Квалификация қилиш масалалари
КВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ
МАСАЛАЛАРИ
Валюта қимматликларини босқинчилик, товламачилик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш Жиноят кодексининг фақат ана шундай жиноятлар учун жавобгарликнн кўзда тутувчи моддаси билан квалификация қилиниб, валюта қимматликларини ўтказиш жинояти билан қўшимча квалификацня қилишни талаб қилмайди.
Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди томонидан Э., Денов туман ИИБ вояга етмаганларнинг иши билан шуғулланувчи инспекция нозири бўлиб ишлаб, жиноий шериклари оддий милиция сардори Ш. ва фуқаро И.лар билан жиноий тил бириктириб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб фуқаро Р.нинг автомашинасига "героин" гиёҳвандлик воситасини хуфёна ташлаб кўйиб, товламачилик йўли билан ундан 1000 АҚШ доллари олишганликда айбли деб топилиб, Э. ва Ш. Жиноят кодекси 205-моддаси 2-қисмининг "б, в" бандлари, 165-моддаси 2-қисмининг "б, в" бандлари, 177-моддаси 2-қисмининг "б, в" бандлари билан, И. Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисмининг "б, в" бандлари, 177-моддаси 2-қисмининг "б, в" бандлари билан судланганлар.
Апелляция инстанциясининг ажрими билан Э. ва Ш.ларнинг харакати Жиноят кодекси 205-моддаси 2-қисмининг "б, в" бандларидан, шу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги "Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказишга доир ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 10-бандида валюта қимматликларини босқинчилик, товламачилик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, шунингдек валюта қимматликларида пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, хизматчини пора эвазига оғдириш, товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш Жиноят кодексининг фақат ана шундай жиноятлар учун жавобгарликни кўзда тутувчи моддаси билан тавсифланиши лозимлиги ва Жиноят кодексининг 177-моддаси билан қўшимча тавсифлаш талаб қилинмаслиги кўрсатилган.
Вилоят суди раёсатининг қарори билан ҳукмнинг Э., Ш. ва И.лар Жиноят кодексининг 177-моддаси 2-қисмининг "б, в" бандлари билан айбли деб топилган қисми бекор қилиниб, ишнинг шу қисми тугатилган.
Дастлабки тергов органи ва суд томонидан тугалланган жиноят, жиноятга суиқасд деб нотўғри квалификация қилинганлигн учун жиноят иши қайта терговга юборилди.
Сирдарё вилоят жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман суди томонидан М. ва С.лар ўзаро жиноий тил бириктириб, О.нинг бошқарувидаги автомашинани тўхтатиб, автомашинага ўтириб, С. О.нинг бўйнига қурол сифатида ўзлари билан олиб борган пичоқни тираб, М. эса О.ни баданининг дуч келган жойига қўллари билан уриб, О.нинг ҳаёти ва соғлиғига ҳавфли бўлган зўрлик ишлатиб ва кўрқитиб, унинг нархи 1.800.000 сўм, жуда кўп миқдорда бўлган автомашинасини олиб кетмоқчи бўлганларида, О. автомашинадан тушиб қолиб, яқин атрофда бўлган АЁҚШда ишловчи оператор болаларни ёрдамга чақирганлиги натижасида, С. ва М.лар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, режалаштирган босқинчилик жиноятини оҳирига етказа олмасдан ҳодиса содир бўлган жойдан қочиб кетганликда дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган Жиноят кодекси 25 - 164-моддаси 4-қисмининг "а" банди билан айбли деб топилган.
Мазкур ҳолатда дастлабки тергов органи ва суд томонидан судланувчиларнинг ҳаракати жиноят содир этишга суиқасд деб нотўғри квалификация қилинган. Қайсики, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 30 апрелдаги "Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги 6-сонли қарорининг 5-банди талабида босқинчилик жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиққа хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб хужум бошланган вақтдан бошлаб тугалланган деб ҳисобланиши кўрсатилган.
Суд жиноят ишини апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрган вақтида жазони кучайтиришга, шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини кўллашга ҳақли эмаслиги сабабли вилоят суди раёсатининг қарори билан жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб иш кўшимча тергов юритиш учун юборилган.
33-ж- 14-сонли қарор
Бири тугалланган, бири эса жиноятга суиқасд бўлган ҳолларда жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинланади.
Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан М. вояга етмаган X. ва Г.ларни жиноят содир этишга жалб қилиб, улар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, Э.га тегишли бўлган устахонага қулфини бузиб кириб, у ердан жами 19.000 сўмлик мол-мулкларни яширин равишда олиб чиқиб кетганликда, бозорда савдо қилаётган К.нинг 1950 сўмлик калитларини яширин равишда ўғрилаганликда, Ю.га тегишли кафе эшигини калит танлаш йўли билан очиб, у ердан алюминли флягаларни ўғрилаб, олиб чиқмоқчи бўлган вақтларида милиция ходимлари томонидан воқеа жойида ушланганликда айбли деб топилиб, М. Жиноят кодекси 127-моддаси 3-қисмининг "б" банди ва 169-моддаси 3-қисмининг "а, б" бандлари билан, X. ва Г.лар Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг "а, б" бандлари билан судланганлар.
Апелляция инстанцияси суди ҳукмнинг жазо қисмини ўзгартириб, қолган қисмини ўзгаришсиз қолдирган.
Жиноят иши бўйича, М. ва унинг жиноий шерикларини ўғрилик ва ўғрилик қилишга суиқасд қилиш ҳаракатлари тергов органи томонидан Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг "а, б" бандлари ва 25, 169-моддаси 3-қисмининг "б" банди билан квалификация қилинган.
Биринчи инстанция суди судланувчиларнинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисми "а, б" бандлари ва 25, 169-моддаси 3-қисмининг "б" банди билан тўғри квалификация қилган деган хулосага келган бўлсада, бироқ уларга Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг "а, б" бандлари билан жазо тайинлаб, 25, 169-моддаси 3-қисмининг "б" бандини муҳокама қилмаган ва шу модда билан судланувчиларга жазо тайинламаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги "Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги 16-сонли қарорида "Шахс бир хилдаги бир неча ҳаракатларни содир этган бўлиб, улардан бири тугалланган жиноят тариқасида, бошқалари эса жиноятга тайёргарлик, суиқасд ёки иштирокчилик тариқасида квалификация қилинганида суд хукмидан даставвал ҳар бир жиноятга алоҳида жазо тайинлаб, сўнгра жиноятлар жами бўйича қатъий жазо белгилаш зарурлиги кўрсатилган.
Вилоят суди раёсатининг қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, янгидан судда кўриш учун бошқа суд таркибига юборилган.
4-ж- 10-сонли қарор
Талончилик жиноятини содир этганлик учун судланган шахснинг ўғрилик жиноятини содир этмши хавфли рецидив жнноят белгиси деб топилмайди.
Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Давлатобод туман суди томонидан Г. ўзганинг мулкини яширин равишда ўғрилик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида Н.нинг уйини эшигини монтировка билан бузаётган вақтида, унинг бу ҳаракатларини кўриб қолишганидан кейин ўз жиноий мақсадини охирига етказа олмасдан ҳодиса содир бўлган жойдан қочиб кетганликда айбли деб топилиб, муқаддам 1997 йилда Жиноят кодекси 166-моддасининг 1-қисми билан судланиб чиққанлиги сабабли Жиноят кодекси 25, 169-моддаси 3-қисмининг "а, б" бандлари билан судланган.
Жиноят иши кассация тартибида кўрилмаган.
Судланган Г. муқаддам талончилик жиноятини содир этганлиги учун судланган бўлиб, кейинги содир қилган жинояти эса ўғрилик жиноятига суиқасд қилишдир. Бу жиноятлар эса бир бирига ўхшаш жиноятлар эмас ва шунинг учун судланган Г.нинг ҳаракатини хавфли рецидив жиноят деб баҳолаб бўлмайди. Чунки, Жиноят кодекси 34-моддасининг 2-қисмига кўра "илгари хукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноят содир этган шахснинг қасддан янги жиноят содир этиши, хавфли рецидив жинояти деб топилади".
Вилоят суди раёсатининг қарори билан суд ҳукми ўзгартирилган.
10-н-ж сонли қарор
Суд жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини тўғри аниқламаганлиги жиноятнинг нотўғри квалификация қилинишига сабаб бўлган.
Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг ҳукмига кўра М. қизини қўшниси Р. ҳақоратлаганлигини эшитиб, безорилик орқасидан вояга етмаган Р.ни қувиб, уни кўчада ушлай олмаганидан сўнг жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан фуқаро З.нинг ҳовлисига бориб, ўша ерда ҳеч бир сабабсиз З.га тегишли қозонни кўтариб кета бошлайди, буни кўриб қолган уй эгаси 3. нима сабабдан қозонни олиб кетаётганини сўраган вақтида уни ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, безорилик ҳаракатларини давом эттириб, уни сўкиб уриб кетади, унинг безорилик ҳаракатини олдини олишга ҳаракат қилган К.ни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уни сочидан ушлаб кўчага олиб чиқиб, уриб дўппослаганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг "г" банди билан судланган.
Жиноят иши кассация инстанция судида кўрилиб ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
Аниқланишича, жабрланувчи 3. судланган М.нинг укасини хотини, жабрланувчи К. эса унинг жияни бўлиб, уларнинг оилалари ўртасида ўзаро келишмовчиликлар мавжуд бўлганлиги, жиноят содир бўлган куни жабрланувчи З.нинг ўғли судланувчи М.нинг қизини мактабдан келаётган вақтида урганлиги, бу эса шу ҳодиса бўлишига сабаб бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги "Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарорининг 13-бандида "Судлар айбдор қасдининг моҳияти ва у нимага қаратилганлигидан, содир этилган ҳаракатнинг мотиви, мақсади ва муайян ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда безориликни бошқа жиноятлардан фарқлай олишлари керак. Жумладан, оилада, уйда қариндош-уруғ, таниш-билишларга нисбатан содир этилган ҳақоратлаш, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш каби ҳаракатлар, агар улар шахсий келишмовчилик натижасида келиб чиққан бўлса ёхуд жабрланувчининг ножоиз хатти-ҳаракатлари оқибатида содир этилган бўлса, шахсга қарши жиноят деб баҳоланиши ва Жиноят кодекси Махсус қисми тегишли моддапари билан квалификация қилиниши лозим" деб кўрсатилган.
М.нинг ҳаракатларида безорилик жинояти белгилари мавжуд эмас.
Бу жиноят ака-уканинг ва оила аъзоларининг ўзаро келишмовчилигидан, болалар ўртасида бўлган жанжал натижасида содир бўлгани учун ушбу жиноят шахсга қарши жиноят деб баҳоланмоғи лозим.
Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раёсатининг қарори билан М.нинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг "г" бандидан Жиноят кодекси 109-моддасининг 2-қисмига қайта квалификация қилинган.
Айбдорликка оид барча шубҳалар башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг фойдасига ҳал қилинади.
Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг хукмига асосан С. ҳарбий хизматни сержант унвонида ўтаб юриб, хизматдан бутунлай бўйин товлаш мақсадида, йўлланмага асосан ҳарбий госпиталга даволаниш учун бориши лозим бўлсада, у 2001 йил 9 сентябрь куни ҳарбий госпиталга бормасдан ўзининг ота-онасининг уйига бориб, 2001 йил 3 ноябрь куни ҳарбий қисмга қайтиб келган.
С. жиноий ҳаракатини давом эттириб, ҳарбий хизматдан бутунлай бўйин товлаш мақсадида 2001 йил 20 ноябрь куни ҳарбий қисмни ташлаб кетиб, ота-онасининг ва қариндошларининг уйларига бориб вақтини ўз хоҳишича ўтказиб юрган ва 2002 йил 15 февраль куни ота-онасининг кузатувида ҳарбий қисмга қайтиб келганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодекси 288-моддасининг 2-қисми билан судланган.
Жиноят иши апелляция инстанцияси судида кўрилиб ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
С. дастлабки ва суд терговида ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан икки маротаба ташлаб кетганлигини, ҳарбий хизматдан бутунлай бўйинтовлаш мақсади бўлмаганлигини, хизмат қилиш нияти борлигини кўрсатган. Судланувчининг ушбу важи бартараф этилмаган ва уларни рад этувчи далиллар дастлабки тергов ҳамда суд муҳокамасида аниқланмаган.
Иш ҳолатларига биноан, С. ҳарбий қисмни икки маротаба ташлаб кетиб, 3 ой 24 кун бўлмаган ва ҳарбий қисмга ўз хоҳиши билан қайтиб келган. Бундай ҳолатда С.нинг ҳаракатларини ҳарбий хизматдан бутунлай бўйин товлаш мақсадида ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, шунингдек, шу мақсадда хизмат жойига етиб келмаслик деб баҳолаб бўлмайди.
Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатининг қарори билан С.нинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 288-моддасининг 2-қисмидан енгилроқ жазо белгиланган 287-моддасининг 3-қисмига қайта квалификация қилинган.