Агар тизим онлайн-НКМ чекини рўйхатдан ўтказмаса, нима қилиш керак

preview

Тадбиркорлик субъекти корпоратив карта орқали ташкилот эҳтиёжлари учун маҳсулотлар харид қилди. Сотувчидан иккита чек олди - онлайн-НКМ (виртуал касса) ва тўлов терминали чеки. Бироқ ДСҚ ахборот тизими ҳисобга олиш учун онлайн-НКМ (виртуал касса) чекини рўйхатдан ўтказишни рад этди. Бунинг сабаби нимада эканлиги ва уни қандай тузатишни buxgalter.uz илтимосига биноан  ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ бўлим бошлиғи Шерзод ТЕШЕБАЕВ тушунтирди:


- Бундай ҳол турли вазиятларда рўй бериши мумкин. Аниқланган камчиликларни бартараф этган ҳолда чекни рўйхатдан ўтказиш мумкин.  Энг кўп тарқалган вазиятларни кўриб чиқамиз:


1.
Онлайн-НКМ (виртуал касса) чекида хато мавжуд

Масалан, ҚҚС тўловчиси бўлган сотувчи чекда ҚҚСни кўрсатмаган ёки “терминал” тўлов шакли ўрнига “нақд” кўрсатилган.

Ечим: харидор сотувчига чекдаги хатони тузатиш талаби билан мурожаат қилиши керак. Бу қандай амалга оширилиши ҳақида биз бу ерда батафсил ёзганмиз.


2. Сотувчида рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси (ҚҚС тўловчиси рақами) мавжуд эмас

Бу иккита ҳолда бўлиши мумкин:

  • у - айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси;
  • у солиққа оид қонунчиликни бузганлик учун рақамдан маҳрум қилинган.

Ечим: ҳисобга олиш ҳуқуқи фақат сотувчи ҚҚС тўловчиси бўлган ва ҚҚС тўловчиси рақамига эга бўлганда юзага келади. Агар ушбу талаблардан бири бажарилмаса, демак, ҳисобга олиш ҳақида ҳам гап бўлиши мумкин эмас. Сотувчи ҚҚС тўловчиси ҳисобланиши ва унда тўловчи рақами мавжудлигини ДСҚ сайти функционали ёрдамида билиш мумкин.

Эътибор беринг!
Корпоратив карта орқали харид учун берилган онлайн-НКМ (виртуал касса) чеклари кейинги ойнинг 5 кунига қадар рўйхатдан ўтказилган бўлиши кераклигини унутманг. Агар рўйхатдан ўтказиш муддати ўтган бўлса, ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланиш учун сотувчидан чек суммасига ЭҲФ тақдим этишни сўраш зарур.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади