Керакли МХИКни излашнинг янги усуллари

preview

Маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги янгиланган порталининг ишга туширилиши ДСҚдан янги йил совғаси бўлди. Янги функционал МХИКни излашни анча соддалаштиради ва бу жараённи янада қулайроқ бўлиши учун хизмат қилади. Buxgalter.uz функционал билан ишлашга уриниб кўрди.

 

Tasnif.soliq.uz да янгилик:

1. МХИКни автоматик излаш функционали ишга туширилди

Масалан, сиз излаш сатрига товарнинг номини қисман ёки имло хатолар билан киритсангиз, ёхуд фақат МХИК ёки ТИФ ТН рақамларининг айримлари ёдингизда бўлса, тизим сизга МХИКни топишга кўмаклашиши учун ушбу маълумотларнинг ўзи етарлидир. Фақат маълумотларни киритишда ушбу лавҳалар қаердан олинганлигини кўрсатишни унутманг: «матн бўйича излаш» (товарнинг сўз орқали ифодаланган номи), «МХИК бўйича излаш», «штрих-код бўйича излаш», «ТИФ ТН коди бўйича излаш». Бунда тизим сизга тўлиқ ёзилган вариантларни таклиф қилади.

 

2. Каталогнинг электрон онлайн-версияси мавжуд

Ушбу версия автоматик излашда бирор нарса эътибордан четда қолмаганлигига ишонч ҳосил қилишда ёрдам беради. Илгари Excel да берилган узундан-узун рўйхатни кўриб чиқишга тўғри келган, бу ноқулай бўлиб, керакли МХИКни ўтказиб юбориш эҳтимолдан холи бўлмаган. Онлайн-версия товарингиз учун мос МХИК бор-йўқлигини тезда текшириб олишга ёрдам беради.

 

3. «Юлдузчалар» билан белгиланган МХИК

Бундай МХИКни ўзига хос хусусиятларсиз барча маҳсулотларга қўллаш мумкин. Масалан, 00405001001000000 – бу сариёғга тегишли МХИК. Бу код «юлдузчалар» билан белгиланган ва уни ишлаб чиқарувчи ким бўлишидан қатъи назар, исталган сариёғга қўллаш мумкин.
Мана бу – 00405001001001001 – МХИК ҳам сариёғники, бироқ маълум бир ишлаб чиқарувчи томонидан тайёрланган муайян маркадаги сариёғга хосдир. Мазкур ҳолатда – бу 200 граммли, каширланган зарқоғозга ўралган «Gold Новинка» сариёғидир. Айнан шу маҳсулотни сотадиган бўлсак, унга фақат мазкур МХИКни қўллашимиз керак.

Агар таснифлагичда товарингизга хос МХИК мавжуд бўлмаса, сиз ўзингизга мос келадиган «юлдузчали» МХИКдан фойдаланишингиз мумкин.

 

4. Саволларга жавоб бериш орқали керакли МХИКни излаш

Бу керакли МХИКни излашнинг янги усулларидан бири ҳисобланади, ҳозирча тест режимида ишлаяпти. Тизим кетма-кет бешта саволга жавоб бериш орқали ишлайдиган қилиб тузилган, бу саволлар тизим томонидан берилади. Натижада мос МХИК мавжуд бўлса, тизим томонидан тақдим этилади.

 

5. Янги МХИК киритилиши учун аризанинг янги шакли

Ўтган ойда МХИК сони деярли 30 мингтага ошганлигига қарамай, товарингиз ёки хизматларингиз учун айнан мос келадиган код бўлмаслиги ҳам мумкин. Ёки товарингизни бошқа шунга ўхшаш маҳсулотлар орасида идентификациялаш осон бўлиши учун ўз товарларингиз учун мос бўлган МХИКни киритишни хоҳлайсизми?

Иккала ҳолатда ҳам ДСҚга махсус МХИК учун ариза берилиши лозим. Энди tasnif.soliq.uz сайтида ариза қатъий белгиланган шаклга эга, бу эса аризанинг тезкор кўриб чиқилишига имконият яратади.

Якунда шуни эслатиб ўтамиз, МХИКни танлаш товарлар ва хизматларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларнинг зиммасига тушади. Бозорнинг бошқа иштирокчилари – чакана ва улгуржи савдо корхоналари олинган товарлар бўйича тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган МХИКдан фойдаланишлари лозим.

Манбага қаранг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.