Йирик солиқ тўловчилар МҲХС бўйича биринчи йиллик ҳисоботни қачон топширишлари керак

preview

Яқинда Солиқ қўмитаси сайтида 2023 йилнинг 1 октябри ҳолатига йирик солиқ тўловчиларнинг янгиланган рўйхати эълон қилинди. Рўйхатга янги киритилганлар МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни қайси давр учун топширишлари кераклиги ҳақидаги фикри билан МҲХС, ДипИФР бўйича эксперт Иброҳим АХМАДХОНОВ ўртоқлашади:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

01.10.2023 йил ҳолатига йирик солиқ тўловчилар рўйхатини юклаб олиш.

 

– Йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган корхона:

  • ўзи жойлашган жойдаги давлат солиқ инспекциясидан Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига (ҲСИ) ўтиши ;
  • МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиши ва молиявий ҳисоботни тайёрлаши керак .

ҲСИда ҳисобга қўйиш борасида ҳаммаси тушунарли бўлса-да, МҲХСга ўтиш билан боғлиқ талай саволлар мавжуд, уларга қонун ҳужжатларида аниқ жавоб берилмаган. Улардан бири – йирик солиқ тўловчи мақомини олган корхона МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни қайси давр якунлари бўйича тақдим этиши керак?

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 24 февралда чиққан ПҚ-4611-сон қарор йирик солиқ тўловчиларга 2021 йил якунлари бўйича МҲХС асосида молиявий ҳисоботни топширишга кўрсатма берган. Эътибор беринг: 2020 йил эмас, балки 2021 йил якунлари бўйича. Солиқ тўловчига, моҳиятан, МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботни тайёрлаш учун 2 йил берилган. 2021 йил якунлари бўйича у тахминан 2022 йилнинг февраль-март ойларида, яъни Қарор чиққанидан кейин тахминан 2 йилдан кейин тайёрланган бўлиши керак эди.

Агар ПҚ-4611-сон қарор шундай талқин қилинса, 2023 йилда йирик солиқ тўловчиларга айланганлар 1-сон МҲХСга (IFRS) мувофиқ молиявий ҳисоботни 2024 йил якунлари бўйича, яъни 2025 йилда топширишлари мумкин.

2024 йилни МҲХСга ўтиш йили деб белгилаш ва МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботни 2025 йилда топшириш янги йирик солиқ тўловчиларга МҲХСга ўтиш режасини тузиш учун бироз вақт беради. Бу мураккаб ва комплекс жараён:

  • ҳисобдаги асосий операцияларни (активлар ва мажбуриятларни тан олиш, даромадлар ва харажатларни акс эттириш), шунингдек уларни ҳужжатлар билан расмийлаштиришни (шартнома шартлари ва ҳоказо) таҳлил қилган ҳолда, ҳисоб сиёсатининг муҳим жиҳатлари ҳақида қарор қабул қилиш зарур;
  • МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботни тайёрлаш жараёнида МҲХС бўйича молиявий ҳисоботда акс эттирилган суммаларга жиддий таъсир қиладиган баҳолашдаги муҳим тахминлар ва ноаниқликлар ҳақида қарор қабул қилиш лозим. Халқаро аудиторлик тармоғи аудиторлари мазкур ахборотни алоҳида эътибор билан текширадилар. Пировардида ҳисоботни қайта тузмаслик учун уни олдиндан аудитор билан келишган маъқул;
  • ўтишнинг амалий жиҳатларига келсак, дастлабки вақтда кўпроқ MS Excelда БҲМСдан МҲХСга трансформация қилиш усулидан фойдаланиш керак бўлади. Демак, трансформация модели, ҳисобот шаклларини, шунингдек, трансформация тузатишлари ҳисоб-китоби моделлари ва шуъба корхоналаридан улар учун, шу жумладан уларнинг ҳисоботларини консолидациялаш учун маълумотлар йиғиш шаклларини ишлаб чиқиш лозим бўлади;
  • МҲХСга ўтиш режасига уларни МҲХСга ўтишда бошқарган ҳолда мутлақо барча шуъба ва қарам жамиятларни киритиш лозим, сабаби МҲХСга асосан компания фақат МҲХС бўйича консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлаши шарт;
  • МҲХС бўйича транзакция бухгалтерия ҳисоби учун тегишли дастурий таъминотни жорий этиш лозим, бу компания ичидаги ҳамда потенциал унинг ташқарисидаги кўплаб иштирокчилар (услубиятчилар, интеграторлар ва ҳоказо) билан мустақил ҳажмли ва узоқ муддатли лойиҳани намоён қилади.

МҲХСга ўтишда ҳал қилиш лозим бўлган бошқа муаммолар ҳам мавжуд. Умуман, бу кўп сонли иштирокчиларни ва амалиётда биринчи марта МҲХСга дуч келаётганлар учун кўплаб номаълумлар билан аҳамиятли бюджетни жалб қилишни талаб қиладиган  мураккаб  ва узоқ муддатли жараёндир.

2024 йилни МҲХСга ўтиш йили деб белгилаш ва МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботни 2025 йилда топшириш фойда солиғини Солиқ кодексининг 76 ва 339-моддаларига асосан 2024 йил учун МҲХС бўйича маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқариш имконини ҳам беради.

Боз устига, бу 1-сон МҲХСнинг (IAS) МҲХС бўйича молиявий ҳисобот ҳар йиллик асосда 1 йил давомийликдаги давр учун тайёрланиши ҳақидаги талабини бажариш имконини беради (1-сон МҲХСнинг (IAS) 36 ва 37-параграфлари). Мазкур концептуал талаб МҲХСга ўтишнинг чет эл амалиётида бу ҳисобот даврининг “ўртасида” амалга оширилган ҳоллар бўлмаганлиги билан ҳам тасдиқланади. Йирик солиқ тўловчиларга нисбатан 2023 йилнинг 1 октябридан МҲХСга ўтиш талаби расман тасдиқланган тақдирда Ўзбекистон МҲХСга ўтишда бундай прецедентни яратадиган ва шу билан МҲХС талабларини бузадиган жаҳондаги биринчи мамлакат бўлади.

Бундан кўринадики, МҲХСга тўлиқ молиявий йил якунлари бўйича ўтишга амалдаги қонун ҳужжатлари имкон беради, МҲХС эса концептуал тарзда кўрсатма беради. Шу боис қуйидагиларни эълон қилиш мақсадга мувофиқдир:

1. 2023 йилдаги янги йирик солиқ тўловчилар учун МҲХСга ўтиш санаси 2024 йилнинг 1 январи ҳисобланади;

2. 2023 йил якунлари бўйича янги йирик солиқ тўловчилар ҳисоботни БҲМС бўйича топширади;

3. 2023 йилдаги янги йирик солиқ тўловчилар молиявий ҳисоботнинг дастлабки тўпламини 2024 йил якунлари бўйича тайёрлайди;

4. 2023 йилдаги янги йирик солиқ тўловчилар молиявий ҳисоботнинг тўлиқ тўпламини 2025 йил якунлари бўйича тайёрлайди.

Ваколатли давлат органи – Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хати – янги йирик солиқ тўловчиларнинг МҲХСга ўтиши бўйича барча масалаларни олиб ташлаш имконини берарди ва уларга ўтиш жараёнини бизнес учун нисбатан оғриқсиз ташкил этиш имкониятини тақдим этарди.

Алоҳида савол: фонд бозорида муомалада бўладиган акция чиқармайдиган йирик солиқ тўловчилардан МҲХСга ўтишни талаб қилиш умуман қанчалик мақсадга мувофиқ. Халқаро амалиётда “йирик солиқ тўловчи” мезони МҲХС бўйича молиявий ҳисобот тайёрлашнинг мажбурийлиги белгиси сифатида кўриб чиқилмайди. Кўринадики, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририда ушбу масалани Ўзбекистон профессионал ҳамжамиятининг фикри ва халқаро амалиётни эътиборга олган ҳолда ҳал қилиш лозим.