Харидорларнинг пули қаерга кетаяпти

preview

Нақд тушумни яшириш орқали солиқлардан қочиш муаммоси бой тарихга эга. Доим бунга қарши чоралар кўриб келинган. Ушбу соҳага замонавий технологиялар кириб келди. Солиқ органлари ходимларига уларни бартараф этиш вазифаси юклатилган. Бу ишни қанчалик яхши уддаласалар, Давлат бюджетига тушумлар тўлиқ келиб тушишини таъминлабгина қолмай, харидорларни фирибгарлардан, сотиб олаётган товар ва хизматлари учун ортиқча ҳақ тўлашларидан ҳам ҳимоялаган бўладилар.

Қонунни ҳурмат қилмайдиганларга қарши аёвсиз курашиш лозим

Президент Шавкат Мирзиёев Давлат бюджетига тушумлар прогнозлари ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, унинг даромад қисмини тўлдириш резервларини кўрсатди. Тадбиркорлик фаолиятини легаллаштириш, солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш улар сирасига киради.

Бугунги кунда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда солиқлардан бўйин товлаш схемалари қўлланилаяпти. Солиқ органлари қонунбузарларга қарши самарали чораларни ишлаб чиқаётганда буни назардан қочирмасликлари даркор. Акс ҳолда барча уринишлари зое кетади.  

Терминалдан қўрқмаймиз…

Аввалига инсофсиз тадбиркорлар терминалдан қўрқиб, фақат нақд пул билан ҳисоблашишга уриндилар. Бугун харидор банк пластик картаси воситасида ҳисоблашмоқчи бўлса, бундан ҳеч ким чўчимайдиган бўлиб қолди. Ушбу вазиятда ўша инсофсиз сотувчиларда Президентнинг 15.02.2017 йилдаги ПҚ–2777-сон қарори талабларидан қочиш йўли бор. Оддий харидорлар тўқнаш келган иккита ҳолат бунга ёрқин мисол бўла олади.  

Чорсу бозорида харидор ва сотувчи 500 минг сўмлик эркаклар пойабзалини олди-сотди қилишга келишиб олдилар. Сотувчи ҳақини пластик картада олишга рози бўлди. Ҳисоб-китоб терминали пештахтанинг кўринарли жойида турган эди. Ҳақ тўлашга келганда харидорга бозорнинг нариги томонидаги банк бўлимига боришни таклиф қилдилар. У ерда сотувчининг вакили бир чеккада турган банкоматдан керакли суммани ечиб олди. Натижада харидор карта орқали ҳисоб-китоб қилди, сотувчи нақд пулга эга бўлди. Ютқазган фақат бюджет бўлди.

Бундай ҳолатлар фақат бозорларда учрамайди. Концертга чипта сотиб олишни олайлик. Кассир харидорнинг пластик карта воситасида ҳақ тўламоқчилигини кўриб, терминал йўқлигини айтади. Вазиятдан чиқиш учун тўлов тизимларидан бири ёрдамида маблағни картадан картага ўтказишни таклиф қилади. Шундай қиладилар ҳам. Фақат нима сабабдан маблағлар юридик шахснинг счётига эмас, кимнингдир шахсий картасига ўтказилгани номаълумлигича қолади.    

Шу йўл билан харид қилган кишининг кўнглида ғашлик қолади. Вақт ўтиши билан сотувчи айтганидан кўра кўпроқ сумма тўлаганини англаб етади. Банкоматда пулни нақдлаштириш ва картадан картага ўтказишда воситачилик ҳақи ундирилади, у харидор зиммасига тушади. Қандайдир фирибгарларнинг қўлида ўйинчоқ бўлгани ҳам ҳеч кимга ёқмаса керак…

Узрингизни қабул қилдик

Тилга олинган барча ҳолатларда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга хилоф иш қилингани яққол кўриниб турибди. Ҳужжатда қуйидаги талаблар белгиланган:

  • харидорга товар, хизмат, шу жумладан нарх ҳақида тўғри ахборот бериш бўйича;
  • реал тўланган харид қиймати кўрсатилган касса чекини бериш бўйича.

Солиқ қонунчилиги ҳам бузилгани кўриниб турибди.

Вазият ўз-ўзидан ҳал этилишини кутиб бўлмайди. Чора кўрилмаса, муаммо чуқур илдиз отади. Жамият онги ва тушунчасини ўзгартира оладиган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Давлат солиқ қўмитаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бирга шундай ташаббус билан чиқа олади.

Биринчидан, солиқ солиш тизими самарадорлигини таҳлил қилиш, солиқ тўловчиларнинг ҳар бир гуруҳи кесимидаги ишларнинг аҳволини ўрганиш зарур. Бунда эскича ёндашиб бўлмайди. Бозорда ишловчи тадбиркорлар орасида солиқларни белгиланган шкалада хотиржам тўлай оладиганлари ҳам, бунга қурби етмайдиганлар ҳам бор. Қийин аҳволда қолганларга умумбелгиланган даражага чиқишида ёрдам бериш керак. Айрим соҳаларда қабул қилинган ставкаларни қайта кўриб чиқиш керак бўлиши мумкин. Бунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида хуфия айланмани ошкор қилишга қаратилган асосли тадбирларни кўриш лозим.   

Иккинчидан, ниҳоят, харидорларни рағбатлантириш тизимини тўла ишга тушириш зарур, улар доим чек талаб қилиб, унинг мазмуни қонунчилик нормаларига қанчалик мувофиқ келиш-келмаслигини текширадиган бўлсинлар. Онлайн-НКМни жорий этиш бўйича пилот лойиҳа доирасида тилга олинган ғояни асос қилиб олиш мумкин. Харидорга берилган ҳар бир касса чеки – қимматбаҳо ютуқлар ўйналадиган лотерея билети.

Учинчидан, солиқ органлари истеъмолчилар билан реал самара берувчи оператив алоқани йўлга қўйиши мақсадга мувофиқдир. Истеъмолчи қонунбузарлик далиллари ҳақида тез хабардор қилиши мумкин бўлган барча алоқа каналларини ишга солиш зарур. Бунда барча замонавий интернет-технологиялардан, шу билан бирга анъанавий ишонч телефонлари, ёзма мурожаат қилиш имкониятидан фойдаланиш керак.

Тўртинчидан, истеъмолчиларнинг хабарларига имкон қадар тез муносабат билдириш, далилларнинг ишончлилигини назорат хариди ёрдамида текшириш зарур. Амалдаги Низомда (28.06.2013 йилда 2475-сон билан рўйхатдан ўтказилган) чакана савдодаги ҳисоб-китобларда содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида солиқчиларга келиб тушган маълумотларни ўрганиб чиқишга уч кун ажратилган. Бу жуда узоқ муддат. Бунда ўт ўчирувчилардек ҳаракат қилиш: сигнал келиб тушиши билан чақирилган жойга етиб бориш керак.

Бешинчидан, фош этилган ҳуқуқбузарларга нисбатан кескин чораларни қўллаш талаб этилади. Давлат ва истеъмолчига етказилган зарарни қопласин, шунингдек қонунга мувофиқ жазосини олсин – узрингизни қабул қилдик қабилида иш тутилмасин. Шу билан бирга тадбиркорда нима сабабдан ноқонуний йўлни танлаганини изоҳлаш ҳуқуқи бўлиши керак. Таҳлилий материаллар тайёрлашда ва ечимларни таклиф этишда ушбу ахборотга таяниб иш кўриш мумкин бўлади.

Олег Гаевой.


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text149565_haridorlarning_puli_qaerga_ketayapti