Стандарт ЭҲФ қандай расмийлаштирилади
Тавсияда:
– ЭҲФ қандай расмийлаштирилади:
товарларни реализация қилишда;
хизматлар кўрсатишда;
товарлар (хизматлар) бепул берилган (кўрсатилган)да;
дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилишда;
воситачилик шартномаси бўйича;
харажатларни қоплашга;
бюджет ташкилотига реализация қилишда.
Электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) айланиши тизимида ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш учун:
- электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида танлаган ЭҲФ айланиши тизими операторингиз сайтига киринг;
- «Яратиш» тугмасини босинг.
Кейинги амаллар вазиятдан келиб чиқади.
Товарларни реализация қилишда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади
Табиатнинг ёки инсон фаолияти (шу жумладан, интеллектуал фаолият)нинг қиймат баҳосига эга бўлган ва реализация қилиш учун мўлжалланган ҳар қандай предмет товар деб эътироф этилади
.
Товар деб, хусусан:
- электроэнергия;
- маълумотлар базаси;
- ахборот;
- интеллектуал фаолият натижаси, шу жумладан уларга бўлган мутлақ ҳуқуқлар тан олинади.
Солиқ солиш мақсадида мулкий ҳуқуқлар ҳам товар деб эътироф этилади. Номоддий хусусиятга эга бўлган фуқаровий ҳуқуқ объекти мулкий ҳуқуқ деб эътироф этилади, қачонки у:
- пулда ифодаланган баҳога эга мол-мулкка қаратилган бўлса;
- ушбу мол-мулкдан мустақил равишда, унга боғлиқ бўлмаган ҳолда муомалада бўлишга қодир бўлса, яъни у олди-сотди шартномасининг объекти ёхуд шартномада ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган, ушбу мулкий ҳуқуққа эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган, ўз мулкдоридан ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказиш объекти бўлиши мумкин бўлган.
Мулкий ҳуқуқлар жумласига қуйидагилар киради, хусусан:
- кредиторнинг қарздорга талаб қўйиш ҳуқуқи;
- хўжалик жамиятининг устав фонди (устав капитали)да иштирок этиш улуши;
- қимматли қоғозлар;
- муаллифнинг (ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг) интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқи;
- ҳуқуқларнинг замирида ётган мол-мулк билан боғлиқ, сотилиши ёки ўз мулкдоридан ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказилиши мумкин бўлган бошқа турлари.
Товар реализациясига ЭҲФни расмийлаштириш учун:
- ҳужжат турини – «Ҳисобварақ-фактура далолатномасиз» танланг;
- ҳисобварақ-фактура турини – «Стандарт» танланг;
- ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва санасини киритинг;
- товар юклаб жўнатилаётган шартнома рақамини ва санасини киритинг;
- харидорнинг СТИРини киритинг. Қолган маълумотлар автомат равишда юкланади;
- реализация қилинаётган товарлар бўйича жадвал маълумотларни тўлдиринг: номи, МХИК коди, ўлчов бирлиги, миқдори, нархи, акциз солиғи ставкаси (агар акциз тўланадиган товарлар бўлса) ва ҚҚС бўйича маълумотлар (ставка – 0%, 15% ёки «ҚҚСсиз» ёзуви, агар сиз ушбу солиқни тўловчиси бўлмасангиз ёки имтиёзга эга бўлсангиз);
- киритилган маълумотларни текширинг ва «Имзолаш» тугмасини босинг.
Юборилган ЭҲФ «Чиқувчи» бўлимида «Ҳамкорингиз имзоси кутилмоқда» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқланган ЭҲФда идентификация қилиш мумкин бўлган ID ва QR-кодлари пайдо бўлади.
Хизматларни кўрсатишда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter