Мораторий тугаяпти: сизни 2018-2019 йиллар учун текширишадими?

preview

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширувдан ўтказишга мораторий – амнистия эмас. 2018-2019 йиллар учун бухгалтерияни текширишлари, аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун эса жавобгарликка тортишлари мумкин. Вазиятнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида buxgalter.uz ўқувчиларига иқтисодий масалалар бўйича адвокат Элеонора Мазурова ва «Родос» адвокатлик фирмаси ҳамкори Тимур Арифжонов сўзлаб беришди.

Солиқ тўловчиларнинг ўз ташкилотларининг 2018-2019 йиллар учун молия-хўжалик фаолиятлари текширувга тушмайди, деган тахминлари, асоссиз.

Мораторий – бу молия-хўжалик фаолиятини режали текширувдан ўтказишга тақиқ. Бироқ, у сизга текширув билан келишмаслигига 100 фоиз кафолат бермайди.

Агар ваколатли органларга шикоят ёки ариза тушса – мораторий қутқармайди. Текширув бўлади. Тўғри, фақат аризада кўрсатилган факт бўйича текширишлари мумкин. Бироқ, ушбу текширув чоғида корхонада, масалан, бирламчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки тартибда эмаслиги аниқланса, бу энди иқтисодий ҳуқуқбузарлик. Ва қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов органлари тадбиркорлик субъектининг бутун фаолиятини тўлиқ текширишлари мумкин.

Ташкилотнинг 2018 ва 2019 йиллардаги молия-хўжалик фаолияти мораторий тугагандан кейин ҳам текширувга тушиши мумкин. Солиқ кодексининг 38-моддасига мувофиқ солиқ  мажбуриятлари бўйича даъво қилиш муддати беш йилни ташкил этади. Бинобарин, 2018 ва 2019 йиллар яна 2020, 2021, 2022 ва 2024 йилларда ҳам текширувга тушиши мумкин. Бундан ташқари, 2019 йилни 2025 йилда ҳам текширишлари мумкин.

Янги Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан талабчанликни бўшашишига умид қилиш ҳам тўғри эмас. Текширувларнинг янги тизими ва янги солиқ қонунчилигига риоя қилиш устидан назорат бўлади. Бироқ унда ҳам мораторий амал қилган давр учун тадбиркорлик субъектининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш мумкин бўладиган  асослар бўлиши шубҳасиз. Қонун лойиҳаси қабул қилингандан кейин биз бу ҳақда аниқ гапиришимиз мумкин.

Хулоса – ҳар қандай тадбиркорлик субъекти ваколатли органлар эътибори қаратилган объект бўлиши мумкин, унинг асносида мораторий давридаги унинг молия-хўжалик фаолияти текширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фақат Солиқ кодексига мувофиқ бирламчи ҳужжатларни сақлашлари шарт эмас. “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунда бухгалтерия ҳисобини юритиш билан боғлиқ ҳужжатлар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида, бироқ ҳисобот йилидан кейин камида беш йил сақланиши айтилган. Бирламчи ҳужжатларсиз ишлаш мумкин эмас. Фақат қонун уни расмийлаштириш ва эҳтиёткорлик билан сақлашга мажбур қилганлиги учун эмас. Бирламчи ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги ҳужжатлар ва ҳисоботларни қалбакилаштирилганлиги фактини билдиради. Бу эса ҳар қандай ҳолатда ҳам жиноий жазоланадиган қилмишдир.

Мораторий тугашига икки ой муддат бор. Бу вақтни ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва мавжуд бўлмаганларини тиклашга сарфлаш зарур, деб ҳисоблайдилар адвокатлар. Агар бу иш кейинги йилга қолдирилса, шундай вазият юзага келиши мумкинки, бу муаммоларни ҳал қилиш учун сизда вақт бўлмайди. Ва солиқ органлари томонидан сизнинг номингизга билдирилган барча эътирозлар ва талаблар қонуний бўлади. 

Бирламчи ҳужжатларни тиклаш ниҳоясига етгандан кейин тикланган ҳужжатлар билан тасдиқланган фактлар илгари топширилган солиқ ҳисоботи билан тафовут қилмаяптими, шуни текширинг. Тафовут бўлганда ҳисоботларни қайта топшириш лозим.

Тимур Арифжонов текширувда солиқ органлари ходимлари солиқ ҳисоботида акс эттирилган маълумотларни бирламчи ҳужжатларда акс эттирилган фактлар билан тасдиқлашни таклиф қилишларига эътибор қаратди. Агар қайсидир бирламчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли буни қила олмасангиз ёки “бирламчи” ва топширилган ҳисоботлар маълумотлари тавофут қилса, бу кейинчалик муҳокамаларни амалга ошириш учун асос бўлади. Натижада ташкилотингизнинг мансабдор шахслари жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликка тортилишлари мумкин. Ташкилотни эса суд тартибида ёки сизнинг розилигингиз билан қўшимча ҳисобланган солиқлар, пенялар, жарималарни тўлашга мажбур қилишлари мумкин.

Бирламчи ҳужжатларни тиклаш бўйича профессионал хизматлар кўрсатувчи аудиторлик ёки бухгалтерлик ташкилотлари мутахассислари “бирламчи” билан муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришади. Анча тежамли вариант ҳам мавжуд – тажрибали бухгалтерни ишга олиш. Бунда шартномалар тузишни эсдан чиқарманг. Хизматлар сифатсиз кўрсатилганда улар ҳужжатларни тиклашни амалга оширган шахсларга эътироз билдириш учун асос бўлади.

Бухгалтерияда тежаманг. Ўз бухгалтерингизнинг профессионал равишда ўсиши учун шароитлар яратинг ва ундан малака ошириш курсларига қатнашини, замонавий бухгалтерия софти ва электрон ҳужжат айланиши тизимларидан фойдаланишини талаб қилинг.

Четдан мутахассисларни жалб қилмасдан бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини қандай тиклаш мумкинлиги юзасидан маслаҳатларни бу ерда ўқинг.

Олег ГАЕВОЙ.

Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text155203_agar_tekshiruv_kutilmagan_bulsa_nima_qilish_lozim