СК–2022: юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича қандай ўзгартиришлар киритилди

preview

Солиқ ставкаларига, алоҳида ер майдонлари бўйича камайтирувчи коэффициентларни қўллаш тартибига, ҳисоб-китобларни тақдим этиш ва дастлабки тўловларни амалга ошириш муддатларига тааллуқли тузатишлар киритилди. Яна бир янгилик: энди солиқдан озод этилганлар ҳам солиқ тўлайдиган бўлдилар.

 

1. Ставкалар

2022 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғининг ўртача 1,07 бараварга индексация қилинган янги базавий ставкалари белгиланди.

Бунда солиқ ставкаларининг аниқ миқдорини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан базавий ставкалар асосида туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиши ва нуфузидан келиб чиқиб оширувчи ва камайтирувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда аниқлаш тартиби сақлаб қолинди.

 

2. Камайтирувчи коэффициентлар

СКнинг 429-моддаси 6-қисмида назарда тутилган алоҳида ер участкалари бўйича солиқ ставкасига 0,3 (илгари 0,25 эди) коэффициент белгиланди.

Бунда линияли объектларга нисбатан республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳри бўйича ўртача белгиланган солиқ ставкасига 0,3 коэффициенти қўлланилади.

Ўртача солиқ ставкаси қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органи томонидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари белгилаган солиқ ставкалари асосида аниқланади ҳамда улар ҳар йили 5 январга қадар солиқ тўловчилар эътиборига етказилади.

Ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларидан иборат бўлган юридик шахсларга нисбатан ер солиғи ставкасига 0,25 коэффициенти сақлаб қолинмоқда.

 

3. Имтиёзлар

2022 йилдан бошлаб геология-қидирув ва (ёки) қидирув ишлари учун ажратилган ер участкалари солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди.

 

4. Муддатлар

Солиқ тўловчиларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботларини 2022 йил 1 февралга қадар тақдим этиш ҳуқуқи берилди .

ҚҚС ва фойда солиғини тўловчилар дастлабки тўловни йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида 2022 йил 1 февралга қадар амалга оширишлари мумкин .

 

5. Имтиёзга эга бўлганларга солиқ солиш

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилган солиқ тўловчилардан ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг 1%ни ундириш тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

Ушбу тартибни жорий қилиш учун қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиши талаб этилади .