Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ходим узоқ вақт таътилга чиқмаган бўлса, компенсация қандай ҳисобланади
Ходим узоқ вақт, масалан, 2014 йил 13 январдан 2019 йил 30 мартгача таътилга чиқмаган бўлса. Бу вақтда бирон марта меҳнат таътили олмаган, фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация ҳам олмаган. Бу ҳолда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация кунлари қандай ҳисобланади?
Меҳнат кодексига мурожаат қиламиз. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (МКнинг 151-моддаси).
Шу тариқа, фақат ишдан бўшаганда фойдаланилмаган барча таътиллар учун компенсация тўланиши лозим.
Ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади (МКнинг 134-моддаси). Бунда корхонанинг локал ҳужжатларида янада узайтирилган таътиллар бериш назарда тутилиши мумкин.
Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса чиқариб ташланади (МКнинг 141-моддаси).
Ташкилотда йиллик таътил муддати 15 кунни ташкил этади, дейлик.
Ходим ушбу ташкилотда 4 йилу 2 ойу 18 кун таътил олмай ишлаган.
Тўлиқ 4 йил учун 60 кун (15 кун х 4) компенсация тўланиши лозим.
Қолган 2 ойу 18 кун учун МКнинг 141-моддасида белгиланган яхлитлаш қоидасини қўллаганимизда яна 4 кун чиқади:
15/12 х 3 = 3,75, бунда 15 – берилиши лозим бўлган таътил кунлари сони, 3 эса – тўлиқ ишланган ойлар сони.
Шу тариқа, башарти ташкилотда йиллик меҳнат таътили муддати 15 кунни ташкил этса, мазкур ходимга 64 кун учун компенсация тўланиши лозим. Тегишинча, янада узайтирилган таътил муддати белгиланган бўлса, компенсация тўланиши лозим бўлган кунлар сони ошиб, юқорида келтирилган формула асосида чегирилади.
Бу – муҳим! Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътил вақти йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда инобатга олинмайди (МКнинг 142-моддаси).
Татьяна Лимарева.