Қурилиш ишлари бўйича ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади

01.01.2025
author avatar

Дильшод Султанов

молия вазирининг ўринбосари
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– пудрат шартномаси бўйича қурилиш ишлари бажарилганда ҚҚС:
        ўз материалларидан;
        буюртмачининг материалларидан;
– маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш;
– сотиш учун объектни қуриш;
– узоқ муддатли контракт бўйича ҚҚС;
– ўз эҳтиёжлари учун ишларни бажаришда ҚҚС:
        айнан ўхшаш ишлар (хизматлар);
        бир турдаги ишлар (хизматлар);
        ишларнинг (хизматларнинг) ўртача ўлчанган нархини ҳисоблаш.

Эътибор беринг
Тавсияга 2025 йил 1 январдан кучга кирган янги 5-сон БҲМСга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган.

Қурилиш ишларига ҚҚС солиш тартиби ва уларнинг ҳисобини юритиш қуйидагиларга боғлиқ:

  • қурилиш вариантига;
  • қурилишни моддий ресурслар билан таъминлаш усулига.

Қуйидаги қурилиш вариантлари бўлиши мумкин:

  • қурилиш пудрати шартномаси бўйича ишларни бажариш . Буюртмачининг топшириғига кўра пудратчи сифатида объектни қуряпсиз ёхуд қурилаётган ёки фаолият юритаётган объектда айрим ишларни бажаряпсиз. Масалан, монтаж, ишга тушириш-созлаш, пардозлаш, сантехника ишлари ва б. Бу ҳолда қурилиш объектини балансингизга кирим қилманг. Ишларнинг бажарилишини 9030-«Ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишдан даромадлар» счётида акс эттиринг;
  • сотиш учун объектни қуриш – ишлаб чиқариш ёки маъмурий бино, турар жойни (яхлит ҳолда ва алоҳида квартиралари сотилиши мумкин) ва ҳ.к. Бу ҳолда қурилиш объектини балансингизга кирим қилинг ва 2810-«Омбордаги тайёр маҳсулот» счётида ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатида акс эттиринг;
  • ўз эҳтиёжлари учун ишларни бажариш – ўз кучи (хўжалик усули) билан ва пудратчиларни жалб қилган ҳолда (пудрат усули билан). Бундай ишларни бажариш учун сарф-харажатларни объектни таъмирлаётган бўлсангиз харажатларни ҳисобга олувчи счётларга ҳисобдан чиқаринг (объектнинг мақсадига қараб) ёхуд уни қуриб битказаётган ёки реконструкция қилаётган бўлсангиз, объект қийматига киритинг;
  • ўз эҳтиёжлари учун объектни қуриш. Объектни ҳам икки хил усулда – ўз кучи билан қуриш ёки  пудратчиларни жалб этиш мумкин. Қурилиш бўйича сарф-харажатларни 0810-«Тугалланмаган қурилиш» счётида жамланг, объектни фойдаланишга топшираётганда уни 0120-«Бинолар, иншоотлар ва узатиш қурилмалари» счётининг дебети бўйича кирим қилинг.

Сўнгги ҳолатда ҚҚС ҳисоблаш мажбурияти юзага келмайди, сабаби объектни қуриш бўйича сарф-харажатлар унинг бошланғич қийматига киритилади ва амортизация ажратмалари орқали харажатларга олиб борилади .

Умумий қоидага кўра қурилишда ҚҚС бўйича солиқ базаси бажарилган қурилиш ишлари қийматидан ёки битим тарафлари белгилаган қурилган объектни реализация қилиш қийматидан келиб чиқиб аниқланади

Эътибор беринг
2022 йилдан битим нархини белгилашда трансферт нархни белгилаш тўғрисидаги қоидалар ҳам ҳисобга олинади .

Пудрат шартномаси бўйича қурилиш ишларини бажаришда ҚҚС қандай ҳисобланади

Бундай қурилиш вариантида қуйидагилардан фойдаланишингиз мумкин:

  • фақат ўз материалларингиздан;
  • фақат буюртмачининг материалларидан;
  • қисман ўз материалларингиздан ва қисман буюртмачининг материалларидан.

Қурилишни материаллар билан таъминлаш тартибини албатта пудрат шартномасида белгиланг. 

Ўз материалларидан пудрат ишлари бажарилганда ҚҚСни ҳисоблаш 

Фақат ўз қурилиш материалларингиздан фойдалансангиз, сарфланган материалларни ҳисобга олган ҳолда шартномага ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ишларнинг умумий қийматидан келиб чиқиб ҚҚСни ҳисобланг  .

Ишларнинг қиймати уларнинг физик кўрсаткичлардаги ҳақиқий ҳажми ва шартномавий (смета) нархларидан келиб чиқиб ҳисобланади. Ишларнинг умумий қийматида қуйидагиларни ҳам ҳисобга олинг:

  • транспорт ва тайёрлаш-омборхона харажатларини – материаллар, буюмлар, конструкциялар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун сарф-харажатлар суммасидан фоиз сифатида;
  • қурилишни ташкил этиш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлаб чиқариш тусидаги бошқа сарф-харажатларни. Улар пудратчининг ҳақиқий сарф-харажатлари асосида ўрта ҳисобда муайян базис даври (одатда, бир йил) учун аниқланади;
  • пудратчининг бошқа сарф-харажатларини – ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда ишларнинг умумий қийматидан фоиз сифатида.   

Одатда, ишларнинг қийматини корхонанинг ишлаб чиқариш-техник ходимлари ҳисоблайди. Унга ҚҚС суммасини қўшинг, маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг ва электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) билан бирга буюртмачига тасдиқлаш учун тақдим этинг.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади 

Бажарилган ишлар (қилинган сарф-харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура (ВМнинг 21.05.2004 йилдаги 02-5-56-сон протокол қарори билан тасдиқланган) – фақат қурилишда қўлланиладиган бошланғич ҳужжат. У қурилиш ишларини бажариш далили ва қийматини тасдиқлайди.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ортиб борувчи якун билан тўлдирилади ҳамда йил бошидан ва қурилиш бошлангандан ҳисобот ойи учун жисмоний ва қиймат кўрсаткичларида бажарилган ишлар ҳажмини акс эттиради.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштираётганда объектларни қуришда «Бажарилган ишлар (қилинган сарф-харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура» бошланғич ҳисобга олиш шаклини тўлдиришга доир кўрсатмаларга амал қилинг.

Мисол
ҚҚС тўловчи пудратчининг ўз материалларидан қурилиш ишларини бажаришини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

Пудрат шартномасига кўра пудратчи ўз материалларидан фойдаланиб, буюртмачининг офисида таъмирлаш-қурилиш ишларини бажаради. Ишлар ой охиригача бажарилиши керак. Шартномага ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ҚҚСсиз ишларнинг қиймати – 60 000 минг сўм.

Буюртмачи пудратчига 24 000 минг сўм миқдорида бўнак ўтказди.

Пудратчи 60 000 минг сўм миқдоридаги ишларни тўлиқ ҳажмда бажарди ва 7 200 минг сўм (60 000 х 12%) миқдорида ҚҚС ҳисоблади.

Ишларнинг ишлаб чиқариш таннархи – 40 000 минг сўм.

Ўз материалларидан ишларни бажаришни бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттиринг:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Буюртмачидан бўнак келиб тушди

24 000

5110

6310

Бажарилган ишлар таннархи акс эттирилди

40 000

2010

 

0200,

1000,

6710,

6520 

ва б.

Бажарилган ишларни реализация қилишдан даромад акс эттирилди 

60 000

4010

9030

Бажарилган ишлар қийматидан ҚҚС ҳисобланди

7 200

6410

Бажарилган ишлар таннархи ҳисобдан чиқарилди

40 000

9130

2010

Олинган бўнак ҳисобга олинди

24 000

6310

4010

Бажарилган ишлар учун пул маблағлари келиб тушди
(60 000 + 9 000 – 24 000)

43 200

5110

4010

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши – ҳаволада.

Буюртмачининг материалларидан фойдаланиб пудрат ишларини бажаришда ҚҚСни ҳисоблаш  

Қурилиш ишларини бажариш чоғида буюртмачининг материалларидан фойдаланаётганда ҚҚСни буюртмачининг материаллари қиймати чегирилган ишларнинг қийматидан келиб чиқиб  қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

СҚҚС = (Қи – Мб) х СтҚҚС,

бу ерда:

СҚҚС – ҚҚС суммаси;

Қи – ишларнинг қиймати, шу жумладан буюртмачининг материаллари;

Мб – буюртмачининг материаллари қиймати;

СтҚҚС – ҚҚС ставкаси фоизларда.

Буюртмачи қурилишни тўлиқ ёки қисман материаллар билан таъминлаши ҳақидаги шартни пудрат шартномасида албатта назарда тутинг. Материалларни юкхат ёки қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида бериш тартибини ҳам қайд этинг.

Эътибор беринг
Шартномада буюртмачи берадиган материалларга бўлган мулк ҳуқуқи унда қолишини белгиланг. Фақат шу ҳолда ҚҚСни ҳисоблаётганда уларнинг қийматини чиқариб ташлашингиз мумкин.

Буюртмачидан олинган материалларни балансдан ташқари 003-«Қайта ишлаш учун қабул қилинган материаллар» счётида қайта ишлаш учун қабул қилинган давал хом ашёга ўхшаб ҳисобга олинг.

Улардан фойдаланишни махсус ҳисоботда акс эттиринг.

Вазият
Буюртмачи қурилиш учун материалларни далолатнома бўйича эмас, балки ҳисобварақ-фактура бўйича пудратчига беради
Пудрат шартномасида буюртмачи қурилишни давал асосда материаллар билан қисман таъминлаши назарда тутилган. Бироқ, уларни бераётганда буюртмачи қабул қилиш-топшириш далолатномасини эмас, балки ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирди.

Бундай вазиятда нима қилиш керак?

Ҳисобварақ-фактура товарга (хизматга) бўлган мулк ҳуқуқи ўтаётганда расмийлаштирилиши боис ушбу операцияга ҚҚС ҳисоблаган ҳолда материалларни реализация қилиш сифатида қаралади.
Бундай вазиятда пудратчи буюртмачи берган материалларни балансга кирим қилиши, буюртмачи ҳисоблаган ҚҚСни ҳисобда акс эттириши (буюртмачи солиқ тўловчи бўлса), уларни бажарилган ишлар қийматида ҳисобга олиши ва, тегишинча, ишларнинг умумий қийматига ҚҚС ҳисоблаши керак.
Ушбу вазиятда пудратчи ҚҚСни ҳисоблаётганда буюртмачининг материалларини чегиришга ҳақли эмас.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурада бажарилган ишлар қиймати ва буюртмачининг материалларини қуйидагича акс эттиринг :

  • «Жами» сатрида – буюртмачининг материаллари ҳисобга олинган ишларнинг қиймати, бутун суммага пудратчининг бошқа сарф-харажатлари фоизини ва ҚҚСсиз ҳисоблаган ҳолда;
  • «Буюртмачининг материаллари» сатрида – ишларни бажариш чоғида сарфланган буюртмачининг материаллари қиймати, пудратчининг бошқа сарф-харажатлари фоизини ва ҚҚС ҳисобламаган ҳолда;
  • «Жами, буюртмачининг материалларини ҳисобга олмаганда» сатрида – «Жами» ва «Буюртмачининг материаллари» сатрлари ўртасидаги фарқ;
  • «ҚҚС» сатрида – «Жами, буюртмачининг материалларини ҳисобга олмаганда» сатрида кўрсатилган ишларнинг қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган солиқ ставкаси ва суммаси;
  • «Жами, ҚҚСни ҳисобга олганда» сатрида – «Жами, буюртмачининг материалларини ҳисобга олмаганда» ва «ҚҚС» сатрлари суммаси.
Мисол
ҚҚС тўловчи пудратчининг буюртмачи материалларидан фойдаланиб, қурилиш ишларини бажаришини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

Пудрат шартномасига кўра буюртмачи қурилишни материаллар билан қисман таъминлайди. У берган материаллар қиймати 10 000 минг сўмни ташкил этди.

Пудратчи 75 000 минг сўмлик ишларни бажариб, пудратчининг бошқа сарф-харажатлари ҳисобланган фоизини ва ҚҚСсиз ҳисобга олди. Шу жумладан, буюртмачининг материаллари қиймати 8 000 минг сўмни ташкил этди.

Пудратчи фойдаланилмаган материалларни буюртмачига қайтарди.

Буюртмачининг материалларидан фойдаланиб ишларни бажаришни бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттиринг:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Буюртмачидан қабул қилинган давал материаллар кирим қилинди

10 000

003

 

Бажарилган ишлар давал материаллар қийматини ҳисобга олмаган ҳолда буюртмачига ҳақ тўлаш учун тақдим этилди
(75 000 – 8 000)

67 000

4010

9030

Давал материаллар қийматини ҳисобга олмаган ҳолда бажарилган ишлар қийматидан ҚҚС ҳисобланди
(67 000 х 15%)

8 040

6410

Ишларни бажаришда фойдаланилган давал материаллар ҳисобдан чиқарилди

8 000

 

003

Фойдаланилмаган материаллар буюртмачига қайтарилди
(10 000 – 8 000)

2 000

 

003

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши – ҳаволада

Буюртмачига ҳисобварақ-фактура қўйиш чоғида «Нарх» устунида буюртмачининг материаллари қиймати чегирилган бажарилган ишлар қиймати – 67 000 сўмни кўрсатинг.

Сотиш учун объектни қуришда ҚҚС қандай ҳисобланади  

Объект бўйича сарф-харажатларни 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида жамланг, сўнг уларни 2810-«Омбордаги тайёр маҳсулот» счётига ўтказинг. Кўп квартирали турар жой қураётган бўлсангиз, алоҳида квартираларни тайёр маҳсулот сифатида ҳисобга олинг.

Шартномада белгиланган объектни реализация қилиш қийматидан келиб чиқиб харидорга ҚҚС ҳисобланг .

Сотиш учун объектни қуришда маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирманг, сабаби бу ҳолда ҳам буюртмачи, ҳам пудратчи ҳисобланасиз. Ҳисобварақ-фактурани объектни (квартирани) реализация қилиш пайтида расмийлаштиринг. 

Эътибор беринг
Кўчмас мулк реализация қилинган тақдирда қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича харидорга ушбу мол-мулк берилган сана реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган сана деб ҳисобланади .

Қурилган объектни яхлит ҳолда ёхуд қисмлаб реализация қилишни бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттиринг:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Олди-сотди шартномаси бўйича харидордан бўнак олинди

5110,

5530

6310

Объектни қуриш учун сарф-харажатлар акс эттирилди

2010

0200,

1000,

6010,

6520,

6710,

6990 

ва б.

Тайёр маҳсулот – қурилган объект ҳисобга қабул қилинди (сотиш шартларига қараб яхлит ҳолда ёки қисмлаб)

2810

2010

Тайёр маҳсулот таннархи ҳисобдан чиқарилди

9110

2810

Тайёр маҳсулотни реализация қилишдан тушум акс эттирилди

4010

9010

Реализация қилиш қийматидан ҚҚС ҳисобланди

6410

Харидордан олинган бўнак ҳисобга олинди

6310

4010

Узоқ муддатли контракт бўйича ҚҚС қандай ҳисобланади

Объектларни, ш.ж. фойдаланиш учун тайёр қилиб қураётган ёки узоқ технологик (бир ойдан ортиқ) даврийликдаги бошқа узоқ муддатли шартномалар бўйича қурилиш ишларини бажараётган бўлсангиз, ҚҚСни ҳар бир календарь ойнинг охирида ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмининг қийматидан келиб чиқиб ҳар ойда ҳисобланг .  

Узоқ муддатли контракт шартларида ишларни босқичма-босқич топшириш назарда тутилмаган бўлса, улар ҳисобот ойининг охирига келиб ҳақиқатда бажарилишини аниқланг. Бунинг учун шартномани бажариш бошлангандан эътиборан қилинган харажатларнинг солиштирма миқдорини шартномани бажаришга доир харажатларнинг умумий суммасида ҳисоб-китоб қилинг .

Ҳисобот ойининг охиридаги ҚҚС солинадиган ишлар ҳажмини қилинган харажатларнинг ҳисоб-китоб қилинган солиштирма миқдорини контракт бўйича ишларнинг (контракт нархи) умумий ҳажмига кўпайтириш йўли билан аниқланг. Мазкур контракт бўйича илгари ҳисобга олинган ҳажмларни жорий ой учун ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқлаш чоғида чегириб ташланг. 

Мисол
Узоқ муддатли контракт бўйича ҚҚСни ҳисоблаш
Жорий йилнинг октябрида ҚҚС тўловчи пудратчи 12 % ҚҚС ҳисобга олинган умумий суммаси 224 000 минг сўмлик қурилиш ишларини бажариш учун буюртмачи билан шартнома тузди. Унга кўра ишларни топшириш муддати – жорий йилнинг декабри.
Октябрь учун ҚҚС ҳисоблаш мақсадида октябрда шартнома бўйича сарфланган харажатларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра контракт бўйича умумий харажатлар суммасидаги салмоғини ҳисоблаш зарур.
Шартнома бўйича умумий харажатлар суммаси 150 000 минг сўмга тенг.

Октябрда шартнома бўйича харажатлар 40 000 минг сўмни ташкил этди. Салмоқ 27 %га (40 000 : 150 000 х 100) тенг. Октябрь учун ҚҚС солинадиган ишлар ҳажми 54 000 минг сўмни (224 000 : 1,12 х 27 %) ташкил этади.

Октябрь учун солиқ солинадиган ишлар ҳажмига ҳисобланган ҚҚС 6 480 сўмни (54 000 х 12 %) ташкил этади.

Пудратчи октябрда ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми суммасига (54 000 + 6 480 = 60 480) буюртмачига стандарт ҳисобварақ-фактура қўяди, шунингдек оралиқ маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Тегишинча, октябрь учун ҚҚС бўйича ҳисоботда ҳам айни шу сумма акс эттирилади.

Ноябрда ҚҚС солинадиган ишлар ҳажми худди шундай ҳисобланади.

Декабрда жами ишлар ҳажми якунлангач, пудратчи якуний ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради, уларда октябрь ва ноябрда ҳисобга олинган ҳажмларни чегирган ҳолда контракт бўйича ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмини акс эттиради.

Ўз эҳтиёжлари учун қурилиш ишлари бажарилганда ҚҚС қандай ҳисобланади

Ўз эҳтиёжларингиз учун ўз кучингиз билан қурилиш ишларини бажараётганда, фақат фойда солиғини ҳисоблаётганда ушбу эҳтиёжлар учун харажатлар чегириб ташланмаса, ҚҚС ҳисобланг  .

Эътибор беринг
Ушбу қоидадан истисно – амортизация чегирмалари воситасидаги харажатлар жумласига киритиладиган сарф-харажатлар. Улар сотиб олишга, ишлаб чиқаришга, қурилишга, монтаж қилишга, ўрнатишга доир ва амортизация қилинадиган активларнинг қийматига қўшиладиган бошқа харажатлар, ш.ж. қўшимча қуриш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳолларида амалга ошириладиган сарф-харажатлардир . Ушбу мақсадлар учун ишларни бажарсангиз, ҚҚС ҳисобламанг.
Мисол
Ўзининг эҳтиёжлари учун қурилиш ишлари бажарилганда ҚҚС ҳисоблаш
ҚҚС тўловчи қурилиш корхонаси ҳисобот ойида ўз кучи билан қурилиш ишларини бажарди:
  • маъмурий биносини таъмирлаш бўйича. 
Ушбу ишлар таннархи корхонанинг маъмурий харажатларига ҳисобдан чиқарилади ва фойда солиғини ҳисоблаётганда чегириб ташланади. Бу ҳолда ҚҚС ҳисоблаш мажбурияти юзага келмайди;
  • корхона ходимлари ишдан ташқари вақтда спорт билан шуғулланадиган спорт майдончасини таъмирлаш бўйича.
Ушбу ишлар таннархи бошқа операцион харажатларга ҳисобдан чиқарилади ва фойда солиғини ҳисоблаётганда чегириб ташланмайди .
Бу ҳолда ҚҚС ҳисоблаш мажбурияти юзага келади;
  • ходимларининг дам олиши учун мўлжалланган корхонанинг дам олиш зонасида бинони қўшимча қуриш бўйича.
Ушбу ишлар таннархи бинонинг бошланғич қийматига киритилади ва амортизация чегирмалари воситасида харажатлар жумласига киритилади. Бу ҳолда ҚҚС ҳисоблаш мажбурияти юзага келмайди.

Фойда солиғини ҳисоблаётганда улар учун харажатлар чегириб ташланмайдиган ўз эҳтиёжлари учун қурилиш ишларини бажариш чоғида айнан ўхшаш (улар мавжуд бўлмаганда эса – бир турдаги) ишларнинг (хизматларнинг) ўртача ўлчанган реализация қилиш нархидан келиб чиқиб ҚҚС ҳисобланг. Ўртача ўлчанган нархни ўтган 90 кун ҳисобидан келиб чиқиб аниқланг. Ушбу даврда бундай реализация мавжуд бўлмаса, бозор нархларидан келиб чиқинг .

Қандай ишлар (хизматлар) айнан ўхшаш ҳисобланади

Бир хил хусусиятли асосий белгиларга эга бўлган товарлар (хизматлар) солиқ солиш мақсадида айнан ўхшаш товарлар (хизматлар) деб эътироф этилади  . Бунда қуйидагилар ҳисобга олинади:

  • бажарувчининг (пудратчининг) хусусиятлари, унинг бозордаги ишбилармонлик обрўси;
  • фойдаланиладиган товар белгиси.

Қандай ишлар (хизматлар) бир турдаги ҳисобланади

Бир турдаги ишлар (хизматлар) айнан ўхшаш бўлмаган ҳолда бир хил хусусиятларга эга бўлади, бу уларга тижорат ва (ёки) функционал жиҳатдан бир-бирининг ўрнини боса олиш имконини беради.

Хизматларнинг бир турдалигини аниқлаш чоғида қуйидагилар ҳисобга олинади :

  • уларнинг сифати;
  • товар белгиси;
  • бозордаги мавқеи;
  • хизматларнинг тури ва уларнинг ҳажми;
  • ноёблиги;
  • тижорат жиҳатидан бир-бирининг ўрнини боса олиши.

Ишларнинг (хизматларнинг) ўртача ўлчанган нархи қандай ҳисобланади

Ўртача ўлчанган нарх ўртача нархдан фарқли равишда нархнинг ўзидан ташқари бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) миқдорини (ҳажмини) ҳисобга олади.

Ўртача ўлчанган нархни қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

Нўў = (Н1 х М1 + … + Нn х Мn) : ∑Мn,

бу ерда:

Н1, …, n – айнан ўхшаш ишларни (хизматларни) реализация қилиш нархи;

М1, …, n – реализация қилинган айнан ўхшаш ишлар (хизматлар) миқдори;

∑М– реализация қилинган айнан ўхшаш ишларнинг (хизматларнинг) жами миқдори. 

Мисол
Реализация қилинган айнан ўхшаш ишларнинг (хизматларнинг) ўртача ўлчанган нархини ҳисоблаш
Корхона бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган даврда (90 кун) айнан ўхшаш ишларнинг бажарилиши (хизматларнинг кўрсатилиши) ҳақида қуйидаги маълумотлар мавжуд:
    

Т/р

Миқдори

Нархи,
минг сўм

1

1 000

48

2

200

58

3

100

62

4

120

70

5

50

65

6

110

56

7

60

75

Жами

1 640

434

Реализация қилишнинг ўртача ўлчанган нархи қуйидаги миқдорга тенг:

(48 х 1 000 + 58 х 200 + 62 х 100 + 70 х 120 + 65 х 50 + 56 х 110 + 75 х 60) : 1 640 = 53,7  минг сўм.

Солиштириш учун: ўртача реализация қилиш нархи ишларнинг турлари (буюртмалар) миқдорига бўлинган барча нархлар суммаси сифатида ҳисобланади. Жадвалдаги маълумотларга кўра у 62 минг сўмга (434 : 7) тенг. 

Мисол
ҚҚС тўловчи корхонанинг ўз эҳтиёжлари учун қурилиш ишларини ўз кучи билан бажаришини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

Жорий ойда қурилиш корхонаси ўз эҳтиёжлари учун таъмирлаш ва пардозлаш ишларини бажарди: таннархи 20 000 минг сўмга тенг ишларнинг бир қисми маъмурий корпусда, таннархи 25 000 минг сўмга тенг қисми эса корхона балансидаги дам олиш зонасида бажарилди. Маъмурий мақсаддаги асосий воситаларни таъмирлаш учун харажатлар фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегириб ташланади . Шу сабабли бундай таъмирлаш ишларини бажаришга реализация қилиш бўйича айланма сифатида қаралмайди, демак, у ҚҚС солиш объекти юзага келишига олиб келмайди.

Дам олиш зонасини таъмирлаш учун харажатлар фойда солиғини ҳисоблаётганда чегириб ташланмаслиги лозим . Тегишинча, бу ҳолда ишларни бажаришга ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма сифатида қаралади.

Ўтган 90 кун учун айнан ўхшаш ишларни реализация қилишнинг ўртача ўлчанган нархидан келиб чиқиб ҳисобланган дам олиш зонасидаги таъмирлаш ишларининг қиймати ҚҚСсиз 48 000 минг сўмга тенг.

Таъмирлаш ишлари бажарилишини бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттиринг:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма, 
минг сўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Таъмирлаш бўйича бажарилган ишлар таннархи акс эттирилди:

– маъмурий бинони;

– дам олиш зонасини

 

20 000

25 000

 

2310

1050

6520

6710

Таъмирлаш бўйича бажарилган ишлар таннархи ҳисобдан чиқарилди:

–маъмурий бинони;

– дам олиш зонасини

 

20 000

25 000

9420

9430

2310

Реализация қилишнинг ўртача ўлчанган қийматидан келиб чиқиб дам олиш зонасини таъмирлаш ишлари ўз кучи билан бажарилганда ҚҚС ҳисобланди
(48 000 х 12%)

5 760

9430

6410

 

Фойда солиғини ҳисоблаётганда улар учун харажатлар чегириб ташланмайдиган таъмирлаш ишлари бўйича ҚҚС ҳисоботда акс эттирилиши учун бир томонлама ҳисобварақ фактурани расмийлаштиринг.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал