Полезное для бухгалтера в ноябре:
Онлайн-НКМ ва виртуал касса бўйича имтиёзлардан қандай фойдаланиш мумкин?
Назорат-касса техникаси ишлаб чиқарувчилари ўз НКМларини бозорда илгари суришда уларни “онлайн режимида ишлайди” деб фаол кўрсата бошладилар. Шу муносабат билан тадбиркорларда савол туғилади: улар бу моделларни харид қилган ҳолда ПФ-5813-сон Фармон билан тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялардан фойдалана оладиларми?
Эслатиб ўтамиз: онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари:
- амалдаги фискал хотирага эга бўлган НКМларини қўллаш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир НКМ бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олишдан озод қилинади;
- кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш имконига эга бўлади;
- ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ЯСТ ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМнинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқига эга. Имтиёз онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйилган тақдирда тақдим этилади.
Бироқ ҳозир фақат 17.11.2011 йилдаги 306-сон ВМҚ талабларига тўғри келадиган НКМнинг офлайн моделларини сотиб олиш ва солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш мумкин. Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга ҳужжатлар ва талаблар ҳануз тасдиқлаш босқичида турибди. Бинобарин, ҳатто Ўзбекистон қонунчилигига биноан нима онлайн-НКМ ва виртуал касса ҳисобланиши ҳақидаги саволга ҳозирча тушунарли жавоб йўқ.
Унда ишлаб чиқарувчилар ўзларининг НКМлари онлайн режимда ишлайди деганларида нимани назарда тутаркинлар?
Ишлаб чиқарувчилар бунда ДСҚга, у томондан ишлаб чиқиладиган норматив ҳужжатларга ва ишга туширилаётган тажриба лойиҳаларига йўналган ҳолда ўз маҳсулотларини мунтазам такомиллаштириб борадилар. Онлайн-НКМни жорий этиш бўйича охирги тажриба лойиҳаси туфайли офлайн режимдан онлайн режимга осон ўтказиш мумкин бўлган касса аппаратларининг моделлари пайдо бўлди.
Бироқ, пировардида бу моделлар онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга қўйиладиган талабларга мувофиқ келишига ҳеч қандай кафолат йўқ.
Айтиб ўтилганларни инобатга олган ҳолда онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган тасдиқланган техник талаблар базасида тузилган ягона реестр эълон қилингунга қадар онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни сотиб олишни кечиктириб туришни тавсия қиламиз. Унда мамлакатимиз ҳудудида қўлланилишига рухсат этилган онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг аниқ моделлари келтирилади.
Бундан ташқари, ДСҚ ҳам тақдим этиладиган имтиёзлар ва преференциялар амалиётда қандай қўлланилишини расман тушунтириши керак.
Олег Гаевой