Маслаҳатлар

Лизингга берилган мол-мулкдан солиқ тўғрисидаги хатга қандай жавоб бериш лозим

07.05.2019

Бухгалтерлар камерал назорат якунларига кўра нафақат солиқ органлари жўнатган талабномаларга, балки ДСИ кўрсатма берган хатларга ҳам жавоб беришларига тўғри келади. Buxgalter.uz намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни talabnoma@buxgalter.uz почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!

Вазият

Корхона ДСИдан билдиришнома хат олди, унда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича илгари тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинган эди.

ДСИ кўчмас мулк қийматини баҳоловчи мустақил экспертларни жалб этган ҳолда ташқи манбалардан олинган ахборотдан фойдаланган.

Корхонанинг позицияси  

Тошкент шаҳар Олмазор тумани ДСХОга тақдим этилган Мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотномада кўчмас мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати 0 сўм миқдорида қайд этилган, бу ишончли маълумотдир.

Корхонага тегишли кўчмас мулк корхона солиқ ҳисобига олинган жойда эмас, балки Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган. Мазкур кўчмас мулк бўйича мол-мулк солиғи ҳисоб-китоби Тошкент шаҳар Миробод туманидаги, яъни кўчмас мулк жойлашган жойдаги ДСХОга тақдим этилган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кўчмас мулк объектлари компания мижозларига молиявий ижарага (лизингга) берилган. Мазкур кўчмас мулк объекти бўйича маълумотномани топшириш ва мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловларни тўлаш ижарага олувчининг (лизингга олувчининг) зиммасида.

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон билдиришномага жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Корхонамиз Тошкент шаҳар Олмазор туманида рўйхатдан ўтказилган, юридик манзили: _____________________. Мол-мулкни молиявий ижарага (лизингга) бериш хизматларини кўрсатади, ИФУТ коди – 64910.

Корхонамиз рўйхатдан ўтказилган жойдаги ДСХОга тақдим этилган 2019 йил учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномада кўчмас мулкнинг тахмин қилинаётган солиқ солинадиган ўртача йиллик қолдиқ қиймати (10-сатр) нолга тенглиги кўрсатилган.

Бу қуйидагилар билан изоҳланади:

  • Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган кўчмас мулк бўйича ушбу объектга доир Мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотнома Солиқ кодексининг 271-моддасига мувофиқ Миробод тумани ДСХОга тақдим этилган. Кўчмас мулк жойлашган жойдаги ДСХОга маълумотнома тақдим этилганда Маълумотноманинг фақат кўчмас мулк объектлари қисми тўлдирилади. Бунда солиқ ҳисобига олинган жойда маълумотнома тақдим этилганда ушбу кўчмас мулк ҳисобга олинмайди;
  • Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кўчмас мулк «___»_____2018 йилдан шартномага кўра «Наврўз» МЧЖга молиявий ижарага (лизингга) берилган. Солиқ кодексининг 266-моддаси 1-бандига мувофиқ, мазкур объект юзасидан Мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотномани Мирзо Улуғбек тумани ДСХОга ижарага олувчи (лизингга олувчи) «Наврўз» МЧЖ тақдим этиши керак.

Тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаларини илова қиламиз:

  • кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр йиғмажилдлари;
  • молиявий ижара шартномаси – ____ варақ, кўчмас мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномаси;
  • Тошкент шаҳар Миробод тумани ДСХОга тақдим этилган 2019 йил учун Мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотнома.

 

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь