Полезное для бухгалтера в ноябре:
2020 йилги жамоа шартномаси: нималар ўзгарди?
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ва аъзолик ташкилотларининг таклифлари асосида 2020 йил учун жамоа шартномасининг янгиланган Умумий макети ишлаб чиқилди.
Хусусан, 6.12.2019 йилдаги «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунга асосан қатор ўзгартиришлар киритилди. Улар қуйидагиларга тааллуқлидир:
- касаба уюшмалари вакиллари ўз устав мажбуриятларини бажаришлари учун иш жойларига ҳеч бир тўсиқларсиз келишига;
- касаба уюшмаларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан иш жойларини жамоатчилик назоратидан ўтказиш ҳуқуқига;
- ходимларнинг ёзма аризалари асосида иш ҳақидан камида 1% миқдоридаги касаба уюшмаси аъзолик бадаллари бухгалтерия орқали ушлаб қолинишининг иш берувчи томонидан кафолатланишига;
- асосий ишидан озод қилинмаган меҳнаткашлар вакилларига меҳнат жамоасининг манфаатларини кўзлаб, жамоатчилик вазифаларини бажариши учун ҳар ҳафталик иш вақтининг 30%идан кам бўлмаган вақт берилиши;
- касаба уюшмаларининг жамоа музокаларини юритиш, ходимларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда уларнинг номидан жамоа шартномаларини тузиш, шунингдек унинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга бўлган устун ҳуқуқларига.
Шунингдек Президентнинг 30.07.2019 йилдаги «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5775-сон Фармони талаблари иш берувчи томонидан сўзсиз бажарилиши назарда тутилади. Иш берувчи ходимларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштириш бўйича турли ишларга, шунингдек қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиши тақиқланади.
Макетга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 743-сон қароридан келиб чиққан ҳолда қуйидаги нормалар киритилди:
- табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишлаганлик учун ходимларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътиллар тақдим этиш ва устама ҳақ тўлаш;
- кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар учун устамалар;
- ишларнинг айрим технологик турлари, ишлаб чиқаришлар ва иқтисодий фаолият турлари бўйича ишчиларнинг тариф ставкаларини оширишнинг тармоқ коэффициентлари.
Ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўлимида илк марта қуйидагилар назарда тутилган:
- қарамоғида ногирон боласи бўлган ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш;
- соҳа касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган спорт тадбирларида иш ҳақи сақланган ҳолда иштирок этиш учун ходимларни ишдан озод этиш;
- доимий турар жойга эга бўлмаган ходимларга турар жой ижараси харажатлари учун компенсация бериш.
Макетда меҳнат муносабатларидаги гендер жиҳатларни тўлиқ ҳисобга олиш мақсадида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ қуйидаги кафолатларга риоя этилишини ҳамда имтиёзлар берилишини таъминлаш назарда тутилган:
- хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мажбуриятларини корхонанинг ва унинг таркибий бўлинмаларининг ваколатли шахси зиммасига юклатиш;
- ишга қабул қилиш ва хизмат бўйича кўтаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш;
- хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатига ҳақ тўлашда нотенгликни бартараф этиш.
Халқаро меҳнат ташкилотининг «Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисида»ги 100-сон Конвенциясига мувофиқ макетда бир хилдаги, бироқ турли шароитларда, турли қобилият ва кўникмалардан фойдаланган ҳолда бажарилган ишлар учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш назарда тутилган.
Жамоа шартномасининг Умумий макети тўлиқ матнини бу ерда юклаб олиш мумкин