Всё, что важно знать бухгалтеру, – есть в Buxgalter Pro:
1.01.2019 йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган кичик корхона ҳар чоракда молиявий ҳисобот тақдим этиши керакми? Ёки илгаригидек йилда бир мартами?
Корхона ИФУТ (ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига 1-илова) кодига мувофиқ кичик корхона ҳисобланса, фақат 2019 йил якунларига кўра молиявий ҳисобот тақдим этади (3.07.2000 йилда 942-сон билан рўйхатдан ўтказилган Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисида низомнинг 4-банди). Муддати – 2020 йил 15 февралдан кечиктирмай.
Бироқ умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган корхона молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботни тузмай туриб, 2019 йилнинг I чораги учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини ҳисоблай ва туза олмайди. Ҳисоб-китобнинг биринчи сатридаёқ «Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўлангунга қадар фойда (зарар) («Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот» – 2-сонли шаклнинг 240-сатри)» номи қайд этилган.
Шу сабабли бундай корхона молиявий ҳисоботни (баланс ва 2-сонли шакл) тузади, бироқ ДСИга тақдим этмайди. Жорий йилнинг I чораги учун даромадлар ва харажатлар (9000, 9300, 9500, 9400, 9600), таннарх (9100) счётларини жамланг ва ёпинг, 2-сонли шакл «Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот»ни (МНҲ) тўлдиринг.
Агар бунгача ой, чорак «ёпилиши» кичик корхона учун якуний молиявий натижага даромадлар ва харажатларнинг барча счётларини ёпиш имконини бермаган бўлса, бунинг учун 1 С, 1 UZ ва ҳ.к. автоматлаштирилган бухгалтерия дастурларини қайта созлаш керак бўлар.
Камерал назорат якунларига кўра Фойда солиғи ҳисоб-китоби кўрсаткичларини тасдиқлашга тўғри келса, сизга жорий йилнинг I ва ундан кейинги чораклари учун тузилган МНҲ керак бўлиб қолиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2-сонли шаклдаги кўрсаткичлар минг сўмда, Фойда солиғи ҳисоб-китобида эса, солиқ ҳисоботининг бошқа шаклларида бўлгани каби, сўмда акс эттирилади. Батафсил: Фойда солиғи бўйича ҳисобот қандай тўлдирилади: кўп учрайдиган саволларга жавоблар материалида.
Татьяна Лимарева.