Полезное для бухгалтера в декабре:
Қайта молиялаш ставкаси ўзгаришсиз – 16% даражасида сақланиб қолди
Марказий банк Бошқарувининг 2019 йил 20 апрелдаги йиғилишида қайта молиялаш ставкаси йиллик 16% даражасида ўзгаришсиз қолдирилди, дея хабар берилади МБ расмий сайтида.
Ушбу қарор пул-кредит сиёсатининг инфляцияни жиловлаш ва инфляцион кутилмаларнинг пасаювчи трендини қўллаб-қувватлашга қаратилган жорий шароитларини сақлаб қолиш заруриятига асосланди.
2019 йилнинг I чораги якунларига кўра, йиллик инфляция даражаси МБ асосий прогноз коридорининг (13,5–15,5%) қуйи чегарасида шаклланиб, 13,6%ни ташкил этди. Бунда йиллик инфляция динамикаси 2018 йилнинг I чорагидан фарқли равишда бироз ўсувчи тенденцияни намойиш этди.
Умуман олганда, 2019 йилнинг I чорагида инфляция даражаси айрим озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи қисқариши каби мавсумий омиллар, шунингдек тартибга солинадиган нархларнинг 2018 йил ноябрдаги оширилиши, кредитлашнинг юқори суръатлари сақланиб қолиши, ҚҚС базасининг кенгайтирилиши ҳамда миллий валютанинг нисбатан қадрсизланиши таъсири натижасида шаклланиб, кутилган даражадан пастроқ бўлди.
Марказий банк 2019 йил учун инфляциянинг базавий прогнозини 13,5–15,5%лик даражада сақлаб қолади.
2019 йилнинг II ва III чоракларида ўртача ойлик инфляция даражаси ўтган йилги кўрсаткичлар доирасида бўлиб, йиллик инфляция даражасининг сезиларли даражада пасайиши кутилмаяпти.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг IV чорагидаги инфляциянинг юқори базаси ва жорий иқтисодий ҳолатлардан келиб чиқиб 2019 йилнинг IV чорагида йиллик инфляция даражасининг пасайиши кутилмоқда. Йил якунида инфляция даражаси қуйидаги хатарларнинг амалга ошиш эҳтимоллигидан келиб чиқиб прогноз коридорининг қуйи чегарасида бўлади:
- жорий йилда маъмурий тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш сиёсатининг давом эттирилиши кутилаётганлиги билан бирга, 2018 йилнинг ноябрь ойидаги нархлар оширилишининг иккиламчи таъсири;
- тадбиркорлик учун базавий иқтисодий шароитларнинг ўзгариши (масалан, алоҳида ишлаб чиқарувчилар гуруҳларининг энергия ресурсларидан фойдаланиш имкониятларидаги ўзгаришлар);
- хизматлар, жумладан коммунал хизматлар тарифларининг индексацияси;
- инвестицион талабнинг, жумладан қурилиш молларига бўлган талабнинг ошиши.
Инфляция даражасининг пасайиши бўйича қатъий ишонч шаклланган шароитда Марказий банк 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича инфляция прогнозини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Қайта молиялаш ставкасини қайта кўриб чиқиш юзасидан Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2019 йилнинг 20 июлига мўлжалланган.