СКга ўзгартиришлар: савдо комплекслари ва меҳмонхоналар, туризм ҳудудлари

preview

Молия вазирлиги 26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонуни билан СКга киритилган янгиликларни тушунтиради. Ушбу материалда - савдо комплекслари ва меҳмонхоналар учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи, туризм ҳудудларида солиқлар ҳақида: 

 

Савдо комплекслари ва меҳмонхоналарга ер солиғи ва мол-мулк солиғи 10 баравар камайтирилди

Имтиёз 5 йил, 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар амал қилади.

Агар гап 2027 йил 1 январга қадар янгидан қуриладиган объект ҳақида борса, у ҳолда имтиёз фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 5 йил муддат давомида қўлланилади.

Имтиёз қуйидагиларга татбиқ этилади:

  • майдони 5 000 кв.метрдан юқори бўлган савдо комплекслари;
  • меҳмонхоналар (жойлаштириш воситалари).

Улар мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкаларига 0,1 коэффициентини қўллашлари, яъни солиқлар суммаларини 10 баравар камайтиришлари мумкин .

Фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда ушбу объектлар (савдо комплекслари, меҳмонхоналар) қийматини 2 йил давомида чегириб ташланадиган харажатларга киритиш мумкин. Яъни ҳар йили объект қийматининг 50% миқдорида амортизация қўллаш ҳамда шу даврда фойда солиғи бўйича солиқ базасини ва солиқни камроқ тўлаш имконияти яратилади.

Масалан, корхона солиқ солиш мақсадларида савдо комплекси бўйича амортизациянинг 5% нормасини қўллайди. Бу ушбу объект қийматини амортизация харажатлари орқали 20 йил давомида чегирилишини билдиради. Преференция объектнинг бутун қийматини 2 йилда, яъни 10 баравар тезроқ чегириш имконини беради.

 

Туризм ҳудудларида солиқлар камаяди

Имтиёз туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда қуйидаги хизматларни кўрсатаётган ташкилотлар учун 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар амал қилади :

  • умумий овқатланиш;
  • меҳмонхона (жойлаштириш воситалари);
  • савдо;
  • кўнгилочар;
  • туроператор ва турагент хизматлари.

Туризм ҳудудлари рўйхати 27.01.2022 йилдаги ПҚ-104-сон қарорга 1-иловада келтирилган.

Бунда:

  • айланмадан олинадиган солиқ бўйича ставка 1%гача камайтирилди.

Айланмадан олинадиган солиқ ставкалари фаолият турига боғлиқ ва 1%дан 25%гачани ташкил қилади . 2022 йил 1 апрелдан бошлаб белгиланган хизматлар турларини кўрсатувчи туризм ҳудудларидаги барча айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун солиқ ставкаси 1%ни ташкил этади.

Масалан, туризм ҳудудида жойлашган ташкилот меҳмонхона хизматларини кўрсатади ва айланмадан олинадиган солиқни 4% ставка бўйича тўлайди. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 1% ставка қўлланган тақдирда бундай ташкилот учун айланмадан олинадиган солиқ 4 баравар қисқаради;

  • мол-мулк солиғи ва ер солиғи ҳисобланган сумманинг 1%и миқдорида тўланади. Яъни ушбу солиқлар 100 баравар қисқаради.

Масалан, туризм ҳудудида жойлашган ташкилот мол-мулк солиғини 2022 йил учун белгиланган ставкалар бўйича 24 000 минг сўм миқдорида ҳисоблаб чиқарди ва ҳар чоракда 6 000 минг сўм (24 000/4) суммада бўнак тўловлари тўлайди. 2022 йилнинг II чорагидан бошлаб бўнак тўловлари 60 минг сўмни (6 000 х 1%) ташкил қилади.

Ер солиғи ҳам шу тарзда камайтирилади.

Манбага қаранг.

26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонуни билан СКга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан тушунтиришлар бериш бўйича ишлар давом эттирилади.

Молия вазирлиги 

Ахборот хизмати