Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.11.2024 й. ПҚ-403-сон "Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

22.11.2024 й.

N ПҚ-403




ТАЪЛИМ СОҲАСИДА ХУСУСИЙ СЕКТОР

ИШТИРОКИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш, ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ва технологияларини жорий қилиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 сентябрдаги "Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3276-сон ҳамда 2018 йил 5 сентябрдаги "Мактабгача ва мактаб таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3931-сон қарорларига мувофиқ 2025 йил 1 январга қадар:

нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);

нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиш муддатини 2030 йил 1 январга қадар узайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


3. Белгилансинки, 2025 йил 1 январдан бошлаб:

нодавлат таълим ташкилотлари томонидан педагогик фаолиятни доимий асосда амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларга "А-2" ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади;

давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома беришда ундириладиган йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан бир бараваригача камайтирилади;

нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог ходимлари малакасини оширишни А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, педагогик маҳорат марказлари ҳамда белгиланган тартибда шакллантириладиган реестрга киритилган нодавлат малака ошириш ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби жорий этилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 июлдаги "Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-236-сон қарорининг 5-банди "г" кичик бандида белгиланган тўловлар (муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун тўлов) нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини қуриш лойиҳаларига татбиқ этилмайди.


4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Савдо-саноат палатаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


6. Қуйидагилар:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга мазкур қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзларини тақдим этиш бўйича қонун лойиҳасини;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома беришда ундириладиган йиғим миқдорини ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 22 ноябрдаги

ПҚ-403-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 июлдаги "Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-232-сон қарори 16-банди "б" кичик бандининг биринчи хатбошисидаги "якка тартибдаги уй-жойлар" сўзлари "якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 июлдаги "Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-236-сон қарори 5-банди "г" кичик бандининг биринчи хатбошисидаги "объектлар ва якка тартибдаги уй-жойлар" сўзлари "объектлар, якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги "Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида"ги 408-сон қарорига 4-илованинг 21-позицияси "Таъриф" устуни иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларига педагогик фаолиятни амалга ошириш учун жалб қилинадиган хорижий фуқароларга 1 йилгача муддатга берилади. Вазирликлар ва идоралар, шунингдек, ўз тасарруфида таълим ташкилотига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси давлат ташкилотларининг илтимосномаларига кўра расмийлаштирилади".


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомнинг 20-иловасида:


а) 5-позициянинг "е" кичик банди "Е" меҳнат визаси," сўзларидан кейин "А-2" ўқитувчилар кириш визаси," сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 7-позициянинг биринчи хатбошисидаги "Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида" сўзлари "давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида" сўзлари билан алмаштирилсин.


Изоҳ. Мазкур илова 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 23 ноябрь