Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Марказий банк Бошқарувининг 05.12.2025 й. 31/9-сон "Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 18.12.2025 й. 3618-1-сон билан рўйхатга олинган)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

18.12.2025 й.

N 3618-1




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

05.12.2025 й.

N 31/9


ҚАРОРИ



Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар

ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар)

бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар

тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 8 апрелдаги 7/3-сон қарори (рўйхат рақами 3618, 2025 йил 22 апрель) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2025 й., 10/25/3618/0378-сон) билан тасдиқланган Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.



Марказий банк раиси                                           Т.А. Ишметов






Қарорга

ИЛОВА



Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар

ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар)

бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар

тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар


1. 1-бандда:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи;";

учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишли равишда тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. 2-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи - қарз олувчининг истеъмол кредитлари ва (ёки) микроқарзлари бўйича жами асосий қарз (лимит) миқдорининг мазкур қарз олувчи ўртача ойлик даромади миқдорига нисбати;";

тўққизинчи-ўн иккинчи хатбошилар тегишли равишда ўнинчи-ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


3. 3-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"энг кўпи билан 15 фоизигача банк томонидан қарз олувчиларга (бундан мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган қарз олувчилар мустасно) кредитлар (микроқарзлар) беришда уларнинг қарз юки кўрсаткичи 100 фоизгача бўлиши мумкин;".


4. 7-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"банк ва бошқа қарз берувчилар томонидан келиб тушганига уч иш кунидан ошмаган кредит (микроқарз) бериш тўғрисида кўриб чиқилаётган мурожаат бўйича ўртача ойлик тўловлар;";

қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда, ипотека кредити бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун берилган субсидиялар ҳисобидан амалга ошириладиган ойлик тўловлар суммаси мазкур ипотека кредити бўйича ўртача ойлик тўловлар суммасидан чегирилиши мумкин.".


5. 8-банднинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошилари "тенг миқдорда" деган сўзлардан кейин "(аннуитет усулида)" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


6. 12-банддаги, 14-банддаги ва 16-банддаги "қарз юки" деган сўзлардан кейин "(қарзнинг даромадга нисбати)" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


7. 13-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"13. Қарз олувчининг ўртача ойлик даромадлари миқдорини ҳисоблаш мақсадида банк қарз олувчи банкка мурожаат қилган санадан олдинги камида 6 ой учун узлуксиз, бироқ 12 ойдан ошмаган муддат учун ойлик даромадларининг ўртача арифметик қийматини аниқлайди (бундан мазкур Низомнинг 17-банди биринчи хатбошисида белгиланган ҳолатлар мустасно).";

учинчи ва тўртинчи хатбошилар "қарз юки" деган сўзлардан кейин "(қарзнинг даромадга нисбати)" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


8. 18-банддаги "ҳамда" деган сўз "ва (ёки)" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


9. 19-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"тўланган солиқлар тўғрисидаги, шу жумладан давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация маълумотлари;".


10. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"20. Мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаса, банк мазкур қарз олувчи банкка мурожаат қилган санадан олдинги 18 ойлик давр ичида асосий қарзи тўлиқ тўланган кредит (микроқарз) бўйича мазкур давр ичидаги тўловларнинг камида 6 ой, бироқ 12 ойдан ошмаган узлуксиз муддат давомида тўловлари (бундан қайта тикланадиган кредит линия бўйича тўловлар мустасно) тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиши мумкин.

Бунда, қарз юки (қарзнинг даромадга нисбати) кўрсаткичи ҳисоб-китобида қарз олувчининг ўртача ойлик даромади сифатида қарз олувчининг кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловлари ўртача арифметик қиймати миқдорининг 50 фоизи олинади.".


11. 21-банд "мавжуд бўлмаса" деган сўзлардан кейин "ёки даромадлар етарли бўлмаса" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


12. Қуйидаги мазмундаги 2-1-боб билан тўлдирилсин:


"2-1-боб. Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичига қўйиладиган талаблар


24-1. Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи қарз олувчига (биргаликда қарз олувчиларга) банк томонидан:

истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз беришга ёки лимитини оширишга;

мазкур банк томонидан аввал берилган истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдорини оширишга (бундан шартномада белгиланган ўзгарувчан фоиз ставкаси ошиши муносабати билан тўловлар миқдорининг оширилиши ҳолатлари мустасно);

истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз муддатини узайтиришга;

бошқа қарз берувчининг истеъмол кредити ва (ёки) микроқарзга доир ҳуқуқларини (талабларини) сотиб олиш ёки кредитни қайта молиялаштиришга доир қарор қабул қилинганда ҳисобланиши лозим. Бунда қарз олувчининг ҳуқуқлари (талаблари) сотиб олинаётган ёки кредит қайта молиялаштирилаётган амалдаги истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз бўйича ўртача ойлик тўловлари такроран ҳисобга олинмайди.

24-2. Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи ҳисоб-китобига қуйидагилар киритилади:

банк ва бошқа қарз берувчилар томонидан келиб тушганига уч иш кунидан ошмаган истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз бериш тўғрисида кўриб чиқилаётган мурожаат бўйича асосий қарз (лимит) суммаси;

қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичини ҳисоблаш санасида қарз олувчининг барча қарз берувчилар билан тузилган истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз шартномалари бўйича асосий қарз (лимит) қолдиқ суммалари;

қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичини ҳисоблаш санасида қарз олувчи истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз шартномалари бўйича биргаликда қарз олувчи сифатида иштирок этган тақдирда, ҳар бир шартнома бўйича асосий қарз (лимит) қолдиқ суммалари;

қарз олувчи кафиллик шартномасига мувофиқ кафил сифатида иштирок этган ҳар бир истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз шартномаси бўйича тўловлар, қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичини ҳисоблаш санасида улар бўйича 30 кундан ортиқ муддати ўтган тўловлари мавжуд бўлса.

24-3. Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи ҳисоб-китобида ўртача ойлик даромад миқдори мазкур Низомнинг 2-боби 3-параграфига мувофиқ аниқланади.

24-4. 2026 йил 1 мартдан бошлаб мазкур Низомнинг 19-бандида белгиланган ҳужжат ва маълумотлар билан тасдиқланган даромадлардан фойдаланган ҳолда қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) ўртача ойлик даромадларини аниқлаш имконияти:

мавжуд бўлса, қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи 8 баробардан;

мавжуд бўлмаса, қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи 5 баробардан ошмаслиги лозим, бундан ўзини ўзи банд қилган шахс бўлган қарз олувчилар мустасно.

24-5. 2026 йил 1 мартдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахс бўлган қарз олувчилар учун қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи 8 баробардан ошмаслиги лозим.

Банк томонидан қарз олувчиларга берилган, бироқ сўндирилмаган барча кредитлар (микроқарзлар) сонининг энг кўпи билан 15 фоизигача ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида биринчи марта рўйхатдан ўтганига банкка мурожаат қилган санадан олдинги олти ойдан ошмаган қарз олувчиларга даромад олишга йўналтирилган фаолияти учун кредитлар (микроқарзлар) беришда уларнинг қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи инобатга олинмаслиги ва (ёки) ҳисобланмаслиги мумкин.

24-6. Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичига доир талаблар қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

якка тартибдаги тадбиркорларга бериладиган кредитлар;

таълим кредитлари.".


13. 30-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ипотека кредитини беришда мазкур банк томонидан қарз олувчиларга берилган, бироқ сўндирилмаган барча ипотека кредитлари сонининг энг кўпи билан 15 фоизигача бўлган миқдорида кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган меъёрлардан ортиши мумкин, бундан мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолда бериладиган ипотека кредитлари мустасно.".


14. 32-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"қарздорлик бўйича фоизлар ҳисобланмайдиган имтиёзли давр камида 45 кундан иборат бўлиши;".


15. Низомга иловада:


"б" кичик банддаги "6 750 000" рақами "7 500 000" рақами билан алмаштирилсин;


"в" кичик банддаги "4 500 000" рақами "5 000 000" рақами билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 20 декабрь