Полезное для бухгалтера в ноябре:
Онлайн-НКМга ўтишда қандай тежаш мумкин
Онлайн-НКМга ўтадиган тадбиркорлар учун имтиёзлар Президентнинг ПФ-5813-сон Фармонида назарда тутилган. Вuxgalter.uz ваколатли органлар томонидан қўшимча тушунтиришларни талаб этадиган баъзи муҳим жиҳатлар мавжуд, деб ҳисоблайди. Гап нима хусусида?
Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик субъектларига онлайн-НКМ ёки виртуал кассага ўтиш чоғида:
- уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ (2020 йилгача – ягона солиқ тўлови) ёхуд қатъий белгиланган ЖШДС суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин БҲМнинг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади ;
- виртуал касса дастурий маҳсулотининг асос қисми (базаси) бепул берилади .
Онлайн-НКМ ва виртуал кассага қандай ўтиш ҳақида биз бу ерда батафсил ёзганмиз. ДСҚ бош солиқ инспектори Салим НОРБЕКОВнинг имтиёзларни қўллаш тўғрсидаги тушунтиришини эълон қилган. Бироқ ҳозир ҳамма жиҳатлари ҳам тушунарли эмас.
Солиқ ҳисоботи шакллари ПФ-5813-сон Фармонга зид
Хусусан, солиқ ҳисоботи шаклларидан уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси эмас, балки солиқ солинадиган база камайиши келиб чиқади. ДСҚ томонидан тасдиқланган ҳисобот шакллари ПФ-5813-сон Фармонга зид ва тузатиш киритилишини талаб этади.
Масалан, онлайн-НКМни харид қилиш ва ўрнатиш тадбиркорга 3 000 000 сўмга тушди. ПФ-5813-сон Фармонга асосан солиқларни 2 223 000 сўмга (10 БҲМ) камроқ тўлаши мумкин. Ҳисобот шакллари бўйича эса у фақат 333 450 сўм (2 223 000 х 15%) тежаши мумкин. Ва у айланмадан солиқ тўласа – жами 88 920 (2 223 000 х 4%) тежайди.
Имтиёз кимга тегишли?
Электрон солиқ ҳисоботини топшириш чоғида 7371 имтиёзни танланг ва онлайн-НКМни харид қилиш, ўрнатиш ва ишга туширишга харажатлар суммасини кўрсатинг. Бунда солиқ органлари ходимларининг ушбу суммани ҳужжат (банк тўлов топшириқномалари, ҳисобварақ-фактуралар) билан тасдиқлашни сўраб мурожаат қилишларига тайёр туринг.
Салим НОРБЕКОВнинг таъкидлашича, имтиёз виртуал касса ўрнатадиган тадбиркорларга дахл қилмайди. Бунда виртуал касса дастури ва уни ишга тушириш-созлаш қиймати бепул асос қисмини инобатга олганда онлайн-НКМ бўйича шунга ўхшаш харажатлардан унча катта фарқ қилмайди. Қаранг – ҳисоб-китоб.
Бундан ташқари, виртуал кассага қўшимча ускуна – ШК (агар мавжуд бўлмаса), планшет ёки POS-тизими, чек принтери, сканер, маълумотларни узатиш учун модем сотиб олиш зарур бўлади. Агар имтиёзлар фақат онлайн-НКМга тақдим этилса, демак, улар, солиқчилар фикрига кўра, афзалроқми? Нима учун?
Агар фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ёки қатъий белгиланган ЖШДС бўйича солиқ базаси (ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ – тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси) онлайн-НКМни харид қилиш, ўрнатиш ва ишга туширишга харажатлар суммасидан кам бўлса, қолдиқни кейинги солиқ даврида солиқни ҳисоблаш ва тўлаш чоғида инобатга олиш мумкин.
Харажатлар қандай ҳисобланади?
Харажатлар қуйидаги чиқимларни ҳар бир шундай қурилма ҳисобида қўшиш йўли билан ҳисобланади:
1) онлайн-НКМ қиймати.
Агар сиз илгари фойдаланган фискал хотирали НКМни қайта созласангиз, ПФ-5813-сон Фармон чиққандан кейин, яъни 2019 йил 6 сентябрдан кейин вужудга келган барча харажатларни ҳисобга олинг:
- НКМнинг ўзининг харид қиймати (агар у 2019 йил 6 сентябрдан кейин харид қилинган бўлса);
- модернизация қилиш ва созлаш учун зарур қурилмалар (сканерлар, Wi-Fi роутерлар ва бошқалар) қиймати;
- Техник хизмат кўрсатиш марказларининг (ТХКМ) НКМни қайта созлаш бўйича хизматлари қиймати.
НКМга талаблардан бири – сертификатлаштириш. Фискал хотирали НКМ ва онлайн-НКМ – бу иккита турли қурилмалар бўлиб, уларга талаблар турли ҳужжатлар билан белгиланган. Савол туғилади: қайта созлаш ҳолатида сертификатлаштириш билан қандай йўл тутилади?
Салим НОРБЕКОВ ушбу савол юзасидан айтишича, агар илгари рўйхатдан ўтказилган ва офлайн-режимда фойдаланилган НКМни онлайн-режимда қайта созлаш чоғида онлайн-НКМ талабларига жавоб берса, мазкур қурилмани сертификатлаштириш шарт эмас. Яна савол туғилади: буни қандай амалга оширса бўлади? Агар Салим НОРБЕКОВнинг маслаҳатига риоя қилсак, ўз ҳаракатларимизни қандай норматив ҳужжатлар билан асослаб беришимиз мумкин?
ТХКМ ходимлари бунга кўнмай, қайта созланган онлайн-НКМни сертификатлаштиришни талаб қилишлари мумкин. Бу ҳолда сертификатлаштириш харажатлари ҳам онлайн-НКМга ўтиш харажатлари калькуляциясига киритилиши мумкин.
2) Онлайн-НКМни ўрнатиш ва ишга тушириш-созлаш учун ТХКМга тўланган сумма.
Амалиётда ТХКМнинг барча хизматлари битта шартнома доирасида тақдим этилиши мумкин. Бу ҳолда бундай шартномада ўрнатиш ва ишга тушириш-созлаш ёзилган бўлишига эътибор бериш лозим.
ДСҚ материалида долзарб масалалар кўтарилган. Бироқ бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиёти учун қуйидагилар зарур:
- солиқ ҳисоботи шаклларини ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ келтириш;
- ушбу имтиёзни қўллаш бўйича ДСҚнинг аниқ позициясини олиш керак. Унда тадбиркорларнинг ушбу имтиёзни қўллашда ҳисобга олиниши мумкин бўлган барча харажатлари аниқ акс эттирилиши керак.
Олег ГАЕВОЙ