Кичик бизнес учун кредитлар олиш осонлашади

preview

ҚҲТБТ порталида иқтисодиёт тармоқларини кредитлаш кўламини ва тадбиркорлик субъектлари кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳаси жойлаштирилди. 

Лойиҳа тадбиркорлик субъектларининг имтиёзли кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш, кредитлаш кўламини кенгайтириш ва Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) самарали фаолият юритишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Бунинг учун Жамғарма томонидан тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик ва фоиз харажатларини қоплашга компенсация тақдим этилиши юзасидан мавжуд шартлар билан бир қаторда кичик бизнес субъектларига уларни қуйидаги тартибда тақдим этиш таклиф этилмоқда:

а) кредитлар бўйича кредит суммасининг 50%и миқдорида, бироқ 4 млрд сўмдан (амалдаги тартибга кўра 2 млрд сўм) ошмайдиган миқдорда кафиллик;

б) фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация:

  • миллий валютадаги, МБ қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 баравари миқдоридан ошмайдиган фоиз ставкаларига эга, суммаси 10 млрд сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича –  қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган, бироқ 5 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмида. Ҳозирги пайтда 8 млрд сўмгача миқдордаги, қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасига эга миллий валютадаги кредитларни расмийлаштиришда 5 фоизлик пункт компенсацияланади;
  • эквивалент суммаси 10 млрд сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40%и миқдорида, бироқ 4 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган миқдорда. Ҳозирги пайтда 8 млрд сўм миқдоридаги валюта кредитлари бўйича фоиз ставкасининг 40%и, бироқ 3 фоизлик пунктдан ошмайдиган миқдори компенсацияланади.

Қуйидагилардан ташқари, бизнеснинг барча йўналишларини кредитлаш бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация олиниши таклиф этилмоқда:

  • алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • савдо-воситачилик ташкилотлари ва умумий овқатланиш корхоналарининг оборот маблағларини шакллантириш;
  • микрокредит ташкилотлари ва лизинг компанияларининг ресурс базаларини шакллантириш;
  • савдо ва умумий овқатланиш объектлари қурилишини молиялаштириш;
  • таваккалчиликка асосланган қимор ва бошқа ўйинлар ўтказилишини ташкиллаштириш, шунингдек ушбу мақсадларда ускуналар харид қилиш.

Кўриб турганимиздек, аввал олинган кредитлар ёки исталган бошқа қарзларни қайтариш тўғрисида ҳозирги пайтда амал қилаётган банд мазкур рўйхатда йўқ.

Махсус ахборот тизимида ЭРИдан фойдаланган ҳолда электрон шартномаларни тузиш орқали кафиллик ва компенсацияни расмийлаштириш режалаштирилмоқда. Жамғарма уни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш учун буюртма берувчи сифатида чиқади. Бундан ташқари, тизим тижорат банкларига ва уларнинг мижозларига Жамғарманинг расмий веб-сайти орқали реал вақт режимида кредит олиш учун берилган аризалар кўриб чиқилиши ва ижро этилишини кузатиб туриш имкони берилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки бекор қилиниши мумкин.   

Ленара Хикматова.


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text152122_kichik_biznes_uchun_kreditlar_olish_osonlashadi