Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Электрон ҳисобварақ-фактура: қандай расмийлаштирилади, сақланади ва ҳисоби юритилади
ДСҚнинг қарори билан Электрон ҳисобварақ-фактураларни электрон расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (АВ томонидан 5.02.2019 йилда 3136-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Низомда электрон ҳисобварақ-фактураларни (ЭҲФ) расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритишнинг вақтинчалик (2019 йилнинг 31 декабрига қадар) тартиби белгиланган. Ҳужжат топшириқ шартномалари бўйича амалга оширилаётган операцияларга, шунингдек авиа- ва темир йўл транспорти орқали товарларни етказиб бериш (ташиш)ни назарда тутувчи хўжалик шартномаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
ЭҲФдан ташқари, Низомда электрон товар-транспорт юкхатлари (ЭТТЮ) ва электрон ишончномаларни ахборот тизими орқали тақдим этиш тартиби ҳам белгиланган.
Масалан, товарларни реализация қилганда ЭҲФ қуйидагича расмийлаштирилади:
- сотиб олувчи электрон ишончномани расмийлаштиради, уни ўзининг электрон рақамли имзоси (ЭРИ) билан тасдиқлайди ва ахборот тизими орқали етказиб берувчига юборади;
- етказиб берувчи қабул қилинган электрон ишончнома асосида ЭҲФни шакллантиради, уни ўзининг ЭРИ билан тасдиқлайди ва сотиб олувчига юборади;
- сотиб олувчи ЭҲФни ўзининг ЭРИ билан тасдиқлайди ва қайтадан етказиб берувчига жўнатади;
- сотиб олувчи ЭҲФни тасдиқлашни рад этганда, рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда уни ўзининг ЭРИ билан тасдиқлайди ва етказиб берувчига юборади.
Бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар бўйича ЭҲФ ҳам худди шундай расмийлаштирилади:
- етказиб берувчи ўзининг ЭРИ билан тасдиқланган ЭҲФни ахборот тизими орқали сотиб олувчига юборади;
- сотиб олувчи келиб тушган ЭҲФ билан танишиб чиққанидан сўнг, уни ўзининг ЭРИ билан тасдиқлайди ёки сабабларини кўрсатган ҳолда уни рад этади.
Тизим қўшимча ЭҲФни расмийлаштиришни ҳам назарда тутади.
Товарлар (ишлар, хизматлар) жисмоний шахсга реализация қилинган тақдирда, етказиб берувчи ЭҲФни худди шу тарзда шаклланатиради, уни қоғоз шаклида чоп этади ва жисмоний шахсга тақдим этади.
Электрон ҳужжат алмашиш операторлари тасдиқланган электрон ҳужжатларни ўзларининг базаларида камида 5 йил давомида сақлайди ва ҳисобини юритади. Уларнинг кейинчалик сақланишини архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ДСҚ амалга оширади.
Эслатиб ўтамиз, ЭҲФни расмийлаштиришни жорий этиш бўйича тажриба Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида ўтказилади.
Низом 6.02.2019 йилдан кучга кирди.