Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

"Ватандош" гувоҳномаси ва "Ватандош" картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.11.2024 й. ПҚ-397-сон қарорига 1-илова)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 ноябрдаги

ПҚ-397-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ватандош" гувоҳномаси ва "Ватандош"

картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда

бекор қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишга интилаётган ватандошларга "Ватандош" гувоҳномасини ва "Ватандош" картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартибини белгилайди.


2. "Ватандош" гувоҳномаси ва "Ватандош" картаси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун асос ҳисобланмайди.

"Ватандош" гувоҳномаси ва "Ватандош" картаси ватандошнинг миллий паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати билан ҳақиқий ҳисобланади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:


"Ватандош" - келиб чиқиши Ўзбекистон ҳудудидан бўлган, хорижга чиққан ва хорижий давлат фуқаролигини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мақомини олган ёхуд этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган, Ўзбекистон Республикаси билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган шахслар ва уларнинг авлодлари;


"Ватандош" гувоҳномаси - (кейинги ўринларда - гувоҳнома) хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш шакли бўлиб, юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, мамлакатимизнинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган ватандошларга миннатдорчилик ва ташаккур белгиси ҳамда "Ватандош" картасини олиш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат;


"Ватандош" картаси - гувоҳнома асосида 5 йил муддатга (ватандош миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган ҳолда) бериладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мазкур Низомда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ID карта шаклидаги ҳужжат;


Комиссия - гувоҳномани бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича идоралараро коллегиал орган;


реестр - расмийлаштирилган гувоҳномаларнинг ягона ҳисоби;


тавсиянома - гувоҳномани бериш учун вазирлик ва идоралар томонидан бериладиган ҳужжат;


тақдимнома - гувоҳномани бекор қилиш учун бериладиган ҳужжат.



2-БОБ. "ВАТАНДОШ" ГУВОҲНОМАСИНИ

БЕРИШ АСОСЛАРИ


4. Гувоҳнома қуйидаги ватандошларга берилади:

хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий ёки қўшма корхона ташкил этиш тарзида инвестициялар киритган;

иқтисодиёт, илм-фан, маданият ва санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда юқори ютуқларга эришган, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суришга муносиб ҳисса қўшган, Ўзбекистон халқининг бебаҳо маънавий-маданий меросини сақлаш ва кўпайтиришда катта шахсий намуна кўрсатган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ва унинг манфаатларини кўзлаб хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга оширган;

Ўзбекистон Республикаси билан бошқа давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган.


5. Гувоҳнома ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича берилади.



3-БОБ. "ВАТАНДОШ" ГУВОҲНОМАСИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ ТАРТИБИ


6. Вазирлик ва идоралар томонидан таклиф ва ташаббус асосида гувоҳнома бериш бўйича тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш учун Комиссияга тавсиянома киритилади.

Бунда вазирлик ва идоралар фақатгина ўз соҳаси бўйича ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ватандошларга гувоҳнома беришни ташаббус қилиб тавсиянома киритади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, "Ватандошлар" жамоат фонди бошқаруви раиси ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ватандошларга гувоҳнома бериш ташаббуси билан чиқиши мумкин.


7. Тавсияномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

киритилган инвестициялар миқдори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий ёки қўшма корхона ташкил этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома;

хўжалик жамиятларидан сотиб олинган акциялар ва улушлар, шунингдек, давлат активларининг миқдори тўғрисидаги маълумотнома;

илм-фан, маданият ва санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳанинг ривожланишига қўшган ҳиссаси тўғрисидаги маълумотнома;

Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган хайрия (меценатлик) лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар.

Тавсияномага илова қилинадиган маълумотлар ўз соҳаси бўйича ташаббускорлар томонидан берилади, қўшимча маълумотларни эса тегишли вазирлик ва идоралардан ташаббускор сўров қилиш орқали олади.

Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига ташаббус қилган ҳамда маълумот тақдим этган вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбари жавобгар ҳисобланади.


8. Комиссия ўттиз кун ичида тавсияномани кўриб чиқиб, ватандошга гувоҳнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


9. Гувоҳнома Комиссиянинг гувоҳнома бериш тўғрисидаги қарорига асосан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан расмийлаштирилади.

Гувоҳнома Марказий банкнинг "Давлат белгиси" давлат унитар корхонаси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги буюртманомасига асосан белгиланган намунага мувофиқ шартнома асосида тайёрланади.


10. Гувоҳнома муддатсиз амал қилади ва Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда - МваФРБ) томонидан "Ватандош" картасини расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.


11. Гувоҳнома Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасалари раҳбарлари томонидан тантанали равишда эгаларига топширилади.

Ўзбекистон Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилмаган ёхуд тугатилган давлатларда яшовчи ватандошларга гувоҳнома уларни Ўзбекистонга таклиф қилиш орқали республика ҳудудида ёки ушбу давлатларга амалга оширилган ташриф вақтида топширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, "Ватандошлар" жамоат фонди бошқаруви раиси томонидан тантанали равишда топширилади.


12. Гувоҳномани бериш масаласини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш гувоҳнома берилаётган шахсни хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.


13. Ташқи ишлар вазирлиги гувоҳнома берилган шахслар реестри юритилишини таъминлайди ва бир иш кунида ҳар бир расмийлаштирилган гувоҳнома ҳақида Ички ишлар вазирлигини электрон шаклда хабардор қилади.


14. Реестрда қуйидагилар акс эттирилади:

ватандош тўғрисида маълумот (Ф.И.О., фуқаролиги, миллий паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатининг серияси ва рақами, амал қилиш муддати);

гувоҳноманинг рақами ва берилган санаси.



4-БОБ. "ВАТАНДОШ" КАРТАСИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ ТАРТИБИ


15. "Ватандош" картаси мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича расмийлаштирилади.


16. "Ватандош" картасини олиш учун ватандош МваФРБга қуйидагиларни тақдим этади:

гувоҳнома;

чет эл фуқаросининг миллий паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати.


17. "Ватандош" картаси МваФРБ томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни мобайнида расмийлаштирилади.

МваФРБ тақдим этилган ҳужжатлар асосида ватандошнинг биографик маълумотларини, электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади ва "Ватандош" картасини расмийлаштириш учун талабнома шакллантиради.


18. Ватандошга МваФРБ томонидан "Ватандош" картаси бепул берилади ва картанинг амал қилиш даврида вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш давлат божи ундирилмасдан амалга оширилади.



5-БОБ. "ВАТАНДОШ" КАРТАСИ ЭГАЛАРИГА

БЕРИЛАДИГАН ҲУҚУҚ ВА ИМТИЁЗЛАР


19. "Ватандош" картасига эга ватандошларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

Ўзбекистон Республикасига ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш;

мамлакат ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқароларига нисбатан белгиланган кўчмас мулкнинг миқдорлари татбиқ этилмайди ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди;

Хорижий фуқарога бериладиган меҳнат фаолиятига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш.


20. "Ватандош" картаси эгаларининг оила аъзоларига (ота-онаси, эр (хотини) ва вояга етмаган фарзандлари) қуйидаги имтиёзлар берилади:

амалдаги виза муддатини узайтиришда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан давлат божи ундирилмасдан кўп марталик виза олиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш;

вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни давлат божи ундирилмасдан ички ишлар органларида расмийлаштириш ва узайтириш.



6-БОБ. "ВАТАНДОШ" ГУВОҲНОМАСИ

ВА "ВАТАНДОШ" КАРТАСИНИ БЕКОР

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


21. "Ватандош" гувоҳномаси ва "Ватандош" картаси қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ватандошнинг Ташқи ишлар вазирлиги, вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари, хориждаги консуллик муассасалари ва дипломатик ваколатхоналари орқали берган ўз илтимосига кўра;

ватандош оғир ёки ўта оғир жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган, шунингдек, киритилган инвестициялар (пул маблағлари ва бошқа мол-мулк) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштирилиши билан боғлиқ жиноят содир этилиши натижасида олинган ҳолатларда - суднинг Комиссияга юборган тақдимномасига биноан;

ватандош вафот этганда Ташқи ишлар вазирлиги тақдимномасига биноан;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, "Ватандошлар" жамоат фонди бошқаруви раиси томонидан Комиссияга юборилган тақдимномага асосан;

вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан ўз ташаббуси асосида берилган гувоҳнома эгаларига нисбатан Комиссияга юборилган тақдимномага биноан.


22. Гувоҳнома ва карта мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ схема бўйича бекор қилинади.


23. Мазкур Низомнинг 21-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда Комиссия ўн беш иш куни ичида гувоҳномани бекор қилиш масаласини кўриб чиқади ҳамда қарор қабул қилади.

Комиссия томонидан гувоҳномани бекор қилиш тўғрисида қабул қилинган қарор уч иш кунида Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига юборилади:

Ташқи ишлар вазирлиги гувоҳномани беш иш кунида бекор қилади, реестрга бу ҳақда ўзгартириш киритади ҳамда гувоҳнома эгасини бу ҳақда хабардор этади.

Ички ишлар вазирлиги Комиссиянинг гувоҳномани бекор қилиш тўғрисидаги қарори асосида беш иш кунида "Паспорт-виза" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали "Ватандош" картасини бекор қилади.

Агар тақдимномада "Ватандош" гувоҳномасини бекор қилиш учун асос бўлмаса, Комиссия бу ҳақда қарор қабул қилади ва ташаббускорга уч иш куни ичида юборади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

          

           




Низомга

1-ИЛОВА



"Ватандош" гувоҳномасини расмийлаштириш

СХЕМАСИ

          

     

Босқичлар

           


     

Субъектлар

     


      

Чора-тадбирлар

      


      

Муддатлар

       








1-босқич


Вазирлик, идора

ва ташкилотлар


       

"Ватандош" гувоҳномасини бериш таклиф этилаётган ватандош томонидан киритилган инвестиция, хўжалик жамиятларидан сотиб олинган акциялар ва улушлар, давлат активларининг миқдори, шунингдек, маданият ва санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий, иқтисодий соҳанинг ривожланишига қўшган ҳиссаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган тавсияномани "Ватандош" гувоҳномасини бериш ҳамда бекор қилиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссияга (кейинги ўринларда - Комиссия) тақдим этади.

      


Заруратга кўра











2-босқич


Комиссия


     

Тавсияномани кўриб чиқади ҳамда "Ватандош" гувоҳномасини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади, Ташқи ишлар вазирлиги ёки ташаббускорга юборади.

     


30 иш куни ичида











3-босқич


Ташқи ишлар вазирлиги


      

Комиссиянинг қарорига асосан "Ватандош" гувоҳномасини расмийлаштиради ва тантанали равишда ватандошга топширади.

      


15 иш куни ичида




          

         




Низомга

2-ИЛОВА



"Ватандош" картасини расмийлаштириш

СХЕМАСИ

               

     

Босқичлар

       


     

Субъектлар

    


      

Чора-тадбирлар

    


     

Муддатлар

      








1-босқич


Ватандош


           

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига (кейинги ўринларда - МваФРБ) "Ватандош" гувоҳномаси ва чет эл фуқаросининг миллий паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини тақдим қилган ҳолда мурожаат қилади.

       


Заруратга кўра











2-босқич


МваФРБ


         

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида ватандошнинг биографик маълумотларини, электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади ва "Ватандош" картасини расмийлаштириш учун талабнома шакллантиради.

         


Мурожаат этганда











3-босқич


МваФРБ


         

"Ватандош" картасини расмийлаштиради ва ватандошга топширади.

          


Бир иш куни ичида




         

           




Низомга

3-ИЛОВА



"Ватандош" гувоҳномаси ва "Ватандош"

картасини бекор қилиш

СХЕМАСИ

             

     

Босқичлар

      


     

Субъектлар

      


     

Чора-тадбирлар

     


      

Муддатлар

        








1-босқич


Вазирлик, идора

ва ташкилотлар


          

Ватандошнинг илтимосига кўра;

ватандош оғир ёки ўта оғир жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган, шунингдек, киритилган инвестициялар (пул маблағлари ва бошқа мол-мулк) жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштирилиши билан боғлиқ жиноят содир этилиши натижасида олинган ҳолатларда - суднинг Комиссияга юборган тақдимномасига биноан;

ватандош вафот этганда;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, "Ватандошлар" жамоат фонди бошқаруви раиси томонидан Комиссияга юборилган тақдимномага асосан;

вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан ўз ташаббуси асосида берилган гувоҳнома эгаларига нисбатан Комиссияга юборилган тақдимномага биноан.

           


Заруратга кўра











2-босқич


Комиссия


     

"Ватандош" гувоҳномасини бекор қилиш масаласини кўриб чиқади ҳамда қарор қабул қилади.

           


15 иш куни ичида











3-босқич


Комиссия


     

"Ватандош" гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисида қабул қилинган қарор Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига юборилади. Агар бекор қилиш учун асос бўлмаса, бу ҳақда қарор қабул қилади ва ташаббускорга юборади.

          


3 иш куни ичида








4-босқич


         

Ташқи ишлар вазирлиги




Ички ишлар вазирлиги

        


      

"Ватандош" гувоҳномасини бекор қилади ва реестрга бу ҳақда ўзгартириш киритади ҳамда гувоҳнома эгасини бу ҳақда хабардор этади.


"Паспорт-виза" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали "Ватандош" картасини бекор қилади.

      


5 иш куни ичида




           

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 22 ноябрь