2026 йил 1 июлдан бошлаб:
Лабораторияни маъқуллаш учун ариза юбориш Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ ЯИДХП, ДХМ ёки «Техник тартибга солиш» ахборот тизими орқали амалга оширилади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 24.06.2026 й. 323-сон «Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори)
Пенсиялар ва нафақалар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 7%га оширилади. Бунда:
а) ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 983 000 сўм;
б) ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 083 000 сўм;
в) Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
– 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 386 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 295 000 сўм;
– оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 177 000 сўм;
– оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 118 000 сўм;
г) Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 450 000 сўм;
д) иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 1 083 000 сўм;
е) меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 1 083 000 сўм;
ж) 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 4 775 000 сўм;
з) белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (983 000 сўмдан) 1 083 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига 1 083 000 сўм;
и) зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 878 000 сўм;
к) иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 878 000 сўм;
л) ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 878 000 сўм;
м) боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 878 000 сўм (кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 290 000 сўмдан қўшган ҳолда);
н) боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 878 000 сўм (кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўлаган ҳолда) этиб белгиланади.
Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 504 000 сўм этиб белгиланади.
(Президентнинг 23.06.2026 й. ПФ-115-сон «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга кўра 5 гектар ва ундан ортиқ ер участкаларида эскирган боғларни янгилаш ва саноатлашган боғларни барпо этиш тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари бўйича ва уларнинг таклифлари асосида 15 кунгача бўлган муддатда беғараз асосда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқиладиган техник шартлар ёки техник-иқтисодий асосга мувофиқ амалга оширилади.
Белгиланишича, эскирган боғларни яроқсиз деб топиш, улар ўрнида саноатлашган боғлар барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар турига ўтказиш тўғрисида хулоса қабул қилиш ваколати Агентликка ҳам берилади. Агентлик томонидан хулоса берилган санадан бошлаб:
– 12 ой давомида янги боғ ва токзорлар барпо этилмаган тақдирда, ушбу боғлар жойлашган майдонлар учун ер солиғи ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 3 бараварга оширилади;
– 24 ой давомида янги боғ ва токзорлар барпо этилмаган тақдирда, ушбу боғлар жойлашган майдонларда сув олиш тақиқланади.
(Президентнинг 09.06.2026 й. ПФ-108-сон «Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони)
Қуйидагилар кучга киради:
Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчи профессионал фаолиятларини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги низом;
(Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг АВ томонидан 09.06.2026 й. 3850-сон билан рўйхатга олинган буйруғи)
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб–таомиллари тўғрисидаги низом;
(Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг АВ томонидан 09.06.2026 й. 3851-сон билан рўйхатга олинган буйруғи)
Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция маслаҳатчиси фаолиятини бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом.
(Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг АВ томонидан 09.06.2026 й. 3852-сон билан рўйхатга олинган буйруғи)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
а) объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш «битта ариза – бир тўлов – барча уланиш нуқталари» тамойили асосида композит шаклда амалга оширилади;
б) янги объектлар бўйича лойиҳалаштириш ва қурилиш–монтаж ишларини бир вақтда амалга ошириш (параллел қурилиш) амалиёти бекор қилинади ҳамда тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич тайёрланадиган лойиҳа асосида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш тартиби жорий этилади. Бунда:
– тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳамда жалб қилинадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар (кўп квартирали уй-жойлар бундан мустасно) бўйича босқичма-босқич тайёрланадиган лойиҳа асосида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат берилади;
– қурилиш-монтаж ишлари объектнинг ҳар бир босқичи (қисми) бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилгандан ва рўйхатга олингандан сўнг режа-график асосида бошланади;
– бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларда босқичма-босқич тайёрланадиган лойиҳа асосида қурилиш-монтаж ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор (фармойиш)лари билан амалга оширишга йўл қўйилади.
(Президентнинг 04.06.2026 й. ПФ-104-сон «Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони)
Давлат ташкилотлари, шу жумладан, ижтимоий соҳа муассасалари объектларини реконструкция (модернизация) қилиш ва мукаммал таъмирлашда энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ қуйидаги талаблар жорий қилинади:
– объектлар лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш, уларни қуриш, реконструкция (модернизация) қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш жараёнида энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ тадбирлар ва иш ҳажмларининг мақбуллаштирилишига йўл қўйилмайди;
– объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда ўтказиладиган энергия аудити ҳисоботлари асосида ишлаб чиқилади (янги қуриладиган объектлар бундан мустасно). Бунда энергия аудити ҳисоботларини буюртмачиларга Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали тақдим этиш имконияти яратилади;
– марказлашган маблағлар ҳисобидан барча давлат ташкилотлари, шу жумладан, ижтимоий соҳа муассасалари биноларини қуриш, реконструкция (модернизация) қилиш ва мукаммал таъмирлашда энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар қўлланади. Бу борада ушбу биноларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда энергия самарадорлигини ошириш бўйича халқаро талаблар ва нормаларни қўллашга рухсат берилади;
– объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари улар фойдаланишга топширилгандан сўнг энергия самарадорлиги кўрсаткичи «C» тоифасидан кам бўлмаслигини назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда уларни шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказишда энергия самарадорлиги бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидалари қатъий инобатга олинади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 03.06.2026 й. 277-сон «2026-2027 йилларда ҳудудлардаги ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлиги лойиҳалари кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори)
Солиқ қўмитасига камерал солиқ текшируви талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар тақдим этилганда солиқ тўловчиларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни фаоллаштириш жараёнини тўлиқ автоматлаштириш топширилди.

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter