Дивидендлар: қачон солиқни тўлаш ва Ҳисоб-китобни топшириш лозим

11.03.2021

МЧЖ жорий йилнинг январь ойида ўзининг таъсисчиларига дивидендлар ҳисоблади, февралдан бошлаб эса уларни босқичма-босқич пул ва бошқа мол-мулк билан тўламоқда. Бунда қандай солиқ оқибатлари вужудга келади? Қачон солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва дивидендлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқни тўлаш лозим? Ушбу саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ жавоб берди:


Солиқ оқибатлари

- Дивидендларга тўлов манбаида солиқ солинади   .

МЧЖ иштирокчиларига дивидендлар тўлашда фойда солиғини (агар таъсисчи - юридик шахс бўлса) ёки ЖШДСни (агар таъсисчи - жисмоний шахс бўлса) қуйидаги ставкалар бўйича ушлаб қолинг:

  • 5% Ўзбекистон резидентига тўлашда  ;
  • 10% Ўзбекистон норезидентига тўлашда  . Бунда Ўзбекистоннинг икки томонлама солиқ солишни олдини олиш соҳасида халқаро шартномалари нормаларини ҳисобга олинг.

Солиқ суммасини ҳар бир олувчи бўйича ҳар бир даромад тўлашга нисбатан аниқланг .


Эътибор беринг

Дивидендлар тарзидаги даромадлар бўйича солиқни тўлаш бўйича мажбуриятлар уларни ҳисоблаш пайтида эмас, балки ҳақиқатда тўлаш пайтида юзага келади . Шу боис ушлаб қолинган солиқни бюджетга дивидендларни тўлаш санасидан кечиктирмай тўланг.

Агар сиз дивидендларни 2021 йил январда ҳисоблаган бўлсангиз, бироқ уларни ушбу ойда тўламаган бўлсангиз, сизда солиқ тўлаш бўйича мажбурият мавжуд бўлмайди. Сиз солиқни ҳақиқатда дивидендларни тўлашда тўлайсиз.

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон резидентларига тўланадиган дивидендлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида, ҳисобланган дивидендлар суммасидан илгари корхона томонидан олинган дивидендларни чегириб ташлаш мумкин .

Агар таъсисчиларнинг қарорига биноан сиз дивидендларни пул маблағлари билан эмас, балки корхонанинг бошқа мол-мулки (ТМБ, асосий воситалар, номоддий активлар ёки бошқа активлар билан) билан тўласангиз, ҚҚС, фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин.


Солиқ ҳисоботи

Сиз дивидендларни кимга - жисмоний шахсга ёки юридик шахсга тўлашингиздан ва қўлланилаётган солиқ солиш тартибидан (ҚҚС ва фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ) қатъи назар, солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган, дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлардан олинадиган солиқ Ҳисоб-китобини тақдим этинг .

Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддати - дивидендлар ҳисобланган ойдан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай. Яъни агар улар январда ҳисобланган бўлса, биринчи Ҳисоб-китобни 2021 йилнинг 22 февралидан кечиктирмай (20 февраль - дам олиш куни) тақдим этиш зарур. Кейинчалик ҳисоб-китобни дивидендларни тўлайдиган ҳар бир ой учун тақдим этинг .

Эътибор беринг!
Дивидендларни солиқ ҳисоботида қандай акс эттириш ҳақида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ ва “Норма” эксперти Наталья МЕМЕТОВАнинг қўшма тавсияларида батафсил ўқинг.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь