Солиқчилар кимлар учун рўйхатдан ўтказиш бекор қилинишини тушунтириб беришди

preview

Солиқ тўловчилар диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қуйидаги ҳолларда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга берилган ҚҚС тўловчиси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома БЕКОР ҚИЛИНИШИ ҳақида хабар берди:

  • ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи жорий солиқ даврида 6 ой ва ундан ортиқ муддат топширилмаганда;
  • жорий солиқ даврида 6 ой ва ундан ортиқ муддат молия-хўжалик фаолияти ва банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар амалга оширилмаган, шунингдек ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи нолли кўрсаткичлар билан тақдим этилганда;
  • ҚҚС тўловчи суд томонидан қалбаки ва кўзбўямачилик учун битимлар тузган ёки сохта тадбиркорлик билан шуғулланган, деб топилганда (Гувоҳнома суд томонидан белгиланган жиноий фаолиятни бошлаш пайтидан бошлаб бекор қилиниши лозим);
  • камерал назорат чоғида банк операцияларининг хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг хусусияти ва турига, шунингдек харид қилинадиган ва реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) номенклатурасига (ассортиментига) мувофиқ эмаслиги аниқланганда;
  • солиқ назорати чоғида битим тузиш (операцияни амалга ошириш)дан асосий мақсад ҚҚС суммасини тўламаслик ёки ҳисобга олиш эканлиги аниқланган бўлса ва битим (операция) бўйича мажбурият шартнома тарафи бўлмаган шахс,  шартнома ёки қонун бўйича унга битим (операция)ни амалга ошириш бўйича мажбурият юкланмаган шахс томонидан бажарилган бўлса.

Юқорида келтирилган мезонлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан 1988 та хўжалик юритувчи субъектга (улардан 1686 таси юридик шахслар ва 302 таси якка тартибдаги тадбиркорлар) берилган қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома бекор қилинди.

Бу – муҳим! ҚҚС бўйича рўйхатга олиниши шарт бўлган, бироқ ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилмаган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ҚҚС тўловчи бўлади ва солиқ қонунчилигида белгиланган тартибда, бироқ ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқисиз ҚҚСни тўлайди. Кўрсатилган шахсда у ҚҚС бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб  ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи юзага келади.

Товарлар (ишлар, хизматлар) харидорлари ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилмаган ёки ҚҚС бўйича рўйхатга олиш бекор қилинган етказиб берувчи томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли эмаслар.

ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган ва ҚҚС бўйича рўйхатга олиш бекор қилинган шахслар тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида https://my.soliq.uz/nds/home?lang=ru жойлаштирилади.

ДСҚ матбуот хизмати.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text154603_soliqchilar_kimlar_uchun_ruyhatdan_utkazish_bekor_qilinishini_tushuntirib_berishdi