Полезное для бухгалтера в ноябре:
Инвестициявий чегирма қандай қўлланилади
Buxgalter.uz молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг ўқувчилар саволларига жавобларини эълон қилишни давом эттиради.
- 2020 йилга қадар Ўзбекистонда солиқ солинадиган фойдани ишлаб чиқаришни модернизациялашга, қайта жиҳозлашга, янги технологик жиҳоз харид қилишга, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини қуриш ва реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтириш тарзидаги имтиёз амал қилган. Ушбу имтиёз 2020 йил 1 апрелдан бекор қилинади.
Мазкур имтиёзни қўллаш осон кечмас эди, сабаби:
- бу ҳисобланган амортизацияни чегириб ташлашни талаб қилар эди;
- камайтириш суммаси солиқ солинадиган фойданинг 30%и билан чекланганди, шу муносабат билан кейинги солиқ даврларига ўтказилган.
Бошқа томондан, харид қилинган асосий воситалар икки марта чегириб ташланган, биринчи марта – фойдани камайтириш ҳисобига, иккинчи марта – амортизация ҳисоблаш орқали.
2020 йилдан бошлаб бир йўла инвестициявий чегирмаларнинг янги тартиби жорий этилмоқда .
Инвестициявий чегирма қуйидаги миқдорда қўлланилади:
1) янги технологик ускуналар қийматининг, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш харажатларининг, ахборот тизимларини яратишга доир инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг дастурий таъминотини сотиб олишга йўналтириладиган маблағлар суммаларининг 10%и миқдорида;
2) ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасининг 5%и миқдорида.
Инвестициявий чегирма янги технологик ускунани ишга тушириш амалга оширилган ёхуд ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини модернизация қилиш, қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган ҳисобот (солиқ) даврида қўлланилади.
Шу билан бирга, агар инвестициявий чегирма қўлланилганидан кейин солиққа оид зарар кўрилса, корхона уни кейинги йилларга ўтказишга ҳақли.