2020 йилда солиқ тўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қандай ўзгарди

preview

Янги Солиқ кодексининг қабул қилиниши билан ўзгаришлар нафақат солиқ солиш тизими, балки солиқ тўловчиларнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳам дахл қилди. Ушбу соҳадаги янгиликлар хусусида «Норма»нинг юридик масалалар бўйича эксперти Альберт САФИН сўзлаб берди:

Солиқ тўловчиларда кўпроқ ҳуқуқлар пайдо бўлди (СКнинг 21-моддаси):

  • У текширув материаллари бўйича солиқ органи томонидан қарор қабул қилинишида иштирок этиши мумкин. Бу билан унда ўз позициясини ҳимоя қилиш, қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш ва қўшимча текширув ҳаракатларини (хронометраж, ҳужжатларни текшириш, солиқлар ҳисоблаб чиқарилишини текшириш ва ҳ.к.) амалга оширишни талаб қилиш имконияти пайдо бўлади.

Илгари солиқ органи текширув натижаларини мустақил равишда кўриб чиққан, солиқ тўловчи эса якуний қарорга қонуний усул билан таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлмаган.

  • Солиқ тўловчи солиқ органларидан оладиган барча ахборот бепул бўлиши керак.
  • Илгари солиқ тўловчи қуйидагиларни олишга ҳақли эди, энди эса солиқ органи тақдим этиши шарт:

- солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида ахборотни;

- солиқ ҳисоботининг ва аризаларнинг шаклларини;

- ҳисобот ва аризаларни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтиришларни.

  • Солиқ тўловчининг солиқ органлари билан ўзининг вакили - солиқ маслаҳатчилари ташкилоти орқали ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳуқуқи қонун билан белгиланди. Маслаҳатчилар солиқ тўловчи номидан солиқ органлари билан ёзишмалар олиб боришлари ва ҳатто солиқ ҳисоботини электрон шаклда топширишлари мумкин .

Мажбуриятларда ҳам ўзгаришлар рўй берди (СКнинг 22-моддаси):

  • Лозим даражада расмийлаштирилган чақирув хатини олганида солиқ тўловчи ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки тушунтиришлар бериш учун солиқ органига келиши шарт.
  • Солиқ тўловчи солиқ инспекциясини унинг юридик шахсларда, шу жумладан чет эл юридик шахсларида улуши борлиги ҳақида хабардор қилиши лозим, башарти у устав фондининг 10%идан ошса. Ушбу мажбуриятнинг киритилиши   2022 йил 1 январдан бошлаб ўзаро алоқадор тарафлар ўртасидаги битимларда нархнинг назорат қилиниши билан тушунтирилади. Бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ солиқ органини бундай улуш мавжудлиги ҳақида хабардор қилиш лозим.
  • Алоҳида бўлинма очишда таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишдан ташқари, бир ой муддатда бу ҳақда ўз солиқ инспекциясини ҳам хабардор қилиш зарур.
  • Ўз контрагентларининг инсофлилиги ва ишбилармонлик обрўсини текшириш солиқ тўловчининг ҳуқуқи эмас, балки мажбуриятига айланди. СК буни лозим даражада эҳтиёткорлик деб атайди. Бизнинг мақоламизда бу ҳақда батафсил ўқиш мумкин.

Солиқ тўловчи ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир барча ўзгаришлар билан жадвалда танишиш мумкин.

Бўлган эди

 Шундай бўлди

Ҳуқуқлар (СКнинг 21-моддаси)

Солиқ органларидан солиқлар, мажбурий тўловлар ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳақида ахборот олишлари мумкин эди

Барча олинадиган ахборот бепул бўлиши лозим. Мазкур ҳуқуқ қуйидагиларни олиш имконияти билан тўлдирилди:

- солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида ахборот;

- солиқ ҳисоботи ва аризалар шакллари;

- солиқ ҳисоботи ва аризаларни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтиришлар

Солиқ тўловчи текширув натижалари бўйича қарор қабул қилишда иштирок эта олмасди

Энди солиқ тўловчи текширувлар материаллари бўйича қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши мумкин. Демак, ўз позициясини ифода этиши ва қўшимча ҳужжатлар тақдим этиши мумкин

Солиқ тўловчи ўз манфаатларини шахсан ёки ўзининг вакили орқали ифода этиши мумкин эди

Солиқ тўловчининг вакили сифатида солиқ маслаҳатчилари хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи қўшилди

 Мажбуриятлар (СКнинг 22-моддаси

Солиқ тўловчи солиқ солиш масалалари бўйича тушунтириш бериш учун солиқ органига ташриф буюришга ҳақли эди

 

Энди солиқ тўловчи ҳужжатларни тақдим этиш ёки тушунтиришлар бериш учун чақирув хатини олганида солиқ органига келиши шарт

Солиқ тўловчи солиқ органларини юридик шахслардаги улушли иштироки ҳақида хабардор қилиши шарт бўлмаган

Солиқ тўловчи ўзи солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларини юридик шахслардаги, шу жумладан чет эл юридик шахсларидаги иштироки тўғрисида, агар устав капиталидаги улуши 10%дан ортиқ бўлса, хабардор этиши шарт

Юридик шахс томонидан алоҳида бўлинма очилганда таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган. Солиқ органлари бу ҳақда хабардор қилинмаган.

Энди юридик шахс ўзлари ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига алоҳида бўлинма очиши тўғрисида солиқ органини бир ой ичида хабар қилиши шарт. Шунингдек, у қандайдир ўзгартириш киритилиши тўғрисида ҳам хабардор қилиши лозим

Лозим даражада эҳтиёткорлик тушунчаси йўқ эди. Солиқ тўловчи контрагентни текшириши мумкин эди, бироқ унда бундай мажбурият йўқ эди

Энди солиқ тўловчи лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шарт. Яъни - контрагентни танлаш чоғида унинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини, ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси, ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини ва битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб кўради

Солиқ органи солиқ текшируви доирасида ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли эди

Солиқ органи қуйидагиларда ҳужжатларни талаб қилиб олиши мумкин:

- камерал  ва солиқ текширувларида;

- трансферт нархни белгилашда назорат дорасида;

- контрагентлар ва текширилувчи билан боғлиқ бошқа шахслардан (бошқа шахслардан ҳужжатларни талаб қилиб олиш)


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text158279_2020_yilda_soliq_tulovchining_huquq_va_majburiyatlari_qanday_uzgardi