Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Инвестиция воситачиси фаолияти тўхтатиб турилган ва тугатилган тақдирда, депозитар операциялар бўйича ҳаракатлар тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 18.12.2025 й. 3727-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 14.11.2025 й. 19-сон буйруғига 1-илова)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2025 йил 18 декабрда 3727-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар миллий

агентлиги директорининг

2025 йил 14 ноябрдаги

19-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Инвестиция воситачиси фаолияти тўхтатиб турилган

ва тугатилган тақдирда, депозитар операциялар

бўйича ҳаракатлар тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом инвестиция воситачиси фаолияти тўхтатиб турилган ва тугатилган тақдирда, депозитар операциялар бўйича ҳаракатларни амалга ошириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Инвестиция воситачисининг фаолиятини тўхтатиб туриш ва тугатиш, шунингдек инвестиция воситачиси фаолиятини амалга ошириш учун лицензиянинг (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уни бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


2. Инвестиция воситачисининг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда ёки унинг қайта ташкил этилиши натижасида лицензияси бекор қилинганда, депозитар операциялар бўйича мазкур Низомда белгиланган ҳаракатлар амалга оширилади.


3. Инвестиция воситачиси фақат мазкур Низомнинг 4 ва 6-10-бандларида белгиланган ҳаракатларни амалга оширганидан сўнг ўз фаолиятини ихтиёрий равишда тўхтатиб туриши ёки тугатиши мумкин.

Бунда, мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган ҳаракатларни амалга оширмаганлик натижасида келиб чиқадиган эҳтимолий оқибатлар учун жавобгарлик инвестиция воситачиси зиммасига юклатилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИ ТЎХТАТИБ

ТУРИЛГАН, ТУГАТИЛГАН ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕКОР

ҚИЛИНГАНДА, ДЕПОЗИТАР ОПЕРАЦИЯЛАР

БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН

ҲАРАКАТЛАР


4. Инвестиция воситачиси Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади) ёки суднинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорини олган вақтдан эътиборан депозитар операциялар бўйича қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириши лозим:

мазкур Низомнинг 10-банди ва лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган операциялардан ташқари барча депозитар операцияларни амалга оширишни дарҳол тўхтатади;

лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги тўғрисида икки иш куни ичида оммавий ахборот воситаларида ва фонд биржасининг расмий веб-сайтида эълон қилади;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўради.


5. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, ваколатли давлат органи инвестиция воситачисининг депозитар операцияларини тугатиш бўйича махсус комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) ташкил этади.

Комиссия таркибига ваколатли давлат органи, "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ ва инвестиция воситачисининг вакиллари, шунингдек, айрим йўналишлар бўйича мутахассислар киритилиши мумкин.


6. Инвестиция воситачиси лицензиянинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш ҳамда ваколатли давлат органининг Комиссияни тайинлаш тўғрисидаги қарорини олган пайтдан бошлаб:

мазкур Низомнинг 10-банди ҳамда лицензиянинг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган операциялардан ташқари барча депозитар операцияларни амалга оширмаслиги;

Комиссия иши бошланган санага қимматли қоғозлар балансини шакллантириши;

инвестиция воситачисининг вакиллик ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозлар қолдиқларини солиштириш учун НОСТРО депо ҳисобварағидан кўчирма тайёрлаши;

Комиссия иши бошланган пайтдан бошлаб депозитар операцияларни ҳисобга олиш учун алоҳида ҳисобга олиш журналини юритиши;

уч кун муддатда "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга инвестиция воситачисининг ваколатли шахслари ва Комиссия раисининг имзолари намуналари қўйилган карточкани тақдим этиши;

депонентларнинг ҳисобварақларидан кўчирмаларни шакллантириши ва мазкур кўчирмаларни депонентга Комиссия томонидан белгиланган муддатларда инвестиция воситачиси фаолияти тугатилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан биргаликда ёзма ёки шартномада назарда тутилган бошқа усулда юбориши шарт.

Бунда, инвестиция воситачиси депонентлар томонидан қимматли қоғозларни топшириш (олиб қўйиш) тартиби ва Комиссия ишини якунлашнинг дастлабки муддатини кўрсатган ҳолда инвестиция воситачиси фаолияти тугатилганлиги тўғрисидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга ҳақли.


7. Мазкур Низомнинг 6-банди еттинчи хатбошисидаги депонентларга юбориладиган хабарномада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

инвестиция воситачиси фаолияти тугатилганлиги тўғрисидаги хабар;

депонентнинг қимматли қоғозларини ўзи танлаган инвестиция воситачисига ўтказиши мумкинлиги ва унинг муддати;

депонент хабарномада кўрсатилган муддатда келмаган тақдирда, унинг қимматли қоғозлари "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖдаги депонентларнинг талаб қилиб олингунча сақланадиган вақтинчалик ҳисобварақларига ўтказилиши тўғрисида огоҳлантириш;

"Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖнинг қимматли қоғозларни сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш учун амалдаги тарифлари.


8. Депонент инвестиция воситачиси томонидан унинг фаолияти тугатилганлиги тўғрисидаги хабарнома унга етказилган ёки бу тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафталик муддатда тугатилаётган инвестиция воситачисига ўз қимматли қоғозларини бошқа инвестиция воситачисига ўтказиш тўғрисида топшириқ беради.

Депонент томонидан бир ҳафталик муддатда бундай топшириқ тақдим этилмаган тақдирда эса, инвестиция воситачиси ваколатли давлат органи томонидан белгиланган муддатларда қимматли қоғозларни кейинчалик унинг эгаси танлаган инвестиция воситачисига ўтказиш учун "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга (фаолиятни тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно) ўтказади.


9. Инвестиция воситачиси:

депонент топшириқ берган кундан бошлаб уч кундан ортиқ бўлмаган муддатда депонентнинг ҳужжациз қимматли қоғозларини депонент танлаган инвестиция воситачисига ўтказиши;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ депозитар операцияларни бажариш тартибига риоя қилиши;

депозитар операцияларни фақат Комиссия раисининг имзоси бўлган тақдирда амалга ошириши шарт.


10. Инвестиция воситачиси:

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар тузилган битимлар бўйича қимматли қоғозларни депонентларнинг депо ҳисобварақларига ўтказиш;

депонентларнинг талабига кўра қимматли қоғозларни бошқа инвестиция воситачиларига ўтказишни амалга ошириш;

депо ҳисобварақларида қимматли қоғозларнинг нол қолдиқлари қайд этилганда уларни ёпиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли давлат органининг, монополияга қарши курашиш давлат органининг, шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарорлари бўйича фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятлар юклатилган депонентларнинг қимматли қоғозлари ҳаракатига чекловларни олиб ташлаш ёки ўрнатиш;

қимматли қоғозлар эгаларининг таркиби ўзгаришига олиб келмайдиган депозитар операцияларни амалга ошириш;

депо ҳисобварақларидан кўчирмалар ва операциялар бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни бериш ҳуқуқига эга.



3-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА ВАЗИФАЛАРИ


11. Комиссия ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:

ушбу Низомга асосан депонентларни хабардор қилиш бўйича ишларни ташкил этиш;

инвестиция воситачисининг вакиллик ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозлар қолдиқларини солиштириш;

депозитар операцияларнинг бажарилишини ва қимматли қоғозларни қайтариш жараёнида амалга ошириладиган операцияларни ҳисобга олиш журналида қайд этилишини назорат қилиш;

инвестиция воситачисининг ҳужжатларини архивда сақлаш учун топшириш ишларини ташкил этиш;

инвестиция воситачиси фаолиятини тугатиш якунлари бўйича ҳисобот тузишни амалга оширади.


12. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

инвестиция воситачисининг ваколатли шахсларидан очиқ маълумотларни сўраб олиш;

инвестиция воситачисининг барча ҳисоб журналларига, картотека, архив ва омборига, шу жумладан электрон журналларига кириш;

шубҳали деб ҳисобланган операцияларнинг бажарилишини асослаган ҳолда рад этиш;

ваколатли давлат органига Комиссиянинг иш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома билан чиқиш;

мазкур Низомнинг 10-бандида кўрсатилмаган ва инвестиция воситачиси депонентларининг манфаатларига дахлдор бўлган бошқа операцияларни бажаришга рухсат бериш.



4-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ВОСИТАЧИСИ ТОМОНИДАН

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ҚАЙТАРИШ МУДДАТИ

ТУГАГАНИДАН КЕЙИН АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН

ҲАРАКАТЛАР


13. Инвестиция воситачиси мазкур Низомнинг 8-банди биринчи хатбошисида белгиланган муддат тугаганидан кейин ўз қимматли қоғозларини бошқа инвестиция воситачисига ўтказиш бўйича топшириқ бермаган депонентларнинг қимматли қоғозларини "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга топшириш учун қуйидаги ҳужжатларни тайёрлаши керак:

а) ҳар бир депонент бўйича қуйидаги маълумотлар кўрсатилган депонентлар рўйхати:

депонент ҳисобининг коди ва тури;

депонентнинг тўлиқ номи;

депонент тўғрисидаги маълумотлар (жисмоний шахслар учун - шахсни тасдиқловчи ҳужжат серияси, рақами, санаси ва берилган органи, яшаш жойи, юридик шахслар учун - давлат рўйхатидан ўтказиш рақами ва санаси, манзили);

агар мавжуд бўлса, депонентнинг вакили тўғрисидаги маълумотлар (шахсни тасдиқловчи ҳужжат серияси, рақами, санаси ва берилган органи, депо ҳисобварағини тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ким томонидан берилганлиги, унинг рақами, санаси ва амал қилиш муддати);

б) депонентнинг ҳар бир депо ҳисобварағи бўйича қуйидаги маълумотлар:

депо ҳисобварағининг коди ва бўлим коди (субҳисобварақ);

инвестиция воситачисининг кодлаш тизими;

"Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖнинг кодлаш тизими бўйича қимматли қоғоз коди;

эмитентнинг номи, қимматли қоғозларнинг тури ва тоифаси;

депо ҳисобварағида (субҳисобварағида) ҳисобга олинган қимматли қоғозлар сони ва ушбу ҳисобварақ бўйича амалга оширилган охирги операция санаси;

агар ваколатли давлат органи, монополияга қарши давлат органи, шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кўрсатмаларига асосан депонентларнинг қимматли қоғозлари ҳаракатига чеклов қўйилган (блоклаган) бўлса, ушбу чеклов қўйиш (блоклаш) тўғрисидаги қарорнинг рақами ва санаси, қарорни чиқарган орган ва қарорнинг амал қилиш муддати кўрсатилган эслатма;

в) инвестиция воситачисининг муҳри ва раҳбарининг имзоси билан тасдиқланган депонентларни рўйхатга олиш карталари;

г) инвестиция воситачисининг ҳисоб регистрлари.


14. Инвестиция воситачиси томонидан мазкур Низомнинг 13-бандида кўрсатилган маълумотлар Комиссия томонидан белгиланган муддатларда "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.


15. Фаолияти тугатилаётган инвестиция воситачиси томонидан депонентларнинг ҳужжатсиз қимматли қоғозларини бошқа инвестиция воситачиларига ўтказиш ва депо ҳисобварақларини ёпиш бепул амалга оширилади.

Депонентларнинг қимматли қоғозлари ушбу Низомга мувофиқ "Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси" АЖга ўтказилган тақдирда, фақат қимматли қоғозларни сақлаганлик учун ҳақ олинади.


16. "Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси" АЖ мазкур Низомнинг 13-бандида кўрсатилган маълумотлар асосида қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

ўз қимматли қоғозларини талаб қилиб олмаган депонентларга вақтинчалик депо ҳисобварақларини очади;

талаб қилиб олинмаган қимматли қоғозларни депонентларнинг вақтинчалик депо ҳисобварақларига ўтказади.


17. Депонентларнинг талаб қилиб олинмаган қимматли қоғозлари қабул қилиб олингандан сўнг фаолияти тугатилаётган инвестиция воситачиси ва "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ ўртасида топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади ҳамда далолатнома Комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

"Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ Комиссияга фаолияти тугатилаётган инвестиция воситачисининг вакиллик ҳисобварағидан кўчирма беради.



5-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ДЕПОНЕНТЛАРНИ

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРИНИ ҚАЙТАРИШ БЎЙИЧА

АМАЛГА ОШИРГАН ИШЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТИ


18. Қимматли қоғозларни депонентларга қайтариш ва талаб қилиб олинмаган қимматли қоғозларни "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга топшириш ишлари тугаллангандан сўнг бир кун ичида Комиссия тўрт нусхада бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот тузади ҳамда ҳисобот Комиссия раиси томонидан тасдиқланади.


19. Ҳисоботда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

Комиссия ишининг бошланиш ва тугаш санаси;

Комиссия иши давомида инвестиция воситачисининг фаолиятида аниқланган камчиликлар;

Комиссия иш бошлаган санада инвестиция воситачисининг ҳисобида юритилган қимматли қоғозлар сони;

Комиссия иши бошланганда инвестиция воситачисининг вакиллик ҳисобварақлари бўйича ҳисобга олинган қимматли қоғозлар сони;

Комиссия фаолияти давомида инвестиция воситачиси томонидан амалга оширилган операциялар сони;

депонентлар сони ва уларнинг "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга вақтинча сақлаш ва ҳисобга олиш учун топширилган, депонентлар томонидан талаб қилиб олинмаган қимматли қоғозларининг умумий сони;

Комиссия иши давомида аниқланган ва инвестиция воситачиси томонидан бажарилмаган депонентларнинг топшириқлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;

инвестиция воситачисининг депозитар операциялар бўйича ҳужжатларини архивга топшириш тўғрисидаги маълумотлар.


20. Ҳисоботга қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

инвестиция воситачиси фаолиятини тугатиш тўғрисидаги хабар (эълон);

Комиссия иши бошланган вақтдаги қимматли қоғозлар баланси;

Комиссия иши бошланган ва тугаган санадаги инвестиция воситачисининг вакиллик ҳисобварағидан кўчирма;

Комиссия иши давомида инвестиция воситачиси томонидан ўтказилган операциялар журнали;

талаб қилиб олинмаган қимматли қоғозларнинг депонентлари рўйхати, мазкур қимматли қоғозлар эмитентларининг номи, талаб қилиб олинмаган қимматли қоғозларнинг тури ва сони тўғрисидаги маълумотларни илова қилган ҳолда "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга топшириш-қабул қилиш далолатномаси нусхаси;

инвестиция воситачисининг депозитар операциялар бўйича ҳужжатларини архивга топшириш-қабул қилиш далолатномасининг нусхаси;

Комиссия иши давомида аниқланган ва инвестиция воситачиси томонидан депонентларни хабардор қилмасдан бажарилмаган топшириқлар рўйхати.


21. Комиссиянинг ҳисоботи у тасдиқланган вақтдан бошлаб бир кун ичида иловалари билан бирга ваколатли давлат органи, "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ ва инвестиция воситачисига бир нусхадан топширилади.



6-БОБ. "ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР МАРКАЗИЙ

ДЕПОЗИТАРИЙСИ" АЖДАН ДЕПОНЕНТЛАРГА

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ҚАЙТАРИШ


22. "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга вақтинча сақлаш ва ҳисобга олиш учун топширилган қимматли қоғозларни депонентларга қайтариш, агар ушбу қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширишга чекловлар мавжуд бўлмаса, унинг шахси аниқланганидан кейин бир кун ичида депонент танлаган инвестиция воситачисининг вакиллик ҳисобварағига ўтказиш орқали амалга оширилади.


23. Депонент ўз қимматли қоғозларини "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖдан қайтариш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:

жисмоний шахс - шахсни тасдиқловчи ҳужжат;

резидент юридик шахс - давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома ва юридик шахснинг вакили мурожаат қилганда, вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома);

норезидент юридик шахс - юридик шахс рўйхатдан ўтказилган мамлакатнинг савдо ёки банк реэстридан легаллаштирилган кўчирма ва унинг элчихона, консуллик ёки нотариус томонидан тасдиқланган таржима нусхаси, депо ҳисобварағи бошқарувчисига (у мавжуд бўлган тақдирда) берилган нотариал тасдиқланган ишончнома.


24. Агар рўйхатга олиш журналида депо ҳисобварағини бошқарувчиси сифатида депонентнинг вакили кўрсатилган бўлса, депонентнинг вакили "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга депо ҳисобварағини бошқариш учун берилган ишончномани ёки унинг нотариал тасдиқланган нусхасини тақдим этиши керак.

Муомалага лаёқациз ёки муомала лаёқати чекланган депонентнинг қимматли қоғозларини қайтаришда унинг васийси ёки ҳомийси васийлик ёхуд ҳомийлик тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси ва ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга тақдим этади.

Агар муомалага лаёқациз ёки муомала лаёқати чекланган шахснинг васийси ёки ҳомийси унинг ота-онаси бўлса, ота-она ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини ва боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини тақдим этади.


25. Тақдим этилаётган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига асосли шубҳа туғилганда ёхуд улардаги маълумотларда жиддий тафовутлар мавжуд бўлганда, "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ депонент, унинг вакили, васийси ёки ҳомийсидан кўрсатилган ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган кўчирма нусхалари ва текшириш учун қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли.



7-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ВОСИТАЧИСИНИНГ

ҲУЖЖАТЛАРНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА

ЖАВОБГАРЛИГИ ВА МАЖБУРИЯТИ


26. Инвестиция воситачиси депонентнинг ҳисобварақлари ҳолати ва улар билан амалга оширилган операциялар тўғрисида маълумот олишга имкон берадиган барча ахборотлар ва ҳужжатларни ушбу ҳисобварақлар ёпилгунига қадар лозим даражада сақланиши учун жавобгар ҳисобланади.


27. Инвестиция воситачиси фаолияти тўлиқ тугатилгунига қадар депонентларнинг ҳисобварақлари ҳолати ва ушбу ҳисобварақлар бўйича амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотларни олиш имконини берадиган ахборот ва ҳужжатларни қонунчиликда белгиланган муддатларда архивларга ҳамда ушбу ахборот ва ҳужжатларнинг бир нусхасини "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖга топшириши шарт.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 20 декабрь