МЧЖ корпоратив облигацияларни чиқариши мумкин

preview

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар ишлаб чиқилди. Ҳужжат барча келишувлар ва ҚҲТБТ порталида муҳокамадан ўтди.

Ҳужжат лойиҳасида бундан буён нафақат акциядорлик жамиятлари, балки МЧЖ шаклидаги корхоналар ҳам корпоратив облигацияларни чиқариши мумкинлиги назарда тутилган.

Ҳозирги пайтда кўп корхоналар ўз маблағлари етишмаётган ҳолларда тижорат банкидан кредит оляптилар, улар бўйича ставкалар анча юқори. Шу боис компанияга корпоратив облигацияларни чиқариш, улар ҳисобига ташқи манбалардан инвестициялар олиш фойдали бўлади.

Турли инвестиция компаниялари, инвестициявий фондлар, бошқа корхоналар, шу жумладан хорижий корхоналар ушбу қимматли қоғозлар харидорлари бўлиши мумкин. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон бозорига халқаро молия ва инвестиция компанияларини жалб этиш устида ишлаяпти.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назировнинг айтишича, ҳозирги пайтда агентлик томонидан халқаро экспертлар, шу жумладан, ОТБ, ЕТТБ ва ХВФ экспертлари иштирокида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Эксперт кенгаши ташкил этилди, у Агентлик билан биргаликда бутун капитал бозори тизимини ўрганиш ва қонунчилик базасини такомиллаштириш, шунингдек Капитал бозорини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

«Капитал бозори инвестиция воситачилари томонидан ривожлантирилади, шу боис жорий йилнинг июль ойида АҚШ, Нью-Йоркка қилинган ташриф доирасида мамлакатимизга қизиқиш билдирган бир нечта инвестиция компаниялари, фондлари билан музокаралар олиб бордик. 2020 йил охирига келиб янги инвесторлар қимматли қоғозларни сотиб олишни бошлаши эҳтимолдан холи эмас», – деб таъкидлади у.

Маълумки, давлат облигацияларига қараганда корпоратив облигациялар бўйича хатарлар юқоридир. Шу билан бир вақтда улар бўйича фоиз ставкалари давлат облигациялариникидан деярли ҳар доим юқори бўлади.

 

Лола Абдуазимова.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text152955_mchj_korporativ_obligaciyalarni_chiqarishi_mumkin