуқий маданиятининг муҳим белгиси ва ҳакамлик муҳокамаси институтларини аҳамиятли даражада мустаҳкамланиши саналади. Шу тариқа, мажбурий ижро этишнинг мавжуд механизмлари билан таъминланган, тегишли ҳужжатни ижро қилишнинг юридик мажбуриятларини ва ихтиёрий ижро этиш принципига асосланган ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро этиш бўйича ахлоқий мажбуриятларни фарқлаш зарур.

Аслида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш бўйича психологик аспект ётади, яъни тарафлар ўзларининг судга бўлган ҳурмати юзасидан ўзларига шундай мажбурият оладилар.

Тарафлар ҳам, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ихтиёрий ижросига, унинг ихтиёрий ижросида ҳам, манфаатдор тараф унинг мажбурий ижроси учун ваколатли давлат судига мурожаат қилишига мажбур ҳолларида ҳам тўлалигича ҳаракат қилишлари керак.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафларига юборилган буйруқни ўз ичига олган ҳуқуқ-тартибот ҳужжати бўлиб ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ҳисобланиши вазиятини таъкидлаб ўтиш ҳам муҳим бўлиб кўринади. Ушбу хулоса фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бу ёки у даражада ҳокимият ваколатини амалга оширувчи адлия органи сифатида ҳакамлик судининг ҳуқуқий табиатига асосланган.

Шу билан бирга, Қонун ҳакамлик суди ҳал қилув қарори мажбуриятлари ва унинг бажарилмаслиги учун жавобгарлик тўғрисидаги ҳолатларни назарда тутмайди, у фақатгина ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш бўйича ҳакамлик битимини тузган тарафлар томонидан ўзига мажбурият олиш тўғрисида қоидадир.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ҳакамлик битими тарафи бўлмаган шахслар томонидан ижро этиши лозим бўлган ҳужжат сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас, аммо айни пайтда ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ваколатли суд ихтиёрида бўлган ишларни тўхтатиш учун асос ҳисобланади (ФПК 100-моддаси, ХПК 86-моддаси).

Ҳакамлик битимини тузиб, тарафлар улар томонидан кўрсатилган ҳакамлик судига улар орасида пайдо бўлган низони кўриб чиқиш ва унинг моҳиятига кўра тегишли ҳал қилув қарори қабул қилиш ҳуқуқини беради. Ҳакамлик суди юрисдикциясини тан олиб, тарафлар ундан чиқаётган ҳам муҳокама тартиб-таомили (мажлис вақти, жойи, исботни тақдим қилиш ва бошқалар), ҳам моҳиятига кўра низони чиқариш (даъвони тўлиқ ёки қисман қониқтириш ёки даъвони рад этиш) билан боғлиқ буйруқ ва ҳал қилув қарорларини қабул қилиш ва ижро этишга рози бўладилар.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига мувофиқ жавобгар тараф ўзи томонидан бошқа тарафнинг бузилган ҳуқуқларини ихтиёрий равишда тиклаши лозим, шунга қарамай, жавобгарнинг моддий имкониятлари йўқлиги ҳамда унинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига норозилиги туфайли жавобгар ҳал қилув қарорини бажаришдан бош тортиши эҳтимолини инкор этиб бўлмайди. Бундай вазиятлар юзага келган ҳолларда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш механизми ишга туширилади.

Шу тарзда, бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун ҳакамлик судига мурожаат қилган фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчилари учун қонун ҳужжатлари орқали ҳакамлик суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув ҳал қилув қарорини мажбурий амалга оширишнинг маълум механизми белгиланган. Ҳал қилув қарорининг ижроси таъминланиши учун у Қонуннинг муайян талабларига жавоб бериши зарур, унинг асосида ваколатли суд ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беради.



50-модда. Ҳакамлик суди ҳал қилув

қарорини мажбурий ижро этиш


Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида белгиланган муддатда ихтиёрий ижро этилмаган бўлса, у мажбурий ижро этилиши керак. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, ваколатли суд берган ижро варақаси асосида амалга оширилади.


Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ҳакамлик суд жараёнининг умумий принципларидан келиб чиқиб, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ихтиёрий тарзда ижро этилиши лозим. Лекин, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори белгиланган муддатда ихтиёрий ижро этилмаса, у мажбурий тартибда ижро этилиши мумкин.

Қонуннинг шарҳланаётган моддаси муайян қонун ҳужжатини белгилайди, унга мувофиқ ваколатли суд томонидан берилган ижро варақаси асосида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этишни амалга оширади.

Бундай ҳужжат бўлиб Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни ҳисобланади, унинг 5-моддасида ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини, чет эл суд ва арбитражлари ҳал қилув қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномасида назарда тутилган ҳоллардаги мажбурий ижро этилиши лозимлиги белгиланган, ушбу Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ суд ҳужжатларининг мажбурий ижро этилишини махсус ваколатли орган -Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги қошидаги суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш Департаменти ижрочилари амалга оширади (3).

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда пул маблағларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларини талаб қилишни ижро этиш солиқ органлари, банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан, бошқа жисмоний шахслар ёки юридик шахслар томонидан амалга оширилади, лекин уларнинг барчаси махсус ваколатли органдан фарқли ўлароқ мажбурий ижро этиш органлари ҳисобланмайди.

Шундай қилиб, пул маблағларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатини талаб қилган ижро ҳужжатини уч кунлик муддатда ушбу ҳужжатни бажарадиган ёки қарздорнинг ҳисобида пул маблағларининг йўқлиги сабабли кўрсатилган талабларнинг бажарилиш имконияти йўқлиги тўғрисида қайд қилиниб бевосита банкка ёки бошқа кредит ташкилотига талаб этувчи томонидан юборилиши мумкин.

Ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш масалалари қисман бошқа қонунларда ҳам акс этган, шу жумладан, ЎзР ФПК 371-моддасига мувофиқ суд қарорларининг мажбурий ижро этилиши ушбу қарорни қабул қилган суд томонидан берилган ижро варақаси асосида амалга оширилади. Шу тарзда ЎзР ХПК 210-моддаси суд ҳужжатининг мажбурий ижроси ушбу ҳужжатни қабул қилган хўжалик суди томонидан берилувчи ижро варақаси асосида амалга оширилишини белгилайди.

Ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этишни ҳуқуқий тартибга солиш манбаларига Чет эл арбитраж қарорини тан олиш ва уни ижро этиш ҳақидаги 1958 йил 10 июндаги Нью-Йорк конвенцияси (4), 1965 йил 18 мартда Вашингтонда қабул қилинган давлатлар ва хорижий шахслар ўртасидаги сармоя низоларини ҳал қилиш тартиби тўғрисидаги Конвенция (5), 1993 йил 22 январда Минск шаҳрида қабул қилинган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчилари ўртасидаги фуқаролик, оила ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий кўмак ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Конвенция (6), 1992 йил 20 мартда Киев шаҳрида имзоланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасидаги хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисидаги Битим (7) каби халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек Ўзбекистон томонидан Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Латвия, Литва, Туркманистон, Туркия, Украина билан суд қарорларини ўзаро тан олиш ва ижро этишни назарда тутувчи ҳуқуқий ёрдам тўғрисида икки тарафлама шартнома киради .

Қонуннинг 2-моддаси сингари Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддаси ҳам Ўзбекистон Республикасининг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан ўзгача Ўзбекистон Республикаси имзолаган халқаро шартномасида бошқа қоидалар белгиланса, у ҳолда халқаро шартнома қоидаси қўлланишини назарда тутади.

Бундан келиб чиқадики, атаб ўтилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар кўрсатилган давлатлар субъектлари ўртасидаги муносабатларда ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини ижро этиш масалалари бўйича устувор аҳамият касб этади.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш институти кўп ҳолларда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини шикоят қилиш институти моҳиятига мос келади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун (Қонуннинг 47-моддаси) ва ижро варақаларини беришни рад қилиши учун (Қонуннинг 53-моддаси) асослар рўйхати бир хил, мадомики, ҳар иккала ҳолда ҳам бу турдаги илтимосномани кўриб чиқувчи суд ваколатли суд ҳал қилув қарорини бекор қилиши ёки тан олмаслиги лозим. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори юзасидан низолашув институти ва ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш институти ваколатли давлат судлари томонидан қонун билан белгиланган ҳакамлик суди фаолияти ва ҳал қилув қарори доирасида назорат шакллари ҳисобланади.

Қонунда белгиланган қоидалар бўйича ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш ваколатли суд томонидан амалга оширилади, лекин амалда ушбу бирлашмаларга кирувчи ҳакамлик суди ҳал қилув қарорларининг ижро этилмаслиги учун ассоциация бирлашмалари (биржа, ассоциация ва бошқалар) қоидалари томонидан санкция кўринишидаги жавобгарлик назарда тутилганда, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этишнинг бошқа механизмлари ҳам учрайди. Бу каби ҳодисалар давлат томонидан мажбур қилувчи эмас, балки жамоат чораларига тегишли бўлади ва ўзини ўзи тартибга солиш ташкилотларида ихтиёрий аъзоликка асосланади. Шу тарзда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган давлат мажбурлаш чораларидан ташқари ҳакамлик суди фаолиятини таъминловчи бошқа умумий-мажбурлаш механизмлари мавжуд.

Ҳакамлик судининг ўзи томонидан қабул қилинган қарорларни мажбурий амалга ошириш бўйича ваколатга эга эмаслиги сабабли мажбурий ижро этиш ҳуқуқий асоси ваколатли суд томонидан ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ижро этиш учун ижро варақасини бериш ҳисобланади.



51-модда. Ижро варақасини бериш тўғрисида ариза


Ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф томонидан ваколатли судга берилади.

Ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тасдиқланган нусхаси. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори нусхаси мазкур ҳакамлик судининг раиси томонидан тасдиқланади, муваққат ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг нусхасидаги ҳакамлик судьясининг имзоси нотариал тартибда тасдиқланиши керак;

ушбу Қонуннинг 12 ва 13-моддалари қоидаларига мувофиқ тузилган ҳакамлик битими нусхаси;

белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, шунингдек ариза нусхаси ҳакамлик муҳокамасининг бошқа иштирокчиларига топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Мазкур муддат ваколатли суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.

Белгиланган муддат ўтказиб юборилган ёки зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолда топширилган ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ваколатли суд томонидан кўриб чиқилмасдан қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади, мазкур ажрим устидан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида ёки Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


Қонун ҳужжатларини ижро этиш жараёнида тарафлар ундирувчи ва қарздор ҳисобланишини, шу билан бирга ижро этиш жараёнида бир қанча ундирувчи ва қарздорлар қатнашиши мумкин. Бошқа тарафга нисбатан уларнинг ҳар бири ижро ишини юритишда мустақил ҳолда иштирок этади ёки ижро этиш ҳаракатларида қатнашувчилардан бирига иштирок этишни топшириши мумкин.

Бундан келиб чиққан ҳолда, бошқа шахслар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этишга ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас, шу жумладан, ҳакамлик суди ҳам ўзи томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этишга ташаббус кўрсатувчи субъект сифатида иштирок эта олмайди. Бундан ташқари, шуни таъкидлаш керакки, гарчи ҳакамлик суди ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш ҳуқуқига ҳакамлик муҳокамасининг ҳар икки тарафи эга бўлса ҳам, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ариза бериш ҳуқуқига фақатгина ҳал қилув қарори унинг фойдасига ҳал бўлган ҳакамлик муҳокамаси тарафи эга бўлади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда топширилади ва фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилинган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Қонун чиқарувчи бундай ариза шаклига талаб қўймаслигига қарамасдан, мантиқан унинг таркибида аниқ маълумотлар мавжуд бўлиши кераклигини аниқлаш мумкин, шу жумладан: а) ариза берилаётган ваколатли суднинг номи; б) ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик суди таркиби ва номи, унинг жойлашган манзили; в) ҳакамлик муҳокамаси тарафлари номи, уларнинг жойлашган манзили ёки турар жойи; г) ҳакамлик суди ҳал қилув қарори қабул қилинган сана ва жойи; д) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисида даъвогар талаби.

Барча кўрсатиб ўтилган реквизитлар авваламбор, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисида тушган аризани кўриб чиқишнинг судда кўрилишига тегишлилик масаласини ойдинлаштиришни тегишли ваколатли суд томонидан амалга оширилишига рухсат берувчи ҳужжатни индивидуаллаштириш вазифасини бажаради.

Ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризага қилинадиган иловаларга келганда, шарҳланаётган Қонун моддасининг иккинчи қисми шуни назарда тутадики, унга кўра манфаатдор тарафлар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун унинг ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мажбурий тартибда илова қилиниши лозим бўлган ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани ваколатли давлат судига топширади.

Аризага илова қилинадиган асосий ҳужжат - ҳакамлик суди ҳал қилув қарори нусхаси бўлиб, бунинг устига бундай ҳужжатларни тасдиқловчи турли тартиблар белгиланган. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳужжатининг нусхаси тегишли ҳакамлик суди раиси томонидан тасдиқланиши мумкин, муайян низони ҳал қилиш учун ҳакамлик суди ҳал қилув қарори нусхаси эса нотариал тасдиқланиши шарт.

Ижро варақасини бериш тўғрисида аризага илова қилинадиган иккинчи муҳим бўлган ҳужжат - ҳакамлик битими. Шунингдек, Қонун томонидан аризага битимнинг асли ёки унинг нусхасини илова қилиш мумкинлигига йўл қўйилади. Шу билан бирга ҳакамлик битими Қонуннинг 12 ва 13-моддаларида белгиланган талабларга мос келиши лозим.

Ва ниҳоят, ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризага қонунчилик томонидан белгиланган тартибда ва ҳажмда давлат божларининг тўловини тасдиқловчи ва шунингдек ҳакамлик муҳокамасининг бошқа иштирокчиларига ариза нусхасининг топширилганлигини исботловчи ҳужжатлар илова қилиниши шарт.

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани ваколатли судга топшириш муддатини аниқлайди: ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддатининг тугаши кунидан олти ой, шу билан бирга ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида аниқ муддат кўрсатилса, у ҳолда ҳал қилув қарорида кўрсатилган муддатнинг тугашидан кейинги кундан олти ойлик муддатни ҳисоблаб чиқишига тўғри келади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорида ижро этиш муддати кўрсатилмаган бўлса ва Қонуннинг 49-моддасига мувофиқ уни зудлик билан ижро қилиш лозим бўлса, у ҳолда ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани топшириш муддати ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилиши учун зарур бўлган оқилона муддатнинг тугашидан кейинги кунда бошланади деб тахмин қилиш керак.

Шуни назарда тутиш лозимки, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза нафақат ҳал қилув қарори унинг фойдасига қабул қилинган шахснинг ўзи томонидан, балки унинг вакили томонидан ҳам имзоланиши мумкин. Шунга қарамай, бундай аризани вакил унинг асосида имзоловчи ишончнома мазкур ваколат учун махсус кўрсатмани ўз ичига олиши лозим.

Шу тарзда, қонун чиқарувчи диспозитивлик ва процессуал тежамкорлик принциплари нуқтаи назаридан тўлиқ тасдиқланган ушбу тартиб-таомилдан четда бўлган ҳакамлик судига эмас, балки ваколатли судда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш тартиб-таомилни қўзғаш ҳуқуқини ҳакамлик жараёни иштирокчисининг ўзига беради.

Ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризанинг топшириш муддатига риоя қилмаслик даъвогарга суд томонидан унинг муҳокамасиз қайтарилиши учун асос ҳисобланади, лекин ўтказиб юборилган муддатни тиклаш юзасидан даъвогар илтимос қилган бўлса, у ҳолда ваколатли суд ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, муддатни тиклашга ҳақлидир (ХПК 215-моддаси, ЎзР ФПК 379-моддаси).

Белгиланган муддатни ўтказиб юбориш билан топширилган ёки зарурий ҳужжатлар илова қилинмаган ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ҳақидаги ажрим қонун томонидан белгиланган тартибда ваколатли суднинг юқори босқичига шикоят қилиниши мумкин. Мазкур ажримни ваколатли суд юқори босқичи бекор қилган тақдирда, иш Ўзбекистон Республикаси хўжалик процессуал ёки фуқаролик процессуал кодескларида белгиланган тартибда ваколатли судда кўриб чиқилиши лозим.

Ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги масалани процессуал планда ҳал этиш ваколатли суд томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг моҳиятидан қатъи назар, ажрим кўринишида расмийлаштирилади ҳамда ушбу ажримни дарҳол ижро этиш лозим.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисида ажрим чиқаришда ваколатли суд, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг резолютив қисмини (хулоса қисмини) ўзгартиришга ва шу тариқа қабул қилинган ҳал қилув қарори моҳиятини ўзгартиришга ҳақли эмас.

Ижро варақасини бериш ёки ижро варақасини беришни рад этиш тўғрисидаги ваколатли давлат суди ажрими хўжалик судлари ва умумий юридикция судлари ажримларини шикоят қилиш учун белгиланган умумий қоидалар бўйича процессуал қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилинади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани процессуал қонун ҳужжатлари томонидан ўрнатилган қоидаларни бузган ҳолда топшириш уни ҳаракатсиз қолишига ёки аризани жавобсиз қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилувчи камчиликларни ваколатли суд томонидан белгиланган муддатда бартараф қилиш учун бундай ариза берган шахсга қайтарилишига асос бўлади.



52-модда. Ижро варақаси бериш тўғрисидаги

аризани кўриб чиқиш тартиби


Ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани ваколатли суд судьяси якка тартибда, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида ёки Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқади. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари мазкур аризани кўриб чиқиш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг ёки улар вакилларининг ваколатли суд мажлисига келмаганлиги аризани кўриб чиқишга монелик қилмайди.

Ваколатли суд ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ижро варақаси бериш ҳақида ёки ижро варақаси беришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ваколатли суднинг ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилиши лозим.

Ваколатли суднинг ижро варақаси бериш тўғрисидаги ёхуд ижро варақаси беришни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида ёки Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисида ариза ваколатли судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан ошмайдиган муҳлатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. (ЎзР ХПК 125-моддаси ва ФПК 131-моддаси).

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш учун зарур бўлган вақт ҳам ўттиз кунлик муҳлатга қўшилади. Шуни таъкидлаш лозимки, ишни муҳокамага тайёрлаш жараёнида ваколатли суд судьяси ижро варақаси талаб қилинаётган иш бўйича фақатгина ижро варақасини бериш учун асос бўлган ажрим масалаларини ҳал этиш учун зарур бўлган материалларини доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судидан талаб қилишга ҳақлидир, лекин низо моҳиятига, исботга ва иш вазиятини ҳуқуқий баҳолашга тегишли бўлган иш материалларини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас. Суд жараёни иштирокчиларидан бирининг ҳакамлик муҳокамаси материалларини талаб қилиш илтимосномаси ҳам ваколатли суд томонидан юқорида кўрсатилган тегишли материалларни талаб қилиш учун етарли асос сифатида қаралиши ҳам мумкин, чунки Қонун томонидан белгиланган миқёсда ҳакамлик суди материалларини текшириш ҳакамлик муҳокамаси иштирокчиларининг ўзаро келишувисиз давлат суди томонидан амалга оширилиши мумкин.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисида аризани кўриб чиқиш тартиб-таомили одатда, Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ ҳакамлик муҳокамаси тарафлари суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида огоҳлантирилиши лозим, лекин уларнинг тегишли тарзда хабардор қилинганлиги шарти билан суд мажлисида бўлмаслиги аризани кўриб чиқишга тўсқинлик бўлмайди.

Аризанинг кўриб чиқилиши Қонуннинг 51-моддасига мувофиқ ваколатли судга тақдим қилинган ва ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризада баён қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш йўли билан амалга оширилади.

Қонуннинг шарҳланаётган моддаси ижро варақасини бериш тўғрисидаги ажрим унинг эълон қилиниши билан кучга киришини билдиради, яъни дарҳол ижро этилиши лозимлиги шартини мустаҳкамлайди.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ваколатли судининг ижро варақаси таркибига талаблар ЎзР ХПК 212-моддасида ва ЎзР ФПК 375-моддасида белгиланган: а) ижро варақасини берувчи хўжалик суди номи; б) ижро варақаси берилган суд иши ва унинг тартиб рақами в) ижро қилиниши лозим бўлган суд ҳужжатини қабул қилиш санаси; г) ундирувчи ва жавобгар номи, улар манзили; д) суд ҳужжатининг резолютив (хулосавий) қисми; е) суд ҳужжатининг қонуний кучга кириш санаси; ж) ижро варақасининг берилиш санаси ва унинг амал қилиш муддати.

Ваколатли суднинг ижро варақаси бериш тўғрисидаги ёхуд ижро варақаси беришни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида ёки Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



53-модда. Ижро варақаси беришни рад этиш асослари


Ваколатли суд ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.

Ваколатли суд ижро варақаси беришни рад этиш тўғрисида ушбу Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ажрим чиқаради.

Ваколатли суд ижро варақаси беришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарган тақдирда, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига ёхуд тааллуқлилик ва судловга тегишлилик қоидаларига риоя қилган ҳолда ваколатли судга янгидан мурожаат этишга ҳақлидир, ушбу Қонун 48-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


Қонуннинг 53-моддаси 1-қисмида ваколатли суд ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ҳақли эмаслиги ёки ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмаслиги билан чекланган ижро варақасини бериш тўғрисида аризани кўриб чиқишда ваколатли суд ваколатлари чегаралари белгиланган. Шу тарзда, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисида аризани кўриб чиқиб, ваколатли суд ҳакамлик суди аниқлаган фактларга шубҳа қилишга ва қайта баҳолашга ҳақли эмас, шунингдек оқибатида ҳакамлик муҳокамаси келиб чиққан низоли моддий-ҳуқуқий муносабатларга янги ҳуқуқий баҳо беришга ҳам ҳақли эмас.

Ўзбекистонда савдо арбитражининг узоқ давом этган халқаро амалиёти ва ЮНСИТРАЛ намунавий Қонунининг таъсири натижасида шаклланган давлат судларининг ва ҳакамлик судларининг шундай ўзаро алоқаси тизимини ўрнатиши нуқтаи назаридан ушбу норма жуда катта аҳамиятга эга.

Ваколатли суд ижро варақасини беришда ҳакамлик суди фаолиятининг фақатгина расмий процессуал аспектларини текширишга ҳақлидир. Улар қаторига одатда процесс иштирокчилари ҳуқуқига риоя қилишнинг муайян минимал стандартини кафолатловчи қоидалар киради (суд мажлисида қатнашиш ҳуқуқи, тингланган бўлиш ҳуқуқи, судларни Қонунга мувофиқ сайлаш ҳуқуқи ва бошқалар).

Бундай ҳолат ҳакамлик муҳокамаси давлат суд ишлаб-чиқариши тизимидан ҳақиқатан мустақил эканлигидан ва ҳакамлик судида низоларни ҳал этишда қабул қилинадиган ҳал қилув қарорлари барқарорлигини кафолатлашидан гувоҳлик беради.

Юридик-техник нуқтаи назардан ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш асослари институти ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад қилиш асослари институти билан мос келишига қарамасдан, мазкур ҳуқуқий институтлар ўртасидаги фарқ унинг ҳуқуқий оқибатларидан иборат бўлади.

Қонуннинг 48-моддаси мазмунига кўра, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилишда, ушбу ҳужжат юридик жиҳатдан бекор қилинади, ижро варақасини беришни рад қилишда эса Қонун матнидан бевосита олинган бундай хулосага келмаслик керак. Ушбу фарқ аслида декларатив бўлгани сабабли ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинишида ҳам, ижро варақасини беришни рад қилишда ҳам, тарафлардан ҳар қайсиси Қонунда белгиланган истиснолардан ташқари ҳакамлик суди битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат қилишга ҳақлидир.

Қонун томонидан назарда тутилган ижро варақасини беришни рад қилиш учун асос рўйхати тўлиқ бўлиши лозим. Шунга қарамай, Қонуннинг ўзи бундай рўйхат тўлиқ эканлигини назарда тутмайди. Шу билан бирга, ваколатли давлат суди ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад қилишга Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилмаган асосларга таянган ҳолда ҳам ҳақлидир.

Умумий қоидага кўра, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори дарҳол қонун кучига киради ва ҳакамлик муҳокамаси иштирокчилари учун мажбурий ҳисобланади. Бу билан бирга, бу ҳакамлик суди ҳал қилув қарори кучга кириш кечиктирилган ёки қандайдир бир шарт билан боғлиқ вазиятларнинг бўлишини инкор этмайди. Бу ҳам тарафлар битими, ҳам доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди Қоидалари ёки ҳакамлик судининг иш бўйича ҳал қилув қарори билан кўзда тутилган бўлиши мумкин. Шу тарзда, манфаатдор тараф ҳакамлик суди ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунча ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза билан ваколатли давлат судига мурожаат қиладиган ҳоллар истисно бўлмайди. Бундай ҳолатда давлат суди белгиланган асосга кўра ижро варақасини беришни рад қилишга мажбур. Бундан ташқари, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига нисбатан ижро варақасини беришни рад қилиш учун белгиланган асосни қўллаш ижро варақаларини бериш тўғрисида ва ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг турли суд жараёни қоидалари сабабли мумкин бўлади. Бу қоидалар ҳакамлик суди ҳал қилув қарори юзасидан низолашув даврида (ваколатли давлат суди томонидан ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш) у мажбурий тартибда ижро этилиши мумкин эмас.

Тегишли аризани кўриб чиқишда ваколатли суд тарафларнинг суд мажлисида қатнашиши имконини таъминлашга мажбур. Ушбу қоидага риоя қилмаслик тарафларнинг суд жараёнида қатнашиш ҳуқуқлари бузилиши деб қаралади, бу эса аризани кўриб чиқиш натижасида қабул қилинган ажримни бекор қилиш учун асос бўлиб саналади.

Қонунда ижро варақасини беришни рад қилиш тўғрисидаги ваколатли давлат суди тарафидан ажрим чиқаришнинг процессуал оқибатлари белгиланган. Шуни таъкидлаш жоизки, ваколатли суд томонидан ижро варақасини беришни рад қилиш ҳақиқатан ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилишга баробар бўлади ва манфаатдор тарафнинг ҳакамлик ёки давлат судига ҳукумат ва суд жараёни қоидаларини сақлаган ҳолда такрорий даъво аризалари билан мурожаат қилишига асос бўлади.

Бироқ, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаларини беришни рад қилишнинг сабаби ҳакамлик битимининг бекор қилингани ёки ҳакамлик суди унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича ҳал қилув қарори чиқаргани ёхуд унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган тўхтам мавжудлиги бўлган тақдирда манфаатдор тараф ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ҳакамлик судига янгидан мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрумдир. Ижро варақасини беришни рад қилиш тўғрисида ваколатли суд ажрими устидан хўжалик процессуал ёки фуқаролик процессуал қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тараф томонидан шикоят қилинади.



54-модда. Ҳакамлик суди ҳал қилув

қарорининг қайтарма ижроси


Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори у бекор қилинган пайтга келиб ижро этилган бўлса, ҳакамлик судининг бекор қилинган ҳал қилув қарорига мувофиқ жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг ҳаммаси жавобгарга қайтариб берилади.


Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қайтарма ижросининг процессуал институти ваколатли суд орқали оқибатда бекор қилинган суд ҳал қилув қарорининг ижроси туфайли тарафнинг бузилган ҳуқуқини қайта тиклашни ўзида намоён қилади.

Шарҳланаётган модда тўлиқ муваффақиятга эга эмас, чунки жавобгарни мағлуб тараф сифатида фараз қилади, ваколатли ҳамда ҳакамлик судлари амалиётида эса кўпинча суд иш жавобгар фойдасига ҳал бўлади ва даъвогардан мулк, пул маблағлари ва бошқалар ундирилади. Бу ҳолларда ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси жавобгар фойдасига эмас, балки даъвогар фойдасига ҳал бўлади. Жавобгар тўғрисида эмас, тараф тўғрисида гапириш маъқул бўлади.

Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун қуйидаги шароитлар мавжуд бўлиши зарурдир: а) ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ижро этилган бўлиши; б) ҳакамлик суди ҳал қилув қарори бекор қилинган бўлиши; в) унда даъвони тўлиқ ёки қисман рад этган, суд иши бўйича иш юритиш тўхтатилган ёки даъво кўрилмасдан қолдирилган, қарши даъво қаноатлантирилган янги суд ҳужжати чиқарилган бўлиши.

Қонуннинг ушбу моддаси нормаси умумий юрисдикция судининг ижро этилган ҳал қилув қарорини бекор қилинган ҳолда жавобгарга бекор қилинган ҳал қилув қарори бўйича даъвогар фойдасига ундан ундирилган барча нарсалар қайтарилишини белгиловчи ЎзР ФПК 382-моддаси билан ўхшаш. Шу тарзда, ЎзР ХПК 219-моддаси ижро қилинган суд ҳужжати ўзгартирилганда, бекор қилинганда, даъвони тўлиқ ёки қисман рад қилиш тўғрисидаги янги суд ҳужжати қабул қилинганда, суд иши бўйича иш юритиш тўхтатилган ёки даъво кўрилмасдан қолдирилган ҳолларда жавобгардан даъвогар фойдасига ундирилган барча нарсалар қайтарилишини назарда тутади.

Қайтарма ижро тартибида ижро этилган суд ҳал қилув қарорининг бекор қилиниши бўйича бир тарафдан бошқа тараф фойдасига ҳал қилиниб ундирилган барча нарсалар (кўчмас мулк, пул маблағлари, бошқа қимматбаҳо нарсалар ва мулк) мазкур тарафга қайтарилиши лозим, агарда мулкни мулк сифатида қайтаришнинг иложи бўлмаса, у ҳолда унинг қиймати қайтарилади.

Агар ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ваколатли суд томонидан бекор қилинган бўлса, қайтарма ижро масаласи қайтарма ижро тўғрисидаги янги суд ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг ўз ташаббуси билан ҳал этилади. Агар ҳакамлик суди буни қилмаган бўлса, манфаатдор шахс ҳал қилув қарори бўйича ундириб олишни тўхтатишни ҳал қилиш ва қайтарма ижро тўғрисида ҳакамлик судига ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Агар ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ваколатли суд томонидан берилган ижро варақаси бўйича ижро қилинаётган бўлса, у ҳолда қайтарма ижро ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тўғрисида ваколатли суд ажримига асосланибгина амалга оширилиши мумкин бўлади. Ҳакамлик суди ҳал қилуви қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ваколатли суд ажрими бекор қилинган ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси борасидаги буйруқни ҳал қилиши мумкин.

Пул маблағлари ёки мулкни қайтариш қайтарма ижро мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси тўғрисидаги” Қонуни нормаларига мувофиқ ижро этиш ишлаб чиқариши кучга киради.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


55-модда. Низоларнинг ҳал этилиши


Ҳакамлик судларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


Ҳакамлик суди ташкил қилиниши ва унинг фаолиятида низоларнинг пайдо бўлиш мумкинлиги истисно қилинмайди. Мазкур Қонуннинг 5-8-моддасига шарҳларимизда ҳакамлик судларини ҳисобга қўйишда пайдо бўлиши мумкин бўлган бир қатор манфаатлар тўқнашувига эътибор қаратилди, чунки ҳакамлик судлари “ҳисоб рўйхати”ни аниқлаш бўйича Қонуннинг 8-моддаси 1-қисми таърифи ҳаддан зиёд муваффақиятсиз ва адлия органларида ҳакамлик судларини нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатга олиш сингари ҳақиқий рўйхатга олишни бошлашга хоҳишларини уйғотиши мумкин. Бу ҳолда ҳакамлик судлари ўз мақомидаги асосий нарса - мустақилликни йўқотади, чунки рўйхатга олишда рўйхатга олувчи органнинг тегишли назорати ҳам кўзда тутилади.

Шунингдек, ҳакамлик судлари фаолиятини амалга оширишда ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахслар раҳбарияти ва ҳакамлик судлари ўртасида низолар кўп бўлади.

Биринчидан, бу юридик шахс ёки ҳакамлик суди ҳисобига ҳакамлик йиғимлари кўринишида келиб тушган пул маблағларини тақсимлаш борасидаги низолар ва иккинчидан, юридик шахс раҳбариятининг ҳакамлик суди фаолиятини назорат қилиш ва ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мазмунига таъсир ўтказиш уринишлари истисно қилинмайди.

Ҳакамлик судлари мулки, унга солиқ солиш юзасидан низолар, фуқаролик-ҳуқуқий ва маъмурий ҳуқуқий мазмундаги бошқа низолар бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, шуни ҳисобга олиш лозимки, ҳакамлик суди юридик шахс ҳисобланмайди ва шунинг учун барча маъмурий ва фуқаролик-ҳуқуқий низолар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли органларда ва ҳакамлик суди манфаатларини намоён қиладиган ҳакамлик судини ташкил қилган юридик шахс иштирокида ваколатли судлар томонидан кўриб чиқилади.

Муваққат ҳакамлик судлари манфаатларини бундай низоларда муайян иш бўйича жисмоний шахслар, муваққат ҳакамлик судьялари ҳимоя қилади.



56-модда. Ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Шарҳланаётган модда нормаси ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузганлиги учун жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик-ҳуқуқий, маъмурий ва жиноий жавобгарлини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига ҳавола қилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 81-82-моддаларига мувофиқ банк ёки бошқа кредит ташкилотлар томонидан ҳакамлик суди ижро ҳужжатини бажармаслик учун уларга ундириб олиш лозим бўлган сумманинг эллик фоизигача ҳажмида суд томонидан жарима солинади, белгиланган муддатда узрли сабабсиз ижро ҳужжатини бажармаслик ҳолларида эса, суд ижрочиси жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн баробаригача жарима, мансабдор шахсларга - энг кам иш ҳақининг ўн беш баробаригача жарима солади.

Ҳакамлик суди фаолиятини тўсқинлик қилиш ва ҳуқуқларини чеклаш орқали унинг фаолиятига ҳалал берувчи шахслар жиноий жавобгарлик даражасигача ваколатлари доирасидан четга чиққанлиги учун жавобгарликка тортилади. Ошкора қилинмаслик ва ҳакамлик суди мустақиллиги принципларини бузувчи шахслар мазкур принципни бузиш оқибатларига боғлиқ ҳолда маъмурий, жиноий ёки фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликка тортиладилар.

Ваколатли суд ва суд ҳужжатларини амалга оширувчи органлар судьялари ушбу Қонуннинг ва улар ҳакамлик суди фаолияти билан боғлиқ фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатлари қоидаларини бузганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган интизомий, маъмурий ёки фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни бўйнига олади.



57-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1963 йил 23 мартда

қабул қилинган Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон

Республикаси Гражданлик процессуал кодексининг

3-сонли иловасини ўз кучини йўқотган деб топиш


Ўзбекистон Республикасининг 1963 йил 23 мартда қабул қилинган Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Гражданлик процессуал кодексининг 3-сонли иловаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1963 йил, N 9, 31-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.


1963 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Гражданлик процессуал кодексининг 3-сонли иловаси сифатида фаолият кўрсатувчи ва фуқаролар иштирокида тегишли фуқаролик-ҳуқуқий низоларига татбиқ этувчи ҳакамлик суди тўғрисидаги Низомлар ўз кучини йўқотган деб топилди.

Шу тарзда, тегишли фуқаролик-ҳуқуқий низоларни кўриб чиқувчи ҳакамлик судлари шарҳланаётган Қонуннинг кучга киритилиши вақтидан ўз фаолиятининг низоли ҳуқуқий муносабатларнинг субъект таркибига боғлиқ бўлмаган ягона меъёрий ҳуқуқий асосини қўлга киритди.

Ушбу Қонун нормалари билан амалдаги қонун ости меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ўртасидаги зиддиятлар вужудга келган ҳолатида Қонуннинг нормаларини қўллаш лозим бўлади.



58-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин.


Янги Қонунни қабул қилиш муносабати билан 1963 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Гражданлик процессуал кодексининг 3-сонли иловасининг амал қилиши тугатилиши тўғрисида Қонуннинг 57-моддасида кўрсатилгани билан бирга қонун чиқарувчи бошқа меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, бекор қилиш ва янги қабул қилинган ҳужжат низомларига мувофиқлаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Бунга биноан кўрсатиб ўтилган давлат тизими ташкилотларига ушбу Қонунга мувофиқ қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш топширилди.



59-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун 2007 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.


Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангани вақтида эмас, балки шарҳланувчи моддада кўрсатилган муддат - 2007 йил 1 январда кучга кирди.

Қонуннинг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами” тўпламининг 2006 йилдаги 42-сонида ва “Халқ сўзи” газетасида 2006 йил 17 октябрда расмий нашр қилиниши унинг кучга кириши нуқтаи назаридан ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

Бундан келиб чиқадики, 2007 йил 1 январдан Ўзбекистон ҳудудида ҳакамлик судларининг шаклланиш тартиби ва фаолияти “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг ҳолатларига тўлиқ мос келиши лозим.




ХУЛОСА


Шарҳ беришни якунлаб, муаллифлар китобхоннинг эътиборини улар томонидан низоларни хорижий элеменларнинг мавжудлиги ҳолларида кўриб чиқишга ҳакамлик суди ваколати тўғрисидаги масала назарда тутилмаганига қаратади. Хорижий элемент тараф сифатида бошқа давлат фуқароси ёки юридик шахси иштирок этишини англатади.

Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчиси арбитражни ташкил этиш шаклини қуйидагича:

1) миллий ҳакамлик суди жараёни (Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари учун);

2) хорижий элементига эга низоларни кўриб чиқиш бўйича халқаро тижорат арбитражи ва бошқа давлатлар фуқаролари арбитрларини (судьяларини) муҳокамага қўйиш икки суд жараёнлари кўринишида танлагани туфайли ва “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистонда ҳали қабул қилинмаганлиги ва муҳокамада бўлганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистоннинг ҳакамлик судлари шарҳланаётган амалдаги Қонун ҳолатларига риоя қилган ҳолда “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги ЮНСИТРАЛ намунавий Қонунини қўлланма қилган ҳолда хорижий элементга эга низони кўриб чиқишга ҳақли деб ҳисоблаймиз.

Ҳар ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни буни ман қилмайди.



-------------------------------------------------------------------

1) Арбитраж муҳокамасини ташкил этиш бўйича ЮНСИТРАЛ Шарҳлари. 47-банд. БМТ, Вена, 1966 й. 23-бет.

2) Масалан, “Банк сирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-14-моддалари банк сирларини ташкил қилувчи маълумотларни тақдим қилувчи бир қатор субъектларни белгилайди.

3) Суд ижрочилари фаолияти “Ижро ишини юритиш ва суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом билан, шунингдек ЎзР Адлия вазири томонидан 2001 йил 29 декабрда тасдиқлаган 209-сонли, 2001 йил 29 декабрда ЎзР Адлия Вазирлиги томонидан 209-сон билан рўйхатга олинган (2007 йил 05 февралда 1091-1-сон билан ЎзР Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ЎзР Адлия вазири буйруғи орқали киритилган ўзгартиришлар билан) бошқа органлар ҳужжатлари билан тартибга солинади.

4) Ўзбекистон Республикаси учун 1996 йил 7 февралда кучга кирган, 1995 йил 22 декабрда ЎзР Олий Мажлисининг 184-I-сонли Низоми билан ратификация қилинган.

5) Ўзбекистон Республикаси учун 1995 йил 25 августда кучга кирган, 1994 йил 6 майда ЎзР Олий Мажлисининг 1077-ХII-сонли Низоми билан ратификация қилинган.

6) 1994 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирган, 1993 йил 6 майда ЎзР Олий Мажлисининг 825-ХII-сонли Низоми билан ратификация қилинган. МДҲнинг барча давлатлари иштирокчи ҳисобланади.

7) “Содружество нашрида эълон қилинган. МДҲ мамлакатлари давлат етакчилари Кенгаши ва ҳукумат етакчилари Кенгашининг ахборотномаси”. 4-нашр. Минск, 1992. Битим иштирокчилари: Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Украина ҳисобланади.