Полезное для бухгалтера в декабре:
Қисман ҳақ тўланадиган таътил қандай расмийлаштирилади
Ишланмаган вақт учун ҳақ тўлашнинг бошқа турлари орасида Солиқ кодексида “асосий иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда таътилда бўлган ходимларга бериладиган тўловлар” зикр этилган. Buxgalter.uz га бундай тўловларни меҳнат қонунчилиги талабларини бузмаган ҳолда қандай расмийлаштириш мумкинлиги ҳақида юридик фанлари номзоди, Меҳнат кодексининг муаллифларидан бири Михаил Юсупович ГАСАНОВ сўзлаб берди.
- Карантин чоралари муносабати билан корхонада иш тўхтатилган. Бўш туриб қолинган вақт учун ходимларга ўртача иш ҳақини сақлаб қолишнинг молиявий жиҳатдан имконияти йўқ, улар эса ўзларига иш ҳақи сақлаб қолинмаган ҳолда бериладиган таътил тақдим этиш тўғрисида ариза ёзишдан бош тортишмоқда. Ушбу вазиятда ходимларга таътилни расмийлаштириш ва уларга, айтайлик, МҲЭКМнинг 1 баравари миқдорида ҳақ тўлаш мумкинми?
- Ҳа, мумкин. Иш ҳақини қисман сақлаб қолган ҳолда таътил тақдим этиш имконияти ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда жамоа шартномасида ёки бошқа локал ҳужжатда ёзилиши керак.
Агар корхонада жамоа шартномаси бўлмаса, бундай таътил тақдим этишнинг тафсилотларини ходим билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимча келишувда келишиб олинг.
- Бироқ амалдаги Меҳнат шартномаси ходимларга бундай таътил тақдим этилишини назарда тутмайди. Бу меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланмайдими?
- Ҳақиқатан, амалдаги МК ходимга иш ҳақини қисман сақлаб қолган ҳолда таътил беришни назарда тутмайди. Бироқ МК – бу меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ҳаммаси эмас. Таътил мобайнида бундай ҳақ тўлаш тўғрисида Солиқ кодексининг 374-моддасида айтилган.
Бундан ташқари, МКнинг 4-моддаси 2-қисмига асосан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари (қонунлардагига нисбатан қўшимча) бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан – шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.
- Таътил тақдим этилишига ходимларга қўшимча кафолат сифатида қараш мумкинми?
- Фикримча, мумкин. Ушбу позицияни асослаш учун баъзи далилларни келтириб ўтаман.
1. Мазкур таътил йиллик меҳнат таътилидан ташқари тақдим этилади ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатмайди.
2. Иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан фарқли ўлароқ, қисман ҳақ тўланадиган таътил вақтида ходимга иш ҳақининг бир қисми сақланиб қолади.
3. Агар иш ҳақи сақланмайдиган таътил “пенсия” стажига ҳисобга олинмаса, иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда бериладиган таътил ҳисобга олиниши керак.
4. Жамоа шартномалари иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда бериладиган таътил тақдим этиши шарт бўлган ҳолларни назарда тутиши мумкин. Ходим, масалан, бола туғилганда, яқин қариндоши вафот этганда ва касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда жамоа шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатда назарда тутилган бошқа ҳолларда иш берувчига шундай таътил тақдимни сўраб мурожаат қилиши мумкин.
5. Бундай таътилни тақдим этиш ташаббуси кимга (ходимга ёки иш берувчига) тегишлилигидан қатъи назар, у фақат ходимнинг ёзма равишдаги аризаси асосида тақдим этилади, унда иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда таътил тақдим этиш илтимоси ёки ходимнинг ушбу таътилдан фойдаланишга розилиги ифода этилади.
6. Ва ниҳоят, карантин чоралари оқибатида корхона фаолиятининг тўхтатиб турилиши муносабати билан МКнинг 159-моддаси 1-қисмига мувофиқ бекор туриб қолинган вақтда ходимга унинг ўртача иш ҳақи сақланиши керак. Шубҳасиз, агар корхонанинг молиявий имкониятлари чекланган бўлса, бу банкротликка, бинобарин, ушбу корхона ходимлари томонидан ишнинг йўқотилишига олиб келиши мумкин. Бу шароитларда ходимларга иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда таътил тақдим этиш ҳам ходимлар учун, ҳам иш берувчи учун яхши муқобил бўлиши мумкин.
- Локал ҳужжатда бундай таътил борасида нима айтиб ўтилиши даркор?
- Локал ҳужжатда қуйидагиларни белгилаб олиш лозим:
1) иш берувчи қисман ҳақ тўланадиган таътил тақдим этиш ташаббуси билан чиқишга ҳақли бўлган шартлар. Бу: фаолиятнинг вақтинча тўхтатилганлиги, реализация қилинадиган товарларга (хизматларга) талабнинг кескин тушиши, форс-мажор ҳолатлар ва ҳ.к. бўлиши мумкин;
2) бундай таътилнинг календарь йил мобайнидаги чекланган давомийлиги;
3) ходимга сақлаб қолинадиган иш ҳақи миқдори. Баъзи корхоналарда ходимга унинг ўртача иш ҳақининг 60%и, бошқа корхоналарда 50%и сақлаб қолинади. Бундай таътилни тақдим этишда ходимга иш ҳақининг қанча қисмини сақлаб қолиш тўғрисидаги масала касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда локал ҳужжатда аниқ ёзилган бўлиши керак. Бундай таътил тақдим этиш даврида ходимга сақлаб қолинадиган иш ҳақи миқдори Ўзбекистонда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги айтиб ўтилади.
Агар ходимнинг иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда бериладиган таътилда бўлган даврида МҲЭКМ оширилса, ходимга тўланадиган иш ҳақи миқдорини ушбу ошишни инобатга олган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиш лозим;
4) таътилни расмийлаштириш таомили.
- Агар иш берувчи қисман ҳақ тўланадиган таътил тақдим этиш ташаббуси билан чиқса, уни расмийлаштириш таомили қандай бўлади?
- Қуйидаги вариант бўлиши мумкин. Иш берувчи ходимга корхона фаолиятининг тўхтатиб турилиши муносабати билан қисман ҳақ тўланадиган таътил тақдим этиш тўғрисидаги ёзма таклифни юборади. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:
- таътил тури;
- уни тақдим этиш сабаблари ва асоси;
- таътилнинг календарь кунлари сони;
- уни бошланиш ва тугаш саналари;
- ҳар ойлик тўловлар миқдори;
- тўловлар шакли. Масалан – ходимларнинг шахсий банк карталарига ўтказиш.
Таклиф билан танишгач, ходим тегишли ариза тақдим этган ҳолда ўз розилигини билдиради.
Ходимнинг розилигини олгандан кейин буйруқ чиқаринг. Унда таътил тўғрисидаги таклифда мавжуд бўлган барча маълумотларни кўрсатинг.