СКга тузатишлар: ҚҚС бўйича 10 та энг муҳим ўзгартиришлар

preview

Президент томонидан СКга киритиладиган узоқ кутилган тузатишлар имзоланди. Биз мазкур ҳужжат лойиҳасини ҚҲТБТда кўрганмиз.  Ҳужжатнинг “якуний версияси”га нималар киритилган? 

 

1. Тўловчилар доираси кенгайтирилди

2022 йилдан бошлаб танлаш ҳуқуқисиз ҚҚС тўловчи корхоналар доираси кенгайтирилади . Қуйидагилар айланмадан олинадиган солиқни тўлай олишмайди, балки жами даромад қийматидан қатъи назар ҚҚС ва фойда солиғини тўлайдилар:

  • солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари;
  • аудиторлик ташкилотлари;
  • нотижорат ташкилотлар, шу жумладан бюджет нотижорат ташкилотлар. Бунда ушбу ташкилотлар фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган тақдирда ҚҚС тўловчиси ҳисобланади.

 

2. Ягона солиқ даври белгиланди

2022 йилдан бошлаб ҚҚС тўловчиларнинг барча тоифаси учун ягона солиқ даври бир ой қилиб белгиланади. Бу шуни англатадики, товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма қийматидан қатъи назар, барча ҚҚС тўловчилар ҳар ойда солиқ ҳисоботи тақдим этади ва солиқни тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, бугун товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойда 1 млрд сўмдан ошмайдиган ҚҚС тўловчилар чораклик асосда ҳисобот топширади ва солиқни тўлайди .

 

3. Кўчмас мулк Е-ijara да рўйхатдан ўтказилмаганми - ТМЗ бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди

Уларни харид қилишда товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатиш киритиладиган ҳоллар рўйхати кенгайтирилди.

2022 йилдан бошлаб товарлар солиқ органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланган тақдирда уларни харид қилишда ҳисобга олинган ҚҚСга тузатиш киритилади - ҳисобга олишдан чиқарилади ва бюджетга тўлашга ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномалари Е-ijara тизимида ҳисобга қўйилиши лозим . Ижарага берувчи шартнома тўғрисидаги маълумотларни тизимга киритгандан, ижарага олувчи эса бу маълумотларни тасдиқлагандан кейин шартнома рўйхатдан ўтказилган ҳисобланади. Шундан сўнг тизим ноёб рақам ва QR-код билан шартнома рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани шакллантиради.

 

4. Интизомли экспортёрлар учун - “кирувчи” ҚҚСни тўлиқ ҳисобга олиш

Экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, олинган товарлар (хизматлар) бўйича “кирувчи” ҚҚСни валютадаги тушум келиб тушишидан қатъи назар ҳиcобга олиш тартиби 2021 йил 1 октябрдан бошлаб амал қилмоқда . 2022 йилдан бошлаб мазкур тартиб Солиқ кодексида ҳам мустаҳкамланмоқда.

Бунда:

  • ҚҚСни ҳисобга олишнинг мазкур тартиби ўтган йил учун валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган интизомли солиқ тўловчилар учун татбиқ этилади;
  • товарлар "экспорт" божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида валюта тушуми (ёки унинг бир қисми) экспорт қилувчининг Ўзбекистон тижорат банкларидаги ҳисобварағига келиб тушмаган тақдирда, ҚҚСнинг ҳисобга олинган суммаси (ёки унинг қисми) СКнинг 269-моддасида белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.

 

5. Ариза бермасдан ҚҚСни қоплаш (қайтариш)

2022 йилдан бошлаб мажбурий талаб - ҚҚСнинг манфий суммасини қайтариш тўғрисида ариза билан солиқ органларига алоҳида мурожаат қилиш бекор қилинади. Энди солиқ ҳисоботига асосан ҚҚСнинг манфий суммаси ҳосил бўлган солиқ тўловчилар солиқ органларига қоплаш (қайтариш) юзасидан бевосита ҳисобот топшириш чоғида мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

 

6. Нобюджет жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинди

2022 йилдан бошлаб нобюджет жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларининг хизматлари бўйича ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинмоқда. ҚҚС бўйича имтиёз фақат бюджет ташкилотлари учун сақлаб қолинди.

Жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларининг хизматлари жумласига, хусусан, қуйидагилар киради:

  • спорт иншоотларида, мактабларда, клубларда спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида соғломлаштириш йўналишидаги жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини ўтказишга оид хизматлар;
  • умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;
  • спорт мусобақаларини ёки байрамларни, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш бўйича хизматлар;
  • мазкур тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш.

 

7. Айрим банк операцияларида ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинди

2022 йилдан бошлаб қиймати қатъий белгиланган суммада белгиланган банк операциялари бўйича ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинмоқда. Шу тариқа, агар баъзи хизматлар бўйича банк қандайдир кўрсаткичга (масалан, қабул қилинган тўловларнинг кунлик суммасидан) боғлиқ ҳолда эмас, балки қатъий белгиланган нархни белгиласа, ушбу хизматларга ҚҚС солинади.

 

8. Молиявий ва суғурта хизматлари бўйича ҳисобварақ-фактура ойда 1 марта тақдим этилади

Реализация қилиш бўйича айланмани амалга ошириш санаси улар реализация қилинган (кўрсатилган) календарь ойнинг охирги санаси билан аниқланадиган товарлар (хизматлар) рўйхати кенгайтирилди. 2022 йилдан бошлаб уларга молиявий ва суғурта хизматлари қўшилади. Шу тариқа, уларни кўрсатаётган юридик шахслар ҳисобварақ-фактураларни ойда 1 марта - ойнинг охирги санаси билан тақдим этишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ҚҚСдан озод қилинган молиявий хизматлар жумласига кирадиган операциялар рўйхати Молия вазирлиги, ДСҚ ва МБнинг қарори билан тасдиқланган.

 

9. ҚҚСни тўлаш учун энди 25 гектар майдон етарли

2022 йилдан бошлаб юридик шахслар - 25 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган  экин майдони мавжуд қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ҳақли эмас. Улар ўзларининг жами даромади қийматидан қатъи назар ҚҚС ва фойда солиғи тўлайдилар. Илгари ҚҚС тўлашга ўтиш учун  бундай қишлоқ хўжалиги экин майдонининг энг кам майдони 50 гектарни ташкил этган.

 

10. Айрим ҚҚС тўловчилар учун махсус тартиб ўрнатилади

2022 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар қуйидаги корхоналарга тажриба-синов тариқасида махсус тартиб ўрнатилмоқда, унга асосан ҚҚСнинг манфий суммаси товарларни импорт қилишда тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига камайтирилади:

  • “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ;
  • “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ;
  • “Uzbekistan Airways” АЖ.

Товарларни импорт қилишда уларда “кирувчи” ҚҚС тўланмайди, балки ҳосил бўлган ҚҚСнинг манфий суммасини камайишига ҳисобга олинади.