Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

"Ватандош" гувоҳномасини бериш ҳамда бекор қилиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.11.2024 й. ПҚ-397-сон қарорига 5-илова)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 ноябрдаги

ПҚ-397-сон қарорига

5-ИЛОВА



"Ватандош" гувоҳномасини бериш ҳамда

бекор қилиш масалаларини кўриб чиқиш

бўйича комиссия тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Ватандош" гувоҳномасини бериш ҳамда бекор қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссиясининг (кейинги ўринларда - Комиссия) фаолиятини белгилайди.


2. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари ҳузуридаги вазирлик ва идоралар раҳбар ходимларидан ташкил топган коллегиал органдир.

Комиссия раиси, раис ўринбосари ва бошқа аъзолари унинг ишида жамоатчилик асосида иштирок этади.


3. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. Комиссия хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга "Ватандош" гувоҳномасини беришнинг мақсадга мувофиқлиги масалалари юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан тавсиянома берилган номзодларни кўриб чиқади.


5. Комиссия ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, илмий-тадқиқот институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


6. Ташқи ишлар вазирлиги Комиссиянинг ишчи органи (кейинги ўринларда - ишчи орган) бўлиб, Комиссияга кўриб чиқиш учун киритиладиган хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга "Ватандош" гувоҳномасини бериш масалаларига оид ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тайёрлайди.


7. Комиссия "Ватандош" гувоҳномасини бериш масалаларини кўриб чиқиш жараёнида заруратга кўра тавсиянома берилган номзодлар ва бошқа маълумотларни ўрганиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралардан қўшимча маълумотларни талаб қилиб олади, шунингдек, зарурат туғилганда тегишли мутахассисларни, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларини жалб этади.



2-БОБ. КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Ватандош" гувоҳномасини бериш учун тавсия этилган ватандошларнинг номзодларга қўйилган талабларга жавоб беришини ўрганиш;

вазирлик ва идоралар томонидан "Ватандош" гувоҳномасини бериш бўйича номзодларга қўйилган талаблардан четга чиққан ҳолда, номзодларни тўлиқ ўрганмасдан туриб тақдим қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

Комиссия ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳларни тузиш;

"Ватандош" гувоҳномасини бериш бўйича номзодлар рўйхатини шакллантириш ва ўрганиш;

"Ватандош" гувоҳномасини бериш бўйича тавсияномалар беришда манфаатлар тўқнашуви, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари мавжудлигини ўрганиш.

Комиссия қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.


9. Комиссия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

вазирлик ва идоралар томонидан "Ватандош" гувоҳномасини бериш бўйича тақдим этилган тавсияномалардаги номзодларнинг белгиланган талабларга мос келиши ҳамда улар томонидан амалга оширилган ишлар салмоғини, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этишдаги ролини ўрганади;

"Ватандош" гувоҳномасини беришга номзодларнинг таржимаи ҳоли ва у билан боғлиқ маълумотларни кўриб чиқади ва уларнинг ҳаққонийлигини текшириш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга ўрганиш учун жўнатади;

номзодлар бўйича вазирлик ва идораларга берилган кўрсатмалар ва топшириқлар ижроси тўлиқ амалга оширилишини назорат қилади;

вазирлик ва идораларнинг "Ватандош" гувоҳномаси ҳамда "Ватандош" картасини бериш билан боғлиқ фаолиятини назорат қилади;

"Ватандош" гувоҳномасини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

амалдаги "Ватандош" гувоҳномасини тақдимнома асосида бекор қилиш ёхуд тақдимномани кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва ижросини назорат қилади.



3-БОБ. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Комиссия раиси қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

Комиссиянинг фаолиятига раҳбарлик қилиш;

Комиссия мажлисларини чақириш ва кун тартибини белгилаш;

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар ижросининг назоратини ташкил этиш;

Комиссияга юкланган вазифаларни бажаришда унинг аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш;

Комиссия томонидан тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини назорат қилиш;

Комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.


11. Комиссия ўз фаолиятини Комиссия раиси томонидан унинг аъзолари билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган иш регламентига мувофиқ ташкил этади.


12. Комиссия мажлисини раис, раис бўлмаганда унинг ўринбосари бошқаради.


13. Комиссия раисининг ўринбосари:

Комиссия йиғилишини ташкил этади;

Комиссия фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан таклифлар тайёрланишини ташкил этади;

ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлайди;

тегишли ахборот ва таклифларни Комиссия раисига киритади;

Комиссия раиси бўлмаганда ёки унинг топшириғи бўйича Комиссия йиғилишларига раислик қилади;

Комиссиянинг самарали иш олиб боришини таъминлаш мақсадида бошқа функцияларни ҳам бажаради.


14. Комиссия аъзолари:

Комиссия йиғилишлари кун тартибидаги масалалар бўйича муҳокамаларда иштирок этади;

вазирлик ва идоралар томонидан "Ватандош" гувоҳномасини бериш бўйича тақдим этилган тавсияномалардаги номзодларни белгиланган талабларга мос келишини ҳамда улар томонидан амалга оширилган ишлар салмоғини, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этишдаги ролини ўрганади;

"Ватандош" гувоҳномасини беришга номзодларнинг таржимаи ҳоли ва у билан боғлиқ маълумотларни кўриб чиқади ва уларнинг ҳаққонийлигини текширади;

"Ватандош" гувоҳномасини беришга номзодларни ўрганиб чиқиш ва танлашга доир долзарб масалалар юзасидан Комиссияга таклифлар киритади;

Комиссия томонидан кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди;

Комиссиянинг қарорлари ва қўйилган вазифаларнинг ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни Комиссия раисига тақдим этади;

Комиссиянинг самарали иш олиб боришини таъминлашга оид бошқа функцияларни бажаради.


15. Ишчи орган:

Комиссия фаолиятининг ташкилий-техник таъминотини амалга оширади;

иш режалари лойиҳаларини тайёрлайди ва Комиссия муҳокамасига киритади;

Комиссия раиси билан йиғилиш ўтказиш муддати ва жойини, шунингдек, таклиф этилганлар рўйхатини келишади, Комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни йиғилиш санаси, вақти ва ўтказиладиган жойи ҳақида хабардор қилади;

Комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, шунингдек, вазирлик ва идоралардан "Ватандош" гувоҳномасини бериш бўйича тавсияномаларни қабул қилади ва жамлайди;

Комиссия йиғилишининг кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди;

Комиссия ишининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун зарур бўлган ахборот ва материалларни ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралардан олади;

Комиссия ваколатига кирадиган масалалар юзасидан унинг қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди;

Комиссия аъзоларининг таклиф ва мулоҳазаларини қабул қилади ҳамда уларни тизимлаштиради;

Комиссия йиғилиши баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомалар нусхалари Комиссия аъзоларига юборилишини таъминлайди;

Комиссия қарорлари ижроси мониторингини юритади ва унинг якунларини Комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун киритади;

Комиссиянинг қарорларига ҳамда Комиссия раиси ва ўринбосарларининг топшириқларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажаради.



4-БОБ. КОМИССИЯ ҚАРОРЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


16. Комиссиянинг аъзолари йиғилиш ўтказилишидан камида икки иш куни олдин йиғилиш ўтказилиш вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисида хабардор қилиниши лозим.


17. Йиғилишни Комиссия раиси (раис йўқлигида унинг кўрсатмаси асосида ўринбосари) олиб боради.


18. Комиссия аъзолари йиғилишларда шахсан иштирок этади. Комиссия аъзоси асоссиз сабабларга кўра уч мартадан ортиқ йиғилишларда иштирок этмаган тақдирда, унга нисбатан Комиссия раиси томонидан тегишли таъсир чоралари кўрилади.


19. Йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан, раис ҳам битта овозга эга бўлади.


20. Комиссия йиғилишда аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


21. Комиссия йиғилишлари Комиссиянинг иш режасига мувофиқ, бироқ ҳар чоракда камида бир марта, шунингдек, Комиссия ваколатига тегишли бўлган шошилинч масалаларни кўриб чиқиш зарурати юзага келганда навбатдан ташқари ўтказилади.

Комиссия йиғилишлари баённома билан расмийлаштирилади.


22. Комиссия йиғилишларига кўриб чиқилаётган масалалардан келиб чиққан ҳолда, унинг таркибига киритилмаган давлат бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, илмий ва таълим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда мутахассислари таклиф этилиши мумкин.


23. Комиссия аъзоларининг иш самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва уларни рағбатлантириш механизмлари, даврийлиги ҳамда молиявий манбалари Комиссия йиғилишларида муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилиш орқали белгиланади.


24. Комиссия қарорлари унинг йиғилишида иштирок этадиган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарор юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақли.


25. Қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Комиссия раиси алоҳида масалалар юзасидан Комиссия аъзолари билан сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


26. Комиссия йиғилишида қабул қилинган қарорлар баённома билан расмийлаштирилади. Ушбу баённома раис томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Комиссия аъзолари, ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идораларга юборилади.


27. Комиссия томонидан қабул қилинган қарордан норози бўлган Комиссия аъзолари (аъзоси) тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ўз таклифлари ёки фикрларини ёзма равишда ишчи органга тақдим этиши мумкин.


28. Комиссия қарорларининг бажарилиши ишчи орган томонидан назорат қилинади.


29. Комиссия ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


30. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

           

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 22 ноябрь