Полезное для бухгалтера в ноябре:
Технопарк резидентлари имтиёзларни қандай қўллайдилар
Шу йилдан эътиборан Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича Mirzo Ulugbek Innovation Center (MUIC) инновация маркази тугатилгани сабабли унинг резидентлари Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига (IT Park) ўтказилган. Шу муносабат билан улар учун назарда тутилган имтиёзларни қўллаш тартибига оид саволлар вақти-вақти билан юзага келмоқда.
Buxgalter.uz вазиятга ойдинлик киритди:
Қайси норматив ҳужжатларга амал қилиш лозим
Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга қуйидагиларни тўлашдан озод этилган эди :
- барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ЯИТни (энди ижтимоий солиқни);
- белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари).
ПФ-5099-сон Фармон билан берилган имтиёзларнинг амал қилиши Технопарк резидентларига татбиқ этилади .
Яъни Инновация маркази резидентлари Технопарк резидентларига айланиб, уларга берилган имтиёзлардан фойдаланишда давом этадилар.
Инновация маркази резидентлари бўлган корхоналар Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича Mirzo Ulugbek Innovation Center инновация маркази тўғрисидаги низомга амал қилганлар .
Инновация маркази тугатилганига қарамай, Низом амал қилишда давом этмоқда. Унга валюта маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган эди .
Энди корхоналар Технопарк резидентларига айлангани сабабли улар Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ҳам амал қилишлари керак .
Технопарк резидентларига қўйиладиган талаблар
Резидентлар фақат қуйидаги фаолият турларини амалга оширишлари мумкин :
- компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар (ИФУТ 62010 – 62090);
- маълумотларни жойлаштириш ва ишлов бериш бўйича хизматлар, Web-порталлар (ИФУТ 63110 – 63120);
- дастурий таъминотни чиқариш (ИФУТ 58210 – 58290);
- бошқа тоифаларга киритилмаган таълимнинг бошқа турлари – фақат ахборот технологияларини ўқитиш йўналиши бўйича (ИФУТ 85590).
Резидентнинг бошқа мажбуриятлари 589-сон Низомнинг 18-бандида келтирилган.
Курс фарқига нисбатан имтиёзларни қўллаш мумкинми
Йўқ, курс фарқига нисбатан имтиёз қўлланмайди.
Резидентлар илгари амал қилган 631-сон Низомга мувофиқ, улар молиявий операциялар ва кўчмас мулкдан даромад олиш ҳуқуқига эга бўлганлар. Бунда мазкур даромадларга нисбатан имтиёзлар татбиқ этилмаган. Ушбу даромадларга умумбелгиланган тартибда солиқ солинган .
Ижобий курс фарқи молиявий фаолиятдан олинган даромад ҳисобланади, унга нисбатан имтиёз татбиқ этилмайди .
589-сон Низомда бошқача формулировка берилган. Технопарк резиденти, асосий фаолиятдан олинган даромаддан ташқари, умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлаган ҳолда (роялтидан олинадиган солиқлар бундан мустасно), СК (2007 йилдаги таҳрирда) 132-моддасида назарда тутилган даромадларни олиш ҳуқуқига эга.
Кўриб турганимиздек, бу ерда ҳозирча эски таҳрирдаги СК 132-моддасига ҳавола қолган. Унда бошқа даромадларнинг рўйхати келтирилган, уларнинг таркибига ижобий курс фарқи ҳам киради . 589-сон Низом бўйича ижобий курс фарқига ҳам имтиёз татбиқ этилмайди.
Наталья МЕМЕТОВА, «Норма» етакчи эксперти.