Йирик солиқ тўловчилар қандай текширилади

preview

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 17.04.2019 йилдаги 320-сон қарорига қаранг).

У кимга тааллуқли?

Эслатиб ўтамиз, йирик солиқ тўловчилар – қуйидаги мезонлардан келиб чиқиб солиқ маъмуриятчилиги остига тушадиган айрим тоифадаги юридик шахслар:  

  • солиқ даври якуни билан ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси ЭКИҲнинг 200 минг бараваридан кам бўлмаган;
  • товар айланмаси ҳажми ЭКИҲнинг 300 минг бараваридан кам булмаган;
  • жами активлари қиймати ЭКИҲнинг 100 минг бараваридан кам бўлмаган.

Солиқ тўловчиларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш тартиби тўғрисида батафсил – бу ерда.

Кимлар назорат қилинади?

Аввалига йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ маъмуриятчилигига доир функциялар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ДСБга берилди. Сўнг улар Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига (26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарорга қаранг, бундан кейин – Инспекция) ўтди. Бунда «қарамоғидагилар» жойлашган ва фаолият юритаётган жой аҳамиятга эга эмас.

Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

биринчидан, йирик солиқ тўловчилар ҳисобини ташкил этиш ва улардан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш;

иккинчидан, йирик солиқ тўловчилар фаолиятида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши бўйича солиқ назоратини ташкил этиш, хусусан:

  • камерал назорат, шунингдек йирик солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилишининг қонунийлигини тасдиқлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда мавзули экспресс-ўрганишларни амалга оширади (Солиқ кодексининг 70, 712-моддаларига қаранг);
  • ҳисоботларда кўрсатилган ишчилар сони билан ҳақиқатда ишловчилар сони, шунингдек ишлаб чиқариш ҳажмларининг мос келиши масалалари бўйича йирик солиқ тўловчилар фаолияти мониторингини олиб боради. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳолатларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чораларини кўради (Солиқ кодексининг 711-моддасига қаранг);
  • экспорт-импорт операциялари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга оширади (бу ерга қаранг);
  • ҚҚС бўйича ноль даражали ставка қўлланилишининг асослилиги юзасидан назоратни амалга оширади (Солиқ кодексининг 38-бобига қаранг);
  • солиқ текширувлари (Солиқ кодексининг 14-бобига қаранг). Молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) давомида бухгалтерия ҳисобларини ва молиявий ҳисоботларни текширади, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр буюмларни тортиб кўради ва ўлчайди, хом ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришда назорат тариқасида ишлатиб кўради, текширади;
  • солиқ тўловчилардан ёки уларнинг мансабдор шахсларидан тушунтиришлар олади, мол-мулк мавжудлигини текширади, ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, ш.ж. даромадлар олиш учун фойдаланиладиган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиради ёки текширади;
  • пул маблағлари ва моддий бойликларнинг бухгалтерия ҳисобини юритишнинг белгиланган тартибига риоя қилинишини, корхоналар ҳудудига моддий бойликларни олиб кириш ва у ердан олиб чиқишда корхоналарда рухсат бериш тизими ишларининг ташкил этилиши ҳолатини текширади;

учинчидан, йирик солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ўзаро ҳамкорлик асосида сервис-техник хизмат кўрсатилишини амалга ошириш;

тўртинчидан, йирик солиқ тўловчилар маъмуриятчилиги доирасида солиққа оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, аниқлаш ва олдини олиш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш.

Инспекциянинг ўзини ким назорат қилади?

Инспекциянинг тузилмаси ва штатдаги ходимлари сонини Президент Администрацияси билан келишилган ҳолда ДСҚ раиси тасдиқлайди. Унинг бошлиғи худди шу тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Инспекция бошлиғи унинг фаолияти тўғрисида ДСҚ раиси олдида мунтазам равишда ҳисобот беради. ДСҚ раисининг ўринбосарлари Инспекция раҳбарларини назорат қилиб борадилар. ДСҚ ҳар чоракда Инспекция ишини баҳолайди. Натижалар бўйича унинг раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи ҳал этилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.04.2019 йилдан кучга кирди.

Олег Заманов.






Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text149728_yirik_soliq_tulovchilar_qanday_tekshiriladi