Савдо ташкилотларига ҳисобварақ-фактура расмийлаштиришда нимага йўл қўйиб бўлмайди

preview

Вuxgalter.uz илтимосига биноан ЭҲФни тўлдиришда савдо ташкилотлари нимага эътибор қаратишлари зарурлигини  2021 йил биринчи ярим йиллиги  солиқ текширувлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА гапириб берди:

 

- Текширувчиларнинг диққат марказида - ҳисобварақ-фактуралар. Солиқчилар ҳисобварақ-фактуралар реестрларини юклаб оладилар ва деярли ҳар бир ҳужжатни синчиклаб ўрганадилар. Компьютер технологиялари ушбу ҳужжатларда маълумотларнинг барча номувофиқликларини аниқлашга ёрдам беради.

Ҳуқуқбузарликлар ва хатолар, кутилганидек, кўп аниқланади. Бир томондан бунга тадбиркорлар мораторий вақтида бўшашганликлари ҳисса қўшди. Бошқа томондан - сўнгги икки йилда талай техник ва қонунчилик янгиликлари бўлди, уларга мослашиш, улар билан ишлашни ўрганиб олиш зарур эди.

Бухгалтерларнинг, қоидага кўра, қўшимча ҳисоблашлар ва жарималарга олиб келадиган энг кенг тарқалган камчиликларига эътиборни қаратишни хоҳлайман.

Ушбу материалда савдо ташкилотлари муаммоларига тўхталамиз.

Солиқчилар товарларнинг камомади ёки ортиқчасини қандай ҳисоблашади

Фараз қиламиз, солиқ органи камерал текширув доирасида 01.07.2021 йил ҳолатига моддий (товар) ҳисоботини тақдим этишни сўради. Сиз уни тақдим этасиз, солиқчилар уни формула билан солиштирадилар:

(01.01.2021 й. ҳолатига баланс бўйича товарлар қолдиғи) + (Сотиб олинган ЭҲФ бўйича товар кирими) - (Реализация қилиш бўйича ЭҲФ) = 01.07.2021 йил ҳолатига товарлар қолдиғи.

 

Агар якун мос келмаса, оғиш сабабини тушунтиришга тўғри келади:

  • ТМҚни қайта навлаш;
  • ТМҚни ҳисобдан чиқариш;
  • бошқа сабаблар.

Бунда барча оғишларни ҳужжат билан тасдиқлашга тўғри келади. Бунинг учун эса ЭҲФлар ниҳоятда аниқ бўлиши керак.

ЭҲФнинг энг заиф жойи - бу товарлар номи, МХИК, ўлчов бирликлари. Рисолада бундай бўлиши керак: ҳисобварақ-фактура бўйича нима сотиб олган бўлсангиз, суммада товарларни реализация қилишда (чиқиб кетишида) расмийлаштириладиган ҳужжатларнинг маълумотлари ҳам чиқиши керак. Акс ҳолда ҳаммаси товар камомади ёки ортиқчаси сифатида талқин қилиниши мумкин.

Бироқ амалиётда барчаси бунчалик силлиқ эмас. Баъзан  тадбиркорлар ўзларини бундай вазиятларга олиб келишади, бунда ниманидир исботлаб бериш жуда мураккаб бўлади.

Товарлар номи

Илгаригидек уларда товар позицияларини белгилаш учун товар гуруҳлари номидан фойдаланиладиган ҳисобварақ-фактуралар муомалада. Масалан, “маиший техника”, “салқин ичимликлар”, “сут маҳсулотлари”. Бу -нотўғри!

Товарнинг идентификация рақами - штрих-кодида шифрланганидек, товарнинг аниқ номини кўрсатиш лозим. Шу тарзда ҳисоб шаффоф ва тушунарли бўлади. Бўлмаса кейин “сутли маҳсулотлар”дан сизда иккита қадоқ творог бузилгани, қолган барчаси эса - сут, сметана, йогурт ва бошқалар - меъёрда бўлганини исботлаб кўрингчи.

Бунда, агар ЭҲФга асосан “Коровка” сути, 3% 1 л “Тетра пак” сотиб олган бўлсангиз, ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКМ  чекларида ушбу маҳсулотни сотишда у айнан шундай номланиши керак, ўзгача эмас.

Бундай аниқ ёзувлар текширувчиларда ҳеч қандай шубҳаларни уйғотмайди. Ва ҳар доим - нима бор бўлгани, нима сотилгани, нима қолганини - ортиқча саволларсиз аниқ ҳисоблаш мумкин бўлади.

МХИК кодлари, штрих-кодлари ва рақамли маркировкалаш коди

Барча ушбу янгиликлар текширувчилар тадбиркорлик субъектларидан товарни идентификациялаш имконини берадиган кўпроқ аниқликни хоҳлашларини кўрсатади.

Амалиётда тажриба режимида ҳисобварақ-фактураларда МХИК кодлари ва штрих-кодлари мажбурий бўлди.

Солиқчилар огоҳлантиради: МХИКнинг ЭҲФ, онлайн-НКМ (виртуал кассалар) чеклари ва электрон шартномаларда нотўғри акс эттирилиши маълумотларнинг нотўғри шакллантирилишига, сотиб олинган (кирим қилинган) ва реализация қилинган маҳсулотнинг мувофиқ келмаслигига олиб келиши мумкин. МХИК, штрих-кодлар тизими ғояси нуқтаи назаридан - бу тўғри. Ва амалиётда текширувчилар МХИКни қўллаш билан боғлиқ номувофиқликлардан хато топдилар.

Бироқ солиқ тўловчиларга ёрдам тариқасида шуни айтишни истайманки, МХИК тизими ҳали охиригача ишланмаган, ундан назорат инструменти сифатида фойдаланишга ҳали эрта. МХИК жорий этилган пайтдан эътиборан бир йил ҳам ўтмади,  бироқ биз 5 белгили МХИКдан фойдаландик, кейин - 8 белгилидан, айрим тоифадаги тадбиркорлик субъектларида оралиқда 12 белгили ҳам бўлди. Ва ҳозир барчамиз 17 белгили МХИКга ўтмоқдамиз. Ушбу ўтишлар улкан ўзгаришлар билан бирга кечади, уларда кўрсаткични аниқ ва тўғри қўллашни кузатиб бориш анчагина мураккабдир. Бугун - бундай МХИК, эртага - бошқача, бунда нафақат сон қийматлари, балки товарлар гуруҳлари ҳам ўзгаради.

Ўлчов бирликлари

Келиб чиқадики, бизнес нормал фаолият кўрсатиши учун бизга жуда кўп турли ўлчов бирликлари керак. Барчаси товарнинг хусусияти ва уни сотишнинг мақбул шаклларига боғлиқ.

Бугун ЭҲФ тизимининг ўлчов бирликлари маълумотномаси 100 дан ортиқ позицияни ўз ичига олади. Агар улар орасида буткул сизнинг талабларингизга жавоб берадигани бўлмаса, “Янги технологиялар” ИАМга сизга керакли ўлчов бирлигини киритиш зарурлиги илтимоси билан мурожаат қилинг. Бу нафақат сизга, балки сизнинг товарларингизни сотишга жалб қилинган бошқа тадбиркорлик субъектларига ҳам нотўғри қўлланилиши билан кўплаб хато ва номувофиқликларнинг олдини олиш имконини беради.

Эътибор беринг!
Ҳурматли бухгалтерлар, ўлчов бирликларига эътиборли бўлинг! Солиқ текширувлари чоғида жуда кўп механик хатолар аниқланади. Баъзан “Қути” ўлчов бирлиги ўрнига “Дона” ва ҳ.к. кўрсатилади. Солиқчилар бундай номувофиқликларни ҳам топишади ва тушунтиришлар талаб қилишади, агарда ишонарли жавобни олишмаса - жарималар ва қўшимча солиқлар ҳисоблаш билан жазолашади.

Бухгалтерга маслаҳат беришга тўғри келган, маълум бўлишича, у тонна ўрнига килограммни кўрсатган. Гап цемент хусусида борган... Натижада у текширувда ҳеч нарсани исботлай олмаган. Тафовут улкан бўлган, ҳаммаси қўшимча солиқлар ҳисоблаш билан якунланган.

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади