Қандай қилиб бухгалтерия фаолиятини тўхтатиб қўймасдан касаллик таътилига чиқиш мумкин

preview

Buxgalter.uz таҳририяти телеграмм-каналида бухгалтерлар одатда қайси режимда касал бўлишлари юзасидан сўров ўтказди. Рисоладагидек касаллик варақасини саноқли кишилар расмийлаштириши маълум бўлди. Қолганлар – таблеткалар қабул қилиш ва физиотерапияни ходимлар учун иш ҳақи ҳисоблаш, ҳисоботлар, қайта ҳисоблашлар ва ДСХО билан бошқа ўзаро ҳамкорлик билан бирга олиб бориб, иш жойларида азоб чекишади. 801 нафар респондентлардан 635 нафари (79%) “Мени ўрнимга ҳеч ким ишламайди” вариантига овоз беришди.

Бухгалтерларнинг нима учун бундай йўл тутишлари, тушунтирмаса ҳам ҳаммага аён. Барибир, бош  бухгалтер ҳам бошқа одамларга ўхшаб, шу давр учун ўзининг жонажон бухгалтерияси фаолиятини тўхтатиб қўймасдан касаллик бўйича таътилга чиқиши мумкинми?

Бухгалтер қуйидаги ҳолларда ўзини қандай ҳис қилишидан қатъи назар ишлашни давом эттиради:

  • бухгалтерияда – фақат бир киши бўлса;
  • раҳбар ишни ташлаб кетмасликни илтимос қилса (қизғин палла, муаммоли вазиятлар, форс-мажор ҳолатлар);
  • бухгалтер ўзининг шахсий ҳислатлари туфайли ходимларга аванс ва иш ҳақи тўлашни, солиқлар ва мажбурий тўловларни  тўлашни, ҳисоботлар топширишни ва ҳ.к. кечиктира олмайди.

Агар масалани ҳал қилишга расман ёндашилса, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ корхонада бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш учун корхона раҳбари жавоб беради. Бухгалтер эса – бу Меҳнат кодексига  мувофиқ ҳақ тўланадиган касаллик таътилига чиқиш ҳуқуқига эга ходим. Демак, бундай вазиятга тайёрланиш лозим.

Олдиндан нима қилиш лозим?

  • «Банк-Мижоз», ЭҲФ тизимларида ишлаш, ҳисобварақ-фактура, ишончномаларни расмийлаштириш, зарур ҳужжатларни чоп этиш ва рўйхатдан ўтказиш;
  • иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш;
  • контрагентлар билан ҳисоб-китобларни юритиш;
  • солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш, солиқларни тўлаш.

Шунингдек, сиз ногаҳон бетоб бўлиб қолсангиз, у ташкилотингизга ДСИдан талабнома ёки хат юборилганлигини текшириш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетига мунтазам кириб туриши керак.

Ўз ўринбосарингизга йўл-йўриқ кўрсатинг, унга ўзингиз бўлмайдиган вақт учун аниқ режа тузиб беринг, устувор вазифалар ва уларни бажариш вақтини белгиланг.

Эслатиб ўтамиз
Сизнинг бетоблигингиз мобайнида бош бухгалтер вазифаларини ва бирламчи ҳужжатларга (ҳисобварақ-фактуралар, юкхатлари, тўлов топшириқномалари, ишончномалар, таққослаш далолатномалари ва ҳоказо) имзо қўйиш ҳуқуқини юклаш, шунингдек ЭРИ, муҳр,бурчак тамғаси ва бошқа ҳужжатларни топширишни раҳбарнинг буйруғи ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштириш керак.

Агар барчаси шунчаки осон бўлмаса...

Вазият бухгалтерияга бир нафардан ортиқ ходим қабул қилиш имконини бермайдиган ташкилотларда, сиз ишга чиқмасликка мажбур бўладиган ҳолат учун раҳбарингиз билан ҳаракатлар режасини муҳокама қилинг. Вариант сифатида – шу вақт мобайнида вазифалар ходимлар ўртасида қуйидаги тартибда тақсимланиши мумкин:

  • вақтинча ишларни бирга олиб бориш;
  • ички ўриндошлик;
  • вақтинчалик ўтказиш.

Сизда ўринбосарингизга ўргатиш учун унчалик кўп вақт бўлмаса, корхонанинг молиявий аҳволи эса унчалик танг бўлмаса – бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга масофадан ўқитиш дастурлари сизга ёрдам беради. “Норма”да, мисол учун,  - bir.uz бухгалтер малакасини баҳолашнинг масофавий тизими мавжуд. Нисбатан кўп бўлмаган пул эвазига ва сизнинг ўринбосарингизни асосий ишидан ажратмаган ҳолда барча зарур сирларга – ноль даражадан бош бухгалтер даражасигача ўқитади. Тўғри, бу ҳақда олдиндан қайғуриш лозим, сабаби ҳар қандай ўқиш вақт талаб қилади.

Агар тўсатдан оғриб қолсангиз, сизда ҳали тайёрланган ўринбосар бўлмаса...

  • Яқин 7-10 кунда сизда имкон қадар камроқ иш бўлиши учун ўз режаларингизни қайта кўриб чиқинг. Санкция хатарисиз кечиктириш мумкин бўлган барча ишларни кечиктиринг!
  • Махсус тайёргарлик ва билим талаб қиладиган барча нарсани (ҳисобот) уйда бажаришга тўғри келади. Бинобарин, бунинг учун тегишли шароитлар яратилиши керак (муҳим ходимлар контактлари, ишлайдиган компьютер, интернет, агар зарур бўлса, компаниянинг маълумотлар базаларига кириш имконияти ва ҳоказо).
  • Раҳбар билан техник ишларни («Банк-Мижоз» ЭҲФ тизимларида ишлаш, ҳисобварақ-фактура, ишончномаларни расмийлаштириш, ҳужжатларни чоп этиш ва рўйхатдан ўтказиш ва ҳоказо) вақтинча кимга юклашни муҳокама қилинг. Кўпинча, ушбу иш ҳажмини раҳбарларнинг ўзи ўз зиммасига олади.

Бунда ходимлар исталган пайтда сиз билан маслаҳатлаша олишлари учун сиз ҳар доим алоқада бўлишингизга тўғри келади. Бу кейинчалик ўзингиз тузатишингизга тўғри келадиган хатолар эҳтимолини камайтиради.

Ва ниҳоят, раҳбарда бухгалтер ҳатто масофадан ҳам ишлай олмаслиги мумкин бўлган ҳолатлар учун ўзининг шахсий режаси бўлиши лозим. Бу ҳолда кадрларга доир муаммоларни ҳал этиш учун у ёки бухгалтерияни ўз қўлига олиши ёки текширилган аутсорсинг ташкилоти билан шартнома тузиши лозим бўлади.

Олег ГАЕВОЙ

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /ru/publish/doc/text158452_qanday_qilib_buhgalteriya_faoliyatini_tuhtatib_quymasdan_kasallik_tatiliga_chiqish_mumkin