Янгиликлар

Солиқ мониторингида ДСХО ўзининг асослантирилган фикрини қандай исботлайди

18.06.2019

Давлат солиқ қўмитаси Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи (ДСХО) билан солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш регламенти лойиҳасини (ID-3781) муҳокамага тақдим этди.

Солиқ мониторинги Солиқ кодексининг 76-1, 76-2, 76-3 ва 76-4-моддаларига мувофиқ амалга оширилади. Қуйидагилар:

  • солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши;
  • солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши унинг предмети ҳисобланади.

Солиқ мониторинги ўтган йил якунларига кўра, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра ЭКИҲнинг 70 000 баравари миқдоридан ортиқни ташкил этган солиқ тўловчилар учун мажбурийдир. Улар тасдиқланган шакл бўйича ариза беришлари лозим.  Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан ариза ўз вақтида тақдим этилмаганлиги ёки белгиланмаган шаклда тақдим этилганлиги, шунингдек регламент талабларига риоя этилмаганлиги ҳолатида солиқ мониторингини амалга оширишни рад этиши мумкин.

Солиқ мониторинги солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан солиқ органи жойлашган ерда мониторинг бошланадиган йилнинг 1 январидан бошланиб, кейинги йилнинг 1 июнига қадар амалга оширилади.

Уни амалга оширишда солиқ органлари солиқ тўловчидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ зарур ҳужжатлар, маълумотлар, тушунтиришларни Регламентга мувофиқ талаб қилиб олишга ҳақли:

  • корхона даромадлари ва харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • бухгалтерия ва аналитик ҳисоб маълумотлари;
  • солиқ  имтиёзлари қўлланишини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • мониторинг натижалари бўйича аниқланган корхонанинг солиқлар ва тўловлар ҳисоб-китоби бўйича тушунтиришлар.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар нотўғри ҳисобланганлиги, тўлиқ ва ўз вақтида тўланмаганлиги аниқланганда солиқ органи томонидан асослантирилган фикр тузилади. Бу солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши масалалари юзасидан солиқ органининг фикрини акс эттирувчи ҳужжатдир. 

Солиқ тўловчи асослантирилган фикрга рози бўлмаган тақдирда, ўз эътирозларини асослантирилган фикрни олган кундан эътиборан 1 ой ичида солиқ органига тақдим этади. Солиқ органи эътирозлар олинган кундан эътиборан 3 кун ичида уларни биргаликда муҳокама қилиш жараёнини бошлаш ва ўзаро келишув тузиш учун юқори турувчи солиқ органига юборади. Келишув асослантирилган фикрни тузган солиқ органи ходимлари, солиқ тўловчи ва юқори турувчи солиқ органи вакиллари иштирокида, эътирозлар олинган кундан эътиборан 1 ой ичида амалга оширилади. Ўзаро келишув натижалари бўйича шу куннинг ўзида солиқ органи томонидан солиқ тўловчига хабарнома юборилади.

 

Жорилла Абдуллаев,  

«Norma» МЧЖ етакчи эксперти.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь