2023 йил апрель ойида қандай ўзгаришлар кучга киради
2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
- масъулияти чекланган жамият устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн минг бараваридан кўп бўлган пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;
- юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади;
- хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг акция, корпоратив облигация ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор қилинади.
(2022 йил 8 ноябрдаги ПҚ-415-сон «Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
- ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома беришнинг амалдаги тартиби бекор қилинади ҳамда Давлат геология қўмитаси томонидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартиби жорий этилади;
- бурғиловчи субъектларга ўз тасарруфидаги бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ва уларни доимо ишчи ҳолатда сақлаш мажбурияти юклатилади;
- қонунчиликда назарда тутилган тегишли техник ҳужжатларга эга бўлмаган бурғилаш ускуналари ёрдамида ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш тақиқланади ва Инспекция томонидан бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, бурғилаш ускуналарини мусодара қилиш юзасидан судга мурожаат этилади;
- ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатноманинг талаб ва шартларини бажармаганлик унинг амал қилишини тўхтатиб туришга, гидрогеологик хулосасиз бурғилаш ишларини олиб бориш эса рухсатномани бекор қилишга асос бўлади;
- ер ости сув олиш иншоотларига (бурғи қудуғи, булоқ каптажи) эга бўлган барча ер ости сувларидан фойдаланувчиларга йиллик сув олиш миқдори тўғрисидаги ҳисоботни белгиланган тартибда Давлат геология қўмитасининг ҳудудий гидрогеология станцияларига топшириш мажбурияти юкланади;
- вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан шакллантириладиган ер ости сувлари ҳисобига сув таъминотини яхшилаш бўйича истиқболли дастурлар Давлат геология қўмитаси билан келишилиши шарт.
(2022 йил 7 декабрдаги ПҚ-439-сон «Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори)
Вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари ходимларини давлат секторида ички аудит ва ички назорат соҳасида доимий ўқитиб бориш тизими жорий этилади.
(2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-471-сон «Ўзбекистон Республикасининг «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
- ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларнинг харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни уч йил муддатга ўрнатилган тартибда шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилади.
(2023 йил 31 январдаги ПФ-16-сон «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини қуроллантириш вa мудофаа саноати соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони)
Белгиланишича:
- Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан бир йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ошмаган қисми қоплаб берилади;
- жами даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади. Бунда солиқ органлари томонидан жами даромади 10 миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади ва махсус ахборот портали билан маълумот алмашинуви таъминланади;
- давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда қўшилган қиймат солиғи суммаси инобатга олинмайди;
- юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.
(2023 йил 10 февралдаги ПФ-21-сон «Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони)
Белгиланишича:
- умумий қуввати 100 кВт гача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотилган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – ўн йил муддатга озод этилади.
Республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилади.
Дастур доирасида:
- жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига Давлат бюджетидан 1 000 сўмдан субсидия ажратилади. Бунда:
– субсидия ҳар ой якуни билан жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган энергия ҳажми ва тизимдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги ижобий тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади;
– субсидия тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмайди;
– субсидия солиқ органлари томонидан ҳар ойда «Soliq» мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади;
- жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергияси ҳажми:
– ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кўп бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга тўлов қилинмайди;
– ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кам бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича тўловлар истеъмол қилинган ва узатилган электр энергияси фарқидан келиб чиқиб ҳисобланади;
- «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан текинга олинган электр энергияси даромад сифатида ҳисобга олинмайди.
Импорт кўмирни республика ҳудудида темир йўл транспортида ташишда, ташиш масофасидан қатъи назар, ўрнатилган тарифларга 50 фоиз чегирма қўлланилади.
(2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57-сон «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
2024 йил 1 майга қадар эксперимент тариқасида республика бюджетидан пахта ва (ёки) ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига уларнинг ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя қилинганда қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳар бир гектар ер учун ойига камида бир нафар ишчининг бандлиги таъминланганда;
- ҳар бир нафар ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад меҳнатга ҳақининг энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланганда;
- пахта ва (ёки) ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги ўтган йил якуни бўйича қуйидаги талабларга жавоб берганда:
– қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва уни бирламчи қайта ишловчи, башарти бундай юридик шахснинг жами даромадида ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини, шу жумладан уни ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни реализация қилишдан олинган даромадининг улуши солиқ давридаги жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этса;
– ер участкаларига эга бўлган, бу ер участкалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлса.
Белгиланишича, тадбиркорлик субъектлари янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари, шу жумладан 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган бинолар юзасидан (республиканинг шаҳарлари, шунингдек Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашган бинолар бундан мустасно) юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобланган суммани уч қаватли бинога – 0,9, тўрт қаватли бинога – 0,8, беш қаватли бинога – 0,7, олти қаватли бинога – 0,6, етти ва ундан юқори қаватли бинога – 0,5 пасайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда, бино фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тўлайди. Бунда ушбу бандда белгиланган пасайтирувчи коэффициент:
- маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ёрдамчи хоналар (офис учун хоналар ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиш учун, касбни эгаллаш мақсадида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш хоналари ва ҳ.к.) билан бирга, агар уларнинг майдони янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш биноси умумий майдонининг 20 фоизидан ошмаган бўлса;
- ишлаб чиқариш мақсадларида бинодан бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар томонидан биргаликда фойдаланилаётган бўлса, бундай бинонинг ҳар бир мулкдори томонидан қўлланилади.
(2023 йил 23 февралдаги ПҚ-69-сон «Қишлоқ хўжалигида аҳоли бандлигини ошириш ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган ипак маҳсулотларини экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 360 кун этиб белгиланади.
(2023 йил 24 февралдаги ПҚ-73-сон «Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
- ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади;
- янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;
- давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади;
- профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади;
- профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади;
- Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқнома амал қилиш муддати давомида чет эл фуқаролари хориждан олиб келинган шахсий автотранспорт воситасини олиб чиқиб кетиш муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганда қонун ҳужжатларида белгиланган йиғимни тўлашдан озод этилади;
- Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.
(2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Президент Фармони)
Белгиланишича:
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан «Нуроний» жамғармасининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ давлат субсидиясини ажратиш тизими жорий этилади.
(2023 йил 11 мартдаги ПҚ-92-сон «Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори)
Белгиланишича:
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгиланади;
- ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида белгиланади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига улар томонидан белгиланган миқдорларда (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 фоизигача бўлган суммадан ошмаган ҳолда) маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи оила аъзоларига ҳар ой тўланадиган нафақа тайинлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилади.
(2023 йил 13 мартдаги ПФ-34-сон «Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони)
Белгиланишича, Тошкент метрополитенининг тўлиқ фаолият кўрсатиш вақти давомида пенсия олувчиларга бепул хизмат кўрсатилади.
(2023 йил 15 мартдаги ПҚ-94-сон «Тошкент метрополитенидан фойдаланишда пенсия олувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида»ги Президент қарори)
Пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилади.
Қуйидагилар белгиланади:
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 347 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 677 000 сўм;
- ногиронлик пенсиялари, шу жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 747 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 747 000 сўм;
- 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига
3 296 000 сўм; - белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (677 000 сўмдан) 747 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига
747 000 сўм; - зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 535 000 сўм;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўмдан қўшган ҳолда;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 535 000 сўм, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўлаган ҳолда.
(2023 йил 28 мартдаги ПФ-45-сон «Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Президент Фармони)
Иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси ҳисобланмаслиги бўйича имтиёзнинг муддати тугайди.
(2022 йил 2 ноябрдаги ПҚ-413-сон «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори)
Қуйидагилар бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинади:
- бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар йиллик минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурлари доирасида кўрсатиладиган геология хизматлари бўйича айланма;
- почта маркалари, маркали откриткалар, конвертларни реализация қилиш бўйича айланма;
- бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни реализация қилиш бўйича айланма;
- жисмоний шахсларнинг ҳаётини узоқ муддатга суғурталаш ҳақини тўлашга йўналтириладиган жисмоний шахсларнинг даромадлари қисмида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
- устав фондида (устав капиталида) чет эл инвестициялари улуши камида 33 фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулк бўйича божхона божи, агар 2023 йилнинг 1 январига қадар хорижий инвестор ҳамда инвестициялар ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи ўртасида тузилган инвестиция шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса.
(Молия вазирлигининг 2022 йил 30 декабрдаги 06/04-32/4304-сон «Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш ҳамда божхона имтиёзларини қўллаш тартибига киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида»ги ахборот хабари)
Қуйидагилар бўйича рухсатнинг муддати тугайди:
- Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси томонидан, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишмасдан тадбиркорлик субъектларини уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича текшириш;
- Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси ўтказиладиган текширувлар натижалари бўйича автобензин маҳсулотларининг ортиқча йўқотишларига ва талон-торожликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жазо чораларини қўллаш, шунингдек уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар киритиб бориш.
(2022 йил 12 декабрдаги ПҚ-440-сон «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
2023 йил 30 апрелдан бошлаб:
– 2022 йил 28 октябрдаги ЎРҚ-798-сон «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун кучга киради.
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал

Наша страница
Канал в телеграм