Полезное для бухгалтера в ноябре:
Банк конвертацияни рад этса
“2022 йилнинг май ойи якунида биз ўғитлар етказиб беришга контракт туздик, 3 июнда конвертация учун махсус ҳисобвараққа пул жўнатдик. Пуллар бир ой давомида махсус ҳисобварақда турди, банк конвертацияни бермади. Ойнинг охирида пуллар ҳисобвараққа қайтарилди. Ахир конвертация ёпиқми?”.
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Марказий банкнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти директори ўринбосари Шавкат РАСУЛЕВ жавоб берди:
– Банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақилдир .
Банк ҳисобварағи шартномаси бўйича банк (ёки бошқа кредит муассасаси) ҳисобварақ эгасининг ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, унинг ҳисобварақдан тегишли суммаларини ўтказиш ва тўлаш ҳамда ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш ҳақидаги фармойишларини бажариш мажбуриятини олади .
Хўжалик юритувчи субъектлар чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун хизмат кўрсатувчи банкка буюртма тақдим этадилар . Унда ўзининг номи, валюта тури ва суммаси, сотиб олиш ёки сотиш курсини кўрсатадилар.
Чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этилаётган буюртмада уни сотиб олиш мақсадини кўрсатиш ва валюта операцияларини асословчи ҳужжатларни илова қилиш ҳам зарур.
Чет эл валютасини сотиб олиш учун буюртма банкнинг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан қабул қилинган кундан кейинги банк иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижаси бўйича буюртмани қаноатлантириш ёки уни асослантирилган ҳолда рад этиш тўғрисида хулоса тасдиқланади.
Таркибий бўлинма фаолиятини назорат қилиш ҳамда буюртмани кўриб чиқиш натижаси бўйича тайёрланган хулосани тасдиқлаш банк бошқаруви раиси ўринбосарларидан бири томонидан амалга оширилади. Шунингдек у буюртма бўйича хулосанинг қонунийлиги учун жавобгар ҳисобланади.
Банклар:
- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига;
- солиқ ҳамда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишга мувофиқ ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туришга ёки уларни амалга оширишни рад этишга ҳақли .
Мижоз ҳисоб-китоб операцияларига доир барча масалалар бўйича унга хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилади. Банк ва мижоз ўртасидаги низолар улар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасига мувофиқ ҳал қилинади. Ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда, низолар суд орқали ҳал этилади .