Норезидентнинг доимий муассасаси фойда солиғини қандай тўлаши керак

18.03.2025
author avatar

Дильшод СУЛТАНОВ

солиқ солиш ва молиявий ҳисоб бўйича эксперт
author avatar

Радмила КАРИМОВА

солиқ маслаҳатчиси

Тавсияда:

– норезидентнинг доимий муассасаси ташкил этилиши;
– доимий муассаса томонидан фойда солиғи ҳисоб-китоби;
– доимий муассаса томонидан фойда солиғини тўлаш ва у бўйича ҳисобот.

 

Норезидентнинг доимий муассасаси ташкил этилиши қандай аниқланади

Агар хорижий компания Ўзбекистон ҳудудида хизматлар кўрсатса ёки ишларни бажарса, ушбу фаолият норезидентнинг доимий муассасасини ташкил этаётган ёки ташкил этмаётганини аниқлаш лозим.

Доимий муассаса (ДМ) юридик шахс эмас, бу шунчаки Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга ошираётган норезидент компания эга бўладиган солиқ мақоми. Ушбу мақом:

  • фақат солиқ солиш мақсадида фойдаланилади;
  • ўзининг ёки ёлланган ходимлар орқали Ўзбекистон ҳудудида «жисмонан» ҳозир бўлган хорижий компания фаолиятига нисбатан қўлланилади.

Хорижий компаниянинг Ўзбекистон ҳудудида ҳозир бўлганини қуйидагича асослаш мумкин: 

  • хизматлар кўрсатади, ишларни бажаради;
  • жой, ускуна, омборхона ва бошқаларга эга бўлади;
  • Ўзбекистон резиденти – жисмоний ёки юридик шахсга ўз номидан шартнома имзолашни топширади, шунинг натижасида мамлакатимизда даромадга эга бўлади. 
Эътибор беринг
ДМ ташкил этилган ҳолатда солиқ мажбуриятларини норезидент мустақил равишда бажаради. Агар ДМ ташкил этилмаса, Ўзбекистондаги манбалардан даромад оладиган норезидент учун солиқлар даромад тўлаш манбаи – солиқ агенти томонидан тўланади.

Қуйидагиларга асосан ДМ ташкил этилаётганлигини аниқланг: 

  • СК 36-моддаси;
  • иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартноманинг 5-моддаси, агар норезидентнинг давлати билан бундай битим тузилган бўлса.
Эътибор беринг
Агар норезидентнинг фаолияти СК ёки халқаро шартномага мувофиқ ДМ ташкил этилишига олиб келса, у ўзи мустақил равишда солиқ ҳисобида туришга мажбур. Бу ҳолда норезидентга даромад тўловчи корхона даромадга солиқ солишдан озод этиш ёки пасайтирилган ставкани қўллаш кўринишидаги халқаро шартноманинг солиқ имтиёзларини қўллашга ҳақли эмас.
Buxgalter.uz тавсия қилади

Норезидентга даромад тўлашдан олдин ДМ сифатида солиқ ҳисобига қўйилганлиги тўғрисида солиқ органи томонидан тасдиқланган маълумотнома сўранг . Ушбу маълумотнома корхонангизга тўлов манбаида солиқ ушламаслик имконини беради.

ДМ ташкил этаётган норезидент солиқ ҳисобига туриши лозим, лекин буни бажармаган бўлса, корхонангиз унинг даромадидан солиқ ушлаб қолиши лозим .

Вазият
Норезидент фаолияти ДМни ташкил этади, лекин ДМ ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилмади
Россия компанияси 14 ой мобайнида объект қурилишини амалга оширмоқда.
Россия билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича битимнинг 5-моддаси қоидаларидан келиб чиқилса, қурилиш майдони, қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объекти (ёхуд улар билан боғлиқ техник назорат қилиш фаолияти) 12 ойдан ортиқ муддат мобайнида мавжуд бўлса ёки фаолият кўрсатилаётган бўлса, у ҳолда норезидентнинг доимий муссасаси ташкил этилади.
Шу тариқа, Россия компаниясининг объектни қуриш бўйича фаолияти доимий муассаса ташкил этилишига олиб келади.
Норезидент томонидан солиқ ҳисобига қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилмаган.
Фойда солиғини қандай тўлаш керак?
– Россия компанияси фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан бошлаб 30 кун ичида ишлар бажарилган жойда ДМни ўз вақтида солиқ ҳисобига қўйиш бўйича жавобгар бўлади .
Россия компанияси контракт бўйича солиқ ҳисобига қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома такдим этмагунча тўлов манбаида солиқ ушламасдан даромад тўлашга ҳақли эмассиз .
Корхонангиз тўлов манбаида 20% ставкада солиқ ушлашга мажбур .
Кейинчалик маълумотнома тақдим этилганда ушлаб қолинган солиқ суммаси ДМнинг солиқ мажбуриятлари ҳисобига ҳисобга олинади .
Вазият
Доимий фаолият юритиш жойи ДМ ташкил этади
Швейцария фирмаси Ўзбекистон корхонасининг тиббиёт ускуналарига хизмат кўрсатади, шу мақсадда ходимларини юборади. Шартномага мувофиқ хизмат кўрсатиш муддати  кетма-кет 12 ойлик давр мобайнида 8 ой.

Ушбу ҳолатда ДМ ташкил этиладими?

 – Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимнинг 5-моддаси 1-бандига мувофиқ, «доимий муассаса» атамаси доимий фаолият юритиш жойини англатади, у орқали корхона қисман ёки тўлиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади.

Бироқ мазкур Битимда, агар хизматлар кўрсатилса, ДМ ташкил этиладиган муддат назарда тутилмаган.

Хизматлар кўрсатиш исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида камида 183 кун давом этишини белгилайдиган СК 36-моддаси 3-қисми 2-бандига амал қилинг.
Кўриб чиқилаётган ҳолатда Ўзбекистон ҳудудида тиббиёт ускуналарига хизмат кўрсатиш муддати
8 ойни ташкил этади.
Ўз навбатида, Швейцария компанияси фаолияти ДМ ташкил этилишига олиб келади.
Битимнинг 7-моддасига мувофиқ солиқ имтиёзларини қўллай олмайсиз. 
Демак, бундай ҳолатда норезидентдан ДМ сифатида ҳисобда турганлиги тўғрисида маълумотномани сўраш лозим . У мавжуд бўлмаганда норезидент даромадидан 20% миқдорида солиқ ушлаб қолинг.
Кейинчалик ДМ сифатида ҳисобда турганда ушлаб қолинган солиқ суммаси ҳисобга олинади.
Вазият
Чет эл корхонаси Ўзбекистон корхонасида маҳаллий ходимларни ўқитиш бўйича хизматларни кўрсатади 
Швеция корхонаси йилда бир марта бир ойдан кам бўлган муддатга Ўзбекистон корхонасининг ускуналарида ишларни бажаришга ўқитиш учун мутахассисларини жўнатади. 
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича халқаро шартнома мавжуд эмас.
Бу ҳолда ДМ ташкил этиладими?
 СК 36-моддасига мурожаат қиламиз. Ушбу модданинг 3-қисми 2-бандида чет эл юридик шахси томонидан ўз хизматчилари ёки шу мақсадлар учун ёллаган бошқа ходимлар орқали хизматлар кўрсатиш, башарти бундай фаолият исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида камида
183 кун давом этса, ДМ ташкил этишига олиб келиши кўрсатилган.
Шартнома бўйича швециялик мутахассислар Ўзбекистонга бир ойдан ошмайдиган муддатга келганлар. Ўз навбатида, норезидентнинг ДМ ташкил этилмайди, Швеция компаниясида ДМ сифатида солиқ ҳисобига қўйиш бўйича мажбурият пайдо бўлмайди. Бироқ, хизматлар кўрсатганлик учун норезидентга тўланадиган даромад тўлов манбаида фойда солиғи солинадиган даромад таркибига киради .
20% ставкадаги фойда солиғи норезидентга тўланадиган умумий даромад суммасидан ушлаб қолиниши лозим .
Вазият
Халқаро битимларга мувофиқ ДМ турли шартларда ташкил этилади 

Ўзбекистон корхонаси билан Туркия компанияси ўртасидаги шартномага мувофиқ, қурилиш ишлари 25 ой давомида бажарилади. Бунда пудратчи қурилиш ишларининг бир қисмини субпудратчи – Россия компаниясига тақдим этади.

Ўзига тегишли ишларнинг қисмини субпудратчи 13 ой мобайнида бажаради.

Хорижий компанияларда ДМ ташкил этиладими?

– Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича битим 1996 йил 8 майда (1997 йил 30 сентябрдан кучга кирган) тузилган.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича битим 1994 йил 2 мартда (1995 йил 27 июлдан кучга кирган) тузилган.
Ҳар бир норезидентни алоҳида кўриб чиқамиз.
Хорижий компанияларда ДМ ташкил этилганлигини аниқлаш учун 5-модда «Доимий муассаса»га мурожаат қиламиз. Туркия билан тузилган Битимда ушбу муддат 36 ойни, Россия билан тузилган Битимда 12 ойни ташкил этади. Бу пудратчининг қурилиш фаолияти давомийлиги 36 ойдан ошса, ДМ ташкил этилишига олиб келишини англатади.
Бизнинг ҳолатда Туркия компаниясида ДМ ташкил этилмайди, чунки қурилиш муддати 25 ой этиб белгиланган.
Субпудратчининг фаолияти эса ДМ ташкил этилишига олиб келади, чунки Россия билан тузилган Битимда белгиланган муддатдан ошиб кетади.
Ўзбекистон корхонаси Туркия компаниясидан унинг Туркиядаги солиқ резидентлиги тўғрисидаги ҳужжатни сўраши лозим . Ҳужжат мавжуд бўлганда даромад тўланган пайтда Туркия компаниясига тегишли қисмидан фойда солиғи ушлаб қолинмайди.
Россия компаниясига келсак, кўриб чиқилаётган ҳолатда унинг фаолияти ДМ ташкил этилишига олиб келади, чунки Битимнинг 5-моддаси 3-бандида ДМ ташкил этилишига олиб келадиган қурилиш майдонининг муддати 12 ойдан ортиқ этиб белгиланган. Тегишинча, Россия компанияси Ўзбекистонда фаолиятни амалга ошира бошлаган пайтдан бошлаб 30 кун мобайнида ДМ сифатида солиқ ҳисобига туриши шарт .
Вазият
Ходимларни тақдим этиш бўйича шартнома тузилди 

Хорижий компания Ўзбекистон корхонасига малакали ходимларини корхонангизда муайян ишларни бажариш учун юборди.

Шартнома узоқ муддатли, 1 йилдан ортиқ муддатга тузилган.

Хорижий компания фаолияти ДМ ташкил этилишига олиб келадими?

– Шартнома муддатидан қатъи назар, норезидент фаолияти фақат қуйидаги шартлар бир вақтда бажарилган тақдирда ДМ ташкил этилишига олиб келмайди :
1) ходимлар қайси юридик шахсга берилган бўлса, ўша юридик шахс номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади, яъни корхонангиз манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилса;
2) ходимларни берган юридик шахс ушбу ходимларнинг иш натижалари учун жавобгар бўлмаса;
3) хорижий компаниянинг ходимларни беришдан олган даромади ушбу ходимларни бериш юзасидан календарь йилда қилган харажатлари умумий суммасининг 10%идан ошмаса.
Норезидентдан бундай хизматлар кўрсатишга харажатлар суммасини тасдиқлаш учун бошланғич ҳужжатлар нусхасини, унга чет эллик ходимларнинг даромадларини қўшган ҳолда сўранг. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин:
  • ходимларни тақдим этувчи юридик шахс – норезидент билан ходимлар ўртасида тузилган шартномалар;
  • иш ҳақи бўйича қайдномалар.
Ушбу масала юзасидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликда ҳужжатлар рўйхати аниқлаштирилмаган. Ҳар бир алоҳида ҳолатда компаниялар мустақил равишда ҳужжатлар рўйхати бўйича келишиб олишлари мумкин. Асосийси, солиқ органларига юқорида келтирилган учта шарт бажарилганлигини исботлаш. Фақат ушбу шартларга риоя қилинганда чет эллик ходимларни тақдим этиш билан боғлиқ бўлган норезидентнинг хизматлари Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида кўрсатилган ҳисобланади .
Мазкур талаблар бажарилмаганда :
  • норезидентнинг чет эллик ходимларни Ўзбекистон ҳудудида ишлаш учун юридик шахсга бериш бўйича фаолияти ДМ ташкил этилишига олиб келади; 
  • норезидент ДМ сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.
Buxgalter.uz тавсия қилади

Чет эллик контрагент билан битим тузганда шартномада Ўзбекистонда олинадиган даромадга солиқ солиш билан боғлиқ масалаларни келишиб олинг.

Агар норезидентнинг фаолияти ДМ ташкил этилишига олиб келса, шартномага хатти-ҳаракатларингиз тартибини белгилайдиган қоидаларни киритинг. Масалан, норезидент ДМ сифатида солиқ ҳисобида турмагунча ҳамда сизга бу ҳақда маълумотнома тақдим этмагунча тўлов манбаида тўланадиган даромаднинг умумий суммасидан 20% ставкада фойда солиғи ушлаб қоласиз.

Доимий муассаса фойда солиғини қандай ҳисоблайди

Фаолиятини ДМ ташкил этган ҳолда амалга ошираётган норезидент фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашни умумий тартибда, лекин ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда амалга оширади

Даромадлар

ДМнинг жами даромадига унинг фаолияти билан боғлиқ бўлган, Ўзбекистонда уни амалга ошириш бошланган санадан эътиборан олинган даромадларнинг қуйидаги турларини киритинг:

  • норезидент томонидан Ўзбекистон ҳудудида фаолиятини ДМ орқали амалга ошириш натижасида олинган даромадлар;
  • норезидентнинг Ўзбекистондаги ДМ мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф қилишдан олган даромадлари;
  • норезидентнинг даромадлари, шу жумладан унинг бошқа давлатлардаги таркибий бўлинмаларининг Ўзбекистондаги ДМ орқали амалга ошириладиган фаолиятга айнан ўхшаш ёки бир хил фаолиятни амалга оширишдан оладиган даромадлари;
  • Ўзбекистондаги манбалардан олинган ДМга тегишли бошқа даромадлар ;
  • ДМ фаолияти билан боғлиқ Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар.
Вазият
Норезидент Ўзбекистонда ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам битта лойиҳа ёки алоқадор лойиҳалар доирасида фаолиятни амалга оширади
Норезидент Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам ўзининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси билан биргаликда бажариладиган битта лойиҳа ёки алоқадор лойиҳалар доирасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади.

Ушбу ҳолатда нима даромад ҳисобланади?

– Бундай ҳолатда худди шундай ёки айнан ўхшаш фаолият билан худди шундай ёки айнан ўхшаш шароитлардаги фаолиятда банд бўлган якка ва алоҳида шахс бўлганида ҳамда ўзи доимий муассасаси бўлган норезидентдан мустақил равишда фаолият кўрсатганида олиши мумкин бўлган даромад бундай доимий муассасанинг даромади деб ҳисобланади .
Вазият
Товарларни (хизматларни) норезидентнинг бошқа таркибий бўлинмаси сотади
Норезидентнинг ДМ томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларни (хизматларни) норезидентнинг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган бошқа таркибий бўлинмаси реализация қилади.

Ушбу ҳолатда нима ДМнинг даромади саналади?

– Б
ундай ҳолатда худди шундай ёки айнан ўхшаш фаолият билан худди шундай ёки айнан ўхшаш шароитлардаги фаолиятда банд бўлган якка ва алоҳида шахс бўлганида ҳамда ўзи доимий муассасаси бўлган норезидентдан мустақил равишда фаолият кўрсатганида олиши мумкин бўлган даромад бундай доимий муассасанинг даромади деб эътироф этилади .
Вазият
Хорижий компания тайёргарлик кўриш ва (ёки) ёрдамчи тусдаги фаолиятни амалга оширади 

Норезидент Ўзбекистон ҳудудида учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ДМ шаклланишига олиб келадиган тайёргарлик кўриш ва (ёки) ёрдамчи тусдаги фаолиятни амалга оширади.
Фойда солиғи бўйича солиқ базасини қандай аниқлаш керак?
– Агар шундай фаолиятга нисбатан ҳақ олиш назарда тутилмаган бўлса, солиқ базаси ушбу ДМнинг бундай фаолият билан боғлиқ харажатлари суммасининг 20%и миқдорида белгиланади .

ДМнинг бундай норезидентнинг бош офиси ёки бошқа таркибий бўлинмалари олдидаги мажбуриятлари бўйича юзага келадиган курсга оид фарқлар ДМ даромадлари (харажатлари) жумласига киритилмайди .

Эътибор беринг
Агар норезидентнинг Ўзбекистон ҳудудида биттадан ортиқ ДМ бўлса, солиқ базаси ва солиқ суммаси ҳар бир муассаса учун алоҳида ҳисобланади .

Харажатлар

Солиқ базасини аниқлаш чоғида Ўзбекистондаги фаолиятдан ДМ орқали солиқ солинадиган даромадлар олиш билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлар ДМнинг чегирмалари жумласига киритилади .

Харажатларни Ўзбекистонда ёки унинг ҳудудидан ташқарида қилинганидан қатъи назар, чегириб ташланг, чегириб ташланмайдиган харажатлар бундан мустасно .

Ўзбекистон норезидентига ДМ томонидан тўланадиган қуйидаги кўринишдаги суммалар ҳам чегирилмайди :

  • ушбу норезидентнинг мулкидан ёки интеллектуал мулкидан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқини берганлик учун роялти, гонорарлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар;
  • ушбу норезидент томонидан ДМга кўрсатилган хизматлар учун харажатлар;
  • ушбу норезидент томонидан ДМга берилган заёмлар бўйича пул мукофотлари;
  • ушбу норезидентнинг Ўзбекистондаги ДМ орқали фаолиятидан даромадлар олиш билан боғлиқ бўлмаган харажатлар;
  • ушбу норезидентнинг Ўзбекистонда ДМ орқали фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари.
Эътибор беринг

Агар ДМнинг солиқ солинадиган даромадини аниқлашда Ўзбекистон халқаро шартномасидаги қоидалар қўлланилиб, ушбу норезидентнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини чегириб ташлашга йўл қўйилса, бундай харажатлар суммаси норезидент томонидан унинг танловига кўра қуйидаги усуллардан бири орқали аниқланади:

  • харажатларни мутаносиб равишда тақсимлаш;
  • харажатларни чегирмаларга бевосита (тўғридан-тўғри) киритиш.

Норезидентнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ва бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлардир. Бунда ушбу норезидентнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларига қуйидагилар киритилмайди:

  • фойда солиғини ҳисоб-китоб қилганда чегирмалар жумласига киритиладиган норезидентнинг бевосита ДМ ёки ваколатхонаси томонидан Ўзбекистонда қилинган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари;
  • норезидентнинг бевосита ваколатхонаси ёки ДМ томонидан бошқа давлатларда қилинган, Ўзбекистондаги ДМнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари;
  • Ўзбекистондаги ДМнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлар.

Норезидент ҳисобот (солиқ) даври мобайнида ўз танловига кўра бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини ДМнинг чегирмаларига киритиш усулларидан фақат биттасини қўллайди.

Мисол
Бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларни қандай тақсимлаш керак 
Норезидентнинг ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходимларини бошқариш ва меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари солиқ даврида 530 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Норезидентнинг ДМ фаолиятидан олган даромади умумий даромаднинг 30%ини ташкил этди.
Мутаносиб равишда тақсимлаш усули қўлланилганда ушбу харажатлар 159 минг доллар (530 х 30%) суммасида ДМнинг чегирмаларига киритилади.
Агар норезидент харажатларни чегирмаларга бевосита (тўғридан-тўғри) киритиш усулини кўллашга қарор қилса, харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши лозим бўлади. Яъни 530 минг долларлик суммадан фақат бевосита ушбу ДМнинг фаолияти билан боғлиқ харажатларни ажратиши керак бўлади.

Доимий муассаса қандай қилиб фойда солиғини тўлайди ва у бўйича ҳисобот тақдим этади 

ДМ орқали фаолиятини амалга ошираётган норезидентлар ДМнинг солиқ бўйича ҳисобда турган жойидаги солиқ органига солиқ ҳисоботини қуйидагича тақдим этадилар  :

  • ҳисобот даври (чорак) якунлари бўйича – ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай;
  • солиқ даври (йил) якунлари бўйича – солиқ даври ўтгандан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай.

Шунингдек, ДМ ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги солиқ органига Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни (ихтиёрий шаклда) ҳам тақдим этади. ДМ солиқни солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тўлайди  .

ДМнинг жорий солиқ давридан олдинги солиқ даври учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда жами даромади 10 млрд сўмдан ошса, ДМ ҳар ойлик бўнак тўловларини ҳисобот даври ҳар бир ойининг 23-санасидан кечиктирмай тўлайди  .

Фойда солиғини тўлаш тартиби ҳақида батафсил тавсияда ўқинг.

Эътибор беринг

Фойда солиғи тўланганидан кейин норезидентга тегишли ДМ тасарруфида қоладиган соф фойда дивидендларга тенглаштирилади ва унга 10% ставка бўйича солиқ солинади .

ДМ Ўзбекистон халқаро шартномасида назарда тутилган дивиденд кўринишидаги даромадлар бўйича пасайтирилган солиқ ставкасини қўллашга ҳақли . Башарти халқаро шартномада бундай даромадлар бўйича пасайтирилган солиқ ставкаларининг бир нечтаси назарда тутилган бўлса, улардан энг кичигини қўлланг.

Соф фойда – бу жами даромад ва ДМ фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатлар ўртасидаги фарқ. Календарь йил якунлари бўйича соф фойдани айни бир ДМ доирасида аввалги йилларда олинган зарарнинг (зарарларнинг) умумий суммасига, башарти илгари бундай зарар (зарарлар) соф фойдани аниқлашда ҳисобга олинмаган бўлса, камайтириш мумкин .

Норезидентларга тегишли ДМ Фойда солиғи ҳисоб-китобини тўлдиришнинг умумий тартибидан ташқари қуйидаги кўрсаткичларни ҳам акс эттиради:

 

Кўрсаткичлар

Ҳисоб-китобдаги сатр рақами

Доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйилишдан олдин тўлов манбаида ушлаб қолинган фойда солиғи суммаси

110

Ҳисобот даври учун доимий муассасанинг соф фойдаси

120

Доимий муассасанинг соф фойдасига солиқ ставкаси  

130

Доимий муассасанинг соф фойдасидан ундириладиган солиқ суммаси (120-сатр х 130-сатр)

140

Соф фойдадан олинадиган солиқ суммаси солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай бюджетга тўланади .

Эътибор беринг
ДМ фаолиятини календарь йил тугагунига қадар тугатган тақдирда, солиқ ҳисоботи ва Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот фаолият тугатилганидан кейин 1 ойдан кечиктирмай тақдим этилиши керак. Солиқни фаолият тугагунга қадар тўланг .
Эътибор беринг

Ўзбекистон норезиденти томонидан ДМ аломатларига жавоб берадиган фаолиятдан ДМ сифатида солиқ органида ҳисобга қўйишга қадар олинган даромадларга солиқ агентида солиқ солиниши лозим .

Солиқ агенти томонидан ушлаб қолинган солиқ норезидент солиқ органида ДМ сифатида ҳисобга қўйилганидан кейин солиқ мажбуриятларини қоплаш ҳисобига ҳисобга олиниши лозим. Ҳисобга олиш солиқ ушлаб қолинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал