ЖШДС ҳисоб-китобида нимага эътибор қаратиш лозим

preview

Эътибор беринг
“5-вазият” қисмида материал қўшимча тўловларни жисмоний шахснинг даромад турига киритиш мезони билан тўлдирилди – ушбу тўловлар ФҲТ шартномада назарда тутилганми.
Муайян ҳолатларда жисмоний шахслар даромадларининг айрим турлари “даромад” ёки “даромад эмас” деб эътироф этилиши мумкин. Бу уларни СК бўйича таснифлаш, шунингдек бошланғич ҳужжатларни тўғри расмийлаштиришга боғлиқ. Уларни қандай чегаралаш ва уларга ЖШДС солиниши ёки солинмаслигини аниқлашни “Норма” эксперти  Дилором САИДОВА тушунтирди.

- Жисмоний шахс солиқ базасига киритилмайдиган даромадларни олиши мумкин. Уларнинг рўйхати СКнинг 369-моддаси 1-қисмида келтирилган. Мисол учун:

  • бир йўла бериладиган давлат пул мукофоти;
  • олинган алиментлар;
  • донорлик учун пул мукофотлари;
  • қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар.

Шунингдек, корхона жисмоний шахс фойдасига харажатлар қилиши мумкин, бироқ уларнинг баъзилари жисмоний шахснинг даромади бўлмайди. Бундай тўловларнинг рўйхати СКнинг 369-моддаси 2-қисмида келтирилган. Мисол учун:

  • меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда банд бўлган ходимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган шўр сув, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш бўйича харажатлари;
  • фавқулодда ҳолатлар муносабати билан етказилган зарарлар суммаси доирасида бериладиган моддий ёрдам суммалари;
  • ходим бошқа жойга ишга ўтказилганда ёхуд кўчиб борганда кўчиш, мол-мулкини кўчириб бориш, жой ижараси (йўл харажатлари учун бериладиган пул) билан боғлиқ харажатларни тўлаш ёки бу харажатларнинг ўрнини қоплаш ва ҳ.к.

Бироқ амалиётда кўп нарса ҳужжатларни тўғри расмийлаштиришга ҳам боғлиқ.

Масалан, ходим хизмат сафари ҳақини олди. Агар хизмат сафари бўйича барча ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилган ва тўловлар қонунчиликда белгиланган нормалар доирасида амалга оширилган бўлса, улар ходимнинг даромади деб эътироф этилмайди . Агарда расмийлаштиришда камчиликлар бўлса, тўловларнинг ўзи эса нотўғри ёки белгиланган нормалардан ортиқча амалга оширилган бўлса, ходим ЖШДС тўлашига тўғри келади .

Амалиётдан бир нечта вазиятларни кўриб чиқамиз.

1-вазият.

- Ходим хизмат сафаридан кейин бухгалтерияга йўл ҳужжатларини топширмади. Унга қопланадиган транспорт харажатларига ЖШДС солиш зарурми?

- Хизмат сафари жойига бориш ва ундан қайтиб келиш бўйича харажатлар ходимга барча транспорт турлари йўл ҳақи қиймати миқдорида қопланади, такси бундан мустасно. Агар йўл ҳужжатлари бўлмаса ёки ходим такси хизматидан фойдаланган бўлса, корхона раҳбари бундай йўл ҳақи учун тўловни амалга ошириш  масаласини ўз ихтиёрга кўра ҳал қилишга ҳақли бўлади. Бунда қопланадиган сумма  хизмат сафари жойига темир йўл транспортидаги йўл ҳақи қийматидан ва йўловчиларни авиаташиш тарифининг 30%идан ошмаслиги керак. Ушбу суммалар доирасида қоплашга ЖШДС солинмайди . Бундан ортиқча барча суммалар ходим учун компенсация тўловлари ҳисобланади, ЖШДС солинади .

2-вазият.

- Ходим корхонадан мол-мулкни мулк қилиб олди. Ходимда қандай  солиқ оқибатлари юзага келади?

- Бундай вазиятда олинган мол-мулк ходим учун қандай даромад тури ҳисобланишини аниқлаш зарур. Бу муҳим, сабаби жами даромаднинг турли ташкил этувчиларига турлича солиқлар солинади:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга – ЖШДС ва ижтимоий солиқ;
  • моддий наф тарзидаги, мулкий ва бошқа даромадларга – фақат ЖШДС.

3-вазият.

- Корхона ходимга хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкасини берди.

- Мазкур ҳолда йўл карточкаси қиймати унинг учун даромад ҳисобланмайди . Бинобарин, ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.

 

Эътибор беринг
Хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкасини беришни, қандай қатновлар учун ундан фойланилишини кўрсатган ҳолда раҳбарнинг буйруғини расмийлаштириш зарур. Ойнинг охирида фойдаланилган карточкани бухгалтерияга топшириш зарур. Акс ҳолда солиқ органлари йўл карточкасини беришни компенсация тўлови деб эътироф этишлари ва қўшимча ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоблашлари хавфи мавжуд.

 

4-вазият.

- Корхона штатдаги ходим учун авиачипта сотиб олди ва меҳмонхонада яшаши учун тўловни амалга оширди.

- Хизмат сафарига юборилган штатдаги ходим учун авиачипта ва яшаши учун харажатлар белгиланган нормалар доирасида унинг харажатлари ҳисобланмайди   .

5-вазият.

- Корхона жисмоний шахс билан ФҲТ шартнома тузди ва унинг йўл ва яшаш харажатлари учун тўловни амалга оширди.

- Жисмоний шахснинг ФҲТ шартнома бўйича кўрсатилган хизматлар учун олган ҳақи меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради . Қўшимча тўловларни жисмоний шахснинг қайси даромадларига киритиш улар ФҲТ шартномада назарда тутилган ёки тутилмаганлигига боғлиқ.

1. Қўшимча тўловлар ФҲТ шартномада назарда тутилган.

Бу ҳолда уларни бажарувчи ҳақининг бир қисми сифатида ҳисоблаш ва ЖШДС, ШЖБРҲ ва ижтимоий солиқ солинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киритиш мумкин.

2. Қўшимча тўловлар ФҲТ шартномада назарда тутилмаган.

Бу ҳолда мазкур харажатлар жисмоний шахснинг ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромади бўлади”.

 

Эътибор беринг
Меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги (топшириқ, пудрат ва ҳ.к.) шартномаларни аниқ ажратиб олиш зарур. Баъзан пудратчига тўланадиган айнан битта даромад тури унинг жами даромадига киритилади, ходимга тўланганлари эса –йўқ.