• beta

Текширувларга мораторий якунланиб қолди: бирламчи ҳужжатлар жойидами?

04.11.2019

2020 йилнинг январь ойида молия-хўжалик фаолиятини текширувдан ўтказишга икки йиллик мораторийнинг муддати ниҳоясига етади. Солиқ органлари ходимлари текширувда шу давр учун ҳам бирламчи ҳужжатларни талаб этишлари мумкин, бунга тайёр бўлиш керак.

Мораторий даври учун сизни текширишмайди, деб мулоҳаза қилиш –нотўғри

ОАВда мораторийга бағишланган талай материаллар кўп тадбиркорлар томонидан бу давр учун уларни ҳеч ким ва ҳеч қачон текширмайди, қабилида тушунилган.

Аудиторлар ва маслаҳатчиларнинг таъкидлашларича, амалиётда баъзи тадбиркорлик субъектларида бу барча бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари сақланиши таъминланишини  шарт қилувчи қонунчилик талабларининг бузилишига олиб келган.

Қандай вазиятларда “бирламчи”ни тиклаш лозим

Ташкилотдан ҳужжатларни тиклаш тартиб-таомили талаб этилиши мумкин бўлган қатор сабаблар мавжуд:

  • бухгалтерия ҳисоби у ёки бошқа сабабларга кўра лозим даражада амалга оширилмаган;
  • бухгалтернинг билим ва кўникмага эга эмаслиги;
  • бирламчи ҳужжатларда хатолар топилганлиги ва уларнинг реал молиявий операцияларга номувофиқлиги;
  • бухгалтернинг барча ҳужжатлар билан ғойиб бўлганлиги;
  • турли ҳолатлар: кўчиш, ускуна ишдан чиққанлиги, ёнғин ва ҳоказо оқибатида бирламчи ҳужжатларнинг тўлиқ ёки қисман йўқолиши.

Бирламчи ҳужжатларни тиклаш учун тадбиркорлик субъекти раҳбарияти мутахассис, аудиторлик, бухгалтерлик ёки консалтинг компанияси билан шартнома тузиши мумкин. Ташкилот ходимлари учун – бу вазиятдан чиқишнинг энг оптимал йўли.

Бироқ, раҳбар ҳужжатларни ўз мутахассислари кучи билан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилса, қандай йўл тутиш керак? Ушбу ҳолат юзасидан эътиборингизга тавсияларимизни таклиф этамиз:

Нимадан бошлаш ва нимага амал қилиш лозим

1.Мазкур ҳолларда қуйидагиларга амал қилиш лозим:

  • Солиқ кодекси;
  • “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун;
  • “Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисида”ги низом;
  • Солиқ тўловчи томонидан ҳисоб ҳужжатлари йўқотилган ёки йўқ қилинган тақдирда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланиши керак бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низом;
  • бухгалтерия ҳужжатлари тасдиқланган бошқа низомлар.

2. Башарти уларнинг ўрнига қуйидагилар олинса, йўқолган ҳужжатлар тикланган ҳисобланади:

  • йўқолган ҳужжатни берган шахс томонидан тасдиқланган дубликат ва нусхалари;
  • бирламчи ҳужжатларни тиклаш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (масалан, контрагент тугатилганда) баҳоловчи ташкилотнинг активлар қийматини тасдиқловчи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи;
  • солиқ тўловчи ҳисобварағи бўйича тегишли операциялар амалга оширилганлиги тўғрисида банк кўчирмаси;
  • бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.

3. Сизда ташкилотда ҳужжат айланиши, ҳужжатларни яратиш ва сақлашга доир саволлар юзага келса, “Солиқ ва божхона хабарлари” газетаси, шунингдек “Моҳир тахлам” маълумотлар базасида батафсил маслаҳатларни топишингиз мумкин.

4. Шунингдек, бирламчи ҳужжатларни тиклаш жараёнида сизга ҳужжатлар шакллари ва уларни тўлдириш бўйича маслаҳатлар талаб этилиши мумкин. Норматив ҳужжатларга ҳаволалар билан йиғма жадвалларда тақдим этилган ушбу барча маълумотларни “Амалий бухгалтерия” маълумотнома тизимида топишингиз мумкин.

5. Иш жараёнида сизда сиз томондан кўрилаётган чоралардан далолат берувчи ҳужжатлар (буйруқлар, далолатномалар, сўровлар) пайдо бўлади. Мазкур барча ҳужжатларни ҳам тикланган  ҳужжатлар каби сақлаш зарур. Кейинчалик улар асқотади.

“Бирламчи”га эҳтиётсиз муносабат бўлган...

Бу баъзи кичик корхоналарда бухгалтерия ҳисобининг бирламчи ҳужжатлари бир қисмининг мавжуд бўлмаслигига олиб келган  энг кўп тарқалган сабабдир.

Ҳужжатларни тиклаш бўйича ишларни ташкил этиш учун раҳбар ҳужжатларни тиклаш бўйича комиссия тузиш ҳақида буйруқ чиқариши ёки бу ишни муайян ходимларга юклаши мумкин.

Шундан кейин қуйидаги операцияларни  бажаринг:

1.Мавжуд бўлмаган ҳужжатлар рўйхатини тузинг.

2. “Банк-клиент” тизимидан ташкилот ҳисобварақлари бўйича бирламчи ҳужжатлари бўлмаган барча операциялар  ҳақида ахборот олинг.

3. Microsoft Excel да «фильтр» опцияси ёрдамида барча операцияларни: кирувчи ва чиқувчи тўловларни, корпоратив карта бўйича харажатларни, иш ҳақи тўлаш учун олинган маблағларни, солиқлар ва мажбурий тўловлар тўлашни ва ҳоказони алоҳида тақсимланг.

4. Кирувчи ва чиқувчи тўловлар ҳақидаги ахборот бўйича ўзингизнинг барча  контрагентларингизни аниқланг. Улардан таққослаш далолатномаларини сўраб олинг. Бунинг учун сизда етишмаётган, йўқотилган шартномалар, юкхатлари, счётлар, ҳисобварақ-фактуралар ва далолатномалар нусхалари ёки дубликатларини тақдим этишни сўраб ушбу ташкилотлар раҳбарлари номига ёзма равишда мурожаат қилинг.

Савол туғилади: нима яхшироқ – нусхасими ёки дубликати? Бу вариантни ҳам, бошқа вариантни ҳам қабул қилиш мумкин. Ҳужжат нусхасини оргтехника ёрдамида сканер қилиш ёки чоп этиш мумкин. Бу вариант энг мақбул ҳисобланади, сабаби катта меҳнат талаб этмайди ва хатони истисно этади.  Нусхани ҳужжат сифатида қабул қилиш учун:

  • нусханинг биринчи (юз қисми) варағида “Нусха” қайдини қўйиш;
  • унинг тўғрилигини “Нусхаси тўғри” ёзуви, раҳбарнинг имзоси ва уни берган ташкилот муҳри билан тасдиқлаш лозим.

Агар сизнинг контрагентингизда нусха қилиш учун техник имконият бўлмаса, ундан дубликат – аслининг кучига эга расмий ҳужжатнинг такрорий нусхасини беришни сўранг. Дубликат илгари йўқотилган ҳужжатнинг барча реквизитларини акс эттириши керак. Дубликатнинг юқори ўнг бурчагида “Дубликат” қайди қўйилади.

Амалиётда кўпинча йўқолган ҳужжат ўрнига янги бланка тўлдирилиб, унга “Дубликат” қайди қўйилмайди. Экспертлар дастлабки нусхаси топилган тақдирда бундай ёндашув нохушликлар ва муҳокамаларга сабаб бўлиши мумкинлигига эътибор қаратишади.

Икки ва ундан ортиқ нусхада расмийлаштириладиган, улардан бири бошқа ташкилотда сақланадиган барча бирламчи ҳужжатлар худди шу тамойил бўйича тикланади.

5. Кадрларга доир ҳужжатларни тиклашда – иш ҳақи ҳисоб-китобини бухгалтерия дастурингиздан чоп этинг ва уни раҳбарда имзолатинг. Ходимлар билан меҳнат шартномаларини ва уларни ишга қабул қилиш, таътилга чиқариш тўғрисидаги буйруқларни тикланг ва шу кабилар. Агар компьютер ишдан чиққан бўлса ёки дастур ўчиб кетган бўлса, солиқ ва пенсия жамғармасига ҳисоботлар маълумотлари бўйича тикланг. Ҳужжатларнинг нусхалари олингандан кейин ташкилот ўзининг чиқувчи бирламчи ҳужжатларини тиклаши ва хўжалик операциялари журналларини, бухгалтерлик ва солиқ регистларини қайта шакллантириши лозим.

6. Барча бирламчи ҳужжатларни тиклаш – бу идеал вариант бўлиб, унга эришишнинг деярли имкони йўқ. Контрагентлар орасида  у ёки бошқа сабабларга кўра нусхаларни тақдим этишни рад этадиган ёки тугатилган контрагентлар топилади. Кадрларга доир ҳужжатларни тиклашда ходим ишдан бўшаган ва у жойлашган жой ҳақида ҳеч нарса маълум бўлмаган ҳолларга дуч келиш мумкин. Бу ҳолларда тикланмаган ҳужжатлар рўйхатини ва уларни тиклашга имкон бермаган сабабларни кўрсатган ҳолда далолатнома тузиш ёки бирламчи ҳужжатлар билан тасдиқланмаган корхона активлари қийматини тасдиқловчи ҳисобот олиш учун баҳолаш компаниясига мурожаат қилиш лозим.

7. Солиқ органлари билан ўзаро муносабатлар.  Низомга (АВ рўйхат рақами 2110) асосан солиқ ҳисоботи энди топшириладиган давр ҳужжатлари тикланса, раҳбар ёки бош бухгалтер солиқ органига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ҳисоб-китоб қилиш орқали ҳисоблаб чиқариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши даркор. Бироқ, бу нормани амалга ошириш талай мураккабликлар билан кечади, улар қонунчилик билан ҳеч қандай тартибга солинмаган. Бунинг устига амалиётчи бухгалтерлар орасида бундай ариза солиқ органлари томонидан ташкилотга талай эътирозлар олиб келиши мумкин, деган фикр мавжуд. Шу боис мутахассислар бошқача йўл тутишни тавсия қиладилар. Ҳисоботни мавжуд ҳужжатлар асосида топширинг, ҳужжатлар тиклангандан кейин уни қайта топширинг.

Ҳужжатларни тиклашнинг охирги босқичида солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан солиқ ҳисоботини чоп этинг. Тикланган бирламчи ҳужжатлардаги ахборот билан тафовут бўлмаслиги учун қайта текшириб чиқинг. Фарқ бўлган тақдирда солиқ ҳисоботини қайта топширинг.

Агар ҳужжатларга форс-мажор ҳолатлар туфайли зарар етказилган бўлса...

Бу ҳолларда юқорида келтирилган қоидалар бўйича ҳаракат қилинг. Бироқ бунда бошланғич босқичда форс-мажор вазият фактини тасдиқловчи ҳужжатни олиб қўйиш мумкин.

Бунинг учун раҳбар ёки бош бухгалтер, яхшиси ёзма равишда, ваколатли ташкилотларга мурожаат  қилиши лозим. Мисол учун, ҳужжатларнинг қасддан бузилиши ва ўғирланиши факти маҳаллий ички ишлар органи маълумотномаси, ёнғин – ФВВнинг тегишли бўлинмалари далолатномаси, бинога сув тошириб юбориш – бино мулкдоридан сув тоширилганлиги тўғрисидаги  далолатнома ёки ХУМШ маълумотномаси билан тасдиқланади ва ҳоказо.

 

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг