HUMO хусусияти. Нима учун сотувчи ҳисобрақамига тўлов тўлиқ тушмаяпти

preview

HUMO картасидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш сотувчи учун муаммога айланиши мумкин. Бундай ҳисоб-китоблар бўйича банкнинг воситачилик ҳақи транзакция пайтида ушлаб қолинади. Натижада товарлар ва хизматлар сотувчиси ҳисобрақамига пул тушуми воситачилик ҳақи айирилган ҳолда келиб тушади. Харидор сизга, шартли равишда, 100 сўм тўлади ва унда терминалнинг тасдиқловчи чеки мавжуд. Сиз эса ҳисобрақамингизга, сизга хизмат кўрсатувчи банк қандайлигига боғлиқ ҳолда 99 сўм ёки шунга яқин суммани оласиз.

Агар вақтида тушуниб олинмаса, бу бухгалтерия ҳисобида камомадга ёки харидорнинг қопланмаган қарзига олиб келиши мумкин.  Хўш, қандай қилиб  HUMO терминали билан тўғри ишлаш мумкин?

Миллий банклараро процессинг марказида (МБПМ) тушунтиришларича, воситачилик ҳақи ва унинг миқдори банклар ва уларнинг мижозлари ўртасида тузиладиган шартномага асосан белгиланади.

Бухгалтерлар HUMO тизимини даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш нуқтаи назаридан ноқулай ва нотўғри, деб ҳисоблашади, сабаби ҳақиқатда тўланган пул маблағлари ҳамда товарлар ва хизматлар сотувчиси ҳисобрақамига келиб тушадиган сумма ўртасида тафовут мавжуд.

Банклар бунга шундай жавоб беради: “Агар сизни бу вазият ажаблантирса, бизнинг сиз билан тузган HUMO терминалларига хизмат кўрсатиш шартномамизни диққат билан ўқимаган экансиз. Унда ҳар бир тўловдан муайян миқдорда воситачилик ҳақи тўланиши ёзилган. Шу боис бухгалтер банк ҳисобрақамида терминал чекига қараганда камроқ суммани кўради. HUMO терминалларига хизмат кўрсатишнинг барча жиҳатлари, шу жумладан воситачилик ҳақи миқдори шартнома имзолангунга қадар мижоз билан келишиб олинади. Ва умуман - HUMO тизими – бу маҳсулот, кўнглингиз тўлмаса – бошқа таклифлардан фойдаланинг”.

Қандай қилиб ҳисобга олинади

Мазкур вазиятда қуйидагилар ўзаро ҳисоб-китобларнинг бухгалтерия ҳисоби учун асос бўлиб хизмат қилади:

  • HUMO терминалига хизмат кўрсатиш юзасидан банк билан тузилган шартнома;
  • терминал орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотлар;
  • мижозлар билан тузилган шартномалар бўйича маълумотлар (хизматлар соҳаси учун).

HUMO терминали орқали тушган умумий суммадан воситачилик ҳақи суммасини  чегириб ташлаш керак.

Ой учун воситачилик ҳақи миқдорини ҳисоблаймиз. Мисол учун, HUMO терминали орқали тушган тушумнинг умумий суммаси – 10 млн сўм, банк билан тузилган шартномага асосан ҳар бир транзакциядан олинадиган воситачилик ҳақи миқдори 0,2%ни ташкил этади.

Буёғи арифметика: 10 000 000 х 0,2% = 20 000 сўм;

20 минг сўм – бу терминалдан фойдаланганлик учун банкка тўланган воситачилик ҳақи.

Бинобарин, 10 млн сўмни HUMO терминали орқали тушган тушум сифатида инобатга олиш керак (9000-счёт) ва 20 минг сўмни бошқа операцион харажатларга киритиш лозим (9430-счёт).

Ўқув ва фитнес марказлари , шунингдек мижозлардан қай бири ҳақ тўлаган, қайси бири эса ҳали қарзлигини тушуниб олиш муҳим бўлган бошқа муассасалар бухгалтерларига қийинроқ бўлади. Чеклар ёки терминал бўйича банк кўчирмаси сизга ёрдам беради.

Мижоз сумманинг бир қисмини нақд шаклда ёки UzCard терминали орқали, бошқа қисмини эса - HUMO картаси орқали аралаш тарзда тўлайдиган ҳоллар алоҳида эътиборни талаб этади. Ушбу ҳолларда иш икки баравар кўпаяди!

Бухгалтерга қандай ёрдам бериш мумкин?

Бугунги кунда тадбиркор ҳам, унинг бухгалтери ҳам ҳақиқатда вазиятга таъсир кўрсата олишмайди. Банклар ҳар доим олдиндан тайёрланган намунавий шартномани тузишга интилишади. Ҳамма таклифларга эса жавоб битта бўлади: “тизим шундай тузилган, биз ўз зараримизга ишламаймиз”. Ўзгалар учун ёпиқ доирами?

Buxgalter.uz бунинг йўли бор, деб ҳисоблайди!

HUMO тўлов тизими ва тизим иштирокчилари бўлган банклар вакиллари музокара ўтказиб, бизнесга анча қулай, яъни: хизматлар учун HUMO картаси орқали  ҳақ тўланганда тадбиркорнинг ҳисобрақамига айнан шартнома ва терминал чекида кўрсатилган сумма тушишини назарда тутадиган таклиф қилиш имконини берадиган қўшма қарор қабул қилишса, бухгалтерлар ишини енгиллатиш мумкин бўлади. Терминалга хизмат кўрсатиш учун воситачилик ҳақи суммаси эса ойлик абонент тўловида инобатга олинади.

Нақдсиз ҳисоб-китоб Нақдсиз ҳисоб-китоб Нақдсиз ҳисоб-китоб /ru/publish/doc/text157620_humo_hususiyati_nima_uchun_sotuvchi_hisobraqamiga_tulov_tuliq_tushmayapti