Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Президент Ислом Каримовнинг табриги

Полная версия документа доступна на платных тарифах

"ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА

ЧУҚУРЛАШТИРИШ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ" МАВЗУСИДАГИ

ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ

ИШТИРОКЧИЛАРИГА



Ҳурматли халқаро конференция иштирокчилари!

Қадрли меҳмонлар!

Авваламбор, сизларни - нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари, олимлар, таҳлилчи ва экспертларни чин қалбимдан қутлаб, "Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси" мавзусидаги илмий-амалий конференциядаги иштирокингиз учун самимий миннатдорлик туйғусини билдиришга рухсат этгайсиз.

Ўзбекистонда мазкур Концепциянинг қабул қилиниши биз бу йил йигирма йиллигини нишонлайдиган давлатимиз мустақиллигининг биринчи кунларидан бошланган мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларимизнинг мантиқий ва қонуний давомидир.

Ўзбекистон ўз истиқлолининг дастлабки кунларидан ўзи учун ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлини танлади. Ўз умрини ўтаб бўлган мустабид, маъмурий-буйруқбозлик, режали-тақсимот тизимидан воз кечиб, мамлакатимиз иқтисодиётни мафкурадан холи этиш ва унинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши, қонун устуворлигига эришиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил амалга ошириш каби беш тамойилга асосланган, "ўзбек модели" деб ном олган ўз тара??иёт йўлини танлаб олди.

Биз мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб четдан тиқиштирилган "шок терапияси" усулларини, бозор иқтисодиёти ўзини ўзи тартибга солади, деган сохта тасаввурларни рад этиб, "Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг", "Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун", деган машҳур принципларга амал қилган ҳолда, маъмурий-буйруқбозлик тизимидан бошқарувнинг бозор тизимига ўтиш жараёнида тадрижий ёндашувни, ислоҳотларни изчил ва босқичма-босқич амалга ошириш йўлини танладик.

Ушбу қоидаларнинг жорий этилиши давлат ва конституциявий қурилишни поғонама-поғона, қадам-бақадам тубдан ўзгартириш ва янгилаш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда чуқур демократик ислоҳотларни олиб бориш имконини берди.

Бу модель, ўзининг мазмун-моҳияти билан, бутун тара??иётимиз давомидаги оғир ва маша??атли синовлардан ўтиб, ҳар томонлама ҳаётийлигини намоён этди. Аввало, собиқ СССР тарқалиб кетганидан сўнг илгари шаклланган иқтисодий алоқаларнинг бутунлай издан чиқишининг оқибатларига барҳам бериш, иқтисодиётнинг ҳалокатли тарзда орқага кетиши, ишсизликнинг авж олишига йўл қўймаслик, қисқа муддатларда мустақил ҳокимият институтларини тузиш зарурати, ўша пайтдаги мураккаб вазиятнинг ўзи айнан шу моделни танлашни тақозо этди.

Биз турли жозибали даъватларга учмадик ва тадрижий, босқичма-босқич тара??иёт йўлини маъқул топиб, ҳар хил инқилобий моделлардан онгли равишда воз кечдик ва шу тариқа халқимизни қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган иқтисодий ва ижтимоий тўфонлардан асраб қолишга муваффақ бўлганимизни бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.

Мустақил тара??иётимизнинг ана шу йигирма йиллик даври давомида амалга оширган ишларимизни таҳлил қилар эканмиз, биз танлаган модель, чуқур ўйланган ва изчил амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларнинг устувор йўналишлари юртимиздаги сиёсий тизим, фуқаролик жамияти, миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ва жадал ривожланиши, аҳолининг ҳаёт даражаси, унинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти изчил ошиб бориши учун мустаҳкам ва ишончли пойдевор яратди, деб таъкидлашга барча асосларимиз бор.

Истиқлол йилларида мулкчиликнинг тузилишида туб ўзгаришлар рўй берди, кўп укладли иқтисодиёт амалда шаклланиб, унинг таркибида хусусий мулк устувор ривожланди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётида нафақат ҳал қилувчи ўрин эгаллади, айни вақтда бозорни зарур товар ва хизматлар билан тўлдириш, одамларнинг даромадлари ва фаровонлиги ошиб боришининг асосий манбаига, аҳоли бандлиги ўсишининг энг муҳим омилига айланди.

Улкан қийинчиликларга, айниқса, мустақил тара??иётимизнинг дастлабки йилларида биз енгиб ўтишга тўғри келган муаммолар, таҳдид ва синовларга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти ўтган 20 йил мобайнида қарийб 3,5 баробар ўсди, ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 2,5 баробар, ўртача иш ҳақи 14 баробар ошди.

Аҳолининг ялпи даромадлари амалдаги ҳисоб-китоблар бўйича 8,6 баробар ўсди. Ушбу даромадларнинг 47 фоизи биз учун мутлақо янги бўлган мулк шаклларидан ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан олинган даромадлардир.

Давлатнинг ижтимоий ҳимоя соҳаси учун сарфлаган харажатлари, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, 5 мартадан кўпроқ ошди, ҳар йили Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа соҳаларни ривожлантириш учун йўналтирилмоқда.

Шу даврда одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга етди, оналар ўлими 2 баробардан зиёд, болалар ўлими эса 3 баробар камайди.

Шу билан бирга, яхши тушунамизки, мустақиллик йилларида амалга оширган барча ишларимиз биз ўз олдимизга қўйган узоқ муддатли юксак мақсадга - ривожланган замонавий демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратиш ва унинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга қаратилган олис ва мураккаб йўлнинг фақат бир қисми, шу борадаги дастлабки қадамлар, холос.

Биз яшаётган глобаллашув асрида биринчи навбатда эришган натижалари билан кифояланмасдан, бугунги дунёда юз бераётган туб ўзгаришлар жараёнидаги ўз ўрнига ҳа??оний ва танқидий баҳо берадиган, даврнинг тобора ортиб бораётган талабларига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб қадам ташлайдиган мамлакатгина муваффақият қозонишини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз.

Мантиқнинг ўзи, тара??иётимиз қонуниятлари, биз эришган марралар, биз ўз олдимизга қўяётган мақсад жамиятимизнинг изчил ривожланишига, мамлакатимизнинг нуфузига тузатиб бўлмайдиган зиён етказиши мумкин бўлган ҳаволанишга, қўлга киритилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик кайфиятига берилмасдан, демократик ислоҳотларни давом эттиришни талаб қилмоқда.

Фақат кенг миқёсдаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ислоҳот ва ўзгаришларни биз танлаган, амалда ўзини тўла оқлаган моделга мувофиқ равишда давом эттириш давлат ва жамиятнинг барқарорлиги ва зарур ривожланиш суръатларини таъминлаш, ҳаёт сифатини ошириш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш имконини беради.

Бизнинг Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини қабул қилишимиз айнан шу талаб билан боғлиқ бўлиб, бу Концепция, ўз моҳиятига кўра, давлат ва жамият ривожининг принципиал жиҳатдан янги босқичида мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича бошлаган кенг кўламли ишларимизни янада изчил давом эттириш дастури ҳисобланади.

Бу борада биз амалий асосга эга бўлган ва ҳаётнинг ўзи исботлаб берган бир ҳақиқатга суяниб-таяниб иш олиб бормоқдамиз. Яъни, сиёсий тизимни изчил демократлаштирмасдан, суд ҳокимиятининг мустақиллигини, сўз ва ахборот эркинлигини, сайлов эркинлиги ва сайлов тизими ривожини таъминламасдан, фуқаролик жамияти институтларини шакллантирмасдан, фуқароларимизнинг сиёсий онги, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтирмасдан туриб бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштиришни таъминлаб бўлмайди. Ва бунда тадрижий тара??иётни, амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришда узвийлик ва изчилликни таъминлаш фавқулодда муҳим аҳамият касб этади.

Баъзан учраб турадигандек, олиб борилаётган ислоҳотларнинг охирига етмасдан, юзаки ва пала-партиш тус олиб, демократик жараёнларнинг қандайдир сохта кўринишига айланиб қолишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Демократия - бу, қанчалик оғир ва мураккаб бўлмасин, бизнинг йўлимиздир.

Шуни тушуниб олиш керакки, Концепция жамиятда рўй бераётган кенг миқёсдаги ўзгаришларга доир барча масалаларни қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳам унда асосий устувор йўналишлар белгилаб берилган, улардан, бизнинг назаримизда, ислоҳотларнинг қуйидаги йўналишлари принципиал аҳамиятга эгадир.

Бизнинг олдимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида катта ва масъулиятли вазифалар турибди. Ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини изчил ва тизимли равишда амалга ошириш, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг, давлат ва жамият олдида турган вазифаларни ҳал этишда ўзаро келишилган ҳолда фаолият юритиш ва ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришимиз зарур.

Концепцияга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган сиёсий партияларнинг Бош вазир номзоди бўйича таклиф киритиш ҳуқуқини, Бош вазирга ишончсизлик вотуми институтини жорий этишни назарда тутадиган ўзгартишлар киритилди. Парламентга мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ҳукумат раҳбари ҳисоботларини эшитиш ҳуқуқи берилган ва бошқа қатор принципиал янгиликларни киритиш кўзда тутилган. Шу тариқа ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимиятларини янада чуқур ислоҳ қилиш, уларнинг мустақиллигини, мустақил иш юритиш қобилиятини кучайтириш, давлат ва сиёсий қурилиш тизимида парламентнинг роли ва аҳамиятини ошириш борасида қонунчилик асослари яратилмоқда. Конституциянинг мазкур янги қоидаларини босқичма-босқич жорий этиш ижро ҳокимияти органларини шакллантириш, уларнинг фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган сиёсий, партиялараро рақобатни сезиларли даражада кучайтиришда сиёсий партияларнинг ролини тубдан ошириш учун шароит яратади.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш биз учун энг муҳим устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Концепцияга биноан, суднинг мустақиллигини таъминлаш, қонунчиликка судга қадар бўлган иш юритиш босқичида суд назоратини мустаҳкамлаш, "Хабеас корпус" институтини қўллаш соҳаларини кенгайтиришга қаратилган тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича ишларни давом эттиришимиз даркор. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари тизимида уларнинг фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлайдиган ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратишимиз, айрим ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш йўли билан жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш бўйича бошқа қатор чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим.

Бизнинг олдимизда ахборот соҳасини демократик ислоҳ этиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш бўйича кенг миқёсдаги вазифалар турибди. Демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ва сайлов эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Концепцияга мувофиқ, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонунни қабул қилиш, оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, ахборот соҳасига бозор механизмларини, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва фуқароларнинг сўз эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда олиб борилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган бошқа бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш масалалари ди??атимиз марказида бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимизда яратилган мустақил, моҳият эътиборига кўра ноёб бўлган сайлов тизимини янада демократлаштириш, хусусан, сайлов жараёнларининг янада очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, сайловолди ташвиқотларини ўтказиш механизми, сайлов комиссиялари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси олдимизда турибди. Бунда биз сайловлар - мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий меъёрларнинг демократик руҳини намоён этадиган энг муҳим масала, ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас белги-аломати, халқ хоҳиш-иродасининг, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шакли эканидан келиб чиқамиз.

Фуқаролик институтларини шакллантириш ва ривожлантириш демократик ислоҳотларнинг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимизни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик институтлари ролини кучайтириш, ҳеч муболағасиз, мамлакатимизни демократлаштириш, унинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви, жамиятимизда миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни, барқарорликни таъминлаш, "Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари" тамойилини амалга ошириш бўйича ўз олдимизга қўйган мақсадларни рўёбга чиқаришнинг ҳал қилувчи омилига айланмоқда.

Келгусида энг муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларимизни амалга ошириш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш борасида фуқаролик жамияти институтлари ва давлат тузилмалари ўртасида ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолини аниқ йўналтирилган ҳолда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, аҳолининг бошқа зарур эҳтиёжлари билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишдаги ролини кучайтиришга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.

Бизнинг олдимизда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш бўйича кенг миқёсдаги ишлар турибди.

Бугунги кунда биз чуқур таҳлиллар асосида 2011-2015 йилларга мўлжалланган, ўзаро боғлиқ бўлган тўртта стратегик дастурни ишлаб чиқдик ва амалга оширишга киришдик. Бу дастурлар саноатни, инфратузилмаларни, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантириш, банк-молия тизимини янада ислоҳ этиш ва унинг барқарорлигини оширишни, шунингдек, мамлакатимизда қулай ишчан муҳит ва уни баҳолашнинг замонавий халқаро мезонларини шакллантиришни кўзда тутади.

Мазкур дастурларнинг амалга оширилиши узоқ истиқболда таркибий ўзгаришларни давом эттириш ва иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини янада оширишни таъминлашга қаратилган.

Ҳозирги босқичда ички эҳтиёжнинг ўсишига муҳим аҳамият қаратиш лозим. Чунки бундай ёндашув жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида иқтисодиётнинг изчил ривожланишини барқарорлаштириш ва рағбатлантиришнинг омили сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича амалга ошираётган барча ишларимизнинг энг муҳим натижаси халқимиз, аввало, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва янгилашнинг ҳал қилувчи кучи бўлмиш ёшларимизнинг ислоҳот ва демократлаштириш борасидаги сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганида намоён бўлмоқда, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.


Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Ушбу анжуман иши давомида унинг кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан ишлаб чиқиладиган хулоса ва тавсиялар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги бизнинг фаолиятимизда ўзининг амалий ифодасини топади, деб ишонаман.

Конференциянинг барча иштирокчиларига самарали иш олиб боришларини тилайман.


Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти.