Полезное для бухгалтера в ноябре:
Электрон ҳисобварақ-фактураларга муаммоларсиз ўтиш
Электрон ҳисобварақ-фактуралар мажбурий бўладиган янги йилга ҳам оз вақт қолмоқда. Мижозлар учун курашда электрон ҳужжат айланиши операторлари ўз фаолиятининг реклама кампаниясини фаоллаштиришди. Бунда бухгалтерларда бўлғуси ўзгаришларга нисбатан саволлар камаймаяпти. Улар янгиликнинг хотимаси учун ташвиш чекишмоқда. Нима ва қандай бўлади? Бу уларнинг асосий саволи. Вазиятни ойдинлаштириш учун buxgalter.uz мухбири «Venkon» компанияси офисига ташриф буюрди.
«Venkon» компанияси раҳбари Асқар Исмоилов электрон ҳисобварақ-фактураларга (ЭҲФ) ўтиш алоҳида ларзаларсиз амалга оширилади ва умуман олганда бошқа бирламчи ҳужжатни қоғоз вариантида расмийлаштиришдан воз кечишни тезлаштиради, деб ҳисоблайди.
- Бухгалтерияда электрон ҳисобварақ-фактура ва электрон ҳужжат айланиши (ЭҲА) Ўзбекистонда кўпчилик ўйлагани каби янги тушунчалар эмас. Бу технологиялар охирги йиллар давомида фаол жорий этиб келинмоқда. Ва кўп ҳолларда улар тахмин қилинганидан кўра бизга анча яқинроқ. Шунчаки кўпчилик ҳали мавжуд имкониятлардан фойдаланишмаяпти.
1С дастуридан фойдаланган ҳолда ишлаётган бухгалтерларга «Didox» савдо маркаси тугмаси яхши маълум. У қарийб икки йил олдин интерфейсда пайдо бўлган. Мазкур бренд остида биз ЭҲА бўйича хизматлар тақдим этамиз. Ушбу сервис ёрдамида 350 та ташкилот ҳисобга доир бухгалтерия ҳужжатларини қоғозда расмийлаштиришдан воз кечишди, яна 4000 дан ортиқ ташкилотлар буни қисман амалга оширишди. Бу рақамлар мунтазам ўсиб бормоқда.
Шуни таъкидлаб ўтаманки, бу танлов самарали ва қулай ечимлар фойдасига ишлайди. Ҳужжатлар билан алмашишнинг тезкорлиги, ҳужжатларни имзолаш учун шахсан олиб бориш ёки почта орқали етказиш заруриятининг мавжуд эмаслиги, шунингдек уларни сақлашда ишончлилик ва қулайлик ЭҲАнинг асосий афзалликлари ҳисобланади.
Янги 2020 йилдан бошлаб ЭҲФ барча хўжалик юритувчи субъектлар учун мажбурий бўлади. ЭҲАни таъминловчи инфратузилма ҳам ўзгаради.
Бугунги кунда ҳар бир ЭҲА оператори ўз технологиялари имкониятлари доирасида жараёнларни ташкил қилади. Хусусан, бизнинг компаниямизда мижозимиз томонидан контрагентга юборилган ЭҲФ имзоланишини таъминлаш учун бутун бир хизмат ишлайди. Юборилган ҳужжат тўғрисидаги ахборотни олган ҳолда операторларимиз мижознинг контрагентига қўнғироқ қилишади, унга кўриб чиқиб маъқулланиши ёки рад этилиши лозим бўлган ҳисобварақ-фактура тақдим этилганлигини хабар қилишади. Шунингдек, улар буни офисдан чиқмасдан электрон форматда қандай амалга ошириш мумкинлигини тушунтиришади. Фақат ҳужжат имзоланган ёки рад этилган ҳолда мижозимизга қайтариб етказилгандан кейин оператор электрон ҳисобварақ-фактурага ишлов бериш жараёнини кузатиш бўйича ўз ишини якунлайди. Бу жуда муҳим хизмат, айниқса мижозимиз контрагенти бизнинг сервисимиз мижози бўлмаса ва умуман, ЭҲАга илк бора дуч келган бўлса.
ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ томонидан жорий этилаётган ЭҲА тизими электрон ҳисобварақ-фактураларнинг мажбурий қўлланишини таъминлаш учун ишни ташкил этишнинг бир нечта бошқа ёндашувларига эга. Ҳужжатнинг бутун ҳаётий цикли стандартлаштирилади ва автоматлаштирилади, инсоннинг бу жараёнга аралашиши зарурияти минимал даражада бўлади. Сиз ўз контрагентингизга ҳисобварақ-фактура юборасиз ва у шу вақтнинг ўзида уни ўз компьютери ёки гаджетида қайси оператор мижозилигидан қатъи назар кўради. Яъни ҳаммаси анча такомиллашган ва қулай бўлади.
Ўйлайманки, бухгалтерлар ЭҲФ афзаллигини тезда баҳолайдилар. Натижада бошқа бирламчи ҳужжатларни (шартномалар, бажарилган ишлар далолатномаси ва бошқалар) ҳам улар мазкур форматда юритишга ҳаракат қилишади. Бунинг учун техник жиҳатдан ҳаммаси тайёр.
-Айтинг-чи, ЭҲФни мажбурий қўллаш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар ЭҲАни фаол жорий этишга нима халақит берган?
-Содир бўлаётганларнинг барчаси – бу нормал жорий этиш жараёни. Электрон ҳужжатда харажатлар қоғоз шаклидагига қараганда кўп эмаслигини тушунтириш ва исботлашга тўғри келади. Фикрни ўзгартириш жуда мураккаб. Бухгалтерлар қоғозга шунчалик кўникишганки, улар ҳатто бошқа анча қулай ва ишончли ечим бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилишмайди.
Тўлов топшириқномалари билан қандай бўлганлиги эсингиздами... Яқин ўтмишда биз ҳаммамиз тўловни амалга ошириш учун банкка қоғоз ҳужжат олиб борардик. Ҳозир эса камдан-кам бухгалтерлар ҳаётларини “Банк-мижоз” тизимисиз тасаввур қила оладилар.
-Солиқ органларида электрон ҳужжатларга қандай муносабатда бўлишади? Инспекторлар электрон ҳужжатни тан олишни рад этиш ҳолатлари бўлганми?
-Электрон ҳужжатлар юридик кучга эга, уларнинг айланиши қонунчилик билан тартибга солинган. Шундай экан, қонунчиликнинг барча талаблари инобатга олинган ҳолда расмийлаштирилган тақдирда солиқ органларида уларни тан олмасликка шунчаки ҳуқуқлари йўқ. Биз ҳам мижозларимиздан қоғоз шаклидаги ҳужжат йўқлиги боис солиқ ҳисоботида муаммолар вужудга келганлиги тўғрисида эътирозларни эшитмадик.
-ЭҲАни жорий этишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган техник муаммолар: кучсиз интернет, электр таъминотидаги узилишлар, дастурий таъминотнинг номувофиқлиги ҳақида кўп гапиришади. Фикрингизча, бундай инновацияларни жорий этишга тадбиркорларнинг техник жиҳатдан тайёрлиги қай даражада?
-Бугунги кунда барча тадбиркорлик субъектларида ЭРИ мавжуд. ЭҲА оператори билан шартнома тузиш учун ҳеч қаерга боришнинг зарурияти йўқ, буларнинг ҳаммаси операторнинг расмий сайти ёрдамида масофадан бажарилади. Дастурий таъминотнинг номувофиқлиги, оператор билан тузилган шартноманинг муддати ёки ЭРИнинг амал қилиш муддати ўтганлиги каби бир марталик муаммолар юзага келиши мумкин. Лекин буларнинг барчаси осон ва тез ҳал қилинади. Бундай масалаларга дуч келганда аксарият бухгалтерларга ҳатто колл-марказнинг ёрдами талаб этилмайди. Улар буни мустақил равишда бажаришлари мумкин.
ЭҲФ тизимида ишлаш учун битта иш жойига боғланиб қолиш шарт эмас. Мисол учун, махсус мобиль илова ўрнатилган смартфон ёрдамида ҳисобварақ-фактурани рад этиш ёки қабул қилиш мумкин.
-Бухгалтерларга айтишларича, бугунги кунда агар контрагент бошқа оператор хизматларидан фойдаланса, ҳужжатларни узатиш билан муаммолар юзага келмоқда. Сабаби нимада?
-Тез орада бундай муаммолар бўлмайди. Биз лицензия – расмий ЭҲА оператори мақомини олдик. Ҳозир ускуналарни созлашни ниҳоясига етказмоқдамиз. Янги йилдан бошлаб ЭҲФ фойдаланувчилари ўртасидаги барча ўзаро ҳамкорликлар роуминг-оператори, яъни «Янги технологиялар» ИАМ орқали амалга оширилиши лозим. Тест тарзида ишга тушириш муваффақиятли кечди, шундай экан, тез орада мижозларимиз ҳам контрагентлар билан улар қайси оператор хизматларидан фойдаларишларидан қатъи назар ҳужжатларни автоматик режимда алмашишлари мумкин бўлади.
-Норматив-ҳуқуқий база такомиллашмаганига нисбатан қандай фикрдасиз?
-Ишни бошлаш учун мавжуд НҲҲ етарли. Амалий тажриба пайдо бўлиши билан норматив база ҳам такомиллаштирилади. Ҳаммаси амалиётда қандай ишлашини, қандай муаммолар вужудга келиши ва уларни ҳал қилиш учун нималар қилиш лозимлигини кўриш керак. Ҳозир изҳор этилаётган фикрларнинг аксарияти тахминлар, ҳар доим ҳам энг яхши ҳисобланмайдиган қоғоз шаклидаги ҳужжатлар билан ишлаш тажрибаси асосига қурилади.
Мисол учун, дастлабки босқичда ҳисобварақ-фактуранинг ягона шакли фаолиятининг хусусиятлари боис ҳамма тадбиркорлик субъектлари учун ҳам идеал бўла олмаслиги билан тўқнаш келдик. Фармацевтлар, қурувчилар, воситачилик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларда муаммолар бўлди. Барча мижозларга юқори даражада қулай бўлишига интилган ҳолда биз бу муаммони ҳал қилдик. Улар учун уларнинг тармоқ қонунчилиги талабларига тўғри келадиган ҳисобварақ-фактураларнинг махсус шаклларини ишлаб чиқдик.
«Янги технологиялар» маркази ҳам шунга ўхшаш йўлдан бормоқда – барча тадбиркорлик субъектлари фойдаланишлари лозим бўлган ҳисобварақ-фактуралар шаклларини такомиллаштиришмоқда.
Бугунги кунда бирламчи бухгалтерия ҳужжатларига доир электрон шартномалар, ишончномалар ва бошқа ҳужжатларни қўллаш тафсилотларини норматив ҳужжатларда белгилаш зарурияти кескин бўлиб турибди.
-Электрон ҳужжат айланиши барча хўжалик юритувчи субъектлар амал қилиши шарт бўлган ҳужжатларнинг тасдиқланган шакллари билан ишлашни назарда тутади. Шартномаларни бу шаклда тузиш ҳуқуқ ва имкониятларни чеклашга олиб келмайдими?
- Йўқ, акс ҳолда бу электрон ҳужжат айланиши фалсафасига зид бўлади. Бу ҳаммаси техник жиҳатдан ҳал қилинадиган масалалар.
Агар «Didox» мисолида аниқ шартномалар тўғрисида гапирадиган бўлсак, дастлабки пайтда биз фақат ҳужжатни электрон имзолаш ва уни бир тарафдан бошқасига етказиб бериш учун хизматлар тақдим этганмиз. Ҳужжатнинг ўзини ҳар қандай бошқа матн операторида ёзиш керак эди. Мижозларимиз асосан Microsoft Word’дан фойдаланишган.
Ҳозир биз дастурни такомиллаштирдик. Натижада фойдаланувчилар «Didox»да мустақил равишда ўз бизнеслари учун ҳужжатларнинг шаблонларини барпо этишлари мумкин, бунда “ЭҲА конструктори” ишлайди.
-ЭҲАдан фойдаланишни энди бошлайдиган тадбиркорлик субъектларига нималарни тавсия қилишингиз мумкин?
- Имкон қадар тезроқ ЭҲАдан фойдаланишни бошланг. Бу мураккаб эмас, балки қоғоз шаклидаги ҳужжатларга қараганда анча қулай ва самаралидир.
Бунда фаол бўлмаган фойдаланувчи позициясини эгалламанг. Ўз операторингиз билан фаолроқ ҳамкорлик қилинг, фикр-мулоҳаза билдиринг, тизимни яхшилаш бўйича ўз қарашларингизни таклиф этинг. Бу энг аввало сиз учун тизимнинг анча такомиллашуви ва мукаммал бўлиши имконини беради.
Олег ГАЕВОЙ